Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
«ДИЛДАН СУҲБАТ» ПСИХОЛОГИК МАСЛАҲАТ КУРСИ МАШFУЛОТЛАРИГА ТАШРИФ БУЮРИНГ!
Муҳтарама опа-сингиллар!
Агар Сиз турли руҳий қийин-чиликлар гирдобига тушиб қолган бўлсангиз ёки оилада, яқинларингиз билан муносабатда турли муаммолар сизни қийнаётган бўлса, "Иқбол" газетаси таҳририяти қошида ташкил этилган
«Дилдан суҳбат» Психологик маслаҳат курси машFулотларига ташриф буюринг!
Машғулотлар орқали муаммоларингизга ечим топишингиз мумкин. Сизга малакали психолог мутахассис зарур тавсия ва маслаҳатлар билан ёрдам кўрсатади.
Машғулотлар ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари соат 10.00 ва 14.00 да бўлиб ўтади
Андижон вилояти Онкология диспансерида Наврўз шодиёналари юқори кўтаринкилик билан нишонланди.
Диспансерда меҳнат қилаётган шифокорлар, ҳамширалар, ходимлар иштирок этган байрам тадбирида сўз олган шифохона бош врачи Гулжаҳон Ҳакимова, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Сурайё Зияева барча байрам қатнашчиларини Наврўзи олам билан муборакбод этишди.
Бўлимлар томонидан тузалган баҳорий таомларга тўла байрам дастурхони, намойиш этилган бадиий дастур жамоа аъзоларининг дилларига қувонч ва хуш кайфият улашди.
Наврўз байрами доирасида хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти ҳамда касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан "Баҳор маликаси" кўрик-танлови ташкил этилди. Танловда жамоада меҳнат қилаётган 100 нафарга яқин ҳамшираларнинг энг тажрибали ва илғори бўлган 8 нафар ҳамшира иштирок этиб, ўзларининг қай даражада юксак касбий билим ва маҳоратга эга эканликларини намойиш этдилар.
Осмонга термулиб турган кўзлар милтиллаган энг ёруғ юлдузларни изларди. Табиат тун бағрида. Ой митти юлдузларга алла айтган она сингари ўз меҳрини маъсума нурлари орқали аён қиларди.
Ҳусноранинг юраги энтикиб, ўз онасини кўз олдига келтирди. Унинг меҳрли нигоҳи, иссиқ тафтини эслаб, кўзларидан соғинч ёшлари сизиб чиқди.
Унинг пойтахтга келганига мана уч ой бўлган, бир кун йўқки, онажонини эсламаган бўлса... Лекин у бугун онасини ҳар доимдагидан кўпроқ соғинди. Тўғрироғи, тундаги юлдузларни кўриб, уларга жуда ҳаваси келди.
"Онам ҳозир ёнимда бўлганида, дардимни айтсам, ёрдам берармиди..." деб ўйларди у маҳзун ҳолатда. Отасининг айтган гапларини эса такрор-такрор хаёлидан ўтказарди. У отасининг гапларидан бироз ранжиган бўлса-да, гап қайтариш, рад жавобини айтишга журъати етмаганди. Чунки ота-ота-да!
Эртаси куни Ҳуснора олийгоҳга борар экан, ўша қадрдон мажнунтол тагида кўзларида меҳр билан жилмайиб турган Сардорни кўриб, доимгидек қувона олмади. Fамгин нигоҳда жилмайиб қўйди, холос.
Сардор Ҳуснорага уни ёқтиришини такрор-такрор айтар, ундан ҳам ўз навбатида бу гапига қувончли жавоб олишни хоҳларди. Ҳусноранинг бу галги ғамгин нигоҳини кўрган Сардор, унинг кўнглини олишга ҳаракат қилди. Аммо қизнинг юрагига қил ҳам сиғмас, отасининг сўзларини ёддан чиқаролмас эди. Ўртадаги соф, самимийлик суви билан йўғрилган муҳаббати нураб бораётганидан қалби изтироб алангасида ёнар эди. Қалбида нозик туйғу, Сардорнинг қувноқ чеҳраси, меҳрли нигоҳлари уни асира қилиб олган, юрагида гўзал ишқ ғунчаси барқ урарди.
