+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ИСМ - ИНСОННИНГ КЎРКИ

(42- сон, 2016 й. Мулоҳаза)

Fуломжон тоғанинг 8 нафар фарзанди бор. Катта фарзандлари уйли -жойли, алоҳида иморат солиб чиқиб кетишган. Кўзларининг оқу-қораси, кенжатой дилбанди Ёқубжон ота-онаси билан қолган. У ўзи компьютер мутахассислигини битирган. Оила аъзоларининг розилигини олиб, курсдоши Гулсуной билан турмуш қурган.

Меҳр-оқибат ва садоқат риштаси мустаҳкам боғланган бу ошёнда яна бир шодиёна. Оила сафи яна бир кишига кўпаяди. Гулсуной қизли бўлди. Чақалоққа исм қўйиш учун Fуломжон тоғанинг волидаси Самарахон аяга мурожаат қилдилар:

- Буви, чеварангизга ўзингиз исм қўйиб берасиз-да, - деди набираси қувончдан.

- Чеварам ҳаётда асло мусибат кўрмасин, бугунгидай гўзал ва фаровон ҳаётимизга шукроналик рамзи дея гўдакнинг исми "Шукрона" бўлсин, - деди. 

Бувижонлари қўйган исм оиланинг барча аъзоларига маъқул келди. Шукрона - қандай чиройли ва гўзал исм.

Шу ўринда айрим кишилар томонидан фарзандлари, яқинлари исмларини бузиб талаффуз қилиш, қисқартириб айтиш ёки қандайдир лақаблар билан чақиришдек хунук ҳолатларга дуч келамиз-ки, бу кўнглимизни ранжитади. Бу каби ҳолатлар халқимизнинг гўзал анъаналарига,  одоб-аҳлоқ меъёрларига зиддир. Қолаверса, психологлар томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, исми бузилган ҳолда айтилган шахсга нисбатан кишиларнинг аксариятида салбий фикрлар юзага келар экан. Масалан,  Моҳинур, Нилуфар исмли танишларимни оиласидагилар, дўстлари "Моқи", "Нилу" деб чақиришларини кўпчилик яхши қабул қилмайди.

- Исм - инсоннинг кўрки, гўё ўша инсоннинг жисмига ўйиб ишланган нақшдир, - дейди психолог Ферузахон Казакова. - Исмнинг қандай талаффуз қилиниши ўша инсон ҳаётининг шаклланиши, қандайдир натижаларга эришиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим роль ўйнайди.

Дарҳақиқат, исм инсон ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Агар оила бошлиғи ўз фарзандига номуносиб исм танласа, келгусида фарзанди исмидан уялиши, бунинг натижасида у ўз имкониятларидан тўлақонли фойдалана олмаслиги мумкин. Шу боис, ота-оналар фарзандларига ўзбекона, гўзал исмлар қўйсин, биз эса ўша исмларни ўз ҳолича айтишни, тилимиз гўзаллиги, ўзбекона одоб-аҳлоқ меъёрларини унутмайлик. 

 

Сиёвуш  РЎЗИЕВ,

Андижон машинасозлик институти қошидаги Бўстон академик лицейи ўқувчиси.

СИЗ ҲАМИША ҚАЛБИМИЗДАСИЗ!

(42- сон, 2016 й. Хотира мангудир)

Шу кунларда кўнглим алланечук ғамгин. Одатдагидек эрталаб ишга отландим. Мактабга етай деганимда, бир болакай келиб қўлимга хат тутқазиб кетди. Ишга бордиму, сабрим чидамай, уни ўқишга тутиндим: "Марсия ёзгандим, илтимос, бир кўриб берсангиз..."

Хат эгаси - оддий қишлоқ аёли - Ёрқиной опа Холбоеванинг ҳовлисига кириб борганимда, набиралар қуршовидаги онахон самимий кутиб олди. Бир пиёла чой устида шеърни кўзларида ёш билан ўқиб берди. Фарзандлари, набиралари билан бирга тўлқинланиб тингладим.

Юртбошимиз амалга оширган хайрли ва улкан ишлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Ҳатто, маҳалламизга кўрк бўлиб турган мактаб ҳам уларнинг доимо барҳаёт эканидан дарак беради. Марсияни тинглаб,   халқимиз шундай маънавиятли халқ эканидан фахрланиб кетдим. Камтар, камсуқум бу аёл ўзининг шоир бўлмаса ҳам, чуқур қайғу билан ушбу мисраларни битганини минг хижолатчилик билан айтди. Билдимки, бу айрилиқ ҳеч бир юртдошимизни бефарқ қолдирмабди, ҳамманинг қалбига бирдек алам, изтироб оловини солибди.

