+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

БИЛИМЛИ, ЮКСАК САЛОҲИЯТЛИ ЁШЛАРНИ ТАРБИЯЛАШ МУҲИМ ВАЗИФА

(41- сон, 2016й. Намунали таълим масканлари)

Ушбу саҳифада андижон тиббиёт коллежида таълим-тарбия борасида олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида сўз юритилади.

Ўқишда, ижтимоий Ҳаётда фаол ўқувчиларимиз билан фахрланамиз

Юртимиз тиббиёт муассасаларига малакали мутахассислар тайёрлашда илғор ва ўзига хос тажриба мактабига эга Андижон тиббиёт коллежи нафақат вилоятимиздаги, балки республикамиздаги етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Замонавий усулда барпо этилган коллежимизда ўқув-тарбия ишлари намунали йўлга қўйилган.

Айни кунда коллежимизда 2439 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқувчиларга ўз соҳасини яхши биладиган, касбининг фидойиси бўлган 160 нафар педагог-ўқитувчилар таълим-тарбия беради. Педагогларимизнинг 120 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Таълим муассасамизда фаолият кўрсатаётган табиий, аниқ,  ижтимоий гуманитар фанлар кафедраларида таълим сифатини ошириш, дарс жараёнларига илғор педагогик технология ва интерфаол усулларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

Мавжуд ўқув хоналарининг давлат таълим стандартларига мослиги, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланганлиги, шу-нингдек, махсус лаборатория, лингафон, информатика,  мульт-медия хоналари, 23 мингдан зиёд китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, спорт зали, ошхона ҳамда ётоқхонанинг мавжудлиги, шу билан бирга, 36 та фан тўгараги, 6 та спорт секцияси,   "Ораста қизлар" тўгараги самарали фаолият кўрсатаётганлиги ўқувчиларга пухта билим бериш, таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда қўл келмоқда

Ўқувчиларимиз яратилган  кенг имкониятлардан тўлиқ фойдаланаётганлиги туфайли барча йўналишлар бўйича ижобий кўрсатгичларга эришиб келмоқда.

Коллежимизда таълим-тарбия ишлари, касбий билимларни мукаммал ўргатиш борасидаги ишларни намунали ташкил этишда кўп йиллик педагогик тажрибага эга Дилбаҳор Темирова, Гулбаҳор Сатиева, Саида Даминжонова, Ёрқиной Баҳритдинова, Гулзира Мадихонова, Абдухалим Юлдашев сингари қатор ўқитувчиларимиз ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Улар дарсларни қизиқарли, кўргазмали воситалар ва замонавий педагогик усуллар асосида ўтишлари, коллежимизда ўтказиладиган турли тадбирлар ва жамоат ишларида фаол иштироклари билан ҳамкасбларига намуна бўлмоқдалар. Умуман, жамоамиздаги аксарият устоз ва мураббийларимизнинг меҳнатлари таҳсинга сазовордир. Махсус фан ўқитувчиси Гулбаҳор Сатиева "Шуҳрат" медали билан тақдирлангани бизни беҳад қувонтирди.

Таълим муассасамизда ўқувчиларнинг илм олишга бўлган интилиши ва ижодий ёндашишларини қўллаб-қувватлаш, касбий билимларни пухта эгаллаш, уларнинг фаоллигини ошириш, истиқлол ғояларига, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шу боис, кўплаб ўқувчиларимиз ўтказилаётган турли тадбир, танлов ва фестивалларда, фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Билимлар беллашувининг вилоят босқичида қатор ўқувчиларимиз фахрли ўринларни эгаллади. Бундан ташқари, 15 нафар иқтидорли ўқувчиларимиз "Юрт келажаги", "Юксак маънавиятли авлод", "Ораста қизлар" танловларининг шаҳар ва вилоят босқичларида фаол иштирок этдилар.

Коллежимизда турли сана ва байрамларга бағишланган, қатор лойиҳалар доирасида илмий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар, семинарлар ўтказилиши анъанага айланган. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги режасига асосан "2015-2016 ўқув йили якуни ва янги ўқув йилининг истиқболли режаси" мавзусида ўтказилган семинар ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Тиббиёт коллежларида ўқитиш, малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, янги ўқув йили олдидан амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифаларга эътибор қаратиш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини юксалтириш мақсадида ўтказилган семинарда Андижон ва Наманган вилоятларидаги тиббиёт коллежлари директорларининг мавзу доирасидаги тақдимотлари билан танишилди. Шунингдек, ўқувчиларнинг кийиниш маданияти, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда спорт ва фан тўгараклари фаолиятини самарали ташкил этиш сингари масалалар ҳам  муҳокама қилинди.

