+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ХАЛҚА ҚУЙМОҚ

(41- сон, 2016й.)

Керакли масаллиқлар: 250 гр. сут, 0,5 кг. буғдой уни, ярим стакан шакар, 50 гр. маргарин, 0,5 чой қошиқда ванилин, 0,5 литр ўсимлик ёғи. 

Тайёрланиши: Сутга  ун солиб, то қумоғи кетгунча аралаштирасиз. Хамирга икки ош қошиқ эритилган маргарин ва шакар қўшилади.  Пишириқ ҳушбўй бўлиши учун  унга ванилин  соласиз.

 

Хамир ёпишқоқ ва чўзилувчан бўлиши керак. Уни қошиқда узиб олиб, халқа шаклида қилиб, қиздирилган ёғда кулчаларни қовуриб оласиз.  Тайёр бўлган «пончик»ларни ликопларга солиб, ёнида мевали мураббо билан дастурхонга тортасиз.

ОРАСТА, ОҚИЛА ВА ФАОЛ ҚИЗЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

(41- сон, 2016й. маҳалланинг энг ораста қизлари)

Айни кунда вилоятимиздаги таълим муассасалари ва маҳаллаларда 1 минг 700 дан зиёд "Ораста қизлар" ва "Ораста қизлар давраси" тўгараклари самарали фаолият юритмоқда. Ана шу тўгаракларга қарийб 120 минг нафарга яқин қизлар жалб этилган. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан тўгараклар фаолиятини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Натижада намунали фаолият кўрсатаётган тўгараклар сони, фаол ва ораста қизлар сафи  ортиб бормоқда.

- Қизларимизнинг фаоллигини  ошириш, мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларда оилавий ҳаёт кўникмаларини шакллантиришда "Ораста қизлар" тўгараклари  фаолияти муҳим роль ўйнамоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Тўгаракларда талаба ва ўқувчи қизларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, пазандалик, бичиш-тикиш сингари рўзғор юмушларини, шунингдек, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш ҳамда оилавий ҳаётга тайёргарлик борасидаги билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштириб олишлари учун зарур шароитлар яратилган.

Дарҳақиқат, вилоятдаги 741 умумтаълим мактаби, 129 академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ташкил этилган "Ораста қизлар" тўгаракларида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тақдим этилган мавзулар асосда машғулотлар олиб борилмоқда. Яъни, "Қизларга миллий урф-одат ва қадриятларга мос муомала маданиятини сингдириш",  "Муносиб касб эгаллаш - қиз бола бахти, саодатининг асоси", "Ватан бўлмас Ватандан ташқарида...", "Маънавият оиладан бошланади", "Ёшлар, "Оммавий маданият" ва интернет" сингари долзарб мавзуларда ҳафталик машғулотлар ўтказилди.

Бундан ташқари, вилоятдаги барча таълим муассасаларида вилоят, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, ФҲДЁ, тиббиёт бирлашмалари, маънавият-   тарғибот марказлари, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати бўлимлари ҳамда ота-оналар ҳамкорлигида тўгараклар фаолияти намунали йўлга қўйилган. Хусусан, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, эл ҳурматини қозонган нуроний онахонлар, меҳнат фахрийлари иштирокидаги ўтказилаётган тадбир ва учрашувлар қизларнинг маънавиятини, ҳуқуқий, тиббий, одоб-ахлоқ борасидаги билим, тушунча ва саводхонлигини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Айниқса, тўгарак гуруҳлари етакчилари томонидан "Тенгдош-тенгдошга" шиори остида олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳар бир қиз илғор ўқувчилар сафида юришга, ўқишда, жамоат ишларида фаол бўлишга интилмоқда.

Таълим муассасалари ва маҳаллаларда "Ораста қизлар" давраси тўгараги фаолиятини такомиллаштириш, олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича мунтазам семинар, турли тадбир ва танловлар ўтказиб борилаётганлиги мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.

Март  ойида туман ва шаҳарларда, апрель ойида вилоят миқёсида "Маҳалланинг энг ораста қизи" форуми ўтказилди. Мазкур тадбирнинг қуйи, яъни фуқаролар йиғинлари босқичларида 12 минг, шаҳар, туман босқичларида 1500 нафардан ортиқ қизлар қатнашган бўлса, вилоят босқичида ҳар бир шаҳар ва тумандан 15 нафардан жами 255 нафар тўгарак аъзолари иштирок этдилар.

"Истиқлол юлдузлари" деб номланган вилоятимиз жамоаси 12 йиллик  мажбурий таълим - менинг саодатим учун" шиори остида яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган республика "Маҳалланинг энг ораста қизлари" анжуманида фаол иштирок этиб, "Қадриятларни қадрловчи қизлар" номинацияси бўйича ғолибликни  қўлга киритдилар.

 

Иродахон Махатова,

 

вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси.

