Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
ХОЛЛАР СОFЛИГИМИЗДАН, ХУЛҚ-АТВОР ВА ТАҚДИРИМИЗДАН ДАРАК БЕРАДИ
инсон руҳияти
Инсон танасидаги ҳар бир аъзо бир-бири билан ўзаро боғлиқ. Психолог мутахассисларнинг таъкидлашларича, ички аъзоларнинг бирортасида қандайдир камчилик ёки хасталик бўлса, у дарров тананинг ташқарисида ўз аксини кўрсатар экан. Шу боис, танангизда пайдо бўлиб қоладиган доғ ёки турли тошмаларга эътиборсиз бўлмаслигингиз лозим.
Хорижлик руҳшунос-шифо корлар ўтказган тадқиқотларга кўра, агар инсоннинг йўғон ичагида хасталик бўлса, пешона ва қошлар устида хол, доғлар пайдо бўлиб, киприкларнинг ости қизарар, қувуқда бирор дард бўлса, ияк остида доғлар ва холлар пайдо бўлар экан. Жигар фаолияти бузилганда эса чап қовоқда хол ва доғлар пайдо бўлиши мумкин.
Қўлингизга ойна олиб ўзингизга разм солинг. Терингиздаги бирор ўзгаришни, доғ ёки тошма пайдо бўлганлигини кўрсангиз, албатта, шифокорга мурожаат қилиб, унинг маслаҳатини олинг. Бу фойдадан холи бўлмайди.
Шу ўринда руҳиятшунослар инсон таънасидаги холлар қандайдир маънони билдириши ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдиришган. Хол кишига хусн ва чирой бахш этади. Шу билан бирга, юқорида таъкидланганидек, соғлигимизда, кўп ҳолларда эса тақдиримиз ва феъл-атворимиздан ҳам хабар берар экан.
Агар аёлларнинг ўнг қошида холи бўлса, улар албатта, бахтли бўлади. Чап қошида бўлса, улар турли кўнгилсизликлар ёнма-ён юриши мумкин.
Кўз атрофидаги хол эса бойликдан нишона эмиш. Ўнг юзида бўлса, у муҳаббатли ҳаёт йўлини босиб ўтади, чап юзида холи бўлган кишининг кўп ҳолларда севги-муҳаббат бобида омади келмаслиги мумкин.
Хол инсон бурнининг учида бўлса, у киши турли йўллар билан ўз мақсадига эриша оладиган инсон эканлигидан далолат беради.
Лабдаги хол кишининг самимий, ҳушёр, бойликка берилмайдиган, лекин масъулиятни у қадар ҳис этмайдиган инсон эканлигини билдиради.
Лабнинг учидаги хол кишининг нозик табиатли, лабининг остидагиси эса муҳаббат бобида мағрурлигидан далолат беради. Кимнинг билагида холи бўлса, у омадли бўлади.
Ўнг манглайида холи бор киши албатта, ўзи орзу қилган бахтга эришади. Кимки чап манглайида хол бўлса, орзулари орзулигича қолиб кетиши мумкин.
Қулоғида холи бўлган киши ҳеч нарсадан ғам чекмайди. Бўйнида холи бор киши эса ҳаётда кўп заҳматлар чекиши мумкин.
Иягида холи бор киши ҳаётда кўп иззат-ҳурматга сазовар бўлади. Чап қовурғадаги хол ўша инсоннинг ҳазилкашлигидан далолат берар экан.
Кўпчилигимиз қаҳвани яхши кўрамиз. Ҳатто, қаҳва ифори ҳам кайфиятимизни кўтаради. Қуйида олимларнинг бу ажойиб неъмат устида олиб борган тадқиқотлари ва севимли ичимлигимизнинг бизга номаълум фойдали жиҳатлари ҳақида қатор маълумотларни билиб олишимиз мумкин.
* АҚШда ўн саккиз ёшдан катта бўлган аҳолининг эллик тўрт фоизи ҳар куни қаҳва ичишини, бу хушхўр ичимлик тана, мия ва тери учун ғоят фойдали экани таъкидланади.
