+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҚОНГА БЕЛАНГАН ҚОЯ

(43- сон, 2016 й.) Ҳикоя

Нурота тоғ тизмаларидаги қоялар ичида бир қоя бор, номи Қизилқоя. Бу қоя бошқа қоялардан ниҳоятда тик ва ваҳимали эканлиги билан ажралиб туради. Бир афсонага кўра, бир қиз ўзини ана шу қоя устида ташлаган, тошга келиб урилган ва ўша жойнинг ўзидаёқ жон берган экан. Унинг қонидан тош алвон рангга бўялган ва бу қўрқинчли қоя Қизилқоя номини олган экан... Айтишларича, қоядаги тош ҳамон қизил рангда эмиш.

* * *

-Онажон, онажон!.. қоя... бургут боласи... - азбаройи тез югурганидан нафаси бўғзига тиқилиб қолган, ранги бўздек оқарган, кийим-бошлари қип-қизил қонга беланган ўспирин гапини тугатмасдан онасининг оёқлари остига йиқилди. Онаси шошиб қолди, сал ўзига келгач, пойида чўзилиб ётган ўғлининг аҳволидан "Вой-дод! Ким бор? Ёрдам берингла-а-ар!" деганча чинқириб юборди.

* * *

Вали билан Одилнинг орасида икки ёш фарқ бўлса ҳам жуда қалин ўртоқ бўлиб кетишган. Эндигина ўн олти-ўн етти ёшлардаги бу йигитчаларни унча-мунча хавф чўчитолмас эди. Улар ҳар куни тоғда тонг отишини қўйларини ўтлатиб қўйиб томоша қилардилар. Тоғнинг энг баланд ерига чиқиб ўтиришни хуш кўрардилар. Бу ерда атроф кафтдек намоён бўларди, сурувни назорат қилиш ҳам анча қулай.

Бир куни Вали бир гап топиб келди.

-      Одил, Одил! Бургутнинг полапонини катта пулга сотиш мумкин экан!

-      Сен қаёқдан била қолдинг? - ҳар доимгидай бепарво сўради Одил.

-      Қўшни қишлоқдаги Асқар борку, ўшандан эшитдим. Уларнинг қишлоғига бир одам келиб, кимда ким бургутнинг боаласидан топиб берса, анчагина пул беришини айтибди.

-      Бўлмаган гап, алдаган. Сен шу гапга ишондингми?

-      Нега ишонмай... Ахир юз минг кичкина пул эмас!

-      Тоққа чиқиб бургутнинг боласини олиш ҳам осон иш эмас-да. Осон бўлганда, сенга пул бериб ўтирмасдан ўзи чиқиб олган бўларди ўша бойвачча, - қўл силтади Одил.

Аммо анча шўх ва чаққон бўлган Валини бу таклиф қизиқтириб қўйганди. Шундан ҳар куни гап мавзусини шу томонга буришга ҳаракат қиларди.

-      Биз ҳам уриниб кўрмаймизми? - деди ичига сиғмай бир куни Вали.

-      Нимага?

-      Қояга чиқишга-да!

-      Бургут айнан қаерга ин қурганини билмаймизку!

-      Мен биламан, Қизилқояда бургутнинг уяси бор!

-      Эсинг жойидами? Мабодо ўлгинг келмадими? Қизилқоянинг яқинига боргани ҳам қўрқишадику!

-      Мен қўқмайман, йўқ дема омадимизни синаб кўрайлик!

Улар узоқ тортишишди, охири Вали аразлаб кетиб қолди. Одил фитратан ўта виждонли бўлгани учун дўстининг кўнглига йўл топиш илинжида унинг ортидан юрди. Узоқ ўйланиб дудуқланганича розилигини айтди. Вали уни қучоқлаб олди. Аммо Одилнинг кўнгли нимадандир қаттиқ безовта эди...

* * *

Икки ўртоқ сурув бир соя жойга дам олиш учун чўккалаган пайти секин қояга сари кўтарилишди. Баландликка чиқишгани сайин юракларидаги қўрқув кучаяётганидан иккисининг ҳам ранги кесак тусига кириб борарди.