Кўнгил қолмасин экан

(41- сон, 2016й. Ҳаёт - ибрат мактаби)

Қариндошимиз Карим ака қўшни қишлоқдаги Гўзал исмли қиз билан танишиб,  бир-икки ой учрашиб юрди. Сўнгра улар унаштирилди, аммо тўй  кейинги йили бўлиши белгиланди. Чунки, Карим аканинг оиласи ночорроқ эди. Бояқишнинг отаси  ёшлигида вафот этган. Кичик корхонада ишлаётган Карим ака икки синглиси ва  онасига бир ўзи ғамхўрлик қилар, оила, рўзғорни бир ўзи юритар эди. У кўп ишлаб, ҳар ойлик маошининг маълум қисмини орттириб онасига берар, қолаверса, қариндошлари, маҳалла-кўй ёрдами  билан жамғарилган маблағга тўй харажатларини қила бошлашди.

Бир куни Карим аканикига қиз томонга қилинган сарпо-суруғларни кўтариб унинг қариндошлари кириб келишди. Сарполар қизга ёқмаган экан. Онаси Зулхумор холанинг тоби қочди. Бир зумда қувонч тўла хонадон сокин бўлиб қолди. Карим аканинг ҳам юрагида оғриқ пайдо бўлди. Анча вақт ўзига келолмади. Ниҳоят, у қиз билан учрашди: 

- Нега бундай қилдингиз?

- Қилган буюмларингизни ҳозир ҳеч ким киймайди. Мен у нарсаларни кийсам,  дугоналарим устимдан кулмайдими?

-…  

Карим акага шу гапнинг ўзи етарли бўлди. "Менинг бор-йўғимга кўнмаган инсон билан бир умр қандай қилиб яшайман?" У қариндошларнинг қистовларига шу биргина савол билан оёқ тираб жавоб берарди.

Бу воқеага беш йилча вақт бўлди. Бу орада Карим ака ишлаб икки синглисини узатди. Ўзи эса  ёши ўттиздан ўтса ҳам  уйланмади. Унинг кўзига ҳамма қизлар Гўзал опага ўхшаб кўринарди. Онаси -  Зулхумор холага қийин бўлди. У ғам-ташвишлардан эрта қариб, мунғайиб қолди. Уй ишларига ҳам ярамай, қийналмоқда.

 Гўзал опага Карим акадан сўнг биров оғиз солмади. Энди у ҳали у дугонасини, ҳали бу дугонасини  ўртага қўйиб Карим акам билан муносабатларини тикламоқчи бўлади. "Кўнглим ундан   бошқасига чопмаяпти" дермиш. Лекин биламанки, бу гап-сўзлар, ҳаракатлар Карим акада нафрат уйғотади.

Мени бир нарса ўйга толдиради. Ҳали ёш бўлсам ҳам бахт кийим-кечакда, мол- дунёю буюмларда деб биладиганлар нотўғри ўйлашларини англадим. Инсоннинг кўнгли шундай нозик эканки, у бир бор дарз кетса, битиши қийин экан. Гўзал опа ўйламай қилган иши билан ўзини ҳам, Карим акани ҳам бахтсиз қилиб қўйди.

 Зиёда ҲОШИМОВА,

 

 Балиқчи туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

АЖДОДЛАРИМИЗ УЛКАН ОДАМЛАР БЎЛГАНМИ?

(41- сон, 2016й. Ҳаётнинг биз билмаган мўъжизалари)

Айни кунда баъзи олимлар инсониятнинг аждодлари ҳақидаги Дарвин таълимотига зид келувчи айрим ҳақиқатларни илгари суришмоқда. Машҳур саёҳатчи-олим Виктор Мельников авлодларимиз ниҳоятда улкан кишилар бўлганлиги ҳақида фикр юритади.

Олим ўзининг дунё бўйлаб саёҳатлари чоғида ва олиб борган археологик қазишма ишлари давомида улкан одамлар қолдиқлари кўпроқ жанубий Америкадаги Перу, Эквадор ва Чили мамлакатлари ҳудудларидан топилаётганига эътибор қаратади. Олимлар ўша жойлардан топилган улкан суяклар ҳайвонларники эканига шубҳа билан қарамоқдалар.

Келинг, аввал тарихий солномаларда келтириб ўтилган  қатор ғаройиб топилмалар тўғрисидаги маълумотларга назар ташлайлик.

1821 йилда АҚШнинг Теннесси штати ҳудудидаги қадимий девор харобалари ичидан бўйи 215 см. бўлган иккита инсон скелетининг қолдиқлари топилади. 1885 йилда Пенсильвания штатида топилган қабрлар тепалигидан баландлиги 215 см.га етадиган улкан одам суяк қолдиқлари сақланиб қолган тоштобут топилган. Тобутнинг деворларига ибтидоий тарздаги одам, ҳайвон ва қушларнинг тасвирлари туширилган эди. 1899 йилда Германиянинг Рур вилояти ҳудудларида кончилар томонидан  210 см.дан  240 см.гача узунликдаги улкан одамларнинг  тошга айланган суяк қолдиқлари топилади. Тахминан худди шу йилда Мисрда археологлар томонидан 2     метрли сариқ сочли аёл ва ёш эркакнинг суяк қолдиқлари сақланаётган тош тобут - саркофаг топилади. Мазкур улкан одамларнин склетлар ўрганилганида, уларнинг юз ифодаси ва тана тузилиши қадимги мисрликлардан тубдан фарқ қилиши аниқланади. Худди шундай сариқ сочли одамларнинг суяк қолдиқлари АҚШнинг Невада штати ҳудудидан ҳам топилган. 

