Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Булоқбоши туманидаги 1- умумтаълим мактабида "Она тилим - жону дилим" мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Мактаб маъмурияти ва ахборот-ресурс маркази томонидан ташкил этилган ушбу байрам шодиёнаси ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 27 йиллигига бағишланди. Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур давомида тил ҳақидаги шеърлар уйғунлигидаги баҳру байт беллашуви ўтказилди.
Якунда тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчиларга эсдалик совғалар топширилди.
21 октябрь - "Давлат тили тўFрисида"ги қонун қабул қилинган кун
Истиқлол йилларида аждодларимизнинг бой тафаккури ва дунёқараши маҳсули бўлган тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, унинг бойлиги ва имкониятларини кенг намойиш этиш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Собиқ тузум давридаёқ мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши катта тарихий воқеа бўлган эди. "Давлат тили тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши тилимизнинг мавқеини янада оширишга, унинг бойиши ва такомиллашувига хизмат қилмоқда.
Она тилимиз бойиб бормоқда
Эътироф этиш жоизки, дунёда уч мингдан зиёд тил мавжуд бўлиб, шундан атиги 200 дан ортиғи давлат тили мақомини олган. Улар қаторида ўзбек тилининг борлиги ҳар биримизни ғурурлантиради. "Давлат тили тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Бунга қадар ўзбек тили шунчаки маҳаллий тил даражасида тор доирада қўлланилган. Қонун қабул қилингач, унинг ҳаётда тутган ўрни кучайди. Албатта, илм-фан тараққиёти, жамият ривожи тилда ҳам ўз аксини топади. Иш ҳужжатларини юритиш, таълим-тарбия жараёни ўзбек тилида олиб борила бошланди. Кўча номлари, хиёбон ва географик объектларнинг номлари ўзбекчалаштирилди. Айниқса, тилимизнинг луғат таркиби йилдан-йилга янги сўз ва атамалар билан бойиб бораётганлиги эътиборга молик.
Тил - улуғ неъмат, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар эса инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.
Давлат тилини менсимаганлар жаримага тортилади
Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексида давлат тилини менсимаганлик учун жарима чоралари белгиланган. Шундай бўлса-да, жамоат жойларда услубий, орфографик хатоларга эътибор бермасдан турли эълон ҳамда рекламалар матнларини ўрнатиш ҳолатлари кўзга ташланаётганлиги бу борада кўп ишлар қилишимиз зарурлигини кўрсатади.
Тилга эътиборсизлик, ёт унсурлар ва хато сўзлар
Сўзлашув нутқимиздаги баъзи бир ёт унсурлар, жаргон ва шевага хос сўзларнинг қоришиқ ҳолда қўлланилиши бугун ҳеч биримизни ажаблантирмай қўйди. Аммо эътиборсизлик сабаб бу хатолар ёзувларимизда ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, сўзлашув нутқимизда ёт ва тушунарсиз жумлаларни ишлатиш, адабий тил меъёрларини бузиш орқали атрофдагиларга билиб-билмасдан маънавий зарар етказишга "ҳисса қўшаётган"лигимизни кўпчилигимиз ҳатто англаб ҳам етмаяпмиз. Энг ёмони, тилимизга эътиборсизлик нафақат болалар, балки катталар руҳиятини ҳам зарарламоқда. "Оммавий маданият"га кўр-кўрона эргашиш туфайли она тилимизга хос бўлмаган айрим сўз ва жумлаларнинг тобора оммалашиб бораётганлиги барчамизни ташвишга солиши керак. Ана шу жараёнда ёш авлодни тилимиз софлиги ва миллийлигини сақлашга ўргатишимиз, уларини тўғри йўлга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Ҳар икки ҳафтада бир тил йўқолиб бормоқда
ЮНЕСКО тарафидан Халқаро она тили кунида эълон қилинган ҳисоботларда дунёда мавжуд тилнинг қарийб ярми йўқолиб кетиш арафасида турганлиги қайд этилади.
Айни пайтда унутилаётган тилларда дунё аҳлининг 4-5 фоизи гаплашади. Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эгадир.
Ҳар 14 кунда дунёда бир тил ўлади. Яъни, ҳар икки ҳафтада сайёрамизда мавжуд тиллар биттага камаймоқда. Агар вазият шу зайлда давом этса, келаси ўн йил ичида дунёда мавжуд тилнинг ярми унутилиб кетиши мумкин, - дейди ЮНЕСКО мутахассиси Жюдит Ноер.
