+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Андижон машинасозлик   институтида Ўзбекистон Халқ шоири, "Меҳнат шуҳрати", "Эл-юрт ҳурмати" орденлари соҳиби Тўлан Низом таваллудининг 80 йиллиги олдидан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли адиб Камчибек Кенжа, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Назиржон Саидов ва бошқалар ижодкорнинг ҳаёти, ижодий фаолияти хусусида тўхталдилар.

Учрашувда турли мавзулардаги достонлари, шеър, драма ва шеърий романлари билан миллий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Тўлан Низом ўзининг ижодий ишлари ҳақида гапириб, янги шеърларидан ўқиб берди, талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Институт ўқитувчи ва талабалари ижодкорга эҳтиром кўрсатиб, эсдалик совғаларини топширди.

 

Нигора Сайдалиева

Хотин-қизлар ўртасида велотур мусобақаси бўлиб ўтди

Вилоятимиз марказида   "Соғлом аёл - соғлом авлод" шиори остида хотин-қизлар ўртасида велотур мусобақаси бўлиб ўтди.

Халқаро оила кунига бағишланиб, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган велотурда асосан, Андижон шаҳри, Андижон ва Асака туманлари вакиллари иштирок этдилар.

Оилаларда, меҳнат жамоаларида хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, велоспорт турига бўлган қизиқишини ошириш, ушбу спорт тури билан шуғулланадиганларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мусобақада корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган аёллар, уй бекалари. меҳнат фахрийлари, талаба ва ўқувчи қизлар иштирок этдилар.

Велотур иштирокчилари 18 дан 30 ёшгача, 31 дан 45 ёшгача ҳамда 45 ёшдан юқори гуруҳлар доирасида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Қизиқарли ўтган баҳслар якунига кўра, Моҳларой Абдуҳалимова, Дилдорахон Исахонова ва Манзура Аҳметова ўз ёш гуруҳларида биринчи ўринга сазовор бўлдилар.

Мусобақанинг ғолиб ва     совриндорлари, шунингдек, қатор номинациялар бўйича ғолибларни вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова муборакбод этиб, уларни ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Нодирахон

АБДУРАҲМОНОВА,

 

вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири.

ҒАЛЛА-2018: ЁНҒИНЛАР КЕЛИБ ЧИҚИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАЙЛИК!

«101» огоҳлантиради

Жорий йилда вилоятимиз ҳудудида жами 78 минг 200 гетар ер майдонига  бошоқли дон экилган бўлиб, вилоят режаси бўйича 247 минг 600 тонна ғалла ҳосили олиш мўлжалланган.

            Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизими томонидан ўрим комбайнларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун зарур жиҳозларнинг мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, вилоят ҳокимлиги қошида тузилган гуруҳ таркибида машина-трактор паркларидаги 1 311 та дон ташишга, 142 та ёнилғи ташувчи транспорт воситаларнинг техник созлиги ва ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланганлиги даражаси ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида аниқланган камчилик ва нуқсонлар кўрсатилган амалий ёрдам натижасида бартараф этилишига эришилди.

Белгиланган режа асосида Андижон шаҳри, Асака ва Қўрғонтепа туманларида донни қайта ишлаш корхоналари ва туманларда жойлашган 14 та дон қабул қилиш корхоналарининг 10 тасида ёнғин-профилактик кўриклари ўтказилган. Кўриклар якунида яксарият камчиликлар ўз жойида бартараф этилишига эришилган бўлиб, қолган 106 та ёнғинга қарши қаратилган тадбирлар тавсияномаларда қайд этилиб, корхона раҳбарларига тақдим этилди. Корхоналарда олиб борилган профилактик тадбирлар давомида
54 нафар ишчи ва хизматчилар иштирокида йўриқномалар ўтказилди.

Йиғим-терим даврида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилиш, ғалласи ўриб олинган майдонларини ёқиб юбормаслик мақсадида комбайн операторлари, дон ташувчи автомобиль ва трактор ҳайдовчилари, умуман, мазкур жараёнга алоқадор барча кишлар ўртасида тушунтириш ишлари ўтказилди.

Тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадида асосий йўл ёқаларига, дон қабул қилиш шохобчаларига ёнғинларнинг олдини олиш мавзусидаги паннолар ўрнатилди. “Ғалла-2018” мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш бўйича вилоят ИИБ ЁХБ томонидан “Мурожаатнома”, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мазмунидаги плакат, эслатма ва мурожаатномалар ишлаб чиқилмоқда.

