+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"Ватанпарвар" жамоаси – ғолиб

Хонобод шаҳрида  "Ёш чегарачилар" мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда Қуролли Кучлар тизимини янада ислоҳ қилиш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятини юксалтириш, ёш авлодни ватанпарварлик, ҳарбий   бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг руҳий ва жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Мусобақада 8 жамоа белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун баҳс олиб борди. Қизиқарли, баҳсларга бой бўлган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Хўжаобод педагогика ва ижтимоий иқтисодиёт коллежининг "Ватанпарвар" жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг респубика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Танловда Хонобод сервис ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг "Жасорат", Қўрғонтепа саноат-транспорт касб-ҳунар коллежининг "Лочинлар" жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларга сазовор бўлди.

Fолиблар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Нигора САЙДАЛИЕВА

"KAPITAL SUG`URTA" кафолатли суғурта хизматларини таклиф этади

Андижон шаҳрида суғурта фаолияти, суғурта ишларини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари, туман ва шаҳарлар Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари раҳбарлари, мутахассислари иштирок этган тадбирда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кафолатли мажбурий ва ихтиёрий суғурта хизматларини кўрсатиш хусусида фикр алмашилди.

Семинарда "Kapital Sug`urta" акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан мазкур суғурта ташкилотининг суғурта турлари, хизматларининг ўзига хос жиҳатлари ва афзалликлари хусусида кенг тушунча ва маълумотлар берилди. 

Айни кунда "Kapital Sug`urta" АЖ Андижон вилоят филиали ва унинг туман ва шаҳар бўлимлари 180 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатмоқда. Кўрсатилаётган хизматлар ичида мулкларни, транспорт воситаларининг фуқаролик жавобгарлиги, иш берувчининг жавобгарлиги бўйича суғурта турлари салмоқли ўринни эгаллайди. Тадбирда ташкилотнинг Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳоли ва тадбиркорлик    субъектлари билан ишлаш, кафолатли суғурта хизматларини кўрсатиш борасидаги таклифлари айтиб ўтилди. 

Шунингдек, семинарда суғуртанинг ишончли ва кафолатли бўлиши, суғурта ҳодисаси юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини тез кўриб чиқиш, суғурта қопламаларини ўз вақтида тўлаб бериш борасидаги муаммолар, бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

 

Барно ҲАЙДАРОВА

Уйғониш айёми уйғотар умид

Келди дилга умид бахш этиб баҳор,

Ифор таратмоқда гулбоғлар ажиб.

Исмингни энг латиф сўзларга ўраб,

Аста пичирлайман беҳол, музтариб.

 

Сенга етолмайди тилакларим хуш,

Сендан кетолмайди маҳзун хаёлим.

Қушлар беролмайди юракка таскин,

Сенсиз сайри боғлар ғариб, малолли.

 

Баҳор - бу дунёга улашгувчи нур,

Ишқ куйин чалгувчи юрак тори-ла.

Энг мушкул савдо бу - изҳори кўнгил,

Дил муқим бешафқат сукут бағрида.

 

Fунчалайверсаю очолмаса гул,

Висол не билмаса муҳаббат боғи?

Борлиққа бор меҳрин сочганда баҳор,

Юракни тирнаса ҳажр фироғи.

 

Уйғониш айёми уйғотар умид,

Тўлдирар юракка туйғу, эҳтирос.

Мен азиз исмингни гулларга ўраб,

Бағримга босмоққа ҳақлиман, холос.

 

Хуршидабону

ЎЗГАЛАР ДИЛИНИ РАНЖИТМАНГ

Ҳар бир кишида у  ёшми, кексами, ижодкорликка ёки  адабиётга қизиқиш бўлади. Бу фазилат нияти  эзгулик  бўлган  инсонга берилган улуғ неъматдир.

Қалби муҳаббат билан ошно дил соҳиби ижодкорликда синалади. Атрофдагиларга эътиборли бўлгани учун унинг қалбида туғилган кичик бир санъат. Баъзи инсонларда ана шу кичик санъатнинг улғайиши бор, теранликка, юксакилкка интилиши бор. Бундай кишилар ҳамиша жамиятнинг пешқадам инсонлари қаторида бўлади.