* Қаҳва антиоксидант миқдори кўплиги билан бошқа ичимлик ва егуликлардан устун жиҳатлари бор.
* Қаҳва иси асабларни тинчлантирувчи хусусиятга эга.
* Қаҳва паркинсон хасталиги аломатларини камайтиришга ёрдам беради. Доктор Ронал Постума тадқиқотларига кўра, паркинсон касаллигига чалинганлар қаҳва ичгач, ҳаракатларини назорат қила бошлаган. Шунингдек, қаҳва-хўр инсонларнинг ана шу хасталик билан оғриши, қаҳвани хуш кўрмайдиганларга нисбатан бир неча баробар кам кўзга ташланар экан.
* Қаҳва қора жигар (талоқ) учун ҳам фойдали экани маълум бўлди. Йигирма икки ёшдан ўтган кўнгиллилар орасида ўтказилган тадқиқот натижасида, бир кунда камида бир чашка қаҳва ичиш цирроз хасталигига чалиниш эҳтимолини йигирма фоизга камайтириши аниқланди. Шунингдек, тадқиқотлар натижаси қаҳва қоражигарни ёғ босишдан ҳам ҳимоя қилишини аён қилди.
* Қаҳва инсонга хушкайфият бағишлайди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, бир кунда тўрт чашка ёки ундан ортиқ қаҳва ичадиганлар, мутлақо қаҳва ичмайдиганлардан кўра депрессияга тушиш эҳтимоли ўн марта кам экан. Тадқиқотчилар бу натижа фақат кофеин билан боғлиқ эмаслиги, қаҳва таркибидаги антиоксидант моддаси инсонга хушкайфият беришини таъкидлайдилар.
* Қаҳва истеъмоли тушкунлик ҳолати келиб чиқишининг, ўз жонига қасд қилиш сабабларини камайтиради. Гарвард халқ табобати мактаби томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, ҳар куни 2-4 чашка қаҳва ичиш, тушкунлик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини эллик баробарга камайтирар экан. Қаҳва организмда серотонин, допамин каби бахт гормонларини ошиш хусусиятига эга.
* Қаҳва тери саратони хавфини камайтиради. Гарвард тиббиёт мактаби ва Бостондаги "Brigham and Women's Hospital" йигирма йил давомида тадқиқот ўтказди. Тадқиқот натижаларига кўра, кунда уч чашка қаҳва ҳамда какао ичган аёлларда қаҳва ичмайдиган аёлларга қараганда тери саратонига чалиниш эҳтимоли пастлиги аён бўлди.
* Қаҳва жисмоний ва ақлий меҳнат билан шуғулланувчи кишиларга тетиклик ва қувват бағишлайди. Чарчоқни камайтириб, организм фаоллигини оширади.
Ўғрилик барча даврда, ҳар қандай жамиятда оғир жиноятлардан бири саналиб келган. Ўғриликнинг энг қабиҳи халқ, кўпчиликнинг мулкини ўғирлашдир.
Баъзи одамлар: "Бошқалар ўғирлаяпти-ку, биз ҳам олсак олибмиз-да!" дея ўзларининг хатти-ҳаракатига баҳона излашади. Бундай ўғирлик бутун мусулмонларнинг мулкини ўғирлашдир. Баъзилар эса, озроқ ва арзон нарсани ўмаришни ўғирлик санашмайди. Ҳолбуки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) "Тухум ўғирлаб қўли кесилган, арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!" - деганлар (Имом Бухорий ривояти). Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, ўғирликнинг катта-кичиклигига эмас, балки унинг оғир гуноҳлигига эътибор қаратишлигимиз муҳимдир.
Минг афсуслар бўлсинки, инсонлар орасида кўпчиликнинг ҳаққи бўлган электр токи, газ, ичимлик суви каби Аллоҳнинг неъматларини ўғирликча ишлатиб ёки хаққини ўз вақтида бермай юрганлар ҳам йўқ эмас. Айнан мана шу ҳолат ҳам ўзгалар ҳаққига хиёнат саналади. Бундай гуноҳ вақтлар келиб аввало, ўша инсоннинг ўзини ёки зурриётларини азобга солиши мумкин.
