Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Қаҳрамонимиз Хадичахон болалигидан ички ишлар ходимаси бўлишни, форма кийишни орзу қиларди, шароит тақозоси билан у орзусига етиша олмади. Пешонасига косиб йигит билан турмуш қуриш ёзилган экан, Собиржон исмли қўли гул уста йигитга турмушга чиқди. Собиржон етти ёшидан бошлаб устози Турсунбой акадан пойабзал тикиш сирларини ўрганган эди. Устози ҳақида гап кетганда, одамлар "Турсунбой тиккан пойабзални эллик йил киясан" дея таъриф беришарди. Собиржон шундай устанинг шогирди эди.
Хадичахон рўзғор юмушларидан бўшаган пайтларида умр йўлдошининг ишларини аввалига шунчаки қизиқиш билан кузатиб юрди. Кейин қизиқишлар ҳавасга айланди. Ҳаваслар уни турмуш ўртоғига ёрдам беришга ундади. У ҳам кўп ўтмай, Собиржоннинг кўрсатмаси, ёрдами билан кийганда оёқда ярақлаб, ярашиб турадиган пишиқ-пухта пойабзаллар тика бошлади. Оилада бир-бирини тушуниб, қадрлаб яшаш яхши, эр-хотин бир ҳунарни эгаллаб, бир-бирига яқин маслакдош, елкадош бўлиб яшаш эса янада завқлидир. Собиржон ва Хадичахон кўплар ҳавас қилса арзийдиган оила соҳибу соҳибаси эди.
Юртимиз мустақилликка эришгач, тадбиркор ва ҳунармандларга кенг йўл очиб берилди. Собиржон ва Хадичахон ҳам берилган имкониятлардан оқилона фойдаландилар. Улар ўз дўконларини очишди. ўз харидорларини топишди. Улар тайёрлаган пойабзаллар қулайлиги, пишиқ ва бежиримлиги билан кўпчиликка манзур бўлди. Шу сабаб ҳам уларнинг маҳсулотлари энг харидоргир пойабзаллар қаторидан жой олди.
- Шу ҳунарнинг ортидан кам бўлмадик, - дейди Хадичахон. - Аввало, ҳалол меҳнатимиз одамларнинг "раҳмат"ига сазовор бўляпмиз. Ҳар бир пойабзални меҳр билан тикишга ҳаракат қиламан. Чунки харидор сотиб олган буюмидан рози бўлсин, шундагина ишингиз ривож, топганингизда барака бўларкан. Ҳунаримиз ортидан замонавий уйлар қурдик, тўйлар қилдик. Насиб қилса, бу йил келин тушираман.
Хадичахон турмуш ўртоғи Собиржоннинг вафотидан кейин бор масъулиятни зиммасига олди. Энди унга иш юритишда ўғиллари Озодбек ва Шерзодбеклар таянч бўлмоқдалар. Иккиси ҳам мактаб давридан бошлаб, пойабзал тикишни ўрганишган. Ҳозир улар дадасининг ишларини давом эттиришмоқда.
- Дадаларининг ҳар куни ҳар ишда ўрни билинади. Уларнинг яхши ниятлари кўп эди. Маҳалламиз марказидаги бўш турган жойга косибчилик цехи очиб, ёшларга ҳунар ўргатмоқчи эди, - дея сўзини давом эттирган Хадичахоннинг нигоҳларида ёш милтиллади. Аёлга далда беришга уриндим. Фарзандлари камолидан сўз очиб, кўнглини кўтардим.
Хадичахон айрим ёшларнинг беҳуда вақт сарфламай, ҳунар эгаллашлари, ўзлари тайёрлаган маҳсулотлари билан оилаларига даромад киритишларини астойдил истайди. Умр йўлдошининг армонларини рўёбга чиқариш, ҳунарли ёшлар сафини кенгайтириш учун астойдил меҳнат қилмоқда. Буюк аллома бобомиз ёзганидек:
2- Андижон округ сайлов комиссиясининг жорий йил 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш, участка сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Сайлов участкаларида "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонун ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг асосий тадбирлар дастурига мувофиқ, ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг ҳар томонлама пухта ва юқори савияда ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сайлов участкалари фаолияти белгиланган тартибда зарур жиҳозлар, техник восита ва услубий қўлланмалар билан таъминланди.
