+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

АЁЛНИНГ БАХТИ - ОИЛА БАХТИ

Мамлакатимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, оилалар мустаҳкамлигини, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бежиз эмас. Чунки, оилаларимиз қанчалик тинч ва мустаҳкам бўлса, жамиятимиз барқарор, юртимиз тараққиёт йўлидан дадил одимлаб боради.

Мазкур йўналишда Олтинкўл туманида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.  Айни кунда туманимизда 4781 оила мавжуд, уларнинг қарийб 30 фоизини ёш оилалар ташкил этади.

Туман хотин-қизлар қўмитаси  "Аёллар маслаҳат маркази", "Маҳалла" жамоат фонди ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳалла ва оилалардаги ижтимоий маънавий муҳитни ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича иш олиб бораётган секторлар доирасида барча оилалар ўрганиб чиқилди, оилалар вакиллари билан суҳбат ва мулоқотлар ўтказилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида қўмитамизга 50 нафар аёл оилавий муаммолар юзасидан мурожаат қилган. Мурожаатлар ўрганилиб, уларнинг 23 таси ижобий ҳал этилди.  Шунингдек, 25 нафар хотин-қизларимизга ўз тадбиркорлигини бошлашлари учун банклардан кредит олишларига ёрдам кўрсатилди.

Фаолиятимизда опа-сингилларимизнинг саломатлигини сақлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпмиз.   Президентимизнинг жорий йил 2 февралидаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бу борадаги ишларимизда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Йилнинг ўтган уч ой давомида туманимизда 23 ажримнинг олди олинди, ажрашиш арафасида турган шунча оила тикланди, ўша оилаларга бахт, қувонч қайтди. Бунда маҳаллаларидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси аъзолари, бошланғич ташкилотларимиз етакчиларининг хизматлари катта.

Умуман, туманда ажрим билан боғлиқ ҳолатлар, оилалардаги низо ва жанжаллар таҳлил қилинганда, уларнинг кўпчилиги арзимаган сабаблар туфайли юзага келаётганлиги аён бўлмоқда. Жумладан, қайнона-келин ўртасидаги келишмовчилик, ёш оила соҳиблари, айниқса, ёш келиннинг уқувсизлиги, оилавий ҳаётга ҳали тайёр эмаслиги, саломатлигида нуқсонлар борлиги турли кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда.  Ўтган йили чекка маҳаллада яшовчи бир танишим эндигина ўн саккизга кирган қизини турмушга бераётганлигини, бўлажак  куёв эса йигирма ёшда эканлигини айтиб, тўй бошлаётганлигини билдирганида, мен қизи ҳали ёшлигини, оилавий ҳаётга тайёр эмаслигини, қолаверса, куёв бўлмиш йигит ҳам ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган эканлигини айтиб, уларнинг никоҳини бирор йил ортга суриш лозимлигини маслаҳат бердим. Лекин кўп ўтмай тўй бўлиб ўтди.

Орадан уч-тўрт ой ўтиб келин тез-тез хасталанадиган бўлди. Бу албатта, қайнонага ёқмади. Куёв хотинини даволатишга эътибор қаратмади. Яна бир муддат ўтиб, қиз ота уйига келиб даволанди. Орада қудалар ўртасида анча гап-сўзлар бўлиб ўтибди. Шу тариқа икки оила ўртасига совуқлик тушди, ёш оиланинг бахтли ҳаёти дарз кетди. Бундай бўлмаслиги мумкин эдими, деган савол туғилади? Албатта, мумкин эди. Агар ўз пайтида ота-она қизлари ҳали оилавий ҳаётга тайёр эмаслигини,  мана шундай ҳолат юзага келиши мумкинлигини англаганида эди, суюкли қизларининг ҳаёти бунчалик қийинчилик билан ўтмас эди.

Шу ўринда ота-оналар, айниқса, оналар  қизларининг   соғлигига уларнинг ҳали ёш бўлган пайтдан алоҳида эътибор қаратишлари зарурлигини унутмасликлари керак.