Қуйида онахон қалб битикларидан айрим мисраларни келтираман:

Дунёларни титратган, юракларни йиғлатган,

Бу айрилиқ видонинг қўллари бунча узун?

Ўзбек элин оламга машҳуру жаҳон этган,

Халқ отаси, ғамхўри - Ислом ота йўқ бугун.

 

Кексаларни эъзозлаб, дуо олган зот эди,

Оналар, болаларга меҳр берган ардоқлаб.

Юртга, элга лоқайдлик сизнинг учун ёт эди,

Яшагаймиз сиздайин халққнинг ишончин оқлаб.

 

Анжоннинг "Чўнтак"ида ош ейиш армон бўлди,

Лафзингизни маҳшарга олиб кетдингиз, ота.

Фотиҳангиз қилганча юраклар ғамга тўлди,

Нурли манзил - жаннатга энди етдингиз, ота...

Тўлқинжон АБАНОВ,

Хўжаобод туманидаги 15- умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ГРИППДАН СЎНГ КЎНГЛИМ АЙНИЯПТИ...

(42- сон, 2016 й. Шифокор тавсияси )

"Грипп билан касаллаганимдан кейин кўнглим айнийдиган бўлиб қолди. Бу муаммо авваллари ҳам безовта қилиб турарди, бироқ маълум вақтдан сўнг ўз-ўзидан барҳам топарди. Ҳозир эса чўзилиб кетмоқда.. Гоҳида кўнглим айнимаса ҳам, безовталикни эслаган заҳотим яна ҳаммаси қайтадан бошланади. Шифокорга учрашим керакми?

Ханифа Рустамова, Булоқбоши тумани".

Саволга Андижон шаҳридаги 3- оилавий поликлиника бош шифокори Муҳаррамхон Раҳмонова жавоб беради:

 

- Сиз айтиб ўтган шикоятлар, табиийки, текширув ва таҳлил натижаларига суянишни талаб этади. Негаки, кўнгил айниши нафақат ошқозон-ичак соҳаси, балки қон босими (кўпроқ артериал босим тушганда) билан боғлиқ муаммолар туфайли ҳам келиб чиқади. Яна ушбу безовталик кўпинча ўзингиз таъкидлаганингиздек вирусли инфекциялар сабабли ҳам ривожланади. Бундан ташқари, ҳайз цикли ўзгаришларида ва айрим бошқа сабабларга кўра ҳам кўнгил айнийди. Умуман, ҳолатингизга ойдинлик киритиш учун албатта, гастроэнтеролог шифокорга мурожаат қилинг. Энг аввало, қон босимингизни ўлчатишингиз, ошқозон-ичак тизимингизни УТТ қилдириб, қоннинг биокимёвий таҳлилини топширинг.

ОСТЕОМИЕЛИТ ҚАНДАЙ ХАСТАЛИК?

(42- сон, 2016 й. Мутахассис минбари)

Остеомиелит суякнинг йиринглаш хасталиги бўлиб, уни юзага келтирувчи асосий омил инфекциялар ҳисобланади. Улар турларига кўра фарқланади. Шунингдек, остеомиелит ҳар хил жароҳатлардан кейин, очиқ синиш ва тери бутунлигининг бузилиши туфайли ҳам келиб чиқади.

Бундан ташқари, қон орқали инфекцияларнинг айрим суякларга бориб жойлашиши ва ўша ерда ривожланиши натижасида ҳам пайдо бўлади. Бу гематоген остеомиелит дейилади.

Хасталик қандай сабаб билан келиб чиқишидан қатъи назар инфекция ривожланган аъзода кучли оғриқ туради, тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади (айрим беморлар бу ҳарорат ва оғриққа чидолмай ҳушидан кетиши мумкин), кимлардадир бу белгилар жуда оғир, баъзиларида эса анча енгил кечади. Аммо улар эътиборсизликлари билан касалликни ўтказиб юборишлари мумкин. Айниқса, гемотоген остеомиелит тананинг ҳар бир суягида, яъни қўл-оёқ бармоқларидан тортиб калла суякларида ҳам учраши мумкин.

