Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Истиқлол йилларида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада, қолаверса, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Муҳаммадали Аҳмедов раҳбарлик қилаётган Қўрғонтепа туман тиббиёт бирлашмасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Бирлашма тасарруфидаги 19 қишлоқ врачлик пункти, кўп тармоқли марказий поликлиникада фаолият юритаётган 207 нафар шифокорлар, 1304 нафар ҳамшираларнинг барчаси ўз ишига масъулият билан ёндашиб, аҳоли соғлиги йўлида самарали меҳнат қилмоқдалар.
Шифокорларимиз томонидан туман аҳолисига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ишлари тизимли тарзда ташкил этилган. Айни кунга қадар 3481 нафар ўсмир қизлар, 34760 нафар туғиш ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, улар аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштиришга жалб қилиндилар.
Жорий йилда аҳолига бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида 6 та қишлоқ врачлик пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилган бўлса, бирлашмамиз тасарруфидаги 30 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими, 25 ўринли режали жарроҳлик ва реанимация бўлимлари қайта реконструкция қилиниб, "Саломатлик-2" лойиҳаси бўйича янги жиҳозлар ва тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланди. Шунингдек, жорий йилда диагностика бўлими ташкил этилганлиги ишларимиз самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
"Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида бирлашмамиз жами 86 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускунлар келтирилди. Буларнинг барчаси аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини янада ошириш имконини берди.
Тиббиёт бирлашмамиз тизимида меҳнат қилаётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари ишга маъулият билан ёндашадиган, ўз касбининг малакали мутахассиси эканликларини алоҳида эътироф этиш лозим. Шу боис ҳам айни кунда меҳнат қилаётган ходимларимизнинг 20 нафари "Соғлиқни сақлаш аълочиси" унвони, 2 нафари "Соғлом авлод" кўкрак нишони соҳибидир. Шунингдек, жорий йилда 9 нафар ходимимиз эл саломатлиги, юрт ободлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари учун "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Аёл соғлом бўлсагина, соғлом фарзандни дунёга келтира олади. Бинобарин, фарзандларимиз саломатлиги миллатимиз равнақини белгиловчи муҳим омилдир. Бу борада тиббиёт бирлашмамиз ходимлари ўз зиммаларидаги вазифаларни сидқидилдан адо этадилар.
Режабхон МАЛЛАБОЕВА,
Қўрғонтепа туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари.
СИФАТЛИ ТАЪЛИМ-ТАРБИЯНИ ТАЪМИНЛАШ - БОШ ВАЗИФАМИЗДИР
(45-сон, 2016 й)
Юртимизда мустақиллик йилларида халқ таълими тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Буни биргина туманимизда соҳа ривожи йўлида амалга оширилган ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Айни кунда туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфида 48 умумтаълим мактаби, 4 ихтисослаштирилган мактаб, "Баркамол авлод" болалар ижодиёт маркази, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 2 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 28 мактабгача таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Ана шу муассасаларда 1718 нафар ўқитувчи-педагог, 137 нафар тўгарак раҳбари ва спорт мураббийи, 262 нафар тарбиячи сидқидилдан меҳнат қилмоқда.
Туман халқ таълими тизими ходимлари томонидан соҳа ишини ривожлантириш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Бу ўз навбатида ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришлари, турли танлов ва фестивалларда юқори натижаларни қўлга киритишлари учун мустаҳкам замин яратмоқда. Жумладан, 5- давлат ихтисослаштирилган мактабининг информатика фани ўқитувчиси Осиёхон Каримова "Энг яхши дарс ишланмаси" танловининг республика босқичида ғолиблар қаторидан жой олди. "Энг яхши мактаб веб сайти" танловининг республика босқичида 41- давлат ихтисослашган мактаби 2- ўринни эгаллади. Шунингдек, 48- умумтаълим мактаби география фани ўқитувчиси Дилафрўза Исмоилованинг "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси", фан услубчилари М. Қаюмова, У. Юсупова, Л Мамасолиевалар "Йилнинг энг яхши фан услубчиси" танловларининг республика босқичида муваффақиятли иштирок этганлиги, 41- давлат ихтисослаштирилган мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси Наргизахон Назарованинг иш тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилганлиги эришаётган натижалар салмоғи ортиб бораётганлигини кўрсатади.
Билимдон ва фаол ўқувчилар сафи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жорий йилда бўлиб ўтган фан олимпиадаларининг вилоят босқичида 49 нафар ўқувчимиз иштирок этган бўлса, улардан 6 нафари фахрли ўринларни эгалладилар. Жумладан, 1- умумтаълим мактаби 8- синф ўқувчиси Гавҳарой Одилова "Билимлар беллашуви"нинг республика босқичида она тили ва адабиёти фанидан фахрли 3- ўринни, 37- умумтаълим мактабининг "Ёш қутқарувчилар" жамоаси эса жорий йилнинг май ойида Қашқадарё вилоятида ўтказилган "Ёш қутқарувчилар" кўрик-танловининг республика босқичида 1- ўринни қўлга киритганлиги барчамизни хушнуд этади.