Андижон вилоятида ташкил этилган 773 сайлов участкасида 1 миллион 984 мингдан зиёд сайловчининг овоз бериши кутилмоқда. Айни пайтда сайлов участкалари комиссиялари шакллантирилди. Округ сайлов комиссияси қарори билан комиссиялар таркиби тасдиқланиб, матбуотда эълон қилинди.
Андижон шаҳридаги 24- умумтаълим мактабида жойлашган 37- сайлов участкасида 3 мингга яқин фуқаро ўз ҳуқуқидан эмин-эркин фойдаланиши учун барча шароит яратилмоқда.
- Сайловда иштирок этувчи фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг овоз бериши учун зарур шароит ва қулайликлар яратилмоқда, - дейди 37-участка сайлов комиссияси раиси Нортожи Эралиева. - Шу кунларда участка ҳудудида сайловчиларнинг сайлов қонунчилиги борасидаги билимини ошириш, уларга сайловга оид маълумотларни етказишга бағишланган тадбирлар ташкил этилмоқда.
(44-сон, 2016 й. 4 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни)
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан хотин-қизларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштироки масалаларига бағишланган республика семинари бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Баситхонова олиб борган тадбирда вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича тузилган 2-Андижон округ сайлов комиссияси аъзолари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, "Олима аёл" уюшмаси, "Оила" илмий-амалий маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари масъул ходимлари, бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда хотин-қизларнинг сайловларда фаол иштирокини таъминлаш, сайлов қонунчилигидаги муҳим ўзгаришлар, сайловга тайёргарлик ҳамда сайлов жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли мавзуларида маърузалар тингланди. Шундан сўнг мазкур йўналишдаги ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
- Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Андижон вилоятида ҳам қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Бўлажак сайловда ташкил этилган вилоятдаги 773 сайлов участкасида 1 миллион 984 минг нафардан зиёд сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг 51 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бугунги кунда меҳнат жамоалари, таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларида муҳим сиёсий жараёнда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Семинарда Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016 йил 7 октябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури ижросини таъминлаш, жумладан, аҳолининг истиқлол йилларида яратилган миллий сайлов тизими тўғрисидаги билим ва кўникмаларини янада оширишга қаратилган кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги, вилоятдаги участка сайлов комиссиялари аъзоларининг салмоқли қисмини ҳам хотин-қизлар ташкил этганлиги умуман, вилоятимиз хотин-қизларининг сайловда фаол иштирок этишлари бўйича зарур барча ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
- Юртимиз истиқболи, эртанги ёруғ кунини таъминлашда муҳим тадбир - Ўзекистон Республикаси Президенти сайловида вилоятимиз хотин-қизлари фаол иштирок этади, - дейди Хўжаобод туманидаги Бирлашган қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Тожбархон Йўлдошева. - Чунки фуқароларимиз, айниқса, опа-сингилларимиз сайловнинг аҳамияти, унинг ҳаётимиз учун нечоғлик муҳим тадбир эканлигини яхши англайдилар. Етакчи ва фаолларимиз томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари эса уларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини янада бойитишга хизмат қилмоқда.
Семинарда, шунингдек, сайлов участкаларида сайловчиларнинг овоз бериши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тиббиёт, оналар ва болалар хоналарини ташкил этиш, сайловларда биринчи бор иштирок этаётган ёшларнинг билим ва тушунчаларини бойитиш сингари қатор масалалар юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Онлайн семинардан сўнг вилоят хотин-қизлар қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда хотин-қизлар қўмиталарининг корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлари ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик доирасида ўтказиладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқиш, сайловга тайёргарлик жараёнида хотин-қизлар ўртасида тарғибот ишларини самарали ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан зарур вазифалар белгилаб олинди.
