+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Оламга гўзаллик бахш этар аёл

Дунёни лол этар меҳринг булоғи,

Кўнглингда севгининг сўнгсиз сўроғи,

Дилингда гуллайди ишқнинг япроғи,

Қалбни эркалаган ажиб бир хаёл,

Оламга гўзаллик бахш этар аёл.

 

Нигоҳингда акси ибо-ҳаёнинг,

Юзларингда нақши бордир зиёнинг,

Сўзингда заҳри йўқ сира риёнинг,

Сен борсан - яхшилик топмагай завол,

Оламга гўзаллик бахш этар аёл.

 

Дард, аламни енгар шу нозик жуссанг,

Табассум ортида бори ғам-ғуссанг,

Ташвишлар чекинар бир бора кулсанг,

Ошиқлар қалбида жавобсиз савол,

Оламга гўзаллик бахш этар аёл.

 

Сабринг ибратидир Момо Ҳавонинг,

Алланг мафтун этар минг бир навони,

Хаёлинг сочларин силар сабонинг,

Гул умринг, хуш вақтинг топмасин завол,

Оламга гўзаллик бахш этар аёл.

 

Эргашой ЖЎРАЕВА

Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки

Андижон педагогика коллежида "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" мавзусида семинар бўлиб ўтди.

"Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодалат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида амалга оширилаётган  "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" деб номланган лойиҳа доирасида ўтказилган мазкур семинарда "Оила" илмий амалий тадқиқот маркази мутахассислари, шифокорлар, психологлар, таҳририят ходимлари ҳамда коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирни коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Воситов очиб, ёшлар маънавияти, семинарнинг мақсади, ҳақида қисқача  гапириб ўтди.

 "Иқбол" газетаси муҳаррири Ф. Ибайдуллаев лойиҳанинг мазмун-моҳияти, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, таҳририятнинг ижодий фаолияти, газета саҳифаларида оила мустаҳкамлигини таъминлаш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича чоп этилаётган мақолалар хусусида иштирокчиларга маълумотлар берди.

Тадбир қатнашчиларига "Иқбол" газетасининг лойиҳа доирасида чоп этилган сонлари, шунингдек, оила мустаҳкамлигини таъминлаш мавзусидаги буклетлар тарқатилди. 

Шундан сўнг психолог Маҳфузахон Алимованинг "Соғлом маънавий муҳит - оила барқарорлигининг муҳим омили", вилоят ОИТСга қарши кураш маркази шифокори Жанона Мамадалиеванинг "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови" мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Тадбирда коллеж хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулором Замчиева, қўмита қошидаги "Ижодкор аёл" уюшмаси раҳбари Гулчеҳра Муллажонова коллежда қизлар тарбияси,  ўқувчиларнинг фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари келиб чиқишининг, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, кийиниш маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар, тарғибот тадбирлари хусусида гапирдилар.

Ўқувчилар семинар мавзуси ва маърузалар юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирдилар, ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.

Якунда  семинарда фаол иштирок этган 10 нафар ўқувчига адабиётлар тўплами совға қилинди.

Қизиқарли тарзда ўтган тадбир ўқувчи қизларнинг оила, соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди.

Нигора ЎРМОНЖОНОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Иқтидорли ёшлар танлови

Хўжаобод тумани Ёшлар марказида "Ёш ихтирочи" кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мазкур танловда Ёшлар маркази қошидаги тўгарак аъзолари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.

- Яқинда иш бошлаган Ёшлар марказида инглиз, рус тиллари, информатика, қўл меҳнати, журналистика ва нотиқлик, чеварлик тўгараклари ташкил этилиб, уларга туманимизнинг кўплаб ёшлари жалб этилди, - дейди Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Шоҳруҳмирзо Ҳамдамов. - Мақсадимиз уларнинг фаоллигини, иқтидорларини юксалтиришга, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга кўмаклашишдир.

Танлов натижаларига кўра, 19- умумтаълим мактаби ўқувчиси Маҳмуджон Зуҳриддинов "Электрон харита" ихтироси билан 1-ўринни қўлга киритди. 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Хайитбой Болтабоев 2-ўринга, уюшмаган ёшлар вакили Нафосат Қодирова 3-ўринга сазовор бўлди.

