+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Аёл бахтли бўлса, оила, жамият мустаҳкам бўлади

аёлларга эҳтиром

Мамлакатимизда халқимизнинг асрий анъаналарини ҳисобга олиб, "Аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади" деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғоя жамиятда чуқурроқ англаб етилишига ва қарор топишига йўналтирилган кенг чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги ўрнини ошириш, турмуш шароитларини яхшилаш борасида катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Миллат давомчилари бўлмиш аёлларга бўлган юксак эҳтиром ҳеч бир давлатда Ўзбекистондагидек юқори бўлмаса керак?

Оналарнинг улуғлиги таърифида Жалолиддин Румий ҳазратлари шундай деган эди: "Оналар ҳаққига диққатли бўл, уни бошингга кўтар. Зеро, оналар тўлғоқ машаққатини чекишни бўйинларига олмаганларида чақалоқлар дунёга келишга йўл тополмас эдилар". Аёл  наслни давом эттирувчи зот сифатида ҳам эъзозли. Бир митти вужудга жон бағишлаб, уни дунёга келтириб, не машаққатлар билан парваришлаб вояга етказаётган онанинг меҳнатидан ҳам ортиқ заҳмат борми? Шу боис, ҳар бир тирик жон ёруғ оламга келишдек буюк саодатни бахш этган аёл зотига таъзим қилиб яшайди.

Оиладаги соғлом муҳит ҳам аввало, аёлга боғлиқ. Чунки, хонадонни чароғон қилиб, болалар қалбига меҳр бериб турадиган қуёш - бу онадир. Аёлларнинг келажак ворисларимизни тарбиялашдаги масъулияти эса янада залворлидир.  Шуниси аёнки, оиладаги тотувлик, барқарорлик бутун жамият ривожи ҳамда турмуш фаровонлигига туртки беради. Буларнинг ҳаммаси онадан бошланади.

Халқимиз бежиз "Аёл киши бир қўли билан бешикни тебратади, иккинчиси билан дунёни тебратади" деб айтмаган. Ҳақиқатдан ҳам ушбу таъриф  ўзбек аёлларига берилган ҳақиқий таърифдир.  Оналаримиз фарзандларини боқиш, тарбиялаш билан бирга, уй юмушларни бажариб, рўзғорга фойда бўлсин деб дўппи, белбоғ, тўн тикканлар, далада ишлаганлар, қўлидан келганча  меҳнат қилганлар. Бугунги аёлларимиз ҳам  замон билан ҳамнафас, ўз фаолликлари билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. 

Сайёра АБДУРАҲМОНОВА,

Андижон педагогика коллежи

хотин-қизлар қўмитаси  бошланғич ташкилоти қошидаги

 

"Аёл ва саломатлик" уюшмаси раиси.

Илғор тажрибалар кенг оммалаштирилади

Вилоятимизда "Бошланғич партия ташкилоти - асосий таянч" мавзусида республика амалий семинари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши ҳамда вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган семинарда бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, намунали иш юритаётган бошланғич ташкилотларни доимий рағбатлантириб бориш, аъзолар сонини кўпайтириш сингари қатор масалалар хусусида фикр алмашилди.

- Айни кунда партия вилоят кенгашининг 870 та бошланғич ташкилоти сафига 36 минг нафардан зиёд аъзо бирлашган, уларнинг 18 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади, - дейди Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси А. Нурматов. - Партия аъзолари, айниқса, бошланғич ташкилотларимиз жойлардаги мавжуд муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиш ва уларни ҳал этиш борасида самарали натижаларга эришмоқда. Ўтказилаётган тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам бошланғич ташкилотларнинг илғор тажрибаларини кенг оммалаштиришга қаратилган.

Тадбир иштирокчилари Қўрғонтепа тиббиёт диагностика ҳамда Қорасув шаҳар давлат санитария эпидемология назорат марказлари, Асака шаҳрида жойлашган "GM Ўзбекистон" корхонасидаги партия бошланғич ташкилотлари фаолияти билан танишдилар, ўзаро тажриба алмашилди. Андижон вилоятидаги бошланғич партия ташкилотларининг илғор иш тажрибаларини  республика миқёсида оммалаштиришга келишиб олинди.

