+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

АЛДАНГАН КЎНГИЛ

(46- сон, 2016й. турмуш чорраҳаларида)

Мен уни ёқтириб қолдим. У жуда келишган ва кўркам йигит эди. Аслида у билан шундай танишган эдик.

Қиш фаслининг иккинчи ойи. Қор эрталабдан тинмай ёғарди. Кечга томон ишдан қайтардим. Болалар ҳаво совуқ бўлишига қарамай, бири яхмалак учар, бошқалари қорбўрон ўйнар, баъзилари қорбобо ясаш билан овора эдилар. Бир пайт қорбўрон ўйнаётган болаларнинг кўзи менга тушиб, хурсанд бўлиб кетишди. Ўзаро баҳсларини унутишиб, менга қор отиш ниятида йўлимни пойлаб туришарди. Уларга олазарак қараб қўйдим. Барибир ўз фикрларидан қайтишмади. Улар томонга яқинлашишим билан мени мўлжалга олишди. Отилган  қор парчаларининг бири қўлимга, бири этагимга тегди. Шунда орқадан ғизиллаб келаётган "Нексия" автомашинаси ёнимга келиб тўхтади ва ундан хушбичим бир йигит тушди.

- Ҳой-ҳой, бу нимаси, болалар? Ўзларингдан катта опангга қор отгани уялмайсизларми? Яхши эмас - у тўпалончи болаларга қараб бақирди, болалар тарқаб кетишди. Мен эса унга маҳлиё бўлиб қараб қолгандим. Шу пайтгача бирон йигитни кўрганимда, юргим бу қадар тез-тез урмаган эди. Йигит менга қараб:

-    Кечга қолиб кетибсизми, синглим, ишдан қайтяпсизми дейман?

-    Ҳа...

- Шаҳарга кетаётган бўлсангиз машинага ўтиринг, обориб қўяман. Барибир мен ҳам ўша томонга кетаяпман.

-    Йўқ, раҳмат ўзим ҳам кетавераман.

- Дарров хаёлингизга ҳар хил фикрлар келиб юрмасин. Уйингизга кечга қолманг, дейман-да.

-    Нега ундай дейсиз. Хаёлимга ҳеч нарса келгани йўқ.

-    Унда ўтиринг.

Йигит билан танишишни истаб, ўзим ҳам машинага қандай чиқиб олганимни сезмай қолдим. Хуллас, йўл-йўлакай манзилга етгунча гаплашиб кетдик. У бирор ёрдам керак бўлиб қолса, деб телефон рақамини қўлимга тутқазди.

... Шу-шу йигит билан ўртамизда яқин муносабат пайдо бўлиб, учрашиб турадиган бўлдик. Кўпинча у ишдан қайтишимни кутар, ҳар учрашганимизда турли совғалар ҳадя қилар, агар рад қилсам хафа бўлишини айтиб, қўлимга  тутқазарди. Орадан ойлар ўтди. Ўртамиздаги дўстлик муҳаббатга айланиб улгурганди. Яқин муносабатларимиздан сархуш эдик. Бундай ҳиссиётли кунлар узоқ чўзилмади, кейинги пайтларда у ўзгариб қолди. Менга бўлган муносабати ҳам ўзгарди. Бир куни иш юзасидан узоқ сафарга кетаётганини айтиб, хайрлашди.  Хижронларга тўла бир ой ўтди ҳамки ундан дарак бўлмади. Ҳавотирланиб ишхонасига қўнғироқ қилдим. Телефон банд эди. Рақамни қайта-қайта теравердим. Тасодифан уланиб қолдим, гаплашаётганларнинг овози аниқ-тиниқ эшитилар эди. Менга таниш бўлган ўша қадрдон овоз...

- Кел, бугун учраша қолайлик!

- Ахир бугун вақтим йўқ дедим-ку - иккинчи томондан қизнинг эркаланган  овози яққол эшитилиб турарди.

-    Бўлмасам эртага учрашамиз. Ўша эски учрашув жойида, бўладими?

-    Ҳа майли розиман, энди гўшакни қўярсиз.

-    Тўхта бироз гаплашайлик зерикиб кетдим. Сени жуда соғиндим.

Бу суҳбатни эшитиб тўғриси ҳайкалдек қотиб қолдим. Наҳотки, бу унинг овози эди. Менга ҳам айнан шу сўзларни такрор-такрор айтган эди, бевафо. Уларнинг суҳбатини қўлларим қалтираганча эшитишда давом этдим:

-    Алдаманг, яна нечта қизга севги изҳор қилгансиз?

- Сендан бошқасига севги изҳор қилмаганман. Тўғри, бир-иккитаси билан гаплашиб юрганман. Бироқ улар сенга ўхшамайди. Сен бошқачасан.

- Уларни ҳам мени олиб борган жойга олиб борган бўсангиз керак.