Юртимиз аёллари ҳақида сўзлаганда, "Соғлом она -      соғлом бола" иборасини кўп тилга оламиз. Шу маънода туманимиз хотин-қизларининг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг зтган даври мобайнида 1400 нафардан ортиқ туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида турли касалликлар аниқланган опа-сингилларимиз соғломлаштиришга жалб этилди. Биргина ўтган ҳафта - Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан ташкил этилган "Саломатлик сайли"да юзлаб хотин-қизларимизнинг саломатлиги кўрикдан ўтказилди.

Саломатликнинг энг муҳим гарови - соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилишдир. Аммо минг афсуски, кўплаб аёлларимиз ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмайди, ўз вақтида овқатланишга, хонадонларида тозалик ва покизаликка у қадар риоя қилмайди. Бу эса турли  хасталиклар келиб чиқишига кенг йўл очиб беради.

 Туманда тўй ва маъракаларни ихчам, камчиқим, ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш, шунингдек, аёллар жиноятчилиги, одам савдоси, диний   экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиш сингари иллатларнинг олдини олиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида ҳам ижобий натижаларга эришяпмиз. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагидан аёллар жиноятчилиги ўтган йилга нисбатан камайди, доимий ва мавсумий ишлар  билан 200 дан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

 Хотин-қизларга  ҳуқуқий, психологик, тиббий, маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган "Аёллар маслаҳат маркази"миз фаолияти ҳам самарали бўлмоқда. Марказда "Психолог", "Ҳуқуқшунос" уюшмалари, "Иқтидорли қизлар" тўгараги фаолият кўрсатмоқда. 

Оилаларда тинчлик-хотиржамлик, соғлом маънавий муҳитни барқарорлаштириш,     соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Чунки юқорида таъкидлаганимдек, оила тинч бўлса, энг аввало, аёлларимиз бахтли яшайди, жамиятимиз гуллаб-яшнайди.

 

Муқаддасхон СУЛТОНОВА,

 

Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ФИРИБГАРЛИК КЎЧАСИДАГИ АЁЛЛАР УЛАРНИ ЖИНОЯТГА НИМА МАЖБУР ҚИЛМОҚДА?

Келиб чиқиши шаҳрихонлик бўлган фуқаро Н.Н. Андижон туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро В.М. ва Улуғнор туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган Э.Н.ларни Хўжаобод туманидаги "Дўстлик" божхона     пости орқали Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрига фоҳишалик қилишлари учун олиб ўтаётганида  ички ишлар ходимлари томонидан ушланди.

Суриштирувлардан маълум бўлишича, Н.Н. вилоятимиз ҳудудида яшовчи бир гуруҳ ёш қиз ва жувонларга 1000 - 1500 АҚШ доллари миқдорида ойлик иш ҳақи тўлашни ваъда қилиб, алдаган. Улардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун қўшмачилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган таниши, ўшлик С. исмли аёлнинг ёнига юбормоқчи бўлган. Ҳозирда Н.Н.нинг жиноий ҳаракатлари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бу вилоят ИИБ матбуот хизмати томонидан олинган маълумот. Таҳлилларга кўра, бугунги кунда фирибгарлик жинояти вилоятимиз бўйича жиноят турлари орасида юқори ўринни эгалламоқда. Кейинги пайтларда осон бойиш, мўмай даромад топиш илинжида фирибгарлик кўчасини танлаётган кимсалар, айниқса, аёлларнинг кўпайиб бораётганлиги барчамизни жиддий ташвишга солади.  Ахир ана шу опа-сингилларимиз ҳам кимнингдир онаси, кимнингдир турмуш ўртоғи, кимнингдир опа ёки синглиси, яна кимнингдир севимли инсони. Нима учун улар бу каби жиноятга қўл урмоқда, уларни жиноят қилишга нима мажбур қилмоқда?

Андижон шаҳрида яшовчи, 4 фарзанднинг онаси М.М. яхши ниятлар билан савдо-сотиқ ишларини бошламоқчи бўлганида алданиб қолишини ўйламаганди. У Андижон туманида яшовчи таниши Н.А. га "бизнес билан шуғулланамиз" деган алдовларига учиб, 143 миллион 114 минг сўм пулни бериб юборади. На пулдан, на даромаддан дарак бўлмагач, М. шаҳар ички ишлар бўлимига мурожаат қилади.