Семинар доирасида партия марказий кенгаши томонидан илк бор намунавий тарзда ўтказилаётган "Ўзбекистон халқ демократик партиясининг энг намунали бошланғич ташкилоти" танлови ҳам бўлиб ўтди. Унда туман ва шаҳарлардаги энг намунали 17 бошланғич ташкилот иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, Хонобод шаҳридаги Кампирровот маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ўзбекистон ХДП    бошланғич ташкилоти 1-ўринни эгаллади.

Танловда Қорасув шаҳар давлат санитария эпидемология назорат маркази ҳамда Марҳамат туманидаги Ўқчи пахта тозалаш заводидаги партиянинг бошланғич ташкилотлари иккинчи ва учинчи ўринларга сазовор бўлди.

Танлов ғолиб ва совриндорлари партия вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Она диёрим

Она ер, она тупроқ, она диёрим,

Муқаддасдир менга, азиздир номинг.

Ўзинг топганимсан, ўзингсан борим,

Дунёга таратай шуҳратинг, шонинг.

 

Она ер, она тупроқ, она диёрим,

Жону таним менинг, Ўзбекистоним.

Ўзинг дардга малҳам, ўзинг мадорим,

Аллоҳ инъом этган ҳур гулистоним.

 

Она ер, она тупроқ, она диёрим,

Боғларинг, тоғларинг гўзалдир жуда,

Улкан имкон берган жаннатмаконим,

Мендан бахтли боланг йўқ дунёда.

 

Она ер, она тупроқ, она диёрим,

Сени улуғлайман ҳар бир сўзимда.

Сен ўзинг, ғурурим, сендирсан орим,

Сени асрагайман кўзим қароғида.

Иброҳим МИРЗАЛИЕВ,

 

Марҳамат тумани.

Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди

Вилоятимизнинг қатор туманларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари А.Усмонов оммавий қабуллар ўтказди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтказилаётган сайёр қабуллар, аҳоли вакиллари билан мулоқотлар одамларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, турли даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларнинг аҳоли вакиллари билан мулоқотлари одамларнинг орзу-истаклари, талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларга имкон қадар кўмак бериш, мавжуд муаммоларни ўз жойида ечимини топишга имкон бермоқда. Буни вилоятимиз туманларида ўтказилган сайёр қабуллар мисолида ҳам кўриш мумкин. 

Избоскан туманидаги 5-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида Избоскан, Пахтаобод, Олтинкўл, Андижон туманларида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ҳамда жойлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар билан бевосита мулоқот орқали ўтказилган сайёр қабулда қатор вазирликлар вакиллари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, туманлар ҳокимлари, давлат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.

Сайёр қабулда соҳа ва йўналишлар бўйича алоҳида хоналар ташкил этилиб, мурожаат қилувчи ҳар бир фуқаронинг арзи, фикри тингланди, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳокимлар, масалага даҳлдор бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида зарур чоралар кўрилди. Натижада саломатликни тиклаш, ер ажратиш, бандлик, коммунал тўловлар, алимент ундириш билан боғлиқ аксарият масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилиб, мурожаат қилувчи фуқароларнинг талаби қондирилди. Маълум вақт, атрофлича ўрганишни тақазо этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар, мурожаат қилувчига зарур тушунча ва тавсиялар берилди.

- Андижон тумани Ўрикзор маҳалласида намунали лойиҳа асосида 2016 йилда қурилган уйлардан бирида яшайман, - дейди Нодирахон Бакирова. - Кўчамизда алоҳида ичимлик суви линияси тортилмаган. Икки йилдан буён ичимлик суви муаммоси бизни қийнаб келади. Қурилиш ташкилотига, сувоқова идорасига жуда кўп мурожаат қилдик. Лекин масала ҳал бўлмади. Бугунги қабулда ушбу муаммо юзасидан ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мутасаддилар яқин кунларда муаммони ижобий ҳал этишга ваъда беришди.

- Мен турмуш ўртоғим билан ажрашганман, - дейди Избоскан тумани Навоий маҳалласида яшовчи Муҳаббатхон Сиддиқова. - Қарийб бир ярим йилдан буён алимент ололмай сарсонман. Қабулда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ёрдам кўрсатилди, мени қийнаётган муаммо ҳал бўлди.