Fолиб ва совриндорлар Ёшлар иттифоқи туман кенгашининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Дилхумор ОСТОНАМИРЗАЕВА, 

жамоатчи мухбир. 

Энг фаол ёш тарбиячи аниқланди

Андижон шаҳридаги 61-мактабгача таълим муаассасида "Энг фаол ёш тарбиячи" танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш, уларнинг билими, малака ва касбий маҳоратини ошириш  мақсадида ўтказилган мазкур танловда мактабгача таълим муассасаларининг 18 нафар тарбиячиси иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, 33- МТМ тарбиячиси Умидахон Солиева ғолиб деб топилди. Иккинчи ўрин 43- МТМ тарбиячиси Феруза Сайфуллаевага, 3-ўрин 50-ихтисослашган МТМ тарбиячиси Сурайё Мадаминовага насиб этди. Шунингдек, танловда қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Жумладан, 10-МТМ тарбиячиси "Энг зукко тарбиячи", 61- МТМ тарбиячиси "Энг фаол тарбиячи, 72-МТМ тарбиячиси "Энг ёш тарбиячи" деб топилди.

Танловнинг ғолиб, совриндор ва иштирокчиларига таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгашининг раиси Насибахон Тўрақулова  эсдалик    совғалар  топширди.

Барнохон ҲАЙДАРОВА

Матбуот ва ахборот-кутубхона ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида "Ахборот-ресурс марказларининг ёшларни китобга бўлган эҳтиёжини қондиришдаги ўрни, унда кутубхоналар ва газета таҳририятларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш" мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Кутубхоначилар, соҳага алоқадор муассасалар ходимлари ҳамда босма ва электрон ОАВларининг вакиллари иштирокидаги тадбир қатнашчиларига "Китобсиз - келажак йўқ!" мавзусида тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Тадбирда сўз олган вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи А. Султонов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Н. Саидов, вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Г. Исмоилова Ўзбекистон Республикасининг "Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг вилоятдаги ижроси, соҳадаги камчилик ва муаммолар, кутубхоналар ҳамда таҳририятлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари хусусида гапирдилар. Шунингдек, мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш, янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотлари нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, кутубхоналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, вилоятимиз ижодкорларининг китоблари тақдимотларини мунтазам ўтказиб бориш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. 

 

Нигорахон САЙДАЛИЕВА

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Бир гўзал юрт бор

Кўнгилдан баралла жўшиб айтаман,

Қай юртга борсам ҳам елдек қайтаман.

Кўксим тўла ғурур, фахр этаман,

Дўстлар, дунёда бир гўзал юрт бор.

 

Юрагим зирқирар гар йироқ кетсам,

Қушдек қанот қоқсам, орзуга етсам.

Арзийди унинг чун жон нисор этсам,

Шу осмон остида бир гўзал юрт бор.

 

Бу ўлкада тинчлик қаддин ростлаган,

Булбуллар хушнаво созин созлаган.

Фарзандлари баланд марра кўзлаган,

Улар бисотида бир гўзал юрт бор.

 

Fазалу достонлар таҳсинга лойиқ,

Обод ва фаровон бўлсин илойим.

Туну кун дуолар қилар халойиқ,

Эл дуоси-ла яшнаган бир юрт бор.

 

Нодира АБДУВАҲОБОВА,

Балиқчи тиббиёт коллежи ўқувчиси.

 

Сизни бир бор

йўқлаб кетаман

Юлдузлардек сочилиб кетсам,

Қаро туннинг совуқ бағрига.

Шабнам бўлиб қайтардим саҳар,

Муҳаббатнинг нурли боғига.

 

Умрим жуда оз бўлса-да лек,

Чақмоқ бўлиб чақнаб кетаман.

Ҳар саҳарда кутинг азизим,

Сизни бир бор йўқлаб кетаман.

 

Гарчи менга берганинг азоб,

Гарчи сендан кўрганим ситам.

Кўнглим фақат сенга талпинса,

Билсанг, менга қилмасми алам?

 

Қаро тундек сокин қалбингда,

Юлдуз бўлиб милтираб турсам.

Самоларда учганим маҳал,

Сенга Ҳақдан ишқ тилаб турсам.