1-гуруҳ ногирони С.Ж эса отаси, мавсумий ишчи А.У. билан бирга Шаҳрихон туманида истиқомат қилади. Ўзини ҳокимият вакили деб таништирган Н.А. хонадон эгаларининг дардига гўёки қулоқ тутади. Савобли иш ниқоби остида уларга ҳокимият томонидан уй-жой олиб беришга ваъда қилади. Хонадондагилар ҳолидан тез-тез хабар олиб, уларнинг ишончига киради. Ногирон қиз ва соддадил ота аёлнинг сохта меҳр-эътиборига алданиб, унга 1100 АҚШ доллари миқдорида пул ҳамда  С.нинг ногиронликка оид ҳужжатларини бериб юборадилар. Фирибгар дом-дараксиз кетганидан сўнггина улар алданганини тушуниб етдилар.

Қанча-қанча тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилаётганлигига қарамасдан, ишга ёки ўқишга киритиб қўйиш ваъдаси билан фуқаролардан пул олишдек фирибгарлик ҳолатлари  содир бўлаётгани ҳам аянчлидир.  Асака туманида яшовчи, асли касби ўқитувчи бўлган О.Ҳ. коллежга ишга ўтишни анчадан буён орзу қиларди. Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежида ишловчи таниши Ҳ.Қ. унга бу ишда ёрдам беришини айтди. Ҳ. мусиқа фани бўйича соатбай ҳисобида ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилиш эвазига танишидан 200 АҚШ доллари беришини талаб қилади. "Холис" ёрдами эвазига пул ишлаб олмоқчи бўлган аёл ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Пул, мол-дунё учун инсонийлик, меҳр-оқибатни йиғиштириб қўйган, энг асосийси қонунларимизни оёқ-ости қилаётган айрим аёлларимиз қизидай бир норасиданинг номусинида пуллашга тайёр аёллар, отаси тенги ногироннинг ишончига кириб, уй ваъда қилиб, кўзларидаги ёшдан дийдаси юмшамаган аёллар, талаба бўлиш илинжидаги йигит ёки қиз оиласи йиллаб йиққан маблағни тутқизганда қўллари қалтирамаган аёллар... Жиноий ҳатти ҳаракатларини англаб, билиб туриб, фирибгарликка қўл ураётган бундай аёлларда ор-номус, уят, фарзандларига ҳалолдан насиба бериш, қонунга ҳурмат деган фазилатлар наҳотки бўлмаса? Биз билан бир маҳаллада, қўни-қўшни яшаб туриб, уларнинг шу йўлга киришига нима учун кенг жамоатчилик лоқайд қараб турибди?

 

Неъматхон Йўлдашева, Хўжаобод тумани, амалиётчи-психолог:

- Ўқимаган, қонунларни яхши билмаган, пул топиш учун оқибатини ўйламай кўр-кўрона фирибгарлик содир этган аёлларни кўриб очиғи, "адашган-да бечора. Тирикчиликка қийналгандир?!" деб ўйлайсиз. Юрагингизда раҳм-шафқат пайдо бўлади. Аммо, фирибгарларнинг аксарияти олий маълумотли, ўқимишли аёллар эканлигини билиб, ҳайрон бўласан. Қадимдан муқаддас дея эъзозланган, ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром рамзи бўлиб келган, аёллик илми, маърифати билан дунёни тебратган аёлларнинг авлоди, нафосат ва назокат вакилаларининг фирибгарлик кўчасида тентираётгани кишини ўйлантиради.        

Фирибгардан жабр кўрган шахслар ҳам мўмай даромад, осон пул топишни кўзлаб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни сезсалар-да, жимгина кўз юмиб, ўз фойдаларини ўйлашади. Алданиб қолганини билганларидан сўнггина жабрдийдага айланишади. Ваҳоланки, бошларига тушган бу кўргуликларга аввало ўзлари, қолаверса, уларнинг атрофидаги танишлари сабабчи.

* * *

Вилоят ИИБ матбуот гуруҳи маълумотларига кўра, ўтган 2017 йилда вилоят бўйича 615 фирибгарлик жинояти қайд этилган бўлса, шундан 147 таси аёллар томонидан содир этилган. Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида фирибгарлик жиноятининг қарийб  30 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келди.

