Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Вилоятимизнинг иқтидорли ёшларидан бири, Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи иккинчи мутахассислик мактабгача таълим йўналиши ўқувчиси Моҳичеҳра Раимжонова яқинда Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Республика Ёш дизайнерлар кенгаши ҳамкорлигида Деҳли шаҳрида ташкил этилган мода ҳафталиги - миллий ҳунармадчилик маҳсулотлари кўргазмасида қатнашиб қайтди.
- Ҳиндистонликлар, айниқса, ҳинд аёллари атлас, адрас сингари миллий матоларимиздан тикилган либосларга катта қизиқиш билан қарашди, - дейди М. Раимжонова. - Миллий либосларимиздаги ранглар, миллийлик ва замонавийликнинг уйғунлиги, ўзига хослик уларда катта таассуротлар қолдирди.
Бир неча йилдан буён дизайнерлик йўналишида ўз иқтидорини намоён этиб, кўплаб танловларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олиб келаётган ёш дизайнер М. Раимжонова модалар ҳафталигида атлас, адрас матоларидан тикилган миллий либослар, попоп маҳсулотлари коллекциялари билан иштирок этиб, ҳиндистонлик мутахассислар ва кўргазма иштирокчиларининг эътиборини қозонди.
Мева таъмини дарахт уруғининг сифати, уруғ қадалган ернинг табиати белгилаб берганидек, фарзанд тарбиясида ҳам у камолга етаётган муҳитнинг аҳамияти катта. Аксарият ҳолларда оддий аммо жуда зарур омилларга эътибор бермай, катта хатога йўл қўямиз.
Бола меҳрга муҳтож бўлмасин
Меҳр-муҳаббат сув ва ҳаводай инсонга ниҳоятда зарур эҳтиёждир. Меҳрга муҳтожлик очлик ва ташналикдан кўра кўпроқ азият беради кишига. Биз яшаётган ахборот-технологиялар асрида бир-биримиздан узоқлашиб, инсоннинг инсонга эҳтиёжи йўқлигига кўниб бораверсак-да, меҳрсизлик бадалини қиммат тўлаб, "меҳр-оқибат" ҳақида баралла гапиришни ўргандик. Афсуски, меҳрсизлик кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда, тарбиясиз болаларни кўпайтирмоқда...
Бемеҳрликнинг оқибати - оғир
Мутахассислар назорати остида бўлган етимхонада гўдаклар ўлими раҳбариятни ҳайратлантирди. Озода хоналарда, тансиқ егуликлар канда бўлмаган ҳолатда яшаган болалар, хароба кулбаларда, оч-ташна яшаётган болаларга қараганда кўп касал бўлиб, бу хасталиклар охир-оқибатда ўлим билан тугаган. Аҳволни ўрганишга киришган психолог етимхонада ҳар бир тарбиячи-энага назоратида 15 бола бўлганига гувоҳ бўлади. Энагалар болаларни овқатлантириб, тагликларини алмаштиришдан ортмас экан. Табиийки болакайларни қучоқлаб, бағрига босиб суйиб-эркалаш учун вақт тополмайдилар.
Психолог болаларни тўрт гуруҳга бўлади: биринчи гуруҳда ҳар энагага уч, иккинчи гуруҳга 6, учинчи гуруҳга 9 ва тўртинчи гуруҳга 12 бола тўғри келади.
Энагалар овқатлантириш ва тагликларни алмаштиришдан ортган вақтларини гўдакларни қучиб, эркалаб-суйиш билан ўтказадилар. Бу тажриба бир неча йил давом этади. Натижа эса шунга мос тарзда энг кўп эркалаб-суйилган гуруҳ болалари орасида энг кам, аҳён-аҳёнда эркаланган тўртинчи гуруҳ болалари орасида эса энг кўп касаллик ва ўлим ҳолатлари кузатилади.
Ота-онасининг меҳр-муҳаббатини ҳис қилиб яшаган болада касалликларга қарши иммунитет ҳосил бўлади. Болани ҳеч бир сўз демай ўпиб-суйсангиз ҳам, у сиз томонингиздан яхши кўрилишини ҳис қилади. Меҳрингизни билдиришингиз билан болажонингизга руҳан ва жисмонан соғлом бўлиш имкониятини туҳфа этасиз.