"Гапирувчи луғат", дунёдаги энг бой ва қашшоқ тил
Айни пайтда ЮНЕСКО дунёнинг турли нуқталарида йўқолиб бораётган тиллар учун "гапирувчи луғат"ларни яратиш, шу тилларда таълимни рағбатлантириш йўлида иш олиб бормоқда.
Бугунги кунда дунё тилларидан фақат 40 таси оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланган ҳисобланади. Улар орасида ўзбек тили ҳам бор. Ўзбек тилида бир ярим миллион атрофида сўз борлиги айтилади.
Дунёдаги луғат жиҳатдан энг бой тиллар араб ва инглиз тиллари бўлиб, инглиз тили ҳисобида 2 миллион 500 мингдан ошиқ сўз бўлса, араб тилида уч ярим миллиондан ортиқ сўз бор. Дунёдаги энг қашшоқ тил Гвинеядаги Таки қабиласининг тилидир. Унда бор йўғи 340 сўз бор.
Сўнгги сўз
Донишманд ота-боболаримиз азалдан нутқ маданиятига катта эътибор беришган. Улар қолдирган асарларни ўқир эканмиз, ҳар бир сўз ўз ўрнида қўлланганига гувоҳ бўламиз. Сўз ҳиссини доимо билиб яшашимиз керак. Шундай экан, она тилимизни асраб-авайлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.
Бугунги давр ўқитувчидан ўз устида тинимсиз ишлашни, ўқиб ўрганишни талаб этмоқда. Шу боис, ўқитувчиларимиз дарс жараёнида замонавий педагогик технологиялардан, ўқитишнинг ноанъанавий, илғор ва самрали усуллаидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу ўқувчиларни фанларга бўлган қизиқишини ошириш билан бирга, пухта билим олишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ, ўқувчиларимиз фанларни ўзлаштиришда, билимлар беллашувининг туман, вилоят босқичларида юқори натижаларга эришмоқдалар.
Умуман, мактабимиздаги ҳамжиҳатлик, таълим-тарбия, маънавий-маърифий ишлари сифатини кўтаришга, ўқитувчиларнинг масъулияти, касбий билимларини ошириш ва самарали иш юритишлари, фаолиятларига илғор усулларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ютуқларимизнинг муҳим омили бўлмоқда.
АЁЛ ТАДБИРКОР БЎЛСА, ОИЛАСИГА ҲАМ, ЖАМИЯТГА ҲАМ НАФИ ТЕГАДИ,
(43- сон, 2016 й.)
- дейди тадбиркор Муҳаббатхон Ортиқова.
Асли касбим ўқитувчи бўлса-да, тадбиркорлик билан шуғулланишни ният қилардим. Чин кўнгилдан қилинган эзгу ният эртами кечми, албатта, ижобат бўлар экан. Мактабда ишлаб юрган пайтларимда аёллар ўртасидаги ўзаро суҳбатларда туманимизда гилам, полос сотадиган бирорта ҳам дўкон йўқлиги гапириларди. Одамлар гиламни Андижон шаҳаридан ёки Қорасув бозоридан қийналиб олиб келишарди. Таваккал қилиб, ана шу йўналишда тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Сармоям у қадар кўп бўлмаганлиги учун дастлаб оз-оздан гилам, полос олиб келиб сотдим. Узоқлари яқин бўлаётганлигидан одамлар хурсанд, оиламга қўшимча даромад қўшилаётганидан мен ҳам мамнун эдим.
Тан олиб айтиш керакки, мустақиллик йилларида тадбиркорларга жуда кенг имкониятлар яратиб берилди, мен ҳам ана шу имкониятлардан унумли фойдаландим. Оила аъзоларим билан маслаҳатлашиб, 2008 йилда банкдан кредит олдик, икки қаватли замонавий дўкон қурдик. Умр йўлдошим ёрдамлашди, фарзандларим қанотимга киришди. Ҳозир дўконнинг 1- қаватида гиламлар билан савдо қиламиз, 2-қаватда эса ўқув маркази ташкил этиш учун ҳаракат қиляпмиз. Мақсадимиз, одамларга наф келтириш, янги иш ўринлари яратиш.
Бир қарашда ҳаммаси осонгина юзага келганга ўхшайди. Аслида унинг замирида катта меҳнат, ҳаракат ва интилиш бор. Фарзандларимга болалигидан уқдираман: меҳнатдан, қийинчиликдан қўрқмаслик керак.