Амалиётда хасталикни даволаш бўйича кўплаб илмий ва амалий ишлар олиб борилди, даволашнинг янгидан-янги усуллари амалиётга татбиқ этилди. Ҳозирда мазкур касалликнинг олдини олиш ва самарали даволаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Шундай бўлса-да, кейинги пайтларда хасталикнинг келиб чиқишига сабаб бўлувчи омиллар ортиб бормоқда. Масалан, биргина автожароҳатларнинг ўзи турли даражадаги остеомиелитларни келтириб чиқармоқда. Бундан  ташқари, одамлар тобора камҳаракат бўлиб бормоқда. Шу боис бутун дунёда адинимия, яъни камҳаракатлилик катта муаммога айланиб кетяпти. Чунки ҳаракатсизлик натижасида суяклар мўртлашиб бораверади ва нозиклашиши оқибатида уларни ҳар хил инфекциялар тез ва осон зарарлайди.

Гематоген остеомиелит асосан 5 ёшдан 25 ёшгача бўлган инсонларда, жароҳатдан сўнг келиб чиқувчи остеомиелит эса катталарда кўпроқ учрайди. Аммо бугунги кунда гематоген остеомиелит 40-60 ёшли кишиларда ҳам кузатилмоқда. Чунки адинамия натижасида суяк зичлиги бузилиб, инфекцияга мойиллик ортади. Натижада қон орқали кўплаб инфекциялар суякка бориб ёпишади. Бу суякларда инфекцияларга қарши курашиш тизимини заифлашишига олиб келади.

Аксар ҳолларда болалар очиқ ёки ёпиқ жароҳат олганда, ота-оналари томонидан ўзбилармонлик билан турли муолажалар қўлланилади. Билиб-билмай даволаш оқибатида эса касаллик оғирлашиб бораверади.

Ушбу хасталикнинг асоратлари ўта мураккаб, айниқса, бўғимларга таъсири, суякларнинг чиришига сабаб бўлиши, уларнинг қийшайиб, калталашишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, касаллик туфайли тўқималарда деформациялар юзага келиши, йирингли жараёнлар ички аъзоларга таъсир қилиши, буйрак, юрак ҳамда жигарларни ҳам ишдан чиқариши мумкин. Шунинг учун хасталикни эрта аниқлаш, ва зарур муолажаларни ўз вақтида олиб бориш жуда муҳимдир.

Агар йиринглаган суякда чириш жараёни юқори бўлса, уни тиклаб бўлмайди. Аммо ёш болаларнинг суяклари ўсувчан бўлгани учун уларда тикланиш хусусияти бор. Бироқ тиклангунича анча вақт ўтади. Бундай ҳолатда оёқ ёки қўлни гипслашга тўғри келади. Қўйилган гипслар эса юмшоқ тўқима ва бўғимларга салбий таъсир кўрсатади, яъни бўғимларниннг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилади.

Остеомиелитга фақатгина операция йўли билан барҳам берилади. Аввало, беморнинг ўз суягини ўстиришга ва олиб ташланган суяк ўрнига ўз суягини қўйишга ҳаракат қилинади. Ҳозирда суякларни ўстиришга мўлжалланган кўплаб усуллар мавжуд, улар мураккаб бўлгани учун ғоят эҳтиёткорликни талаб қилади.

Ҳар қандай касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган яхши, Шу боис, ўз соғлигимизга доимий эътибор қаратишимиз, турли кўнгилсизликлар келиб чиқишидан эҳтиёт бўлишимиз зарурлигини асло унутмаслигимиз керак.

 

 

Фаридахон ИКРОМОВА, АДТИ умумий жарроҳлик кафедраси ассистенти.

НИКОҲДАН ОЛДИНГИ ТИББИЙ КЎРИК ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

(42- сон, 2016 йил - "Соғлом она ва бола йили")

Қадим удумларимизга кўра, совчиликка борилганда, бўлгувси келин-куёвнинг етти пушти, унинг соғ-саломатлиги, муомаласи, юриш-туришию одоб-ахлоқи, қариндош-уруғларида бирор ирсий хасталик бор-йўқлиги сўраб-суриштирилган.

Афсуски, бугунги кунга келиб, бу удум бироз заифлашиб қолгандай. Негаки,  баъзи оилалар келин олаётганда ёки қиз узатаётганда йигит ёки қизнинг таг-туги, насл-насабию саломатлиги, оила қуришга нечоғли тайёр эканлигига аҳамият қаратмай, сеп-сидирғаси, қуда бўлмишнинг ҳашамдор ҳовлисию қўша-қўша машиналарига маҳлиё бўлиб қолмоқда. Минг ачинарлиси, бунинг натижасида маълум вақт ўтиб, улар афсус-надомат чекиб қолмоқдалар.