Бундан ташқари, узоқ ўтмишда сайёрамизда баланд бўйли одамларнинг яшаганликларини тасдиқловчи далиллар жуда  қўл келтириши мумкин. Археологлар ва маҳаллий халқ вакиллари томонидан бир неча марта улкан оёқ изларини учратишганини қайд этилади. Жанубий Африкада маҳаллий фермер тоғ жинсларида қотиб қолган улкан "чап оёқ излари"ни кўрганини ҳикоя қилади. Мазкур изнинг узунлиги 128 см.ни ташкил этган. Австралиянинг Мовий тоғларидаги тош бўлакларидан эса улкан оёқ бармоқларининг қотган излари топилади. Мазкур бармоқларнинг ўртача узунлиги 17 см.ни ташкил этган. Демак оёқларида бунча узунликдаги бармоғи бор бўлган одамнинг баландлиги камида 6 метр бўлиши тахмин қилинади.

Ўтган асрнинг 50- йилларида Аляскадаги қабрлар жойлашган тепалик ҳудудидан ишчилар томонидан иккита одамнинг бутунича сақланган суяк қолдиқлари топилган. Мазкур улкан одамлар тишларининг икки қатордан иборат бўлганлиги, бошларининг ўта ясси шаклда эканлиги  ва ниҳоят умуртқа поғонаси суякларининг ҳозирги замон одамлариникидан деярли уч марта катта эканлиги аниқланади.

Дунёнинг турли халқлари томонидан улкан одамлар тўғрисида кўплаб ривоят ва афсоналар қолдирилган. Жумладан, жанубий Африканинг аборигенлари - туб жой аҳолиси бу ҳудудларда улкан одамларнинг яшаб ўтганлигини тасвирлайдилар. Улкан одамлар ҳайратланарли даражада кучли бўлиб, овга бир неча юз километр масофадан келишар, ўз ўлжаларини маконларига ҳеч қийналмай елкаларида кўтариб кетишар ва ҳатто бирортасининг йўтали кучидан қушлар пирпирак бўлиб кетишар эди.

Шунингдек, Перунинг ҳозирги маҳаллий аҳолиси улкан одамлар тўғрисидаги инклар афсонасини сўзлаб юрадилар. Унга кўра, қадимда инклар яшайдиган ҳудудларга улкан одамларнинг келиб қолганлиги, ҳатто энг баланд ҳинду ҳам уларнинг тиззаси баробар эканлиги ҳамда "улкан меҳмонлар" томонидан маҳобатли иншоотлар қурилганлиги баён этилади. Демак, инклар томонидан бу мамлакатдаги ғор ва унгурларда баландлиги мамонтдан юқори турадиган улкан одамларнинг тасвирланиши бежиз эмас.

Бундан минг йил аввал умргузаронлик қилган машҳур араб сайёҳи Ибн Фадланга ҳазарлар ўз ҳоқонлиги ҳудудида 6 метрли улкан одамнинг суяк қолдиқларини кўрсатишгани, рус ёзувчилари Тургенев ва Короленко худди шундай баландликдаги одамларнинг суяк қолдиқларини Швейцариянинг Люцерн шаҳридаги музейда кўрганлари (музейдаги мазкур улкан суяк қолдиқлари XVI асрда Швейцария тоғларидаги ғорларнинг биридан топилган) ёки бўлмаса Жанубий Америка ҳудудларини истило қилаётган испанлар қадимги ацтеклар мақбараларининг биридан ақл бовар қилмас баландликдаги, яъни 20 метрли одам суяк қолдиқларининг топиб олганликлари ҳақида маълумотлар сақланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур топилмалар мустақил тадқиқотчиларнинг узоқ йиллик изланишларига туртки бўлади. Айни кунда улар томонидан бундан 12-20 минг йил муқаддам она сайёрамиз - Ер қандай жонзотларга макон бўлганлиги хусусида жиддий изланишлар олиб борилмоқда. Ҳозиргача ўтказилган илмий изланишларнинг аниқ хулосасига кўра, ўша даврда Ерда   4 - 12 метрли улкан одамлар истиқомат қилган ва бундай одамлар нафақат баҳодирона куч-қудратга, балки табиат инъом этган ақлий имкониятларга ҳам эга бўлган. 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: "атлантлар цивилизацияси" ҳақиқатда бўлган ва кейинчалик ҳалок бўлганми ёки бу шунчаки халқларнинг ижодий тасаввурлари маҳсулими? Олиб борилаётган илмий   тадқиқотлар натижаларига таянган ҳолда шуни айтиш керакки, айнан мазкур улкан одамлар томонидан нафақат Мисрда, балки дунёнинг деярли барча бурчакларида қатъий геометрик қонун-қоидаларга асосланган маҳобатли пирамидалар ва 600 дан зиёд турли йирик иншоотлар барпо этилган.