Кун ўтган сайин отаси айтган кун келиши уни қўрқувга соларди. Ниҳоят, ўша, ўзининг бўлғуси қайлиғи билан учрашадиган кун келди. Учрашувга чиқишни хоҳламасди. Аммо отасининг: "Қизим, фақат мен айтган йигитга турмушга чиқасан, розилик бериб бўлганмиз, уларнинг оиласи қишлоқда ҳурматга эга" деган сўзлари қатъий оҳангда айтилган эди. Отаси Ҳусноранинг қалбида нима бор, бунга қизиқмасди ҳам.
Қизнинг қалби шу кундан исён кўтара бошлади, аммо отасининг охирги сўзи: "Онанг вафотидан сўнг сени ҳам отанг, ҳам онанг бўлиб вояга етказдим. Гапимни икки қилсанг, мени ранжитган бўласан", дегани унга қаттиқ таъсир қилганди. У осмондаги энг ёруғ юлдузда онасининг меҳр нурини кўргандек, кечалари унга тикилиб, бироз таскин топарди.
Сардор Ҳуснорани тушунолмас, қиз эса юрагидаги дардини ошкор қилолмас эди. Бу ҳолдан қийналган Ҳуснора Сардорга хат-хабар ҳам қолдирмай олийгоҳни ташлаб, қишлоғига қайтди. Отаси қизи қайтиши билан тўй кунини тезлатиб, уни турмушга узатди. Аммо Ҳусноранинг юрагидаги дард фақатгина ўзига аён эди. Қачонки, бирон жойда мажнунтол дарахтини кўрса, ўша меҳрли нигоҳни, нурли чеҳрани эслайверарди. Тунда эса ўша ёруғ юлдузга дилидаги дардларини унсиз сўзларди.
...Орадан бир йил ўтгач, оилада ўғил фарзанд туғилди. Бу митти вужудга Сардор деб исм қўйдилар. Жажжи Сардорнинг юзларида жилваланган нур эса Ҳуснорага оналик бахтини ҳамда тақдирга шукроналик ҳиссини ҳам инъом этганди...
Бу воқеага анча йиллар бўлди. Лекин ҳанузгача ёдимдан чиқаролмайман. 1998 йилнинг ёз ойларида фарғоналик дўстларимиз бизни Фарғона вилоятида жойлашган Ҳайдаркон тоғ тизмаларига дам олишга таклиф этишди. Биз шанба куни тушликдан сўнг керакли анжомлар, озиқ-овқат захирасини олиб, иккита автомашинада саккиз киши тоққа қараб йўл олдик.
Тун. Борлиқ қоронғулик қўйнида. Ён атрофда ҳеч нарса кўринмасада, тоғдан тушаётган жилға овози, турфа гиёҳларнинг хушбўй ҳиди табиатнинг гўзаллиги ҳақида тасаввурга эга бўлишимизга етарли эди. Енгилгина кечки овқатдан сўнг, кимдир автомашинада, кимдир ирмоқ бўйида, олиб келинган кўрпачаларни тўшаб уйқуга кетди.
Тонг отди. Тоғ манзараси эрта тонгда биз тасаввур қилгандан ўн чандон гўзалроқ эканлигига амин бўлдик. Айниқса, ғарб томондаги баҳайбат тоғнинг ўрта қисми оппоқ булут билан ўралган, юқори қисми эса қор билан қопланган, тоғ этагида қўй-қўзи-ю, моллар ўтлаб юрар эди. Булутлар худди қўл чўзсанг етгудек яқин туюларди.
Мезбонлардан бири бир чақирим юқорида жойлашган чўпон ўтовидан янги қаймоқ, қатиқ олиб келишга ҳам улгурибди. Нонуштадан сўнг йўл нотекис бўлганлиги учун машинани шу ерда қолдириб, ўтов томонга қараб йўл олдик. Чўпоннинг ити ҳуриб, келганимиздан хабар берди. Бизга пешвоз чиққан чўпон ўтовга чойга таклиф қилди.