Ёшлар бизни келажагимиз, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, ўз ишининг етук мутахассиси, баркамол, мустақил фикрли, юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялаш бизнинг бош мақсадимиздир. Ана шу мақсад йўлида бор имкониятларимизни ишга солиб, астойдил меҳнат қиламиз.

  Маъруфжон БУВАБЕКОВ,

 

           Андижон тиббиёт коллежи директори.

ИСТИҚЛОЛ ТАДБИРКОРЛАРГА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЭШИГИНИ ОЧИБ БЕРДИ,

(41- сон, 2016й.)

-    дейди Қорасув шаҳридаги "Шуҳрат" савдо дўкони раҳбари Фаридахон Аҳмедова.

Инсон нимагаки интилса, эзгу ният йўлида ҳалол меҳнат қилса, албатта, унинг орзулари ушалади, мақсадларига эриша олади, деган ҳикматли гапни кўп эшитганман. Ҳаётим, фаолиятим давомида бу фикрлар нақадар тўғри айтилганлигига тўла ишонч ҳосил қилдим.

Тадбиркорлар оиласида улғайганим боис, тадбиркорлик фаолияти ҳамиша мени қизиқтириб келган. Мактабни тамомлаб, Қорасув шаҳри марказидаги китоб дўконида ишлаб, савдо-сотиқ ишларида анча чархландим. Турмушга чиққач, оила, фарзандлар тарбияси билан бўлиб бу соҳада танаффус қилишимга тўғри келди. Кейинроқ турмуш ўртоғим Тўлқинжон ака билан маслаҳатлашиб, 2004 йилда шаҳар марказида мўъжазгина "Шуҳрат" озиқ-овқат савдо дўкони ташкил этдик. Эзгу ният билан бошлаган ишимиз,  меҳнатларимиз беиз кетмади. Аста-секин харидорларимиз кўпайди, даромадимиз ортди. Бу фаолиятимизни янада кенгайтириш имконини берди. Ёнимизга фарзандларимиз қўшилди, мижозларга намунали хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратдик. Ҳозирда дўконимиздан рўзғор учун зарур бўлган барча маҳсулотларни харид қилиш мумкин. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида биринчилардан бўлиб пластик картага савдо қилишни йўлга қўйдик, маҳсулотларимиз нархи бозордаги билан бир хиллиги харидорларга маъқул келмоқда. Шу боис ҳам дўконимиз ҳамиша одамлар билан гавжум.

Оилавий тадбиркорлик йўналишида бошлаган ишларимиз ўз самараларини бермоқда. Тўнғич ўғлим Мирзоҳиджон "Водий ҳамкор савдо макс" масъулияти чекланган жамияти раҳбари сифатида юқори натижаларга эришмоқда, кенжа ўғлим Муҳаммаджон ва қизларим мен билан бирга.

Тан олиб айтишим керакки, истиқлол тадбиркорлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Тадбиркор бўламан деган кишики, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, жорий йилда "Халқ банки"нинг Қорасув шаҳар филиалидан 100 миллион сўм кредит маблағи олдик. Бу билан оилавий тадбиркорлигимизни ҳамда фаолиятимиз турларини кенгайтирдик. Савдо дўконимиз ёнига умумий овқатланиш шоҳобчаси, видеозал, шунингдек, салқин ичимликлар ва музқаймоқ билан савдо қилувчи кафе ташкил этдик. Умуман, фаолиятимиз давомида аҳолига қулайлик яратиш ва сифатли савдо хизмати кўрсатиш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиляпмиз. Барча эзгу ишларимизда, тадбиркорлик фаолиятимизни ҳамиша қўллаб-қувватлаб турган Қорасув шаҳар хокимлигига, ишларимизга оқ йўл тилаб, бизни дуо қилаётган нуронийларимизга доимо раҳмат айтаман.

 

Бугун хизматларимиздан шаҳримиз аҳолиси жуда хурсанд. Олиб бораётган ишларимиз кўпчиликка манзур бўлаётганлигидан, ҳамшаҳарларимизнинг миннатдорчиликларидан беҳад қувонаман. Меҳнатларим бесамар кетмаганига, халқимга нафим тегаётганига, бунинг ортидан одамларнинг ҳурмат-этиборини топаётганлигимдан кўнглим тоғдай кўтарилади.