Кўпинча биолог олимларнинг қуйидагича эътирозларига дуч келамиз: "Афсона - барибир афсонада. Буларнинг бари қадимги одамларнинг фантазияси". Бироқ моддий топилмалар ва тадқиқотлар масалага жиддийлик билан ёндошишни тақозо этади. Масалан, Пасха оролини олайлик. Бу ерга биринчи бор келган голланд денгизчилари ҳайратга тушишади. Сабаби,  ёввойи ва одам гўштини истеъмол қилувчи каннибализмга асосланган аҳоли яшайдиган оролда маҳобатли ҳайкаллар қад ростлаб турарди. Наҳотки, ана шу ёввойи одамлар айни кунда бутун дунёга донғи кетган мўъжизаларни қурган ёки ўрнатган бўлсалар? Бошқа мисолни олайлик. Анд тоғларининг Боливия ҳудудларидан ўтган қисмида қадимий Тиауанако шаҳри жойлашган бўлиб, бу шаҳар оғирлиги 200 тонна келадиган тош бўлакларидан барпо этилган. Аёнки, маҳаллий аҳолининг бундай улкан меъморий обидани барпо этишга етарли билими ва жисмоний имконияти бўлмаган. 

Бундай ҳайратланарли иншоотларни яна кўплаб  келтириш мумкин. Масалан,  XIX аср охирларида Шарқий Африканинг қуюқ ўрмонларида сайёҳлар томонидан баландлиги 15 метрга тенг улкан тош миноралардан иборат ташландиқ қалъа топилган. Қаранг, Африканинг ўтиб бўлмас чакалакзорларида бундай иншоотнинг барпо этилиши ҳақиқий мўъжиза эмасми?! Худди шундай меъморий мўъжиза, яъни саройлар, мақбаралар, тасвирий санъат намуналарини Ироқ ва Сурия (Қадимги Месопотамия) ҳамда Кавказорти мамлакатлари ҳудудида ҳам учратиш мумкин. Бироқ энг улкан ва маҳобатли иншоотлар сифатида  Грециядаги қадимги Микен ва Тиринф деворлари, Сардиния оролидаги баҳайбат тошлардан тикланган миноралар, Балеар ва Мальта оролларидаги ўта улкан зинапоялар, баҳайбат эшик ёки маҳобатли пештоқларни санаб ўтиш мумкин. Бу иншоотлар ким томонидан ва қачон қурганлиги ҳеч кимга маълум эмас. Айтиш керакки, юқорида тилга олинган меъморий обидаларни ўз замонасида инсон қўли ва "бўйи" билан қуриш мумкин бўлмаган. 

Яна бир муҳим масала. Бундай улкан одамларнинг ҳаёт кечиришлари учун она сайёрамизда шарт-шароитлар бўлганми? Илмий нуқтаи-назардан олинса, бир неча ўн миллион йиллар муқаддам Ердаги кислород таркиби, атмосфера босими, гравитация, яъни ернинг тортишиш кучи каби омиллар ҳозиргидан ўзгача бўлиб, ҳайвонот ва наботот оламининг ривожланишига асос бўлиб хизмат қилган. Ер тортиш кучининг пастлиги баҳайбат одамлар ва бошқа мавжудотларнинг ўз оғирлигини бемалол кўтаришига ёрдам берган.

Шу билан бирга, баъзи бир олимлар томонидан мазкур  даврларда Ер сайёрасининг битта эмас, балки тўртта табиий йўлдоши бўлганлиги ёки унинг атрофини худди Сатурнники каби ҳалқалар ўраб олганлиги ҳақидаги назариялар илгари сурилади. Балки ушбу сабабларга кўра қадимги замонда сайёрамизда баҳайбат рептилиялар - динозаврларнинг пайдо бўлгани ва бутун фауна, шунингдек, улкан одамлар эркин яшаган бўлишлари мумкин.   

Хўш, унда улкан аждодларимиз ер юзасидан қандай йўқ бўлиб кетганлар? Наботот ва ҳайвонот олами катта қисмининг қирилиб кетишига бутун коинот кўламидаги ҳалокат, астрономия фани таъбири билан айтганда, "Буюк портлаш"нинг рўй бериши сабаб бўлади. Шунингдек, тахминларга кўра, қуёш радиацияси зарарли таъсиридан ҳимоя воситаси бўлган озон қатламининг юпқалашиши ҳам  бунга олиб келган бўлиши мумкин.   

Бизнинг даврга келиб, улкан одамлар тўғрисида маълумотлар биология дарсликларида эмас, фақатгина халқ оғзаки ижоди намуналаридан ўрин олиши бу борада инсоният хали кўп тадқиқотлар олиб бориши, аниқ илмий тахминлар топиши кераклигини англатади. Умуман, одамзот бу жумбоқнинг ечимини топа олармикан?!