Билиб-билмай ўғирлик қилган киши аввало, Аллоҳ таолога тавба қилиши, сўнг ўғирлаган нарсасини эгасига қайтариб бериши шарт. Ошкор ёки пинҳона йўл билан бўлсин, фарқи йўқ, молни эгасига қайтариб бериши лозим. Шариатда мабодо молнинг эгасини ёки унинг меросхўрларини топа олмаса, бундай ҳолда савобини молнинг эгасига ният қилиб, унинг номидан тўлалигича садақа қилишлик буюрилган.
Барчамизни яратган меҳрибон Зот ўзидан кечирим сўраб тавба қилишга буюриб, шундай марҳамат қилади: "Аллоҳдан кечирим сўранг, Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир" (Нисо сураси, 106-оят). Яна шуни яхши билишимиз керакки, банданинг тавбаси Аллоҳ таоло томонидан қабул бўлишининг бир неча шартлари бор. Биринчиси - гуноҳига пушаймонлик, иккинчиси - гуноҳларга энди асло қайтмасликка азму қарор қилишлик, учинчиси - гуноҳларни бутутунлай тарк этишдир. Демак, инсон қилган гуноҳларига юқоридаги шартларга мувофиқ тавба қилса, гуноҳлари мағфират этилади ва ҳатто, ёмонликлари яхшиликка алмаштирилади. Шунинг учун гуноҳ қилган банда ҳамиша Яратганнинг раҳмат-мағфиратидан умидвор бўлиб, яхши амаллари билан Аллоҳга чин дилдан, астойдил тавба қилиши лозим. Шунда унинг тоғдек гуноҳи бўлса ҳам кечирилади.
Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежида "Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коллежнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари, профилактика инспекторлари ва Ёшлар иттифоқи ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича иш тажрибаси" мавзусида вилоят семинари ўтказилди.
Дастлаб тадбир иштирокчилари коллеж педагог ходимлари томонидан яратилган ўқув услубий мажмуалар, гуруҳ раҳбарларининг ҳамда тўгараклар фаолияти бўйича иш ҳужжатлари, шунингдек, ўқувчилар томонидан тайёрланган қўл меҳнати буюмлари кўргазмалари билан танишдилар.
Шундан сўнг коллежнинг турли кафедралари ўқитувчилари Ш. Бурхонов, Б. Исомитдинова, Р. Абдуллаева, Н. Қаюмова, М. Тўхтаева, М. Мўминова, Ф. Тожибоева ва бошқаларнинг "Жиноятчиликнинг олдини олишда ёшларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари" , "Диний экстремизм - тараққиёт душмани", "Одам савдоси - давр муаммоси", "Касбим - фахрим, коллежим", "Қизларни турмушга тайёрлаш, эрта турмушнинг олдини олиш", "Гиёҳвандлик - аср вабоси", "Жавондаги жавоҳирим", "Оммавий маданиятнинг ёшлар онгига салбий таъсири" мавзуларидаги очиқ дарслари кузатилди.
Айниқса, махсус фанлар кафедраси ўқитувчиси С. Азимова томонидан тўйларни ихчам ўтказиш, тўй билан боғлиқ иллатларга йўл қўймаслик масалалари хусусида ташкил этилган "Тўйлар ҳақида ўйлар" мавзусидаги давра суҳбати, хусусан, ўқувчиларнинг тўйлардаги иллатларга муносабати, халқимизнинг тўй ва маъракаларни ихчам, камчиқим тарзда ўтказиш юзасидан фикрлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳамда "Нуроний" жамғармаси фаолларининг мурожаати ўқиб берилганлиги тадбир таъсирчанлигини янада оширди.