Тиббий кўрикдан ўтишга бефарқ бўлманг!

Айни пайтда никоҳни қайд этишдан аввалги тиббий кўрикдан ўтиш зарурлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Аксарият фуқаролар бу масалага жиддий ёндашмоқда. Бироқ ҳалигача тиббий кўрикка панжа орасидан қараётганлар ҳам оз бўлса-да учраб турибди. Бу эса жамиятимиз олдида турган муаммолардан биридир. Биз қуйида тиббий кўрик, унинг аҳамияти ва роли хусусида фикр юритамиз.

Мавзу юзасидан Марҳамат тумани ФҲДЁ бўлими мудираси вазифасини бажарувчи Иродахон Эргашева ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365- сонли "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ бўлғуси келин-куёвлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.

Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад - ирсий ва наслий касалликларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни қарор топтириш. Минг афсуски, айрим ота-оналарнинг ўз фарзандлари соғлигига, тақдирига бефарқлиги юрагимни зирқиратади. Масалан, фаолиятимиз жараёнида шундай ҳолатлар бўладики, унда никоҳни расман қайд этишга виждонимиз йўл бермайди. Лекин шундай пайтларда баъзи ота-оналарнинг фикрига қарши боролмай қоламиз. Яқиндагина ана шундай ҳолатга дуч келдик. Куёв бўлмиш йигит Россия давлатида ишлаб, у ердан юқумли касаллик орттириб олганлиги, ҳозирда у даволанишнинг якуний босқичда эканлиги тиббий кўрик жараёнида аниқланди. Биз қиз ва йигитнинг ота-онасини чақиртириб, вазиятни тушунтирдик. Бирор муддат тўйни тўхтатиб туриш кераклиги, касаллик асоратларига тўла барҳам берилмаса, келинга ҳам юқиб қолиши мумкинлигини  айтдик. Куёв томон тўйни қилмасак бўлмайди, деган қатъий фикрни айтди. Келин томон эса: "Тўй куни белгиланган, тўйхона банд этилган, меҳмонларга таклифномалар тарқатилган, сеплар ёйилиб, куёв уйлари безатилган, энди тўй қолдирилди десак, одамлар нима деб ўйлайди, қизим қандай аҳволга тушади?!" деган мулоҳазани билдирди.

Томонлар келин ва куёв шифокор назоратига тез-тез келиб туришига келишиб, тўйни тўхтатмасликка қарор қилдилар, никоҳ расман қайд этилди. Сўраб-суриштирсак, йигит узоқ йиллар Россияда юрган, топарман-тутарман, ёш бўлса-да, шахсий машинаси, алоҳида участкаси бор экан. Фаолиятимизда оз бўлса-да, бунга ўхшаш ҳолатлар дуч келганимизда кўра била туриб, ўз фарзандини чоҳга итараётган ота-оналардан қаттиқ хафа бўламиз. Ахир дабдабали тўй, машина, данғиллама участка фарзандини бахтли қилолмаслигини, бундай нохуш ҳолатлар фарзандининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши, бунинг ортидан у қанчалар азият чекиши мумкинлигини ота-она қачон англаб етар экан деган саволга жавоб топишга қийналамиз.

... Яна баъзи бир кимсалар аллақачон шаръий никоҳ билан оила қуришган, етти-саккиз ой яшаб қўйишган, келин ҳомиладор, эрта-индин кўзи ёрийди, чақалоғига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиши керак бўлгани учун ҳам никоҳини расмий қайд этиш учун ариза беришади. Бундай ҳолатда ҳам биз, албатта, тиббий кўрикдан ўтказиш учун йўлланма берамиз. Ачинарли томони шундаки, баъзи ҳолларда келин-куёвларда турли  хасталиклар мавжудлиги аниқланади. Бу вазиятда келин ёки куёв учун орқага йўл йўқ. Келин ҳомиладор, отаси ёки онасида кузатилган касаллик ҳомилага таъсир кўрсатмай қолмайди. Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун биз имом-котиблари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз.