Мамлакатимизда жисмонан соғлом, маънан баркамол авлодни шакллантириш биз педагогларнинг муҳим вазифамиздир. 11-, 39-, 45- умумтаълим мактаблари ва 41- давлат ихтисослаштирилган мактабда ўтказилган вилоят семинарларида ҳам айнан ана шу масалага, шунингдек, тумандаги алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда 16 та умумтаълим мактабларига янги замонавий компьютер техникалари келтирилганлиги таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида мактабгача таълим муассасасига қатнамайдиган болалар учун беш номдаги махсус қўлланмалар тайёрланиб, 5-6 ёшли фарзандлари бор оилаларга тарқатилди. Ана шу қўлланмалар фарзандларимизни мактабга тайёрлаш ва дастлабки билимларни олишларига яқиндан ёрдам бермоқда.
Қаердаки интизом, изланиш ва масъулият бўлса, ўша жойда иш унуми юқори ва ютуқлар салмоқли бўлади. Бир сўз билан айтганда, Рустамжон Каримов раҳбарлик қилаётган туман халқ таълими тизими ходимлари эртанги кун эгалари бўлган ёш авлодга пухта таълим-тарбия бериш борасида ҳамиша фидо-йилик билан меҳнат қиладилар.
Умидахон ЮСУПОВА,
Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлимининг хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда хотин-қизлар, уларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки, турмуш фаровонлигини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Вилоятимизда, хусусан, Қўрғонтепа туманида ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизларнинг оилада, жамиятда тутган ўрни беқиёс. Оқила, гўзал аёлларимиз ўзларининг меҳри, ғамхўрлиги билан оилада, қолаверса, бутун жамиятда поклик, самимият ва юксак маънавий муҳитини шаклланишига беқиёс ҳисса қўшадилар.
Айни кунда Қўрғонтепа туманида истиқомат қилаётган 200 минг нафардан зиёд аҳолининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, саломатликларини муҳофаза қилиш, борасида ижобий натижаларга эришилмоқда.
Қўмита тумандаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса, тиббиёт бирлашмаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, ФҲДЁ туман бўлимлари, таълим муассасалари, яъни тумандаги 6 касб-ҳунар коллежи, 52 умумтаълим мактаби, 28 мактабгача таълим муассасалари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Бу борада тумандаги 63 маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган турли йўналишлардаги комиссиялар, "Саломатлик" секторлари, "Ораста қизлар давраси" тўгаракларининг самарали фаолияти ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, тадбиркор опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ, турли соҳаларда ибратли фаолият юритаётган илғор аёллар сафи янада ортди. Хусусан, "Универсал белла" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаббатхон Юлдашева, "Омад-ҳамкор- ишонч" фермер хўжалиги раҳбари Мавлудахон Умарова, тикув цехи раҳбари Муҳаббатхон Азизоваларнинг ибратли ишларини алоҳида эътироф этиш лозим.
Маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси, хотин-қизлар фаолияти билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Чорвадор, Тадбиркор, Бирлик, Нафосат, Бирлашган, А.Жомий, Хон кўча, Янги қўрғон, Янги ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғинларида бу борада ишлар намунали ташкил этилган.
Аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, фуқароларнинг тиббий саводхонлигини ошириш бўйича туман тиббиёт бирлашмасининг шифокорлари иштирокида ўтказилаётган семинар ва мулоқотлар ҳам ижобий натижалар бермоқда. Бу борада Истиқлол, Ибн Сино, Устоз маҳалла фуқаролар йиғинларида олиб борилган ишлар барчага ибрат бўлмоқда.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз салоҳиятларини юзага чиқариш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Яқинда Польша давлатида каратэ бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Жаҳон кубогида Меҳринисо Маҳаммаджонова ҳамда Севара Мансурова ўз вазн тоифасида 1-ўринни эгалладилар. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Саидахон Қулматова, айни кунга қадар маданият ва санъат соҳасида вилоят, республика миқёсида қатор ютуқларга эришиб келаётган Хонзодабегим Расулова, Муқаддасхон Тоштемироваларнинг иқтидорларини алоҳида эътироф этишни истардим.
Уй бекалари, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, опа-сингилларимизни спортнинг оммавий турларига жалб этиш, турли спорт мусобақалари ўтказиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг август ойи Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган "Аёллар спорт фестивали"нинг вилоят босқичида 21 нафар уй бекаларимиз спортнинг стол тенниси, волейбол, шахмат, дартс, гимнастрада турлари бўйича иштирок этиб, "Энг иқтидорли жамоа" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритдилар, фестивалнинг республика босқичида эса "Энг латофатли жамоа" номинацияси бўйича ғолиб деб топилганлиги, шунингдек, Маъмуробод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ашуровлар оиласи "Биз ақл-идрокли оилалармиз!" спорт мусобқасининг вилоят босқичида иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаганлиги барчамизни қувонтирди.