Нурота тоғ тизмаларидаги қоялар ичида бир қоя бор, номи Қизилқоя. Бу қоя бошқа қоялардан ниҳоятда тик ва ваҳимали эканлиги билан ажралиб туради. Бир афсонага кўра, бир қиз ўзини ана шу қоя устида ташлаган, тошга келиб урилган ва ўша жойнинг ўзидаёқ жон берган экан. Унинг қонидан тош алвон рангга бўялган ва бу қўрқинчли қоя Қизилқоя номини олган экан... Айтишларича, қоядаги тош ҳамон қизил рангда эмиш.
Вали билан Одилнинг орасида икки ёш фарқ бўлса ҳам жуда қалин ўртоқ бўлиб кетишган. Эндигина ўн олти-ўн етти ёшлардаги бу йигитчаларни унча-мунча хавф чўчитолмас эди. Улар ҳар куни тоғда тонг отишини қўйларини ўтлатиб қўйиб томоша қилардилар. Тоғнинг энг баланд ерига чиқиб ўтиришни хуш кўрардилар. Бу ерда атроф кафтдек намоён бўларди, сурувни назорат қилиш ҳам анча қулай.
Бир куни Вали бир гап топиб келди.
- Одил, Одил! Бургутнинг полапонини катта пулга сотиш мумкин экан!
- Сен қаёқдан била қолдинг? - ҳар доимгидай бепарво сўради Одил.
- Қўшни қишлоқдаги Асқар борку, ўшандан эшитдим. Уларнинг қишлоғига бир одам келиб, кимда ким бургутнинг боаласидан топиб берса, анчагина пул беришини айтибди.
- Бўлмаган гап, алдаган. Сен шу гапга ишондингми?
- Нега ишонмай... Ахир юз минг кичкина пул эмас!
- Тоққа чиқиб бургутнинг боласини олиш ҳам осон иш эмас-да. Осон бўлганда, сенга пул бериб ўтирмасдан ўзи чиқиб олган бўларди ўша бойвачча, - қўл силтади Одил.
Аммо анча шўх ва чаққон бўлган Валини бу таклиф қизиқтириб қўйганди. Шундан ҳар куни гап мавзусини шу томонга буришга ҳаракат қиларди.
- Биз ҳам уриниб кўрмаймизми? - деди ичига сиғмай бир куни Вали.
- Мен қўқмайман, йўқ дема омадимизни синаб кўрайлик!
Улар узоқ тортишишди, охири Вали аразлаб кетиб қолди. Одил фитратан ўта виждонли бўлгани учун дўстининг кўнглига йўл топиш илинжида унинг ортидан юрди. Узоқ ўйланиб дудуқланганича розилигини айтди. Вали уни қучоқлаб олди. Аммо Одилнинг кўнгли нимадандир қаттиқ безовта эди...
* * *
Икки ўртоқ сурув бир соя жойга дам олиш учун чўккалаган пайти секин қояга сари кўтарилишди. Баландликка чиқишгани сайин юракларидаги қўрқув кучаяётганидан иккисининг ҳам ранги кесак тусига кириб борарди.
- Одил, нима бўлса ҳам бир-биримизнинг қўлимизни қўйиб юбормаслигимиз керак, - деди Вали нафаси тиқилиб. Бироқ қоя ниҳоятда тик бўлганидан қўл билан ушлаш учун ҳам оёқ қўйиш учун ҳам қулай ер йўқ эди. Улар қоянинг ярмига етмасидан анча толиқиб қолишди. Қулайроқ ерга ўрнашиб бир муддат тин олишга келишишди.
- Мен бу ишни шунчалар қийин деб ўйламагандим, - ҳансираганча бош чайқади Вали.
- Хали бу холва, ишнинг қийини олдинда турибдику! - деди ҳамиша мулоҳаза билан иш юритишга ўрганган Одил. - Халиям бўлса ортга қайтганимиз маъқул. Хали замон она бургут овдан қайтиб қолиши мумкин...