САЛОМАТЛИК – ЭНГ КАТТА БОЙЛИК

(41- сон, 2016й.)

Киши соғлом бўлсагина, илғор фикрлай олади, жамият ҳаётида фаол қатнашади. Шу боис ҳам    халқимиз, юртимизда яшаётган ҳар бир кишининг саломатлигини сақлаш масаласи давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин тутади. Хусусан, жорий йилнинг "Соғлом она ва бола йили" деб эълон қилинганлиги замирида ҳам юртимизда аҳоли соғлигига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик мужассамдир.

Толибжон Аҳмедов раҳбарлик қилаётган Қорасув шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги кўп тармоқли марказий поликлиникада меҳнат қилаётган 316 нафар ходимнинг 260 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Улар, айниқса, шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари ўз ишига масъулият билан ёндашадиган, бемор соғлиги учун сидқидилдан қайғуриб, зарур тиббий ёрдамни кўрсата оладиган  малакали мутахассислардир.

Муассасамизда "Соғлом она ва бола йили" давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат  Дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш борасидаги ишлар изчил олиб борилмоқда.

Ўтказилаётган тиббий кўриклар,  соғломлаштириш ва тарғибот ишлари натижасида аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасида ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда. Мазкур жараёнда ногиронлар, якка ёлғиз яшовчилар, кексалар, фертиль ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ҳамда болаларни тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор билан қаратилмоқда.

Айни кунга қадар шаҳардаги 8 минг 775 нафар туғиш ёшидаги аёллар, 3 минг 836 нафар 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган, 4 минг 682 нафар мактаб ёшидаги болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Турли касалликлари бўлган болалар ва аёллар амбулатор ва стационар даволанишга жалб этилди.

Ишларимиз самарадорлигини ошириш, ижобий натижаларга эришишимизда бирлашма хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Муҳайё Ҳасанова, шунингдек, Умидахон Қурбонова, Лолахон Рустамова, Дилбархон Норқулова, Озодахон Раҳмоналиева сингари шифокорларимиз намунали фаолияти билан барча ҳамкасбларига ибрат бўлмоқда.

Маълумки, кейинги йилларда патронаж хизматини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки айнан патронаж хизмати ривожланиши билан профилактика ишлари самарадорлиги кескин ортмоқда, касалликлар келиб чиқишининг олди олинмоқда. Қолаверса, ушбу хизмат аҳолига катта қулайлик туғдирмоқда. Бу борада Шоира Аҳмаджонова, Мунира Ҳожиқурбонова, Мавжуда Йўлдашева, Шарифа Юсупова каби патронаж ҳамшираларимиз самарали меҳнатлари  билан барчага намуна бўлмоқдалар.

2015-2016 йиллар давомида тиббиёт бирлашмамиз "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида жами 22 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар билан таъминланди. Бу эса ўз навбатида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга ёрдам берди.

Халқимиз, фуқароларимиз саломатлиги - юртимизнинг энг катта бойлиги. Ана шу азиз неъматни асраб-авайлаш, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида тиббиёт бирлашмамиз ходимлари бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қиладилар.

 

Гулмирахон МЎМИНЖОНОВА,

Қорасув шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари.

 

АЁЛЛАР ҲАМИША ЭЪЗОЗГА МУНОСИБ

(41- сон, 2016й.)

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда хотин-қизларнинг мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирокини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада опа-сингиилларимизнинг жамиятда тутган ўрни ва мавқеи янада ортди.

Аёлнинг нафосати оилада, у кириб борган ҳар бир соҳада ўз аксини топади. Шунинг учун ҳам аёли бор гўшанинг файзи ўзгачадир. Аёл ўзининг шижоати, садоқати, назокат ва гўзаллиги билан атрофдагиларга кўтаринкилик бағишлайди. Шу боис ҳам мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор, эҳтиром ва ғамхўрлик кўлами йилдан йилга ортиб бормоқда.

Айни кунда қўмитамиз шаҳримизда истиқомат қилаётган 17 минг 581 нафар хотин-қизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, қолаверса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, ФҲДЁ, ички ишлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муайян ишларни олиб бормоқда. Айниқса, "Аёлнинг жамият ва оиладаги ўрни", "Сиз ўз ҳуқуқингизни биласизми?", "Аёл ҳар ишда тадбиркор", "Соғлом она,   соғлом бола, соғлом келажак", "Тиббий кўрикнинг аҳамияти" сингари қатор мавзулардаги учрашув ва мулоқатлар ижобий натижалар бермоқда. 

Оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ҳудудий  дастур доирасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Мирзо Улуғбек, Учтегирмон маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатаётган 4 та тикувчилик  цехини кенгайтириш ҳисобига 6  нафар опа-сингилларимиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Бундан ташқари, кўплаб қизларнинг "Устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунар ўрганишлари йўлга қўйилди. Шу йил Қорасув қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тамомлаган 174 нафар қизнинг 23 нафари «Халқ банки»нинг Қорасув филиалидан кредит олиб, ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Умуман, жорий          йилда шаҳар хотин-қизлари учун  417 янги иш ўрни яратилиши белгиланган бўлса,  айни кунга қадар 197 нафар опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланди.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш мақсадида шаҳардаги мавжуд 10 та маҳаллада қўмитамиз қошидаги "Сиёсатчи аёл", "Раҳбар аёл", "Ҳуқуқшунос аёл" жамоатчилик уюшмалари ҳамда фаолларимиз томонидан кенг кўламли  тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Аёл-қизларимизнинг сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириш, миллий қадрият ва анъаналаримизни мазмунан бойитишга қаратилган долзарб мавзуларда тадбир, учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда. Айниқса, "Бир болага етти маҳалла ота-она", "Шинам ва озода оила остонасидан аён", "Шаҳар маликаси", "Аёллар спартакиадаси", "Маҳалла маликаси", "Меҳрибон  қайнона", "Либосларда қадрият акси", "Сумалак сайли",  "Қайнонам-онам, келиним-болам" деб номланган тадбирлар, спорт мусобақалари, аҳоли, айниқса, ёшлар учун тажриба ва ибрат мактаби вазифасини ўтамоқда.

Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 8 минг 775 нафар туғиш  ёшидаги аёллар ҳамда 8 минг нафарга яқин ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида касаллиги аниқланганлар соғломлаштиришга жалб этилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида фаолият олиб бораётган "Саломатлик сектори" аъзолари ҳамда шифокорлар билан ҳамкорлигида хонадонларда   соғлом турмуш тарзига амал қилиниши, аҳолининг саломатлиги масалалари ўрганиб чиқилмоқда, бу борадаги ишларни яхшилаш бўйича фуқароларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Натижада аҳолининг саломатлиги билан боғлиқ кўрсаткичлар яхшиланмоқда.

Қўмитамиз томонидан аёллар, айниқса, уй бекалари ўртасида спортни ривожлантириш, аёлларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Ёши элликдан ошган аёллар учун Қорасув қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида гимнастика тўгараги ташкил этилган. Ҳар куни эрталаб коллеж спорт залида   гимнастика машғулотлари ўтказилади. Бу ерда спорт билан шуғулланиб, ўз саломатликларини мустаҳкамлаётган аёлларга ҳомийлар томонидан махсус спорт кийимлари берилган.

Аёл - жамият кўзгуси. У оилада ҳам, жамиятда ҳам ўзининг муносиб ўрнини топиши,  ҳурмат, эътибор ва ардоққа сазовор бўлиши керак. Бунга эса опа-сингилларимиз ўзларининг оқилалиги, меҳри-муҳаббати, фидойи ва фаоллиги билан сазовор бўла олади. Айни кунда турли соҳаларда фидойилик билан меҳнат қилаётган Фаридахон Аҳмедова, Барокатхон Мамашева, Муҳаббатхон Мирзалиева, Шоҳидахон Fофурова сингари кўплаб фаолларимиз қўмитамиз ишига яқиндан ёрдам бериб келаётганлигини алоҳида эътироф этишим жоиз. Мухтасар айтганда, қўмитамиз фаоллари хотин-қизларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолликларини ошириш, иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун зарур барча ишларни амалга оширадилар

Наргизахон ХОЛМАТОВА,

Қорасув шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси.

 

МУКОФОТЛАР МУБОРАК!

(41- сон, 2016й. қутлов)

Юртимизда таълим тизимини ривожлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги алоҳида хизматлари ҳамда касбига бўлган фидойилиги учун таълим тизимининг бир гуруҳ вакиллари ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. М. Мирзиёев фармонига асосан турли унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида андижонлик қуйидаги опа-сингилларимиз ҳам бор:

"Меҳнат шуҳрати" ордени билан

Мамаджонова Одина Аҳмаджоновна - Избоскан туманидаги 17- умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.

"Дўстлик" ордени билан

Ибрагимова Гулбаҳор Қаюмовна - Андижон шаҳридаги 37- умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси.