Фарзандларингизнинг кўзларига боқинг!
Меҳр-муҳаббатнинг инсон руҳияти ва вужудига таъсири янги тадқиқотлар натижасида исботланган ҳақиқат эмас. Инсоният яралибдики, меҳр-шафқат, муҳаббат ва эътибордан куч олиб яшайди.
Рим императори Фредрих II бир гуруҳ болалар устида тадқиқот ўтказиш мақсадида, уларни яхши овқатлантириш аммо мутлақо суймаслик, улар билан гаплашмаслик ва табассум қилмаслик ҳақида амр берди. Болаларни парвариш қилаётган энагалар уларга император буйруғида кўрсатилганидек муносабатда бўлишади.
Тажриба муваффақиятсиз тугади: гўдакларнинг ҳаммаси вафот этди. Энагаларнинг жисми ва хизмати болаларнинг катта бўлишига етарли бўлмади. Меҳр тафтининг йўқлиги фақат руҳиятга зарба бериш билан чекланмай, гўдакларни яшаш неъматидан ҳам маҳрум қилди.
Телевизор қаршисида футбол ёки сериал томошасига берилиб вақт ўтказаётган ота-она фарзандларини нималардан маҳрум қилаётганини билармикан? Яшаши учун зарур бўлган сув ва ҳавони дилбандингиздан қизғонишга ҳақингиз йўқ! Уларга кўзингизнинг оқу қораси сифатида қарашингиз етмайди. Болаларингизнинг кўзларига боқинг, қорачиқларига термулинг!..
Мавлоно Жалолиддин Румий дейдилар: "Севгисиз киши қанотсиз қуш кабидир". Севги инсонни инсон қилган, ҳирсу ҳасад, кибр ва худбинликдан халос қиладиган ягона малҳамдир. Оналик - фақатгина фарзандни дунёга келтириш эмас, болани меҳр-муҳаббат билан улғайтириш демак. Оталик - боланинг чўнтагини пулга тўлдириш, едириб-ичиришу, моддий эҳтиёжларини қондириш эмас, унга зарур одоб-аҳлоқни ўргатиш, тарбия беришдир. Меҳр-муҳаббат шундай улкан кучки, фақат фарзандингизни даволабгина қолмай ўзингизга ҳам роҳат-фароғат беради.
"Ширин сўз билан илон инидан чиқади" деган нақлда ҳам муҳаббат кучи ифодаланган. Меҳр - дунёдаги энг катта куч ва энг катта қурол. Фарзандингизни руҳан ва жисмонан кучли қилиб ўстиришни истасангиз, дорихоналардан ҳар хил витаминларни излаб юрманг. Уни муҳаббат билан парвариш қилинг, меҳрингизни ҳис қилдиринг, мақсадингизга эришасиз.
Ёлғизлик - даҳшат
Тасаввур қилинг, ҳеч ким сизга яхшилик истамайди. Қувончу шодлигингиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бор-йўғингизга ҳеч ким парво қилмайди... Жуда аччиқ изтиробми? Кўзларингизни юминг ва ҳеч ким сизни яхши кўрмаслиги ҳақида ўйланг. Энг даҳшатли ёлғизлик мана шу аслида! "Болаларимни ёмон кўрмайман-ку!" дея эътирозга шошилманг! Фарзандингизни севасиз, бунга ҳеч шубҳам йўқ! Аммо тўғри тушунинг, вақтингизни телевизор қаршисида ёки компьютер ёхуд мобиль телефонингиздан интернетга тикилиб ўтказсангиз болангиз меҳрингизни қайдан ҳис қилсин? Бир ўқувчим менга:
- Устоз, бу дунёда мени ҳеч ким яхши кўрмайди, - деди. Унга ота-онасининг меҳр-муҳаббатига шубҳа қилмаслигини айтдим. Ундан эса:
- Ота-онам менга ҳеч қачон эътиборли бўлмаган, бундан кейин ҳам шундай бўлиши аниқ,- деган аламли жавобни эшитдим.