 

Бер кўнглингни, гулларга ўраб,

Дил қасримда яшай ардоқлаб.

Қаён боқма, қаён кетмагин,

Кўнглим кўнглинг турар сўроқлаб.

 

Нигора САЛОҲИТДИНОВА,

АДУ адабиёт йўналиши

 магистранти.

 

севги

Беитоат ўйлар сарҳадсиз,

Ёш кўнглимда орзуларим мўл.

Салом сенга қандайсан кўчам,

Қадрлигим, туғишганим йўл.

 

Яна келдим исингни излаб,

Яна дилда беҳисоб соғинч.

Булоқларинг жавдираб сўзлар,

Жужуққинам, мана қониб ич.

 

Онам ёпган нонлар ассалом,

Омонмисиз, азиз падарим.

Бардаммисиз, қайин оғалар,

Фаслларнинг заҳмати сари.

 

Сен-чи дўстим, қора кўзлигим,

Оловмикин ҳамон юрагинг.

Кул босганда кўзларинг чўғин,

Бўлмадими менинг керагим.

 

Ҳа, ҳалиям ёниқ, навқирон,

Ишқи билан сой бошида жим.

Мен ёқтирган настаринларни,

Кўтарганча кутар аллаким...

 

Эъзоза ОБИДЖОНОВА,

Зулфия номидаги Давлат

мукофоти соҳибаси.

 

 

Она тилим

Она тилим, сен ўзбекнинг ғурурисан,

Қалбимдаги эзгу орзу сурурисан.

Барча тиллар ичра ўзинг дурдонасан,

Она тилим, онамдайин азиз тилим.

 

Сени Навоийлар алқаб ўтган,

Бобур соғинчлари сен-ла битган.

Сени дея Қодирийлар қонлар ютган,

Она тилим, онамдайин азиз тилим.

 

Сени севмоқ-юртни севмоқ деганидир,

Ўз элимга муҳаббатим берганимдир,

Сенинг душманинг менга ҳам ғанимдир,

Она тилим, онамдайин азиз тилим.

  Дилором МУРОТОВА,

Қўрғонтепа туманидаги

46-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

Шоир билан мулоқот

Сиз юрган йўлларда юргимиз келди,

Сиз кечирган ҳислар бизга ҳам меҳмон.

Сиздан биз беҳисоб меҳр қарздормиз,

Шоир, шеърларингиз бизга қадрдон.

 

Сизни йўқлаб келдик, бўлса ҳамки кеч,

Кечикиш бизларга одатлиги рост.

Узоқ кутгандайин боқдингиз сўзсиз,

Кузатиб турдингиз шоирларга хос.

 

Тош сиймо пойида алвон гулдаста,

Балки бахтиёр жуфт келтирган уни.

Лолақизғалдоқлар очилган пайтда,

Умр ришталари боғланган куни.

 

"Бу ёруғ оламда ўчмас чироғим"

Чин сўз. Шеърларингиз ўчмас чироқлар.

Руҳингиз шод бўлсин, ёдимиздасиз,

Бугун баҳор Сизни зор-зор сўроқлар.

 

Неларни башорат қилар келажак,

Сизнинг шеърларингиз ўқиб биламиз.

Умр шамларимиз парпираб турса,

Сизга доим дилдан таъзим қиламиз.

Фаридахон ТОШХЎЖАЕВА,

 Олтинкўл тумани.

 

Мен шоирни тушунган куним

Ялпизга эгилган мажнунтол нечун...

Сочини қирқтирган санамлар учун,

"Ўзбек"лар унутган каломлар учун,

Сўролмай ҳам қолдик кечирим,

Мен шоирни тушунган куним.

 

Муҳаммадсиз Тошкентда бўзлаб,

"Шоир бир кун қайтар" деб кўзлаб.

Қизларига - афсона сўзлаб,

Назираси йиғлар - бетиним,

Мен шоирни тушунган куним.

 

Пойтахт асли омадли тахтим -

Лек соғинчдан ўксийди қалбим.

Fийбатлардан тош отса ғаним,

Андижонга бўлсин - қайтганим,

Мен шоирни тушунган куним.

 

Охиратни эслаб туриш фарз,

Ялпизга суяниб охирги нафас.