"АиФ" газетаси материаллари асосида

Равшанбек АБДУРАҲИМОВ тайёрлади.  

 

ОИЛА - ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ

(41- сон, 2016й.)

Аллоҳ таоло аёл зотини ардоқли ва мукаррам, эркакларни эса жуфти ҳалол, оила чироғи ва посбони қилиб яратди. Аёлга яна бир буюк неъмат бердики, у инсоният наслини давом эттиради. Аёлга оналик бахти берилди, унинг зиммасига миллат тарбиячиси бўлишдек масъулият юкланди.

Муқаддас Ислом дини бандалари бўлмиш эр ва аёлни жуфт бўлиб яшашга чақиради. Бу жуфтлик орқали оила деб аталмиш муқаддас гўша шаклланади. Инсон ҳаётининг мазмун-моҳияти, унинг орзу ва умидлари, бахти, камоли айнан улуғ оила қўрғони билан бевосита боғлиқдир. Шу ўринда мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг     қуйидаги сўзларини эсламоқ жоиз: "Бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди".

Оила деган муқаддас даргоҳни барпо этишда, аввало, жуфтнинг насли, насабига эътибор берилади. Ота-она тарбиясини олган, ҳалол-поклик, ор-номус деган улуғ тушунчаларни дилдан англаган, юксак одоб-аҳлоқли йигит ва қиз ўртасида никоҳ орқали бунёд бўладиган оила шубҳасиз, гўзал ва кўпларга ибрат бўла олади.

Миллат давомчилари бўлган фарзандларнинг бахт-саодати, келажаги шу оила мактабига, оиладаги тутимлар, муҳит ва тарбияга бевосита боғлиқдир. Оиланинг соҳибу соҳибалари бир-бирларига меҳр-муҳаббатли, хушмуомала бўлишлари, ўзаро муносабатда самимийликка, хушҳулқлиликка эътибор беришлари, фарзандлар олдида камтарона, сўзларни танлаб, энг чиройлисини эъзоз-эҳтиром билан сўзламоқликлари жуда муҳимдир.

Истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ мамлакатимизда оилаларнинг фаровонлигига, мустаҳкамлигига, оиладаги соғлом маънавий муҳит барқарорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бош Қомусимизнинг XIV боб, 63- моддасида ҳам оиланинг муқаддаслиги, жамиятдаги ўрни ниҳоятда катта эканлиги эътироф этилиб, "Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади" дея унинг ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилган.

Айни кунда оилалар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Зотан, жамиятда имон-эътиқод, одоб-аҳлоқ муҳитининг шаклланиши ва ривожига энг кўп таъсир этадиган ижтимоий омил  бу - оила эканлиги барчамизга яхши аён. Бу даргоҳ юқорида таъкидланганидек, авлодлар давомийлигини таъминловчи, етук ва баркамол, юксак салоҳиятли фарзандларни тарбияловчи муқаддас маскандир.

Алломалардан бири Абулбарот Қодирий тарбия таъсир қиладиган фарзандларини уч тоифага бўлади:

Биринчиси - ҳануз оқ-қорани танимаган бола. Унинг табиати ёмонлик ғубори билан булғанмаган, юраги эса ботил ишлар зулмати билан тўсилмаган бўлади. Бундай болага насиҳат тез таъсир қилади. Бундай болани тўғри йўлга осонлик билан солиш мумкин.

Иккинчиси - оқ билан қорани ажратадиган бўлиб қолган бола. Улардан баъзилари ўз нафсининг ғалабаси билан яхшилик томонга бурила олмай юрган бўлади. У қилаётган ишининг ёмонлигини билади. Нуқсонларни эътироф этади. Бундай одамни тарбиялаш биринчисига нисбатан қийинроқ, аммо уни доимий назорат қилиб, унга насиҳатлар ва тарбия бериб борилса, албатта, яхши йўлга киради.

Учинчиси - оилада ботил хаёл ва фосид фикрлар билан улғайган бола. У умр бўйи ноҳақ ишларни ҳақ деб билиб келган ва шунга астойдил эътиқод қўйган бўлади. Ёмонлик қилса ҳам уни ўзича яхшилик деб ўйлайди. Бундай кишини тарбия қилиш жуда оғир. Унинг тарбиясига киришиш - тирноқ билан қудуқ қазиш ёки қизиб, чўққа айланган темирни қўлда ушлаш билан баробардир.

Юртимизнинг ҳар бир гўшасида фарзандларини муҳаббат, оқиллик, одоб-аҳлоқ меъёрлари асосида тарбиялаб, уларни илм, касб-ҳунар либосига буркаб улғайтирувчи оилалар сафи ортаверсин. Оилалардаги гўзал тарбия ва удумлар  бардавом бўлсин.

Саодатхон РАСУЛОВА,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Андижон вилоят вакиллигининг хотин-қизлар ишлари бўйича маслаҳатчиси.