“Ғалла-2018” мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш ҳамда бу борада қуйи тизим ходимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоят ИИБ ЁХБда Тезкор штаб ва ишчи гуруҳ ташкил этилган.  Унга мувофиқ шаҳар ва туманларга бошқарма аппарати ходимлари бириктирилган. Бундан ташқари, бошқарма бошлиғи томонидан алоҳида тасдиқланган рўйхат бўйича вилоятда жойлашган донни қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналарига ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилган.

“Ғалла-2018” ўрим-йиғими мавсумида вилоятдаги дон маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш даврида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 3 та дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, уларга қарашли 14 та донни қабул қилиш шохобчаларига, шунингдек, вилоятда ташкил этилаётган отрядларга Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилади.  

Улуғбек ҚОСИМОВ,

 

вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси.

КУЛИБ ТУРИБ, ЙИFЛАГУВЧИ ЗОТ

ривоят

ёхуд аёл нима учун сабабсиз кўз-ёш тўкади?

Бир куни бола онасидан сўради: - Нима учун йиғлаяпсиз?

Онаси жавоб берди: - Чунки мен аёлман.

Бола деди: - Мен тушунмадим.

Она боласини бағрига босиб:

- Буни ҳеч қачон тушуна олмайсан, - деб жавоб берди.

Сўнгра бола отасидан сўради:

- Онам нима учун йиғлаяпти?

Отаси жавоб берди:

- Барча аёллар сабабсиз йиғлайдилар…

Бола катта бўлди. Лекин аёллар нима учун сабабсиз йиғлашини била олмади. Кун келиб бир олимдан сўради: - Нима учун аёллар сабабсиз йиғлайди?

Олим жавоб берди:

- Аллоҳ Таоло аёлларни яратган чоғида, дунё оғирликларини кўтаришлари учун уларни кучли ирода соҳибалари этган. Ва роҳат улашишлари учун меҳрибон, раҳм-шафқатли қилган. Фарзандни дунёга келтиришдаги қийинчиликларни кўтаришлари ва фарзандлари катта бўлганларида уларга берадиган озорларни кўтаришлари учун ички қувват ато қилган. Оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш ва рўзғор ташвишларини кўтариш чоғларида қийинчиликка дуч келсалар салобат билан туришлари учун куч ато этган.

Оналарга шундай муҳаббат ато этганки, агар болалари озор берсалар ҳам, уларнинг озор чекишларига сабабчи бўлсалар ҳам, меҳрлари ўзгармайди, тугамайди. Катта қийинчиликлар келган вақтда, уларни енгиб роҳатга эришишлари, кўз-ёшлари орқали дардини енгиллаштиришлари учун, сабабсиз йиғлайдиган қилиб яратган. Бу уларнинг ожизалигидир.

Аммо аёллар ўз ожизаликлари билан қуролланганларида улардан кучлироқ кимса бўлмайди! Дунёни остин-устун қилиб юборишлари мумкин.

Гулнора ВАҳИДОВА,

 

Балиқчи туманидаги 35-умумтаълим мактаби ўқтувчиси.

Ислом дини ва ёшлар

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Беш нарсани беш нарсадан илгари ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишингдан олдин соғлиғингни, камбағал бўлиб қолишинг-дан олдин бойлигингни, машғул бўлишингдан олдин бўш вақтингни, ўлим келишидан олдин ҳаётингни", дедилар (имом Ҳоким ривояти). Бундан кўринадики, ёшларимиз ёшлик шижоатини, куч-қувватини, олтиндан-да қадрли вақтни  ғанимат билиб, келажакда билимли, юксак маънавиятли юртига, динига, ота-онасига хизмат қиладиган инсон бўлиб камол топиши учун астойдил ҳаракат қилиши жоиз. Маълумки, динимизда ёшларга, уларнинг дини диёнатли, матонатли, одоб-аҳлоқли бўлишлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг далили сифатида Қуръони каримда келтирилган: "Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик" (Каҳф сураси: 13-оят) ояти калимани келтиришимиз мумкин. Аллоҳ таоло яна бир сурада, ёш бўлишига қарамай жаннат аёлларининг саййидаларидан бири бўлиш даражасига эришган Марям онамиз (алайҳассалом) ҳақида ҳикоя қилади. Умуман, Қуръони каримда ёшлар ҳақида жуда кўп оятлар келтирилган. Жумладан, сарвари коинот Муҳаммад (с.а.в.): "Мен сизларга ёшлар ҳақида яхшиликни васият қиламан. Чунки, уларнинг қалблари нозикроқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мени покиза ва холис дин ила юборди. (Аммо аввалига), менга (баъзи) ёшлар (ҳам), шунингдек, яна (баъзи) қариялар (ҳам) мухолиф бўлишганди", дегандилар.