Сайёр қабулда уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш тизими, ижтимоий муҳофаза, тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа ижтимоий-иқтисодий, маиший масалалардаги 200 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Мурожаатларнинг аксарияти ўз жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ўрганиб чиқиш учун масалага даҳлдор ташкилотларга тақдим этилди.

- Халқ дарди, қувонч ва ташвишларига шерик бўлаётган, одамларнинг оғирини енгил қилиш йўлида хайрли ва ибратли ишларни амалга ошираётган  Президентимиздан чексиз миннатдормиз, - дейди Избоскан тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайдахон Абдусаломова. - Давлатимиз раҳбарининг кўрсатаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлиги юртдошларимизнинг давлатга, эртанги кунга, мамлакатимизнинг порлоқ келажагига бўлган ишонч ва умидини янада мустаҳкамламоқда.

Сайёр қабуллар Бўз, Асака, Жалақудуқ туманларида ҳам бўлиб ўтди. Қабулларга вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари аҳоли вакиллари қамраб олинади.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

"Қиз боланинг ибоси - унинг гўзал либоси"

Андижон шаҳридаги 6-умумтаълим мактабида "Қиз боланинг ибоси - унинг гўзал либоси" мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими бўлими, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда педагоглар, маҳалла отинойилари, фаоллари, шифокорлар, умумтаълим мактабларининг ўқувчи қизлари, уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Семинарда мактабда қизлар тарбияси билан боғлиқ ишларни янада юқори босқичга кўтариш, ўқувчи қизлар фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари келиб чиқишининг олдини олиш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, кийиниш маданиятини юксалтириш, ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш хусусида фикр алмашилди.

Семинарда Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Р. Жўрабоева, шаҳар бош отинойиси Шоирахон Нуралиева, "Бўстон" МФЙ раиси Нодира Раҳимова, вилоят онкология диспансери шифокори Гулжаҳон Ҳошимова, шаҳар халқ таълими бўлими мудири Муқаддасхон Меҳмонова, 6-мактаб директори  Паризода  Жаҳонгирова, директор ўринбосари Дилноза Турсунова сўз олиб, қизлар тарбияси, саломатлигини сақлаш борасидаги муҳим масалалар ҳақида гапирдилар.

Тадбирда ўқувчилар томонидан қиз боланинг одоб-ахлоқи, маънавияти акс эттирилган, шунингдек, китобхонликни тарғиб этишга қаратилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Иқтидорли ўқувчи қизлар томонидан тайёрланган кўргазмалар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. 

Қизиқарли тарзда ўтган тадбир ўқувчи қизларнинг билим олишга бўлган қизиқишини, фаоллигини, ташаббускорлигини  оширишга, уларнинг қалбида  миллий қадриятларимиз, истиқлол ғояларига ҳурмат, Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Нигора ЎРМОНЖОНОВА, жамоатчи мухбир.

Маҳалла келинлари беллашди

Жалақудуқ туманидаги Fозичеки маҳалласида "Маҳалланинг оқила келинлари" шиори остида келинлар беллашуви бўлиб ўтди.

Иштирокчилар оила мустаҳкамлигини таъминлаш, хонадон бекаларининг оиладаги ўрни, қайнаона-келин муносабатлари, келинларнинг оқила ва пазандалиги бўйича белгиланган  бешта шарт асосида ўзларининг билим ва  маҳоратларини намойиш этдилар. Беллашувда айниқса, Гулшаной Мавлонова, Дилором Исматова ва Гулмира Нориноваларнинг чиқишлари кўпчиликка манзур бўлди.

Якунда ғолиб ва совриндорларни маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илтифотхон Тиллабоева, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Эъзоза Қодирова табриклаб,  фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирладилар.

Марҳабо МУРОТОВА, жамоатчи мухбир.

Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган адабий анжуман бўлиб ўтди

Юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби вилоятимиздаги умумтаълим мактаблари, лицей, коллеж ва олий ўқув  юртларда халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд куни олдидан адабий анжуманлар, хотира ва шеърият кечалари ўтказилмоқда.

Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 64 йиллиги олдидан "Ватан, халқ куйчиси асло ўлмайди" деб номланган адабий анжуман бўлиб ўтди.

Давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, ижодкор ёшлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этган анжуманда шоир хотирасини қадрлаш, унинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этиш хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Халқ шоири,  марҳум Муҳаммад Юсуф халқимизнинг ардоқли шоирларидан бири бўлиб, ўзининг бетакрор асарлари билан халқнинг дардини, қалбидаги қувончу шодликларни, халқига, она юртга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос ижодкор эди. 

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги "Бобур издошлари" адабий тўгараги аъзолари, ёш ижодкорлар томонидан шоир шеърлари ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўқилди.

 Тадбир иштирокчилари мактабда ташкил этилган "Муҳаммад Юсуф музейи", "Муҳаммад Юсуф издошлари" номли адабиёт тўгараги фаолияти билан танишдилар.

 

Барно ҲАЙДАРОВА

Мутахассислар иш бошлади

"Оила" илмий-амалий   тадқиқот маркази Андижон шаҳар бўлимида хотин-қизлар ва оилалар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, мазкур йўналишда иш олиб бораётган мутахассислар фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони асосида маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиб, ушбу вазифага фаол, катта ҳаётий тажрибага эга опа-сингилларимиз қабул қилинди. Улар шу йил 1 апрелдан фаолият юрита бошладилар.

Давра суҳбатида Андижон шаҳри маҳаллаларида иш бошлаган ана шу мутахассислар иштирок этди. Уларга Президент фармонининг мазмун-моҳияти, мутахассислар зиммасига қўйиладиган вазифалар хусусида шунингдек, кенг маълумотлар фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хотин-қизлар ва оилалар билан олиб бориладиган ишларни изчил ва тизимли ташкил этиш юзасидан вазифа ва тавсиялар берилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этди.

Наргиза УлуFжонова,

 

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси.

"Тешиктош ота" зиёратгоҳи

Вилоятимизнинг муқаддас қадамжолари

"Тешиктош ота" зиёратгоҳи Жалақудуқ туманидаги Тешиктош қишлоғининг жанубидаги баланд адирликлар ҳудудида жойлашган. Тошу шағалдан иборат бўлган тепаликлар ёнбағридаги қушлар уясини эслатувчи турли тешиклар, чуқурликлар бу жойни "Тешик тош" деб аталишига сабаб бўлган.

Бир неча минг йил муқаддам илгари пайдо бўлган ғор ўзининг мўъжизакор кўриниши, сиру синоатларга эга эканлиги сабаб одамларни ўзига чорлаб келмоқда. Тешиктошдан унча узоқ бўлмаган Ойим қишлоғида кўҳна Шаҳристон ўрни бўлган Далварзинтепа археологик ёдгорлиги бу жойни тўрт минг йиллик тарихга эга энг қадимги гўшалардан эканлигига гувоҳлик беради.

Ривоят қилишларича, Ҳазрати Али душманлари томонидан қатл қилингандан сўнг, унинг васиятига кўра, жасади тобутга солиниб, туяга ортилган. Туя узоқ манзилларни босиб ўтиб, қадимий Қорадарё соҳили - Тешиктош адирларига келиб чўкади. Тепаликдаги қабристонни "Туямозор" ва ғордаги тош бўлакларидан бирини "туя" деб номланиши ана шундан келиб чиққан. Асл исми номаълум бир авлиё зот муқаддас ғорни ўзига макон қилиб олади. Тешиктош ота ҳақидаги ривоятлар ва унинг турли кароматлари таҳлил қилинганда, ул зот ўрта асрларда диёримизда сўфийлик тариқати камол топган даврда яшаб ўтганлиги тахмин қилиш мумкин.

Адирликлар орасидан тушган даранинг шарқ томонида "Тешиктош ота" мозори, ғарбида "Туямозор" қабристони жойлашган. Fор ичидан водий томонга катта "айвонли дарча" очилгандек бўлиб кўринади. Ушбу "айвонли дарча"дан нигоҳ ташлаган инсоннинг кўзи жаннатмакон водийнинг қорли тоғлар пойидаги беқиёс гўзал табиатига тушади.