Дунёда бемеҳр яшашга биз катталарнинг кучимиз етмайди. Болажонлар жажжи елкаси, мурғак қалби бу оғир юкни қандай кўтарсин? Ҳаётдан "Сени яхши кўраман!" деган сўз ўчирилганлигини тасаввур қилиб кўринг. Орқада қолган харобага қарашга юрак дош бермайди! Меҳр-муҳаббатсиз, севгисиз ҳаёт инсонни даҳшатга соладиган қўрқинчли ҳаётдир.
Кўча-кўйда одамларга зарар етказаётган болалар нега бунчалик разилликка бордилар? Биргина қўл телефони ёки бир неча юз минг сўм пул учун инсонни пичоқлашдан тап тортмаган ёшлар қандай қилиб бундай ваҳший бўлиб қолдилар? Аниқ-ки, ундай болалар меҳр кўрмаган, керак даражада ота-она тарбиясини олмаган. Меҳр кўрмаган меҳр бермайди! Бу табиатнинг ўзгармас қонунидир.
"Болаларимизни ҳеч нарсадан кам қилмадик!" дея эътирозга шошилманг. Кўнгли меҳрсизлик гирдобида бўғилган инсоннинг қорни тўқ, усти бут бўлиши нимани ҳам ўзгартирарди?
"Муҳаббатнинг биринчи вазифаси - тинглаш" дейди файласуф Паул Тиллич. Шу боис ҳам фарзандларимизни тинглайлик, уларнинг қалбига қулоқ тутайлик, меҳр берайлик. Зеро, тарбиянинг боши меҳрдир.
Юртимизда миллий ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳатто, чекка-чекка қишлоқларда ҳам ҳунармандларнинг фаолият олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани бизни беҳад қувонтиради.
Тикувчилик ҳунарини ҳар қандай қиз-аёл уддалаши мумкин. Фақат чевар бўламан деган аёлда шунга иштиёқ, қизиқиш ва албатта уқув бўлиши керак. Чеварлик ҳунарини эгаллаган бирор бир аёл ҳаётда асло қийналмайди.
Мен неча йиллардирки, бешик жилдлари ва тўшамалар тикиб келаман. Ўз ўрнида аксарият чеварлар бу ишни майда, зерикарли иш деб ҳисоблашади. Лекин бу мен учун жуда ҳам завқли. Ўзбек хонадонида фарзанд туғилса, ўғилдир, қиздир, унга албатта, буви, боболари томонидан бешик ҳадя қилиш азалий урф-одатларимиздан. Чиройли ва бежирим бешик жилдлари, тўшамаларини тайёрлаб, ҳамюртларимизнинг қувончига шерик бўлиш менга ҳузур бағишлайди, уларга ёрдамим тегаётганидан қувонаман. Қолаверса, ўзгаларга хурсандчилик улашиш катта савоб ҳамдир.
Меҳр бериб тиккан бешик ёпқич, тўшамаларим бозорда доимо харидоргир. Бешик ёпқичларни иссиқ ва совуқ мавсумларга мўлжаллаб икки қаватдан тайёрлаётганим ҳам кўпчиликка маъқул келмоқда. Уч қизим, қўни-қўшни қизлар ҳам шу ҳунарни иштиёқ билан ўрганишмоқда. Имконият топиб, хусусий чевархона очиш, янги иш ўринлари яратиш, энг муҳими, ёшларга ҳунаримни ўргатиб, уларнинг оилавий ҳаётга тайёрлашга, қолаверса, миллий ҳунармандчилигимиз ривожига оз бўлса-да, ҳисса қўшишни ният қилганман.
Вилоятимизда 353 та тарихий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган
18 апрель - Халқаро ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш куни
Мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади.
Мамлакатимиздаги кўҳна ва бетакрор ёдгорликлар инсоният тамаддунининг ажралмас қисми сифатида улкан тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Шу боис ҳам уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.