 

КЕЧИККАН БАХТ

(41- сон, 2016й. Қатра)

У бахтли эди. Севди, севилди. Ота-она розилиги билан суйгани ила оила аталмиш қўрғонга пойдевор қўйди. Келин бўлди чаққон, меҳнаткаш. Янги оиладагилар уни фарзандидек суйдилар, ардоқладилар.

Ойлар, ойларни қувалаб йиллар ўтди. Бахт кемтик эди. Фарзанддан бенасиблик унинг алп қаддини чўктирар, мағрур юрагига алам соларди. Ардоғидаги инсон ҳам бирқадар ўзгаргандай эди. Назарида осмон чўккану, у аллақачон зулмат ичида танҳоликка ҳукм этилганди. Бешафқат тақдирга таъна қиларди кечалари: "биргина тирноқ берсанг бўлмасмиди? Айбим нима эди? Қаерда гуноҳга қўл урдим?"

У қўрқиб, жуда ҳадиксираб кутган кун келди. Ота уйига    қайтган келиннинг кўнгли беҳузурликдан қийналди... У ишониб-ишонмай шифокор кўригига борди. Аммо врач ҳузурига киролмай қийналди. У алданиб қолишдан, ўз тахминига алданишдан қўрқарди. "Таваккал" дедию, ичкарига қадам босди...

У бахтли эди... неча йиллаб кутгани юз берганидан қувончи ичига сиғмасди. Дарҳол телефонга ёпишди... Не қисматки, бу вақтда суянгани ўзга ёр билан учрашувда сармаст эди, у билан суҳбатни истамади - янгиликдан бехабар қолганини билмасди...

Кечга томон аёлнинг телефони жиринглади. Қаради: таниш ва қадрдон рақам! Жавоб беришга шошилди. Аммо ардоқли инсони томонидан айтилган узрни жимгина қабул қилди. Унинг уйланаётганини, ўзини "синаб" кўриш истагини, фарзанд кўришга у ҳам ҳақли эканини бир сўз айтмай эшитди. Сўнггида иддао ҳам қилмади, фақатгина фарзанд кутаётганлигини айтди... Эркак қалқиб тушди гўё. Қулоқларига ишонмай қайта сўради - яна эшитди...

Тўй қолдирилди... Жар ёқасидаги оила тикланди. Бахт кемтиги тўлди.

Фарзанд - ришта, дея бежиз айтишмайди!

Хулкарой Абдураҳмонова.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА СОБИТ БЎЛАЙЛИК

(41- сон, 2016й. мулоҳаза)

Омонат дунёда инсон учун яқинларини, дўсту ёрини йўқлаш энг савоб амаллардандир. Аслида халқимиз меҳр-мурувватли, оқибатли халқ. Ҳамиша савоб ишни қилишга ошиқади. Аммо бугун ана шу эзгу ишни вақтида қилмаётган, қилишга шошилмаётганларни кўриб беихтиёр ташвишланасан киши. Қариндош-уруғлар ҳолидан хабар олишлик, ёши улуғлар хизматини қилиб, уларнинг дуоларини олишдек анъаналаримиз гўё унутилиб бораётгандек.

Атрофимизда содир бўлаётган айрим воқеаларга гувоҳ бўлиб ранжиймиз. Ўз отасига қўл кўтарган нобакор фарзанд, онасининг кўнглини оғритиб, тириклигида дийдорига муштоқ қилиб, вафот этганидан кейин эл кўрсин деб дабдабали эҳсонлар қилаётган айрим кишиларни ким деб аташ мумкин!

Ака-ука, опа-синглисидан хабар олишга вақт тополмаётган жигарлар, тобора бегоналашиб кетаётган қариндош-уруғларни кўриб, наҳот улар ҳазрати инсон, ўзбек миллатининг вакиллари бўлса, дея ёқа ушлайсан киши. Афсуски, атрофимизда меҳрдан, диёнатдан, оқибатдан йироқ мана шундай кишилар оз бўлса-да учраб турибди. Бу кабилар ўз ота-онасининг, жигарларининг қадрига етмаяптими, демак, ундай кимсалар юртдошларининг ҳам қадрини билмайди!

 Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бу бемеҳрликнинг илдизи қаерда? Ушбу савол ҳар биримизни чуқур мулоҳаза юритишга ундайди. Унинг негизида, аввало, тарбия туради. Оиладаги илк тарбия қандай бўлса, фарзанд ўша тарбия таъсири билан жамиятга кириб келади. Ўзини, ўзлигини шу тарбия  орқали намоён қилади. Фарзанд тарбиясида эътиборли ва собит бўлиш лозим. Афсуски, катталар орасида ҳам тарбияга муҳтожлар борлигини унутмаслигимиз керак. Ўз аёлига хиёнат қилиб, кўча-кўйда маишатга берилган киши оила, фарзанд қадрини қаердан билсин, ўғлини қандай йўлга солсин?! Ўзига оро бериб, турмуш ўртоғига "бўйсунмай", эгнига очиқ-сочиқ либослар "илган" аёл қизига нима деб танбеҳ беради?! Оиланинг парокандалиги, ота ёки онанинг бемаъни хатти-ҳаракатлари фарзанд тарбиясига салбий таъсир этибгина қолмай, унинг қалбида ҳаётга аламзадалик, инсонларга нисбатан ишончсизлик, бемеҳрлик, каби иллатларнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Миллатимиз ор-номусли, виждонли. Ватанимиз эртаси ориятли, ҳалол, андишали, тарбияли ва юртга садоқат руҳида камол топган фарзандлар билан ёруғ. Шунинг учун ҳам келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизга гўзал тарбия беришга шошилайлик, азиз  юртдошлар.