Суҳбат давомида унинг ҳар йили юз, икки юз бош қорамолларни шу жойга олиб келишини, бу юмушда унга онаси, турмуш ўртоғи ёрдам беришини, мол боқиб олган хизмат ҳақидан ташқари, соғин сигирлар сути, қатиғи, қаймоғидан даромад кўришини билиб олдик.
- Ўзим Шаҳрихондаги билим юртида ўқиганман. Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида груҳдош дўстларим кўп, - дея сўзини давом эттирди Қурбон ака. - Шаҳрихон чойхоналарида еган ошимнинг таъмини бошқа бирон жойда туйганим йўқ, - эътироф этди мезбон.
Мен ўзимни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдим.
- Бирор кор-ҳол бўлиб, моллардан биронтаси нобуд бўлса, эгасига товон пули тўлайсизми?
- Ҳа, албатта, бу ерларда моллар касал бўлмайди. Фақат тоғдан "учиши" мумкин. "Учган" молнинг терисини эгасига кўрсатмагунимча товон пулидан қутулмайман.
- Молларингизни бирортаси шу ерда туғса, бузоғи кимники бўлади?
- Ҳар куни бир хил иш, бир хил ҳаётдан зерикмайсизми? Бу ерда эсда қоларли воқеалар ҳам бўладими?
Шу пайт чўпон худди бир қизиқ воқеа эсига тушгандек, бир нуқтага узоқ термулиб қолди. Мен ҳам унинг гапиришини кутдим.
- Бу воқеа адашмасам, тўрт йил аввал бўлди. Молларнинг бири бўғоз, бир-икки ҳафта ичида туғиши керак эди. Мен ундан хавотир олиб, иложи борича ўтовдан узоқлашмасликка ҳаракат қилардим. Аксига олиб, ўша куни молни йўқотиб қўйдим. Орадан беш кун ўтгач, сигир ирғишлаб юрган бузоғини етаклаб келиб қолди.
Мен сигир ва "меҳмон" бузоқчани кўришга қизиқиб, яқинлашдим. Ўртамизда юз метрдан яқинроқ масофа бор эди. Бузоқча бир нимадан чўчигандай ортига бурилди-ю, ўзини тоғ арчалари орасига урди. Уни топиш мақсадида қилган икки соатлик меҳнатим зое кетди. Сигирни ўтовга яқин жойга олиб келиб, қозиққа боғлаб қўйдим. Кун бўйи кутишимга қарамай бузоқча онаси ёнига келмади. Мен дурбин ёрдамида қараб, уни арчазорлар орасида бизга қараб турганини кўрдим. Тағин очликдан ўлиб қолмасин, деб онасини бўшатиб юбордим.
Кунлар ўтган сари бузоқни ушлаш умиди аста-секин сўна бошлади. Вақтлар ўтган сари "тоғлик бузоқ" катта бўла бошлади. Аммо бизга бош бермади.
Кузнинг изғирин шамоллари эса бошлагач, биз ўтовни йиғиштириб, юкларимизни от ва эшакларга ортиб, йўлга тушдик. Молларни ҳайдаб келаяпману, кўзим ортимда. Бузоқ бизни тахминан олти километрча масофага уч юз, тўрт юз метр орқада кузатиб келди. Кейин ортига бурилди-ю, шаҳд билан юқорига чопиб кетди.
Подани ҳайдаб қишлоққа келгач, бўлиб ўтган воқеани сигирнинг эгасига сўзлаб бердим. У қизиқиб тинглагач: "нима ҳам қилардик, насиб қилмабди-да", - деб қўйди.
Ўша йили қиш қаттиқ келди. Тоғдаги бўрилар емиш излаб, ҳатто қишлоқ хонадонлардаги қўйларни бўғизлаб кета бошлади. Мен тоғда қолиб кетган бузоқчани ўйлардим.
Ўлмаган қул баҳорга ҳам етиб келдик. Яна молларни ҳайдаб яйловга қайтдик.
Бир куни қизиқ бўлди. Ташқи кўринишидан кийикни эслатувчи бир бузоқ ўтлаб юрган молларни бир-бир ҳидлар, моллар эса бегонасираб ундан ўзларини олиб қочиб, безовталанарди. Мен шошилгача дурбинни олиб, унга қарадим.