Агар биз Аллоҳ таоло буюрган, ўзига хуш келадиган амалларни сидқидилдан адо этсак, Аллоҳ таоло ҳам Ўзининг неъматлардан энг яхшисини бизга тортиқ қилади. Муҳаммад ибн Абу Бакр айтади: "Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Ҳар қандай муваффақият Аллоҳга итоат қилиш биландир. Ҳақиқий ҳаёт У зотнинг ризосидадир. Ҳақиқий неъмат эса У зотга яқин бўлишдадир".

Бугун юртимиз ёшларига кенг имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, эл-юрт, жамиятга манфаат келтирадиган инсонлар бўлиб камол топса, эзгу амалларни адо этса, шубҳасиз, Яратган ваъда қилган ажру савобларга, мартабаларга албатта, эришади. 

Шу маънода ёшларимиз Ватани, дини, ота-онаси ҳурмат қиладиган ва муносиб хизмат қиладиган комил инсон даражасида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Зотан, ёшларимиз жамиятимизнинг порлоқ эртасини, динимизнинг барқарор ва бардавом бўлишини таъминлайдиган давомчиларимиздир.

Аллоҳ таоло барча мўминлар, шу жумладан ёшларимиз қалбига эзгуликларни жо этсин. Ана шу эзгуликлар ва хайрли амалларимиз билан Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлиш барчамизга насиб этсин.

 Сарварбек ЙЎЛДОШЕВ,

 Асака туманидаги "Мирзо шариф" жоме масжиди имоми.

Андижон шаҳридаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси.

 

Дутор чалсам, дилим яйрар

иқтидорли ёшларимиз

Мамлакатимизда кейинги йилларда ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом, баркамол ва юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш масаласи, айниқса, ёшларнинг шахс сифатида шаклланиши билан боғлиқ жараёнларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, инсоннинг камол топишида маданий-маънавий тарбиянинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Айтиш жоизки, бу борада мусиқа, мусиқий тарбия муҳим аҳамият касб этади. Мусиқа кишининг гўзалликни ҳис этишига ёрдам беради, соф ва пок ҳис-туйғуларни тарбиялайди.

Халқимизнинг мусиқий мероси бой ва қадимий анъаналарга эга. Бу анъаналарнинг ранг-баранглиги фольклор ва мумтоз жанрларда янада яққолроқ намоён бўлади. Қолаверса, мумтоз куй ва қўшиқлар дилга яқин ва киши шуурига осон таъсир этиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Мусиқий тарбияда чолғу ижрочилиги, хусусан, миллий чолғуларимиз ҳам муҳим васита саналади. Миллий чолғуларимиз орасида эса қадим анъаналарни ўзида мужассам этган, халқ орасида кенг оммалашган ва ўзининг сеҳрли оҳанглари билан инсонларни мафтун этган созлардан бири - дутор алоҳида ўрин тутади.

Турли кўринишларга эга бўлса-да, дуторлар азалдан икки хил тарзда тайёрланади. Яъни, эркаклар ва аёлларга мўлжалланган дуторларга ажралади. Эркаклар дуторининг косаси каттароқ, дастаси эса узунроқ бўлади. Аёллар дуторлари аксинча, косаси кичикроқ ва дастаси ҳам нисбатан қисқа, аёлларга мос ҳолда, нозикроқ ясалади.

Мамлакатимизда биз ўқувчи ёшларга ўз истеъдод ва иқтидоримизни юзага чиқариш учун барча имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, бизнинг мусиқа мактабимизда ҳам мусиқа санъати, чолғу ижрочилиги сирларини пухта ўрганишимиз учун зарур барча шароитлар яратилган.  Берилган имконият, шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, бир гуруҳ тенгдошларим қатори мен ҳам дутор чалиш сирларини пухта ўрганиб бораяпман.

Мусиқа санъатига, хусусан, дутор чалишга болалигимдан меҳр қўйганман. Мусиқа мактабининг дутор тўгарагига қатнай бошлаганимда мусиқа ҳаётимда нечоғлик муҳим эканлигини, бу қизиқишим менга ўқишда, ҳаётда кўмак беришини англадим.  Очиғи, дуторимни қўлимга олсам дилим яйрайди. Қувноқ куйларни чалсам, кайфиятим кўтарилади. Айниқса, кайфиятим бузилган вақтларимда дуторимни қўлга олиб, ундан юпанч топаман.       