Туманда юқоридаги каби ибратли ишларни амалга оширишда қўмитамизга яқиндан ёрдам бериб келаётган Умидахон Юсупова, Донохон Хабибуллаева, Марҳабохон Тожибоева, Солияхон Омошева сингари қўмитамиз фаоллари ҳамда туман бош отинойиси Лолахон Раҳимова, фаол отинойилар Муҳаббатхон Аблазова, Ўктамхон Абдуллаеваларнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш лозим.
Мухтасар айтганда, фаолиятимизнинг бош мақсади, жамиятимиз кўрки бўлган опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтаришдан иборат.
Тилингни тарбия қилишдан аввал дилингни тарбия қил. Чунки сўз тилга дилдан чиқиб келади.
Жалолиддин РУМИЙ.
Йўналишли таксидамиз. Йўловчи аёлнинг телефонига қўнғироқ бўлди. Аёл бир муддат телефон экранига қараб турди-да, сўнг овозига сохта қувноқлик индириб гўшакни кўтарди:
- Ҳо, лаббай? Ва алайкум ассалом, Дилфузахон. Ҳа, раҳмат, биз яхшимиз, ўзингиз омонмисиз? Уйдагилар саломатми? Вой ўзим ўргилай, хурсандман. Ҳа... Вой, узр, ўзим ҳам шу кунларда сизга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб тургандим. Иш кўпайиб, денг... Майли, ҳалироқ сизга қўнғироқ қиламан. Майли, гаплашамиз.
Аёл бир дақиқалик суҳбатда шундай самимият билан гапирган бўлса-да, алоқани узгандан кейин атрофда бегоналар бор демасдан ҳақиқий башарасини кўрсатди. Ёнида ўтирган қизига ўгирилиб, "Жонимга тегди, амманг обориб берган пардаларимни тикдингизми, деяпти. Ҳозир тўй сезони бўлса, пулли ишларни қўйиб, текинга сенинг пардангни тикаманми?! Шошилмай ўлсин, кейинроқ, иш камайганида тикилар ўша зормандалар!" деганди боягина оғзидан "бол томиб" айтган гаплари сохта эканлиги кундай равшан бўлди.
Бу ҳолатга кимдир эътибор берди, кимлардир эса йўқ. Юзимдаги аччиқ кулгуни бировга кўрсатмаслик учун юзимни дераза томонга ўгираман. Ҳамма ўз хаёллари билан банд. Мен ҳозиргина ўзим истамасам-да, гувоҳи бўлганим суҳбатни ўйлаб, шоирнинг қуйидаги сатрлари хаёлимга келади:
Туйғуларнинг оҳори тўкилиб боряпти,
Меҳрнинг ранги униқиб боряпти.
Назаримда кейинги пайтларда одамлар ўртасидаги самимият, меҳр-оқибат кўтарилиб бораётгандай. Албатта, бу менинг шахсий қарашларим. Ҳаётий кузатишларимдан меҳр-муҳаббат, самимият, ўзаро ишонч, яхшилик каби беназир туйғуларни тоғга қиёсласак, ўша тоғларнинг гўё нураб бораётгани қалбимга оғриқ солади.
- Бу ҳолатлар айниқса, ижтимоий тармоқларда кўп кузатиш мумкин, - дейди вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова. - Тармоқлардаги мулоқотларда менталитетимизга мос бўлмаган, соҳта, чиройли, лекин меҳр-муҳаббатдан йироқ муносабатларга гувоҳ бўламиз. "Яхши сўз садақадир" дейилади ҳадиси шарифда. Яхши сўз қалбдан чиқиши, қалбга етиб бориши, эгасини ҳам, эшитганни ҳам бахтиёр қила олиши керак. Афсуски, ўзаро мулоқотларда бир-бирларига ширин гаплар гапириб, йўқлигида унинг ғийбатини қилиб, бўҳтону туҳматлар ёғдираётган кишилар ҳам орамизда йўқ эмас.
* * *
Ҳаётимизда глобал муаммолар, ечимини кутаётган кўплаб масалалар турганида сўзлашишда сохталик, муомала-муносабатдаги носамимийлик ҳақида гапириш кимларгадир эриш туйилар. Бироқ шуни унутмаслигимиз керакки, бу масала инсон маънавияти, аҳлоқ-одобининг бир кўриниши, қолаверса, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод тарбиясида жуда муҳим жиҳат эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.
Ҳазрат Навоий:
Сўзки, жон гулшанида келди насим,
Бал кўнгул баҳри ичра дурри ятим.
Яъниким, "Сўз жон гулшанининг муаттар насими, ҳатто кўнгил денгизининг бебаҳо гавҳаридир" дейди сўз мулкининг султони. Даҳолар сўзга, кўнгил сирига ҳарис бўлишликни, меҳр-оқибат, самимиятни тил учида эмас, амалда, хатти-ҳаракатларда ифода этишлик зарурлигини ўгит қиладилар. Демак, тил, сўз, муомала каби инсоний фазилатларни аён қилувчи ижтимоий мулоқотлар билан боғлиқ муаммолар ҳар қандай улкан муаммолардан ҳам муҳимроқдир. Ахир, инсонликнинг ботинида атрофга, одамларга, борлиққа бўлган муҳаббат ва оқибат ётмайдими?!