Ҳа, бу ўша бизга тутқич бермаган "тоғлик бузоқча" эди. У ҳидлай-ҳидлай охири онасини топди. Она-бола узоқ ҳидлашиб туришди. Шу-шу "тоғлик бузоқ" онаси ёнида ўтлай бошлади. Узоқдан шарпамни сезиши билан яна кўздан ғойиб бўларди.
Орадан йигирма кунча ўтиб, қишлоққа келдим. Сигир эгасининг хонадонига бориб, унга бузоқча пайдо бўлиб қолганини айтдим. Сўзимни тинглагач, у мен билан тоққа боришга отланди.
Ўтовга келгач, дурбинни олдикда, "тоғлик бузоқ" ни кўришга ошиқдик.
Бузоқни кузатар экан, ҳамроҳим: "Қурбон ака, яхши семирибди, бу мол икки юз килога яқин гўшт қилади", - деди қувончдан кўзи чақнаб. Ичимда нимадир шиғ этди.
Кечга яқин унинг таклифи билан сигирни ўтовдан тўрт юз метр узоқликдаги ялангликка боғладик. Шамолга қарама-қарши томонга юриб катта ҳарсанг тош ортидан ўзимизга жой ҳозирладик.
- Балки келаси йили отарсиз. Гўшти ҳам кўпроқ бўларди, - дедим. У кўнмади. Шу пайт бузоқни тоғдан тушмаслигини ич-ичимдан хоҳлардим.
Орадан уч соат ўтгач, боғланган сигир тоғ томонга қараб, думини асабий силкита бошлади. Бу билан у ўзига қараб келаётган бузоққа "болам, келма, сени фалокат кутмоқда", демоқчидек эди.
Арчазор ичидан чиқиб келган бузоқ онасини орқасидан эргаштирмоқчи бўлиб, ўн қадамча юрди. Аммо онаси уни орқасидан боролмас, боғловда эди. Бузоқ яна ортига қайтди. Қўққисдан отилган ўқдан ҳатто сукунат ҳам чўчигандай бўлди.
"Қурбон ака, тегди!" Бу ҳамроҳимнинг ғолибона овози эди. Бузоқ чуқур-чуқур нафас олар, бошини кўтара олмай, кўзларини олайтирганча бизга қарашга ҳаракат қиларди. Ниҳоят, ҳамроҳим пичоқ билан бузоқни ҳалоллади...
Эртаси куни тонгда у бизга "тоғлик бузоқ"нинг калла-почалари, бир неча килограмм гўшт қолдириб, қишлоққа тушиб кетди.
Ҳамроҳим қувончдан, мен эса карахт бўлиб қолганимдан сигир арқонини ечиш хаёлдан кўтарилибди. Сигир томонга йўл олдим. Арқонни ечаяпману, гўё унинг боласини ўзим отиб ўлдиргандек, кўзларимни олиб қочардим. Сигирнинг елкасини силаб, унсиз узр сўрадим. Шохидан ечган арқонни елкамга ташлаб, ортимга ҳам қарамай, ўтов томон тушиб кетдим.
Орадан уч кун ўтди. Сигир ўрнидан жилмас, ўт емас, сув ҳам ичмасди. Ҳаттоки ётмасди. Бир жойда турганча ёнига борган одам ёки молларга эътибор ҳам бермасди.
Ўтовдан чиққан ўғлимга мол эгасини зудлик билан чақириб келишини тайинлаб, қишлоққа жўнатдим. Ўша куниёқ молнинг эгаси ўтовга етиб келди. Касал молни қишлоққа ҳайдаб кетмоқчи бўлди. Лекин сигир унинг ҳайдашига ҳам, қамчи босишига ҳам эътибор бермасди. Фақат ҳар замонда майсалар устида қотиб қолган боласининг қон доғларини ҳидлар ва ожизгина маърарди. Кечга бориб, сигир жон таслим қилди. Унинг кўзлари катта-катта очиқ, баланд тоғлар томонга қараб кимнидир, ниманидир кутаётгандек қотиб қолган эди.