Ҳақиқатга тик қарайдиган бўлсак, фирибгарларнинг айримлари қўшнимиз ёки дўстимиз бўлиши ҳам мумкин. Бироқ лоқайдлигимиз, сен менга тегма, мен сенга тегмайман, қабилидаги кайфият сабаб, била туриб ноқонуний иш тутаётганлар орамизда бемалол ҳаракат қилмоқда.

 

Шерзодбек Нуриддинов, вилоят ИИБ матбуот гуруҳи бошлиғи:

- Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддасида товламачилик "уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёҳуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади, дейилган. Шунингдек, 168-моддасида "фирибгарлик, яъни алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёҳуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади", деб ёзиб қўйилган. Опа-сингилларимиз фирибгарлик кўчасига киришдан олдин жазо муқаррар эканлигини билиб олсин.

 

Мифтоҳиддин Рожиддинов, Андижон шаҳридаги "Девонабой" жомеъ масжиди имоми:

- Муқаддас динимиз таълимотларида ҳам фирибгарлик қаттиқ қораланган. Ҳадиси шарифларда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳалол касб қилишга қаттиқ тарғиб этганлар. Ҳаттоки, хонадонининг  нафақаси учун ҳалол касби билан эрта тонгдан кечгача ҳаракатда бўлган кишини гўёки кун бўйи нафл ибодат қилганлик мартабасига кўтарганлар.

Аллоҳ Таоло Қуръони Кари нинг "Бақара" сураси 188-оятида "Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар", деб уқдиради. "Молларни ноҳақ ейиш" дейилганининг маъноси ўғрилик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фириб-алдов билан бировларни молини ўзлаштириш, қарзга нарса олиб ундан тониш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан бировнинг мол-мулкини тортиб олиш, қимор ўйнаш, ўлчов ва тарозидан уриб қолиш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан қўлга киритишдир.

* * *

Азал-азалдан халқимиз ўзининг ҳалол-поклиги, танти, мард ва сахийлиги, бағрикенг ва меҳмондўстлиги билан  шуҳрат топган. Ўзбек аёллари деганда эса бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратган, сабру бардоши, қаноат ва иродаси ила жуфтини беклик даражасига кўтарган мунис аёллар гавдаланган. Шундай экан, бугун биз ҳам ана шундай мақомга эришган авлодларимизга муносиб бўлайлик. Аёл - агар у она бўлса, фарзандига ибрат, турмуш ўртоғининг ори-ғурури, яқинларига суянч, ота-онасининг фахр-ифтихори, маҳалла-кўйининг юзи, қўйингки, барча учун севимли ва ардоқли бўлиши керак.

Опажон, сингилжон, фириб орқали топганингизда барака бўлмайди, тинчлик-хотиржамлигингизни ҳам йўқотасиз. Бу йўлга кириб нафақат ўзингизнинг, балки яқинларингиз, фарзандларингиз, оилангиз юзини ерга қаратманг. Қилмишингиз учун албатта, жазо муқаррар эканлигини асло унутманг!

 

 Муаззам  ИБРОҲИМОВА

ДАРСЛАРГА ИЖОДИЙ ЁНДАШИШ - ЭНГ САМАРАЛИ УСУЛ

Бола мактабга илк қадамни катта ҳаяжон, бироз ҳадик билан ташлайди. Бу бола психологияси билан боғлиқ жараён. Ана шу жараёнда боланинг мактабга эркин ва тўлақонли мослашиб олишида ўқитувчининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис, биз - бошланғич синф ўқитувчилари  мурғак қалб эгаларига ширин сўзимиз, самимий муносабатимиз билан муомалада бўлишимиз лозим.

Устоз билимдон, ижодкор бўлиши керак. Шундагина у ўқувчига ибрат ва манзур бўлади. Қолаверса, ўқувчиларнинг дарсларни осон ва тез ўзлаштириб боришига ёрдам беради.

Мен фаолиятимни сарҳисоби сифатида ижодий ҳисобот топшириб бораман. Яъни,  ўқувчилар йил давомида олаётган билимлари ва иқтидорини намойиш этишлари учун тез-тез ижодий очиқ дарслар ўтаман. Дарсга ҳамкасбларим, ота-оналарни таклиф қиламан.