Муҳаббатнинг ҳам, нафратнинг ҳам ҳақиқийси нигоҳларда, ҳаракатларда амал топади. Демак, бор бўй-бастимиз, ҳис-туйғуларимизу амалларимизда сохталикдан йироқ бўлишга уринайлик.
Болажонларимизни ҳам ортиқча ширин сўзлар билан эркаламаганимиз маъқул. Чунки халқимизда фарзанд тарбияси борасида ҳеч қачон эътиборсизлик, сохта самимият бўлмаган.
- Отам бизни ҳеч қачон ширин сўзлар билан эркаламаган, онам ҳам бирор марта "асалим", "жоним" дея бизни ортиқча эркаланишимизга йўл қўймаган, - дейди таълим фахрийси, таниқли ижодкор Мунаввара Тиллабоева. - Болалигимни эсласам, отамнинг жиддий қиёфалари, онамнинг самимий нигоҳлари кўз олдимга келади. Қаттиқ урушмасдилар, бизни ҳеч қачон ҳақорат қилиб сўкмаганлар. Аммо бирор ишимиздан норози ёки мамнун бўлсалар, шундоқ нигоҳларидан сезар эдик. Шунинг учунми, муносабатларимизда ҳурмат деган девор бор эди. Ҳануз, ҳатто отам вафот этган бўлсалар-да, суратларига тик боқишга андиша қиламиз. Ёшимиз бир жойга бориб қолганида ҳам, онамизга ҳам узил-кесил фикримизни билдиришга ийманар эдик. Чунки орада эҳтиром, ҳурмат "онам нима деркин?" деган андиша бор эди. Балки биримиз она, бошқаларимиз оталик мақомида бўлсак-да, ҳалигача ота-онамиз учун "гўдак" эканимиз меҳру қаҳрнинг пинҳонини англаганимиз шарофатидир? Билмайман, бугунги кунга келиб халқимизга хос мана шундай тарбияни фарзандларимизга қай даражада бера оляпмиз? Кундалик ҳаётимизда ҳаддан ташқари эркалашларимизга ўрганиб улғаяётган фарзандларимиз бирор ножўя иш қилиб қўйганда, ҳатто билдираётган оддий танбеҳимизни ҳам малол олиш ҳолатларига дуч келаётганимиз бу тарбиядаги нуқсонимиз эмасмикан? Бундай бўлишига ким айбдор? Албатта ўзимиз! Тарбияни тўғри олиб бормаслигимиз оқибатида бугун айрим ёшларимиз сиркаси сув кўтармайдиган бўлиб ўсмоқда.
* * *
... Биз кўп айтдик, кўп такрорладик - асл ҳислар, чинакам дардлар самимий бўлсагина, қадрли бўлади. Тилга кўчган ҳурмат, эҳтиром, муҳаббат, оқибат, самимият борки, моддиятга айланади. Бир қаранг, замондош, осмонни, юлдузларни, қуёшни, табиатни, дову дарахт, гулу гиёҳ, бутун мавжудодни ҳар куни кўрамиз. Кўрганимиз сари уларга қизиқмаймиз. Улар ҳақида ўйламаймиз. Кундузи қуёш чиқади, тунда юлдуз кўринади, ернинг устида осмон бор ва ҳоказо... Кўзимизга кўринмайдиган, мавҳум нарсаларга эса қизиқамиз. Уларни билишга, ўрганишга интиламиз. Умуман олганда, ҳар нарса сири, ҳайрати билан гўзалдир. Сири бўлмаганнинг ҳайрати, ҳайрати бўлмаганнинг қиймати қайдан бўлсин!? Қалб тубидаги туйғулар ҳам, сўзлар ҳам шундай. Эҳтиром ва муҳаббат, қадр ва самимият, оқибат сингари тушунчалар шу қадар сирли бўлсинки, ҳар бир инсон ана шу нарсага талпинсин, амал қилишга интилсин, ундан руҳий мадад олсин.
Мавзу юзасидан хулоса чиқаришни азиз муштарий ҳукмига қолдирсак-да, мулоҳазаларимизни яна мавлоно Жалолиддин Румийнинг қуйидаги ҳикматмонанд сатрлари билан якунласак:
фарзанд одоб-аҲлоқи ва маънавиятига бефарқ бўлмайлик
Аллоҳ томонидан инсонга берилган неъматлар ичида энг улуғларидан бири фарзанд ҳисобланади. Шу боис ота-она фарзандини асраб-авайлайди, унга меҳр-муҳаббатини, умрини бахшида этади.
Ҳар қандай ота-она фарзандларининг бахт-иқболини, камолини кўришни ният қилади, уларга чиройли тарбия беришга, комил инсон қилиб вояга етказишга интилади. Фарзанд тарбияси хусусида сўз кетганда, мамлакатимиз биринчи президенти Ислом Каримовнинг қуйидаги фикрларини таъкидламоқ ўринлидир: "Биз соғлом авлодни тарбиялаб, вояга етказишимиз керак. Соғлом киши деганда фақат жисмоний соғлом эмас, балки шарқона одоб-ахлоқ ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунамиз".
