+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МЕНИ ЯХШИ КЎРИНГ, ОЙИЖОН

(48- сон, 2016 й.) Хориж адабиёти дурдоналаридан

Жунайд СУАВИ, турк адиби.

Эшикдан кирар-кирмас завқ билан онасига деди:

- Ойижон, биласизми бугун уйда нима бўлди?

- Кўрмаяпсанми, телефонда гаплашаяпман!

Бу оила аъзоларига ёқадиган нарсалар бир-бирига ўхшамайди. Онаси телефонни, дадаси машинасини севади. Телефон ва машина мавзуси олдида ҳар қандай суҳбат аҳамиятини йўқотади. Худди бегона уйга меҳмонга келгандай ўзини эркин ҳис қилолмайди. Қаерга ҳам кетарди?! Ва ниҳоят, онаси телефонни ўчирди. Ошхонадан капкирнинг қозонга урилган овози эшитилди. Болакай югуриб онасининг олдига борди.

- Ойижон, сизга ёрдам берайинми?- деди эркаланиб. Онаси кескин бош чайқади:

- Йўқ. Оёқ тагида ўралашиб, ярамаслик қилма! Сен билан олишадиган ҳолим йўқ. Ишдан чарчаб келганман.

Чарчоқ деганлари нима экан-а? Уни ёлғизликка маҳкум этган, ота-онасининг меҳридан узоқлаштирган чарчоқ ўзи нима дегани экан? Баъзан қўлида ўйинчоғи билан ухлаб қолганида бувиси:

- Гўдак чарчаб қолибдия, уйқунинг меҳрибон, гул исли қўллари сени қучсин, фаришталар ифор тўла бағрида эркаласин,- дея пешонасидан оҳиста ўпиб қўярди. Ҳорғинлик, чарчоқ ширин уйқуга кетиш бўлса, нега ойиси унга бунчалик жаҳл қилади?

Ойижон, чарчаганингизда  гул ифорли ширин уйқу чорларкан сизни. Бувижоним шунақа дейдилар.

"- Қанийди гул иси бўлмаса ҳам тинч ухласайдим. Гул исиям қурсин! Чарчаб ўлдим-а!..

"Чарчадим!.." Бу сўзни жуда ёмон кўрар эди болакай.

- Ойижон, сиз чарчамаслигингиз учун...

- Овқатланаётганда гаплашамиз, болам. Банкда ишларимни битиролмадим. Даданг ишдан қайтгунича кўтариб келган ишларимни битириб олайин. Кейин ҳаммамиз биргалашиб овқатланамиз. Сен бор, ўйнаб тургин.

- Сизлар чарчайсизлар-ку...

- Хўш?

-  Мен ҳам ўйнайвериб чарчадим...

- Мен нима қилишим керак энди шунга?

- Билмасам...

Болакай нима қилиш кераклигини яхши билардию, катталар қилишлари керак бўлган ишни билмасдилар. Тўсатдан чироқ ўчди. Онаси асабийлаша бошлади:

 

- Шам ҳам йўқ эдия. - Fудрана-ғудрана аслида йўқлигини билса ҳам уйларни кезиниб шам қидира бошлади. Болакай чалқанча ётиб бувисининг эртагини ўйлади. Газ оловининг ёруғида тентак қуён масалини айтиб берганди бувиси. Болакай тентак қуённинг девордаги аксини кўз олдига келтирди. Бувисига ўхшаб икки қўлини бирлаштириб, кўрсаткич бармоғини тепага кўтарди. "Қара, тентак қуён" дея бармоқчаларини ўйнатди. Йўлдан ўтаётган машиналарнинг фараларидан таралган нурлар девордаги қуёнга ёрдам берди. Қуён бўлиб ўнгу сўлни кезди. Отлар, қушлар билан сўзлашди. Чарчаб қолди чоғи, девордаги кўринишлар жажжи қўлчалар очилиши билан йўқолди. Бироздан кейин чироқ ёнди. Аёл боласининг гапирмаётганини пайқади. Айвонга отилди бирдан. Кичкина тиззасини қорнига тираганча болакай      ухлаётганди. Она стол устидаги қоғозларга нафрат билан қаради. Юрагини аччиқ пушаймонлик ўртади. Боласини уйғотиб юборишдан чўчиб пешонасидан оҳиста ўпиб қўйди...

БОЛАНГИЗНИНГ БОЛАЛИГИНИ АСРАНГ

Уйимда меҳмонхона йўқ. Уйнинг ҳамма жойи ўзимизники. Меҳмонга деб болаларимдан яшириб қўйган ноз-неъматлар, идиш-товоқлар ҳам йўқ. Энг яхши егуликларни ўзимиз еймиз. Меҳмон келса ҳам худди ўзимиз еган ноз-неъматлардан қўямиз олдига. Кимдир  келганида уйим тўзиб ётган бўлса, "вой, хижолат бўлдим" демайман. Уйимни эмас, мени кўргани келади мени яхши кўрганлар. Шунинг учун "Уйни тўзғитманг!" дея болаларимга жаҳл қилмайман. Биргаликда уй тўзитамиз, биргаликда йиғиштарамиз. Бирор уй иши болажонимнинг "Ойижон!" деган чақириғидан муҳим бўлмайди мен учун.

Ҳеч қачон катталар сўзлашаётганда орага қўшилиб, фикрини билдирган боламни койимадим. Аксинча, боламга парво қилмаган катталарга "Болажоним сизга гапиряпти!" деб танбеҳ бердим.

Уйимда бахт ва қувончдан бошқа аҳамиятли нарса йўқ мен учун.  Шу сабабдан хурсандчилигимга раҳна соладиган кишиларнинг гап-сўзи билан қизиқмайман. Ўзимга ўхшаган инсонлар билан дўстлашаман.

Оиламнинг ҳузури, болаларимнинг қувончи қўшним, қариндош-уруғимнинг уйим ёки болаларим ҳақида нима деб ўйлашларидан аҳамиятли мен учун. Одамлар учун шодлигингизни кемтик қилманг. "Фалончи нима дейди, писмадончи нима дейди", "уй тўзғийди, устинг кир бўлади" деб болаларингизни қувончидан айирманг!

Ҳаммаси ўрнига қайтади. Уй йиғиштирилади, меҳмон кетади, болаларингизнинг уст-боши ювилади, ризқ-насиба етади. Ортга қайтаришнинг ҳеч имкони бўлмаган ягона нарса - болаларингизнинг БОЛАЛИГИдир!..

 Умида АДИЗОВА таржимаси.

БЕМЕҲР ФАРЗАНДЛАР ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛМОҚДА?

(48- сон, 2016 й.) Турмуш чорраҳаларида

Инсонийлик, оқибат, меҳр-мурувват ҳақида кўп гапирадиган бўлиб қолдик. Борган сари бу хусусиятларни одамлар орасидан топиш қийин бўлиб қолди. Бегоналарни қўя турайлик, яхшиликни ўз яқинларимиздан дариғ тутяпмиз. Яхшилик ҳақида бонг уриб гапиряпмиз. Амалларимиздан эса одам уялади.

Танишларимдан бири шундай ҳикоя қилади:

"Онам ва фарзандларим билан Зомин сиҳатгоҳида дам олдим. Ўша ерда бир онахон диққатимни тортди. Ёши улуғ аёл ҳар куни неварасини муолажа хонасига киргизиб юбориб, ўзи бир чеккада кутиб турарди. Уни бир неча марта шу ҳолатда кўрганим учун бир куни оҳиста ёнига бориб, нега ўзи ҳам муолажа олмаётганини сўрадим.

- Ўғлим икки юз эллик минг сўм пул бериб, набирамни даволатиб келинг, деб бизни бу ерга юборган, - дейди онахон ҳижолатлигини табассум билан енгишга уриниб.

Шундан сўнг нима учун онахон муолажа олмай ташқаридан ўтирганига тушунгандай бўлдим. Буни сездирмаслик учун онахонга тасалли бердим. Лекин тўзғин хаёлларим менга сира тинчлик бермасди. Ахир бу пул санаторияда даволаниш учун битта одамга ҳам етмайдику?

Кейинги суҳбатларимизда онахон етти ўғли, уч қизи, тўрт келини олий маълумотли эканини айтиб ғурурланди. Тишларим ғижирлаб, қўлларим мушт бўлиб тугилади: "Шунча олий маълумотли фарзанду келинларнинг ҳеч биридан "Юз минг сўмдан ташласак, онам санаторияда дам олиб, даволанардилар" деган фикр чиқмадимикан?" Бўғзимни нимадир куйдириб, онахондан кўзларимни олиб қочаман. Улар худди фикримни уқигандек: "Бултур катта ўғлим Тошкентга санаторияга юборганди, мазза қилиб дам олдим, даволандим. Шундан кейин оёқларим қақшамай қолди" дейдилар. Чоллари анча йил олдин ўтиб кетган эканлар. Онахонга раҳмим келади. Онам елкамга қоқиб, бошларини қимирлатиб қўйдилар. Еттита ўғил-а? Шунча ўғилнинг ичидан битта ҳам марди топилмабди-я!"

Бундай ҳолга ҳар ким ўзича муносабат билдириши мумкин. Лекин шунча олий маълумотли фарзандлар онасига эътиборсиз бўлганлигини ҳеч ким оқламаса керак. 

  * * *

Аёлларнинг гап-сўзи, кимларнидир ғийбатини қилишларига тоқатим йўқ. Бекорчи, аёлларга кўп қўшилавермайман. Бир куни қўшни аёл йўқлаб кирди. Салом-аликдан кейин хижолатли кулимсираб гап бошлади:

- Маҳаллада бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Шуни сизга   айтсам, газетада ёзиб чиқарсангиз, ўқиганларга ибрат бўлармиди, деб киргандим...

Аёлга саволчан тикиламан. Кўзларини олиб қочади. "Фалончихон ая, борлар-ку, танийсиз сиз ҳам...- жумласининг ўзиёқ юрагимни тирнайди. У айтаётган онахонни танийман. Боёқишнинг бошига яна қандай кун тушибди, деган ўйда чуқур "уҳ" тортиб аёлга термуламан. - Уч қиз, бир ўғиллари бор. Иккита қизининг оиласи бузилиб, қайтиб келган... Бир ўғиллари илмли, фан номзоди. Аммо шахсий ҳаётдан омади юришмади.  Икки марта уйланди. Шу иккинчи келин бироз ношоиста чиқди. Аввал бошида биз қўни-қўшни "Ўғлингиз биринчи оиласидан айрилмасин" дегандик. Иккинчи келин "эпчилроқ" чиқди, оилали эркак - онахоннинг ўғлининг уйига келиб ўтириб олди. Хуллас, бир оила пароканда бўлди. Катта келин ўғлини отасига ташлаб кетди. Ўғил иккинчи аёли билан хорижга ишлагани жўнаб кетди. Онахон неварасини пенсия пули билан боқиб катта қилди, ҳозир бола еттинчи синфда ўқийди. Ўғил бирор марта ўғлига алимент ҳам, онасига пул ҳам жўнатмади. Энди ўғил, хотини билан хориждан қайтиб, онаси билан опаларини уйдан ҳайдаб, уйни сотиб,    бошқа ёқдан уй оляпти.

Онахоннинг кўз ёшларига қараб юрагинг эзилади киши. Одамлар бунча тошбағир бўлиб кетяпти..." Аёл яна нималарнидир гапирди. Миям ғовлаб, қулоқларим эшитмай қолди. Нима дейишга ҳам ҳайрон эдим.

Одатда, болалари ноқобил чиққан ота-оналарга қарата "Ҳамма гап тарбия-да!", "Вақтида яхши тарбия бериш керак эди!" деган нисбат билан ҳамма гапни ота-она ва тарбияга тўнкаб қўямиз. Аммо қайси ота-она фарзандига "Ёмон бўл!", "Ношуд, нотавон бўл!", "Кўрнамак, оқпадар бўл!" деб тарбия беради? Юқоридаги каби кишилар ҳақида эшитганимда, беихтиёр хаёлимда "Бемеҳр, оқибатсиз фарзандлар қаердан пойдо бўляпти?" дея ўй кечади. Ҳартугул, бу каби кўринишлар фарзанд номига иснод келтирадиган, миллатимизга мос бўлмаган ҳолатлардир.

Мана, юқорида икки воқеани ҳукмингизга ҳавола қилдик. Аммо иккаласида ҳам оқибатсиз, бемеҳр фарзандлар олий маълумотли, оқ-қорани таниган кишилар. Ҳа, оқ-қорани таниганлар аммо инсонликни таниб улгурмаганлар.

Нима учун бугун айрим   юртдошларимиз иснод ва андишасизликни ўзларига либос қилиб олмоқда?  Нима сабабдан уларнинг қалб кўзини парда тўсмоқда? Бу саволлар бугун ҳар биримизни ташвишга солиши керак!

Бу хусусда сиз нима дейсиз, азиз газетхон?

 

Умида АДИЗОВА.

КОНЦЕПЦИЯ - УСТИВОР ВАЗИФА

(48- сон, 2016 й.) Ҳуқуқшунос минбари

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор вазифалари белгиланган концепция мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этадиган муҳим ҳужжатдир.

Концепцияда қуйидаги олти йўналиш бўйича устивор вазифалар белгиланган.

1.  Давлат ҳокимияти ва    бошқарувини демократлаштириш. Яъни, марказий ижро этувчи ҳокимиятнинг бошқарув тузилмалари ва маъмурий органларнинг вазифаларини ўзгартириш, уларнинг бошқариш, тартибга солиш ва тақсимлаш борасидаги ваколатларини, хўжалик тузилмалари фаолиятига бевосита аралашувини кескин қисқартириш, уларнинг ваколатларини бозор тамойилларига мувофиқлаштириш ва давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги ролини камайтириш, шунингдек, ўзини ўзи    бошқаришнинг ноёб шакли - маҳалла тизимини шакллантириш масалаларига эътибор қаратилган.

 II. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш. Мамлакатимизни демократик янгилашнинг  муҳим йўналишларидан бири - қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш, шунингдек, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш масалалари борасида муҳим вазифалар белгиланган.

III. Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш. Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти бўлган фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини янада либераллаштириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар берилган.

 IV. Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш. Бу борада миллий сайлов қонунчилигига тегишли ўзгариш ва қўшимчалар киритиш, мамлакатимизда сайлов эркинлиги ҳуқуқи принципининг тўлиқ жорий этилиши ва сайлов тизимининг янада демократлашувини таъминлаш масалаларига эътибор берилган.

 V. Фуқаролик жамияти     институтларини шакллантириш ва ривожлантириш. Мазкур йўналишда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлашда уларнинг ролини кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг муносабатлари ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш масалаларидаги муҳим вазифалар белгиланган.

 VI. Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш. Ушбу йўналишда

мустаҳкамлаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, кичик ва хусусий бизнес субъектларининг самарали фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, Ўзбекистонни ислоҳ этиш ва модернизация қилишга қаратилган Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида мамлакатимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтармоқда, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Шаҳодат  ҚОДИРОВА,

 Андижон шаҳридаги 12-сон давлат нотариал идораси нотариуси.

МУРОСА ВА МЕҲР

(48- сон, 2016 й.) Ҳаёт - ибрат мактаби

Келин яна ота уйига кетиб қолди. Айби - ишдан кеч келгани, овқати хуфтондан кейин тайёр бўлгани. Қайнона бу ҳам бировнинг боласи, ҳам ишласа, ҳам рўзғорни эпласа, сабр қилай-чи, ҳаммаси изга тушиб кетар, демади. Овқатни заҳарга тенглаштиргани етмаганидек, тонг саҳардан яна ёзғиришни бошлади. Унинг: "Эҳ, аттанг, келин танлаётганда кўзим қаёқда эди-я, келиб-келиб бир иши унмасни болагинамга раво кўраманми-я!" дегани келиннинг сабр косасига сўнгги томчини қўшди гўё. Шу уйдан кетсам, таъна-маломатларингиздан қутуламанми, деди-да, тугун-бўғчасини кўтариб жўнаб қолди…

Бу ерда айб қайнонадан ўтган, аммо унга сиз ўзингиз ёмонсиз, деб бўладими, деди маҳалла маслаҳатчиси ўзига ўзи. Аммо вақтни ҳам ўтказиб бўлмайди, иссиғида ҳал қилинмаса, яна "айтди-деди"лар кўпаяди.

Маслаҳатчи тўппа-тўғри маҳалла кайвонисининг хонадонига борди. Вазиятни тушунтирди. Аядан кўмак сўради. У шу куннинг ўзида ўша қайнонаникига борди. Ташрифдан мақсадини ошкор этмади, сиз билан бир гурунглашгим келди, деди-қўйди. Гап орасида ўзининг икки келинини бир-биридан ошириб-тошириб мақтади.  

- Сизга яхши келинлар учраган, мени эса пешонамда шўрим бор, - арз-додини бошлади қайнона.

- Сизнинг ўқиган, илмли келинингиз йўл қўйган камчиликларни менинг келинларим қилмаган дейсизми, - уни ортиқча гапиришига йўл бермади ая. - Қилган, аммо мен уни кўрмаган-билмаганга оламан. Келин билан муроса йўлини тутсак, аввало, ўғилларимиз учун яхшилик қилган бўламиз. Муросанинг оти асли меҳр, у бир куни ўзимизга яхшилик бўлиб қайтади. Биз катталар кечиримли бўлишимиз керак.

Унинг сўзларидан ўйга чўмиб қолган қайнона истиҳола билан деди:

- Сиздан илтимос, айланай эгачи, келинимни обкелиб беринг!

Барно ҲАЙДАРОВА.

САНЪАТГА ОШУФТА КЎНГИЛ

(48- сон, 2016 й.) Иқтидорли ёшларимиз

 (Бадиа)

Жаҳонларга зиё сочар қўшиқлар,

Фалакларга садо сочар қўшиқлар.

Раққосанинг хиромида минг маъно,

Ҳаётга ҳам маъно сочар қўшиқлар...

Ҳа, санъат, қўшиқ, мусиқа минглаб, балки миллионлаб кўнгилларни ром этиб, сеҳрлаб келади. Истеъдод ва иқтидор ҳеч қачон ёш танламайди. Саҳнада мусиқа оҳангларига мос равишда чарх ураётган жажжи қизалоқнинг нафис хатти-ҳаракатлари беихтиёр томошабинга ҳам юқади. Қалбига катта орзуларни жойлагани масъумгина бу қизалоқ Андижон шаҳаридаги 37- умумтаълим мактабнинг 9-синф ўқувчиси Муниса Fуломовадир. Онаси шифокор, отаси Асакадаги "JM-Uzbekistan" қўшма корхонаси менеджери бўлган Муниса ёшлигидан санъатга қизиқди. Шу боис у шаҳардаги 3-сон болалар ва ўсмирлар мусиқа ва санъат мактабининг рақс тўгарагига қатнай бошлади. Унга рақс санъатининг сир-асрорини ўзлаштириб олиш унчалик қийин бўлмади. Муножотхон Исақова, Муқаддасхон Хўжамбердиева ва Азизахон Абдуллаева сингари мураббийлари унга рақс турлари, санъат сеҳри ва бошқалар ҳақида дарс бердилар.

Муниса ўзининг ўткир зеҳни туфайли олган сабоқларини тезда ўрганиб олди. Олган кўникмаларини кўп такрорлади, ўз устида мунтазам ишлади. "Тановар", "Испанча", "Доира" ва бошқа миллий, замонавий ва хорижий рақслар Муниса учун тезгина ёд бўлиб қолди. Ёш иқтидор соҳибаси турли тадбир ва танловларда ҳам фаол иштирок эта бошлади. У "Камалак юлдузлари" фестивалининг вилоят ва республика босқичларида ғолиб чиқиб, устозлари ишончини оқлади.

- Балли, қизим, - деганди ўшанда мураббийси Азизахон опа. - Сени ёрқин ва омадли келажак кутиб турибди!

Мунисанинг бу ютуғи бутун оила аъзоларига ҳам чексиз қувонч олиб келди, шу билан бирга, унда ўзига нисбатан ишонч   туйғуси янада ортди. Истиқлол ёшларга, айниқса, санъат соҳасида кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Ана шундай имконият Мунисанинг олдида ҳам пайдо бўлди - у ўтган йили Латвия пойтахти Рига шаҳрида бўлиб ўтган халқаро санъат фестивалида қатнашди. Дунёнинг етмиш давлатдан келган ёш иқтидорлар қатнашган ушбу    фестивалда Муниса миллий рақсларимизни маромига етказиб ижро этди, ўзининг юксак истеъдод соҳибаси эканлигини номоён эта олди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати қарори билан унга фахрли 1-ўрин берилди.

Муниса фақат рақс билан чекланиб қолмаган, рус ва инглиз тилларини ҳам ўрганмоқда.

-Келажакда орзуларим кўп, - дейди Муниса Fуломова. - Мусиқа, санъат менинг  доимий ҳамроҳим. Телевизорда рақс берилса, қувониб кетаман. Ўзбек ва жаҳон мусиқасини берилиб тинглайман, дарсларни пухта ўзлаштиришга ҳаракат қиламан. Шу билан бирга, онам касби - шифокорликка ҳам қизиқаман. 

Мунисанинг орзулари ўзи эътироф этганидек бир олам. Ҳозирда у эзгу мақсадларига етишиш йўлида изланиб, билим олмоқда.

Юртимизда ёш авлод камолотига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасини Муниса каби кўплаб ёшлар мисолида яққол кўриш мумкин. Ана шундай юксак салоҳиятли, истеъдодли ёшлар юртимиз шуҳратини янада юксакларга кўтаришига асло шубҳа йўқ.

Муниса Fуломова ҳам келажакда ўзи танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб, юртимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилади. Тилагимиз, Мунисани порлоқ орзулар ҳеч қачон тарк этмасин. У ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлайверсин.

Икромжон АСЛИЙ.

ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР -КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

(48- сон, 2016 й.) Жамият ва ёшлар

Мамлакатимиз ёшлари томонидан эришилаётган улкан ютуқлар замирида истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган алоҳида эътибор ётади.

Барчамизга яхши маълумки, юртимизда ёшлар, баркамол авлод камолоти учун кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг пухта билим олишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун яратиб берилаётган имкониятлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, мустақил тараққиёт йилларида юртимизда ёшларга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 20 дан ортиқ қонунлар, 30 дан ортиқ Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 100 га яқин қарорлари қабул қилинди.

Айниқса, 2016 йил 12 август-да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 2016 йил 24 августда Сенат томонидан маъқулланган  "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Қонун қабул қилингунга қадар унинг лойиҳаси халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниб, қатор таклифлар асосида маромига етказилганлиги боис ҳам ёшларни ҳар томонлама, айниқса, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилаган муҳим масалалар ўз ифодасини топган.

"Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги янги қонун ўз мазмун-моҳиятига кўра, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини тартибга солувчи ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришни назарда тутади. Қонуннинг амалга самарали татбиқ этилиши ижтимоий ҳимоянинг махсус чора-тадбирларига муҳтож бўлган ёшларга доир муносабатларни қўшимча иш жойлари ва ихтисослаштирилган корхоналарни ташкил этиш, ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака оширишнинг махсус дастурларини ташкил этиш, ташкилотлар томонидан уларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини банд қилиб қўйишда ёрдам бериш йўли билан тартибга солишга имкон беради.

Мазкур ҳуқуқий асос замонавий қонун ижодкорлиги тажрибасидан келиб чиқиб, юридик, техник талабларни ҳисобга олган ҳолда яратилган. Хусусан, "ёшларга оид давлат сиёсати", "ёшлар (ёш фуқаролар)", "ёш оила", "ёш мутахассис", "ёшлар тадбиркорлиги" каби тушунчаларининг мазмуни очиб берилган. Жумладан, ёшлар (ёш фуқаролар) деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилмоқда. Ёш оила деганда эса, 30 ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёхуд фарзанд (бола) парваришлаётган ота ёки онадан иборат бўлган оила тушунилади.

Янги қонун орқали ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақоми, шунингдек улар фаолиятининг давлат кафолатлари белгиланган.

Ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлашнинг ҳуқуқий механизмлари янада кучайтирилди. Хусусан, қонунда ёшлар учун қўшимча кафолатлар: бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, таълим муассасаларида ўқишга имтиёзли кредитлар тақдим этиш, таълим муассасаларини битирганидан кейин ёшларнинг бандлигини таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотлари тизимини ривожлантириш ва бошқа шу каби муҳим масалалар алоҳида моддаларда кўрсатилди.

Шунингдек, мазкур қонун орқали мукофотлар,    стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар, мактаблар ташкил этишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш орқали истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам тартибга солинади.

Мухтасар айтганда,   Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонуни мамлакатимизда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлари янада кучаётганлигининг ёрқин намунасидир. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат келажакда юртимиз ёшларининг янги-янги марраларни забт этишига, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун мустаҳкам замин яратади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримов таъкидлаганидек: "...мамлакатимизнинг келажаги, ўзбек миллатининг, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай жой олиши бугун ёшларга бераётган тарбиямиз, кўрсатаётган ғамхўрлигимизга боғлиқ". Демак, бугун ёшларга кўрсатилаётган эътибор, эртага албатта, улкан самараларни олиб келади.

Дилдора ҚОДИРОВА,

 

 Андижон шаҳридаги 3-сон давлат нотариал идораси нотариуси.

БИОГАЗ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ - ИҚТИСОДИЁТИМИЗГА КАТТА ФОЙДА КЕЛТИРАДИ

(48- сон, 2016 й.) Мутахассис минбари

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш масаласига қаратилаётган алоҳида эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлар натижасида мазкур соҳа изчил ривожланиб бормоқда.

Албатта, бунинг замирида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган дастур, фармон, қарор ва лойиҳалар турганлиги, ана шу ҳужжатларнинг соҳа ривожини таъминлашда ўрни ва роли ниҳоятда катта эканлиги барчамизга аён.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархини камайтириш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу эса тадбиркорлардан ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш жараёнида иш унумдорлигини ошириш, замонавий  технологиялар, тежамкор энергия манбааларидан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 ноябрдаги "Республиканинг чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари қуришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 343-сонли қарори айнан ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Мазкур қарорда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини камайтириш, табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қисқартириш учун чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмаси ўрнатилиши юзасидан қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, юқорида қайд этилган қарор ва шу асосда Андижон вилояти ҳокими томонидан қабул қилинган қарорда:

- вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси билан келишган ҳолда чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари қуришнинг ҳудудий манзилли дастурларини ишлаб чиқиш;

- биогаз қурилмалари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритилишини ташкилотлар ва потенциал тадбиркорларга етказиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилиши;

- тегишли лойиҳаларнинг ҳужжатларини кейинчалик Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритиш учун ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тақдим этишда биогаз қурилмалари ишлаб чиқаришга ихтисослашадиган ташкилотларга кўмаклашиш сингари қатор вазифалар белгиланган. 

Айни кунда вилоятимизда 456 та чорвачилик, 96 та паррандачилик хўжаликлари фаолият кўрсатаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ана шу хўжаликларнинг ҳар бирида биогаз ишлаб чиқариш қурилмаси ишга туширилса, иқтисодиётимиз салмоқли миқдорда биогаз манбасидан фойдаланиши мумкин бўлади. Натижада маълум миқдорда табиий газ ва электр энергиясини тежаш имконияти яратилади, шу билан бирга, ана шу хўжаликларда энергия харажатини қисқартиради ҳамда уларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Шу кунларда Жалақудуқ туманидаги "Йўлдош ота" чорвачилик фермер хўжалигида биогаз қурилмасини ўрнатиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Хўжаликда чиқиндилардан олинадиган газдан фойдаланиб, электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳосил қилинган электр энергиясидан қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сутни қайта ишлаш цехи эҳтиёжи учун қисман фойдаланиш кўзда тутилган.

Қўшимча энергия ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар иқтисодиётимизга катта фойда келтиради.

 Фарҳодбек САТИМБОЕВ,

 

"Ўздавэнергоназорат" давлат инспекцияси Андижон ҳудудий бўлими инспектори.

ЭЛ СОFЛИГИ - ЮРТ БОЙЛИГИ

(48- сон, 2016 й.)

Соғлик - туман бойлик, деб бежиз айтишмайди. Кишининг саломатлиги уни ишда илғорликка, жамиятда фаолликка ундайди. Шу боис ҳам юртимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш ишлари намунали ташкил этилмоқда.

Айни кунда Аҳмаджон Исроилов раҳбарлик қилаётган туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 25 та қишлоқ врачлик пункти, марказий шифохона, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими, кўп тармоқли марказий поликлиникада фаолият юритаётган шифокорлар томонидан аёллар, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида   соғлом турмуш тарзини шакллантириш уларнинг тиббий маданиятини юксалтириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган 1372 нафар тиббиёт ходимининг 1100 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

 Шифокорлар томонидан аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ишлари тизимли равишда  олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида  ўсмир қизлар,  туғиш ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, улар аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштиришга жалб этилди.

Тиббий-даволаш муассасалари моддий-техника базасини  мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда Уйшин, Эркин қишлоқ врачлик пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилди, бирлашмамиз тасарруфидаги муассасалар, қишлоқ врачлик пунктлари "Саломатлик -2" ва "Саломлик -3" лойиҳалари доиасида янги жиҳозлар ва тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланди. Бу аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини янада ошириш имконини берди.

Шифокорларимиз, ўрта тиббиёт ходимларимизнинг ҳар бири ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган, касбининг малакали мутахассислари эканликларини фаолиятлари давомида намоён этиб келмоқда. Айни кунга қадар ходимларимизнинг 4 нафари "Соғлиқни сақлаш аълочиси" унвони, 2 нафари "Соғлом авлод" кўкрак нишони соҳибидир. Жорий йилда эса 12 нафар ходимимиз эл саломатлиги, юрт ободлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари учун "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Эл соғлиги - юрт бойлиги. Ана шу бойликни асраб-авайлаш учун, энг аввало, биз масъул эканлигимизни яхши биламиз ва бирлашмамизнинг фидойи шифокорлари туманимиз аҳолиси саломатлигини сақлаш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, самарали меҳнат қиладилар.

Зулхумор Ҳайдарова,

туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари.

ПУХТА БИЛИМ - ЮТУҚЛАР КАЛИТИ

(48- сон, 2016 й.)

Бугунги кунда Олтинкўл тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфида 51 та умумий ўрта таълим мактаби, 3 та давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати,  22 та мактабгача таълим муассасаси,  болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 17- сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда "Баркамол авлод" марказида меҳнат қилаётган 2031 нафар педагог-ходимлар 26 минг нафарга яқин ўқувчига  таълим-тарбия бермоқда.

Маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда халқ таълими тизимини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, туманимизда ҳам бу борада ибратли ишлар бажарилди. Биргина жорий йилнинг ўзида 30-умумий ўрта таълим мактаби инвестиция дастури асосида янгитдан барпо этилди. 19-, 26-умумий ўрта таълим мактабларида эса спорт заллар қурилди, 3-, 20- мактабгача таълим муассасалари капитал таъмирланди. Бу ишлар ўқувчи ёшларни баркамол, етук ва    соғлом вояга етказиш, уларга пухта билим бериш ишларини  тубдан яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Жорий ўқув йилида туманимиз педагогларининг фаолияти самарали бўлмоқда. Айниқса, илғор, фаол ва тажрибали ўқитувчиларимиз ўтказилаётган турли кўрик-танловларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" кўрик-танловининг  вилоят  босқичида  9-умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Нилуфар Норматова фахрли 1- ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида муваффақиятли иштирок этди. "Инглиз тили билимдонлари" кўрик-танловининг вилоят босқичида 1-умумтаълим мактаби жамоаси фахрли 3-ўринга сазовор бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил  10 декабрдаги "Чет тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида  чет тиллари фани ўқитувчилари орасида илғор тажрибага эга бўлган, таълим жараёнида муайян ютуқларга эришган педагоглар иш фаолиятини оммалаштириш ҳамда бошланғич синф ўқитувчиларининг хорижий тил борасидаги билимларини ошириш бўйича ҳудудларда семинар-йиғилишлари ўтказилиб, илғор  чет тили  ўқитувчилари томонидан  785 та кўргазмали дарс ишланмалари яратилди.

Ўқувчиларни миллий ғоя, умуминсоний ва миллий  қадриятлар  руҳида тарбиялаш, билим ва тасаввурларини бойитишда кўрик-танлов ва интеллектуал  ўйинлар алоҳида ўрин  тутади. Бугунги кунга келиб, билимдон ва фаол ўқувчиларимиз сафи ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Шоҳжаҳон Fуломов инглиз тили фанидан 1-ўринни қўлга киритган бўлса, "Билимлар беллашуви"нинг вилоят босқичида 1- умумтаълим мактаби ўқувчиси Одина Тожибоева, 28- давлат ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Ҳадятилло Собирхўжаев, 20-ДИМИ ўқувчиси Мадина Нурмирзаевалар ҳам фахрли 1-ўринни эгалладилар. Мадина Нурмирзаева беллашувнинг республика босқичида она тили ва адабиёти фанидан фахрли 3- ўринга сазовор бўлди. "Қувноқ стартлар" спорт мусобақасининг туман босқичида 38-умумтаълим мактаби ўқувчилари 1-ўринни вилоят босқичида эса 3-ўринни эгалладилар.

Ўтган ўқув йилида тумандаги 17- сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг 2 нафар ўқувчиси Мирза Тойиров хотирасига бағишланган кўрик-танловнинг вилоят босқичида  2-ўринни қўлга киритган бўлса, Муҳаммадюсуф Муталибов Россия давлатида ўтказилган халқаро санъат фестивалининг фортепиано йўналиши бўйича 1-ўринни, Муслимахон Мирзаева анъанавий хонандалик йўналиши бўйича 2-ўринни эгаллади. Ушбу мактабда таҳсил олаётган Хадича Комилова ҳам жорий йилда Италия, Испания давлатларида ўтказилган халқаро мусиқа фестивалида фортопиано йўналиши бўйича иштирок этиб,  3-ўрин соҳиби бўлди.

Юртимиздаги ҳар бир бола билим олишга ҳақли. Шу маънода педагогларимиз уйларда тарбияланаётган 42 нафар жисмоний нуқсони бўлган болага ҳам билим бермоқда, уларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ўзлари қизиққан соҳалар бўйича ижодий тўгаракларга жалб этмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, туман халқ таълими тизими ходимлари ёш авлодни билимдон, маънавий жиҳатдан етук ва баркамол вояга етказиш борасидаги ишларни бугунги кун талаби даражасида олиб бормоқда. Бизнинг бош мақсадимиз, эртамиз эгалари бўлган юртга муносиб фарзандлар тарбиялашдир.

 Мавлудахон КАРИМОВА,

 

Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими хотин-қизлар қўмитаси   бошланғич ташкилоти раиси.

АЁЛЛАР ЮКСАК ЭЪТИБОРГА МУНОСИБ

(48- сон, 2016 й.)

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби истиқлол йилларида туманимизда ҳам хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Жорий "Соғлом она ва бола йили"да туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилишга қаратилган ишлар янада юқори босқичга кўтарилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври давомида кексалар, ногиронлар, фертиль ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар белгиланган режа асосида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Турли касалликлар аниқланган аёллар ва болалар даволанишга жалб этилди. Бу борадаги ишлар Айшахоним, Намуна, Офтобачек маҳаллаларида намунали ташкил этилди.

Туманда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда туманимиз хотин-қизлар учун 2184 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, айни кунга қадар 1945 та янги иш ўрни яратилди. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил ва тизимли олиб борилмоқда. Бу йил тумандаги 7 коллежни тамомлаган 1222 нафардан зиёд қизлар бандлигини таъминлаш бўйича зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан уларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган Азизахон Қосимова, "Элга хизмат" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муяссархон Мирзаева, "Олтин водий гулшани" фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаеваларнинг ибратли ишларини алоҳида эътироф этиш лозим.

Бундан ташқари, таълим муассасаларида "Ораста қизлар", маҳаллаларда "Ораста қизлар давраси", мактабгача таълим муассасаларида "Зумрадойлар давраси" тўгараклари самарали фаолият олиб бормоқда. Айниқса, Олтинкўл иқтисодиёт коллежи, Ойсулув Ҳамрақулова раҳбарлик қилаётган 1- мактабгача таълим муассасасида олиб борилаётган ишлар эътиборга молик.

Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, прокуратураси, ички ишлар бўлими, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, "Камолот" ЁИҲ туман кенгаши, ФХДЁ бўлими, "Олтинкўл" газетаси  ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигида аҳоли, айниқса, вояга етмаган ёшлар ҳамда хотин-қизлар ўртасида турли жиноятлар содир этилиши, диний экстремистик оқимлар ғоялари таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, умуман, маънавий-маърифий, тарбиявий ишар самарадорлигини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари тизимли ва режа асосида олиб борилмоқда. Хусусан,  маҳаллалар, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида ўтказилган давра суҳбатлари, мулоқот ва учрашувлар ижобий натижалар бермоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган доимий комиссия ва секторларда белгиланган йўналишларда ишлар олиб борилмоқда. Уй бекалари , уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни спортнинг оммавий турларига жалб қилиш мақсадида қўмита томонидан турли тадбирлар, спорт мусобақалари мунтазам ўтказилмоқда. Бунда, айниқса, Одинахон Ибрагимова, Одинахон Омонова, Ҳафизахон Ҳамдамова каби фаол маслаҳатчиларнинг хизматлари катта бўлмоқда.

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишларига зарур шарт-шароитлар яратиб бериш борасида ҳам ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Саидабону Абдусаломова, шунингдек, фан, таълим, санъат соҳасида вилоят, республика миқёсида қатор ютуқларга эришиб келаётган Ойимсара Йўлдошева, Зулайҳо Каримова, Гулсора Маъмирова сингари ёш иқтидор соҳибалари туманимизнинг барча ёшларига ибрат бўлмоқда.

Туманда юқоридаги каби ибратли ишларни амалга оширишда қўмитамизга яқиндан ёрдам бериб келаётган Раҳбарой Дарвишева, Замирахон Йўлдошева, Сабохон Ҳайдарова, Гулсорахон Болтабоева сингари фаол аёлларимиз ҳамда туман бош отинойиси Холидахон Араббоеванинг хизматлари алоҳида эътирофга муносиб.

 Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг шундай сўзлари бор: "Аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, мамлакат барқарордир". Демак, биз опа-сингилларимизнинг фаровон турмуш кечиришлари, уларни бахтли, жамият ишларида фаол бўлишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Бу йўлда туман хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлигида унинг бошланғич ташкилотлари раҳбарлари ҳамда барча фаоллари зиммаларидаги вазифаларни талаб даражасида бажариш учун астойдил меҳнат қиладилар.

Муқаддасхон СУЛТОНОВА, Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.