- Айни кунда вилоятимизда маҳаллий ва республика аҳамиятига эга 353 та тарихий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган, - дейди маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича давлат инспекцияси раҳбари Бекзод Умаров. - Улардан 109 таси археологик, 65 таси меъморий ёдгорликлар, 106 таси маҳобатли санъат ёдгорликлари-ҳайкаллар бўлиб, қолган 73 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир.
Уларнинг ҳар бири муайян бир давр, маскан, улуғ шахслар ҳақида маълумотлар олиш имконини беради ёки юртимизнинг бетакрор табиатини кўрсатувчи гўша сифатида ҳар қандай кишида катта таассурот қолдиради.
Бугунги кунга келиб, вилоятимиздаги ана шу тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида тузилган тарихий-маданий экспертиза комиссияси томонидан туман ва шаҳарлардаги маданий мерос объектлари, деб эътироф этилган ёдгорликлар тўла ўрганиб чиқилди. Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. Шунингдек, археологлар, тарихчи олимлар томонидан Марҳаматдаги Мингтепа ёдгорлигида катта ҳажмдаги илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, кунда Мингтепада Ўзбекистон-Хитой қўшма илмий экспедицияси томонидан олиб борилаётган ишлар эътиборга молик. Бундан ташқари, шу кунларда Жалақудуқ туманидаги "Қутайба Ибн Муслим", Андижон туманидаги "Меҳмони Валий", Пахтаобод туманидаги "Ховускон ота", Хўжаобод туманидаги "Имом ота" зиёратгоҳларида қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда 50 дан зиёд тарихий ёдгорликлар ва зиёратгоҳларнинг кадастр ҳужжатлари, 50 дан ортиқ объектнинг паспорти тайёрланди.
Миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи бу каби археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир.
Тарихий обида ва маданий ёдгорликлар юртдошларимиз қалбида муқаддас она заминга муҳаббат, ўтмишга даҳлдорлик ҳиссини, фахр-ифтихор туйғуларини шакллантириши, қолаверса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, маданий мерос ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Избоскан туманидаги 15-умумтаълим мактабида "Дарс жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларни татбиқ этиш орқали таълим самарадорлигини таъминлаш'' мавзусида кўргазмали ўқув семинари бўлиб ўтди.
Тумандаги мактаблар ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари, бир гуруҳ ўқитувчилари иштирок этган тадбирда турли синфларда она тили ва адабиёти, биология, информатика, жисмоний тарбия ва тўгарак машғулотлари, кимё, география, давлат ва ҳуқуқ асослари ҳамда тарбиявий соат дарсларидан , "Ҳар бир дарс очиқ дарсдир!" шиори остида намунали очиқ дарслар ўтказилди. Тадбир иштирокчилари, мутахассислар ўтилган дарсларни юқори баҳоладилар, ўзаро тажриба алмашдилар.
Шунингдек, мактабнинг 7-синф ўқувчилари томонидан "Шу азиз Ватан барчамизники!,, деб номланган маънавий-маърифий тадбир ҳам ташкил этилди. "Бир болага 3 китоб''акцияси доирасида ота-оналар фарзандларига, мактаб кутубхонасига китоблар совға қилишди. Тадбир давомида янги барпо этилган мактаб кутубхонасининг очилиши ҳам бўлиб ўтди.
Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар бошқалардан билимдонлиги, тиниб-тинчимаслиги билан ажралиб туради, ўқийди-ўрганади, инсонларни яхшиликка, эзгуликка етаклайди, доимо савобли ишларга бош-қош бўлиб, барчанинг ҳурматига сазовор бўлади.
Ана шундай инсонлардан бири булоқбошилик Оқибатхон Йўлдашевадир. У 62 баҳорни қаршилаётган бўлса ҳам ёшлардек серғайрат, қизиқувчан, ҳар нарсани билишга интилади. Оқибатхон бир кунини ҳам китобсиз тасаввур қила олмайди, китоб ўқимасдан тура олмайди. Қачон учрашиб қолсангиз қўлида даста-даста китобларни кўтариб, қаёққадир кетаётган бўлади. Агар китоблар ҳақида суҳбатлашиб қолсангиз, унинг суҳбатидан улкан маънавий озуқа оласиз, кайфиятингиз кўтарилади.