Тарбия борасида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг: "Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди" деган ибратли сўзларига амал қилсак, фарзандларимизни гўзал фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказиш нечоғлик муҳим эканлигини англаб етамиз. Дарҳақиқат, фарзанд одоб-ахлоқли, гўзал ҳулқли қилиб тарбияланса, у кун келиб ота-онасига меҳр-муҳаббатли, ҳурмат-эътиборли, юртига фидойи инсон бўлиб улғаяди, энг муҳими, ҳаётда оқ-қорани яхши ажрата олади.
Қайсидир оилада ёки маҳаллада фарзандлар, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилса, ўша оилада, масканда тинчлик ҳукм суради, ўша ер обод гўшалардан бирига айланади. Жамият равнақи учун хизмат қиладиган билимли, солиҳ ва солиҳа фарзандлар камол топади.
Фарзанд тарбияси масаласига ислом динида ҳам энг муҳим вазифалардан бири сифатида қаралади. Демак, тарбия ниҳоятда муҳим ва асло кечиктириб бўлмайдиган, масъулиятли иш эканлигини ҳис этган ҳолда ота-оналар фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришлари, ҳар қандай шароитда ҳам зурриётлари тарбияси билан шуғулланишга вақт топишлари керак.
Ҳадиси шарифларда ҳар бир фарзанд бегуноҳ бўлиб туғилиши айтилади. У ўз-ўзидан ёмон ахлоқли ёки бузғунчи бўлиб улғайиб қолмайди. Фарзанднинг қандай инсон бўлиб камол топишида оиладаги муҳит, ота-оналарнинг, устоз-мураббийларнинг берган таълим-тарбияси муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) дейди: "Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг", "Фарзандларингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг". Демак, ҳар бир ота-она ўз дилбандига болалигидан бошлаб онгига эзгулик тушунчаларини сингдириб, илму маърифатга, ҳунар ўрганишга қизиқтириб бориши жоиздур. Зеро, одоб-ахлоқи гўзал, илмли ва билимли, ҳунарли бўлиб камол топган фарзанд ўз оиласи ва ён-атрофидаги одамларга ҳам яхшилик улаша олади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): "Инсонларнинг энг яхшиси бошқа инсонларга манфаати, фойдаси тегадиганидир", деб марҳамат қиладилар.
Айниқса, интернет ва бошқа ахборот-комминукация технологиялари ривожланган бугунги кунда болалар тарбиясига янада эътиборли бўлиш талаб этилади. Уларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтиши, ўзлари қизиққан машғулотлар, спорт турлари, касб-ҳунар билан шуғулланишларига етарли даражада имкон ва шароит яратиб беришлик ота-онанинг зиммасига юкланади. Шунингдек, фарзандларни беҳуда вақт ўтказишларига, бузғунчи гуруҳлар, ёт ғоялар гирдобига тушиб қолмасликлари учун зарур чораларни кўриш, уларни доимий назорат қилиб туриш ҳам муҳим. Афсуски, баъзи ота-оналарнинг бепарволиги, фарзандларининг юриш-туришига эътиборсизлиги туфайли айрим ёшлар жиноят кўчасига кириб қолаётганликлари ташвишлидир. Бунинг натижасида ёш йигит-қизлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзага келмоқда. Назоратсиз қолган фарзандларнинг кийинишида, юриш-туришида, гап-сўзларида ўзгариш кузатилади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, одоб-ахлоқига дарз кетади. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳар бир ота-онанинг, устоз ва мураббийларнинг, маҳалла, қўйингки, кенг жамоатчиликнинг зиммасидаги бурчдир. Фарзандларимиз ўзимиз хоҳлагандек инсонлар бўлиб камол топишлари учун уларнинг тарбиясига эътиборли бўлишимиз лозим.
Юртимизда ёшларга катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг пухта билим олишлари, касб-ҳунар ўрганишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Инсонни қадрлаш, ҳурмат қилиш сингари қадриятлар азалдан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳам ана шу азалий қадриятлар давомийлигининг бир намунасидир. Шу боис ҳам барчамиз ана шу имкониятларнинг қадрига етайлик. Фарзанд-ларимизни оқил ва доно қилиб вояга етказайлик.
Аллоҳ Таоло барчаларимизга Ватани, халқи учун хизмат қиладиган, одамларга эзгулик улашувчи фарзандлар ўстиришимизни насиб этсин. Бу йўлда - эзгулик ва ҳидоят йўлида адашмайлик.
Инсон соғлиги учун энг фойдали ичимлик - қатиқдир. Халқ табобатида, қолаверса, замонавий тиббиётда ҳам унинг қатор шифобахш хусусиятлари эътироф этилади. Жумладан:
* Қатиқ сурункали гастрит, атеросклероз, диабет, ишемия, дисбактериоз ва гипертония касалликларининг олдини олишда ажойиб восита саналади. Шифо мақсадида ҳар куни овқатдан 15 дақиқа ўтиб ичиш тавсия этилади.
*Қатиқ жигар церрози профилактикасида ҳам яхши самара беради. Шунингдек, жигар фаолияти билан боғлиқ хасталикларда ҳам қатиқ ичиш фойдали.