Бошланғич синф ўқувчилари ўртасида дўстона муносабатни шакллантириш, билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, ота-оналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда бу каби ижодий сарҳисоб тадбирининг роли катта. Чунки ҳамкасбларим, ота-оналар фаолиятимга баҳо беради, таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдиради. Бу албатта, фаолиятимга янада ижодий ёндошишимга ёрдам беради.

Яна бир муҳим жиҳати, ана шу тадбирларда ота-оналар фарзандларига китоблар совға қилишади. Кўпчиликнинг олдида болага "Бу китобни ўқиб дўстларингга сўзлаб берасан" деган топшириқ берилади. Ўқувчи берилган совға - китобни албатта, ўқиб чиқади, энг асосийси китоб ўқишга бўлган   қизиқиши ортади. Масалан, ўқувчим Нигора Толибжоновага онаси Худойберди Тўхтабоев асарини совға қилди. У китобни ўқиб, дўстларига гапириб берди.

Мактабимиз директори Маҳмуджон Астанов бу каби изланиш, дарсларга ижодий ёндошишни доимий қўллаб-қувватлайди, янада самарали ишлашимиз учун зарур барча шароитларни яратиб беради.

Боғимдаги ниҳолларим - ўқувчиларимнинг қувончлари бир олам. Уларнинг аксарияти ўз фикрини эркин айта олади, дарсларни ўзлаштиришлари ҳам яхши. Мухтасар айтганда, ҳар бир ўқитувчи иш жараёнида ўқувчининг қалбига қулоқ тутиши, уларнинг қизиқиши, дунёқараши, фикрлашидан келиб чиқиб дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратиши керак. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин. Айнан илк мактаб ёшида билимга чанқоқ, эркин фикрлайдиган ана шу ўқувчиларимиз келажакда ҳар жиҳатдан етук, юксак салоҳиятли инсонлар бўлиб камол топишларига асло шубҳа йўқ.

 Дурдона МАШРАПОВА,

Жалақудуқ туманидаги 31- умумтаълим мактаби ўқитувчиси. 

 

 

ФАОЛ КИТОБХОН ЁШЛАРГА КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ

Марҳамат туманида "O'zLiDeP кутубхонаси - менинг нигоҳимда" деб номланган акция бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан амалга оширилаётган "O'zLiDeP кутубхоналари" лойиҳаси доирасида Марҳамат туманидаги "Турон" ўқув марказида қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ижодкорлар, таълим муассасалари вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда инсон камолоти ва маънавиятининг юксалишида китобнинг ўрни ва роли, китоб ўқиш ва мутолаа маданиятини юксалтириш, ёшларимизда ёт ғоялар, турли иллатларга қарши маънавий иммунитетни кучайтириш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Китобхонлик маданияти бўйича ўтказилган "Савол-жавоб" викторинасида фаол қатнашган ёшларга бепул китоблар тарқатилди.

 Шунингдек, акция доирасида ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналаридан иборат китоб ярмаркаси ҳамда "Турон" ўқув марказида кутубхона ташкил этилди. Тадбирдан сўнг иштирокчи ва меҳмонлар учун ўқув маркази тасарруфидаги музейга экскурсия уюштирилди.

 

Шаҳло ХУСАНОВА

ОНАМ, ДЕЯ БОШ ЭГИБ ОЁҒИНГНИ ЎПАМАН

Саҳроларда сарғайган гиёҳингни ўпаман,

Одам ато яралган тупроғингни ўпаман.

Сени севмоқ мушкулдир, соғингум ҳар нафасда,

Ширин дардимсан, Ватан, қийноғингни ўпаман.

 

Икки дарё қаърига ғарқ бўлса гар ҳисларим,

Муаззамим, ул икки қароғингни ўпаман.

Яссавию Нақшбанд ҳикматларин олиб ёд,

Машраб бобо, жандаю кулоҳингни ўпаман.

 

Темур бобом севган юрт ҳар қадами мукаррам,

Куброларинг тик тутган байроғингни ўпаман.

Сенда кечмиш шарафли, гоҳо мунгли савдолар,

Бобур кетар чоғдаги титроғингни ўпаман.

 

Бошим осмон, ғурур-ла, сурур-ла олдим қалам,

Онам, дея бош эгиб оёғингни ўпаман.