Оилада болаларимни одоб-аҳлоқли, тарбияли, ўқмишли бўлиб ўсишларига алоҳида эътибор бердик. Бугун фарзандларим камолидан хурсандман. Ўғлим Fайратбек ички ишлар тизимида хизмат қилади. Fофуржон ўғлим ҳам масъул ишда. Қизим Олтиной коллеж ўқувчиси. У савдо ишига қизиқади, унга савдода ширин, самимий муомала зарурлигини уқдираман.
Оилада покизаликни, гулларни, табиатни, гўзалликни яхши кўраман. Икки келинимга уй тутишдан тортиб, меҳмон кутишгача - ҳаммасини ўргатганман. Ҳар бир ишни турмуш ўртоғим Fанижон Абдуллаев билан бамаслаҳат, ҳамжиҳатликда олиб бораман. Тадбиркорлик фаолиятимиз ортидан чиройли турмуш шароитларини яратиб олдик. Фарзандларим, уч нафар набирам камолидан куч оламан. Истардимки, юртимиздаги ҳар бир аёл тадбиркор, уқувли бўлсин. Ана шундагина ҳеч нарсага муҳтожлик сезмасдан чиройли турмуш кечира олади, оиласига ҳам, жамиятга ҳам фойда келтиради.
Мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада қабул қилинган Давлат дастурлари, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш бўйича бирлашмамз томонидан муайян ишлар олиб орилмоқда.
Халқимизда "Чақалоқдан жаннатнинг ҳиди келади" деган ҳикматли гап бор. Ҳақиқатан ҳам дунёга келган ҳар бир чақалоқ ўзи билан бир олам қувонч, бахтиёрлик олиб келади. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ой давомида 2414 нафар чақалоқ дунёга келди. Шифокорларимиз уларнинг соғлом ва баркамол ўсиши учун зарур барча ишларни амалга оширмоқда.
Биз ана шу кичкинтойлар хали туғилмай туриб, уларнинг бенуқсон, соғлом дунёга келишлари, оналарининг соғлом бўлиши, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилавий муҳитни яхшилаш, ҳомиладор аёлнинг озиқ-овқатидан тортиб, яхши кайфиятда бўлишигача назорат қиламиз. Чунки, хомиладор аёл соғлом, яхши кайфиятда, чиройли муҳитда бўлсагина, у соғлом фарзандни дунёга келтиради. Соғлом бола эса соғлом келажак демакдир.
Жорий "Соғлом она ва бола йили"да "Саломатлик-2", "Саломатлик-3" лойиҳалари доирасида даволаш-профилактика муассасаларимизга замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар келтирилди. Натижада оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, турли касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш, умуман, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар сифати тубдан яхшиланди.
Бирлашмамизда 1373 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Уларнинг 1226 нафари туғиш ёшидаги аёллардир. Уларнинг саломатлиги доимий эътиборимизда. Бир қатор ходималаримиз респубикамиздаги турли сиҳатгоҳларда бўлишиб, ўз саломатликларини тиклаб қайтдилар. Бундан ташқари, ходимларимиз маънавиятини юксалтириш, касбий билим ва малакаларини ошириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб орилмоқда. Мустақиллик, Наврўз байрамлари ва бошқа турли саналар муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий, адабий тадбирлар, турли танловларда опа-сингилларимиз фаол иштирок этмоқда. Ҳозирда нафақада бўлган ходимларимиз ҳолидан доимий равишда хабар олиниб турилади.
Оналар ва болалар соғлигини сақлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида зиммамиздаги вазифаларни бекаму кўст адо этиш учун бор имкониятларни ишга солиб, астойдил меҳнат қиламиз.
Бугунги кунда юртимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган хотин-қизлар ҳам жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнлардан четда қолаётгани йўқ. Балки турли соҳалар ривожида фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, туманимизнинг 85 минг нафардан зиёд аёллари ҳам таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда фидойилик кўрсатиб меҳнат қилмоқда. Айниқса, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси борасида уларнинг ўрни ва роли беқиёсдир. Ватан ичра ватан бўлган маҳаллаларнинг қон томирлари ҳам опа-сингилларимиздир.
Фаол аёлларимизнинг жонкуярлиги туфайли маҳаллаларда тўй ва бошқа маросимлар дабдабасиз, камчиқим қилиб ўтказилиши йўлга қўйилди, нотинч оилалар, оилавий ажримлар камаймоқда. Тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизларимиз эса тайёрлаётган маҳсулотлари билан нафақат ўз оилалари даромадини оширмоқда, янги иш ўринлари билан кўплаб кишилар бандлигини таъминлаб, туманимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Туман хотин-қизлар қўмитаси ўз фаолиятида опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, айниқса, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Меҳнат жамоалари, маҳаллалардаги бошланғич ташкилотларимиз кўмагида жойларда маънавий муҳит барқарорлигини, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш биан таъминлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида жиноятчилик ҳолатларини, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш борасида белгиланган ишлар изчил олиб борилмоқда.