- Ҳа, бир қиз билан оз вақт гаплашиб юрганман. Лекин у билан ўртамизда севги бўлмаган. Кўришмай қўйганман.

- Бечора қиз, кўнглини вайрон қилибсизда?!

- Қўйсангчи, қанақа кўнгил. Менга фақат сен ёқасан.

... Ортиқ чидай олмадим. Қўлларим бўшашиб, гўшак тушиб кетди. Уларнинг суҳбатини эшитганимни ҳатто сезмади ҳам. Мен нодон уни кутиб юрибман-а. Энди нима қиламан? Усиз ҳаёт ҳаётми? Уни чин дилдан севиб қолганимни, ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Кўзларимга дунё қоронғу бўлиб кўринди. Шу қадар тушкун ҳолатда қолдим, ҳаётимда мазмун қолмагандай эди.

... Бундай ҳолатда қанча турганимни билмайман. Бир вақт ўзимга келдим. Иккиюзламачи, севгини ўйинчоқ билгувчи у инсондан нафратландим. Ана шундай қабиҳ инсонни ёқтириб қолганимдан ўзим уялиб кетдим. Унинг учун қиз боланинг кўнгли ҳеч қандай қадр-қийматга эга эмас, муҳаббат эса кўнгилхушлик экан. Шуларни ўйлаб ўзимга ўзим сўз бердим. Бевафо, мен шундай яшайки, у вақти келиб меҳримга зор бўлсин. бахтимга ҳавас қилсин.

Номард бугун сен қизларни қўғирчоқ қилиб ўйнаяпсан. Бир кун келиб тақдир сенинг ҳам устингдан кулади. Ўшанда ёнингдан ғурур билан ўтаман.

Бошимдан ўтказган ана шу воқеалардан хулоса қилиб, тенгдош дугоналаримга шуни айтган бўлардимки, севги тилда эмас дилда бўлсин экан, уни асраб-авайлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермас экан. Қизлар, кўнглингизни эҳтиёт қилинг, бевафоларга алданиб қолманг.

 Салима РУСТАМОВА, Шаҳрихон тумани.

ШУКРОНА ЁМFИРИ

(46- сон, 2016й. Жаҳон адабиёти)

Али ТУТҚУН, турк адиби.

ҳикоя

Ҳамманинг ишдан қайтадиган вақти бўлгани боис, йўллар тирбанд эди. Аҳмад кўп ўтмай, маршруткалар турадиган жойга етиб олди.

Маршруткалар тураргоҳининг бир чеккасида бир балиқчи бақирарди: "Кеп қолинг, балиқ беш минг лира бўлди, беш минг лирага балиқ бераман". Аҳмад кечки овқатга балиқ ейиш ҳақида ўйлаб қолди. Рафиқаси билан қизи балиқ ейишни ёқтиришарди. Очиғини айтганда, унинг ўзи ҳам оиласи даврасида балиқ зиёфатини ташкил этишни хуш кўрарди.

-    Ука, балиғингдан бир кило бер. - Балиқчи унга қараб:

-    Ака бир ярим кило берсам бўлмайдими? - деди. Аҳмад унга қараб кулди:

-    Пулим камроқ эди-да.

Балиқчи харидорни ортиқ саволга тутиб ўтирмай, "Жонингиз соғ бўлсин", деганча балиқлардан бир кило тортишга киришди. Шу пайт уларнинг ёнига ёши каттароқ онахон келди. Онахон эгнига эски-туски кийим кийиб олганди.

-    Болам, менга ҳам балиқ олиб беролмайсанми?

-    Олиб бераман, холажон, - дея Аҳмад балиқчига юзланди. - Уч кило тортинг. Менга бир кило, холага икки кило.

Балиқчи балиқларни пакетга жойлаётганда Аҳмад онахондан:

-    Хола, нонингиз борми? - дея сўради. Онахон жимгина ерга қаради. Кейин эшитилар-эшитилмас: - Ноним йўқ, болам, - деди.

-    Шу ерда тура туринг, мен ҳозир, - деганча У тирбанд машиналар орасидан бир амаллаб ўтиб, йўлнинг нариги томонидаги дўконга кирди-да, тўртта нон билан ортга қайтди. Сўнгра нон билан балиқларни онахонга тутқазди.

-    Яна бирор нарса керакмасми, тортинмай айтаверинг...

Онахон неча йиллардан буён кийилганидан адо бўлаёзган пальтосининг чўнтагига қўлини суқиб, Аҳмаднинг кўзларига боқди.  У нималардир демоқчи бўлардию ийманарди. Қўлидаги нарсани шунча  марҳамат кўрсатган йигитга "кўрсатсамми-йўқми" дея иккиланарди. Онахоннинг ич-ичидан эзилаётганини сезган Аҳмад жилмайганча деди:

-    Қўлингизда нима бор, холажон, қани кўрай-чи?

Онахон чўнтагидан бир дори шишасини чиқарди.