Оқибатхон мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ китоб ўқишга қизиқарди. Дарслари тугадими, дугоналари қатори уйига шошмасдан мактаб кутубхонасига кириб турли китобларни ўқир, улар ҳақида дугоналарига сўзлаб берарди. Мактабни аъло баҳоларга тугатгач, шу мактабда ишда қолди. Кейинчалик узоқ йиллар, то нафақага чиққунига қадар "Матбуот дўкони"да ишлади. Газета-журналлар, китоблар унинг энг яқин маслаҳатгўйи ва сирдошига айланди. Оқибатхон дўконга келувчиларга янгиликларни етказиб, уларнинг матбуотга бўлган қизиқишини кучайтирарди. Газета-журнал харид қилувчилар масофа узоқ бўлса ҳам фақат унинг дўконига келардилар. Шу тариқа Оқибатхон Йўлдашева "Китобхон онахон"га айланди.
Оқибатхон жамоат ишларида ҳам фаол қатнашади. "Нуроний" жамғармаси туман бўлими қошидаги жамоатчилик асосида хотин-қизлар билан ишлаш Кенгаши аъзоси сифатида тадбирлар ташкиллаштириш ва ўтказишга яқиндан ёрдам беради. М.Исмоилий номли маҳалла фуқаролар йиғинининг фаол тарғиботчиларидан бири. Китобсевар онахон хонадонларда ҳам китоб ўқишни тарғиб қилади.Тўй ва маросимларга дастурхон кўтариб эмас, китоб кўтариб боришга одатланиб қолган, бунга ўзим ҳам бир неча марта гувоҳ бўлганман.
- Тўйларга "Куёв-келинлар сизлар учун", "Келин бўлиш илми", "Куёв бўлиш илми", "Аёл муқаддас", "Аёлнинг эри олдидаги вазифалари", "Қайнона-келинлар, куёв болалар учун маслаҳатлар", "Оилада бола тарбияси" каби китобларни совға қилиб олиб бораман, - дейди О.Йўлдашева. - Кузатиб юраман, китоб ўқиган оилаларда ҳамма нарса рисоладагидек, оила аъзоларининг бир-бирларига ҳурмат-эътибори бор, куёв-келинлар бир-бирларини тўғри тушунади, бир сўз билан айтганда, ўша оилалар мустаҳкам. Мен инсонларга маънавий озуқа бераётган китоблар улашишдан ҳузурланаман. Чунки китоб уларни албатта, яхшиликка етаклайди.
"Китобга ошно қалбдан ёмонлик чиқмайди" деган ҳикматни дилига тугиб олган Оқибатхон одамларга яхшилик қилиб чарчамайди. Қўлидан келса ёрдамини аямайди, қўлидан келмаса, ширин сўзи билан малҳам бўлади. Бой-бадавлат ҳаёт кечирмаса-да ўзига тўқ, барча нарсаси етарли. Маънавий бойликни моддий бойликдан устун кўради.
Ҳа, орамизда шундай китобсевар онахонлар кўпаяверсин!
Вилоятимизда "ОИВ инфекциясининг диогностикаси, профилактикаси ва даволаш масалаларига замонавий ёндошувлар" мавзусида халқаро мутахассислар иштирокида икки кунлик илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда мамлакатимиздаги даволаш-профилактика муассасалари, ихтисослаштирилган марказлар, илмий-текшириш институтлари ва олий ўқув юртлари мутахассислари, ёш олимлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, республика ва ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари мутахассислари, инфекционист ва педиатрлари, шунингдек, Россия, Швейцария, Қозоғистон, Тожикистон сингари ўнга яқин давлатлардан келган мутахассислар ҳам иштирок этди.