Аёл оқила, зукко ва юксак маънавиятли бўлсагина у кўнгилсиз ҳолатлар содир этилишига йўл қўймайди. Шу боис, аёлларимиз маънавиятини, ҳуқуқий, тиббий билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, қишлоқ ва маҳаллаларда бой ҳаётий тажрибага эга онахонлар, ҳуқуқшунослар, шифокорлар иштирокида ёшлар билан учрашувлар, "Маънавият оиладан бошланади", "Муомала, либос ва биз", "Уч авлод учрашувлари", "Қадрият, урф одат ва ёшлар" мавзуларида турли тадбирлар ўтказилаётганлиги ана шу йўналишдаги ишларимиз самарадорлигини оширмоқда
Соғлом аёл - соғлом наслни дунёга келтиради. Ана шундан келиб чиқиб, туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорикда аёллар, ўсмир қизлар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. Туманимиздаги 44950 нафар туғиш ёшидаги аёллар, умумтаълим мактаблари, коллежларнинг ўқувчи қизлари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида босқичма-босқич тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўриклар жараёнида турли касалликлари аниқланган аёл ва қизлар соғломлаштиришга жалб этилди.
Уй бекалари, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, опа-сингилларимизни спортнинг оммавий турларига жалб этиш, турли спорт мусобақалари ўтказиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Натижада спорт билан мунтазам шуғулланаётган аёл ва қизлар сафи ортиб бормоқда.
Жорий йилда ташкил этилган "Аёллар маслаҳат маркази", ўқув масканлари ва маҳаллаларда фаолият юритаётган "Ораста қизлар", "Ораста қизлар давраси", "Зумрадойлар давраси" тўгараклари машғулотлари орқали ёш қизларимизнинг қобилият ва истеъдодларини кенг намоён этиш, оила ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиш, касб ва ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Туманимизда юқоридаги каби ибратли ишларни амалга оширишда қўмитамизнинг ишончли қанотлари - Манзурахон Эгамова, Мамлакатхон Юсупова, Садбархон Мамитова, Зоҳидахон Асқарова, Мавлудахон Қурбонова, Минисхон Ҳусанова, Илтижо Бурхонова, Дилфузахон Иминжонова, Раънохон Бозорова, Гав-ҳархон Мадраҳимова сингари фидойи аёлларимизнинг қимматли маслаҳатлари ва амалий ёрдамларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Бир сўз билан айтганда, мумтоз адабиётимизнинг машҳур вакилаларидан бири, шоира Моҳларойим назари тушган Жалақудуқнинг аёллари бугун юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқдалар..
Аёллар хонадонларимиз кўрки, қувончидир. Дарҳақиқат, ҳар бир хонадоннинг кўрки, қувончи, жамиятнинг кўзгуси бўлган аёлларимиз бор экан, юртимизда ҳамиша меҳр-муҳаббат, гўзаллик ва хотиржамлик барқарор бўлади.
- Боринг, акамни биласиз, агар боришингиз жуда зарур бўлмаса, ўла қолсаям қўнғироқ қилмасди (Хоразм лаҳжасида онага "опа", отага "ака" деб мурожаат қилинади), - Малика онасини қучоқлади.
"Қандай бораман, нима деб бораман?" Пошшажон бийининг бутун вужуди фарёд қиларди. Ахир ростдан ҳам нима деб боради? Аёл киши учун хиёнатдан ортиқроқ ҳақорат йўқ. У хали орадан ўн йил ўтган бўлса-да, хиёнат заҳрини унутмаган эди. Унутдим деб ўйларди, холос...
* * *
- Сен қийналиб кетдинг... - Ҳақназар ака унга тез-тез шундай деб қўярди. Пошшажон қийналгани сари ўзи ҳузур қиларди. Ахир у эрини дўхтирликка ўқитаётган эди-да. Кўп аёллар унга эркаклар вафодорликнинг қадрига етмаслигини таъкидлашарди. Аммо Пошшажон бу гапларга баланддан қарарди. Беш сўм топса, бешини, ўн сўм топса, ўнини Тошкентга - эрига жўнатарди.