* Вазнингизни камайтирмоқчи бўлсангиз, ёғсиз қатиқ сизга яхши кўмак беради.
*Мунтазам қатиқ истеъмол қилиш қонда қанд миқдорининг ортиб кетмаслигини таъминлайди. Агар оилангизда қандли диабет билан оғриганлар бўлса, қатиқни канда қилманг.
*Ухлашга ётишдан аввал ичилган бир стакан қатиқ ошқозон-ичакларга ижобий таъсир кўрсатиб, руҳингизни тинчлантиради.
* Асабий ва иштаҳасиз бўлсангиз, эрталаб нонуштадан ярим соат аввал бир стакан қатиқ ичинг.
* Юз терингиз қуруқлашиб кетган бўлса, қатиққа озроқ майдаланган кўкатларни аралаштириб, ниқоб ўрнида фойдаланиш мумкин.
* Қатиқнинг тинчлантирувчи ҳамда тетиклаштирувчи хусусияти климакс давридаги аёллар, ҳомиладор ва эмизиклилар учун асқотади. Шунингдек, ҳайз олди безовталикларини енгиллаштиришда ҳам қатиқ ичиш фойда беради.
*Узоқ умр кўришни истасангиз, ҳар куни бир стакан қатиқ ичинг.
Ҳозир айни ошқовоқ пишган палла. Шу боис, ошқовоқнинг фойдали хусусиятлари ҳақида қуйидагиларни эслатиб ўтамиз.
Ошқовоқнинг гўштли таркибида 11 фоиз қанд моддаси, С1, В2, В1 витаминлари, никотин кислотаси, каротиноидлар, элатерицин А, фотостероллар, шунингдек, калий, фосфор, кальций, магний,темир каби микроэлементлар мавжуд.
Ошқовоқнинг уруғлари таркибидаги 50 фоиз мой, 35 фоиз ўсимлик оқсили, қанд, аминокислоталар, тирозин, фитин, салицил, олма кислотаси, кукурбитал фитостерини, смола, С, В витаминлари ҳамда каротоноидлар инсон организми учун жуда фойдалидир.
Ошқовоқ шифобахш полиз экини сифатида халқ табобатида ҳам кенг қўлланилади. Ундан тайёрланган қайнатма кўкрак оғриганда, қуруқ йўталда тавсия этилса, мевасининг гўштли қисмини сувда қайнатилгани сариқ касалида, буйрак, қувуқ касалликларида сийдик ҳайдовчи восита сифатида истеъмол қилинади. Унинг шарбати териси касалланган беморларга суртма дори сифатида берилади. Ошқовоқнинг юмшоқ қисми эзилиб, темиратки устига суртилса, шифо бўлади.
Буюк табиб Ибн Сино ошқовоқнинг қўрда кўмиб, пиширилганини қанд билан аралаштириб истеъмол қилиш қабзиятни яхшилашда фойдали эканлигини таъкидлаган. Унинг ширасидан томоқ оғриғи ва мия касалликларида фойдаланган.
Шарқ табобатида ошқовоқнинг қўрга пиширилганини қўл, оёқларнинг оғриган жойларига босиш тавсия этилади. Гўштли қисми куйдирилиб, ўсимлик ёғи билан аралаштирилган ҳолда битмаган яраларга суртилса, яхши малҳам бўлади. Гижжани даволашда қовоқ уруғини истеъмол қилиш тавсия этилади.
Жаннатмонанд юртимиз заминида ошқовоқнинг жуда кўп турлари етиштирилади. Юқорида таъкидланганидек, унинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Ҳеч бўлмаганда, ҳафтада бир марта ошқовоқ истеъмол қилиш инсон организми учун фойдалидир. Шундан келиб чиқиб, ҳам арзон, ҳам табиий ана шу неъматни кўпроқ истеъмол қилишни барчага тавсия этамиз.
Йод етишмовчилиги дунёда энг кўп тарқалган касалликлар қаторига киради. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига қараганда, сайёрамизнинг 800 миллион аҳолиси қалқонсимон безнинг катталашиши (эндемик бўқоқ) билан касалланган, улардан 45 миллиони ақлий заиф ҳисобланади. Мана шу маълумотларнинг ўзиёқ одамларни ҳушёр бўлишга ундайди.
Йод моддаси барча аъзолар ва тизимларнинг ривожланишига таъсир кўрсатувчи гормонларни ишлаб чиқарувчи қалқонсимон безнинг нормал ишлаши учун асосий микроэлементдир.
Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра, йодга бўлган кундалик эҳтиёж одамларнинг ёшига қараб қуйидагича белгиланган:
6 ёшгача бўлган болалар бир кунда 90 мкг. йод қабул қилиши керак. Бу эҳтиёж ёшга қараб ўсиб боради. Масалан, 6-12 ёшлар оралиғида 120 мкг., 12 ёш ва ундан катталар 150 мкг.гача, ҳомиладор ва эмизикли аёллар эса бир кунда 250 мкг. миқдорда йод моддалари қабул қилишлари зарур бўлади.