Анжуманда мавзу доирасида маърузалар тингланди. Маърузаларда касалликни эрта аниқлаш ва тарқалишига қарши тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш, ОИВ инфекцияси билан касалланган шахсларни даволаш самараси ошириш орқали беморларнинг умрини узайтириш, уларнинг меҳнат қобилиятини сақлаб қолиш, касалликни бошқаларга юқтириш хавфини камайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
ОИТС хасталигига қарши курашиш комплекс дастурларни ишлаб чиқиш, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш, ОИВ инфекциясини тестдан ўтказиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, янги препаратлар яратиш, амалиётга татбиқ этиш, ОИТС билан касалланган кишиларни парваришлаш ва даволашда илғор усулларни қўллаш, халқаро тажрибаларни ўрганиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, мавзу бўйича юзасидан савол-жавоблар бўлди.
Айни кунда аксарият қиз-аёлларимиз ўзларининг фаолликлари билан ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Чунки, уларнинг ўз имкониятларини юзага чиқаришлари учун мамлакатимизда барча шароитлар яратиб берилган.
Аёл, у меҳрибон устоз, тадбиркор, ишбилармон раҳбар, гўзаллик, нафосат тимсоли, энг асосийси, она, суюкли ёр, оиланинг бекасидир. Оиланинг нечоғлик мустаҳкам бўлиши кўп жиҳатдан аёлларимизга боғлиқ. У қай даражада маънавиятли, оқила бўлса, нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўзининг муносиб ўрнини топа олади.
Мен фаолият юритаётган АДУ қошидаги 4-сон академик лицейида меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз ҳам ишда, ҳам оилада ҳурмат топганлар. Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси сифатида жамоада меҳнат қилаётган хотин-қизлар ҳамда ўқувчи қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, уларни қийнаётган муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратаман. Улар билан иш жараёнлари, қизиқишлари, мавжуд муаммолар, оила мустаҳкамлигини таъминлаш мавзуларида суҳбат ва мулоқотлар ўтказиб бораман.
Жамоамизда самарали фаолияти, фаоллиги билан ҳамкасбларига намуна бўлаётган аёллар жуда кўп. Жумладан, ахборот-ресурс марказимиз раҳбари Гулсорахон Маҳмудхўжаева ана шундай аёллардан биридир. У ўз мутахасислиги бўйича бир неча бор хорижий давлатларда бўлиб тажриба орттирган. Айни кунда асосий фаолияти билан бирга, ўзи ташкил этган "СМАРТ" ўқув марказини ҳам бошқариб келмоқда. Тиниб-тинчимас, ташкилотчи ва ташаббускор Гулсора опанинг фаолияти барча ҳамкасблари учун намуна бўлмоқда, десам асло муболаға бўлмайди.
Гулсора опа сингари малакали мутахассис, тадбиркор аёлларимиз фаолияти ўқувчи қизларимиз учун ҳам ибратдир. Улар ҳам устоз сингари ташаббускор бўлишга интилмоқдалар, аъло баҳоларга ўқиш, ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш учун астойдил ҳаракат қилмоқдалар.
Биз жаннатмакон юртда яшаяпмиз. Бу юртнинг ҳар бир қизи, ҳар бир аёли ўз эркига, ўз фикрига эгадир. Уларнинг интилиши, юксак марраларни эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган. Шундай экан, аввало биз - педагоглар, ота-оналар айниқса, қизларимизга, уларнинг саломатлиги, одоб-ахлоқи, тарбиясига эътиборли бўлишимиз зарур. Қизларимизни ўқиб-ўрганишлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун барча имконият эшикларини очиб берайлик. Шундагина биз фарзандларимизни ёруғ келажагини таъминлаган бўламиз.
Бугун баъзи бир ота-оналар "Қиз бола ўқиб нима қилади?", деган гапни айтишади. Бу фикр умуман нотўғри. Аслида қизлар ўқиши керак. Чунки у эртага она бўлади. Фарзандларига тарбия бериши, уларга оқ-қорани ўргатиши учун ҳам билимли, маънавиятли, оқила бўлишлари лозим. Агар у ана шу масалаларда уқувсиз, билимсиз бўлса, фарзандига нимани ўргатади? Майли у ишламасин, бироқ ўқиган аёл фарзандларини комил инсон қилиб вояга етказади.