Махсус фанлар кафедрасида ташкил этилган тўгараклар, хусусан, тикувчилик фани ўқитувчиси Моҳира Аҳмедова раҳбарлигидаги "Ёш дизайнер", Барчиной Зокирова раҳбарлигидаги "Миллий каштачилик", Абдувоҳид Абдужалилов раҳбарлигидаги "Дизайнерлар" тўгараклари фаолияти, шунингдек, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Э. Раҳимов раҳбарлигида ўзининг нотўғри ўй-фикрлари билан ҳаёти ва соғлигига хавф солаётган ёшлар ҳаёти акс эттирган саҳна кўриниши, бу каби ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича айтилган таклифлар тадбир қатнашчилари томонидан ижобий баҳоланди.
Она тили ва адабиёт кафедраси ўқитувчилари томонидан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг таваллудининг 64 йиллиги муносабати билан тайёрланган "Муҳаммад Юсуф - халқ ардоғидаги шоир" мавзусида адабий маънавий-маърифий тадбир доирасида ўқувчилар томонидан ўқилган шеърлар, ижро этилган куй ва қўшиқлар ҳамда саҳна кўринишлари барчага хуш кайфият улашди.
Семинар доирасида Асака туманида ўтказилган турли танлов ва тадбирларда ғолиб ва совриндор бўлган коллеж ўқувчилари Мадина Мирзааҳматова, Фотима Шаробиддинова ҳамда Мухлиса Алиеваларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Умуман, семинар таълим-тарбия жараёни борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга, иштирокчиларнинг билим ва малакаларини юксалтиришга, илғор иш тажрибаларини ўрганишга ёрдам берди.
Барчиной ЗОКИРОВА,
Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежи махсус фан ўқитувчиси.
Ўзбек халқи минг йиллар давомида шаклланган ўзининг бой маънавий меросига эга. Маънавий баркамоллик эса комил инсон тарбиясидa муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, ёшларимизнинг маънавий камолоти, уларни юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялаш масаласи жамиятимизнинг устувор вазифаларидан бири саналади. Бу таълим-тарбия жараёни билан бевосита боғлиқ эканлигини барчамиз яхши биламиз.
Бугун дунёдаги турли мафкуравий марказлар четдан туриб, "мутлақ эркинлик", "чегарасиз эркинлик", "эркин ахлоқ" деган сохта ғояларни ёшларнинг онгига сингдиришга уринмоқда. Бу йўлда "оммавий маданият" кўринишларидан, ахборот технологиялари, радио, телевидение, интернетдаги ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Минг афсуски, айрим ёшларимиз интернетдан фойдаланишда ўзлари учун керакли маълумотларни олиш ўрнига юқорида айтилганидек, aхлоқсизлик, бузғунчилик , диний экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолмоқда. Бу ёшлар тарбияси, маънавияти билан боғлиқ қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Айни кунда бунинг оқибатларини дунёнинг олис ва яқин минтақаларида бўлаётган нотинчликлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бугун янги жамият барпо этар эканмиз, маънавий тарбия масаласига алоҳида эътибор беришимиз лозим. Айниқса, ёшларимизнинг ёт ғоялар тажовузига қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашимиз, уларда интернет материалларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришимиз зарур.
Айни кунда ҳаётимизда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити, деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар тараққиётимизга, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбияси, умуман, миллий мафкурамизга жиддий хавф солмоқда. Шундан келиб чиқиб, ана шу каби кўринишларга қарши курашишимиз керак.
Маълумки, ёшлар кўп масалаларда жуда таъсирчан, ҳиссиётга берилувчан бўлади, айниқса, улар ҳаётда учраб турадиган адолатсизлик, ноҳақлик ҳолатларини, ижобий ва салбий ўзгаришларни ғоят тез қабул қилади. Ана шундан фойдаланган ғанимларимиз ёшларимизни йўлдан уришга уринмоқда. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун биз педагоглар жиддий, тизимли иш олиб боришимиз, ёшларга бу борада кенг тушунчалар беришимиз лозим.
Нилуфар САЙФУТДИНОВА,
Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги Андижон академик лицейи ўқитувчиси.