Менинг мақсадим, миллий чолғучилик бўйича пухта билим олиб, келажакда шу соҳанинг етук мутахассиси бўлиш, миллий саъатимизни дунёга ёйиш. Энг асосийси, Ватанимга, ота-онамга, устозларимга муносиб фарзанд бўлишдир.

 

Мохизарой ДАДАХЎЖАЕВА,

 

Андижон шаҳридаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси.

Маҳалламизнинг фахри эди

Маҳалламизнинг энг фаолларидан бири бўлган Муҳаббатхон опа Хожиматованинг тўсатдан вафот этиши, нафақат унииг яқинлари, балки Олчазор маҳалласи аҳлини, уни таниган барча итнсонларни чуқур қайғуга солди.

М. Хожиматова Гулистон қишлоғида туғилиб, ўсди. Мактабни тамомлаб, Намангандаги педагогика билим юртида таҳсил олди. Тумандаги қатор мактабгача таълим муассасаларида тарбиячи бўлиб ишлади, ёш авлодни келажакда билимли, зиёли инсонлар бўлиб етишишига ўз ҳиссасини қўшди.

Юртимизда фермер хўжаликлари ташкил этилган дастлабки йиллардаёқ опа оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, "Нўъмон ота" фермер хўжалигини ташкил этди.  М. Хожиматова ушбу хўжаликнинг раҳбари сифатида ҳам кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлди, давлатга пахта ва буғдой топшириш режаларини мунтазам  бажариб келди. 

Хожиматовалар оиласи кўп йиллар давомида маҳалладаги кам таъминланган оилаларга  моддий ва маънавий ёрдам кўрсатди. 1998 йилда ўтказилган "Намунали оила" кўрик-танловининг туман, вилоят босқичларида ғолиб бўлди, республика босқичида ҳам фахрли ўринни эгаллади.

Муҳаббатхон опа маҳалладаги жамоат ишларида ҳам ҳамиша фаол қатнашиб келган. Маҳалладаги яраштириш комиссияси аъзоси сифатида айрим нотинч оилалардаги муаммоларни ҳал этидахам фаол иштирок этган. 

Инсонга қанча яшаши билан эмас, балки унинг жамиятга, халққа қандай ёрдами текканлиги, унинг қилган хайрли ишларига қараб баҳо берилар экан. Муҳаббатхон опа қисқа, лекин мазмунли ҳаёт кечирди. У турмуш ўртоғи Исмонали ака билан 4 нафар қиз, 1 нафар ўғил тарбиялаб вояга етказишди. Бугун қизлари Гулшаной ва Гулчирой тиббиёт ходими, Гулчеҳра чевар, тадбиркор, Дилафруз ҳисобчи, Исроилжон эса "Ватанпарвар" ташкилотида меҳнат қилади.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Муҳаббатхон опани ёдга олар эканмиз,  кўплар ҳавас қилса арзийдиган бу аёлнинг ёрқин хотираси, уни таниган ва билган инсонлар, айниқса, маҳалладошлари хотирасидан асло ўчмайди. 

 

Минурахон ЖЎРАЕВА, Балиқчи тумани.

ҲАЁТИ ҲИКМАТ БЎЛГАН ҲИКМАТХОН МОМО

Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги Жалабек қишлоғида ўзининг 101 ёшини қаршилаётган Ҳикматхон момо Ибрагимова эл-юрт эъзозида яшамоқда. Табаррук онахон нафақат фарзанд ва набиралари, оиласи, балки бутун маҳалланинг кўрки. Каттаю кичик у кишини зиёрат қилишга, пурмаъно суҳбатларидан баҳраманд бўлишга, дуоларини олишга интилади. Хотира ва қадрлаш куни олдидан онахонни йўқлаб унинг хонадонига бордик. Сўзлари содда ва самимий онахон билан суҳбатлашсангиз, ҳаётнинг оддий ҳақиқатлари - ҳалол меҳнат, бағрикенглик ва шукроналик инсонни  муродга, эъзозу эҳтиромга етказишига яна бир бор амин бўласиз.

Момо ҳаёти давомида кўп қувончу ташвишларни бошидан ўтказганлиги, айниқса, болалик, ёшлик даврлари ғоят машаққатли кечганлигини, оила қуриб,  фар-зандли бўлганида эса машъум уруш бошланиб, оиласи, ҳамқишлоқлари ниҳоятда қийналиб ҳаёт кечирганлигини гапириб беради.