Энг муҳими, ижод кишиси ўзгаларга фикр, ғоя бера олади. Ҳеч бўлмаганда ёзганлари билан кимнингдир қалбига таскин беради, маънавият улашади. Ижод - ўқиш, ўрганиш, юксалишдир. Мана шу йўлдан борганлар  ҳаётда ҳамиша ўз ўрнини топа олади.

Турли давраларда, китобхонлик  кечаларида ижод аҳлидан янги фикрларни эшитиб, уларга ҳавас қиламан, ижод оламига янада чуқурроқ киргим келади. Айниқса, ижодкор ёшларимизнинг зукколиги, шижоати, интилишини, юксак салоҳиятли бўлиб камол топаётганликларини кўриб қувонаман.

Самимиятли, дунёга гўзаллик, эзгулик улашаётган ижодкорлар ҳамиша омон бўлсин, юксак тоғ бўлсин. Зеро, номард тош отгани билан тоғларни кулатолмайди. Уларга хасад қилаётганларга денгиздай кенг бўлинг, қалбингиздаги ғуборларни ювиб ташланг, дегим келади. Сизнинг бирор бир сўзингиз ўзгалар дилини ранжитмасин.

 

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

 

жамоатчи мухбир.

АЛЛА - ЭНГ ШИРИН ҚЎШИҚ

Оилада фарзанд дунёга келди. Онаизор унинг атрофида парвона. Бор меҳрини, борлиғини унга бахшида этишга тайёр. Онанинг қалб тўридан таралаётган "Алла" овози жажжигина чақалоғига нур бағишлайди.

 

Кулгичларинг мунча кўркам, алла,

Кўзим нури, ухла эркам, алла,

Муҳаббатим мевасисан, алла,

Бор меҳримнинг эгасисан, алла.

 

Алла илоҳий бир куч, қудратга эга бўлган энг ширин қўшиқдир. Қадим-қадимдан оналаримиз фарзандларининг   бахтли-саодатли бўлишини орзу қилганлар. Соғлом, кучли бўлиб улғайишини истаб, ўз кечинма ва орзу-умидларини алла орқали ифода этиб келганлар.

Қўли арслон билаклим,

Ботир қоплон юраклим.

Яхши-ёмон кунимда,

Менга жуда кераклим.

Алла болам, алла-ё,

Жоним болам, алла-ё.

Алла ва халқимизнинг      бошқа урф-одатлари, миллий қадриятларимизни эл орасида кенг тарғиб қилишимиз зарур. Бу борада  маҳаллаларда фаол хотин-қизларимиз, онахонларимиз маънавий маърифий тадбирлар ўтказиб, урф-одатларимизни элга намойиш этишлари керак.

Масалан, халқ оғзаки ижодини яхши биладиган момоларимиз ёш хотин-қизларга халқимизнинг ноёб маънавий дурдоналаридан нафақат баҳраманд бўлишларига, балки ўрганишларига бош-қош бўлишлари зарур. Шунда лапарлар, аллалар хотин-қизлар қалбидан ўрин олиб, уларнинг маънавий мулкига айланади, миллий қадриятларимиз  умрбоқийлиги таъминланади.

Алла - инсон ҳаётида меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантирувчи улуғ неъматдир. Ҳар бир она ўз жигарбандининг комил инсон бўлиб улғайиши учун аввало, унинг мурғак қалбига алланинг сеҳрли оҳангини синг-дирмоғи лозим. Шундагина қадимдан бизларга мерос бўлиб келаётган қадриятимизни эъзозлаб, авлодлар олдидаги  бурчимизни адо этган бўламиз.

 

Аҳмаджон ЎТАНОВ,

 

Марҳамат тумани.

ГЎЗАЛЛИК СИРЛАРИ

аёлларга тавсия

Ширинсўз, гўзал опа-сингилларимиз ҳамиша, ҳамма жойда ҳурмат-эътибор топа олади. Умуман, ҳар бир аёл доимо чиройли ва мафтункор бўлишга интилади. Бу эса ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун аёлларимиз сабр билан гўзал бўлиш билан боғлиқ талабларни бажара олиши лозим.