Ёзнинг иссиқ жазирама кунларидан бири эди. Вақт тушликдан ошган. Ана шундай иссиқдан одамнинг нафаси қайтадиган кунларда, маҳалла гузардаги чойхона олдида бир аёл уч фарзандини ёнига олиб, кимнидир кутиб ўтирарди. Бири қўйиб, бири йиғлаётган болаларини тинчлатиришга уринаётган аёлга раҳмим келди. Уларнинг олдига бордим. Фарзандларининг кайфиятидан асабийлашаётган аёлнинг юз-чеҳрасидан оғир аҳволга тушгани сезилиб турарди.
Аёл куннинг иссиқлигидан кайфияти сўнган, терга ботган сочлари ҳам тўзғиган ҳолатда эди. Болалари эса аввалига иссиқдан, сўнг қорни очлигидан онасига ҳархаша қилишарди, тинмай йиғлашарди. Мен бўлса бунинг сабабини билгим келаверарди. Аёлнинг ёнига келиб аста сўрадим. Унинг кўзида тўлиб турган ёшлар қуйилиб, юзларини юва бошлади. Шу уч фарзанди билан эри уйни ташлаб чиқиб кетгани, ҳозир эса кўнглига ёққан бир аёл билан яшаётганини айтди. Болалари "Дадамиз қайда?" деб ҳоли-жонига қўймагани туфайли уларга отасининг дийдорини кўрсатмоқчи эканлигини айтди. Ота қурғур эса шу куни шу жойда кўришишга ваъда берган экан. Аммо эрталабдан буён дадасини кута-кута интизор бўлиб, соғинчдан юраклари эзилиб онаизорнинг ҳам юрак бағрини эзишаётган эди.
- "Келиб қолар салқинроққа ўтиб туринглар-чи" дея олдим холос. Бирдан "Йўқ, у келмайди, бу ҳолат биринчиси эмас, бундай вазиятларни бир неча марта бошимдан кечирганман. Хонимчаси келишга қўймаётгандир-да! Уни йўқотишдан қўрқади у" деб бақириб юборганини ўзи ҳам билмай қолди аёл. Бегона аёлга шу қадар раҳмим келди-ки, уни юпатишга киришдим. Аёлнинг қўллари шунчалар титрардики, уни тинчлантираман, деб менинг ҳам қўлларим титрарди. Бир аёлнинг эрига нафратим ошса, бир уни болаларидан айирган, гулдек оилани бузилишига сабабчи бўлган аёлга баттар нафратим ошарди. Шу зайлда анча вақт ўтди. Мен уларнинг кайфиятини кўтаришга уриндим, бироқ улар ноумид ҳолатда уйга қайтишди. Уларнинг аянчли ҳолатидан юрагим эзилди. Бу воқеадан сўнг отаси туфайли увол, бегуноҳ болалар сира кўз ўнгимдан кетмай қолди.
Бир куни таниш аёлни кўчада учратиб қолдим. У шошилиб кетаётганди. Мени кўрдию йиғлаб юборди. Елкамга бошини қўйиб, ўзини йиғидан аста тўхтатди, синглисининг ўн яшар ўғли оламдан ўтиб қолганини айтди. Унда мен ҳам борай деб эргашдим. Йўл-йўлакай болани нима сабабдан ўтганини сўрадим. У касаллик туфайли эмас, отасига ичикиб қолганини, дадасини кута-кута адо бўлганини айтди.
Биз манзилга келганда кўча тўла одам эди. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар йиғилиб қолган экан. Ичкарида бўлса фарзанд доғида куйяётган онаизор ўзини ҳар ёққа урарди. Не кўз билан кўрайки, у мен маҳалла гузарида учратган аёл эди. Вафот этган, бегуноҳ боланинг қаршисида ўзимни айбдордек сезиб, қалбим ларзага келди. Ҳа, мурғаккина гўдак отасининг бевафолигини кўтара олмаганлиги аниқ. Не бўлса ҳам энди онасига оғир бўлди. Нега ўшанда номард отани қидириб топмадим? Нега унга бегуноҳ болаларга жабр қилаётганини айтмадим? Нега бевафо эрнинг ота-онаси, маҳалла фаолларини оёққа турғазмадим? Бундай тизгинсиз саволларнинг чеки йўқ. Бироқ энди кеч. Афсус-надоматдан заррача наф йўқ энди.
