+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ - МУҲИМ СИЁСИЙ ЖАРАЁН

(46- сон, 2016й.)

 4 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни)

Маълумки, жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади. Ушбу сиёсий жараёнда фуқароларимиз фаол иштирок этиш орқали ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб, муносиб номзодни сайлаш учун овоз бериш имконига эга бўладилар.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари сайловлардан сайловларгача бўлган давр мобайнида такомиллашмоқда. Бугунги кунга келиб, мамлакатимиз сайлов қонунчилиги миллий ва    халқаро андозалар талаблари асосида мустаҳкамланиб,  ривожланиб бормоқда.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 4- моддасига асосан, Президент сайлови Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилиши белгиланган. Марказий сайлов комиссияси қарорига кўра округ сайлов комиссиялари ва округ сайлов комиссиялари қарори билан участка сайлов комиссиялари тузилади. Улар бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилишини таъминлайди.

Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи       1 та округ ва 773 та сайлов     участкалари тузилган бўлиб, бўлажак сайловда вилоятимизнинг 1 миллион 984 минг  нафардан зиёд фуқаролари, жумладан, 994 минг нафарга яқин хотин-қиз иштирок этиши кутилмоқда.  

Маълумки, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади. Айни кунда мамлакатимиздаги 4 сиёсий партиядан кўрсатилган номзодлар қонун доирасида сайловчиларни ўз сайловолди дастурлари билан таништириб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 5- моддасида кузатувчилар иштироки, сайлов кампанияси оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилиши белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчилар ҳамда сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништирадилар, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.

Таъкидлаш жоизки, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва ундаги ўзгаришлар аҳоли ўртасида кенг тарғиб этилаётганлиги туфайли ҳам фуқароларнинг сайлов жараёнига бўлган муносабати ижобий томонга ўзгариб, сайловлардаги иштироки ва фаоллиги, айниқса, хотин-қизлар фаоллиги ортиб бормоқда.  Қолаверса, бугунги жараёнлар вилоятимиз аҳолисининг сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан танишишга бўлган қизиқиши, шу билан бирга, бўлғуси сайловларда қатъий фуқаролик позициясини намоён этишга бўлган хоҳиши юқори эканлигини кўрсатмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, жорий йилнинг декабрь  ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг бориши бу соҳада орттирилган тажрибани миллий сайлов қонунчилигига уйғунлашуви ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва андозаларига тўла мос келиши эътиборга моликдир.

Бўлажак сайлов мамлакатимиз тараққиётининг кейинги беш йил мобайнидаги стратегик ва устувор йўналишларини белгилаб бериш, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Ана шу жараёнда опа-сингилларимиз ҳам шубҳасиз, фаол иштирок этадилар.

 

Дилоромхон БОБОЕВА,

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2- Андижон округ сайлов комиссияси аъзоси.

ИМКОНИЯТЛАР ЙЎЛИДАН БОРЯПМИЗ

(46- сон, 2016й. қарор ва ижро)

Ёш авлодни ҳар томонлама етук, маънан баркамол тарбиялаш, замон талаблари даражасида таълим бериш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни ўзлаштириш, хорижий тилларни ўрганишларини таъминлаш бугуннинг долзарб вазифаларидандир. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ёшларимизга хорижий тилларни ўргатиш борасидаги ишлар самарадорлигини юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Олтинкўлда тил ўрганишга қизиқувчи ўқувчилар жуда кўп. Бу борада уларга ёрдам бериш мақсадида 2015 йили туман марказида "Еnglish Universe" ўқув марказини ташкил этдик. Дастлаб, 2 нафар малакали инглиз тили ўқитувчиси билан иш бошлаган бўлсак, ҳозирда инглиз тилини ўрганиш истагидаги ўқувчиларга 8 нафар мутахассис сабоқ бермоқда. Аввалига ўқув курсимизда 17 нафар ўқувчи таҳсил олган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 300 нафардан ортди. Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ёшларга сертификат берилади. Тилни пухта ўрганган битирувчиларимизнинг ишга жойлашишларида ҳам имкон қадар кўмак берамиз.

Дарсларни ташкил этишда малакали мутахассислар Зулхумор Адҳамова, Маҳфуза Тошназарова, Моҳичеҳра Фозилжонова, Муҳитдин Восилов, Дурдона Ҳайдарова каби изланувчан ўқитувчиларимиз замонавий педагогик усуллардан кенг фойдаланадилар. Айниқса, ўйин тарзида ташкил этилган     дарслар кичик ёшдаги ўқувчиларимизнинг тил ўрганишдаги имкониятларини янада кенгайтиради, матнларни тез ва осон ёд олишларига ёрдам беради.

Марказимизда таҳсил олаётган ёшлар мактабда олаётган билимларини янада мустаҳкамлаб, қатор танловларда муваффақиятли иштирок этмоқда. Жумладан,  6- синф ўқувчиси Сарвиноз Ҳамидова "Билимлар беллашуви"нинг республика босқичида инглиз тили фани бўйича фахрли 2- ўринни, Зулайҳо Каримова эса "Ишбилармон талаба" кўрик-танловининг республика босқичида 1- ўринни эгалладилар. Зулайҳонинг ўз бизнес лойиҳасини инглиз тилида ёзиб, тақдимотини ҳам инглиз тилида ўтказгани барчада катта таассурот қолдирди. Шунингдек, унинг 2015 йилда чоп этилган "Easy tenses" деб номланган услубий қўлланмаси инглиз тилини ўрганувчилар учун қулайлик яратмоқда.

Марказимизнинг энг ёш тингловчиси 5- синф ўқувчиси Муслимахон Ўринбоева эркин мулоқот қила олиши билан бир қаторда инглизча шеърлар ҳам машқ қилиб туради. У жорий йилда "Камалак юлдузлари" болалар ижодиёт фестивалининг туман вилоят босқичларида ғолиб бўлиб, республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бу ерда ота-оналар учун ҳар ойда тадбирлар ташкил этилади. Бу уларга  фарзандларининг инглиз тилини қай даражада ўзлаштираётганликлари билан бевосита танишиш имконини беради.

Айни кунда мактаб, коллеж ўқувчилари билан бир қаторда, турли соҳа мутахассислари ҳам марказимизда таҳсил олмоқда. Яратилган қулай шарт-шароитлар эса уларнинг инглиз тилини пухта ўзлаштиришларига яқиндан ёрдам бермоқда.

 

 Дилобар АҲМЕДОВА,

 

Олтинкўл туманидаги "English Universe" ўқув маркази директори, "Дўстлик" ордени соҳибаси.

НОМЗОДЛАР САРАЛАНДИ

(46- сон, 2016й.)

Андижон маиший хизмат касб-ҳунар коллежида Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловига номзодлар саралашнинг шаҳар   босқичи бўлиб ўтди. Унда  30 нафар иқтидорли қиз адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишлари бўйича ўз иқтидор ҳамда маҳоратларини намойиш этдилар.

- Ушбу танлов истеъдодли қизларимизнинг билим, маҳорат  ва  салоҳияларини юзага чиқаришда муҳим аҳамиятга эга, - дейди шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргизахон Қосимова. - Иштирокчилар ўз чиқишлари билан нафақат, юксак истеъдод соҳибаси, балки юртимиз ёшларининг илғор ва фаол вакилалари эканликларини амалда кўрсата олдилар.

Якуний натижаларга кўра, турли йўналишлар бўйича энг яхши ютуқларга эришган 23 нафар қизнинг ижодий ишлари танловнинг вилоят саралаш    босқичига тақдим этилди.

Fолиб қизлар шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Гулмира ИКРОМОВА, Андижон санъат коллежи ўқувчиси.

ҚОМАТИНГИЗ ЧИРОЙЛИ БЎЛИШИ УЧУН...

(45-сон, 2016 й. Аёлларга тавсиялар)

Ҳар бир аёл кўркам қадди қоматга, гўзал хуснга эга бўлишни истайди. Айниқса,  ҳозирги аёлларнинг асосий муаммоси ортиқча вазн бўлиб, қоматни сақлаш мақсадида парҳез сақлашни, турли машқларни бажаришни ўзларининг асосий машғулотига айлантириб олган. Бу ҳам осон эмас, албатта. Доимий   машғулотлар кишидан қунт ва сабрни талаб этади. Мазкур соҳада иш олиб бораётган дунёдаги етакчи мутахассислар озиш йўллари ва вазиятларни ўрганиб чиқиб, уларнинг энг осон 12 усулини танлаб олди. Булар қуйидагилар:

 Кўпроқ ухланг!

 Мутахассисларнинг таъкидлашларича, уйқусизлик семиришга сабаб бўлар экан. Уйқуга тўймаслик гормонал меъёрнинг бузилишига олиб келади.  Айниқса,  иштаҳани босувчи ва жисмоний фаолликни оширувчи лептин гормони миқдори камайиб кетади.  Дарвоқе,  лептин сўзи юнон тилидан "озиш" маъносини англатади. 

 Табассум қилинг!

Ишонасизми, 10 дақиқа мириқиб кулганимизда, 50 калорияни йўқотар эканмиз.  Бу дегани бир бўлак шоколадга тенг қувватни чиқариб юборамиз. Бир йилда кулги билан 2 килогача вазндан қутилиш мумкин.

Кулгини енгил югуриш билан тенглаштириш мумкин. Кулганда юрак қисқариши икки баробарга ошиб, организмга кислород кўпроқ кирар экан. Шунингдек, қорин мушаклари ва ўпка фаолияти ошади. 

Ифорлардан нафас олинг!

Уйингиз ва ишхонангизда хушбўй ифорли духи, турли гуллар ҳамда неъматларнинг ҳиди доимий уфуриб туришига эътибор қаратинг. Бу сизга хушкайфиятда юришингиз ва танангизнинг ортиқча ёғлардан халос бўлишига ёрдам беради.

Цитрус (лимон, мандарин, апельсин ва ҳ. к.) мевалар ифори организмдаги моддалар алмашинувини тезлаштиради.

Занжабил овқат хазмини меъёрлаштиради. Ялпиз, лимонўт, сандал дарахти мойи кишини бўшаштириб, хавотирларни тарқатади. Айниқса, парҳез тутган аёллардаги асабийликни босиб, кўнгилни тинчлантиради.  Шунингдек, эфир мойи депрессия ҳолатидан чиқишга кўмаклашади.

Кийимларингизни янгиланг!

Агар янги кийимлар қанчалик қиммат бўлса, озишга бўлган иштиёқ шунчалик катта бўлади. Негаки кўркам кийимни тезроқ кийиш истаги ҳар бир аёлга хос. Бундан ташқари,  қиммат нарсани кейинга, озгунга қадар жавонда туришига кўз қиймайди. Шу сабабли аёллар тезроқ озишга ҳаракат қилишади ва кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқишади.

Севиб яшанг!

Физиологлар севгини мураккаб биологик жараён деб билишади. Бу маълум маънода гормонал портлаш бўлиб, одамнинг иштаҳасига таъсир этиб, киши томоғидан егулик ўтмай қоларкан. Бундан ташқари, гормонларнинг бу тарзда ишлаши овқатнинг тез ҳазм бўлишига ёрдам беради. Кимнидир севиб, у ҳақда қайғуриб яшаган кишида ортиқча вазн бўлмайди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

ШИРИНЛИК

(45-сон, 2016 й.ҳикоя

Парвин НУРАЛИЕВА, Озарбайжон адибаси.

Узундан-узоқ савдо қилишни ёқтирмайман. Лекин кийим-кечак дўконларини яхши кўраман. Маошимни олар-олмас оёғимни қўлимга олиб, шаҳар савдо марказларига чопаман. Аммо, афсуски, маошим жуда кам. Кошкийди, ҳеч қаерда ишламасаму, ҳар кун маош олсам, қандай ажойиб иш бўларди. Бир ой ишлатишади, аммо фақат бир кун маош беришади. Шунақаям адолатсизлик бўладими? Берган маошлари бўлса, икки кўйлак олар-олмас тугайди-қўяди. Қишлоққа ҳам пул юбора олмайман.

Аслида ойлигимдан онамга заррача фойда йўқ. Нима қилай, хали ёш қиз бўлсам... Турмушга чиқишни, кезишни, бежирим кийинишни истайман. Энг зўр ресторанларнинг лаззатли таомларини бошқаларга қараганда кўпроқ тановул қиламан, дугоналарим менга ҳасад қилишади. Чунки қанча есам-да, асло семирмайман, хипчабелман. Барча ейишга қўрқадиган ширинликларни бўлса, отамнинг сўзи билан айтганда, "бўғзимга келгунча" ейман. Сессия вақтида имтиҳонларга тайёрланар эканман, университетнинг муздай совуқ ўқув залида ўтириб, "Анорганик кимё" китоби саҳифаларини варақларканман, ширинликларни тановул қилиш йўли билан бироз исинмоқчи бўлишнинг нимаси ёмон?

Хонадошларим ширинликни ёқтиришмайди. Шунинг учун ширинликни фақат ўзим сотиб оламан ва хонадаги стол устига қўйиб қўяман. Ширинлик неча кунлаб шу ерда кутиб ётади, лекин уни ейдиган одамнинг ўзи йўқ. Стол устидаги ширинликнинг ҳаммасини ўзим паққос тушираман. Ҳаа... Мана ширинликлар сотиладиган дўкон... Бу дўконни жуда яхши кўраман. Дўконнинг пешонасига "Шамс" деган сўз рангли  ҳарфлар билан қирмизи матога шунақа чиройли ёзилганки, ёзувни кўрган кишининг вақти  чоғ бўлади. Менга жуда чиройли исм қўйишган. "Ироданинг номи қўйилган дўконми? Бизнинг қишлоғимизда Иброҳим амакининг тахта дўконига ўхшайди..." Ҳа, энди буёғини қўяверинг...

Бу дўкондаги сотувчи жуда ғалати йигит... Қўл дегани шунчалик ҳам узун бўладими?! Кафтлари кетмондай келади! Гўё оёқларини билакларига улаб қўйишгандай! Ё худо, қўл дегани шунчалик ҳам катта бўладими? Ўзи бўлса, кесакдай ғирт ҳиссиз... Қачон шу дўконга кирсам, мингта саволга кўмади. Худди шу чоққача мени ҳеч кўрмаган, гўё танимайди. Мен бўлсам, ширинликларни тотиб кўрмай харид қилолмайман.

... Э, Худо, шу тут майизини бунчалик яхши кўрмасам?! Ҳмм... Бу саватдаги тут майизи бўлса, жуда ширин экан... Бундан олишим керак. Айтай, 200 грамм тортсин. Сотувчи ёнимга келди:

-      Марҳамат, ойимқиз. Сизга ёрдам берсам бўладими?

-      Сиз ҳозир мана шу тут майизидан 200 грамм тортинг, бошқаларини тотиб кўргач, айтаман.

Кошки, бу дўконда ишласайдим... Муштарийларга мана бу сотувчига ўхшаб ҳечам халақит бермасдим. Хоҳлаган нарсасининг мазасини тотиб кўрган, ёқтирганларини олишган бўларди.

Эшик очилди, шекилли. Ораликдаги баланд жавонлардан у ер кўринмайди-да. Афтидан янги муштарий келди... Яхши бўлди ҳеч бўлмаса, манави сотувчи ёнимдан кетар, бунақа бездирувчи саволлари билан янги келган хотиннинг бошини қотирар.

Ичига бодом солинган ранг-баранг шоколадларни кўрсам, ўлиб қоламан. Буларни кўп еганим учун онамнинг жаҳли чиқади, шундан сўнг болалик чоғлари ҳақида гапира кетади. Бундай чоғларда йиғловорай дейман. Онам: "Ширинлик  анқонинг уруғи эди, - дейди, - шаҳарга борганлар гоҳо печенье келтиришарди, билганимиз шу эди, холос. Бу ширинликлардан олиб, қишлоққа юборсаммикан? Йўқ, йўқ, яхшиси, ўзим олиб бораман. Аммо йўлда ярмини еб қўйишим турган гап. Демак, бироз кўпроқ олишим керак...

... Бу хотин Мунаввар       аммамга шунчалик ўхшар эканки... Худди ўшандай бўйи паст ва семиз... Лекин бу аёл ўзини кўпам олдирмаган. Ўзига яхши қараши кўриниб турибди, боз устига кўзлари ҳам чақнайди. Аммо калта сочи унга ҳечам ярашмабди.

... Ие, бу нимаси? Биринчи марта кўриб турибман. Болалигимизда чечаклардан ўрган гулчамбарларимизга ўхшайди. Бу ҳиссиз сотувчи, кошки, бирон нарсани билса?!.. Балки, бу хотин билар, ундан сўраб кўрай-чи...

-      Хоним афанди, кечирасиз, бу нима экан, биласизми?

-      Эвелик, қизим. Буни паловга солишади. Қандай мазали бўлишини бир билсанг эди? Ё ҳеч еб кўрмаганмисан?

-      Йўқ, биз томонларда паловга бу нарсани солишмайди. Аммо мазасини тотиб кўришни жуда хоҳлаяпман...

-      Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ. Ҳозир сенга ҳаммасини айтиб бераман. Бундан ол, уйга бориб ўзингга палов пишир. Энди диққат билан қулоқ сол, аввалига ёрмани оласан...

... Бу аёл оддий бир таом бўлган паловнинг қандай пиширилишини шунақа келиштириб тушунтиряптики, оғзингдан сувинг оқади. Адабиёт муаллимларимиз ҳам бунчалик чиройли сўзлай олмайдилар. бу хотин адабиёт муаллимамиз бўлганида борми, дарсда телефонимни чиқариб, мактуб ёзиш билан машғул бўлмаган бўлардим...

-      Қизим, ҳозироқ уйга бориб, иш бошлашинг лозим. Бу иш анча вақт олади. Овқатинг оқшомга борибгина пишади. Акс ҳолда улгурмайсан. Сен ҳар ҳолда талабасан, кўпам вақтинг бўлмаса керак.

... Бу қандай яхши аёл-а. Қанчалик сабр-тоқат билан менга ҳаммасини тушунтириб бераётир... Ҳолбуки, холамдан бир нарсани сўрасам, дарҳол жеркиб ташлайди... Сўнгра: "Сени ўғлимга олиб бераман", дейди. Икки дунёда рози бўлмайман! Чунки у уйига келин эмас, хизматкор олмоқчи...

- Бу ерда дўкон қачон очилди? Ширинликдан тортиб, мева-сабзовотгача бор экан. Уйимга ҳам жуда яқин. Мен бозорга борардим. Энди барча керак нарсаларимни ҳар куни шу ердан оламан. Бу занжабилми ёки долчин?

Аёл гўё бу ўғлон ҳамма нарсани биладигандек савол     беряпти...

- Хоним афанди, қани менга беринг-чи, бир кўрай! Бу менимча, занжабил бўлса керак...

- Ҳа, мен ҳам шундай деб ўйловдим. Қизим, сен ҳам ол бундан. Жуда фойдали. Ҳар куни эрталаб бир қошиқ асалга аралаштириб егин. Юзингга, сочларингга жуда яхши!

Э, Худойим-эй, бу хотин қанчалик кўп нарсани билар экан... Қайнона дегани шундай бўлиши керак... Ажабо, бўйдоқ ўғли бормикан? Устига устак ўзи ҳам шу ерда яшар экан! Балки у ҳам мени ёқтириб қолгандир?! Бўлмаса, нега мени бу қадар яқин олади?

- Кўп яшанг, хоним афанди, оламан. Бувим эрталаблари пиширадиган сутли ошга занжабил қўшарди. Занжабил ва долчинни болалигимдан бери яхши кўраман.

- Ҳа, мен ҳам ўғлимга ҳар куни тонгда бу дориворларни қўшиб, олхўрили шўрва пишириб берардим...

...Ҳмм, демак, ўғли бор экан! Маълум бўлдики, ўғлини пўпалаб ўстирган. Ажабо, ўғли отасига ўхшармикан ёки онасига? Бунақа аёлнинг ўғли ҳам келишган бўлиши керак, албатта. Бунақа меҳрибон, устимда ўлиб қоладиган қайнонам бўлса борми, дугоналарим ҳасаддан ёрилиб ўлишади...

Эҳ, бунчалик тентак бўлмасам. Ўзимни бироз ақлли, чаққон, билимдон кўрсатишим керак...

- Кечирасиз, менинг вақтим йўқ, бориб дарс тайёрлашим керак. Бунинг устига овқат пиширишим даркор... Марҳамат қилиб, оладиган нарсаларимни  ўраб бера оласизми?

-      Марҳамат, ойимқиз.

Бу йигитнинг сохта табассумлари асабимга тегади. Ўзича муштарийларга хушмуомала, назокатли кўринмоқчи... Ҳай, майли... ўзимни одобли кўрсатишим лозим. Ҳа, шундай уйига одобсиз келин келтиришни ким ҳам истайди? Бунинг устига шаҳарнинг қоқ марказида...

-      Агар сизга қийин бўлмаса, бодомли шоколоддан ҳам ярим кило тортинг. Асалли пистадан ҳам 300 грамм... Эрон ҳалвосидан ҳам бироз беринг... Сўнг, ҳммм...

-      Жон қизим, менимча, шунчаси етар! Сен бу ёшингда шунчалик қувватли ширинликлар еяверсанг, семириб кетасан. Ундан кейин ҳеч ким сенга уйланишни хоҳламай қўяди... Буларни олдинг, шу етади. Бу гапларни сени деб айтяпман. Энди уйингга бор, буларни еб, дарсингни тайёрла...

Ана сенга керак бўлса, бу аёл бунчалик замонавий экан! Онам айтгандай: "Бўз деганим ипак чиқди". Мен ҳам ҳар куни бир баҳона топиб бу ерга келаман. Бир куни, албатта, ўғли билан бирга келади. Мени ўғлига кўрсатиши керак...энди бироз тош босадиган гаплардан гапирай. Бўлмаса, у мени калтафаҳм, гўл қизлардан деб ўйлайди.

- Тўғри айтяпсиз, хоним афанди. Мен ҳам шу фикрдаман. Аммо буларни фақат ўзим емайман, олганларимнинг кўпини қишлоққа, онамга юбораман.

- Сен жуда ақлли қизга ўхшайсан. Ҳамиша шундай бўлгин.

... Бундай назокатли аёлнинг ўғли ҳам, албатта, савияси баланд, жуда маданиятли бўлиши керак. Ҳозирча эртароқ, кейинги учрашувимизда ўғлидан гап бошлайман. Ҳозир гапирсам, турмушга чиқиш учун ўлиб-тирилаётган экан, деб ўйлайди. Эндиги асосий масала - бу аёлнинг меҳрини қозониш ва хотирасида гўзал қиз бўлиб қолиш... Харид қилган нарсаларимнинг пулини тўлаб, бу ердан чиқишим керак. Аммо, тўғрисини айтганда, ўша ичи ёнғоқли хурмони олмаганим учун куйиб кетяпман...

-      Қизим, эҳтиёт бўлиб кет. Ҳозирги ёшлар орқа-ўнгига қарамай, машина чоптиришади...

Яна бироз қолсам, бу аёл мени роса мамнун қилади. Ҳатто онам менга бунчалик эътибор қилмайди. Холам-чи? Бу ҳақда гапирмаса ҳам бўлади... сотувчи бола ҳам ангра-йиб қолди. Ишонаманки, у ҳам умрида бунақа аёлни кўрмаган.

... О-оҳ... Нақадар каллаварам, қўпол қизман ўзи! Аёлга кўмаклашишни таклиф қилмабман. Энди орқамдан: "Тарбиясиз қиз экан", дейди. Тўрваларини ташишга ёрдам қилишим керак эди. Ким билади уйи нечанчи қаватда? Хали кўпам узоқлашганим йўқ... Ажабо, аёл халиям ўша дўкондамикан? Албатта, ўша ерда бўлса керак...

Эҳ... Бу дўконларнинг эшиги ҳар гал асабимни ўйнатади. Ичкарига очиладими, ташқаригами, билиб бўлмайди. Бу ер дўкон эмас, лабиринт! Ўртадаги баланд жавонлар одамни яхшигина шошириб қўяди. Оллоҳга шукрки, аёл хали кетмаган экан. Бу ҳиссиз йигитга яна бир нарсаларни англатяпти, шекилли.

- ... Ҳозирги қизларнинг тутуриғи йўқ. Замонамиз қизлари енгилтак бўлиб кетган. Бизнинг замонимизда ҳаммаси бошқача эди, бизлар ҳечам буларга ўхшамасдик. Бошимизни кўтариб, бир йигитнинг юзига қарашга уялардик... Сен бироз олдинги қиз нарса танламоқчи бўлди, деб ўйлайсанми? Йўқ... Унақа эмас... У қиз сендай келишган йигитни кўрдию, эсини йўқотди. Кўрмадингми? Сал бўлмаса, оғзидан суви оқаёзди... Гўё ширинлик танлаётганмиш, ўл-а! Ахир сендай йигитни қаердан ҳам топарди... Бу ёш қизлар сендай ёқимтой йигитнинг қадрини, қийматини билмайдилар... Эҳ! Бу дўконни ҳозиргача нега билмаган эканман... Бундан кейин...

 

Озарбайжон тилидан Бобохон ШАРИФ таржимаси.

ҲАЛОЛ-ПОКЛИК ВА ТЎFРИЛИК ИНСОННИ УЛУF ДАРАЖОТЛАРГА ЕТКАЗАДИ

(45-сон, 2016 й.)

Муқаддас ислом дини инсонларни ўзаро муносабатларда ҳамиша адолатли, инсофли, ҳалол бўлишини талаб қилади ва мусулмонларни шунга даъват этади. Мол-дунёга эса ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи бир восита сифатида қаралади.

Инсоннинг ўз ҳаётида мол-дунёга ҳалол йўл билан эришиш ислом динининг асосий таълимотларидан биридир.

Динимиз тадбиркорлик ва савдогарлик ишлари билан шуғулланувчи инсонларни ҳалолликка чорлаш билан бирга, бировни алдаш, савдо битимларини сохталаштириш, молнинг нуқсонини яшириб сотиш ҳамда ўзганинг ҳаққига хиёнат қилишдек қабиҳ ишлардан қайтаради.

Исломда тижорат, савдо-сотиқ соҳалари энг ҳалол касблардан бири эканлиги айтилади. Қолаверса, муқаддас Қуръони каримда, ҳадису муборакларда ҳам бу ишда ҳалол-     поклик муҳим эканлиги кўп таъкидланади. Шариатимиз инсонларни ҳамиша ўлчов ва тарозида инсоф билан иш тутишга, ўзгалар ҳаққига хиёнат қилмасликка буюради. Қуръонда: "Эй, инсонлар! (муомалада) вазнда адолат ўрнатингиз ва тарозида зиёнкорлик қилмангиз" (Раҳмон сураси, 9-оят) дейилади.

 Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам тижорат ишлари билан шуғулланганлар. Шу ўринда ул зотнинг савдодаги  хатти-ҳаракати, муомала муносабати, бажарган амаллари ҳамиша инсонларга намуна бўлиб келган. Шундан келиб чиқиб айтиш жоизки, ҳалол тижорат ва савдо инсоний муносабатларнинг энг самарали ва яхшиси, охират неъматларига эришиш воситаси. Аллоҳ таоло ҳузурида банда даражасини юқорига кўтарувчи амаллардандир.

Айни кунда бозор ва дўконларимизда савдо қилаётган савдогарлар харидор ҳаққидан уриб қолиш, ўлчовидан маълум миқдорда камайтириш гуноҳ эканини, ундай кимсаларга қиёматда оғир жазо бўлишини яхши билиб олишлари лозим. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: "Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи кимсаларнинг ҳолига вой!" ("Мутоффифийн" сураси, 1-оят).

Савдода ҳалол бўлиш учун молга ортиқча нарх қўйиб, катта фойда олинмаслиги, молнинг тури, сифати, ишлаб чиқарилган жойи ва ҳаражатлари ҳақида ёлғон аралаштирмай, сотишда ҳам, сотиб олишда ҳам қаттиқлик қилмай, молнинг нархини камайтириб бериш, савдода рост бўлса ҳам қасам ичмаслик лозим. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в)дан Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилган ҳадисда "Қасам молнинг бозорини чаққон қилади. Аммо баракасини кетказади", деганлар.

Ана шу оятлар ва ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, айниқса, савдода тўғри ва ҳалол бўлиш, бирор касб-ҳунар ёки тадбиркорлик, ўзига инъом этилган ақл-фаросат, зеҳн-идрок, ихлос ва эътиқод билан ҳалол меҳнат орқали оиласини моддий жиҳатдан таъминлаш, эл-юртга, инсонларга манфаат келтириш лозим.

Кишини ҳаёти давомида, иш фаолиятида, айниқса, тижорат ишларида ростгўйлик, ҳалолликка амал қилиши охир-оқибат уни улуғ даражотларга етказади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): "Ростгўй, ишончли тижоратчи (савдогар) жаннатда набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади", деб марҳамат қилганлар. Минг афсуски, бугунги кунда савдо-сотиқ қилаётган айрим юртдошларимиз ана шу ҳадисни яхши билмаганликлари учун ҳам ножўя ҳаракатлар, яъни тарозидан уриб қолиш, ёлғон гапириш, ортиқча нарх қўйиш билан ўзларига гуноҳ орттириб олаётганликларини англаб етмаяпти.

Яратганга шукрлар бўлсинки, мустақиллик шарофати билан бугун юртимиз тинч ва обод. Бозорларимиз гавжум, тадбиркорлик ишлари билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган. Тадбиркорларимиз ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг самараси ўлароқ,  ишбилармонлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бундан унумли фойдаланган кўплаб юртдошларимиз тадбиркорлик орқали ҳалол ризқ топиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Аллоҳ таоло Ватанимизни тинч, халқимиз турмушини   файзли қилсин. Юрт равнақи йўлида меҳнат қилаётган барча инсонларнинг, хусусан, савдогар ва тижоратчиларнинг ишига ривож берсин. Барчаларимизни имонли, инсофли ва диёнатли бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

 

Шарофиддин МУСАБОЕВ, Андижон шаҳридаги "Абу Ҳурайра" жомеъ масжиди имоми.

ИНСОН ВА ТАБИАТ

(45-сон, 2016 й. Кечинма)

Қиш. Она, совуқ қотмадингизми? Деразадан ташқарига қаранг! Оппоқ қор ёғаяпти, худди сизнинг кўнглингиздек оппоқ… Биринчи  қор. Дарахтлар, дарахтлар эса менинг юрагимдек совуқ қотган, ялонғоч. Меҳрингиз керак…

Баҳор. Она, ҳаво салқин, ёмғир севалаяпти. Қаранг, сиздек дардкаш ва сокин осмон дунё азобларига чидай олмай, кўз ёш тўкмоқда. Дарахтлар куртак очмоқда, майсалар бош кўтармоқда. Қушлар ортга қайтмоқдалар. Ана, ана бизнинг жонажон қалдирғоч!    Табиат кундан-кун чирой очмоқда. Сиз, сиз эса…

 Ёз. Онажон, келинг, боғга олиб чиқаман. Қаранг, меҳрибоним,   мевалар пишибди: ўрик, олма… олинг, онажон, енг. Қуёш ҳам сизнинг меҳрингиз каби ўз нурларини таратмоқда…

Куз. Онажон, мен ўқишга кетаяпман. Яхши қолинг!... Онажон,  мен келдим. Қаранг, табиат олтиндек сариқ рангга бурканган. Дарахтлар  барги ҳам тўкилиб бормоқда. Барглар гўё ҳар бир вақтни сарҳисоб қилаётгандек. Онажон,  юринг   ташқарига  чиқамиз! Туринг,   тура   қолинг, онажон…

 Ана, сўнгги барг ҳам инсон жони каби бир зумда ер кўксига жонсиз тўкилди…

Қиш. Онажон, бугун таваллуд кунингиз!... Жойингиз обод, руҳингиз шод бўлсин! Туғилган кунингиз билан!!!

Мадинабону ИБРОҲИМОВА, Шаҳрихон тумани.

РИЭЛТОРЛИК ХИЗМАТИ: ЮҚОРИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛМОҚДА

(45-сон, 2016 й. Мутахассис минбари)

Юртимизда кўчмас мулк бозори ривожланиб, мазкур соҳада хизмат кўрсатиш сифати тобора юксалиб бормоқда. Хусусан, 2011 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Риэлторлик фаолияти тўғрисида"ги қонуни доирасида риэлторлик фаолияти, бу борада хизмат кўрсатиш ҳаётимиздан тобора чуқурроқ ўрин эгалламоқда. Бу мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига, янги ва   халқаро талабларга мос хизматлар кўламини кенгайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Риэлторлик фаолияти кўрсатиш бўйича махсус лицензияга эга бўлган "Ko`chmas mulk savdo xizmati" масъулияти чекланган жамияти Андижон вилоят филиали томонидан ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Риэлторлик фаолиятини амалга ошириш бўйича махсус курсларда ўқиб, малака шаҳодатига эга бўлган мутахассисларимиз томонидан бугунги кун талабига жавоб берадиган хизмат, сотувчи ва харидор манфаатларига мос  муносабатлар йўлга қўйилган.

Айни кунда филиалимизда риэлторлик фаолияти билан боғлиқ қатор хизматлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғида воситачилик, кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш, кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш, кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича ишлар ташкил этилган.  Бундан ташқари, тўғридан-тўғри музокаралар йўли билан ўтказиладиган савдоларни ташкил этиш, янги мулкларни киритиш борасида ҳам тизимли равишда иш олиб борилмоқда.  Айни пайтда банклар, банкротликка учраган корхоналарнинг мулкларини сотиш бўйича дастлабки   шартномалар расмийлаштирилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматимиз томонидан       кейинги йилларда қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантиришга кенг йўл очиб берди. Ана шундан келиб чиқиб, филиалимиз томонидан ҳам кўчмас мулк бозори ҳамда риэлторлик хизмати кўрсатиш бўйича тадбиркорларга кўмак кўрсатилмоқда. Соҳа бўйича уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.

2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015  йил 7 октябрдаги  "Тадбиркорлик фаолиятини амалга  ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга танлов асосида ер     участкаларини беришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги  қарорига асосан вилоят миқёсида танлов савдосига чиқарилган 230 ер майдони танлов савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига ажратиб берилди. Шунингдек, ер майдонларига эгалик қилиш, белгиланган тартиблар асосида қурилиш ишларини олиб боришлари учун тадбикорларга зарур маслаҳатлар берилмоқда.

Фуқаролар ва юридик шахслар мулкларини тўғридан-тўғри ва музокаралар ўтказиш йўли билан сотувини ташкил этиш ишлари ҳам амалдаги қонун талабларига асосида олиб борилмоқда. Талаб ва таклифдан келиб чиқиб, тадбиркорларнинг савдоларда қатнашишлари, ўзлари хоҳлаган мулкларни сотиш ва сотиб олишлари учун кенг қулайликлар яратилмоқда. Шунингдек, вилоятимиз туман ва шаҳарларида бўлимлар очиш борасида ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Мухтасар айтганда, "Ko`chmas mulk savdo xizmati" МЧЖ Андижон вилоят филиали жамоаси тадбиркорларга кўчмас мулк бозори ҳамда риэлторлик фаолияти бўйича сифатли ва малакали хизмат кўрсатиш орқали юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш учун астойдил меҳнат қиладилар.

Ойбек ХОШИМОВ,

 

"Ko`chmas mulk savdo xizmati" МЧЖ Андижон вилояти филиали директори.

ИЛЛАТЛАР ИЛДИЗ ОТМАСИН

(45-сон, 2016 й. мулоҳаза)

Халқимизнинг маънавий мероси, энг катта бойлиги - авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий урф-одатлар, анъаналар, тўй ва    бошқа маросимларидир. Истиқлолдан кейин ана шу миллий ва маънавий бойликларимизни қайта тиклаш, бойитиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Аммо бугунги кунга келиб айрим кишилар томонидан ана шу анъаналаримизга нисбатан ҳурматсизлик билан қараш, ўзини кўз-кўз қилиш мақсадида турли янгиликлар киритиш ҳолатлари дилни хира қилади. Хусусан, кейинги  вақтларда баъзи тўй, маърака, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларнинг ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчилик билан ўтказиш иллатлари илдиз отиб бораётганлиги кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда. 

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида Ўзбекистон мусулмонлар идораси Андижон вилоят вакиллиги томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилиб, кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, тўй билан боғлиқ маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча исрофгарчиликка, дабдабага йўл қўймаслик, тўйдан кейинги "мазар бериш" одатларини қисқартириш, маърака ва бошқа тадбирларни ихчам ўтказиш юзасидан отинойиларимиз ҳар бир маҳаллада аёллар билан суҳбатлар ўтказмоқда.

Шундай бўлса-да, айрим опа-сингилларимиз "ташаббуси" билан янги-янги иллатлар илдиз отмоқдаки, бу миллий қадриятларимиз давомийлиги ва софлигига раҳна солмоқда. Шу ўринда бугун     урфга айланаётган янги оилада чақалоқнинг дунёга келиши билан боғлиқ маросимлар - қиз томоннинг куёвга берадиган суюнчи пули, оиласидагиларга қилинадиган сарполар, бешик тўйининг ҳашамлари  сингари иллатларнинг илдиз отаётгани ҳеч кимга сир эмас. қадриятларимизга зид бу каби ҳолатлар туфайли қудалар, икки оила ўртасида турли низолар келиб чиқаётгани ҳам бор гап. Хали йўргакдан чиқмаган гўдакка келин томонидан велосипед, кольяска, болалар ётоқхонаси учун мебеллар жамланмаси, ўзиюрар машина каби совғаларнинг олиб келинишидек қабиҳ иллат айрим кишилар, асосан, аёлларимиз томонидан урфга айлантирилаётганлигини асло оқлаб бўлмайди. Бунга кимнингдир қурби етади, кимдир эса қарз-ҳавола кўтариб шу ишни қилаётгани эса саводсизликдан ўзга нарса эмас.

Бу сингари кўнгилсизликларга чек қўйишда, энг аввало, фаол хотин-қизларимиз, отинойиларимиз ташаббус кўрсатишлари зарур. Зеро, бундай иллатлар ҳаётимизда чуқур илдиз отмасин.

Мана шундай иллатларнинг илдиз отишига, ортиқча сарф-ҳаражатларга йўл қўймаслик, тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш учун жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси, айниқса, муҳтарама аёлларимиз астойдил курашишлари лозим. Бу каби ҳолатлар ҳаётимиздан файз-баракани кўтаради. Қолаверса, оилаларимиз мустаҳкамлиги, фарзандларимиз бахти фақат сепу сидирға, мол-дунёга боғлиқ эмаслигини ҳар биримиз яхши англашимиз керак.

 

Муқаддасхон МАМАДАЛИЕВА,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг  Андижон вилоят вакиллиги ходимаси.

ЎҚИТУВЧИЛАР ИНГЛИЗ ТИЛИНИ ЎРГАНМОҚДА

(45-сон, 2016 й)

Бугунги кунда мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу қарор асосида вилоятдаги олий ўқув юртларида педагог-ўқитувчиларнинг инглиз тилини ўрганишларига кўмаклашувчи курслар ташкил этилган. Хусусан, Андижон давлат тиббиёт институтида ҳам ана шундай курс самарали фаолият кўрсатмоқда.

Институт ўқитувчилари режа асосида мазкур курсга жалб этилмоқда. Инглиз тили кафедрасининг малакали мутахассислари томонидан ўтказилаётган машғулотлар ўқитишнинг илғор технологиялари, интерфаол усуллар, соддалаштирилган дастурлар асосида олиб борилмоқда. Бу албатта, ўқитувчиларимизнинг инглиз тилини ўзлаштириш, сўзлашиш бўйича муайян билимларни эгаллашларига яқиндан ёрдам бермоқда.

Яқинда курс ўқув машғулотларининг биринчи босқичи якунига етди. Илк босқич сарҳисоби сифатида инглиз тилида шоу-дастур ўтказилди. Тадбир доирасида   курсда таҳсил олган ўқитувчилар уч гуруҳга бўлиниб, тўрт шарт бўйича  ўзаро беллашдилар.

Андижон давлат университетининг инглиз тили фонетикаси кафедраси мудири Жасурбек Эгамбердиев, Андижон шаҳридаги "Rise up" ўқув маркази ўқитувчиси Раҳматилло Султонов, тиббиёт институти проректори Баҳромжон Абдуллажоновдан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб бордилар.

Тадбир якунида барча иштирокчиларга Андижон давлат тиббиёт институти бошланғич касаба уюшма ташкилотининг эсдалик совғалари ҳамда курс машғулотларининг 2- босқичига йўлланмалар топширилди.

 

Ирина МАТВЕЕВА,

Андижон давлат тиббиёт институтининг  инглиз тили кафедраси  ўқитувчиси.