Аммо Вали кўнмади. Фикридан қайтиб қолмаслиги учун ошнасини юришга қистади. Қоянинг энг баланд чўққисини забт қилишларига озгина қолганда, бирдан қулоқларига жуда хунук товуш эшитилди. Икки ўртоқ турган жойларида қулоқларини динг қилганча тек қотишди. Овоз жуда хунук бўлиб, яна такрорланди. Уларда товуш эгасини кўриш иштиёқи ортди. Вали шошганидан қалтисроқ ҳаракат қилиб юбордими, оёқлари сирпаниб тушиб кетишига бир баҳя қолди. Одилнинг чайир қўллари уни нақд ҳалокатдан асраб қолди.
Ниҳоят, Қизилқоя забт қилинишига бир қадамгина қолди. Бургут деган жонивор тоғнинг энг баланд ерини макон тутаркан-да! Икковлари ҳам кўзларига ишонмасдилар. қоя устидаги уяда бир жуфт хали пати чиқиб улгурмаган жиш-полапон оғзини катта-катта очганча ўткир кўзларини атрофга тикиб ўтирарди. Бир пайт улар қаттиқ ва жуда хунук овозда сайрай бошлашди. Одам ҳидини сезишдими, анча безовталаниб қолишди. Полапонлар кетма-кет ваҳимали чинқира бошлашди. Йигитчалар довдираб қолишди. Улар озгина хатога йўл қўйишса, бургут ови барбод бўлишини, ҳатто ҳаёт ўрнини мамот эгаллаши мумкинлигига ақллари етиб улгурганди. Вали Одилга қўлидан маҳкамроқ тутишини айтиб, ўзи полапонлар томон чўзилди. Бу пайтда полапонларнинг фарёди атрофни тутиб кетганди. Вали чаққонлик билан инга қўлини чўзди. Полапонларнинг қийиллашларига эътибор ҳам бермай, улардан бирини олиб, Одилга узатди. Иккинчисини олишга интилди. Қўлларида иккинчи полапоннинг ҳам юлқиниб турганини кўрган Вали завқланди.
Шу пайт қаердандир пайдо бўлган она бургут қаттиқ чинқирганча Валига ташланди. Одил дўстини бургутнинг чангалидан қутқармоқ учун Валини ушлаб турган қўлларини тортиб олдию, қушни ҳайдамоқчи бўлди. Аммо бургут бу гал Одилга чанг солди. Шунда унинг оёқлари сирпаниб кетди ва пастликка қараб қушдек учиб туша бошлади. Қизилқояда яна бир тош қонга бўялди...
* * *
Вали бошлаб келган яқинлари кўз олдиларидаги даҳшатли манзарадан тошдек қотишди. Қизилқоянинг этагига туташ жарлик ёқасида бошдан-оёқ қип-қизил қонга беланган кимса ётарди. Не ҳайратки, шунча юксакликдан учиб тушган одамнинг юраги ҳамон урарди! Одил чала-ярим очиқ кўзларини атрофидагиларга бемажол тикди. Нигоҳлари ғира-шира кўринаётган яқинлари орасидан бир чеҳрани таниди: онаизори эди у! Муштипар аёл фарёд урганча жигарпорасига талпинди: "Болам, бола-а-а-м!!!" ўзини онаизорининг бағрида кўрган Одил сўнгги бор нигоҳларини осмонга тикди. Осмоннинг бағрини яна бир фарёд тилиб ўтди. Бу жагарбандларидан айрилиб, осмону фалакда чарх ураётган она бургутнинг фарёди эди!..
"POWER WOMAN - 2016": ЙИЛНИНГ ЭНГ НУФУЗЛИ АЁЛЛАРИ РЕЙТИНГИ
(43- сон, 2016 й.) Дунё машҳуралари
Жорий йил июнь ойида Forbes журнали дунёнинг энг нуфузли аёллари рейтингини эълон қилди. Журналнинг талқинига кўра, 2016 йилда ҳам рейтингни Германия канцлери Ангела Меркель бошқарди. Шуни таъкидлаш лозимки, канцлер хоним олтинчи маротаба кучли ўнликка етакчилик қилмоқда ҳамда унинг номи бутун рейтинг тарихида 11- маротаба эслатилмоқда.