Эндемик бўқоқ билан оғриган аёлларда йод етишмаслиги ҳомиланинг нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Аёлнинг организмида йод етишмаса туғилажак фарзандининг мияси яхши ривожланмайди, чақалоқнинг ақлий заиф бўлиб дунёга келиши эҳтимоли бўлади. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишнинг энг самарали усулларидан бири йодланган ош тузини истеъмол қилишдир.
Йод қўшиш учун ош тузи танланганлигининг асосли сабаблари бор:
Ош тузи жамиятнинг барча қатламлари, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий келиб чиқишидан қатъи назар, деярли бир хил микдорда ва доимий равишда истеъмол қилинадиган озуқа маҳсулотларидан бири саналади. Шу тариқа ош тузига қўшилган йод йил давомида барча одамлар томонидан бир хил миқдорда қабул қилиб борилади.
Йодни ош тузи билан аралаштириш хавфсиз ва оддий усул саналади.
Бутун дунёда ишлаб чиқариладиган ош тузининг асосий қисми денгиз сувидан олинади ва унинг таркибида табиий равишда йод бўлади. Сув билан бирга йод ҳам буғланган ва ош тузига йод қўшиш билан биз денгиз тузининг табиий таркибини тиклаймиз, холос.
Ош тузини йодлаш (калий йодиди ёки калий йодати ёрдамида) тузнинг таъми, ҳиди ва рангини ўзгартирмайди. Бошқача айтганда, йодланган ва йодланмаган ош тузлари деярли фарқ қилмайди.
Кўпинча «Таркибида йод бўлган таблеткалар, яъни, Йодид 100, Йодид 200, антиструмин ва бошқалар ёрдамида юртимиздаги йод етишмовчилиги касаллиги билан оғриган беморларни даволаш мумкинми», дея савол беришади. Мазкур перепаратлар йод етишмаслиги касалликларини давлат миқёсида ҳал қилиш имкониятини бермайди. Аҳолининг барча қатламларини бу препаратлар билан қамраб олиш қийин масала. Уни фақат болалар ва ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга тавсия этиш мумкин.
Ош тузи ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан тайёранаётган йодланган тузлар йод етишмаслигининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун асосий эътиборни йодланган ош тузини истеъмол қилишга қаратиш зарур. Бунинг учун туз харид қилишда унинг ҳақиқатдан ҳам йодланганли ва сифатига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Оналик аёлга табиат инъом этган энг буюк бахт. Она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш масаласи эса давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Маълумки, жорий йил мамлакатимизда "Соғлом она ва бола йили" деб аталиб, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури қабул қилинди. Дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Бу борада Улуғнор туманида олиб борилаётган ишлар хусусида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Дилноза Умарова ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиника бош шифокори Абдуваҳоб Бозоров биз билан суҳбатда қуйидагиларни гапириб берди:
- Туманимизда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 мартдаги "2013-2017 йиллар даврида болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури тўғрисида"ги ҳамда 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарорлари ва бошқа ҳужжатлар ижросини таъминлаш, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда аҳолига туман тиббиёт бирлашмасининг 250 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 110 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли поликлиниканинг болалар бўлими, 13 та қишлоқ врачлик пункти тиббий хизмат кўрсатади. Даволаш профилактика муассасаларимиз "Саломатлик-2", "Саломатлик-3" лойиҳалари доирасида замонавий, илғор тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Ҳатто мураккаб туғруқ жараёнини бошидан кечирган оналаримизнинг саломатликларини тиклаш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Чуқур текширув ўтказиш мақсадида вақтидан олдин туғилган ва алоҳида парвариш талаб қилинадиган чақалоқларга мўлжалланган интенсив терапия бўлим фаолияти йўлга қўйилди. Натижада касалликларни эрта аниқлаш, аниқ ташҳис қўйиш ва самарали даволаш ишлари тубдан яхшиланди.
Бугунги кунда туманимиз аҳолисининг 15037 нафарини 14 ёшгача бўлган болала 2422 нафарини ўсмирлар, 14938 нафарини хотин-қизлар, уларнинг 14466 нафарини эса туғиш ёшидаги аёллар ташкил этади.
Туғиш ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болалар жорий йилнинг ўтган даври мобайнида режа асосида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида турли хасталиклар аниқланган 762 нафар қиз-аёллар стационар ва амбулатор тарзида соғломлаштиришга жалб этилди.
Айниқса, шифокорларимиз томонидан оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, хомиладор аёллар соғлигини назоратга олиш борасида хотин-қизлар қўмитаси фаоллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги "Саломатлик сектор"лари аъзолари билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ижобий самаралар бермоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида бехатар оналик таъминланмоқда, ногирон болалар туғилиши кескин камайди. Оналар ўлими умуман қайд этилмади.
Аҳоли ўртасида ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, фуқароларнинг тиббий билим ва маданиятни юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишларни ташкил этишда патронаж ҳамшираларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Патронаж ҳамширалари аҳолининг муайян қатлами билан тизимли ва режа асосида иш олиб бормоқда. Хусусан, ҳафтанинг ҳар бир куни ким билан иш олиб боришлари белгилаб қўйилган. Душанба - нуронийлар куни, сешанба - ҳомиладорлар куни, чоршанба - болалар ва ўсмирлар куни, пайшанба - хонадон ва экология куни, жума - хотин-қизлар куни, шанба - саломатлик, экология ва спорт куни ҳисобланади.