Чиғатойни ҳам қилмай ҳавас,

Ота мозорини танлаганлар кам...

Мен шоирни тушунган куним.

         Муборакхон  ОМОН Охун қизи

 

УНУТМАЙМИЗ

(Шоир Муҳаммад Юсуф хотирасига)

Машҳур шоир чиқди қадим Мингтепадан,

Ажиб шоир чиқди содда Муҳаммаддан -

Дея эл сенинг шеърларингга қўйди ихлос,

Шайдо бўлди, шеър битди деб муҳаббатдан.

 

Шеърларингда битдинг халқинг дардларини,

Чўчимадинг ошкор қилиб гардларини.

Эл сўзини сўйладинг сен содда, равон,

Олқишладинг ўзбегимнинг мардларини.

 

"Юртим айтсам адо бўлмас армонинг бор",

Деб куйдинг, эл дардида бўлиб бедор.

Мангуберди, Муқаннанинг жасоратин,

Мадҳ этишда чарчамадинг такрор-такрор.

 

Жонлантирдинг Улуғбекнинг фироқларин,

Ёдга солдинг жонфидокор Широқларин.

"Айланайин ҳалқим қаро кўзингдан" деб,

Кўзга суртдинг хилпираган байроқларин.

 

Қисмат экан, ажал сенга бўлиб ҳамдам,

Етим бўлиб қолди танти шеърият ҳам.

Сен халқингни тарк этдинг Бобур ёшида,

Ҳалқ йиғлади, ҳақ йиғлади, кўзлари нам.

 

Қабринг узра лолақизғалдоқлар ўсиб,

Япроқлари тўкилади ўксиб-ўксиб.

Она халқинг ардоқлайди сени эслаб,

Унутилмас шоирлардан Муҳаммад Юсуф.

 Арофат МАМАТХОНОВА,

Андижон шаҳри.

 

СЕВИБ ЯШАЙМАН

Кун тунларга алмашса ҳам,

Кўзлар нурдан қамашса ҳам,

Юрак танлаб адашса ҳам,

Сизни севиб яшайман.

 

Қуёш кўкда порлаб турса,

Ҳаёт ҳамон чорлаб турса,

Қувонч ва ғам бирга юрса,

Сизни севиб яшайман.

 

Бу қалбдаги ўйлар билан,

Райҳон исли бўйлар билан,

Барча сокин куйлар билан,

Сизни севиб яшайман.

 

Йиллар ўтиб кетса ҳам,

Армон қувиб етса ҳам,

Қайғу ҳар дам кутса ҳам,

Сизни севиб яшайман.

 

Ўртамизга тушди фироқ,

Йўллар энди анча йироқ,

Умидим сўнса-да, бироқ.

Сизни севиб яшайман.

 Ҳуршида БУРХОНОВА

 

 Муҳаммад Юсуфинг қани ўзбегим?

Юрагимни қийнар аччиқ бир алам,

Ажал қаршисида ожиздир одам.

Кўнгил безовтадир юракда бир ғам,

Муҳаммад Юсуфинг қани ўзбегим?!

 

Бу кун инсонларнинг кўзларида нам,

Айтинг-чи, дўстларим, бормикан малҳам?

Бошин эгиб сўрар қизғалдоқлар ҳам

Муҳаммад Юсуфинг қани ўзбегим?!

 

Юзда табассуму юракда титроқ,

Қалбимни беаёв савалар фироқ.

Бўғзимдан отилар аччиқ бир сўроқ,

Муҳаммад Юсуфинг қани ўзбегим?!

 

Суҳбатдоши ой, лола, гиёҳлар эди,

Дардкаш топилмади, дард уни енгди.

Халқим айт, дардингни олайин, деди.

Муҳаммад Юсуфинг қани ўзбегим?!

Караматой КАРИМОВА,

Хўжаобод тумани.

 

СЕВГИМ СОҲИБИ

Хаёлингиз ила ўтар кунларим,

Ўтмоқда аламли, бедор тунларим.

Билармисиз сизсиз, бу қалбим ярим,

Севгимнинг соҳиби, сизни соғиндим.

 

Ҳар кун, ҳар онимда сизни ўйлайман,

Келишингиз кутиб йўллар бўйлайман.