 - Ёшлик пайтларим жуда оғир кечган, - дейди Ҳикматхон момо ёшлик йилларини эслаб. - Чунки у пайтлар ниҳоятда оғир эди. Айниқса, 30-йиллардаги қаҳатчилик кўп инсонларнинг ёстиғини қуритган. Тенгқурларим -12-14 ёшли болалар катталар билан бир қаторда нимаики иш бўлса, бажаришга мажбур бўлганмиз. Ўн олти ёшимда турмушга чиқдим, Афсуски, турмуш ўртоғим билан бирга яшаш насиб этмади, фарзандларимни ёлғиз катта қилдим.

Иккинчи жаҳон уруши йилларини эсласам, кўзимга беихтиёр ёш келади. Одамлар қанчалар хор-сарсон бўлган, кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлашарди. Қанча йигитлар урушга кетиб қайтмади, қанча ёш аёллар бева қолди. Тўрт акамдан иккитаси урушга кетиб қайтмаган.

Уруш бошланганда қизим етти, ўғлим беш ёшда эди. Эрта тонгдан кеч оқшомгача далада нима иш бўлса қилар эдик. 1942 йилнинг баҳорида  хўжалигимизда трактор минадиган йигит ҳам урушга кетди. Ўшанда раиса опа келиб, менга трактор ҳайдашни ўргатди. Маълум муддат трактор ҳайдашимга ҳам тўғри келган.

1943 йилда ота-онамдан рухсат олиб, "Андижон-2" станцияси яқинида жойлашган фронтдан ярадор бўлиб қайтган аскарлар даволанадиган шифохонага ишга кирдим. Кундузи беморларга қарардик, кечқурун эса бир маҳалгача ҳарбий тайёргарликдан ўтардик. Чунки ўша ерда ишлаётган бир гуруҳ қиз-аёл фронтга юборишларини сўраб, ариза ёзган эдик.

Урушдан кейин Ҳикматхон момо жамоа хўжалигида звено бошлиғи, кейинчалик молия тизимида меҳнат қилди. Меҳнатсевар, ҳалол-поклиги, ташкилотчилиги билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топди.

Онахон икки фарзандини ёлғиз ўзи вояга етказди, эл-юрт қаторига қўшди. Бугун 15 нафар набира, 50 дан ортиқ чевара ва эваранинг бувижониси бўлган момони йўқлаб келгувчи қариндош-уруғ, маҳалла аҳли, меҳмонларнинг қадами унинг хонадонидан узилмайди.

- Яратганга беадад шукрлар бўлсин. Шундай тинч, дориломон кунларда яшаяпмиз, - дейди онахон. - Бу кунларнинг қадрига етиш керак. Умрим меҳнат билан ўтди, ҳалол меҳнат, кўнгил хотиржамлиги, бағрикенглик, одамларга яхшилик қилиш инсон умрини узун ва зийнатли қилади.

Дарҳақиқат, Ҳикматхон аянинг келинлари, қўни-қўшнилари, маҳалладошлари уни ниҳоятда дилкаш, меҳнаткаш бўлганлигини таъкидлашди.      

  - Ҳикматхон ая уйида жим ўтиришни ёқтирмасди, - дейди "Найзақайрағоч" маҳалласи фаолларидан бири Наргизахон Тошматова.  -  Нафақага чиққанидан кейин кўп йиллар маҳалла фаоли сифатида кўплаб тадбирларга бош-қош бўлди, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Ҳатто, тўқсон ёшга кирган пайтларида ҳам ҳовлисига ўсма экиб, қўшни аёлларга, қизларга улашиб юрарди.     

Қувонч-ташвишларга тўла ҳаёт йўллари, пурмаъно сўзлари билан юртдошларимизга ибрат бўлиб, бугунги эркин ва фаровон ҳаётимизга шукроналар айтиб, юртга тинчлик, тўкинлик тилаб дуода яшаётган Ҳикматхон момо сингари табаррук нуронийларимиз ҳар қанча эъзозу эҳтиромга муносибдир.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА.

Урушнинг номи ўчсин

Эски Тошмасжид нураб бораётган бўлса-да, тароватли, маҳобатли кўринарди. Масжид гумбази остида қандайдир сир яширингандай эди. Уруш даври қийинчиликларини эрта  англаган қишлоқ болалари илк баҳор кунларидан кеч кузгача шу ерда ўйнашарди.