-      Одил, нима бўлса ҳам бир-биримизнинг қўлимизни қўйиб юбормаслигимиз керак, - деди Вали нафаси тиқилиб. Бироқ қоя ниҳоятда тик бўлганидан қўл билан ушлаш учун ҳам оёқ қўйиш учун ҳам қулай ер йўқ эди. Улар қоянинг ярмига етмасидан анча толиқиб қолишди. Қулайроқ ерга ўрнашиб бир муддат тин олишга келишишди.

-      Мен бу ишни шунчалар қийин деб ўйламагандим, - ҳансираганча бош чайқади Вали.

-      Хали бу холва, ишнинг қийини олдинда турибдику! - деди ҳамиша мулоҳаза билан иш юритишга ўрганган Одил. - Халиям бўлса ортга қайтганимиз  маъқул. Хали замон она бургут овдан қайтиб қолиши мумкин...

Аммо Вали кўнмади. Фикридан қайтиб қолмаслиги учун ошнасини юришга қистади. Қоянинг энг баланд чўққисини забт қилишларига озгина қолганда, бирдан қулоқларига жуда хунук товуш эшитилди. Икки ўртоқ турган жойларида қулоқларини динг қилганча тек қотишди. Овоз жуда хунук бўлиб, яна такрорланди. Уларда товуш эгасини кўриш иштиёқи ортди. Вали шошганидан қалтисроқ ҳаракат қилиб юбордими, оёқлари сирпаниб тушиб кетишига бир баҳя қолди. Одилнинг чайир қўллари уни нақд ҳалокатдан асраб қолди.

Ниҳоят, Қизилқоя забт қилинишига бир қадамгина қолди. Бургут деган жонивор тоғнинг энг баланд ерини макон тутаркан-да! Икковлари ҳам кўзларига ишонмасдилар. қоя устидаги уяда бир жуфт хали пати чиқиб улгурмаган жиш-полапон оғзини катта-катта очганча ўткир кўзларини атрофга тикиб ўтирарди. Бир пайт улар қаттиқ ва жуда хунук овозда сайрай бошлашди. Одам ҳидини сезишдими, анча безовталаниб қолишди. Полапонлар кетма-кет ваҳимали чинқира бошлашди. Йигитчалар довдираб қолишди. Улар озгина хатога йўл қўйишса, бургут ови барбод бўлишини, ҳатто ҳаёт ўрнини мамот эгаллаши мумкинлигига ақллари етиб улгурганди. Вали Одилга қўлидан маҳкамроқ тутишини айтиб, ўзи полапонлар томон чўзилди. Бу пайтда полапонларнинг фарёди атрофни тутиб кетганди. Вали чаққонлик билан инга қўлини чўзди. Полапонларнинг қийиллашларига эътибор ҳам бермай, улардан бирини олиб, Одилга узатди. Иккинчисини олишга интилди. Қўлларида иккинчи полапоннинг ҳам юлқиниб турганини кўрган Вали завқланди.

Шу пайт қаердандир пайдо бўлган она бургут қаттиқ чинқирганча Валига ташланди. Одил дўстини бургутнинг чангалидан қутқармоқ учун Валини ушлаб турган қўлларини тортиб олдию, қушни ҳайдамоқчи бўлди. Аммо бургут бу гал Одилга чанг солди. Шунда унинг оёқлари сирпаниб кетди ва пастликка қараб қушдек учиб туша бошлади. Қизилқояда яна бир тош қонга бўялди...

* * *

Вали бошлаб келган яқинлари кўз олдиларидаги даҳшатли манзарадан тошдек қотишди. Қизилқоянинг этагига туташ жарлик ёқасида бошдан-оёқ қип-қизил қонга беланган кимса ётарди. Не ҳайратки, шунча юксакликдан учиб тушган одамнинг юраги ҳамон урарди! Одил чала-ярим очиқ кўзларини атрофидагиларга бемажол тикди. Нигоҳлари ғира-шира кўринаётган яқинлари орасидан бир чеҳрани таниди: онаизори эди у! Муштипар аёл фарёд урганча жигарпорасига талпинди: "Болам, бола-а-а-м!!!" ўзини онаизорининг бағрида кўрган Одил сўнгги бор нигоҳларини осмонга тикди. Осмоннинг бағрини яна бир    фарёд тилиб ўтди. Бу жагарбандларидан айрилиб, осмону фалакда чарх ураётган она бургутнинг фарёди эди!..

 

 

АРЖУМАН.