-    Болам, икки ойдан буён мана шу кўз томчиларини ололмаяпман.

-    Қани беринг-чи, - дея Аҳмад онахоннинг қўлидаги дори шишасини олди ва "мен ҳозир" деганча дорихона томон ошиқди.

Буларнинг барчасини кузатиб турган балиқчи шошиб қолганди. Бир томондан фахрланса, иккинчи томондан ўзидан уяла бошлади. У пештахтасида доимо бўш турадиган стулни келтириб, онахонни ўтиришга таклиф қилди. Онахон миннатдорчилик билдирганча стулга ўтирди. Аҳмад дорихонага кириб сотувчига деди:

-    Сизларда мана бу доридан борми?

-    Ҳа, бор, - деди сотувчи ва пештахтада турган ўша доридан олиб, Аҳмадга тутқазди. Аҳмад кўчанинг нариги томонида онахоннинг стулда ўтирганини кўриб, бу гал югуриб ўтирмади. Ичида "Барака топ, юртдошим" дея балиқчини дуо қилди.

Аҳмад дорини онахонга тутқазаркан, бу сафар "Яна нима олиб берай" демасдан, чўнтагида бор пулни кампирга берди ва унинг қўлларидан ўпди. Сўнгра онахонни уйига элтадиган автобусга ўтирғизди. Кампир уни узундан-узун дуо қилаётиб, кўзларига ёш олди. Онахон йиғласа-да, унинг мамнунлигини сезиш қийин эмасди.

Автобус жойидан қўзғалгач, Аҳмаднинг кўзи унга қараб турган балиқчига тушди. Онахоннинг ташвиши билан бўлиб, балиқчининг пулини беришни унутганди. Балиқчи буни пайқаган шекилли, жилмайганча:

-  Майли, ака, иккингизга ҳам ош бўлсин, мен розиман, - деди.

Улар бир-бирига хайрли оқшом тилаб, айрилдилар. Аҳмад бекат томон бир-икки қадам ташлаб, жойида қотиб қолди. Чўнтагида на уйга бориш учун, на нон сотиб олиш учун пул қолганди. Ўйланиб туриб, борига шукр қилди. Уйигача  пиёда ярим соатлик йўл эди. Кутилмаганда ёмғир томчилай бошлади. Аста қадамлар ёмғир шиддат олган сайин тезлашди. Аҳмад бир четдаги телефон буткасига кириб олди ва таниш рақамларни терди. Гўшакни қизалоғи кўтарди.

-    Дадажон, қайдасиз, - дея сўради қизалоқ.

-    Қизим, келяпман, онангга бугун балиқ ерканмиз, деб айт, хўпми?

-    Хўп, дадажон, фақат тезроқ келинг.

Аҳмад яна йўлга чиқди. Ёмғир шивалаб ёғарди. У балиқ солинган пакетни бир қўлида маҳкам тутиб олганди, иккинчиси билан эса шамолда силтанаётган пальтосининг ёқасини ушлаганча олға одимларди. Аҳмад бироз юриб, кўкка боқди.

-    Худойим, Ўзингга беадад шукрлар бўлсин, бугунгидек кучни ҳар куни бергин, - дея дуо қиларкан, қалби алланечук бўлиб, кўзларига ёш келди. Ёноғидан томчилаган кўз ёш ёғаётган ёмғир томчилари билан қўшилиб кетди.

Турк тилидан  Рустам НУРИЛЛАЕВ таржимаси.

ШУКРОНАЛИК - УЛУF НЕЪМАТ

 (46- сон, 2016й.)

Муқаддас Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: "Эй иймон келтирган бандалар, берган неъматларимга шукр қилсаларингиз, зиёда қиламан, бордию ношукр бўлсаларингиз уни сизлар учун танг қиламан ва азобим ҳам қаттиқроқдир" деб марҳамат қилган.

 Бандаларга Аллоҳ таоло беҳисоб ва улуғ неъматлар бериб, уларга шукр қилишликка буюради. Бунда ҳикмат жуда кўп. Шукр қилган кишини Яратган ваъда қилганидек улуғ дарожотларга етказади, фоний ва боқий дунёда улуғ мартабаларга мушарраф этади. Бугунги кунга келиб, барчамиз ҳам шукроналик билан ҳаёт кечиряпмизми? Аллоҳ таоло бераётган ризқ-рўз, неъматлар шукрини қиляпмизми? Ана шу шукроналик қалбимизга нур, дилларимизга сурур бахш этяптими? Минг таассуфки, бу саволларга тўла ижобий жавоб айта олмаймиз. Чунки орамизда Аллоҳ берган неъматларга қаноат қилмасдан шукрни унутиб қўяётган кимсалар ҳам йўқ эмас.