"Қизларимга қара, ахир улар ўсаётган пайти, еб-ичиши керакку!" деган эрига "Биз қишлоқдамиз, қишлоқда ҳамма нарса топилади" дерди. Кўпи кетиб, ози қолди, деб бармоқ букиб санаб юрган кунлар эди, кутилмаганда ҳаёти ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
... Ўша Ҳақназар эри қишлоғига уч ойга келди. Шаҳарда амалиёт ўтаётган эди. Уйига келганда ухлар ё соатлаб жим ўтирарди. Пошшажон у билан гаплашгиси келарди. У эри ўқишдалигида ширин хаёллар сурар, қайтиб келса, ўзини бошига кўтаради деб тасаввур қиларди. Эрка тасаввурларидан хижолат бўлса-да, улар ўзига ёқарди. Эри бошини қуйи солиб, нималарнидир ўйлаб ўтирган кунларда ўша хаёллар ичида ўртаниб, орзиқарди. Бирор марта эрининг ичида дарди борлигини ўйламабди.
... Баҳор. Пошшажон оппоқ гуллаган олма дарахти тагида мук тушиб, қуромиш қураб ўтирарди. Шу тобда ишини тезроқ битириб, пулига эрига туфли олиш ҳақида ўйларди.
- Опа, сизни бир хотин сўраяпти, - деди кенжатойи Малика. Пошшажон буюртмачилардан деб ўйлади. Кўкрак-бурма кўйлагининг шамойилига қараб ҳомиладорлигини билди. Ўзини Бекажон деб таништирган аёлнинг икки оғиз гапи Пошшажонни ҳушидан айираёзди...
* * *
Мана... ўша аёл... Аммо энди унинг аввалги сулувлигидан асар ҳам йўқ. Эти суягига ёпишган вужудда фақат бир жуфт тим қора кўз ним нур билан боқарди. У беморнинг ёнига оҳиста чўкди. Бекажоннинг юз-кўзларида жонланиш пайдо бўлди.
- Бекам, гапир, гапларинг ичингда қолмасин... - Ҳақназар ака беморнинг бошига ўтди.
"... Бекам" Пошшажоннинг яна юраги зирқиради. Ҳудди бу аёлни биринчи кўрган кунидагидай, биринчи бор аламли иқрорини эшитган лаҳзаларидагидай:
"... - Биламан, менинг гапим сиз учун мутлақо кутилмаган бўлади... Сиз эрингизга Худога ишонгандай ишонасиз... Ва тўғри қиласиз. Эрингиз ростдан ҳам жуда яхши инсон... Бу - менинг юрагим остидаги гўдак бир тасодифнинг меваси... Ҳақназар аканинг менга раҳми келган, холос. Болалар уйида ўсганман. Ота-онам кимлигини билмайман. Ҳар қадамда камситилар эдим... Шундай пайтда эрингиз дуч келди... У мендан сизни яширмаган. Аксинча, доим сизни гапирарди фидойилигингизни..."
Пошшажон жуда бардошли эди. Аммо Бекажоннинг гапининг давомини эшитишга бардоши етмади.
- Ўзи айта олмай сизни юбордими? - деди. Ичида эса: "Худойим, шунинг олдида юзимни қора қилма. Ҳушимдан кетиб қолмай", деб илтижо қиларди.
- Йўқ, эрингиз менинг келганимни билмайди. У киши: "Балки ўғилдир, ўғлим йўқ, туғсанг, туғ, аммо мен сенга эр бўлмайман. Болангга қарашаман", деди. Уларнинг айтишича, опа-сингилларингиздан фақат қиз туғилган экан. Шунга... фақат шу сабабдан ўғил бўлса, афсусланмай деб, боланинг туғилишига қаршилик қилмади... Мен эса... фарзандим туғилса, опаларига эргашиб юрса, ўзимдай ўксимаса дейман...
Аёл бу гапни оддийгина айтди, жуда оддий. Гўё Пошшажоннинг ҳаёти остин-устин бўлмагандай...
- Кетинг! - деди Пошшажон қатъий.
- Эрингиз сизни жуда ҳурмат...
- Энди у менинг эрим эмас, йўқолинг!
...Пошшажон бу учрашувни унутгандай эди, аммо ҳозир Ҳақназар аканинг "Бекам" деган сўзи билан ўша дамнинг оғриқлари қайтиб келгандай бўлди. Ўшанда қанча тавалло қилишди Пошшажонга. Бироқ Пошшажон кечирмади. Бекажон келиб-кетиши билан эрининг кийимларини жомадонга солиб жиянидан бериб юборди, кичик хат қўшди: "Бекажон бека дегудай экан... Қайтманг, барибир эшик очилмайди, чунки кўнглим эшигини қулфладим. Уй керак бўлса, судга боринг..."