Иккинчи ўринда АҚШнинг собиқ давлат котиби ва айни кунда мазкур мамлакат президентлигига Демократлар партиясидан кўрсатилган номзод Хиллари Клинтон турибди. Учинчи ўринни яна бир америкалик хоним - АҚШ Федерал заҳира тизими (АҚШ Марказий банки) раҳбари Жанет Йеллен забт этган.
Кучли ўнликка шунингдек, Bill & Melinda Gates Foundation ҳайрия жамғармасининг ҳамраиси, миллиардер Билл Гейтснинг рафиқаси Мелинда Гейтс (тўртинчи ўрин), дунёдаги энг йирик автоконцернлардан бири бўлган General Motors компанияси реклама директори Мери Барра (бешинчи ўрин), Халқаро валюта фонди раҳбари Кристин Лагард (олтинчи ўрин), Facebook директори Шерил Сандберг (еттинчи ўрин), YouTube видеохостинги бош директори Сьюзен Войчицки (саккизинчи ўрин), Hewlett Packard Enterprise компанияси раҳбари Маргарет Уитмен (тўққизинчи ўрин) ва Santander Group молия-кредит гуруҳи директорлар кенгаши раҳбари Анна Патрисия Ботин (ўнинчи ўрин) киритилган.
2016 йилдаги Power Woman рейтинги дунёдаги 29 мамлакатнинг 100 нафар машҳур аёлларидан иборат бўлиб, уларнинг 32 нафари корпорациялар, 12 нафари давлатлар ва ҳукуматларнинг раҳбаридир.
Дастлабки 11 нафар иштирокчининг молиявий ҳолати 1 млрд. АҚШ долларини, рейтингдаги барча иштирокчиларнинг молиявий ҳолати эса уч триллион долларни ташкил қилиб, мазкур хонимлар бутун дунёдаги 3,6 млрд. инсоннинг ҳаётида муҳим ўрин тутадилар.
Forbes журнали талқинига кўра, эълон қилинган рейтинг иштирокчиларининг ўртача ёши 57 ёшни ташкил этади. Энг ёш иштирокчи Yahoo нинг ижрочи директори 41 ёшли Марисса Майер бўлса, энг ёши улуғи Буюк Британиянинг 90 ёшли қироличаси Елизавета II ҳисобланади.
Рейтингдаги 100 ўриннинг 51 таси америкаликлардан иборат бўлса, хитойлик хонимлар, гонконгликларни ҳам қўшганда 9 аёл иштирокчи билан иккинчи ўринда турибдилар. АҚШнинг биринчи хоними, президент Барак Обаманинг рафиқаси Мишель Обама рўйхатнинг 13 поғонасини забт этган бўлса, рейтингдаги Хитой давлатининг машҳур вакилалари сифатида Alibaba интернет-гиганти ижрочи директори Люси Пэн ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Маргарет Чанларни айтиш мумкин.
Рейтингга Буюк Британия вакилалари сифатида қиролича Елизавета II, Англия Банки раисининг ўринбосари Неъмат Шафиқ, Guardian газетаси муҳаррири Кэтрин Вайнер, Шотландия бош вазири Никола Стерджен, Economist журнали муҳаррири Занни Минтон Беддос ҳамда тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кўплаб ҳайрия тадбирларини амалга оширувчи дунёдаги йирик жамғарма-ташкилотлардан бири Wellcome Trust нинг раҳбари Элиза Мэннингем-Буллер киритилди.
Рейтингдаги 56-ўринни Россия давлатининг 2014 йилдан буён ягона вакиласи - Россия Марказий банки раҳбари Эльвира Набиуллина эгаллаган бўлиб, у 2015 йил рейтингида 71-ўринда эди.