 

 

Гуллола  ТОFАЕВА

ГЕРМАНИЯЛИК ШИФОКОРЛАР БОЛАЛАРНИ ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗДИ

Андижон шаҳридаги вилоят кўп тармоқли болалар тиббий марказида Германия давлатидан келган тажрибали шифокорлар иштирокида тиббий кўрик тадбирлари бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ҳамда Германиянинг "Friedensdorf International" халқаро ташкилоти ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан, тана таянч ҳаракат тизими, урологик хасталиклар билан оғриган, терида куйишдан қолган асоратлари бўлган 12 ёшгача бўлган 61 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларни даволаш ва саломатликларини тиклаш бўйича мутахассисларимиз, ота-оналар зарур тавсия ва маслаҳатлар олиш имконига эга бўлдилар. Кўрик якунида 3 нафар боланинг Германияга бориб даволанишлари учун хулоса берилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, германиялик шифокорлар билан ҳамкорлик доирасида кейинги икки йил ичида вилоятимиздан мамлакатимизда даволаш имкони бўлмаган 21 нафар бемор бола Германияда даволаниб қайтди.

- Мақсадимиз, болаларининг саломатлигини сақлашга кўмаклашиш, ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни   мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, - дейди "Friedensdorf International" халқаро ташкилотининг мурувват ёрдамлари бўйича координатори Марике Женсен. - Юртингиз, айниқса, тиббиёт соҳасида муайян ютуқларга эришганлигининг гувоҳи бўлдим. Келишув доирасидаги ҳамкорлигимиз ва олиб бораётган ишларимиз ижобий самаралар беришига ишонаман.

Кўрик доирасида шифокорларимиз ва хорижлик мутахассислар ўртасида болалар хасталикларини аниқлаш, самарали даволаш бўйича мулоқотлар бўлиб ўтди, ўзаро тажриба алмашилди.

Хорижлик шифокорлар иштирокида ўтказилган ушбу тиббий кўрикнинг ташкил этилганлигидан, айниқса, ота-оналар беҳад хурсанд бўлди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

БАЛИҚЧИ ТУМАНИДА 4 ТА ЯНГИ НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ ИШГА ТУШДИ

Айни кунда Балиқчи туманида фаолият кўрсатаётган 32 мактабгача таълим муасасасида 4 минг 740 нафар болажон тарбияланмоқда. Умуман, туманда боғча ёшидаги 33,5 фоиз бола мактабгача таълим муассасаларига жалб этилган.

 Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги "2017 - 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш, янги-янги муассасаларни ташкил этиш ва болалар қамровини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

 Мазкур қарор ижроси доиорасида тумандаги Қияли маҳалласида 35 ўринли "Камалак", Оққўрғон маҳалласида 40 ўринли "Билимдонлар дунёси", Ботир маҳалласида 30 ўринли "Болажонлар келажаги", Кўл маҳалласида "Болажон-лолажон" номли нодавлат мактабгача таълим муассасалари ишга туширилди. Замонавий қиёфа эга ушбу муассасаларда болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан билимдон ва баркамол этиб тарбиялаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган.

Ушбу муассасаларнинг ташкил этилиши ҳисобига 30 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Жорий йил давомида туманда яна 28 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси ишга туширилиб, 2130 нафар бола жалб этилади. Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш кўрсаткичи 48,5 фоизга етказилиши белгиланган.

 

Барно ҲАЙДАРОВА

ЎҚУВЧИ ҚИЗЛАР ОТИНОЙИЛАР БИЛАН ДИЛДАН СУҲБАТЛАШДИ

Андижон педагогика коллежида "Қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш - долзарб вазифа" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Президентимизнинг жорий йил 2 февралидаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда коллеж ўқитувчилари, ўқувчи қизлари, вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова, Андижон шаҳар бош отинойиси Шоирахон  Нуралиева иштирок этди.

Давра суҳбатида қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий муносабатларда юзага келадиган зиддият ва муаммоларга оқилона ечим топиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, оилани мустаҳкамлашда  миллий ва диний қадриятларнинг аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.

Тадбир меҳмонлари қизларга ўзбекона одоб-аҳлоқ, кийиниш маданияти, оиланинг муқаддаслиги, оилада келиннинг бурч ва вазифалари, оилавий ҳаётга тайёрланишнинг муҳим жиҳатлари хусусида гапириб, ўзларининг тавсия ва маслаҳатларини  бердилар.