Дунёда ҳар хил одамлар бор. Кимдир Аллоҳдан фарзанд сўраб ёрворади, кимдир фарзанднинг қадрига етмайди. Фарзанд - олий неъмат. Фарзандни хор қилиш эса гуноҳи азимдир. Буни оила қураётган ҳар бир йигит-қиз билиши керак. Токи, ҳеч кимнинг, ҳатто қушнинг ҳам ини бузилмасин. Ҳеч бир бола ота-онаси дийдорига зор бўлмасин.
Вилоятимизда тиббиёт қўлқоплари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Олтинкўл туманидаги Жалабек қишлоғида йилига 33 миллион жуфт тиббий қўлқоп ишлаб чиқариш қувватига эга корхона иш бошлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоятда янги саноат корхоналарини барпо этиш, хусусан, тиббиёт жиҳозлари, дори-дармонлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, бу борадаги ишларни ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида жорий йил давомида тиббий жиҳоз ва ашёлар, дори-дармонлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган кўплаб лойиҳаларни амалга оширилиши кўзда тутилган. Айни кунга қадар ана шу лойиҳалар доирасида қатор корхоналар фаолият юрита бошлади. Жумладан, Олтинкўл туманидаги "Gold grawn farma" масъулияти чекланган жамияти томонидан тиббиёт қўлқоплари ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилиб, ишга туширилди.
Корхона очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, умуман, инсон манфаатларига ва турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Умумий қиймати 17 миллиард сўмдан ортиқ мазкур лойиҳа доирасида барпо этилган корхонанинг ҳудуди 1,5 гектарни ташкил этади. Қурилиш-монтаж ишлари учун 7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Замонавий кўринишга эга, илғор техноло-гиялар билан жиҳозланган ушбу заводда ишчи-хизматчиларнинг самарали фаолият юритишлари учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, корхона ҳудуди, атрофида катта ҳажмдаги ободолаштириш ишлари амалга оширилди.
Айни пайтга қадар юртимизга жарроҳлик қўлқоплари асосан четдан келтирилган. Заводнинг ишга туширилиши билан ушбу воситага бўлган эҳтиёж тўла қондирилади.
Корхонага Хитой давлатидан 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги замонавий ускуна ва технологиялар олиб келиб ўрнатилди.
- Корхонамизда йилига 33 миллион жуфт стерилланган ва стерилланмаган сифатли тиббиёт қўлқоплари ишлаб чиқарилади, - дейди "Gold grawn farma" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустамжон Ҳайдаров. - Маҳсулотимиз ички бозорда сотилади ҳамда қўшни давлатларга экспорт қилинади.
Заводнинг ишга тушиши билан 120 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Уларнинг 70 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
ХОТИН-ҚИЗЛАР - ОИЛА ВА ЖАМИЯТНИНГ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧИ
Фармон ва ижро
Маълумки, хотин-қизлар мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этади. Айни кунда улар юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилмоқда. Опа-сингилларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Президентимизнинг жорий йил 2 февралда қабул қилинган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизлар билан ишлаш борасида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, хотин-қизлар қўмитаси, унинг ҳудудий бўлимларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди.
Маълумки, 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир маҳаллада 1 нафардан, оилалар сони 2 минг ва ундан ортиқ бўлган маҳаллаларда 2 нафар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари иш бошлади.