Ҳатто, ойдан сизга салом йўллайман,

Севгимнинг соҳиби, сизни соғиндим.

 

Соғинч азобидан ёшланди кўзим,

Сиз ҳақингизда ҳар айтган сўзим.

Сизни унутмадим бир лаҳза, бир зум,

Севгимнинг соҳиби, сизни соғиндим.

 

Нодира СОТҚИНОВА,

 Андижон тумани.

 

Устозимга

Устозим, эй устозим,

Сиз дунёда буюксиз.

Сизга қиламиз таъзим,

Илм, одоб бергансиз.

 

Сўзингизда сеҳр бор,

Дарсларингиз мароқли.

Кўзингизда меҳр бор,

Сиз-ла ўтган вақт завқли.

 

Эрта-индин улғайиб,

Кучга, қувватга тўлай.

Сиздан илм ўрганиб,

Юртга муносиб инсон бўлай.

          

Жасурбек ТОҲИРОВ,

Марҳамат туманидаги

29-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Муҳаббатга чорлама мени

Ортингизга боқмайсиза, боқмайсиз,

Ростин айтинг, ёқмайманми сизга ё?

Ҳеч бўлмаса сирли қош ҳам қоқмайсиз,

Ўзингизни ой биласиз сиз гўё.

 

Телба бўлиб муҳаббатда юрагим,

Билмабман-а ўтда ёнса ҳам қаранг.

Сезмабман сизга йўқлигин керагим,

Сизни кутиб юзимдан ҳам кетди ранг.

 

Севги тўла ҳаёт ўзига чорлаб мени,

Дилга ўтлар ёқиб, кўр қилди қалбни.

Fам орттирдим, ўйламай эрта-кечни,

Зуҳро каби кутибмана бир Тоҳирни.

 

Баҳоримни айлантириб сиз кузга,

Умидларим ҳазон каби тўкдингиз.

Юрагингиз тош, кўнмайди ҳеч сўзга,

Муҳаббатим чокларини сўкдингиз.

 

Сизни эслашни ҳам истамас кўнгил,

Ўйламанг мендан энди узр сўрашни.

Сизни деб умидларим бўлди чил-чил,

Истамайман бошқа тавон тўлашни.

Гулшаной АБДУМАЛИКОВА

 

Юртимиз таровати

Қуёш севиб нур сочар,

Ҳар бир куртак гул очар.

Тунда ойи кулармиш,

Мевалар-новвот, кишмиш.

 

Гуллар таратган ифор,

Айтинг, яна қайда бор?

Ўт-ўланлар тонгги он,

Шабнамдан тақар маржон.

 

Одамлари меҳрибон,

Қалбларида пок иймон.

Юртин обод қилиш чун,

Сарфлашади бор кучин.

 

Бунозира КАНАЛБЕКОВА,

 

Избоскан тумани.

Тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки ҳар қандай жамият ривожи, гуллаб-яшнаши ёш авлоднинг соғлом ва баркамол униб-ўсишига боғлиқ.

Юртдошларимиз саломатлигини сақлаш энг аввало, шифокорларнинг вазифаси ҳисобланади. Бу борада поликлиникамиз шифокорлари томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар тизимли ва режа асосида олиб борилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, аҳолининг  соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш масаласига кенг жамоатчилик ҳам жиддий эътибор қаратиши  муҳимдир.

Оилавий поликлиникамизда 42 нафар шифокор, 102 нафар ўрта тиббиёт ходими ҳудудимиздаги истиқомат қилаётган 81 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Поликлиникамизда  сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур барча шароитлар яратилган, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Касалликни даволашдан кўра, олдини олган афзал. Шу маънода ўсмир қизлар, туғиш ёшидаги аёлларимиз босқичма-босқич тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Маҳаллаларда, таълим муассасаларида хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданияти, соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини бойитишга қаратилган кенг кўламли   тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир инсоннинг соғлом бўлиши учун даставвал оилада соғлом муҳит яратилган бўлмоғи шарт. Бунга эришиш учун шифокорларимиз ҳар бир оилага кириб бормоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ҳудудимизда фуқароларнинг турли хасталикларга чалиниши кескин камаймоқда.