Ҳозирги кунда ёшлар тўй оқшомида никоҳ гувоҳномасини қабул қилишлари одат тусига кирган. Шу сабабли ёшлар тиббий кўрикдан ўтгач, натижалари билан танишганимиздан сўнг уларга шаръий никоҳ ўқитиш учун махсус маълумотнома берамиз. Тўғри, ўзига билдирилган   ишончни суистеъмол қилиб, айрим шифокорлар томонидан тиббий кўрик натижаларини кўр-кўрона, ёлғон-яшиқ билан тўлдириб бериш ҳолатлари ҳам учраб туради. Қиз узатган ота-оналар остонамизга би келиб: "Куёв касал экан, яширишган экан, энди қизимизни у билан яшаттирмаймиз" деб, ўғил уйлантирганлар: "Келин касалманд экан, бизни алдаб  дардманд қизларини беришибди", деб келган пайтлари ҳам бўлган. Бундай ҳолатларнинг рўй бермаслиги учун никоҳланувчи шахслар, албатта, тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.

Шу ўринда фуқароларимиз, янги ҳаёт остонасида турган ёшларимизга мурожаат этиб айтмоқчиманки, ҳеч қачон ўзингиз ва яқинларингиз ҳаёти, соғлигига бефарқ бўлманг. Унутманг, оила аъзоларингизнинг соғломлиги - мустаҳкам оиланинг асосини ташкил этади.

Тиббий кўрик натижалари сир тутилади

Фуқаролигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳи рўйхатдан ўтказиладиган барча фуқаролар Оила Кодексига мувофиқ белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўрик натижалари эса сир тутилади. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад - оилада соғлом муҳитни шакллантириш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олишдан иборат.

Тиббий кўрик жараёнида ёшларнинг бири ёки икковида ҳам касаллик аниқланган ҳолатда уларнинг ўзларига, ота-оналарига ва никоҳни қайд этувчи муассаса мутахассисларига тегишли тартибда маълум қилинади. Яъни, тиббий кўрик натижалари сир тутилади.

Зурриётларимиз саломатлигига эътибор

Андижон шаҳридаги "Қора қўрғон" жомеъ масжиди имоми Зуҳриддин Мусажонов мавзу юзасидан шундай дейди:

- Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас келишув ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси никоҳга боғлиқ масалалардир.

Оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказишликнинг жорий этилгани давлатимиз томонидан қилинаётган хайрли, жуда зарур ва ўринли ишлардан биридир. Ҳар бир ота-она не-не умидлар билан турмушга узатган қизининг турмуш ўртоғи ёки олган келини бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор.

Ислом таълимоти инсонларга фақат яхшиликни истайди ва уларнинг бир-бирларига озор бермасликлари тарафдоридир. Шундай экан, аввало фарзандингизнинг соғлигига алоҳида эътибор қаратинг. Шу ўринда турли нохушликларнинг олдини олиш мақсадида шаръий никоҳ ўқувчи домла-имомларнинг никоҳ расмий қайд этганлигини далолат этувчи гувоҳномани кўриб, ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтганларига ишонч ҳосил қилганларидан кейингина никоҳ ўқишлари мақсадга мувофиқдир.

Соғлом, фарзандлари     бахтли одамнинг кўнгли хотиржам бўлади. Хотиржам кўнгилга эса орзу-ҳавас, тўй-ҳашам, шодлигу қувонч ярашади. Бунинг учун ҳам инсондан эътибор ва ўз  соғлигига масъуллик талаб қилинади. Демак, бахтли, мазмунли ва хотиржам яшашлигимиз учун, энг аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда турмуш кечиришимиз,  соғлигимизга эътибор қаратишимиз зарурлигини асло унутмайлик.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ. 

АЁЛЛАР МАНФААТЛАРИ ҲАМИША ЭЪТИБОРДА

(42- сон, 2016 й.)

Вилоят онкология диспансерида меҳнат қилаётганларнинг 260 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларни ижтимоий ҳимоялаш, ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, иш ва оилавий шароитларини яхшилаш, жамиятимиз ҳаётидаги фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш борасида диспансер маъмурияти ҳамда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан намунали ишлар йўлга қўйилган.

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда, ходималаримиз манфаатларини ҳимоя қилиш ишларида    бошланғич ташкилотимизнинг 58 нафар фаол аъзоси, бўлимларда меҳнат қилаётган 10 нафар етакчиларимиз фаоллик кўрсатишмоқда.