Шунингдек, Фармонда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш, жазони ўташ муассасаларидан озод этилган хотин-қизларнинг ижтимоий реаблитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат бошқарув органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ўтказилган қатор йиғилишларда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига алоҳида тўхталиб, бу борада аниқ ва тизимли ишларни амалга ошириш зарурлигини алоҳида таъкидламоқда. Кенг жамоатчилик, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли амалий ҳамда тарғибот-тушунтириш ишларига қарамай, опа-сингилларимиз орасида жиноятга қўл ураётганлар учрамоқда.
Бу каби ҳолатлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, айниқса, хотин-қизлар қўмиталари, уларнинг бошланғич ташкилотлари билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этади. Аввало, жиноят содир этган хотин-қизлар билан якка тартибда профилактик тадбирлар ўтказиш, уларга мавжуд муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, уларнинг нормал ҳаётга мослашишлари, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари, жумладан, бино, кредит олишларига кўмаклашиш, шунингдек, ижтимоий-ҳуқуқий, тиббий, руҳий масалаларда ёрдам кўрсатиш орқали ижобий натижаларга эриша оламиз.
Профилактик ҳисобда турган аёлларнинг оилавий шароитини мунтазам ўрганиб бориш, муаммоларини ҳал этиш билан уларни оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолишларининг олдини олишимиз лозим.
Фармон асосида олиб бориладиган ишлар шубҳасиз, оила ва жамиятнинг мустаҳкам таянчи ҳисобланган хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини оширишга хизмат қилади.
Вилоят ахборот-кутубхона марказида "Энг китобхон маҳалла" танловининг Андижон шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган "Бобосаъдин", Наврўз", "Обод" ва "Озодлик" маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Сафида тўрт нафар иштирокчи бўлган жамоалар ўз маҳалласи, унинг тарихи ҳақидаги маълумотлар бўйича тақдимот, ижтимоий-сиёсий, китоб ва китобхонлик бўйича тезкор савол-жавоблар ҳамда эркин мавзу шартлари асосида ўзларининг билим ва маҳоратларини намойиш этдилар.
Якуний натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган "Бобосаъдин" маҳалласи жамоаси ғолиб деб топилди. "Наврўз" маҳалласига 2-ўрин, "Обод" маҳалласига эса 3-ўрин насиб этди.
Fолиб, совриндор ва иштирокчи жамоалар танлов ташкилотчилари томонидан диплом, эсдалик совғалар - китоблар билан тақдирландилар.
Вилоятимизда "Соғлом ва мустаҳкам оила - жамият бойлиги, келажак пойдевори" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда "Аёллар қаноти" ташаббуси билан Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила инс-титутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, партия марказий кенгаши, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, меҳнат бошқармалари, хотин-қизлар қўмитаси, вилоят ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлимлари, банк, солиқ идоралари вакиллари, партия фаоллари, жазони ўташ муассаларидан қайтган аёллар иштирок этди.
Давра суҳбатида оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, айниқса, жазони ўташ муассасаларидан озодликка чиқарилган аёллар бандлигини таъминлаш, уларга психологик, тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликлар келиб чиқишининг олдини олиш сингари қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.
- Айни кунда орамизда турли қийинчиликлар гирдобига тушиб қолиб, жиноят йўлига кираётган, мўмай даромад илинжида хорижга ишлагани кетиб, одам савдоси қурбонига аланиб ёки турли диний-экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолаётган аёллар борлигидан кўз юма олмаймиз, - дейди Ўзбекистон либерал демократик партияси вилоят кенгаши раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Хуршида Халилова. - Давра суҳбатини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ана шу тоифадаги аёлларнинг ҳаётга тўлақонли мослашишига, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишдан иборат.
Давра суҳбатида "Аёл, оила ва жамият", "Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни ва роли", "Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш механизмлари" сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар, мавзу доирасидаги ишлар кўлами, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир давомида жазони ўташ муассасаларидан қайтган аёлларнинг муаммоларини бартараф этиш, ишга жойлашишлари, ўз тадбиркорлигини бошлаш учун банклардан кредит олишлари юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. Бир гуруҳ аёлларнинг муаммолари эса шу жойнинг ўзида ҳал этилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.