"Шуҳрат" медали билан

Аҳмаджонова Умидахон Мўминовна - Қўрғонтепа туманидаги 1- умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси.

Мирзаева Азиза Саибжановна - Хўжаобод туманидаги 1- умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси.

 

Мукофотланганларни газетамиз муштарийлари номидан муборакбод этамиз.

Сиз доим мўътабар, азизсиз, устоз!

(40-  сон,  2016 й)

Бахтнинг манзилига етаклагансиз,

Офтоб юзларида чақнар меҳр-соз.

Қошингизда ҳар дам таъзимдамиз биз,

Сиз доим мўътабар, азизсиз, устоз!

 

Илк бор қўлга қалам тутган ўзингиз,

Эзгуликка чорлар айтган сўзингиз.

Чаманга айланар босган изингиз,

Сиз доим мўътабар, азизсиз, устоз!

 

Ҳаёт мактабида йўлбошчи бўлган,

Шогирдин камолидан юраги тўлган.

Касбин машаққатин завқу шафқ билган,

Сиз доим мўътабар, азизсиз, устоз!

 

Гоҳ ота, гоҳ она бўласиз бешак,

Тафтли бағрингизни очасиз келсак.

Арзийсиз "энг буюк инсонсиз" десак,

Сиз доим мўътабар, азизсиз, устоз!

 

Акрамжон МАМАТОВ.

ҚЎШНИНИНГ ДИЛИ ОFРИМАСИН

 (40- сон, 2016 й. Қатра)

Дераза тагида болалар тинмай ўйнар, бақир-чақир қилишар эди. Лекин бирорта ҳам ота-она "бу уйда ҳам инсон яшайди, тўпалон қилманглар", демасди. Бир куни хўжайиним "Қўшниларга, Барнохонга айтинг, болалари нарироқда ўйнасин", деди. Мен чиқиб илтимос қилдим.

Барнохон юзимга кулимсираб:

-      Ҳой Азизахон, энди болалари кўп кўчага кўчиб ўтдингиз, чидайсиз-да, - деди.

Қаранг, ҳаётнинг мураккаблигини. Мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам оилада ёлғиз бўлганмиз. Яратганнинг иродаси билан қизимиз ҳам ёлғиз бўлиб қолди. Уйга кириб "болам ягоналигини юзимга солди", деб юм-юм йиғладим. Хўрлигим келди. Қизим ўсиб-улғайди. Набиралирим кўпайди.

Лекин... Қўшнимнинг ўғли фарзанд кўрмади.

Азизлар, қўшнининг, умуман, ҳеч кимнинг дили ҳеч қачон оғримасин. Бу дунё қайтар дунё эканлигини унутмайлик.

 

Мастурахон НАСИРДИНОВА, Марҳамат тумани.

ҚАРИ БИЛГАННИ ПАРИ БИЛМАС

(40- сон, 2016 й. Ҳаёт - ибрат мактаби)

Абдухолиқ аканинг ёши етмишдан ошганда умр йўлдоши қазо қилди. Ўғил-қизларини уйлаб, жойлаб бўлган эди. Бу одам, биринчидан, қадрдон қўшним, иккинчидан иккаламиз ҳам отадан ёлғиз бўлганлигимиз учун ака-укадай бўлиб ўсганмиз. У мени бошланғич синфларда ўқитган бўлса, мен институтнинг сиртқи  бўлимида ўқиётганда ёрдам берганман. Бир-бимримизга устозмиз.

Хуллас ҳам қўшни, ҳам ака-ука, ҳам дўст бўлиб ўсдик, катта бўлдик, бирга ишладик... Аям, яъни турмуш ўртоғининг ўлганига бир йилдан ошди. Бир куни домлани ёлғизлатиб:

- Ака, мени кечирингу, мен айтмасам, ким айтади. Бирорта муносиб аёл изласам, уйлаб қўйсак. Фарзандларингиз ҳаммаси ўзлари билан ўзлари  овора. Ётишингиз, туришингиз бор, - дедим. У ўйланиб:

- Бу гапларинг учун раҳмат, ҳозиргача биров менга шунчалик раҳмдиллик қилган эмас. Энди эшит: биринчидан, менга осмондаги ойни олиб берсанг ҳам, аянгга ўхшамайди. Иккинчидан, ёшим етмишдан ошди, ҳар қандай яхши, эсли аёл ҳам менга меҳр қўйиб, хотин бўлмайди. Учинчидан, ука, мен уйлансам, фарзандларим, айниқса, қизларим менга меҳр-муҳаббат билан қарамайди. Уларнинг мендан меҳри қочади, менга хотин бўлган аёлга нафрат билан қарайди. Ва ниҳоят, мен ўлсам, болаларим анбарим устида юракдан чиқариб йиғламайди. Буни ҳаёт дейди, ука.- дея ўз қарашларини менга лўнда қилиб тушунтириб қўйди.