Вилоятимизда хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилишда диспансеримиз фаолияти алоҳида ўрин тутади. Бир неча йиллардан буён ҳар йили диспансер профилактик кўрикларда кўкрак безларининг флюрографияси, флюромаммография, ультратовуш, биохимик таҳлил, умумий қон таҳлили каби текширувларнинг ўтказилиб келинаётгани аёлларимизда учраши мумкин бўлган хасталикларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. З5 ёшдан ошган ҳар бир аёл ўзини соғлом ҳис қилса-да, онкологик хасталиклар бўйича текширувлардан ўтиб туришлари зарур. Бу борада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиз бўйича 5128 нафар опа-сингилларимиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва текширув жараёнида аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштиришга жалб этилди. Шу ўринда ходималаримизнинг саломатлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Жорий йилда уларнинг 12 нафари стационар тарзда даволанган бўлса, 4 нафари турли сиҳатгоҳларда бўлишиб, ўз саломатликларини тикладилар.

Ҳар қандай жамиятда аёлнинг маънавияти юқори бўлса, ўша жамият тараққиёти жадал ривожланади. Ходималаримиз ишда касбининг фидойиси, оилада она, рафиқа, келин... , умуман, зиммаларидаги вазифаларни бекаму кўст адо этаётганликлари ҳар қанча таҳсинга муносибдир.  Бўлимларимизда ташкил этилган маънавият-маърифат хоналари тарғибот воситалари, илмий-услубий, бадиий адабиётлар, даврий нашрлар билан таъминланган. Шифокор, ишчи-хизматчиларимизнинг маънавиятини юксалтиришга қаратилган турли давра суҳбатлари, тарбиявий, маънавий-маърифий тадбирлар доимий  равишда ўтказиб турилади. Шунингдек, жамоамизда байрам ва турли саналарга бағишланган кўнгилочар дастурлар, касбий маҳоратларини оширишга қаратилган танловларнинг ўтказилиши ҳам анъанага айланган.

Диспансеримиз ходималари турли тадбир ва танловларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, жамоамиз «Тўмарис издошлари»  кўрик-танловида ғолиб бўлиб, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғига сазовор бўлди.

Мухтасар қилиб айтганда, бошланғич ташкилотимиз белгиланган режа асосида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Жамоамизда меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз меҳнати ҳар қадамда қадрланмоқда, уларнинг манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.

Сурайё Зияева,

вилоят онкология диспансерининг бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси.

Дурбек саматов,

 

бошланғич касаба уюшма раиси.

ТИББИЙ ХИЗМАТ: АСОСИЙ МАҚСАД СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИККА ЭРИШИШ

(42- сон,  2016 йил - "СоFлом она ва бола йили")

Ушбу саҳифада вилоят онкология диспансерида олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида сўз юритилади.

онкологик касалликлар самарали даволанмоқда

Маълумки мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида даволашнинг илғор, замонавий усуллари амалиётга татбиқ этилиб, тиббий хизмат сифати тобора юксалиб бормоқда. Бу эса аҳоли саломатлигини, айниқса аёллар соғлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунда 180 ўринли ихтисослашган вилоят онкология диспансери ва унинг қошидаги поликлиникада жами 300 нафар киши меҳнат қилади. Улардан 55 нафарини шифокорлар, 141 нафарини ўрта     тиббиёт ходимлари ташкил этади.  Уларнинг барчаси ўз касбининг фидойилари, соҳанинг етук мутахассисларидир.