 Марҳабо АКБАРАЛИЕВА.

"БАҲОР НАФАСИ"ДА ИҚТИДОР ЖИЛОСИ

(41- сон, 2016й. Янги китоб)

Бугун адабиёт майдонига ўз овози, ўз иқтидори билан кириб келаётган, беғубор ҳисларидан чиройли сатрлар тузаётган ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг ҳар бирида ўзгача файз бор.

Нилуфар Турсунбоева Андижон давлат университети қошидаги 4- академик лицейда таҳсил олади. Асли пахтаободлик бўлган ёш ижодкор болалигиданоқ шеъриятга меҳр қўйди. Ёзганлари содда, равон, ўқувчи қалбига тез етиб боради. Ёш иқтидор соҳибаси ҳаётдаги турли воқеа ва манзаралардан илҳомланиб, юрагида кечган ҳис-ҳаяжонларни сатрларга жо этади. Бу сатрлар ниҳоятда тоза ва беғубор туйғуларга бойлиги билан кўнгилга хуш ёқади. Нилуфар Ватанни, унинг бир бўлаги Андижонни

Энг улуғ, энг буюк кошонам - Ватан,

Саждагоҳ билганим остонам - Ватан,

Бобур киндик қони тўкилган макон,

Тупроғинг тўтиё, азиз Андижон,

- дея севади, таъриф этади.

Бу каби ёниқ сатрларни Н. Турсунбоеванинг "Баҳор нафаси" деб номланган мўъжаз китобчасидан жой олган қатор шеърларда учратиш мумкин.  Болаларча беғубор туйғуларни тараннум этган ушбу янги шеърий тўплам шеърият ихлос- мандларига манзур бўлади, деб умид қиламиз.

"Иқбол" газетаси таҳририяти.

 

КОНСТИТУЦИЯ - ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

(41- сон, 2016й. Ҳуқуқшунос минбари)

Бугун мамлакатимизда инсoн ҳуқуқ вa эркинликлaрини ҳимoя қилишнинг кoнституциявий-ҳуқуқий aсoслaри, кaфoлaтлaри билaн бир қaтoрдa унинг тaшкилий мexaнизми ҳам яратилган. Хусусан, Бош қомусимизда жaмият ривoжлaнишининг ижтимoий, иқтисoдий, сиёсий стрaтeгик йўнaлишлaри, бoш-қaрувнинг aдoлaтли вa дeмoкрaтик принциплaри, мaънaвий қaдриятлaримиз aсoслaри мустaҳкaмланган. Мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек: "Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Шу маънода асосий қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Чунки уни ишлаб чиқиш ва муҳокама этишда бутун халқ иштирок этди. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир".

Конституцияни ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларнинг билим ва тушунчаларини юксалтириш, шу орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш ҳуқуқ-тартибот идоралари олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.  Бу борадан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан шаҳардаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида қатор ибратли ишлар олиб борилмоқда.

  Андижон тиббиёт коллежида Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг айрим моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, ўқувчилар ўртасида гиёҳвандликнинг, ўз жонига қасд қилиш, турли ёт ғоялар ҳамда "оммавий маданият" кўринишлари  таъсирига тушиб қолишнинг салбий оқибатлари бўйича  ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида ўтказилган давра суҳбати ана шундай тадбирлардан бири бўлди.

 Тадбирда юртимизнинг ҳар бир фуқароси Бош қомусимиз, унинг асосий тамойилларини яхши билишлари лозимлиги таъкидланди, иштирокчиларга     Конститутциянинг 32-, 103- ва 117- моддаларига киритилган ўзгартишлар ҳақида кенг тушунчалар берилди. Конституциянинг айрим моддалари шарҳлаб берилди. Мaсaлaн, Кoнституциямизнинг 45- мoддaсигa кўрa, "Вoягa етмaгaнлaр, мeҳнaтгa лaёқaтсизлaр вa ёлғиз кeксaлaрнинг ҳуқуқлaри дaвлaт ҳимoясидaдир" деб белгилаб қўйилган. Дaрҳaқиқaт, бoзoр иқтисoдиётигa ўтиш жaрaёнидa aҳoлини ижтимoий ҳимoя қилиш дaвлaт сиёсaтининг устувoр йўнaлишларидан ҳисобланади. Умуман, юртимизда амалга оширилаётган ислoҳoтлaрдан кўзланган асосий мaқсaд, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларга мунoсиб турмуш шaрoитлaрини ярaтиб бeришдан иборат. 

Биз кўпинчa ижтимoий ҳимoя дeгaндa, мoддий ёрдaмни тушунaмиз. Aслидa дaвлaт aҳoлининг ижтимoий ҳимoя мaсaлaлaрини ҳaл этгaндa, дaстлaб ҳaр бир фуқaрoни иш билaн тaъминлaшни нaзaрдa тутaди. Aгaр фуқaрo ўзигa мoс мeҳнaт шaрoитлaригa, ўз эҳтиёжи учун  зaрур бўлгaн мaблaғгa эгa бўлса, унинг ижтимoий фaoллиги oшaди. Бу эсa ҳaр қaндaй  дaвлaт тaрaққиётининг мустaҳкaм кaфoлaти ҳисoблaнaди.

Тaъкидлaш жoизки, мамлакатимиз конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари аниқ-равшан белгилаб берилган.  Инсoн ҳуқуқлaрини таъминлашга oид ана шу нoрмa вa қoидaлaрни ҳaр бир шaxс яхши билиши, бу борадаги бурч ва вазифаларини бажариши, ўз нaвбaтидa, миллий ўзликни aнглaш ҳaмдa ҳуқуқий-демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этиши лозим.

 

Акмалжон ЎРИНБОЕВ, 

 

Андижон шаҳар прокуратураси иш ўрганувчиси.

ИЛFОР АНЪАНАЛАРИМИЗ БАРДАВОМДИР

(41- сон, 2016й.)

Таълим даргоҳимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган, хусусан, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Айниқса, прокуратура, ички ишлар бўлими ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари, отинойилари, намунали оилалар вакиллари, ҳуқуқшунос ва шифокорлар билан ҳамкорликда давомат  барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, шунингдек, ёшларимизнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш мавзуларида ўтказилган тадбирлар ижобий натижалар бермоқда.

Ўтказилаётган тадбирлардаги фаол иштироки, қолаверса, ўқишда, кийинишда, интизом ва давоматда ҳамширалик йўналиши 3- босқич 303- ва 307- гуруҳлар, лаборатория йўналиши 2- босқич 221-, 222- гуруҳ, даволаш профилактика йўналиши 3- босқич 317- гуруҳ ўқувчилари тенгдошларига намуна бўлмоқдалар.

Коллежимизда хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси Муаззамхон Хотамова раҳбарлигида "Ораста қизлар" тўгараги фаолияти ҳам самарали олиб борилмоқда. Тўгарак машғулотларида қизларга оилавий ҳаёт, оиланинг муқаддаслиги, бекалик сирлари, соғлом турмуш борасида кенг билим ва тушунчалар берилмоқда.

Ўқувчиларнинг иқтидор ва қизиқишларини юзага чиқариш, уларнинг фаоллигини ошириш масаласи ҳам доимий эътиборимизда. Шу боис ҳам ўқувчиларимиз турли танлов ва беллашувларда юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда, Жумладан, 2015-2016 ўқув йилида "Ораста қизлар" кўрик-танловининг республика босқичида Муҳаррамхон Ашуралиева раҳбарлигида иштирок этган коллежимиз жамоаси "Энг оқила қиз" номинацияси бўйича ғолиб деб топилди. "Йилнинг энг яхши битирувчиси - 2016" танловининг вилоят босқичида ҳам жамоамиз 1-ўринни эгаллади. Ҳамширалик йўналиши 3- босқич ўқувчиси Муҳаббат Каримова синхрон сузиш бўйича кўплаб мусобақаларда  ғолибликни қўлга киритди.

Коллежимизда гуруҳлар ўртасида ҳам турли тадбир ва беллашувлар ўтказилиши анъанага айланган. Халқаро хотин қизлар байрами арафасида ўтказилган "Коллеж маликаси" танловида лаборатория бўлими 3- босқич ўқувчиси Моҳинур   Рустамова 1-ўринни эгаллади. "Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига менинг туҳфам" мавзусидаги иншолар танловида ҳамширалик йўналиши  2- босқич ўқувчиси Муқаддас Нажмиддинова ғолиб деб топилди. "Маҳалланинг энг ораста қизлари" анжуманининг республика босқичида 5 нафар ўқувчимиз вилоят жамоаси таркибида "Қадриятларни улуғловчи қизлар" номинацияси бўйича ғолиб бўлдилар. Умуман, Мафтуна Олимова (2- босқич), Дилдора Сайфутдинова (2 босқич), Саодат Алимова (3 босқич), Муниса Юлдашева (2- босқич) сингари илғор ва фаол ўқувчиларимиз тенгдошларига намуна бўлмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, коллежимиз жамоаси эришаётган ютуқлар салмоғи йилдан йилга ортиб бормоқда. Ишонч билан айта оламанки, юксак салоҳиятга эга жамоамиз бундан буён ҳам янада юқори натижаларни қўлга киритади.

 

 Дилҳаёт ЖАЛИЛОВ,

коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар буйича ўринбосари.