Олимжон РАҲИМОВ, Асака тумани.

 

 

ЭЗГУ ИШЛАР БАРДАВОМДИР

(40- сон, 2016 й. Мутахассис минбари)

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунларидан оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан жорий йилнинг "Соғлом она ва бола йили" деб номланиши ҳам ана шу йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини оширишни кўзда тутади.

Умуман, она ва бола саломатлиги, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш масалалари давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан саналади. Ҳеч   шубҳасиз, ҳар биримиз оналаримизнинг ва фарзандларимизнинг соғлом бўлишини уларнинг бахт-саодати, ёруғ келажагини кўришни ният қиламиз.

Барчамизга яхши маълумки, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Фарзандларимиз камоли, бахтли келажаги учун қилинаётган бу эзгу ишлар изчил ва тизимли равишда амалга оширилаётганлиги барчамизни қувонтиради.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш доирасида дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган она ва бола соғлиғини муҳофаза қилишнинг миллий модели шаклланди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинлари, шу жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар янгиланиб, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланганлиги  аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, қолаверса, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш имкониятларини янада кенгайтирди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда оналар ва гўдаклар ўлими камайди. "Она ва бола скрининги"   дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши камайди. Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Спорт мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг ажралмас таркибий қисмига айланган. Уни болалар ва ўсмирлар, айниқса, қизлар ўртасида оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича ўзига хос тизим яратилди. Нафақат шаҳарларда, балки  чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт комплекслари барпо этилди. Болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Бу борада вилоятимизда ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Биргина 2003-2015 йиллар мобайнида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали маблағлари ҳисобидан жами 176 та иншоотда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди, қатор спорт мажмуалари барпо этилди. Ана шу мақсадлар учун 93 миллиард 641 миллион сўм маблағ сарфланди. Фойдаланишга топширилган спорт иншоотларининг 150 таси қишлоқ жойларида эканлиги эътиборга молик. Бу қишлоқ ёшларининг спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратди, уларнинг жисмонан соғлом, етук ва баркамол бўлиб вояга етишларини таъминламоқда.

Таъкидлаш керакки, соғлом ва баркамол авлодгина юртимиз келажагининг порлоқ бўлишини таъминлай олади.  Шу боис ҳам, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг оммавий спорт турларига жалб этиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга юртимизнинг ҳар бир фуқароси ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим.

 

Зулайҳо НИЁЗМАТОВА,

Андижон шаҳридаги 1- сон Давлат нотариал идораси нотариуси.

 

ЎЗ КАСБИНИНГ МОҲИР ЭГАЛАРИ АНИҚЛАНДИ

(40- сон, 2016 й. танлов)

Шу кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган "Ўз касбининг моҳир эгаси" танловининг туман, шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Куни кеча таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Марҳамат тумани кенгаши томонидан "Ўз касбининг моҳир эгаси" танловининг туман босқичи ўтказилди.

Танловда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тумани кенгаши тассаруфидаги муассасаларнинг фаол, касб сирларини мукаммал эгаллаган, ўз билим ва тажрибаларини ёш мутахассисларга ўргатиб келаётган, умуман,  фаолиятида юқори натижаларга эришаётган илғор вакиллари иштирок этди.

Танловнинг асосий мақсади, илғор тажрибаларни оммалаштириш, намунали иш олиб бораётган мутахассислар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат. Қолаверса, танлов тизимдаги маънавий-маърифий ҳамда таълим-тарбия  борасидаги ишлар сифати ва самарадорлигини юксалтириш, соҳа ходимларининг касбий маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Белгиланган шартлар асосида ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, "Турон" ўқувчи ёшлар ва ногиронлар ўқув ишлаб чиқариш маркази директори Ортиқали Хусанов, 31-давлат ихтисослашган мактаб-интернати ўқитувчиси Авазбек Собиров ва 16-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Мақсудахон Йўлдошева ғолиб деб топилиб, танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Шунингдек, танловда "Энг яхши мураббий", "Энг яхши руҳшунос", "Энг яхши бухгалтер", "Энг яхши ошпаз" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Ҳамидулло МАТИСАЕВ,

Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири.