Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Андижон вилояти хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Кўкси қалқон мардларни қутлаймиз!” деб номланган акция ўтказилди.
Шу куни хотин-қизлар қўмитаси фаоллари ҳамроҳлигида вилоятимиз таълим муассасаларидаги “Ораста қизлар” тўгараклари аъзолари бўлган қизларимиз миллий либосларда вилоят ҳокимлиги, унинг бошқармаларида фаолият олиб бораётган ходимлар – оилаларимизга бош бўлиб, Ватанимиз тинчлиги ва равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётган кишиларни гул ва эсдалик откриткалари билан қутлади.
Кўрсатилган ушбу эҳтиром ва эътибор барчага хуш кайфият улашди.
АМАЗОНКАЛАР КИМ ЭДИ, УЛАР ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ БЎЛГАНМИ?
(47- сон, 2016 й.)
Ҳаётнинг биз билмаган жумбоқлари
Кўп асрлардан буён амазонкалар ҳақидаги ривоят ва афсоналар одамларни қизиқтириб келади. Турли даврларда амазонкалар ҳақидаги манбалар тўғри-нотўғри маълумотлар билан тўлдирилган, айримлари эса жуда бўрттириб юборилган. Бугунги кунга қадар амазонкалар кўплаб фильмлар, адабий ва фантастик асарлар қаҳрамонларига айланиб улгуришган. Чунки аёллар учун амазонкалар - эркинлик ва мустақиллик рамзи бўлса, эркаклар уларни гўзаллик ва жозибадорлик тимсоли сифатида эътироф этишади.
Аввало, "амазонка" атамасининг келиб чиқиши ҳақида тўхталиб ўтсак. Мазкур атаманинг пайдо бўлиши тўғрисидаги турли манбалар бўлиб, бу борада ҳатто олимлар ўртасида ҳам баҳс-мунозаралар мавжуд. Баъзи манбаларда бу сўз қадимги форсча "ha-mazan" яъни "жангчи аёл" маъносини билдирилиши айтилса, бошқа таҳминларга кўра, "амазонка" сўзи "a masso" яъни "дахл қилинмаган" (эркаклар томонидан) маъносида келиши таъкидланади.
Яна бир манбада "amazos" - "бир кўкраги йўқ" деган тахмин ҳам илгари сурилади. Бунга сабаб амазонкалар жангда ва камондан фойдаланганда ҳалал бермаслиги учун вояга етаётган ёш амазонканинг ўнг кўкраги чўғда куйдирилган. Бироқ, мазкур талқин бироз гумонли бўлиши мумкин. Сабаби, шу кунга қадар амазонкалар сиймоси тасвирланган санъат асарларида бирорта ҳам бундай тасвир учрамаган. Айрим манбаларда эса жангчи аёлларнинг "амазонка" деб номланиши бирмунча кейинги даврлар хусусан, Жанубий Америка ҳудудлари билан боғлиқ эканлиги таъкидланади.
Амазонкалар ҳақида маълумот берувчи қатор манбалар бир-бирига умуман тўғри келмаслигини ҳам кузатиш мумкин. Дастлабки маълумотлар антик давр юнон мифологияси, яъни афсона ва ривоятларида, кейинроқ эса қадимги юнон тарихчилари асарларида келтирилади. Унга кўра, амазонкалар - эркак кишиларга тоқат қилмайдиган ва бўйсунмайдиган аёллардан таркиб топган, жанг санъатини мукаммал эгаллаган, ўз маликаси бошчилигидаги қабила тарзида талқин этилади. Улар ўзларини қадимги юнонларнинг уруш худоси Арес ва илоҳа Гармониядан келиб чиққан, деб ҳисоблашган. Маъбудаси ва ҳомийси сифатида Артемидага сиғинганлар.
Афсоналарга кўра, амазонкалар Фермодонт ва Ирис дарёлари яқинида, Қора денгизнинг бўйларида яшашган. Тарихчи А. Б. Снисаренконинг таъкидлашича, уларнинг энг аввал яшаган жойлари Туркиянинг Амасия (эҳтимол бу вилоятнинг номи қабиланинг амазонкалар дея номланишига сабаб бўлгандир) ва Самсун вилоятлари ҳудудларига тўғри келади. Ҳудди шу ердан амазонкалар Кичик ва Олд Осиё ҳудудларига ўзларининг юришларини бошлаганлар. Айнан улар томонидан Эфес, Смирна ва бошқа шаҳарлар барпо этилган.
Профессор И. Е. Суриков амазонкаларнинг эллинлар ерларидан дунё бўйлаб тарқалиб борганлигини таъкидласа, тарих фанлари доктори М.В.Скржинская амазонкаларнинг кийиниши маданиятидаги такомиллашув ҳақида маълумотлар беради.
Гомер асарларида амазонкаларнинг Беллерофонт ва фригияликлар билан олиб борган жанглари тасвирланади. Амазонкалар қабиласининг сардори Ипполита (бошқа манбаларда - Антиопа) ҳукмдор Еврисфейнинг буйруғига кўра, юнон паҳлавони Геракл томонидан ўлдирилади.
Плутархнинг "Ҳаётий ёзишмалар"ида эса, амазонкаларнинг Юнонистоннинг Аттика вилояти ҳукмдори Тесей устига юришлари тўғрисида ҳикоя қилинади. Унда амазонкалар Киммерий Босфоридан сузиб ўтишади ва Тесей билан тўрт ой давомида муваффақиятсиз жанглар олиб боради. Шундан сўнг яна ўз ватанларига қайтиб кетишлари тасвирланган.
Қиролича Пентесилеянинг ҳукмронлиги даврида амазонкалар юнонларга қарши Троя подшоси Приам билан иттифоқ тузади ва бу шаҳар-давлатни ҳимоя қилади.
Қадимги юнон солномачиси Диодорнинг ёзишича, амазонкалар ҳарбий санъат борасида эркаклардан асло қолишмаган. Уларнинг жамиятида эркаклар рўзғор ишлари билан банд бўлиб, хотинлари измида бўлишган. Фарзандлар тарбияси ҳам эркаклар зиммасида бўлган. Тарихий манбааларнинг гувоҳлик беришича, амазонкалар Троя урушларида қатнашиб, киммерийлар (Қрим ярим ороли ва унга яқин ҳудудларда яшаган кўчманчи қабила) билан Кичик Осиёга ва Қадимги Юнонистон ҳудудидаги Аттика давлатига юришлар қилиб, Афина шаҳрини ҳам ишғол қилишган.
Афсона, ривоят, солнома ва турли тарихий манбааларда тилга олинган жангчи аёллар - амазонкаларнинг ҳақи-қатда ҳам мавжуд бўлганлиги масаласи ҳам мунозарали. Кўплаб тарихчилар улар одамлар томонидан тўқиб чиқарилган ривоят қаҳрамонлари дейилса, айрим тарихчилар улар ҳақидаги ёзма манбаларга таяниб, улар ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлган, деган фикрни илгари суради ҳамда сўнгги жангчи амазонкалар Александр Македонский ҳукмронлиги даврига тўғри келишини таъкидлайдилар.
Яна бир гуруҳ олимлар амазонкалар ҳақидаги турли афсоналарнинг келиб чиқишини энг қадимги даврларга, жумладан, Крит оролидаги Миной цивилизацияси мавжуд бўлган пайтга бориб тақалиши ҳақидаги фикрни илгари сурадилар.
Амазонкалар яшаган, дея тахмин қилинадиган ҳудудлардан бири - ҳозирги Украинада 1971 йилда олиб борилган археологик тадқиқотларда камон, ўқлар ва қалқонлар билан дафн этилган аёлларнинг суяк қолдиқлари топилади. Бироқ, бу ҳудудлардан амазонкаларнинг асосий жанг қуроллари ҳисобланган қилич ва жанг ойболталари топилмаган.
Шунингдек, 1993-1997 йилларда Қозоғистон ҳудудларида олиб борилган қазишмалар чоғида қурол-аслаҳалар билан дафн этилган жангчи аёлларнинг кўплаб қабрлари топилган. Ўрганишлар натижасида мазкур археологик топилмаларнинг ёши 2,5 минг йилдан кам эмаслиги аниқланган.
Тарихда амазонкалар ҳақиқатда ҳам мавжуд бўлганлигини ёқловчи тарихчилар томонидан афсона ва ривоятлар қисман бўлса-да, рўй берган реал воқеа-ҳодисаларга асосланганлиги таъкидланади. Афсоналардаги жангчи аёллардан иборат қабилалар қачонлардир Қора денгиз бўйлари ва Фермодонт дарёси этакларида яшаб, ўз давлатининг пойтахти қадимий Фемискира шаҳрини барпо этганлар, деган фикр илгари сурилади.
Бу борада тарихчи Геродотнинг ёзишича, айнан Троя урушлари пайтида мағлубиятга учраган ва асирга олинган амазонкаларни юнонлар учта кемага жойлаб, ўз юртларига олиб кетишга қарор қиладилар. Аммо амазонкалар йўлда қўзғолон кўтариб, юнон жангчиларини қириб ташлашган. Кемани бошқаришни билмаган амазонкалар уни сув оқими ва шамоллар ёрдамида ҳаракатлантириб, Қора денгиз бўйларидаги скифлар ери бўлган Кремна шаҳрига етиб келадилар ва шу ерда муқим қоладилар. Бу ерда жангчи аёллар маҳаллий халқнинг отлари, қурол-яроғларини қўлга киритиб, уларнинг ерларини талай бошлайдилар. Скифлар талончилар билан жанг қилмоқчи бўлганларида уларнинг барчаси аёллар эканлиги аён бўлади. Аёллар билан курашишни ўзларига эп кўрмаган скифлар ғайриоддий кийинадиган, бошқача тилда сўзлашадиган жангчи аёллар қабиласига маълум ҳудудларини ташлаб кетишади. Бироқ, амазонкалар талончиликни давом эттираверади. Кўп ўтмай, уларга бас келиб бўлмай қолади.
Амазонкаларнинг асосий машғулоти жанговар машқлар билан шуғулланиш, жанг қуролларини тайёрлаш ҳамда овдан иборат бўлган. Авлодни давом эттириш учун қўшни қабилалар эркаклари билан алоқалар ўрнатишган. Янги туғилган ўғил - чақалоқ отасига юборилган ёки ўлдирилган. Қизларни эса ўзлари олиб қолиб, уларнинг тарбияси билан шуғулланганлар.
Амазонкалар қабиласининг Жанубий Америкада мавжуд бўлганлиги тўғрисидаги маълумотни илк бор Испания қироллиги мансабдорлари Хуан де Сан Мартин ва Антонио де Лебрихнинг қайдларида учратиш мумкин. Улар 1539 йил июлида Колумбия ҳудудларига юриш қилган Гонсале Хименес де Кесада қўшини таркибида иштирок этганлар.
"Қўшинимиз Богота водийсига келганида биз бу ерда яшовчи аёллар қабиласи ҳақида эшитиб қолдик. Буни бизга улар томонидан қулга айлантирилган ҳиндулар сўзлаб бердилар. Жангари аёллар ўз қабиласи юмушларини бажаришлари учун эркак қулларни асир олишар ёки сотиб олишар, туғилган ўғил бола чақалоқларни бошқа қабилаларга бериб юборишар, қиз болаларни эса ўзлари билан олиб қолишар, уларни жангчи этиб тарбиялашар экан. Уларнинг маликаси Харатива деб аталар экан".
Янги Гранада Қироллигининг забт этилиши ҳақидаги ҳисоботдан (1539 йил июль).
Испания мустамлакачилик юришларининг раҳбари Хименес де Кесада эса амазонкалар яшайдиган қишлоққа ўз укасини юборганлиги ҳақида маълумотлар ҳам бор.
Амазонкалар бошқа қабилалар билан бир сафда туриб мустамлакачиларга қарши жанг қиладилар. Уларнинг мардлиги, жасорати ва ҳарбий маҳоратини кўрган испанлар лоақал бирорта амазонкани ушлаб, ўз қиролига кўрсатмоқчи бўладилар. Аммо ҳеч ким уларни тутишнинг уддасидан чиқа олмайди.
Шу ўринда табиий савол туғилади: Жанубий Америкадаги дунёга машҳур бўлган дарё нима учун Амазонка деб аталади? Геракл, Тесей, Ахиллес каби донғи кетган юнон паҳлавонлари билан олишган жангчи аёлларнинг Амазонка дарёсига алоқаси борми?
Франциско де Орельян бошчилигидаги испан истилочилари гуруҳи 1542 йилнинг ёзида маҳаллий, фақат аёллардан иборат қабила билан тўқнаш келиб, жанг қилганликлари ҳақида ҳам маълумотлар ёзилган. Бироқ баъзи тадқиқотчилар кейинчалик бу ерларда ҳеч қандай амазонкалар бўлмаганлигини таъкидлайдилар. Испанлар ҳинду аёлларига дуч келиб қолган ёки аёллар дея тахмин қилинган узун сочли ҳинду эркакларини учратганлар, деган фикрни илгари сурганлар.
Амазонка дарёси ҳақида илк маълумот Сьеса де Леоннинг 1553 йилдаги "Перу ҳақида эсдаликлар"ида учрайди: "Ҳозир қаршимизда шундай ҳайратланарли дарё гавдаланмоқдаки, уни ҳатто денгиз кўрфази дейиш мумкин. Перудан шимолдаги денгизга қадар чўзилган бу дарё Амазонкалар дарёси ҳисобланади".
Жанубий Америка ҳудудидан оқиб ўтувчи, афсонавий жангчи аёллар номи билан аталган Амазонка дарёси география фани манбаларида ўзининг серсувлиги ва ҳавзасининг улканлиги жиҳатидан дунёда (ирмоқлари билан қўшиб ҳисоблаганда узунлиги 7 минг километр) Нил дарёсидан кейин иккинчи ўринда туради.
Жанубий Америка чангалзорларида испанлар томонидан олиб борилган истилочилик юришлари натижасида амазонкалар ҳақидаги турфа афсоналар бутун дунёга шов-шув бўлади. Мазкур афсоналардан бири ҳинду қизларининг ўғриси, ёвуз руҳ Журупари ҳақида бўлиб, бу афсона Амазонка дарёсининг қуйи ирмоқларида яшаган ҳинду қабилалари орасида кенг тарқалган.
Қадимдан амазонкалар нафақат достон ва афсоналарнинг, балки тасвирий ва амалий санъатнинг асосий мавзуларидан бири бўлган. Амазонкалар тасвирланган юнон тасвирий санъати дурдоналари милоддан аввалги VII асрдан шакллана бошлаган. Бу тасвирларни бутун дунёга донғи кетган юнон обидалари - Парфенон, Дельфа ва Аполлон ибодатхоналари ҳамда Эпидавра шаҳридаги Асклепий қадамжоси пештоқлари ва деворларида учратиш мумкин. Амазонка аёллар образи қадимги юнонларнинг буюк мусаввири Микон ҳамда ҳайкалтарошлар Фидий ва Поликлетнинг асарларида ҳайратланарли тарзда тасвирланган.
Амазонкалар ҳақидаги афсона ва ривоятлар XVI - XVII асрлардан бошлаб европалик шоир ва драматургларни ўзига жалб этиб, улар ҳақида бадиий асарлар яратилишига (Р.Гарньенинг "Ипполита", Лопе деВеганинг "Амазонкалар", Тирсо де Молинининг "Амазонкалар Ҳиндистонда", Г. Клейстнинг "Пенфесилея" асарлари) туртки бўлади.
ХХ асрда амазонкалар кино асарларда ҳам гавдалантирила бошланади. Ўтган асрнинг 90-йилларида жангчи аёл ва унинг ҳамроҳи Габриэль тўғрисидаги "Ксена - жангчилар маликаси" сериалида амазонкалар, уларнинг ҳаёти зангори экранларда дунё юзини кўради. Шунингдек, илм-фан соҳасида ҳам афсонавий саналган амазонкалар эътироф этила бошланади ва турли илмий ихтиролар уларнинг номи билан номланади. Жумладан, 1868 йилда очилган астероид (104) амазонка Климена шарафига, 1908 йилда кашф этилган астероид (658) Астерия шарафига, 1988 йилда очилган астероид (10295) Ипполита шарафига, 2004 йилда очилган Нептун сайёраси ўрамидаги астероид (385571) эса Отрера деб номланган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) инсониятни жаҳолат ботқоғидан халос этиб, инсонларни нотўғри ақидалардан қайтарганлар. Аммо муқаддас динимизга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз ақида ва ирмлар шаклланганлиги айрим кишилар эътиқодига раҳна солаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Шариатда қазо-ю қадарга, яъни Аллоҳга, унинг пайғамбарлари ва охират кунига, муқаддас китобларга имон келтириш Ислом дини асосларидан ҳисобланади. Шундай экан, инсон ўз бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан, деб билиши керак ва ўзининг эзгу амаллари билан Аллоҳнинг марҳаматига мушарраф бўлиш учун ҳаракат қилмоғи лозим. Бу хусусда, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: (Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки имон келтирса, У унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир", деб марҳамат қилади. ("Тағобун" сураси, 11-оят).
Айни кунларда ҳам халқимиз орасида турли бемаъни ақида ва ирим-сиримларга ишонувчилар учраб турибди. Масалан, йўлда кетаётган одам олдидан тўсатдан қора мушук ўтиб қолгудай бўлса, бирор нохушлик юз беришига йўйилиши бор гап. Ҳатто, айрим инсонлар аср вақтида қичқирган хўроз беҳосиятдир, уни сўйиб юбориш керак, деб ўйлайдилар. Сарвари коинот (с.а.в.) бу каби иллат ва иримларнинг ҳар қандай кўринишини рад этганлар. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Уч нарсадан умматим ҳануз қутила олмайдилар. Бу - ҳасад, бадгумонлик ва иримдир. Улардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулумга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоблаб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккал қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг!" деганлар. (Абу Яъло ривояти).
Муборак Ҳадиси Шарифда рад этилган ақидалардан яна бири сафар ойидан шумланишдир. Исломдан аввалги жоҳилият замонида одамлар бу ой ҳақида турли хил ёмон фикрда бўлганлар. Улар сафар ойида никоҳ боғламас, бирор эзгу, яхши ишга қўл урмас, тижорат ёки бошқа мақсадда ҳам сафарга чиқмас эдилар. Афсуски, баъзи бир илмсиз кишилар ҳозиргача юқоридаги каби иш тутадилар. Ҳеч бир инсон сафар ойидан соғ-саломат ўтиб, кейинги ойда тўй-маросим қилишини, сафарга чиқишини ёки шу каби амалларни адо қиламан, деб аниқ айта олмайди. Шунинг учун ҳам Сарвари коинот (с.а.в.) яхши амалларни кечиктирмасдан ўз вақтида ва эртароқ бажаришга буюрганлар, ҳатто қизлари Фотима (р.а.)ни сафар ойида турмушга узатганлар, деб улуғларимиз баён қиладилар.
Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилган ҳадисда: "Эътиқод юзасидан бир касалликнинг иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди, магар Аллоҳ таоло хоҳласагина ўтади. Ислом шаъриатида ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Бойўғли сайрашидан ҳеч кимга зарар йўқ. Чунки, одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда ҳудди ана шу ерларда бўлади. (Муттафақун алайҳ).
Сарвари коинот (с.а.в.) ирим қилиш ва шумланиш одатидан жуда қаттиқ огоҳлантириб: "Шумланиш ширкдир!" (Абу Довуд, Ибн Можа Термизий ривояти) деб уч маротаба такрор айтдилар. Мўмин мусулмон киши ўз Парвардигорига эътиқод қилган ҳолда имонини мустаҳкам сақлаши лозим. Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳга таваккал этиши зарур. Зеро, меҳрибон Роббимиз: "... Кимки Аллоҳга таваккал қилса бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир" ("Талоқ" сураси, 3-оят) деб марҳамат қилинган.
Муҳтасар айтганда, халқимиз ичида ҳанузгача бидъат-хурофат ва иримларга берилиб, қилинадиган хайрли, яхши ишларни ва амалларни бошқа ойларга кўчирадиган, ўзгаларнинг ҳам фикрини чалғитиб, соф ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган оят ва ҳадислардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди.
Дунёдаги жамики мавжудотларни яратган зот барчаларимизни ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва ҳурофатларга берилишдан, ўзи рози бўладиган солиҳ ва яхши амалларда бардавом бўлишимизни насиб этсин!
Сайфиддин Юлдашев, Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом" жомеъ масжиди имоми.
Айни кунда келин олиш, қиз узатиш билан боғлиқ урфлар, бу борада ўзларини кўз-кўз қилаётган айрим кишилар, қўша-қўша мебеллар, элга овоза бўлаётган сепу сидирғалар билан узатилган айрим қизларнинг уқувсизлиги, бахтсиз бўлиб қолаётганлиги ҳақида газета ва журналлар саҳифаларида турли мақолалар, ҳикоялар чоп этилмоқда.
Бироқ, бу борадаги муаммолар барибир долзарблигича қолмоқда. Айниқса, келин танлашда қизларнинг эпидан кўра, сепига кўпроқ эътибор қаратилаётганлиги кўпчиликни ташвишга солади.
Бир оилани биламан, ёлғиз она икки қиз ва бир ўғилни қийинчилик билан катта қилди. Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг аёл қизларини оқила, меҳнаткаш, ҳунарли, одоб-аҳлоқли қилиб вояга етказди.
Ҳуснига ҳар қанча ҳавас қилса арзийдиган қизлар бўйига етганда, уйига кўп совчилар келди. Бироқ совчиларнинг айримлари "отасиз қиз бўлмайди" деса, яна бирлари "қўли юпқа экан", "уйлари ҳам кўримсиз экан" дейишди. Минг афсуски, қизларнинг гўзаллигига, одоб-аҳлоқига эътибор беришмади. Бундай гап-сўзлардан кейин она минг машаққатлар билан ҳовли-жойини таъмирлади. Лекин орадан ўтган йиллар ўз ҳукмини ўтказмай қолмади. Энди у хонадонга келган совчилар қизларнинг ёши ўтиб қолибди, деган гаплар билан ортга қайтишди. Кундан - кунга қизларининг сўлиб бораётганини кўрган онаизор минг бир хижолат билан, яқин танишларига:
- Уйланиб, ажрашган, болали йигитлардан совчи келяпти. Қизимни ёши йигирма тўртда бўлса-да, хали турмуш қурмаган, унинг ҳам орзу-ниятлари бор. Илтимос, ёшига муносиб йигитлар бўлса, топинглар, - дейди. Аёлнинг сўзларини тинглаб, унга жуда ачиндим. Она учун бу гапни айтиш қанчалар оғир эканлигини ҳар бир аёл яхши билади. Лекин қизларининг бахти учун у ҳар қандай мустарликни бўйнига олишга тайёр.
"Замон ўзгариб кетди" дея қош чимариб сўзлаётган айрим аёлларимиз ўзларининг ўзгариб кетганини наҳот сезишмаса? "Кўрмаганни кўргани қурсин", деганларидек, ўшандай аёллар қизларнинг хулқ-атвори, одоб-аҳлоқи, қандай оилада тарбия топганига қараб эмас, балки, сеп-сидирға, мол-дунёсига қараб, келиннинг ортидан келадиган тоғора-тоғора мазарлардан умидвор бўлиб танлаётганликларини қандай изоҳлаш мумкин?
Бир маросимда таниш аёл атрофдагилардан андиша қилмасдан ўғлини уйлайдиган опасига: "Фалон маҳаллада, фалончи бойнинг қизи бор эмиш, ўшани қўлдан бой бермаслигимиз керак. Тезроқ отни қамчиламасак эгаси чиқиб қолмасин тағин" дейиши халқимизнинг ҳеч бир одоб-аҳлоқ мезонларига тўғри келмаслиги аниқ.
Фарзандининг кўнглига қараш, қизни суриштириш йўқ. Ундайларга қатор-қатор сарполару, қимматбаҳо мебеллар бўлса бас. Наҳотки, улар бахт тушунчасини фақат бойликда, деб ўйлашади, Ўткинчи ҳою-ҳаваслар, йиллар ўтиб, яроқсиз ҳолга келиб қоладиган буюмлар йигит-қизга бахт аталмиш буюк неъматни ҳадя эта олармикан? Бу борада ҳар бир юртдошимиз, айниқса, опа-сингилларимиз жиддий ўйлаб, мулоҳаза билан иш тутсалар, фойдадан ҳоли бўлмасди.
Она фарзанд камоли учун жон бахшида этгувчи, меҳр-муҳаббати беқиёс, комил инсон тарбиячиси ҳамда авлодлар давомийлигини таъминловчи улуғ зотдир.
Азалдан аёл зиммасига улкан ва масъулиятли вазифалар юкланган. Ана шулар орасида қайноналик ва келинлик вазифалари алоҳида ўрин тутади. Аёл учун бу вазифалар нечоғлик муҳим эканлигини эътироф этган севимли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор мақолаларининг бирида жаннатда ёқуту забаржадлардан ясалган бир тахт борлигини, у тахт энг яхши қайнона учун асралганлигини айтиб ўтади.
Фарзандларнинг дунёга келиши орзу-умидларнинг бошланишидир. Ота-онанинг фикри-хаёлида дилбандига чиройли исм қўйиш, илму ҳунар ўргатиш, одоб-аҳлоқли қилиб вояга етказиш, наслу насабини суриштириб келин олиш ва қиз узатиш каби эзгу ниятлар жўш уради. Қиз туғилса, сандиқ олиб, сеп-сидирға йиғиш халқимизга хос одатдир.
Рисоладагидек она бўлиш осон эмас. Бу мақомга фарзандни дунёга келтириш билангина эришилмайди. Боласига яхши тарбия берган, эл корига ярайдиган инсон қилиб улғайтирган, халққа нафи тегадиган касб эгаси этиб камолга етказган аёлгина оналикка муносибдир. Унинг қалбида "Рисоладагидек она, қайнона бўла оламанми? Ўғлимни доно, ақлли, илм, ҳунар эгаси қилиб, бир оилани бошқара оладиган, авлодим давомчиси қилиб тарбияладимми?" ёки "Қизим оқила, одоблими, борган жойида турмуш ўртоғининг оила аъзолари ўртасида меҳрга, қайнота-қайнонасининг ҳурматига сазовор бўла оладими?", деган ўйлар ҳадиги бўлиши аниқ. Ҳар бир она ҳаёти давомида мана шу саволларга ижобий жавоб бермоқ учун амалда ҳам астойдил ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, қиз болани иккинчи - келинлик хонадонига ҳар жиҳатдан тайёрлаш оналарнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда айрим ота-оналар қизларини оилавий ҳаётга тайёр бўлмасидан турмушга бериш ҳолатлари учраб турибди. Аслида, эндигина коллежни тамомлаган 18-19 ёшли қиз оиланинг катта вазифалари қаршисида эсанкираши табиий. Вақти келса, қайнонасининг илмоқли гапларини тушунадими?! Қош қоқиб, лаб буришдек инжиқликларига тайёрми? Бу шунчаки гаплар эмас. Оналар бу масалаларда қизларни ҳаётга тайёрлаб боришлари муҳим.
Қайноналик тахтига ўтиришнинг ҳам ўзига хос масъулияти бор. Бунинг учун қайноналар ўғлини ҳам, ёш келинини ҳам ўз оиласи мактабида ўқитиши, оила удумлари, қоидалари ҳақида чиройли хулқлари, ширин сўзлари билан тарбия бермоқликлари лозим. Ўз фарзанди - қизига нимаики яхшиликни раво кўрса, авлодининг давомчиси бўлган келинига ҳам шуни раво кўриши керак.
Қайнона билан келин ўртасидаги муносабат оила мустаҳкамлигининг энг муҳим омилидир. Хонадондаги муносабатларнинг барқарорлиги, иттифоқлик, мазали таомлар, кўнгилни кўтарадиган суҳбатлар оиладаги чиройли муҳитни, самимийликни юзага келтиради. Оиладаги илиқ муносабат нафақат келин-куёв, балки, оиланинг барча аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат ва муҳаббатни зиёда қилади.
Бугунги кунда қиз узатиш билан боғлиқ муаммолар кўп оилаларни ташвишга солаётгани ҳам бор гап. Бундан ташқари, тўй харажатларидан, сепу сидрғалардан ошиниб, яна куёвнинг уйида келинга ажратилган хоналарни безатишдек одатнинг урфга айланганлиги ҳам қиз томон учун қийинчилик туғдирмоқда. Табиийки, ана шу хоналарни буюмлар билан тўлдириш қиз томон учун осон кечмайди. Безатилган уйнинг ҳашами не-не меҳнатлар эвазига келиши, айрим ота-оналар эса қарз-қавола билан уйини тўлдираётганини кўриб, билиб турибмиз. Очиқ айтиш керакки, бу билан ўзимиз фарзандларимизни таъмагир, тайёрига айёр, дангаса қилиб қўймаяпмизми, деган ҳақли савол туғилади.
Биз катталар фарзандларимизга ҳаётларини фаровон, эртасини бекаму кўст бўлишини таъминлаш учун меҳнат қилишга, интилишга ўргатишимиз керак. Келин-куёв ўз пешона терилари билан уй қилса, уйни турли буюмлар билан тўлдирса, қилинган меҳнатнинг, харажатининг, ота-онаси меҳнатининг қадрига етади.
Аллоҳ таоло мавжудотлар ичида фақатгина инсонга тафаккур қилиш, гапириш, фикр билдириш имконини берган. Бироқ, айрим инсонлар мулоҳаза қилмасдан бир-бирларини аёвсиз сўкаётгани, қудалар, келин-куёвлар кераксиз нарсалар учун бир-бирларини қийин аҳволга солаётганлиги гуноҳ эканлигини ҳар биримиз яхши англаб олишимиз керак. Биз сўзда, гўзалликда, ибо-ҳаёда, одамгарчилик, дину диёнатда дунё аёлларига ибрат бўла олган улуғ момоларимиз, - Нодирабегим, Увайсий, Саидахоним, Зулфияхоним каби оқила ва доно аёллар авлоди эканимизни унутмайлик. Хушхулқ, муомалада, одоб-аҳлоқда тенгсиз халқнинг вакилалари бўла туриб, муомалада, хатти-ҳаракатимизда миллатимиззга хос бўлмаган бемаъни одатларга ўрганишимиз, кераксиз нарсаларни урфга айлантиришимиз иллатдан ўзга нарса эмас.
Ўзаро муносабатларда, айниқса, оила мустаҳкамлигида аёлнинг хушмуомала ва ширинсўзлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Келинининг хатосидан дили ранжиган қайнонанинг "Шу даккини юмшоқроқ айтай" ёки "Шу гапни кейинроқ айтай" қабилидаги андишаси, келиннинг эса ўз хатоси учун вақтида узр сўраши уларнинг бир-бирларига бўлган меҳрларини оширади. Ўйлаб, фикр билан қилинган тадбир, ширин сўз оиладаги меҳр-муҳаббат ришталарини узилмас қилиб боғлайди.
Қизларимиз келин бўлган уйнинг чин бекаси, хонадонида азизу мукаррам бўлсин, туғилиб ўсган уйига меҳмон бўлиб келиб, меҳмон бўлиб кетсин. Турли гап-сўзлар билан ота-онаси, яқинлари осойишталигини бузмасин. Ана шу хайрли ишга тамал тошини қўйгувчи энг аввало, оналардир. Азиз опа-сингиллар! қиз тарбиясида ҳамиша сезгир, ҳушёр бўлайлик. Келинимиз эса қизимиздай азиз, хонадонимизнинг ҳақиқий бекаси бўлиб қолсин.
Саодатхон РАСУЛОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Ёхуд жамоат жойларида қўл телефонидан ўринсиз, одоб доирасидан четга чиққан ҳолда фойдаланаётган айрим аёллар хусусида.
Зарур юмуш билан шаҳарга бориб, туманга қайтаётгандим. Йўл бироз олис бўлгани боис анча-мунча воқеаларга, суҳбатларга гувоҳ бўлардим. Кира қилаётган Дамаснинг орқа ўриндиғига биз - уч аёл, олд ўриндиғига эса сочлари сариқ рангга бўялган, ёшига ярашмаган тарзда тор шим, тор кофта кийган ўрта ёшли аёл ўтирдик. Унинг бир қўлида пистаю қуртоп солинган пакетча, иккинчи қўлида уяли телефонда ким биландир астойдил гаплашарди. Аёлнинг машинадаги йўловчиларга эътибор ҳам қилмай, телефондаги суҳбатдошига бақириб-чақириб гапириши асабимизни бузди. Машина ўрнидан қўзғалди. Бу орада ҳайдовчи унга писта пўчоқларини машина ичига ташламаслигини эслатди. Аммо у парво ҳам қилмади. Аксинча, дугонасига кечаги зиёфатнинг таъсири, қандай овқатни тановул қилгани-ю, қайси мусиқага "хиром" айлаганини, уйига қайтганида эса қайнонаси ҳам, эрию фарзандлари аллақачон уйқуга кетишганини ва унинг қачон келганини ҳеч ким пайқамаганини ғурурланиб гапирарди. Суҳбати якунига етди чоғи, бугунги зиёфатни ҳам дугонаси билан келишиб олишни унутмади. Хайрлашгач, биз ҳам енгил тин олдик: ҳайрият, қулоғимиз, асабимиз тинчиркан... Йўқ, адашган эканмиз: у энди қизлари-ю ўғилларига қўнғироқ қила бошлади. Фарзандларига дўқ-пўписа уриб, уларни тергай бошлади. Гап оҳангидан сезилдики, бирорта ҳам фарзанди онасининг гапларини эшитишни истамаяпти, гап қайтаришни "қойиллатяпти". Фиғони фалакка кўтарилган она энди яна бир дугонасига қўнғироқ қилиб, болаларини бебошликда айблаб, ёмонлай бошлади. Дугонаси уни инсофга чақирди чоғи, аёл бир зум гапиришдан тўхтади. Шу аснода биз манзилимизга етиб, машинадан тушдик. Шахсан мен елкамдан тоғ ағдарилгандай, тин олдим. Йўловчи ҳамроҳларим билан бош чайқаб, "эссиз, орият, эссиз, аёл деган ном" дея олдик, холос.
Бугун кўпчилигимиз бу каби ҳолатларга тез-тез гувоҳ бўлаётганимиз бор гап. Аслида кунни оила, рўзғор ташвишлари, фарзанд тарбияси билан эмас, кўчада, зиёфат, ўйин-кулги, маишат билан ўтказаётган аёлларнинг оз бўлса-да борлигидан уялишимиз лозим. Ўзлари тарбияга муҳтож бўлган бундай сингилларимиз, қизларимиз қандай қилиб болаларига тўғри тарбия бера олсин? Менимча, аввало, уларнинг ўзлари тарбия олишлари керак! Бу борада кексалар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, хусусан, маслаҳатчилар, отинойилар, зиёли аёллар томонидан аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш зарур.
Аёл қаерда, қай ҳолатда бўлмасин, аёллигини, ўзлигини унутмасин! Ўз ҳурматини сақлай олсин.
Дилафруз касбининг етук мутахассиси сифатида зиммасидаги барча вазифаларни бекаму кўст адо этади, қолаверса, меҳнатсеварлиги, фаолиятига илғор иш тажрибаларини жорий этиши, изланувчан ва интилувчанлиги билан юқори натижаларга эришмоқда. Бундан ташқари, у жамоат ишларида ҳам доимо фаоллик кўрсатади. Дилафруздаги ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, корхона раҳбарияти тавсияси билан жамоадаги хотин-қизлар уни ўзларига бош қилиб сайладилар. Мана бир неча йилдирки, хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси сифатида унинг янги-янги қирралари очилмоқда.
Айни кунда филиалда меҳнат қилаётган 398 нафар кишининг 80 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Жамоада белгиланган режа асосида уларнинг иш шароитларини яхшилаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, хотин-қизларни соғломлаштириш, уларнинг ҳуқуқий, тиббий билимларини бойитиш, маънавиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Корхонада тиббий пункт ташкил этилган бўлиб, малакали шифокор томонидан ишчи-хизматчилар, хотин-қизлар саломатлиги доимий назорат қилинади, зарур бўлганда уларга бепул дори-дармонлар берилади. Соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом оилаларни шакллантиришда хотин-қизлар саломатлигини асраш муҳимдир. Ана шундан келиб чиқиб, корхонада меҳнат қилаётган ходималар ва нафақага чиққан аёлларнинг даволанишлари учун Андижон давлат тиббиёт институти клиникасига зарур маблағ ўтказиб берилади.
Кейинги икки йил давомида 125 нафар ишчи-ходим, жумладан, 45 нафар аёл вилоятимиз ва республикамиздаги турли дам олиш масканлари, санаторийларда ўз саломатликларини тикладилар. Бунинг учун 80 миллион 300 минг сўм маблағ сарфланди. Биргина жорий йилда 80 нафар аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
- Жамоамизда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, шу орқали олиб борилаётган ишлар самарадорлигини кўтаришда хотин-қизлар бошланғич ташкилоти фаолияти, хусусан, Дилафруз Давронованинг алоҳида хизматлари бор, - дейди филиал директори Шавкатбек Қодиров. - Деярли барча тадбирларда у ўзининг ташкилотчилиги билан фаол қатнашади.
Филиал маънавият хонасида эса хотин-қизлар ишдан бўш пайтларида турли адабиётлар, элликдан зиёд турдаги газета ва журналлар билан танишиш, ўзларининг билим ва маънавиятини юксалтириш имконига эга. Шунингдек, аёллар ўртасида миллий ғоя тарғиботи, маънавий-марифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган давра суҳбатлари, савол-жавоб кечалари, "Бу Ватанда инсон қадри улуғ", "Ягонасан муқаддас Ватан!" мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Айниқса, "Қизларни турмушга тайёрлаш гуруҳи" тузилиб, ёш қизларга бу борада муайян тушунчалар берилаётир. Бундан ташқари, Д. Давронованинг саъй-ҳаракати билан хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган буклетлар, "Келинларга ўн насиҳат" деб номланган қўлланма тайёрланиб, ишчи-ходимлар ҳамда ҳудуддаги Муқимий маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи хотин-қизларга тарқатилганлиги эътиборга молик.
Корхона касаба уюшмаси ташкилоти режасига асосан меҳнатда илғор хотин-қизлардан бир гуруҳи Фарғона шаҳридаги "Ал-Фарғоний" зиёратгоҳида, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида саёҳатда бўлишиб, у ердаги тарихий обидалар билан яқиндан танишдилар.
Ҳар йили филиал раҳбарияти, касаба уюшма қўмитаси ҳамда хотин-қизлар бошланғич ташкилоти томонидан 8 март байрами катта тантана билан нишонланади. Уларга меҳнат фахрийларига совға-саломлар топширилади.
Филиалда меҳнат қилаётган аёлларнинг спорт билан шуғулланишлари учун ҳам зарур имкониятлар яратилган. Спортнинг бир неча тури бўйича секциялар тузилган. ташкил этилган қатор мусобақаларда ҳам хотин-қизлар фаол иштирок этмоқда. Бу эса жамоада меҳнат қилаётган аёлларнинг соғлом бўлишлари, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дилафруз Давронова нафақат, ишда фаол, балки икки нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, кўплар ҳавас қилса арзийдиган оиланинг бекаси сифатида ҳам ҳамкасблари, маҳалла-кўй ўртасида ҳурмат-эътибор топган.
Дилафруз жорий йилда корхоналар тизимида "Энг намунали хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлган эди. У кеча Тошкент шаҳрида ўтказилган мазкур танловнинг мамлакат босқичида ҳам ғолиб деб топилиб, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 1-даражали дипломи билан тақдирланди. Ана шу муваффақият билан газетамиз муштарийлари номидан муборакбод этамиз.
Сўзимизни мухтасар қилиб, орамизда Дилафруздай ишда фаол, шижоатли, юртимиз равнақи йўлида фидойилик кўрсатиб меҳнат қиладиган опа-сингилларимиз сафи янада кенгайсин. У бундан буён ҳам ўзи ишлаётган корхона ривожи, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали фаолият олиб боришига асло шубҳа йўқ.
Мамлакатимизда истиқлол йилларида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги мавқеи ва нуфузини ошириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 80 дан ортиқ қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, юртимиз хотин-қизлари кўрсатилаётган эътиборга жавобан ўзларининг самарали меҳнатлари, фидойилиги билан жамиятимиздаги жараёнларда фаол иштирок этиб келмоқда. Буни жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнида ҳам яққол кўриш мумкин.
Демократик ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бораётган юртимизда фуқароларнинг, хусусан, хотин-қизларнинг мазкур сиёсий кампаниядаги иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий маданияти муҳим ҳисобланади. Жумладан, сайловни очиқ-ошкора, демократик тамойиллар асосида ўтишини таъминлашда опа-сингилларимиз албатта, фаол қатнашадилар. Шу ўринда таъкидлаш керакки, вилоятимизда ташкил этилган 773 та участка сайлов комиссиялари аъзоларининг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади. Айни кунларда комиссия аъзолари ҳамда мутассадди ташкилотлар мутахассислари ҳамкорлигида "Ўзбекистон Республикаси Президент сайлови тўғрисида"ги қонун мазмун-моҳияти, сайловда иштирок этиш тартиблари, шунинг-дек, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Андижон давлат университети қошидаги академик лицейда ташкил этилган 47-участка сайлов комиссияси томонидан ҳам бу борада эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Комиссия аъзолари Р. Абдураҳмонова, М.Зуҳриддинова ҳамда ишчи гуруҳ фаоллари ташаббуси билан Маърифат маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи хотин-қизлар иштирокида "Хотин-қизларнинг сайловдаги иштироки" мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Мулоқот давомида иштирокчиларга юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сайловга оид миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгаришлар, фуқароларнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқи, уларнинг сайлов участкасига келиб эмин-эркин овоз беришлари учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, кексалар, ногиронларнинг сайловда иштироки, муддатидан аввал овоз бериш тартиблари хусусида кенг маълумотлар берилди.
Қизғин савол-жавоблар тарзида ўтган тадбирда сайловчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Шу кунларда сайловда биринчи бор иштирок этаётган ёшлар билан мулоқот ўтказишни режалаштирганмиз, Комиссия аъзолари томонидан ўтказилган бу каби тадбирлар аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг сайлов маданияти ва ҳуқуқий билимларини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят қўғирчоқ театрида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мукофот таъсис этилгандан буён 17 нафар андижонлик иқтидорли қиз ана шу мукофот соҳибасига айланди.
- Жорий йилда вилоятда мазкур танлов номзодларини саралаш бўйича таълим муассасалари ҳамда туман ва шаҳар босқичларида 4 минг нафардан зиёд иқтидорли қизлар қатнашдилар, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Танловнинг вилоят саралаш босқичида эса адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишлари бўйича 200 нафарга яқин иштирокчи ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этди.
Театр биносида тадбир иштирокчилари томонидан ташкил этилган ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий санъат асарлари кўргазмаси барчада катта таассурот қолдирди.
Якуний натижаларга кўра, турли йўналишлар бўйича энг яхши натижаларга эришган иқтидорли қизлар танловнинг республика саралаш босқичида қатнашишга тавсия этилди.
- Танлов билим ва истеъдодимизни синовдан ўтказди, - дейди адабиёт йўналиши иштирокчиси Балиқчи туманидаги 12-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Ирода Орифжонова. - Унда муносиб қатнашишга, улуғ шоирамиз номи билан юритиладиган мукофот соҳибаси бўлишга астойдил ҳаракат қилдим.
Бир сўз билан айтганда, танлов ёшларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари, ўзларига бўлган ишонч, шижоат ва интилишни, қолаверса, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, юрт равнақи учун фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.