Шукроналик ҳақида гап кетганда биз билишимиз керакки, бу Аллоҳ бераётган барча неъматларга рози бўлишликдир. Масалан, инсон саломатлигига шукр қилиб, унинг ҳаққини ибодат билан адо қилиб юрса, гуноҳ ишлардан тийилса, мана шу  шукроналикдир.   У ҳаёти давомида оғир хасталикка йўлиқмайди. Ёки бир инсон бой-бадавлат, молидан шукрона сифатида закотни, садақотларини бериб борса, унинг мол- мулки покланади, сувга чўкмайди, ўтда куймайди, шукрини адо этганлиги учун бойлиги зиёда бўлиб бораверади. Бордию банда Роббисини унутиб, туғёнга кетиб, саломатлигига, топган мол-дунёсига ношукрлик қилса, Аллоҳ ана шу банданинг турли ташвишларга, ғам ва андуҳга дучор этади.

Шукр икки хил бўлади. Шукр қалбий, яъни қалбдан шукр қилиш. Шукри лисоний, яъни тил билан шукр қилишликдир. Банда аввало, ўзи эга бўлиб турган барча неъматларга хурсандлик билан рози  бўлмоғи керак. Тилнинг шукри эса ёлғон гапирмасликдир. Fийбат, туҳмат, шикоят қилмаслик тилнинг,  қулоқнинг шукри эса ғийбатларни эшитмаслик, кўзнинг шукри ношаърий нарсаларга тик боқмаслик, умуман, инсон ўз жисми ва вужудидаги аъзоларига зиён келтирадиган барча нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмоқлиги муҳимдир. Вужуднинг шукри ибодат билан,       қалбнинг шукри эса қалбига гумон, иғво, бўҳтон сингари иллатларни келтирмаслик билан бўлади.    

Ҳар бир банда: "Ё Роббим аввало, замонамизни тинч қилганингга шукр, аҳли аёл, аҳли солиҳ фарзандлар берганингга шукр, озми-кўпми мол-мулк билан сийлаганингга, оқибатли қўни -қўшнилар билан ҳамроҳ қилганингга шукр", дея барча неъматларга шукр қилмоғи зарурдир.

Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.): "Қаноатли киши бой кишидир, сабрли киши иймонлидир, чунки иймоннинг ярми сабр билан ўлчанади" деганлар. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Роббисига шукр қилмоғи, қиёмат кунини фикр қилмоғи, ҳар бир қадамини ўйлаб, сўзларини эса фикрлаб, гапирмоғи муҳимдир.

Муҳтасар қилиб айтганда, ҳар биримиз Аллоҳ таоло берган неъматларга  шукр қилиб яшашимиз лозим. Ношукрлик туфайли саломатлигимиздан, ҳурматимиздан,  мол-мулкимиздан ажраб қолмасликка ҳаракат қилмоғимиз даркор. Аллоҳ таоло барчаларимизни шукр қилгувчи бандалари қаторида бўлишлигимизни, ўзининг улуғ ажрларига мушарраф бўлгувчилар қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

 Шарофиддин МусабоевАндижон шаҳридаги "Абу Ҳурайра" жомъе масжиди имоми.

ОНАМГА МАКТУБ

 (46- сон, 2016й. Кечинма)

Биламан, ҳали ҳам кўча супуриб, эгат оралаб, қўлларингиз қавариб, тандирга ўт қалаб, нон ёпиб, чарчоқ ҳолингизда  ҳам яқинларингизга меҳр улашиб, мен - орзулар кетидан эргашган, кўнгил истакларининг қули бўлган эрка ва тантиқ қизингизни соғиниб юрибсиз, онажон.

Ёнгинангизда туриб, Сизга беэътибор юрдим. Мен ношуд арзийдиган юмушларингизни бажармаслик учун арзимаган баҳоналар ўйлаб топдим. Сизнинг кўнглингизни зиёрат қилиш ўрнига омадимга-да суянадиган, мартабамга таянадиган дўстларга қуллуқ қилдим. Кўзларингизга яширинган қуёш-меҳрингизни бегона ва баланд осмонлардан изладим.  Табассумингиз ортидаги дард ва ташвишни кўришга ожизлик қилдим. Мени кечиринг, онажон...

Сизнинг тупроқдек ҳокисорлигингиз мени осмонларга     тенглаштиради. Хушрўй чеҳрангиз, самимиятингиз, уммондек меҳрингиз, дилкаш ва беғубор кўзларингиз дунёдаги жамийки гўзалликдан устун эканлигини энди англадим.

Она, назаримда Яратган Эгам бағрингизни мусаффо осмондан, қалбингизни тоғларни ёриб чиқгувчи соф чашмадан, куч ва иродангизни сабр-матонатдан, жисмингизни нурдан бунёд этгандай.

Ўша оддий туришингиз, гулдек кулишингиз, соддалигингиз, чучмома гулли ипак матодан кийган либосингиз сизга доимо ярашиб туради. Сизнинг шу табиийлигингизни дунёда ҳеч нарсага алишмайман.

Она улуғ зот. Ишонаманки, у  қайси миллат қавмидан бўлмасин, қалби ҳамиша сувдек тиниқ ва меҳрлидир. Онанинг қандай кўринишда бўлиши аҳамиятсиз, муҳими - оналарнинг борлиги энг улуғ саодат.

 Меҳринигор.

 

 

НИЯТГА ЯРАША...

(46- сон, 2016й. Ҳаёт - ибрат мактаби)

Содиқ курагидаги оғриқдан безовталаниб, шифохонага борганди. Ҳартугул, текширув натижалари ёмон чиқмади. Шамоллашдан экан. Энди шифокор айтган тавсияларга амал қилса бўлди - Худо хоҳласа, ўтиб кетади. Шифохонадан чиқаётиб, бир маҳаллар бирга ишлаган ҳамкасби Тоҳирни кўриб қолди. Бир-бирларини бағриларига босиб кўришдилар. Суҳбатлашиш учун шифохона четидаги ўриндиқа чўкдилар. Суҳбат хотираларга уланиб кетди. Содиқ унинг бу ерда нима қилиб юрганини сўради.

-    Э, ҳадемай нафақага чиқишим керак. Ҳисоблатдим - ҳеч қанча нафақа пули берилмас экан. Ишлаганимга яраша-да, биламан. Лекин бир танишим маслаҳат берди. Озроқ "хизмати" бўлса ҳам, "группа"га чиқиб олсам, у ҳам қўшиларкан. Шу билан кўпайиб қолади. Ҳа, энди бу ҳам тирикчиликка ёрдам-да, оғайни, Тоҳир шундай дея сигарет тутатди.

Содиқ унга бу иш яхши эмаслигини, ногиронликни ҳавас қилмаслик кераклигини, бундай иш Яратганга хуш келмаслигини қайта-қайта уқтирмоқчи, уни инсофга чақирмоқчи бўлди. Аммо Тоҳир бу ҳақда қайта гаплашишни истамай, мавзуни  бошқа томонга бурди...

Содиқ бу суҳбатни унутиб ҳам юборганди. Тоҳирни ўшандан кейин учратмади. Бироқ яқинда у ҳақдаги мудҳиш хабарни эшитдию, бошидан ҳуши учди. Тоҳир автоҳалокатга учраганмиш... Ҳалокат вақтида икки оёғи машина тагида қолиб, суяклари тиклаб бўлмас даражада эзилиб кетганмиш... Жарроҳлар оёқларини тиззасидан кесиш кераклигини айтишибди...

 Бу хабарни эшитган заҳоти Содиқ шифохонада у билан бўлган суҳбатни эслади. Ҳа, Яратган берган умрга, саломатликка ношукрлик қилиб бўлмайди. Ниятга яраша амал белгиланиши бор гап...

Эргашой Жўраева, Марҳамат тумани.

 

 

Хурмо - танга даво

(46- сон, 2016й. Шифобахш неъматлар)

Мутахассислар томонидан хурмонинг қуйидаги фойдали жиҳатларга эга эканлиги эътироф этилади:

 1. Хурмо юрак, жигар ва буйракни қувватлантиради.

2.Организмнинг кислота балансини меъёрида тутиб туради.

3. Қонга озуқа бағишлайди. Анемия ва гипертонияда жуда фойдали.

4. Иммунитетни кўтаради.

5. Ичакдаги фойдали микрофлораларнинг сақланишини таъминлайди.

6. Ўпканинг ишлашини яхшилайди.

7. Йўтални тинчлантиради. Танадаги ортиқча намликни кетказади.

8. Тонусни яхшиловчи ва қувватлантирувчи восита сифатида хизмат қилади.

9. Давомий касалликлардан сўнг, қувватни қайта тиклайди.

10. Жисмоний ҳорғинлик ва чарчоқларда ёрдам беради.

11. Хурмони қандли диабетга чалинганлар ҳам истеъмол қилишлари мумкин.

12. Саратон касалликларининг хавфини камайтиради.

13. Юз - асаб толалаларининг шол бўлишига қарши ёрдам беради.

14. Ҳомиладорлар учун жуда фойдали. Организмнинг дастлабки сут ишлаб чиқаришида кўмаклашади.

15. Озишни истаганлар ширинлик ўрнига истеъмол қилишлари мумкин.

16. Мия фаолиятини яхшилайди.

17. Инсон узоқ вақт фақат хурмонинг ўзинигина истеъмол қилиши мумкин. У танага керакли барча озуқа моддаларни бера олади.

   Юқорида қайд этилганидек, хурмо шу қадар фойдали неъмат эканки, уни қанча кўп истеъмол қилсак, соғлигимиз учун шунчалик кўп фойда келтирар экан. Юртимизда хурмо айни пишиб етилган бугунги кунда уни кўпроқ истеъмол қилишимиз мумкин.

Тайёрловчи: Минурахон БОЗОРОВА, шифокор.

КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЎЗИМИЗГА БОFЛИҚ

(46- сон, 2016й. Мутахассис минбари)

Вирусли гепатит (сариқ касаллиги) юқумли хасталиклардан бири бўлиб, у ўз вақтида даволанмаса, беморни оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Кейинги пайтларда жаҳон миқёсида ушбу хасталик билан касалланиш ҳолатлари ортаётганлиги кузатилмоқда. Бу албатта, ҳар биримизнинг ушбу хасталик ҳақида кенгроқ маълумотларга эга бўлишимиз, келиб чиқишининг олдини олиш бўйича зарур ишларни олиб боришимизни тақазо этади.

Вирусли гепатит қандай касаллик?  У қандай йўллар билан юқади? Ундан сақланиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Ҳар биримиз ана шу саволлар ҳақида муайян тушунча ва билимларга эга бўлишимиз муҳимдир.

 КАСАЛЛИКНИНГ БЕЛГИЛАРИ

Касалликка чалинган беморларда яширин давр кузатилади. Бу кўринишда ўтиши мумкин. Айримларда шамоллаш билан, баъзиларда эса ошқозон оғриб, қайт қилиш баъзиларда қўл, оёқ бўғинларининг оғриб, толиқиш билан бошланади.  Дастлаб жигари зарарланади ва шунга оид клиник белгилар пайдо бўлади. Киши баданининг сарғайиши вирусли гепатитга хос деб ўйлашади. Айрим ҳолларда касаллик, бемор баданининг сарғайишисиз ҳам бўлиб ўтиши мумкин.

Гепатитнинг оғир турида жигар хужайралари емирилиши ва жигар фаолиятининг издан чиқиши кузатилади. Шу боис бемор организмида кескин ўзгаришлар рўй беради. Яъни, жигар фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳамма жараёнлар издан чиқади. Вирусли гепатит анча оғир ва жиддий касаллик ҳисобланади. Агар ўз вақтида даволанмаса, сурункали босқичга ўтиб кетса, жигар церрозини келтириб чиқариши мумкин.

 ДАВОЛАШДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ЛОЗИМ?

Бунинг учун, энг аввало, бемор ётиб даволаниши ва қатъий пархезга риоя қилиши шарт. Гепатит касаллигининг бошланғич даврида гўшт ейиш тавсия этилмайди. Бу пайтда сут маҳсулотлари (қатиқ, творог, кефир, ширгуруч, ошқовоқ) ҳамда қайнатилган макарон, картошка бўтқаси, мева шарбатлари истеъмол қилган маъқул. Айниқса, олма ва оқ узум фойдали. Пархез давомида беморнинг пешоб ва нажасига эътибор бериб турилади. Агар уларнинг ранги асл ҳолига қайтса, буғда пиширилган гўшт қиймаси бериш мумкин.

 КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Вирусли гепатитнинг олдини олиш учун, биринчи навбатда, тозаликка амал қилиш лозим. Ичиладиган сув қайнатилган бўлсин. Хўл меваларни яхшилаб ювиб ейиш шарт. Болаларни ўз вақтида касалликка қарши эмлатиш ҳам жуда муҳим. Айниқса, кўп фарзандли оилалар бу хасталикка жиддий эътибор беришлари зарур. Чунки хонадонда битта болада бу хасталик кузатилса, бошқаларга ҳам тез юқади. Шунинг учун хасталанган болани алоҳида даволаш зарур бўлади. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, иммунитети паст болаларга касаллик юқиш хатари кўпроқ бўлади. Шунинг учун болаларни тўғри овқатлантириш, ўз вақтида чиниқтириб бориш керак.

Энг муҳими, озодаликка соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, кунлик таомнома дармондориларга бой  маҳсулотлар бўлишига эришиш билан ушбу касалликнинг олдини олишимиз мумкин.

 

Жамилахон ОРИПОВА, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси  шифокори. 

СИНУСИТ НИМА?

(46- сон, 2016й. Шифокор  маслаҳати)

Халқимиз орасида тумовга жиддий хасталик сифатида қарамаслик ҳолатлари кўп учрайди. Аммо бундай  лоқайдлик бир қанча асоратларга сабаб бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Уни вақтида даволанмаса, синуситнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.

Синусит нима? Унинг белгилари қандай намоён бўлади? Синусит - бурун бўшлиқларининг (синусларининг) ўткир ёки сурункали яллиғланишидир. Синуслар аслида кичик бўшлиқлар бўлиб, улар бош суягида жойлашади. Барча синуслар (бурун ёндош бўшлиқлари) юпқа шиллиқ парда билан қопланган бўлиб, кичик туйнуклар орқали бурун бўшлиғи билан бирлашади. Бурун бўшлиғи билан алоқа ёндош бўшлиқлар фаолияти учун жуда муҳим. Агар маълум сабабларга кўра, бу ёндош бўшлиқлар ва бурун бўшлиғи орасидаги алоқа ёпилса (масалан, тумов натижасидаги шиш ҳисобига),  синусит, яъни синусларда яллиғланишнинг ривожланиши учун шароит туғилади.