Дунёнинг энг нуфузли 100 нафар аёли рўйхатига шу йилнинг май ойида импичмент туфайли вазифасидан кетган Бразилия собиқ президенти Дильма Руссефф, Аргентинанинг собиқ президенти Кристина Киршнер ҳамда Theranos биотехнологиялар компанияснинг асосчиси, ўтган йилда Американинг энг ёш ва бой хоними сифатида эътироф этилган Элизабет Холмс ҳам кирмаган. У 2015 йил рейтингида 72-ўринни забт этган эди.
2016 йилда Forbes журнали рейтингга кўпроқ сиёсат соҳасида фаолият юритаётган, миллий ва дунё миқёсида ўз таъсирига эга бўлган аёлларни киритишга ҳаракат қилган. Шу боисдан ҳам бу йилги рейтингни қўшиқчи Тейлор Свифт, актрисалар Анжелина Жоли ва Эмилия Кларк , телебошловчи Эллен ДеДженерес тарк этган.
Рейтингга эса янги 20 нафар аёлнинг номи киритилди. Уларнинг еттитаси давлат етакчилари, бештаси компанияларнинг бош директорлари, иккитаси миллиардер ва учтаси АҚШ Олий судининг вакиллари саналади.
Ўлкамизга куз келди, дарахтлар олтинранг япроқларини тўка бошлади. Кўз илғамас кенг далаларда эса халқимизнинг ризқ-рўзи "оқ олтин" чаман бўлиб очилди. Бободеҳқоннинг эрта баҳордан бошлаган заҳматли меҳнатлари маҳсули бўлган оппоқ, момиқ пахталарни кўрган ҳар қандай кишининг дили яйрайди.
Мана шундай тароватли кунларда ҳар тонг маҳалланинг қиз-аёллари дала томон ошиқишади. Улар далаларда қийғос очилган пахталарни териб, хирмонга топширишади. Кун қорайгач эса юзларида табассум, мамнунлик билан уйларига қайтишади, меҳнатларидан роҳатланишади.
Тўртинчи синфда ўқиётган Ёдгорнинг онаси ҳам ана шу аёллар қаторида далага боради. Далага кетиш олдидан Ёдгорга мактабга боргунча нима ишлар қилиши кераклигини уқтиради. Лекин Ёдгор онасининг айтганларини ҳечам қилмайди, турли баҳоналарни айтади. Шундай бўлса-да, даладан яхши кайфият билан қайтган онаси уни асло койимайди. Шунда Ёдгор онам пахта тергани бориб, мазза қилиб дам олиб келса керак, деб ўйлайди.
...Дам олиш кунида Ёдгор далага онаси билан боришга қарор қилди. Далада ҳамма пахта теримига шўнғиб кетди. Кун исий бошлагач, Ёдгор чанқади, онасига ёрдам бериб чарчади. У салқин шийпонга чиқиб кетди. У ерда пахта қуритаётган Холиқ ака билан суҳбатлашиб, ундан сўради:
- Амаки, пахта териш осон эмас экану онам асло чарчаганини билдирмайди. Яхши кайфиятда уйга боради, яна уй ишларини қилишга ҳам улгиради?
Ёдгорнинг саволларига Холиқ ака жилмайиб жавоб берди: - Ҳалол меҳнатдан одам чарчамайди. Аксинча ҳалол меҳнатнинг меваси сенга роҳат багишлайди. Бунинг учун дангаса бўлмасдан меҳнат қилиш керак, деди.
Бу гаплардан Ёдгор ноқулай аҳволга тушди. Дангасалигидан уялиб, онасига кўмаклашиш учун дала томон йўл олди.
ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ: ННТЛАР ФАОЛИЯТИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА
(43- сон, 2016 й. Демократик ислоҳотлар)
Истиқлол йилларида мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик ва фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қабул қилинган қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар юртимизда аҳоли ўртасида ҳуқуқий таълим борасидаги ишлар тарғиботини, юртдошларимизнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини янада ошириш имконини берди.