Қуйида муҳтарама аёлларимиз ҳуснига ҳусн қўшувчи айрим  тавсия ва маслаҳатларни эслатиб ўтамиз. Уларга амал қилсангиз, Сиз шубҳасиз, янада гўзал бўласиз.

Косметик лой ва какаонинг ажойиб туҳфаси. Целлюлитни бартараф этиш учун 6 ош қошиқ косметик оқ лой, 2 ош қошиқ сув, 2 чой қошиқдан асал ва какао кукунини сметана кўринишидаги масса ҳосил бўлгунича яхшилаб аралаштиринг. Тайёр бўлган аралашмани душ қабул қилганингиздан сўнггина қўллашингиз мумкин. Бунда уни терига массаж ҳаракатлари билан суртиш ва устини аввал плёнка, сўнгра иссиқ кўрпача (одеял) билан ўраб қўйиш талаб этилади. Орадан 20-30 дақиқа вақт ўтганидан сўнг суртмани ювиб юборинг.

Мазкур ниқоб таркибидаги оқ лой (каолин) худди мочалка сингари теридаги барча токсинларни тозалайди. Какао эса табиий антиоксидант бўлиб, у терини ёшартириш ва соғломлаштириш хусусиятига эга. Бундан ташқари, айнан мазкур маҳсулот сабаб терида қон айланиши яхшиланади. Шу боис ҳам бу ниқобни мунтазам қўлласангиз, у целлюлитни бартараф этишда сиз кутган натижани беради.

Мазали асалдан ёқимли ечим. 1 чой қошиқ ўртача суюқликдаги асал, 5 ош қошиқ янги тайёрланган узум суви ҳамда 2 чой қошиқ юз учун мўлжалланган кундузги кремни аралаштиринг. Ҳосил бўлган қоришмани теридаги целлюлитлар устига айланма ҳаракатлар билан суртинг ва 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювинг.

Кўк чой целлюлитга қарши. 5 ош қошиқ майдаланган кўк чой, 2 ош қошиқ асал ва 1 чой қошиқ долчин кукунини аралаштиринг. Ҳосил бўлган массани терининг муаммоли соҳаларига суртиб, устини плёнка билан ўранг. Сўнгра 15-20 дақиқаларда ювиб ташланг.

Шакар ва туз гўзал тери асосчилари. 250 граммдан шакар ҳамда туз (иложи бўлса, денгиз тузидан фойдаланинг) ни ярим стакан ўсимлик ёғи билан аралаштиринг. Тайёр бўлган массани кечқурун душ қабул қилгандан кейин муаммоли терига суртинг ва яхшилаб ишқаланг. Бир оздан кейин ниқобни ювиб ташланг ва терига         намлантирувчи крем суртинг. Мазкур усулни 1 ой давомида мунтазам амалга оширинг. Аммо ҳар гал уни суртишда диққат билан массаж қилишдан эринманг. Ана шунда кутилган натижага эришасиз.

 

ФАРЗОНА тайёрлади.

АНДИЖОНДА ИККИНЧИ РЕГИСТОН

Ўтган йили оиламиз билан  қўҳна  ва  навқирон Самарқандга  саёҳатга боргандик. Саёҳатдан жуда катта таассуротлар олдим. 

Яқинда эса онам билан Андижон шаҳридаги вилоят тарихи ва маданияти музейида бўлдик. Бу ерга аввал ҳам келганман. Ишонасизми, бу ерда жуда катта ўзгаришлар бўлибди. Кўриб, беихтиёр ҳайратим ошди. "Жоме" мажмуаси деб номланган ушбу маскан худди Самарқанднинг Регистон майдони каби кўриниш касб этибди. 

Озод ва обод юртимиз, Андижонимиз кун сайин гўзал қиёфа касб этаётганлиги қалбимни ғурурга тўлдиради. Мана шундай юрт фарзанди эканлигимдан бахтиёрман. Тенгдошларимга гўзал "Жоме" мажмуасига саёҳатга боришларини тавсия қиламан. Чунки бу ердан Андижонимиз ўтмиши, бугуни ҳақида бир олам таассуротлар оласиз.

Дилбарой ТУРСУНОВА,

Жалақудуқ туманидаги  32-умумтаълим мактаби 3-синф ўқувчиси.  

"МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ - ЎЛМАС МЕРОСИМИЗ"

Избоскан туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида "Миллий қадриятларимиз - ўлмас меросимиз" шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Туман марказий маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган фестиваль очилишида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларнинг ўқиши, пухта билим олиши,  ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли номоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

- Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ёшларимизнинг фаоллигини, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш, - дейди Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси ўринбосари Сардорбек Юсупов. - Қолаверса, уларнинг қалбида  миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш, турли иллат ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишдан иборат.

Фестиваль доирасида умумтаълим мактаблари, коллеж ўқувчилари ўртасида ўтказилган "Қувноқлар ва зукколар" мусобақаси, ёш рассомлар кўргазмаси, шахмат-шашка ҳамда миллий ўйинлар - арқон тортиш, кураш мусобақаларида ўз имкониятларини синовдан ўтказдилар. Айниқса, ижодкор ёшлар мушоираси кўплаб ёш истеъдодларни кашф этди.

Туман "Олтин соз" халқ дастаси, таълим муассасаларининг бадиий жамоалари томонидан намойиш этилган бадиий дастур, куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

 

жамоатчи мухбир.

САЛОМАТЛИК ҲАҚИДА ҲИКМАТЛАР

Инсон - табиатнинг олий маҳсулидир. Бироқ табиат яратган мўъжизалардан баҳра олмоқ учун соғлом, бақувват ва зукко бўлмоғи зарур.

Т. Карлейль

 

Яхши одам ўзимни эҳтиёт қилиши керак.

М. Горький

 

Инсон учун биринчи бахт - унинг  соғлигидир, иккинчиси гўзалликдир.

Платон

 

Саломатликнинг баҳоси ҳеч қачон пасаймайди, чунки саломатлик йўқ жойда на фароғат, на ҳаловат бор.

 

Н.Г. Чернишевский

ЧАҚАЛОҚ ПАРВАРИШИ МАСЪУЛИЯТИ ЁШ ОНАЛАР УШБУ ЖАРАЁНДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШЛАРИ ЗАРУР

Дунёга келган бола ҳаётининг  дастлабки йили парвариш борасида ўта масъулиятли давр ҳисобланади. Чунки ана шу даврда боланинг жисмоний ва ақлий ривожланишига асос солинади. Бу эса оналардан фарзанд тарбиясида ниҳоятда эътиборли бўлишни талаб этади. Гўдак парвариши, ушбу жараёнда нималарга алоҳида эътибор қаратиш керак? Бу борадаги муҳим жиҳатлар хусусида ёш оналарга вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази касалликка мойил чақалоқлар бўлими мудири Рухсора Сайфутдинова қуйидаги тавсия ва маслаҳатларни беради.

 

БОЛАНГИЗНИ КЎКРАК СУТИ БИЛАН БОҚИНГ

Чақалоқ туғилгандан бошлаб, энг аввало, уни тўғри озиқлантириш керак. Энг тўғри озуқа албатта, табиий она сутидир. Кўкрак сути орқали гўдак барча ўзига керакли оқсил, аминокислота ва витаминлар, микро ва макро элементларни олади.

Она сути таркибидаги витамин ва минерал тузлар ўсувчи организм талабини тўлиқ қондиради. Унда кальций ва фосфор керакли нисбатда бўлади. Кўкрак сути билан озуқланган чақалоқларнинг рахит, камқонлик сингари касалликларга учраш эҳтимоли жуда паст бўлади.

 

ЧАҚАЛОҚНИНГ ҲОЛАТИГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИНГ

Чақалоқнинг нормал териси юмшоқ, қизғиш, майин туклар билан қопланган бўлади. Агар бола терисининг оч пушти ранги оқара ёки сарғая бошласа, тезда неонатолог билан маслаҳатлашиш зарур.

Гўдакнинг киндиги у туғилганидан 3-5 кун ўтиб тушади. Умуман, киндик 12-14 кунида бутунлай битади. Агар киндикдан ёқимсиз ҳид келса ёки унинг атрофи қизарса, зудлик билан шифокорга мурожаат килиш керак.

Янги туғилган чақалоқ ўзига керагича вақт мобайнида ухлайди. Унинг уйқу вақти катталарникидан фарқли бўлиб, индивидуал ҳолатга эга бўлади. Айрим гўдаклар кўпроқ кундузи, бошқалари эса кечаси ухлашади. Бу ҳолат ўзгариб боради ва гўдакнинг уйғоқлик даври узайиб, уйқуси тунга ўтади. Гўдак ухлайдиган хона кенг, ёруғ, озода, тўшаги эса қаттиқ ва текис бўлиши зарур. Чақалоққа биринчи ойда  ёстиқ керак эмас. Болани фақат   совқотиб қолмаслигини эмас, балки исиб кетмаслигини ҳам назорат қилиш керак. Чақалоқ танасининг меъёрдаги ҳарорати 36,5 С дан 37,5 С гача бўлади.

Бола таглигини алмаштиришда эса оналар гўдакнинг нажасига эътибор қилишлари керак. Янги туғилган чақалоқнинг нажаси дастлабки уч кун ичида (меконий) ажралиб чиқади. Кейинчалик унинг ахлати сарғиш рангга киради. Кўкрак сути билан овқатлантирилган чақалоқнинг нажаси бир суткада 6-8 мартагача келади.

 

ГЎДАК ТАГЛИКЛАРИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Чақалоқларни туғилган куниданоқ йўргакламасдан, эркин кийинтириш лозим. Йўргаклаш боланинг қорнини ва кўкрак қафасини қисиб қўйиши, эркин нафас олишини қийинлаштириши мумкин. Энг муҳими, боланинг эркин ва табиий ётишига халақит беради, қон айланиши жараёнини қийинлаштиради.      Кейинчалик чақалоқ ўзининг қўл ва оёқларидан қўрқиб, уларга ўрганиши қийин кечади.

Чақалоқлар учун памперс тагликларини уч соатдан кўп қўллаш тавсия этилмайди. Чунки, кечаю кундуз памперс тутилганда боланинг нозик терисига аллергик тошмалар тошиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун тагликларга мўлжалланган болалар кремини суртиб туриш тавсия этилади. Ўғил болалар учун памперс тагликлари зарарли деган гаплар илмий асосланмаган.

Шунинг учун меъёрида памперс тақиш (сайрда, меҳмонга борганда, кечаси) зарар эмас.

 

БОЛАНИ ТЕЗ-ТЕЗ ЧЎМИЛТИРИБ ТУРИШ ЗАРУР

Шунда у яхши ухлайди. Яна чўмилтириш натижасида гўдак чиниқиб боради. Чунки, тери ҳам нафас олади. Таги қуруқ, тўйиб эмган ва соғлом гўдак тинч ухлайди. Ҳар доим гўдакни бир вақтда, кечки эмизиш олдидан чўмилтирган маъқул.

Фарзандингизни ҳар куни очиқ ҳавода сайр қилдиришни канда қилманг. Тоза ҳаво гўдакнинг соғлиги ва иммунитетини мустаҳкамлабгина қолмай, болани чиниқтиришда ҳам муҳим ўрин тутади.

Онага бола парвариши, уни эмизиш ва кейинчалик гўдакка қўшимча озуқалар бериш, эмлаш, касаллик белгилари ҳақида туғруқхонада зарур маслаҳатлар берилади. Муҳими, касалликлар белгиларини билишда оналар зийрак бўлишлари лозим. Чақалоқдаги битта касаллик бир неча белгилар билан намоён бўлиши мумкин. Масалан, кўп тинмай йиғлаш, тана ҳароратини меъёрдан кўтарилиши ёки пасайиб кетиши, қусиш, нафас олишнинг бузилиши, талваса, кўкракни эммаслик, бола терисининг ранги ўзгариши (кўкариши, сарғайиб кетиши, оқариб кетиши) ва ҳакозо. Ана шундай ҳолларда тезда болалар шифокорига мурожаат қилиш керак.

Юқоридаги тавсия ва маслаҳатларга амал қилсангиз, чақалоғингиз албатта, соғлом ўсади, қолаверса, масъулиятли ва мураккаб парвариш даврини кўнгилдагидек ўтказасиз.

 

Минурахон БОЗОРОВА ёзиб олди.