Узоқ муддат сақланиб турувчи тумов, бурундан йирингли тус олувчи ажралма, бурун битиши, ҳид билишнинг пасайиши, бош оғриғи, синуслар соҳасидаги оғриқ, ҳолсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши бу синусит белгилари ҳисобланади.

Синуситнинг соғлиқ учун хавф туғдириш эҳтимоли шундаки, ана шу бўшлиқларда тўпланган йирингнинг олиб ташланмаслиги, умумий касаллик ўз вақтида даволанмаслиги сабабли ёндош тўқима ва органларнинг яллиғланиши юзага келади.

Агарда синуситнинг юқоридаги каби белгилари намоён бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.

 Дилафрўз АБДУЛЛАЕВА, шифокор.

ОНА ВА БОЛА САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШ -УСТИВОР ВАЗИФА

(46- сон) 2016 йил - СоFлом она ва бола йили

Асака туманидаги Кужган қишлоқ врачлик пунктида яратилган шарт-шароитардан қишлоқ аҳли беҳад мамнун. Ушбу қишлоқда яшовчи Саида Камолова келин туширганига хали бир йил бўлгани йўқ. У келинининг ҳомиладорлигидан хурсанд бўлиб, қўшниларига тиббий кўрик таассуротларини гапирди: "Қўшни, ўтган куни келинимни кўрикдан ўтказгани қишлоқ врачлик пункитига олиб чиққандим, у ердаги шарт-шароитлар шаҳарникидан ҳеч қолишмайдия. Замонавий аппаратларни айтмайсизми... Бизнинг давримизда бундай шароитлар қаёқда эди дейсиз!."

Дарҳақиқат, капитал таъмирланиб, ишга туширилган қишлоқ врачлик пунктида аҳоли саломатлигини сақлаш, фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари  учун зарур барча шароитлар яратилган. Энди кужганликлар шифокор маслаҳатини олиш, тиббий кўрикдан ўтиш учун шаҳарга бориб юришмайди. Шу ернинг ўзида сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин.  Шунингдек, Юқори Бўз маҳалласида жойлашган қишлоқ врачлик пунктида ҳам зарур шарт-шароитлар яратилганлигидан барча хурсанд.

 Умуман, Асака туманида "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, тумандаги 26 қишлоқ врачлик пунктида аҳоли, яъни маҳаллалардаги ҳар бир оила, фуқаро саломатлигини назорат қилиш, уларнинг тиббий маданияти, соғлом турмуш тарзи борасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш, патранаж хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

- Мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилётган ислоҳотлар, ривожланган давлатлар тиббиётининг илғор тажрибаларини фаолиятимизга жорий этиш имкониятларимизни янада кенгайтирмоқда, - дейди Марқаюз қишлоқ врачлик   пункти умумий амалиёт шифокори Дилбархон Ҳакимова. - Авваллари беморларни кўрикдан ўтказиб, турли мутахассисликлар кўруви, таҳлиллар олиш бўйича имкониятларимиз чекланганлиги учун уларга туман марказий поликлиникасига йўлланма берар эдик. Эндиликда одамларнинг ортиқча овора бўлишларига ҳожат қолмади. Беморлар шу ернинг ўзида кўрикдан ўтказилиб, зарур муолажаларни оладиган бўлдилар.

Маҳаллаларда иш олиб бораётган "Саломатлик сектори" фаолиятини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сектор аъзолари ва шифокорлар ҳамкорлигида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ҳафтанинг ҳар бир кунида муайян бир тоифа билан ишлаш тизими жорий этилганлиги аҳамиятлидир. Душанба - нуронийлар, сешанба - ҳомиладорлар, чоршанба - болалар ва ўсмирлар, пайшанба - хонадон ва экалогия, жума - хотин-қизлар, шанба - саломатлик, экология ва спорт куни сифатида белгиланганлиги ижобий натижалар бермоқда. Шу кунлари патранаж ҳамширалари режа асосида белгиланган фуқаролар ҳолидан хабар олади, улар билан бевосита суҳбатлар ўтказади.

- Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, айниқса, она ва бола саломатлигини сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш  бўйича ўринбосари Баҳромжон Абдуллаев. - Айни кунда кунига 800 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиникамиз, унинг 500 болага хизмат кўрсатиш имконига эга болалар бўлими, шунингдек, 400 қатновга мўлжалланган ҳудудий поликлиника ва унинг болалар бўлимида оналар ва болалар саломатлигини сақлаш учун барча шароитлар яратилган. Ана шу муассасаларимиз "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида энг замонавий тиббий жиҳоз ва асбоб-анжомлар билан таъминланди. 

Бу албатта, беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониини яратмоқда.

- Марказий поликлиника гинекология бўлимида тиббий кўрикдан ўтган эдим, кўрик жараёнида менда анимия касаллиги аниқланди, - дейди Қўнғирот маҳалласида яшовчи Моҳинур Собирова. - Шифокорлар томонидан менга зарур муолажала кўрсатилди. Уларнинг ёрдами билан даволандим. Бугун ўзимни анча яхши ҳис қиляпман.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида тумандаги 61 минг 800 нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллар, шунингдек  34261 нафар ўсмирлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида турли касалликлар аниқланган аёллар ва ўсмирлар    соғломлаштирилди. Бундан   ташқари, хомиладор аёллар  доимий равишда шифокорлар назоратида бўлиб, улар зарур поливитаминлар билан таъминланмоқда. Умуман, мазкур йўналишда олиб борилаётган самарали ишлар натижасида жорий йилда оналар ўлими қайд этилмади, чақалоқлар ўлими ҳолати кескин камайди.

Бир сўз билан айтганда, туманда аҳоли, хусусан, оналар ва болалар соломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга қаратилган юқоридаги каби ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.

 

 

Ҳувайдо ҲЎЖАМҚУЛОВА.

МЕҲНАТДАН ҚАДР ТОПГАН МОМО

(46- сон, 2016й. фахрийлар фахримиз)

Ўзининг саксон ёшини қарши олган момо ҳар куни одати бўйича тонг ёришмай уйғонади. Эндигина қишлоқнинг у-бу томонидан хўрознинг қичқириғи эшитилади. Момо яна бир куннинг осойишта бошлангани учун Яратганга шукрона айтиб, кутиб олади.

Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ қишлоғидаги Ўзбекистон беш йиллиги маҳалласида истиқомат қилувчи қалби дарё Улфатхон момони нафақат қишлоқдошлари, балки уни билган барча кишилар ҳурмат билан тилга оладилар, тўй-маросимларда тўрига ўтқазадилар.

Момо шу қишлоқда ўсди, улғайди, ҳалол меҳнат билан ризқ топди, элда эъзозли бўлди. Эсида, болалигида онаси Ҳожар хола билан бирга колхоз  даласига ишга чиқарди. Ўшанда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир даврлар эди. 11-12 ёшли айни ўйнаб-куладиган даврда меҳнат қилди, тирикчилик ўтказиш учун турли қийинчиликларни бошидан ўтказди.

Ўн етти ёшида колхозда электр устаси бўлиб ишлайдиган Абдуманноб исмли йигит билан умр йўлларини боғлади.. Улар атиги беш йил бахтли ҳаёт кечирадилар. Фалокат оёқ остида эканини билмаган икки ёш ўзларини катта синов кутиб турганини билмасдилар. Одатий кунларнинг бирида Абдуманноб акани қишлоқ кўчаларининг бирига электр симини ўтказиш учун чақирадилар.     Мудҳиш воқеа туфайли ўша куни Улфатхон момонинг турмуш ўртоғи уйга қайтмайди. Йигирма икки ёшида 4 ёшли Абдумалик ва 2 ёшли Абдусаломни бағрига босиб, тақдирнинг бахтсиз зарбасидан қон қақшаб бева қолган момо бор аламини меҳнатдан олди. Момо шу бўйи ёлғиз яшади, нафақага чиққунга қадар далада меҳнат қилди. Ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги билан ҳамқишлоқлари орасида ҳурмат-эътибор топди. Бошидан не-не кунларни ўтказмади, фарзандларини ўгай ота тарбиялашини хоҳламади, шу боис бор меҳр-муҳаббатини уларга берди, ҳар қандай қийинчиликни сабр-бардош билан енгиб ўтди.

Фарзандларини эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялади, ўқитиб, уйли-жойли қилди, элга қўшди. Бугун ана шу меҳнату заҳматлари роҳатини кўраётган Улфатхон момо ўғиллари, келинлари, набира-ю чеваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

- Ҳалоллик, тўғрилик инсон умрига умр, толеига толе қўшаркан, - дейди момо. - Меҳнат қилиб кам бўлмадим. Шукр, ҳозир ҳам қўлимдан келганича келинларим, набираларимга ёрдамлашаман. Уларга ҳам меҳнатдан қочмасликни ўргатаман.

Дарҳақиқат, момо ҳозир ҳам тиниб-тинчимайди. Томорқасидаги узуму гуллар парваришлашда фарзанд ва набираларига ёрдам беради, маслаҳатларини аямайди. Бу машғулотдан завқ олади.

Улфатхон момодай меҳнати ортидан бахт, обрў-эътибор, ҳурмат топган табаррук инсонларнинг умр йўллари биз учун ҳамиша ибратдир.

Мавлудахон АБДУҚОДИРОВА, Қўрғонтепа тумани.