Айни кунда шифокорларимиз томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари , Ёшлар иттифоқи фаоллари, ФҲДЁ бўлими ва турли идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар натижасида гиёҳвандлик, алкоголизм, турли ножоиз йўллар орқали юқадиган хавфли касалликлар, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олди олинмоқда. Айниқса, "Сиз оила қуришга тайёрмисиз?", "Саломатлик - туман бойлик", "Соғлом онадан соғлом бола туғилади" сингари мавзулардаги мулоқот ва давра суҳбатлари аҳолининг ана шу йўналишдаги билимларини бойитишга хизмат қилмоқда.

Оила қуриш арафасидаги йигит-қизлар билан ўтказилаётган суҳбатлар уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топмоқда. "Ёш оналар мактаби" машғулотларида эса она сутининг аҳамияти, болаларнинг соғлом ўсишини таъминлаш билан боғлиқ тиббий талаблар ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда.

Мухтасар айтганда, оилавий полик-линикамизда аҳоли, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган зарур барча ишлар олиб борилмоқда.

 

Моҳирахон АҲМЕДОВА,

 

Андижон шаҳридаги 1- оилавий поликлиника шифокори.

КИЧКИНТОЙ ОВҚАТ ЕМАСА...

Мутахассис тавсияси

Ёш болани қандай қилиб овқатни танламасдан

ейишга ўргатиш мумкин?

Ушбу мавзу доирасидаги қатор саолларга болалар шифокори Миркомил Отахожиев жавоб беради:

- Кўпинча ёш болалар ўзларига ёққан овқатнигина еб, витаминларга бой, сабзавотли таомларни ейишдан бош тортишади. Шундай ҳолатда қандай йўл тутиш мумкин?

- Болаларнинг овқатни танлаб ейишлари билан боғлиқ нохуш ҳолатга шифокорлар кўп йиллардан буён тўқнаш келади. Болаларнинг 20 фоиздан кўпроғи овқатни танлаб ейишади, уларнинг беш фоизи эса ёшига нисбатан енгил вазнга эга. Кўпинча бундай болаларга витаминлар берилади.

Аввало, болаларда тўғри овқатланиш кўникмаларини ҳосил қилиш керак. Буни имкони борича эртароқ бошлаш лозим. Овқатни танлаб ейиши боланинг 6 ойлигидан икки ёшгача бўлган давр мобайнида нотўғри овқатлантиришдан келиб чиқади. Бу даврда оналар сабр-тоқатли бўлишлари керак. Бола учун янгилик бўлган таомни боланинг ейишни истамаса ҳам 10-15 марта таклиф қилиш керак. Бугун ейишни хоҳламадими, эртасига яна бериш керак. Гўдак 6-8 ойлигида барча янги таомларни тотиб кўришга мойил бўлади, аммо икки ёшдан сўнг танлаб ейишга ўрганади.

- Агарда вақт ўтган бўлса-чи?

- Буни бир неча ой давомида тўғрилаш мумкин. Болани уч ёшидан бошлаб овқат тайёрлаш жараёнига қизиқтириш лозим. Уни овқатни биргаликда тайёрлашга жалб қилинг. Аммо картошка ёки бирор ширинлик эмас, икки-уч хил сабзавотлар аралашган таомни тайёрлаш керак. Бола ўзи тайёрлаган таомни албатта, қизиқиб ейди. Шуни ҳам    унутмангки, онанинг ўзи қизилча ёки шолғом ейишни ёқтирмасаю, боласини уни едиришга мажбурлаш ҳам тўғри эмас.

- Ота-оналар фарзандларининг эрталаб нонушта қилмаса, кун бўйи оч юриши мумкин деб хавотирланишади.

- Бу болаларнинг ўзига хос айёрлиги. У бўтқа ёки сабзавотли таомни ейишни истамайди, унинг оч юришидан хавотирланиб колбаса, печенье ёки бирор ширинлик ейишни таклиф қилишади. Шу тарзда болаларда нотўғри овқатланиш тартиби пайдо бўлади. Овқат ейишни истамаса, емасин. Қорни яхши очсин, иштаҳаси уйғонсин. Шундан сўнг овқатланишга мажбур бўлади. Агар фарзандингиз ўта озғин бўлса, шифокорга учранг. Болангизда озғинликка сабаб бўлувчи касаллик йўқлигига ишонч ҳосил қилинг. Шундан кейингина тўғри овқатланиш тарбияси билан шуғулланишни бошлаш мумкин.

 

Минурахон БОЗОРОВА ёзиб олди.

 

 

Марказимиз аёлларнинг кўмакчисига айланди

Фармон ва ижро

Айни кунда марказимизда "Психолог аёл", "Ҳуқуқшунос аёл", "Ёшлар билан ишлаш" бўлимлари ташкил этилган. Туман хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлигида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб бораётган фаолиятимизда Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш, хусусан, оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, турли низоларни бартараф этиш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Марказимиз қисқа давр ичида чин маънода аёлларнинг яқин маслаҳатчиси ва кўмакчисига айланди, кенг жамоатчилик ўртасида ўз ўрнига эга бўлган муассасага айланди. Бу албатта, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" жамоат фонди,  "Нуроний" жамғармаси туман бўлимлари, Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларимизнинг самарасидир. "Яқинда "Нуроний" жамғармаси қошида иш бошлаган "Бувижонлар мактаби" билан ҳам ҳамкорлик ўрнатиб, ёшлар ўртасида миллий қадрият ва анъаналаримизни тарғиб қилиш, уларда илм олишга, касб ўрганишга, меҳнатга муҳаббат уйғотишга, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат туйғуларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпмиз.

Маҳаллаларда оилавий ажримларнинг, аёллар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, эр-хотин, қайнона-келин, ота-она ва фарзандлар орасидаги муносабатларни яхшилаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, фуқаролар, айниқса, опа-сингилларимизнинг чет давлатларга ишлаш учун ноқонуний чиқиб кетишларига чек қўйиш, фарзанд тарбиясига эътиборсиз қараётган оилалар билан алоҳида иш олиб бориш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.

2017 йилда марказимизга 123  нафар аёл турли масалалар юзасидан мурожаат қилди. Мурожаатларнинг 91 фоизи ижобий ҳал этилди. "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаоллари билан биргаликда 67 оиладаги низоларга барҳам берилиб, шунча ажримнинг олди олинди. Шунингдек, 8 нафар хотин-қиз доимий иш  билан таъминланди.

Ўтган йили туманимиздаги мавжуд 48 та маҳалладаги кам таъминланган оилалардан 2 тасига чорвачилик, 2 тасига паррандачилик бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун банклардан имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди. Мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш мақсадида тумандаги барча маҳаллаларда жамоатчилик асосида  "Аёллар маслаҳатхонаси" ташкил этилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаларига ана шу маҳаллаларда истиқомат қилаётган обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга зиёли, кайвони онахонлар, маҳалладошларига тарбиявий таъсир ўтказа оладиган фаол аёллар, ҳар жабҳада кўпчиликка намуна бўлаётган қайноналар жалб этилган. Улар йиғинлар қошидаги Яраштириш, Хотин-қизлар билан ишлаш, Тўйларни ўтказиш комиссиялари фаоллари билан ҳамкорликда маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тўй-хашам, маърака ва бошқа йиғинларни ихчам, качиқим, дабдабасиз ўтказилишига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. 

Марказимизда ёшлар, айниқса, қизларни одоб-аҳлоқли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, уларнинг пухта билим олишлари, ўзлари истаган касб-ҳунарларни эгаллашларига ёрдам бериш, шунингдек, турли  ҳуқуқбузарликлар ҳамда эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, урф-одат ва маросимларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳа асосида тумандаги маҳаллалар, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари қизлари ўртасида "Аёл билан олам мунаввар", "Қизлар - бўлғуси келинлар",  "Қайнона ҳам она, келин ҳам қиз" каби мавзуларда мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда ташкил этилган  "Қизларжон" клуби машғулотларини мазмунли ва қизиқарли ўтказилишига кўмак берилмоқда.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, маънавиятини юксалтириш, турли ёт ғоялар ва иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган учрашув, суҳбат ва мулоқотлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда. Йил бошидан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича режалар ишлаб чиқилиб, шартнома асосида битирувчи қизларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Айниқса, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган қизларимизга имтиёзли кредитлар ажратилаётганлиги улар учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда.

Бугун юртимизда хотин-қизлар, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор берилаётганлиги бежиз эмас. Чунки мамлакатимиз эртаси кўп жиҳатдан миллат давомчилари бўлган оналарга, соғлом ва баркамол зурриётларимизга боғлиқ. Шундай экан, хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, муаммоларини ҳал этиш масаласида кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, мутасаддилар масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. 

Биз, хотин-қизлар масаласида ўзимиз кутган натижага эришиш учун оиланинг ҳар бир аъзоси - оналар, қайноналар, келинлар, қизлар билан бевосита ва мунтазам иш олиб боришимиз зарур. Қолаверса, бу оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, муаммоларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. "Қарс икки қўлдан чиқади" деганларидек, бу борада ҳамкорлик, тизимлилик ва изчиллик албатта, бўлиши керак. 

Марказимиз ўз йўналиши доирасидаги ишларни изчил давом эттиради. Мақсадимиз муҳтарама оналаримиз, келинлару қизларимиз, барча опа-сингилларимиз ҳаётдан рози, бахтидан масрур бўлиб яшасин.

 Хайрихон ЭГАМБЕРДИЕВА,

Марҳамат тумани "Аёллар маслаҳат маркази" координатори.  

Юракка кўмилар асл шоирлар

26 апрель - Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун

Ўзбек халқининг улуғ шоирлари жуда кўп. Кўплаб эл ардоғидаги шоирларнинг    шеърлари юрак-юракларимиздан жой олган. Ана шундай эъзоз топган ижодкорлардан бири Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфдир.

Шеър ёзишга,  адабиётга қизиққан инсон борки, Муҳаммад Юсуф шеъриятига назар ташлайди. Мен ҳам болаликдан Муҳаммад Юсуф шеърлари билан улғайганман. Ҳатто, ҳали ҳарф танимаган кезларимда "Райҳон ҳидларингни йўлларимга сеп"ни шеърини бир неча қаторини ёд олиб айтиб юрардим. Ўша пайтданоқ шоирнинг мухлисасига айланганман.

 Бугун  шоир номини эшитмаган, ҳеч бўлмаганда унинг қўшиққа айланган   шеърларини ҳиргойи қилмаган юртдошимиз бўлмаса керак.  Муҳаммад Юсуф улуғ ижодкор, халқ дардини куйлаган шоир эди. У ўз миллатини,  Ватанини, унинг ҳар бир гиёҳини ҳатто, хасини ҳам ўзидан-да ортиқ суярди. Бу унинг шеърларида ўз ифодасини топган:

О, ота маконим, онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.

Сендек меҳрибон йўқ,

сенингдек кўркам,

Римни алишмасман бедапоянгга.

Кўп шоирларнинг Ватанни улуғлаб, кўкларга кўтарган шеърлари бор. Уларни ўқиганмиз, афсуски, ўша шеърларнинг кўпчилиги кўп ўтмай ёдимиздан кўтарилади. Лекин "Парижнинг энг гўзал ресторанларин битта тандирига алишмаган" шоирнинг Ватан, Она юрт ҳақидаги содда, равон ва қалбга яқин шеърлари юрак-юракларимизгача кириб борган, мустаҳкам жой олган. 

Шоир ҳаёти давомида машҳурликка интилмади, машҳурликнинг ўзи уни топиб келди. Одатда, хоҳ шоир, хоҳ бошқа соҳа вакили бўлсин эл-юрт равнақи йўлида улкан хизмат қилган инсонларга ҳайкал ўрнатилади. Ҳайкални кўриб, ўша инсонни хотирлайдилар, унинг эзгу амалларини ёдга оладилар. Назаримда, Муҳаммад Юсуф ўз ҳайкалини шеърлари орқали миллионлаб инсонлар қалбига ўрнатиб кетгандек... Самимияти, халқ дилига яқинлиги билан қалблардан мустаҳкам жой олган унинг шеъриятини асло унутиб бўлмайди. Аксинча, йиллар ўтгани сайин улуғвор бўлиб бораверади. Ёшу қарини бирдек мафтун этган ана шу   шеърлар йиллар ўтса-да, тиллардан тилларга, диллардан дилларга кўчиб бораверади.

М. НОСИРОВА, АДУ талабаси.