Мусиқа - инсон ички дунёсининг ҳиссиётли томонлари билан бирга маънавий оламини бутунлигича ифода этиб, унинг ақлий ва ирода қудратини, яхлит қиёфасини ярата олади. У киши руҳий тизим хусусиятларини ифодалаш, миллий руҳ ҳолатларини вужудга келтириш имкониятига ҳам эга.
Буюк бастакорлар ижодида у ёки бу халққа хос бўлган руҳий хусусиятлар, туйғу ҳолатлари ва воқеликни ифодалашнинг ўзига хослиги яққол кўринади.
Миллий руҳ хусусиятларини акс эттириш жараёнида халқ мусиқий ижоди катта ўрин тутади. Буюк рус физиологи И. П. Павлов таълимотига кўра, инсон кечираётган турли ҳис-туйғулар бош мия ярим шарлари пўстлоқ қисмининг фаолияти асосида юзага келади.
Атроф-муҳитнинг инсон организмига доимий таъсири ва организмнинг бу таъсирларга қонуний жавоб реакцияси натижасида аста-секин маълум бир муносабатлар тизими вужудга келади. Бу киши ҳиссиётларнинг физиологик ва психологик табиатини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Ёшлар, айниқса, ўқувчиларида эстетик ҳиссиётни шакллантириш ҳақида фикр юритганда, эътиборни аввало, икки муҳим масалага қаратиш керак. Яъни:
- ўқувчиларда эстетик ҳиссиётнинг пайдо бўлиши учун объектив шарт-шароитлар мавжудми?
Психология фанидан маълумки, воқелик таъсири остида пайдо бўладиган сезги ва идрок ҳиссиётнинг асосий манбаидир. Болаларда бош мия ва сезги органларининг тараққиёти етарли даражада юксак бўлмаганлиги туфайли уларда сезувчанлик бирмунча таъсирли бўлади.
Мусиқани тўла-тўкис идрок этиш учун диққат, хотира ва мусиқий тафаккур зарур ва муҳимдир. Ана шундагина инсоннинг тасаввури ёрдамга келади ва эстетик ҳиссиёт шаклланади. Айтилганлардан кўриниб турибдики, мусиқий асарни тўлиқ идрок этиш учун инсон психикасининг фаолияти хилма-хил бўлмоғи лозим. Мусиқий-назарий билимларни ўзлаштиришдан мақсад, ўқувчиларнинг мусиқий асарнинг лад, ўлчов, суръат, регистрини айтиб беришлари эмас, балки мусиқанинг юқоридаги ифода воситалари орқали уларда шахсга хос хусусиятларни: ижодий қобилият, эркин фикрлаш, хотира, тасаввур, фаоллик, ташаббускорликни шакллантиришдир.
Ўзбек халқи асрлар давомида қувонч, ғам-алам, армон каби ўй-кечинмалари ва ҳис-туйғуларини куй ва қўшиқлар орқали ифодалаб келган. Халқимизнинг маънавий бойлигини қўшиқ ва куйларида, унга бўлган ҳурмат ва муносабатда кўриш мумкин.
Мусиқий таълим-тарбияни муваффақиятли амалга ошириш учун унинг психологик асосларини ўрганиш муҳимдир. Бугун ҳаётимизда мусиқа ҳар бир хонадонга кириб борган. Мусиқа мусаввирлик ва ҳайкалтарошликдан фарқли тарзда дунё ҳақида тасаввурлар эмас, балки туйғулар ва кайфиятлар ҳосил қилади. Мусиқада туйғулар ҳаётий туйғуларнинг айнан ўзи бўлмай, улар танлаб олинган, тасодифий лаҳзалардан тозаланган, муайян орзулар нуқтаи назардан англанган бўлади. Мусиқа инсон ҳиссиётлари ҳолатининг барча ранго-ранг товланишларини акс эттиришга қодир. У туйғулар, нозик кечинмалар ва кайфият ҳолатларини ҳам ифода эта олади. Мусиқа вақт мезонига амал қилиб, кечинмаларнинг ўзгартириб туриши, авжланиш ва пасайиш жараёнларини қамраб олади.
Ёшлар бирор бир мусиқий асарни тинглар эканлар, унинг турфа овозлари, ифода воситалари, характер ва кайфиятини фарқлашни, эшитган мусиқий асарнинг қайси жанрга мансублигини, мумтоз, эстрада ёки бошқа мусиқий оҳангларни бир-биридан фарқлай олишни ҳиссий-эмоционал жиҳатдан идрок эта борадилар, бошқача қилиб айтганда, уларда мусиқий дид шаклланади.
Мусиқий дид, мусиқий дунёқарашнинг шаклланишида дарсдан ташқари ва мактабдан ташқари ишларнинг қай даражада йўлга қўйилганлиги, ўқувчиларнинг яшаш шароитлари, оиладаги муҳит ва оиланинг мусиқага муносабати, ота-оналар, оиланинг бошқа аъзоларини мусиқага бўлган муносабатлари ҳам муҳимдир. Шундай экан, азиз ота-оналар, фарзандларимизни мусиқий билимларини бойитишларига кўмак берайлик. Зеро, миллий куй-оҳангларимиз фақат эзгуликка хизмат қилади.
Бугун инсоният тараққиёт шиддат билан ривожланиб бораётганлигининг нафақат гувоҳига, балки жаҳон маданияти, илм-фан ва техникасининг ривожланиб, тараққий этиб боришидек мураккаб ва узлуксиз жараёнларнинг бевосита иштирокчисига айланмоқда.
Қайд этиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонуни ҳамда "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури"ни амалга ошириш доирасида чет тилларни ўқитишнинг комплекс тизими яратилган. Яъни, бу ҳар жиҳатдан камол топган, ўқимишли, замонавий фикрловчи ёш авлодни тарбиялаш, мамлакатимизни жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувига йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида 51,7 минг нафардан зиёд чет тиллари бўйича ўқитувчи-мутахассислар, шунингдек, умумтаълим мактабларининг 5 - 9 синфлари учун инглиз, немис ва француз тилларини пухта ўқитиш бўйича мультимедиа дарсликлар, бошланғич синфларда инглиз тилини ўрганиш бўйича электрон ресурслар тайёрланди, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда 5 мингдан кўпроқ лингафон кабинетлар жиҳозланди. Шундай бўлса-да, кейинги йилларда чет тилларни ўқитиш, ўргатиш борасидаги ишларни ташкил қилишнинг амалдаги тизимини таҳлил этиш шуни кўрсатдики, бу борадаги таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар бугунги кун талабига, хусусан, илғор ахборот ва медиа-технологиялардан фойдаланиш борасидаги талабга тўлақонли жавоб бермас эди. Таълим асосан, анъанавий усулларда олиб борилар, таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни узлуксиз ўрганишни ташкил қилиш, шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда замонавий ўқув-услубий материаллар билан таъминлашни янада такомиллаштиришни тақозо этарди. Ана шундай келиб чиқиб, сўнгги йилларда бу борада юртимизда қатор амалий ишлар олиб борилмоқда ва бу ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.
Жумладан, чет тилларни ўқитишда замонавий педагогик усуллар ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни, ўқитишнинг илғор услубларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни чет тилларни пухта ўрганишлари, ана шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассислар тайёрлаш тизимини янада юқори босқичга кўтариш, ёшларимизнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиб беришдир.
Бир хонадонга меҳмонга бордик. У оила кўп қаватли уйлардан бирида яшар эди. Меҳмондорчилик айни қизиган пайтда балкон тарафдан онанинг дарғазаб овози эшитилди:
- Башаранг қурғур, бузиб ташла дедим!
- Йўқ. Йўқ дедимми, йўқ! - бу боланинг овози эди.
- Уйга пат-хаслари учиб кираяпти, бузиб ташла!
Ҳайрон бўлдик. Мен аста она-боланинг олдига чиқдим.
- Нима гап?
- Кўрмайсизми, дераза ортидаги сим тўрга мусича ўлгур ин қуриб олибди. Манави бўлса, уни пойлагани-пойлаган.
- Ахир мушук еб кетиши мумкин болаларини, ая. - Етти-саккиз ёшлардаги боланинг кўзларида ёш айланарди. Тухум босиб ётган она мусича ҳам унга мўлтиллаб қараб турарди.
- Э, еса еб кетавермайдими!
- Қўйинг, бола тўғри айтаяпти. Полапонини очиб чиқсин, учирма қилсин, кейин бузиб ташлайверасиз. Болангизнинг жониворга раҳми келаяпти, ахир, - дугонамни ҳовуридан туширишга уриндим.
Йўқ, унга тушунтириб бўлмади. Жавраганича ўз ишига андармон бўлиб кетди. Бола эса ҳамон мусичага термулиб ўтирарди…
Унинг шу ҳолатини анча вақтгача унутолмадим. Қалбида меҳрибонлик, раҳм-шавқат уруғлари эндигина ниш уриб чиқаётган гўдакни онанинг дарғазаблиги тошбағир инсонга айлантириб қўймасайди, деган хавотир ўтди дилимдан.
Аёлнинг ҳаракатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Чунки у ўғлининг мурғак онгидаги тўғри тасаввурни, яъни, барча жонзотларга меҳр бериш кераклиги ҳақидаги тушунчани қоралади. Ахир биз катталар болаларга раҳмдилликни, меҳр-шафқат ва бошқа эзгу туйғуларни ўргатмасак ким ўргатади?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда аҳолининг турли қатламлари, айниқса, имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар бутун халқимизни қувонтирмоқда. "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак" тамойили асосида олиб борилаётган бу каби хайрли ишлар барча катта-кичик идоралар раҳбарларини янада фаол ишлашга чақирмоқда.
Она Ватанимизда юз бераётган ҳар қандай ўзгариш бизни бефарқ қолдирмайди. Хусусан, жамиятимиз ривожи, маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда имом-хатиблар, отинойилар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Буюк аждодларимиз яшаб ўтган бу кўҳна замин неча минг йиллар мобайнида не-не улуғ зотларга бешик бўлиб келмоқда. Шу жаннатмакон юртимизнинг ободлиги, унинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшиш, юртдошларимизнинг ҳолидан хабар олиш, муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш исломни таниган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи аслида. Халқнинг кайфиятини, дардини биз - отин-ойилар бошқалардан кўра яхшироқ билишимиз лозим. Чунки биз аҳолининг кўплаб издиҳомларида, тўю маъракаларида бўламиз. Турли одамлар билан гаплашамиз.
Мени бир нарса ўйлантиради. Одамлар эҳсонни етим-есирлар, муҳтож кишилар, кам таъминланган оилаларга қилиш ўрнига, маҳалланинг бой одамларини, дин пешволарини чақириб, олдига тўкин дастурхон ёзишиб, сарполар инъом этишади. Қайта-қайта айтилса-да, нима учун шу оддий ҳақиқатга амал қилмаймиз. Хўп, одамлар буни тушунмас, лекин кўпни кўрган ҳар жиҳатдан бекаму кўст умргузаронлик қилаётган отахон-онахонлар: "Эй биродар бундай қилманг, эҳсонга бизни эмас, муҳтож кишиларни чақиринг" деб баралла айтишларини камдан-кам кўрамиз.
Ҳадису шарифларда ҳам ўзига тўқ кишиларга эҳсонлар қилишдай ҳаракатлар қораланади. "Дастурхоннинг очлар қолиб тўқлар учун ёзилганидир. Кийимларнинг ёмони муҳтожлар қолиб, бойларга берилган сарподир" каби шарқона тарбияга хос тушунчалар қадим-қадимдан динимизда, халқимизнинг одоб-аҳлоқ, тарбия мезонларида ўз аксини топиб келади. Нима учун бугун уларга амал қилмаяпмиз?