Бугунги кунда диспансеримизда 10 бўлим самарали фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир бўлимда даволаш ишлари самарадорлигини ошириш, илғор тажрибалар ва илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, беморларга қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Муассасамизда аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиш, шошилинч тиббий ёрдам учун алоҳида ўрин-жой ажратилган,    шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар имтиёзли йўлланма (ордер) асосида бепул даволаниши йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги "Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 сентабрдаги "Ўзбекистон Республикасида Онкология диспансерларини реконструкция қилиш, тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, кадрларни қайта ўқитиш тўғрисида"ги ва бошқа тегишли қарорлар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Хитой давлатининг гранти асосида муассасамиз микропланшетли "ИФА ридер MR 96A" (иммуноферментли анализатор), "ВМ 2000" русумли биологик микроскоп, тиббий совутгич, SN-DR3 рақамли маммограф аппарати ва бошқа бир неча турдаги энг замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Диспансеримизнинг замонавий, илғор тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланиши касалликларни эрта аниқлаш, аниқ ташҳис қўйиш, шу ернинг ўзида турли мураккаб операцияларни амалга ошириш имконини беради. Қолаверса, ўсма касалликлар билан мурожаат қилаётган беморларни самарали даволаш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Муассасамизда меҳнат қилаётган шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда бир қатор ходимларимиз ўз йўналишлари бўйича республикамиздаги илмий-тадқиқот институтлари ҳамда хориждаги илмий марказларда тажриба орттирдилар. Жумладан, врачларимиз Валижон Ҳусанов, Дилшод Отахонов, Вячислав Горумов, Альбина Валидовалар Россиянинг Қозон шаҳарларидаги клиник онкология марказида, Тожиддин Жумабоев эса Туркия давлатида бўлишиб, маммология ва ўсма хасталикларини самарали даволаш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиб, ўз мутахассисликлари бўйича малака ошириб қайтдилар. Уларнинг хориж тажрибасини ўз билимлар билан уйғунлаштирган ҳолда олиб бораётган даволаш ва жарроҳлик ишлари ижобий натижалар бермоқда. Айни кунда Дурбек Самадов, Жалолдин Ботиров, Дилшодбек Отахонов, Наргиза Аҳмадалиева, Муҳаммадий Мамадалиев, Музаффар Собиров, Маҳмуджон Абдуллаев, Муҳаммаджон Билолхўжаев, Санжарбек Сайдуллаев, Муҳаббатхон Мадраҳимова сингари шифокорларимиз ибратли фаолиятлари билан барча ҳамкасбларига намуна бўлмоқдалар. Шу ўринда Баҳодир Ниёзматов раҳбарлик қилаётган поликлиника бўлимимиз жамоасининг ҳам самарали меҳнатларини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Жорий "Соғлом она ва бола йили"да аёллар ва болалар, хусусан, аёллар ўсма касалликларининг олдини олиш, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ўтказилаётган тарғибот тадбирлари ҳам ижобий натижалар бермоқда.  Хусусан, жорий йилнинг апрель ойида Балиқчи, Избоскан ва Асака туманлари тиббиёт бирлашмалари билан ҳамкорликда ана шу туманлар марказий поликлиникаларида бирламчи даволаш тизимидаги врачлар учун "Бачадон бўйни ва сут бези саратонини эрта аниқлаш" мавзусида ўқув семинари ташкил этилди. Унда диспансеримизнинг малакали  шифокори М. Султонқулова, республика онкология илмий маркази онкогинекологи М. Отажонов томонидан қатнашчиларга мавзу юзасидан кенг маълумотлар, зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди,  Семинарлар доирасида 700 нафарга яқин туғиш ёшидаги аёллар онкогинеколог ва маммологлар томонидан профилактик кўрувдан ўтказилди. Кўрик жараёнида ўсма ва ўсма олди касалликлари аниқланган аёллар қайта текширувдан ўтказиш ва диспансер шароитида даволашга жалб этилди. Бундан ташқари, вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида "Онкогинекологик касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш бўйича профлактик кўриклар ўтказилди.

Мамлакатимиз мустақилигининг қутлуғ 25  йиллиги байрами олдидан аҳоли ўртасида профилактика ва даволаш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида диспансеримизда "Очиқ эшиклар куни" бўлиб ўтди. Тадбир доирасида тиббий кўрикдан ўтказилган фуқароларнинг 68 нафари диспансеримизга стационар даволаш учун ётқизилди. Қолган фуқароларнинг барчасига зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Олиб борилаётган бу каби ишлар самараси ўлароқ, диспансеримизда беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги юксалмоқда.

 Абдукарим АБДУВАҲОБОВ,

вилоят онкология диспансери бош шифокори.

БАХТ МАНЗИЛИ

(42- сон, 2016 й. Орамиздаги аёллар)

Муаллима синфга кириши биланоқ хонадаги тўпалон, болаларнинг қий-чуви тўхтаб, ҳамма ўз жойини эгаллади. Одатдагидек ўқиш бошланди. Ҳозиргина синфни бошларига кўтараётган ўқувчилар дарсга бор вужудлари билан киришиб кетдилар. Ўқитувчи шундай маҳорат билан дарс ўтардики, машғулотга қўшилмаган ўқувчи қолмасди. Четдан кузата туриб бундай тайёргарлик ҳар куни, ҳар бир машғулотда такрорланишини ҳис қилдим. Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги самимий муносабатга ҳавасингиз келади.