Қачонлардир содир бўлган кучли ер силкинишлари ёки бошқа табиий ҳодисалар натижасида ўпирилиб тушган катта-катта тош ва шағалли қоришма бўлаклари қия ёнбағирликка келиб, зиёратгоҳнинг йўл бўйидаги сўлим дам олиш ҳудуди чеккаларига жойлашган.

Тепалик пойида пастдаги зиёратгоҳнинг сўлим дам олиш маскани четида ҳазрати Али авлодларига мансуб, авлиёлардан бири Қорахўжа Эшон қабри бор. Асли қўқонлик бўлган бу зот Аллоҳнинг иродаси билан шу масканга келиб, инсонларни иймон-эътиқодга, дину диёнатга чақирган, азиз авлиёлар анъанасини давом эттирган.

Зиёратгоҳ 2006 йили диққатга сазовор жой - маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган бўлиб, бу ерга ташриф буюрувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Дилшодбек ЮСУПОВ,

 

Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.

Туфлисига қараб аёлнинг феъл-атворини билиш мумкин

Инсон руҳияти

Ўтказилган қатор тадқиқотлардан келиб чиқиб, руҳшунослар қандай оёқ кийими танлашларига қараб аёлларнинг феъл-атворларини билиб олиш мумкин, деган хулосага келдилар. Демак, бу ҳақда қуйидагилар билан танишиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.

Баланд пошна эгалари

Бундай туфлини хуш кўрадиган аёллар ҳамманинг эътиборида бўлишни хоҳлашади. Улар кўпинча бирон нарсага эришиш мақсадида аёллик латофати ва малоҳатидан фойдаланадилар. Бу тоифадагилар ўзларининг шахсий имкониятлари ва жозибадорликларига ҳаддан ташқари ишонадилар. Шунингдек, эркак кишилар уларни доимо иззат-икромда тутиши керак, деб ҳисоблайдилар. Шунга кўра, бу тоифа аёллар пойабзал танлашда қулайликлардан кўра кўпроқ модага эътиборни қаратадилар.

                                        

Ботинкасифат туфлилар

Бу усулдаги туфлиларни ўзига қулай, деб ҳисобловчи аёллар индамас, кўпинча фақат ўзини ўйлаб иш тутадилар. Улар ўзидан бошқаларга ишонишмайди. Бу характер соҳибалари нозик қалб эгалари ҳамдир ва кўпинча одамлар билан мулоқотда номутаносибликлардан азият чекади.

                                                

Спорт пойабзали

Спорт пойабзаллари кийишни хуш кўрувчилар турли хил ғоялар ўйлаб топишга уста бўлади. Улар саёҳат қилишни яхши кўрадилар. Бир жойда узоқ ўтирсалар, маъюс бўлиб қоладилар. Кўпроқ дўстлари қуршовида бўлишни хоҳлайдилар. Уларнинг нуқтаи назарида нафақат, пойабзал кийишда, балки, умуман, ҳаёт кечириш шароитлари қулай, осойишта бўлиши керак.

Энг сўнгги урфдаги туфлилар

Сўнгги урфдаги пойабзал киядиган модапараст аёллар ҳаммадан ажралиб туришни ёқтирадилар. Улар: "Одамлар кийимга қараб муносабатда бўлади" деган фикрни маъқуллайдилар, ўзлари ҳам ана шу ақидага амал қиладилар. Ҳаётни фақат бўёқдор рангларда, ҳашамат, бекаму кўст яшаш тарзида тасаввур этадилар. Яхшигина лаёқатли бўлсалар-да, раҳбарлик қилишда уларга ғайрат ва шижоат етишмайди.

                                              

Платформа туфли

Бундай пойабзални танлаган аёллар кўпинча бирор нарсани ҳал қилишда хатоларга йўл қўядилар. Улар бирданига ҳамма нарсага эришишни истайдилар, лекин бунга эришиш мушкуллигини дилдан ҳис қилмайдилар. Улар тўғрисўз, ўзларига ишончлари қатъий, буйруқ бериш уларга хос хусусият. Шунинг учун кўпинча муваффақиятлардан бошлари айланиб қолади.

 

 

Озодахон ОЛИМОВА тайёрлади.