Шифокорларимиз, шунингдек, бой ҳаётий тажрибага эга онахонлар иштирокида маҳаллалар ва таълим муасссасаларида ўтказилаётган учрашув, мулоқот ва давра суҳбатлари орқали қизлар турмушга тайёрланмоқда, уларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги тушунчалари бойитилмоқда, шу билан бирга, уларга эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан зарур маълумотлар берилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Она ва бола саломатлиги - эртанги соғлом турмушнинг асосидир. Шу боис ҳам ҳар бир аёл соғлом фарзандни дунёга келтиришни истайди. Биз шифокорларнинг бош вазифамиз аёлларимизни ана шу бахтга мушарраф бўлишларига, яъни соғлом фарзандларни дунёга келтириш ва азиз дилбандларини ҳар жиҳатдан соғлом вояга етказишларига кўмаклашишдир. Бунга эришиш учун туманимиз шифокорлари томонидан зарур барча ишлар амалга оширилади.
Иш юзасидан "Асакабанк"нинг Фарҳод бўлимига боргандим. Пенсия пулларини олишга келган отахон ва онахонлар билан суҳбатлашиб турганимда, бўлим бошлиғи бир аёл билан ёнимга келиб, газетадан бўлсангиз, бу онахон билан суҳбатлашинг. Онахон ногирон қизини парваришлайди, онахоннинг сабр-тоқати, фарзандига бўлган меҳри ҳақида ҳар қанча ёзсангиз камлик қилади, деди.
Ҳаёт шундай бир мураккаб ва тотли неъматки, унинг синовларига дош бериб яшаш осон эмас. Шундай синовлар борки, одамни саломатлиги яхши , моли беҳисоб бўлсин, ҳаёт уни эзиб ташлайди. Азизахон ёшлигиданоқ турмушнинг барча қийинчиликларини тотиб улғайди. Уни Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасида яшовчи ҳисобчи йигитга узатишди. Кўп қаватли уйларда бу оила бахтли яшади. Бирин-кетин фарзандли бўлишди. Икки қиз ва бир ўғил кўришди, уларни ўқитиб, уйли-жойли қилишганда, оила устуни бевақт вафот этди. Барча юмушлар оила соҳибаси зиммасига тушди. Болаликданоқ ногирон бўлган қизлари Зулайҳо эса алоҳида парваришни талаб қиларди. Мана неча йилдирки, Азизахон ёлғиз ўзи умрини шу қизига, унинг ҳаётини мазмунли қилишга бағишлаб келади.
- Андижон давлат университетининг филология факультетини сиртдан тугатдим, - дейди Азизахон опа. - Шаҳардаги қатор мактабларда, давлат ташкилотларида ишладим. 17- умумтаълим мактабидан нафақага чиқдим. Ўғлим, кичик қизим оилалари, фарзандлари билан, мен эса Зулайҳо билан яшаймиз. Унинг учун яшайман, унинг учун бозорга бораман, унинг учун зарур бўлган ҳамма ишни қиламан... Унинг шодон чеҳрасини кўриш ҳаётимнинг мазмунига айланган.
Бугун она-бола Андижон шаҳрининг Бобур шохкўчасидаги 1- оилавий ётоқхонада, икки хонали хонадонда яшашади. Укаси ва синглиси тез-тез келиб, Зулайҳодан хабар олишади, унинг кўнглини кўтаришади, шу билан онанинг ҳам кўнгли кўтарилади. Зулайҳо ҳам бу меҳр-оқибатни сезади, улар келганда жуда қувноқ бўлиб кетади. Бошқа вақтлари қўни-қўшнилар билан гаплашади, телевизор кўради, онасига эркалайди. Азизахон опа эса қизининг умрини узайтириш, унга қувонч улашиш учун бутун меҳрини, кўз нурини беради. Табиат шу кичиккина вужудга улкан сабр-тоқат, чидам ва матонат, қалбига умид солганлигидан, ҳаёт мўъжизакор эканлигидан беихтиёр ҳайратланасиз.
Уй бошқарувчиси Наталья Фельд Азизахон Юсупованинг барчага ёрдам беришга астойдил ҳаракат қилишини, шу билан бирга, ётоқхонада ўтказиладиган турли тадбирларнинг ташкилотчиси эканлигини таъкидлайди. Унинг елкасида ўксик кўнгил фарзандини парваришлашдай оғир юк бўлишига қарамасдан, доимо шўх-шодон юриши, қўни- қўшнилари кайфиятини кўтариши, уларни хайрли ишларга даъват қилиши Азизахон опа улкан сабр соҳибаси эканлигини кўрсатади. Зотан, шоир айтганидай:
...Шундайлар бўлмаса агар дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.
Ҳа, Азизахон опа сингари аёллар ҳар қанча эъзозга муносибдир.