Ҳақназар келолмади, аммо кўп бор ўртага одам қўйди. Пошшажон тўнғич қизини узатганда ҳам эрини айттирмади.
... Пошшажон бийи "Хаста қайда бўлса, мен шу ердаман" деган Оллоҳнинг каломи учун келди бу ерга. Унинг ўғил туққанини, эри билан яшаётганини биларди. Эри туманда шуҳратли жарроҳ. Пошшажон ҳақоратланган аёл кечира олмаслигини исботлаш учун яшарди. Бугун ҳам эри билан сўрашмади. Бошлаб келган қариндош аёлнинг етагида бемор олдига келди.
- Биз ... эрингиз билан... номига яшадик... жуда қийин бўлди менга... Мана бу ерим... - аёл кўксига мажолсиз қўлларини қўйди, - тамом бўлди... Мендан сўнг бу эркакни қабул қиласизми, йўқми, ўзингиз биласиз. Аммо Тоҳиржон - ўғлимга сиз оналик қилишингизни истайман...
Пошшажон ёшлигида: "Эгиз фарзанд кўришни истайман. Тоҳир-зуҳро қўяман исмини" дерди. Демак, эри унутмаган экан, ўғлини Тоҳир деб атабди.
- У сизнинг борлигингизни билади. Мен унга сиз ҳақингизда кўп гапирганман, - аёл бир талпиниш билан ёстиқдан бош кўтарди.- Тоҳиржон! - овози ипакдай товланди. Пошшажон беихтиёр ўрнидан қўзғолди. Эшикдан бўйчангина бола кўринди.
- Энанг бизни кўргани келибди, кўриш... - бемор тетиклангандай бўлди. Пошшажоннинг юрагида нимадир уйғонгандай бўлди. Бола унга эгилиб келди. Пошшажон беихтиёр болани бағрига босиб, пешонасидан ўпди. Бола ундан ўзини тортмас, аксинча, бағрига суқилар эди...
Пошшажон кўнглидаги ўзгаришни тушунмас, эрига, кундошига айтмоқчи бўлган сўзларини ахтарар, аммо тополмасди. Тилига "Болам-...м"га ўхшаш қандайдир товушлар тизмаси келди. Беморнинг эса кўзлари яна ҳам каттариб кетгандай бўлди.
"МАЛАЛА ЮСУФЗАЙ - ТИНЧЛИК БЎЙИЧА НОБЕЛЬ МУКОФОТИНИНГ ЭНГ ЁШ СОҲИБАСИ"
(42- сон, 2016 й. Дунё машҳуралари)
Малала Юсуфзай - покистонлик қиз, бутун дунёда қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи курашчиси, тинчлик тарғиботчиси сифатида 2014 йилда 17 ёшида тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.
Малала Юсуфзай 1997 йил 12 июлда Покистонда, Сват водийсининг Мингора шаҳрида туғилган. Унинг исми инглиз-афғон урушлари қатнашчиси бўлган қаҳрамон аёл Малалай шарафига қўйилган. Аслида "Малала" сўзи "қайғу ёки мусибатда эзилган" маъносини англатиб, бу нарса Малаланинг кейинги тақдирида ўз ифодасини топади.
2009 йилнинг бошларида Малала Юсуфзай яшаб турган Сват водийси толибон жангарилари томонидан эгалланади. Ҳудудда кечаю-кундуз нотинчлик ҳукм суриб, рўй бераётган отишмалар сабаб аҳолининг тинч ҳаёт тарзи издан чиқади. Жангарилар қизларнинг мактабга қатнашларини қатъиян маън этадилар. Қизларга таълим берувчи мактаблар эса бузиб ташланади.
Малала Толибон жангариларининг бундай бедодликларига қарши фақатгина қалам билан, матбуот билангина жавоб бериш мумкинлигини тушуниб етади. Ахир унинг яхши билим олиб келгусида малакали шифокор бўлиб етишишдек эзгу мақсади бор эди. Отасининг кўмаги билан Сват водийси ҳақида, қизларнинг билим олишлари таъқиқлаб қўйилгани, мактаблар, маданият ёдгорликларининг ваҳшийларча бузиб ташланаётгани ҳақида баён қилган кундалик қўлёзмаларини халқаро ва маҳаллий матбуот нашрларида эълон қилади. Аввалига унинг шахси сир сақланади. Бироқ тез орада у ҳақида ҳужжатли фильм тайёрланади, интервьюлар бера бошлайди. Адолатсизликка қарши ҳайқирган ёш қизалоқ - Малала Юсуфзай машҳур бўлиб кетади. Толибон тўдаларининг унга қарши таҳдидлари бошланади.
2012 йил 9 октябрда Малала Юсуфзай ўтирган автобус ниқобланган қуролли тўда томонидан тўхтатилади ва бир жангари автобусга чиқиб, болалардан Малалани сўрайди. Айтмасангиз, ҳаммангизни соғ қўймайман, дея таҳдид қилади. Малалани аниқлагач, унга қарата ўқ узади. Бахтли тасодиф туфайлигина у омон қолади. Фақат ёғдирилаётган ўқлар тизими унинг ва орқасидаги икки қизнинг боши ва бўйнидан ўтиб елкасини жароҳатлайди. Оғир яраланган қизларни Пешовардаги ҳарбий касалхонага олиб келадилар. Бу ерда Малаланинг аҳволи бироз ўнглангач, уни самолётда Буюк Британиядаги Бирмингем шаҳар касалхонасига келтирадилар. Орадан бир йил ўтиб, Малала бутунлай соғаяди.
Малала Юсуфзайга суиқасд нафақат Покистон, балки бутун дунёда қаттиқ норозиликка сабаб бўлади. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ушбу воқеани "қўрқоқлик ва номардлик" деб атайди.
Малала Юсуфзай ўзининг 16 ёшини қаршилаган кун - 2013 йил 12 июлда БМТда қуйидагича чиқиш қилади: "Ассалому алайкум, қадрли дўстлар! 2012 йил 9 октябрда жангарилар томонидан менинг бошимга қарата ўқ узилди. Бу ўқ нафақат мени, балки икки ўртоғимни ҳам оғир яралади. Террорчилар бу ўқ билан бизни тўхтатамиз, жим қиламиз, деб хато ўйладилар. Улар менинг мақсадимни ўзгартира олмадилар. Аксинча мендаги ожизлик, қўрқув ва умидсизлик ўрнини куч, шижоат ва мардлик туйғулари эгаллади... Бугун дунёда мактабга бориш имкониятидан маҳрум 57 миллион боланинг 31 миллион нафари қиз болалардир. Ватаним Покистон ва дунёнинг бошқа кўплаб жойларида қизлар балоғат ёшига кирмасдан турмушга берилмоқда. Уларнинг таълим олиш ҳуқуқлари инобатга олинмаяпти... Биз қизларнинг таълим олишига ҳамда уларнинг бу ҳуқуқлари учун курашаётганлар ишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак". Малала Юсуфзайнинг бу нутқи кўплаб ривожланаётган мамлакатларда таълим масаласига алоҳида эътибор берилиши кераклигини кўрсатди.
2013 йил октябрда журналист Кристина Ламбнинг Малала Юсуфзайнинг таржимаи ҳоли асосидаги "Мен Малала: Қизларнинг таълим олиш ҳуқуқлари учун курашган ва толибон жангари томонидан жароҳатланган қиз ҳикояси" китобини нашр этадилар. Китоб Ҳиндистонда бир неча тилларда нашр этилади. Китобнинг Нил Васвани томонидан ҳикоя қилинган аудионусхаси 2015 йилда "Болалар учун энг яхши альбом" номинацияси бўйича халқаро мукофотга лойиқ кўрилади.
2013 йилда "Time" журнали Малала Юсуфзайни энг машҳур инсонлар рўйхатида иккинчи ўринга қўяди. Айнан "Time" журнали унинг номзодини тинчлик бўйича Нобель мукофоти учун икки марта: 2013 ва 2014 йилларда илгари суради. Ниҳоят, 2014 йилда Малала ҳиндистонлик Кайлаш Сатьяртхи билан биргаликда "болалар ва ёшларни қийнаб ишлатишга қарши ва барча болаларнинг таълим олиш ҳуқуқлари йўлидаги курашлари учун" тинчлик бўйича Нобель мукофотини қўлга киритади. Малала Юсуфзай тарихдаги Нобель мукофотининг энг ёш соҳибаси саналади.
Малала Юсуфзай 2015 йил 12 июлда Ливан ва Иордания мамлакатларида суриялик қочоқ қизлар учун мактаб очади. Мактабларнинг моддий таъминоти ва қизларнинг стипендияси унинг Malala Fund деб номланган жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
Рашк муҳаббатнинг бир кўринишидир. Киши ўз севган инсонини рашк қилиши табиий ҳол. Фақат унга ҳар ким ўз дунёқараши ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда турлича муносабатда бўлади.