Нигорахон Низомованинг ҳар кунги дарслари шундай қизиқарли, мароқ билан ўтади. Андижон шаҳридаги 4- умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Нигорахон Низомова жонкуяр муаллима. У ўқувчиларнинг ҳар бири билан алоҳида мулоқотда бўлади, уларнинг қай бири дарсга қай даражада ёндашади, феъл-атвори қандай, қай бири мулойиму, қай бири шўх-шаддод - барчасини худди она фарзандларини қандай билса, шундай тушунади.

Бу аёлдаги қатъият, талабчанлик, ўз устида тинимсиз ишлаш - унинг ютуқларига омил бўлмоқда.

-      Бола илк таълимни яхши ўзлаштирса, кейинги босқичларда қийналмайди, - дейди муаллима. - 1- синфга қадам қўйган кичкинтой хали болаликдан узоқлашмаганини ҳис қилиб ишлашимиз керак. Уни аста-секин мактаб муҳитига, дарс машғулотларига меҳр билан кўниктиришимиз лозим. Бола ўзининг энди ўқувчи бўлганини ҳис қилсин. Бунинг учун биз педагоглар, бошланғич синф ўқитувчилари зиммасида жуда улкан масъулият бор.

Бу ўқитувчининг синф қабул қилишини кутадиган, фарзандининг айнан шу устознинг қўлида илк таълимни олишини истовчи ота-оналар билан суҳбатлашганимда, улар Нигора опадаги талабчанлик, касбига фидойилик билан ёндашиш, ўқувчиларининг ҳар бири билан астойдил ва чин дилдан ишлашини таъкидлашди.

Нигора Низомова нафақат севимли устоз, жамиятда ёшлар таълим-тарбиясига масъул таълим тарғиботчиси, балки оилада 3 фарзандига меҳрибон она, турмуш ўртоғига суюкли ёр, қайнона-қайнотасига рисоладаги келин, ота-онасига яхши фарзанд ҳамдир. Аёл учун юқоридаги сифатларнинг бари муҳим. У қачонки оилада хотиржам ва бахтли бўлсагина, жамиятда ҳам илғор, фаол бўла олади. Ибратга арзирли инсонларнинг умр йўлларида гард бўлмайди. Ана шу инсонлар атрофидагиларда меҳр, ҳавас уйғота олган бахтли инсонлардир. Тажрибали муаллима Нигорахон Низомова ҳам ана шу таърифга сазовор аёлдир.

 Зилола РАҲМОНОВА.   

ШИФОБАХШ ГИЁҲЛАРДАН ФОЙДАЛАНИНГ

(41- сон, 2016й. Орастахона)

*Хушбўй ванна қабул қилишда турли гиёҳлардан фойдаланиш танани озиқлантириб, терини майинлаштиради. Асабларни эса тинчлантиради.

Бунинг учун илиқ сув тўлдирилган ваннага тушишдан аввал сувга тўрт-беш томчи эфир ёғидан томизиб юборинг. Ушбу ванна бош мия сезиш маркази фаолиятини фаоллаштириб, асаб тизимини тинчлантириш хусусиятига эга.

* Агар сувга 2 дона каттароқ лимонни паррак-паррак қилиб кесиб ташлаб қўйиб, 10 дақиқадан сўнг ванна қабул қилсангиз, танани тинчлантиради.

* Икки ош қошиқ мойчечакни қайноқ сувга солиб дамлайсиз. 30 дақиқадан кейин дамламани докадан сузиб олиб, ваннадаги сувга аралаштирасиз. Мазкур ванна терини    майин қилади ва соғлом бўлишини таъминлайди.

 

НИГОРА тайёрлади.

ТОВУҚ ГЎШТЛИ САЛАТ

Керакли масаллиқлар: Олти дона тухум, 250 гр. дудланган товуқ гўшти, бир донадан бодринг ва помидор, 1 дона яшил булғор калампири, 50 гр. ўсимлик мойи, салат барги, туз ва мурч таъбга кўра.

Тайёрланиши: Товуқ гўшти ва барча сабзавотларни йирик куб шаклида тўғрайсиз. Унга қайнатиб пиширилган тухумни иккига бўлиб, ўсимлик мойи ва туз солиб, ҳаммасини аралаштирасиз.

 

Тайёр бўлган салатни ликопларга солиб, салат барги билан безайсиз.