Отинойи сифатида кўпдан бери бир ташаббусни бошлашни дилимга тугиб юргандим. "Бир имомга бир ногирон", "Бир отинойига бир муҳтож" шиори остида дин пешволари ногирон кишиси бор ёки эҳтиёжманд оила ҳолидан мунтазам хабар олишни йўлга қўйса, айни муддо бўларди. Шунингдек, халқнинг эҳсону маъракаларига ҳам муҳтож ёки ногирон кишиларни бирга олиб борса, шу инсоннинг ҳам кўнгли кўтарилар эди. Ахир кўнгли ярим инсонни хурсанд қилиш ёки бирор бемор ҳолидан хабар олишнинг савоби Каъбани обод қилишга тенглаштирилгани муқаддас манбаларимизда ҳам ёзилган. Бу Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан биз дин аҳллари олдига қўйилаётган вазифа ҳамдир. Биз бундай хайрли ишларни ихлос билан, виждон амрига қулоқ тутиб бажарсак, беҳисоб ажру савобга эга бўламиз. Қолаверса, жамиятимиздаги турли иллатларнинг барҳам топишига ёрдам беради, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, ришталари мустаҳкамланади, кўнгли ўксикларга кўмак беришдек хайрли ишлар кўлами янада кенгаяди.
ТУМАН ВА ШАҲАРЛАРДА ЯНГИ КИТОБ ДЎКОНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Мамлакатимизда китоб савдосини ташкил этиш, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда унинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан секторлар доирасида китоб дўконларини ташкил этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, айни кунга қадар 17 китоб дўкони ташкил этилиб, турли китоблар савдоси йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Қўрғонтепа туманида икки нафар тадбиркорга китоб дўкони қуриш учун ер майдони ажратилишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Туман ва шаҳарларда ташкил этилган китоб дўконларида 5 мингдан зиёд турли йўналиш ва мавзулардаги китоблар сотилмоқда. Янги китоб дўконлари фаолияти йўлга қўйилиши билан 17 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.
- Вилоят ички ишлар бош-қармаси ташаббуси билан Асака туманида "Бир китобхонга бешта янги китоб" шиори остида акция ўтказилди, - дейди Асака туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Содиқжон Усмонов. - Акция давомида туман ички ишлар бўлими томонидан умумтаълим мактаблари ахборот-ресурс марказлари ҳамда янги ташкил этилган китоб дўконига ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари саналган, шунингдек, болажонлар учун эртак китоблар, услубий қўлланмалар тақдим этилди.
Аҳоли, айниқса, ёшларнинг китоб ўқиш ва мутолаасига бўлган қизиқишини оширишга қаратилган бу каби ибратли ишлар вилоят ички ишлар тизими ходимлари томонидан изчил давом эттирилиши белгилаб олинди.
Куни кеча Тошкент шаҳрида республика ёш ўқувчи қизлар саммити бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида республика Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчи қизлари ўртасида ўтказилган республика ўқувчи ёшлар саммитида вилоятимиз ўқувчи қизлари ҳам фаол иштирок этди.
Саммитда вилоятимиздаги турли умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 16 нафар иқтидорли қизлар иштирок этиб, улар томонидан тақдим этилган лойиҳалар 4 та диплом, 16 та сертификат билан тақдирланди.
"Ахборот технологиялари", "Медиажурналистика", "Тадбиркорлик ва иқтисод", "Инновацион менежмент", "Таълимга оид ижтимоий лойиҳа", "Санъат ва ижод" йўналишлари бўйича 1078 нафар ўқувчи қизнинг анкеталари саммитни ўтказиш ташкилий қўмитасига тақдим этилди. Ана шу қизларнинг анкета ва лойиҳалари кўриб чиқилиб, уларнинг 125 нафари вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Саммитнинг Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган вилоят босқичида 16 нафар энг иқтидорли қизлар ғолиб деб топилиб, республика саммитида қатнашиш йўлланмасини олган эди. Улар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган республика саммитида фаол иштирок этиб, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Якунда юқорида таъкидланганидек, 4 йўналиш бўйича диплом ҳамда 16 сертификат соҳиби бўлдилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоятимиз умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган қизларнинг барчаси таълим муассасаларида ташкил этилган "қизларжон" клубларига жалб этилган. Таълим жараёни, қолаверса, "Қизларжон" клуби машғулотларида иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Бу эса ўқувчи қизларимизнинг муваффақиятларига замин яратмоқда.
Шаҳло НИШОНОВА,
вилоят халқ таълими бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.