Демократик давлат қуришда кучли, эркин ва ривожланган фуқаролик жамиятини шакллантириш муҳим ўрин тутади. Нодавлат нотижорат ташкилотлар эса фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисмидир. Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларида уларнинг иштироки ва фаоллиги ортиб бормоқда. Айнан нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишда фаоллик кўрсатмоқда, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ёрдам бермоқда, давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда.
2014 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ижтимоий шериклик тўғрисида"ги қонуннинг 12- моддасида ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш турлари сифатида ННТларга ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмалари бериш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ тартиблар белгиланган. 2015 йилнинг сентябрь ойида Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўртасида давлат ижтимоий буюртмасини бажариш бўйича шартнома имзоланган. Шартномада Фонд билан ҳамкорликда "Турли аҳоли қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда ННТлар иштирокини фаоллаштиришга кўмаклашиш" номли лойиҳани амалга оширишга, лойиҳа доирасида қатор ишларни бажариш, тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш керакки, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига ҳам қатор вазифалар қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонунининг 25- моддасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ННТлар фаолиятига даҳлдор қонунларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг, юқори турувчи органлар ва тегишли халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари ижросини ташкил этиши лозимлиги қайд этилган. Бу нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш юзасидан тегишли ишларни ҳам қамраб олган бўлиб, давлат уларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, ижтимоий ҳаётдаги жараёнларда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.
Адлия бошқармалари ҳу-қуқий шакли ҳамда фаолият йўналишидан қатъи назар барча нодавлат нотижорат ташкилотлари билан жамият манфаатларидан келиб чиқиб ҳамкорлик қилади. Бу борада айрим йўналишлар бўйича Адлия вазирлиги ҳамда йирик нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаган.
Асосий мақсадимиз, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин иш олиб боришлари ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, ижтимоий шериклик муносабатлари механизмини такомиллаштиришдан иборат.
Жўрабек МАҚСУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқармаси катта маслаҳатчиси.
Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди.
Тилимизнинг ривожи ва тараққиёти билан боғлиқ ушбу ўзгариш энг аввало, имло луғатимизда ўз ифодасини топди. Кундалик хаётимизда халқ оғзаки ижоди, шу жумладан, лахча, шева ва бадиий асарларда қўлланиладиган, аммо ўзбек тилида ўз ўрнини топа олмай юрган кўплаб сўзлар имло луғатига киритилди.
Дунёга келган ҳар бир бола келажакда комил инсон бўлиб етишиши учун кўп нарсаларни билиши керак. Хусусан, у зарурий билимларни эгаллаши, тушуниб етиши, кўриши, эшитиши ва ҳис қилиши учун ўзгалар билан тил орқали мулоқотга киришади. Агар инсонлар ўртасида тил, сўзлашиш, мулоқот йўқ бўлиб, одамлар тилнинг сеҳридан баҳраманд бўлмаганида эди, бугунги кунда инсоният онгсиз мавжудот сифатида яшаб келаётган, маънавий қашшоқ ва тараққиётга эришмаган шахс сифатида шаклланган бўларди.
Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.
Андижон давлат тиббиёт институтида "Ижтимоий шериклик - тинчлик, осойишталик ва барқарор ривожланиш манбаи" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий-гуманитар соҳалардаги долзарб минтақавий вазифаларни ҳал этишда давлат бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатлаини мустаҳкамлаш, ижтимоий шериклик субъектларига ҳуқуқий-ахборот ва услубий кўмак кўрсатиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Тадбирда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар, хусусан, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш сингари қатор йўналишлар ҳамда бошқа ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни бажаришдаги муҳим вазифаларни самарали амалга ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари фаоллигини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Жамоат фондининг эълон қилинган грант танловлари ғолибларига сертификатлар топширилди.
Якунда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш, уларнинг ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлиги таъкидланиб, ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ф.ОТАХОНОВ, Б.ЮСУПОВ,
ФЖШМҚМИ Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари.