+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

27 Окт 2016

КОСИБЛИКДАН ҲУРМАТ ТОПАЁТГАН АЁЛ

(44-сон, 2016 й. Ҳунарманд аёллар)

...Аёл кишининг чиройли гиламлар тўқиши, дўппи, сўзаналар, кўйлаклар тикиши - одатий ҳол. Бироқ унинг аёллар ва эркакларнинг пойабзалларини тикиши камдан-кам учрайди.

Қаҳрамонимиз Хадичахон болалигидан ички ишлар ходимаси бўлишни, форма кийишни орзу қиларди, шароит тақозоси билан у орзусига етиша олмади. Пешонасига косиб йигит билан турмуш қуриш ёзилган экан, Собиржон исмли қўли гул уста йигитга турмушга чиқди. Собиржон етти ёшидан бошлаб  устози Турсунбой акадан пойабзал тикиш сирларини ўрганган эди. Устози ҳақида гап кетганда, одамлар "Турсунбой тиккан пойабзални эллик йил киясан" дея таъриф беришарди. Собиржон шундай устанинг шогирди эди.

Хадичахон рўзғор юмушларидан бўшаган пайтларида умр йўлдошининг ишларини аввалига шунчаки қизиқиш билан кузатиб юрди. Кейин қизиқишлар ҳавасга айланди. Ҳаваслар уни турмуш ўртоғига ёрдам беришга ундади. У ҳам кўп ўтмай, Собиржоннинг кўрсатмаси, ёрдами билан кийганда оёқда ярақлаб, ярашиб турадиган пишиқ-пухта пойабзаллар тика бошлади. Оилада бир-бирини тушуниб, қадрлаб яшаш яхши, эр-хотин бир ҳунарни эгаллаб, бир-бирига  яқин маслакдош, елкадош бўлиб яшаш эса янада завқлидир. Собиржон ва Хадичахон кўплар ҳавас қилса арзийдиган оила соҳибу соҳибаси эди.

Юртимиз мустақилликка эришгач, тадбиркор ва ҳунармандларга кенг йўл очиб берилди. Собиржон ва Хадичахон ҳам берилган имкониятлардан оқилона фойдаландилар. Улар ўз дўконларини очишди. ўз харидорларини топишди. Улар тайёрлаган пойабзаллар қулайлиги, пишиқ ва бежиримлиги билан кўпчиликка манзур бўлди. Шу сабаб ҳам уларнинг маҳсулотлари энг харидоргир пойабзаллар қаторидан жой олди.

-      Шу ҳунарнинг ортидан кам бўлмадик, - дейди Хадичахон. - Аввало, ҳалол меҳнатимиз одамларнинг "раҳмат"ига сазовор бўляпмиз. Ҳар бир пойабзални меҳр билан тикишга ҳаракат қиламан. Чунки харидор сотиб олган буюмидан рози бўлсин, шундагина ишингиз ривож, топганингизда барака бўларкан. Ҳунаримиз ортидан замонавий уйлар қурдик, тўйлар қилдик. Насиб қилса, бу йил келин тушираман.

Хадичахон турмуш ўртоғи Собиржоннинг вафотидан кейин бор масъулиятни зиммасига олди. Энди унга иш юритишда ўғиллари Озодбек ва Шерзодбеклар таянч бўлмоқдалар. Иккиси  ҳам мактаб давридан бошлаб, пойабзал тикишни ўрганишган. Ҳозир улар дадасининг ишларини давом эттиришмоқда.

- Дадаларининг ҳар куни ҳар ишда ўрни билинади. Уларнинг яхши ниятлари кўп эди. Маҳалламиз марказидаги бўш турган жойга косибчилик цехи очиб, ёшларга ҳунар ўргатмоқчи эди, - дея сўзини давом эттирган Хадичахоннинг нигоҳларида ёш милтиллади. Аёлга далда беришга уриндим. Фарзандлари камолидан сўз очиб, кўнглини кўтардим.

Хадичахон айрим ёшларнинг беҳуда вақт сарфламай, ҳунар эгаллашлари, ўзлари тайёрлаган маҳсулотлари билан оилаларига даромад киритишларини астойдил истайди. Умр йўлдошининг армонларини рўёбга чиқариш, ҳунарли ёшлар сафини кенгайтириш учун астойдил меҳнат қилмоқда. Буюк аллома бобомиз ёзганидек:

Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,

Олиб тупроққами кетгумдир охир...

 

Раҳима АБДУРАҲМОНОВА.