Қизиқарли мулоқот тарзида ўтган давра суҳбат иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.

Учрашув ўқувчи қизларда катта таассурот қолдирди.

 

Дилноза Иминова,

 

 Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.

ҲАРБИЙ ГОРНИЗОНДА АМИР ТЕМУР БЮСТИ ЎРНАТИЛДИ

Андижон шаҳридаги ҳарбий горнизонда буюк бобомиз Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги ҳамда соҳибқирон бюстининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

 Ҳарбий хизматчилар, кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар вакиллари иштирок этган тадбирда миллий армиямизда ўтказилаётган ислоҳотлар, қуролли кучларимиз жанговор салоҳиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, Андижон ҳарбий горнизонида катта ҳажмдаги қурилиш ва бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, горнизон бутунлай янгича қиёфа касб этганлиги таъкидланди.

Горнизонда қад ростлаган Амир Темур бюсти буюк давлат асосчиси, соҳибқирон бобомизнинг муборак номи, бой мероси ва хотирасини улуғлаш, унинг буюк саркарда сифатидаги ҳарбий салоҳиятини намоён этиш билан бирга,  ҳарбий хизматчилар, айниқса, ёшлар қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат, шижоат, миллий ғурур, буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 Тадбир қатнашчилари улуғ бобомиз бюсти пойига гулчамбарлар қўйиб, ҳурмат бажо келтирдилар. Ҳарбий парад барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.

 

Нигора Сайдалиева.

СЕВГИНГИЗ ВА ОИЛАВИЙ ҲАЁТИНГИЗ МУСТАҲКАМ БЎЛИШИНИ ИСТАЙСИЗМИ?

  Руҳий тадқиқот

 (Қизлар учун тавсиялар)

Севги-муҳаббат мавҳум тушунча бўлиб, инсон қалбига аста-секинлик билан ёҳуд бирданига кириб  келадиган руҳий жараён ҳисобланади. Муҳаббат - кишининг севган инсони билан ҳаётга қарашларнинг, қизиқишларнинг, ҳисларнинг умумийлиги ва бутун умрга иттифоқлик бахш этадиган шодлик билан ифодаланади.

Шарқда севгини изҳор этиш кўпроқ миллий урф-одат ва тушунчалар билан болиқ бўлади. Ўзбек аёллари ўзининг ибоси, ҳаёси, самимийлиги, камсуқумлиги билан ажралиб туради. Шу нуқтаи назардан, қуйида қизларимиз ҳаётда ўз жуфтларини топишида нималарга эътибор қилишлари кераклиги хусусида психологлар томонидан тавсия этилган айрим маслаҳатларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Демак:

1. Доимо ҳушмуомала, камгап, самимий ва сабрли бўлинг. Кишини ўзига чорлайдиган ҳусн - тилдан чиқадиган сўзларнинг маъносидир. Ҳаётингиз мобайнида ўзингиздан-да, сўзингиз ёқимли бўлсин. Йигит киши ширин сўзга шайдо бўлади, буни унутманг. Одамлардан, хусусан, ўзингиз ёқтирган кишингиздан ўзингизни устун қўйманг. Ҳеч қачон ота-онангиз мансабини унинг оила аъзолари мансаби билан таққосламанг.

2. Ташқи қиёфанинг гўзаллигига эмас, қалбнинг поклигига эътиборли бўлинг. Қалби гўзал одамгина унга бўлган меҳрни, атрофдаги неъматларни қадрлай олади. Йигитларнинг ижобий хислатларини эмас, балки салбий томонларини ҳам ҳис қилинг, лекин камчиликларини тўридан-тўри юзига солманг! Унинг нуқсонларини оҳисталик билан, шахсига тегмайдиган қилиб тушунтиринг. Жаҳлингизни чиқарадиган савол берганда иродали бўлиб, босиқлик билан жавоб қайтаринг. Аччиқланганингизни сездирманг.

3. Йигит кишига яқинларингизнинг муаммоларини айтиб, ундан ёрдам кутманг. Сизни оқлаб гапирса-да, яқинларингизга нисбатан ҳурмати сўнади. Унинг ўзи ҳақида билишни хоҳлаб ҳадеб саволга тутаверманг. Чунки ҳеч ким ўзида бор қусурларни айтмайди.

4. Эрта тонгда уйонишга одатланинг. Кийинишингиз ва ўзингизнинг озодалигингизга эътиборли бўлинг. Ташқи қиёфангиздан келиб чиқиб, "мен гўзал эмасман" деб ўкинманг. Ички дунёқарашингиз доимо гўзал бўлсин. Муҳаббат ҳусн танламайди. Гарчи Лайли у даражада чиройли бўлмаса-да, қалб гўзаллиги туфайли Мажнуннинг кўзига париваш бўлиб кўринган. Шунингдек, ортиқча тилла тақинчоқлар, ҳаддан ортиқча пардоз, қимматбаҳо арб андозасида тикилган кийимларда юрадиган қизларга харидорлар кўп бўлса-да, аксарият йигитлар Сизни эмас, бойлигингизни севиши мумкин. Буни асло унутманг.

5. Севган кишингиз Сиздаги яширин фазилатларни кўп деб билсин. Сиз эса ҳамиша сирли сандиқдай турсангиз, у Сизга шунчалик интиладики, яширин фазилатларингизнинг ҳаммасини билишга қизиқади. Унинг саволларига ҳамиша камтарона жавоб беришга ҳаракат қилинг.

6. Қиз бола иболи, шарм-ҳаёли ва назокатлилигини ўзининг хатти-ҳаракати, муомаласи, нутқи, фикрлари орқали ифодалаши керак. Ҳамиша ўзининг ор-номусини муҳофаза қилиши лозим. Йигит ва қиз ўртасида албатта, "парда" бўлиши шарт. Сиз яқин бўлишга ҳаракат қилсангиз, у Сиздан қочишга интилади. Агар у Сизни сенсираса, масхара қилиб гапирса ёҳуд рухсатсиз сигарет чекиб, туфлаб ўтирса, билингки, бу унинг маданиятсиз ва дидсизлигидан далолатдир.

7. Сиз унинг нималарга қизиқишини, қандай режалари, мақсадлари борлигини билишга қизиқяпсиз. Буни тўридан-тўри эмас, балки шу мавзуда суҳбатлашганингизда саволлар ёрдамида билишга ҳаракат қилинг. Масалан: "Нима учун?" деб эмас, "Қандай қилиб эришмоқдасиз?" деган савол бериб, унинг мантиқий тафаккурини билиш мумкин.

8. Суҳбатлашаётганингизда атрофдагиларга қараманг.   Машҳур киноюлдузлар, санъаткор йигитлар, уларнинг ютуқлари ҳақида иложи борича гапирманг. Гарчи ўзингизга обрўйингиз ошаётгандай туюлса-да, аслида йигит кишини камситаётган бўласиз. Шундан кейин у ўзини Сиздан олиб қочишга ҳаракат қила бошлайди.

9. Унинг бошқа қизларга эътибор бериши Сизнинг рашкингизни келтириши мумкин. Лекин буни унга сездирманг.    Ўзингизни эътибор қилмагандай кўрсатинг-да, уни жалб қилаётган қизлардаги ижобий хислатларни ўзлаштиришга ҳаракат қилинг.

10. Табиатан аёл киши эркак кишига бўйсунувчан, эркак эса оилада ҳукмрон бўлади. Шу боис, Сиз ҳеч қачон ҳукмронликка интилманг. Уни амалга ошмайдиган шартларни бажаришга мажбур қилманг. Ҳадеб романтик хаёлларга берилманг.

11. Агар йигит Сиз билан суҳбат қилган пайтида баланд ёки паст бўйли, озин ёҳуд тўлароқ, оппоқ ёки қорачадан келган қизларни таҳлил қилишга мо-йиллигини билдирса, билинг-ки, Сизда шу камчиликларнинг бор эканлигига ишорадир.

Агар сиз ўзаро муносабатларда юқоридаги тавсияларга амал қилсангиз, яқин инсонингизда сизга нисбатан меҳр-муҳаббат, ишонч янада ортишига асло шубҳа йўқ. Мободо, Сиз у билан турмуш қурсангиз, унинг юрагидан бошқа аёлга жой   топилмайди.

Дилноза ЖЎРАЕВА,

 

психолог.