...Тошмасжид ёнгинасидаги уйда яшайдиган жажжи Минаввархоннинг онаси уйида боғча очиб, болаларни ўз фарзандлари қатори тарбияларди. Фронтга кетган отасини соғиниб, мунгли кўзларини пирпиратиб, латтадан тайёрланган қўғирчоғига алла айтаётган қизалоқ тезроқ уруш тугашини, отаси соғ-омон уйига келишини истарди.

  - Ана шундай оғир дамларда онам ҳамиша бизга далда бўлган, - дейди бугун ўзининг 82 ёшини қарши олаётган Минаввархон ая Сотволдиева уруш даври хотираларини эслаб. Урушнинг номи ўчсин. Фарзандларимиз бундай қийин кунларни асло кўрмасин. 

 Минаввархон ая набиралари, маҳалла ёшларига хотираларини сўзлаб, бугунги тинч ҳаётимизга шукроналар келтиради.

  Уруш қийинчиликларини енгиб ўтган қизалоқ улғайиб, олти нафар дугонаси билан Фарғона давлат университетига ўқишга боради. Ўқишни муваффақиятли тамомлаб, физика-математика  муаллимаси бўлиб  қайтди, ўзи  ўқиган  Ойим қишлоғидаги 30-мактабда иш бошлади.

    - 1963 йили Иброҳимжон Тешабоевга турмушга чиқдим, дея сўзини давом эттиради онахон. Шукрки, у инсон билан чиройли, кўплар ибрат қилса арзийдиган ҳаёт кечирдик. Педагоглик фаолиятим ҳам жуда яхши ўтди, минглаб ёшларга таълим-тарбия бердим. Бугун шогирдларим, собиқ ўқувчиларимни кўриб, улар билан    фахрланаман.

Қарийб 55 йил аҳиллик билан бирга яшаб келаётган Иброҳимжон ота ва Минаввархон ая 6 нафар -  Баҳодир, Ойдиной, Дилшодбек, Шоҳидахон, Баҳромжон ва Шоҳистахон  исмли фарзандларини тарбиялаб, эл-юртга қўшдилар. Қўша қаришлик саодатига эришган отахон ва онахон бугун 20 нафар набира ва чеваранинг бобо ва бувиси бўлиб, уларнинг ардоғида ҳаёт кечирмоқда.

Иброҳимжон ота ва Минаввархон ая сингари пиру бадавлат кексаларимизнинг ҳаёти, фаолияти биз ёшлар учун ибрат мактабидир. Бахтимизга ана шундай дуогўй  кексаларимиз омон бўлсин.

 

Хамрохон  МАМАТҚУЛОВА,

 

 Жалақудуқ тумани.

ХОТИРА - МУҚАДДАС ТУЙFУ

 

Мамлакатимиздаги ҳар бир умумхалқ байрами ўз мазмун-моҳиятига кўра, халқнинг азалий анъана, урф-одат ва орзу-умидларини намоён этади. 1999 йилдан бошлаб нишонланиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни ҳам халқимизга хос қадриятларнинг ифодасидир. Бу кунда кимдир хотира майдонида урушдан қайтмаганларни эсласа, яна кимдир яқинлари, қариндошлар қабрини зиёрат қилади. Кимдир эса ота-онаси, табаррук бува ва бувиларини, маҳалласида ёлғиз яшаётган отахон, онахонлар ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини шод этади.

Ушбу байрам муносабати билан мактабимизда, ҳар бир синфда турли учрашувлар, хотира кечалари, тадбирлар бўлиб ўтди. Жумладан, 2-"г" синфда Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуфни хотирлаб "Ватан куйчиси" номли адабий - мусиқий тадбир ўтказилди.

Тадбир доирасида ўқувчилар шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида кенг маълумотларга эга бўлдилар. Тадбирда қатнашган ҳар бир ўқувчи шоирнинг Она Ватанни мадҳ этувчи  шеърларидан ёддан айтишди, шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқларни куйлашди.

Тадбир унда қатнашган барча ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.

Шоирнинг бетакрор шеърлари, қолаверса, унинг хотирасига бағишлаб ўтказилган  ушбу тадбир ўқувчилар қалбида Ватанга муҳаббат, адабиётга қизиқиш, инсон хотираси ҳамиша муқаддас эканлигини англаш туйғуларини янада  мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ватан куйчиси Муҳаммад Юсуф номи ҳамиша қалбимизда яшайди.

Дилфузахон ҳУСАНОВА,

 

Марҳамат туманидаги  41-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.