Бугун давр шиддат билан ривожланмоқда, глобаллашув ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб бормоқда. Бу эса албатта, ҳар бир кишининг билимли ва зукко бўлишини тақозо этади. Шундай экан, ота-оналаримиз қизлари тарбиясига, илмли бўлишига эътиборсиз бўлмасин. Улар эртага ота-онасига, устозларига раҳмат келтирадиган инсонлар бўлсин.
Махсудахон ЭРГАШЕВА,
АДУ қошидаги 4-сон академик лицейи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич
Бундан буён ижтимоий соҳа ходимлари жамоат ишларига мажбуран жалб этилмайди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир А. Арипов раҳбарлигида ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт, таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва бошқа ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш, бу борада барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилишида бу борада жойларда қонунбузарлик ва кўзбўямачиликларга йўл қўйилаётганлиги, бу ишларнинг ачинарли оқибати хусусида гапирилди.
Жумладан, йиғилишда Президентимизнинг Сирдарё вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Диана Еникеева жамоат ишларига жалб этилган вақтда машина уриб кетиши оқибатида вафот этганини куйиниб гапиргани эсланди. Бу каби ҳолатлар давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсатга хиёнат экани, маҳаллий раҳбарларнинг бундай нотўғри хатти-ҳаракатлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилди.
Дарҳақиқат, йиғилишда муҳокама этилган масала жуда муҳим ҳисобланади. Чунки жойлардаги айрим раҳбарлар томонидан ижтимоий соҳа ходимлари, асосан, ўқитувчилар ва шифокорларни жамоат ишларига жалб қилиниши таълим ва тиббиёт тизими ишига салбий таъсир кўрсатаётгани, қолаверса, бу фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлигини асло оқлаб бўлмайди.
Барчамизга яхши маълумки, Президентимиз ташаббуси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилган. Бундан кўзланган мақсад, ҳудудларда, айниқса, чекка туманларда банд бўлмаган фуқароларни иш ҳақи тўлаш орқали ободонлаштириш, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш ишларига жалб этишдир. Аммо айрим раҳбарлар бу имкониятлардан фойдаланиш ўрнига, бюджет ташкилотлари ишчиларини таҳдид қилиш орқали мажбурий ишлатиб келаётганлиги одамларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Йиғилишда 2018 йилда ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб этиш учун 714 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса-да, жойларда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани таъкидланиб, жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган ўрганишлар натижасида меҳнат қонунчилиги бўйича 10 мингга яқин қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Уларнинг асосий қисми халқ таълими, тиббиёт муассасалари ҳисобига тўғри келган.
Йиғилишда ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга чек қўйиш борасида қатор вазифалар белгиланганлиги, аҳолининг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва фуқароларнинг жамоат ишларига қонуний жалб этилишига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан давлат ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш, айниқса, бюджет ташкилотлари ходимлари қишлоқ хўжалиги, коммунал хўжалик, ободонлаштириш, қурилиш, ишларига мажбуран жалб этилмаслигини алоҳида назоратга олиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш вазифаси юклатилди. Бу албатта, келгусида мазкур йўналишда юқоридаги каби қонунбузарлик ва кўзбўямачиликларга чек қўяди.
"ОИЛА" ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИ ВИЛОЯТ БЎЛИМИ ИШ БОШЛАДИ
Андижон шаҳрида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят ҳудудий бўлими ташкил этилиб, капитал таъмирланган бинода иш бошлади.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Марказ очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, унинг муаммоларини ўрганиш, бартараф этиш борасидаги ишлар ижобий натижалар бераётганлиги, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлаётганлиги таъкидланди.
Фармонда "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари оила институтини мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий, тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш борасида иш олиб бориши белгиланган.
- Вилоятмизда 745,5 минг оила мавжуд, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Эндиликда фаолият бошлаган Марказнинг вилоят бошқармаси, унинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан оилалар билан манзилли ва тизимли ишлар олиб борилади.
Андижон шаҳри, Тинчлик кўчасидаги "Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали жойлашган бино вилоят ҳокимлиги кўмагида капитал таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Бу ерда ходимларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратилди, ахборот-коммуникация технологиялари, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бинода Марказнинг шаҳар бўлими ҳам фаолият юритади.