Муқаддас динимизда ҳар бир нарсанинг ўрта ҳол бўлгани яхшилиги таъкидланади. Хусусан, рашк борасида ҳам ана шу кўрсатмага амал қилиниши мақбулдир. Инчунун, беҳудага рашк қилиб, ёқтирган инсонини ўринсиз тергайверишлик ҳам тавсия қилинмайди. Бўлар-бўлмас шубҳаларга берилиб, бирга яшаб келаётган турмуш ўртоғини ўринсиз тергашлик, синашлик эр-хотин ўртасидаги ишончнинг йўқолишига сабаб бўлади. Ўзида эрининг, хотинининг ишончини кўрмаган аёл ёки эр охири тоқати адо бўлиб, макр йўлига ўтиши эҳтимолдан холи эмас.
Жобир инб Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий салллаллоҳу алайҳи ва саллам эр киши ўз аҳлига тунда эшик қоқиб келишини ёқтирмас эдилар" (Бухорий ва Абу Довуд ривояти). Яна шу кишидан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизлардан бирортангиз ғойибликни чўзиб юборса, кечаси келиб эшик қоқмасин" дедилар" (Бухорий ва Муслим ривояти).
Рашк қилишлик аёлларга ҳам тегишли бўлса-да, кўпроқ эркакка хос бўлади. онасини, қизларини, опа-сингилларини ва албатта, аҳли аёлини рашк қилишлик ор-номусдан нишонадир. Чунки аёл зоти Аллоҳ таолонинг нафис хилқати ва башариятнинг латиф тимсолидир. Уларнинг номусини ҳимоя қилиш жамиятдаги эркакларнинг зиммасига юкланган.
Унутмаслик керакки, аёл зотининг табиати рашк қилишга моил бўлади. Бу туйғу нафақат мусулмонларда, балки бошқа халқларда ҳам бор.
Минг афсуски, бугунги кунда айрим кишилар номусулмонларга тақлид қилиб, рашк қилмасликни ўзларича маданият деб ҳисоблайдилар. Меъёрдаги исломий рашкни эса қолоқлик ва маданиятсизлик деб ўйлайдилар. Хотинга юриш-туришда худди эркак кишидай эркинлик берилиши керак, деган фикрда бўлишади. Ёхуд яна бир тоифа кишилар борки, улар ўз жуфтларини ҳаддан ташқари ортиқча рашк қилиб, аҳли аёлига жуда кўп талаб ва таъқиқлар қўядилар. Натижада аёл кўп азият чекади. Бу жоҳилликдан ўзга нарса эмас.
Саъд ибн Убода (р.а.): "Агар бирор кишини хотиним билан топиб олсам, ўша кишини аяб ўтирмай, шартта қилич билан чопиб ташлар эдим!" деди. Бу гап Расулуллоҳ (с.а. в.)га етиб боргач: "Сизлар Саъднинг рашкидан ажабланяпсизларми? Аллоҳга қасамки, мен ундан ҳам кўра рашкчироқман! Аллоҳ эса мендан ҳам кўра рашкчироқ. Шунинг учун ҳам зоҳир ва ботин фаҳш ишларни харом қилган", дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Хурайра (р.а.)дан ривоят қилинишича, Пайғамбар (с.а.в.): "Мен уйқуда эдим, шу пайт ўзимни жаннатда кўрдим. Қарасам, бир аёл қасрнинг четида таҳорат оляпти. "Бу кимнинг аёли?" десам, "Умар ибн Хаттобнинг аёли", - дедилар. Шунда Умарнинг рашкини эслаб, ортимга қайтдим", дедилар. Абу Хурайра айтади: "Умар йиғлаб юборди. Биз ҳаммамиз ўша мажлисда Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга эдик. Сўнг Умар: "Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Сиздан рашк қилурманми?" деди" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Албатта, ҳар бир амалда бўлгани каби ушбу масалада ҳам динимиз ўртахолликни тақозо қилади. Бинобарин, аёллар ҳам жамият ишларида иштирок этишга ҳақлидирлар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларида ҳам аёллар жамоат ишларида қатнашганлар, савдо-сотиқ билан шуғулланганлар. Улар ҳам динимизнинг фаоллари бўлганлар. Демак, рашкга ортиқча берилиш яхши эмасдир.
Аллоҳ таоло ҳаммага Ўз ҳикмати ва тақдирига кўра ақл ва заковат берган, тафаккур инъом этган. Ана шу неъматдан холисона фойдаланишликни, айниқса, рашк борасида ҳамма ҳавас қиладиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб айласин.
Сайфитдин Юлдашев,
Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом" жомеъ масжиди имоми.