+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

(40- сон, 2016 й. Шеърият гулшани)

(40- сон, 2016 й. шеърият гулшани)

ВАТАН

Кўзимга тўтиё заррин тупроғинг,

Ифтихорга кўмар дала, тоғ, боғинг.

Минг жоним фидодир шу диёр учун,

Юртим, сени азиз билмайин нечун?!

 

Не-не буюкларни улғайтган диёр,

Бобурларга алла айтган ҳур макон.

Нодира, Зулфияга муҳаббати ёр,

Фахрим менинг озод, ҳур Ўзбекистон!

 

Номинг тилда достон, эркинг муқаддас,

Юксаклардан шонинг порлайди бугун.

Онамдай мўътабар, суюк ҳар нафас,

Юртим, сени азиз билмайин нечун?!

Гулзода САИДАЗИМОВА,

АДУ қошидаги 2- академик лицей ўқувчиси.

 

ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон - бетакрор Ватан,

Гўё порлоқ юлдуз сингари.

Халқим қалби меҳрга маҳзан,

Қадамлайди дадил, илгари.

 

Гўзал қишлоқ, шаҳру вилоят,

Яратгандан юртга иноят,

Ўзига бек бу мағрур миллат,

Қон-қонига сингган матонат.

 

Юрт кўркидир азим Андижон,

Ҳар ҳарфида меҳр илдизи.

Арзир қурбон бўлса азиз жон,

Тинчлигида буюклар изи.

 

Гулмаконим, мангу бўстоним,

Эркинг узра энг бахтиёрман.

Не-не заҳматлардан омоним,

Ўзбекистон, сен билан борман!

Нигора АЪЗАМЖОНОВА.

 

ОРЗУ

Орзулар, хаёллар - ҳаётга мазмун,

Орзулар, албатта, ушалар бир кун.

Орзу ўз манзилин қидирар доим,

Мақсадлар томонга ташлаймиз одим.

 

Ушалмаган орзу бўлади армон,

Кўнгил нолалари гўёки дармон.

Умидлар дилларда яшасин ҳар он,

Орзулар чорлайди бахт-иқбол томон.

 

Менинг орзуларим бутун оламча,

Порлоқ юлдузлар-ла тўлган самоча.

Орзулар чорлайди, қидирар ҳамон,

Саботлар чўққидек доим биз томон.

Нилуфар ТУРСУНБОЕВА,

АДУ қошидаги 4- академик лицей ўқувчиси.

 

МУҲАББАТНОМА

Муҳаббатнинг шаробидан қониб-қониб ичдим мен,

Муҳаббатли кимсаларни жоним бирла қучдим мен,

Риёкорнинг жилвасидан бир умрга кечдим мен,

Меҳрлилар шуъласида жумбоқларни ечдим мен.

 

Олисдаги бобо қуёш боқар жумла-жаҳона,

Билинг, жоним, будир буюк муҳаббатдан нишона.

Кўкда ой ҳам шуъла сочар кундузлардан пинхона,

Муҳаббатдан айро бўлиб, қалбни қилманг ғамхона.

 

Муҳаббатдан яралгандир табиатнинг неъмати,

Муҳаббатдан яралгандир эзгулик марҳамати.

Муҳаббатсиз нодонларга йўқдир унинг ҳиммати,

Меҳр асли табиатнинг энг гўзал инояти.

 

Келинг, дўстлар, муҳаббатнинг машъаласин ёқайлик,

Меҳр тўла кўзлар бирла бу оламга боқайлик.

Муҳаббатсиз кимсаларнинг бағрига ўт ёқайлик,

Алам бирла ёнган чоғи бахтдан тумор тақайлик.

Мавжудахон МАНСУРОВА,

Улуғнор тумани.

 

УСТОЗЛАРИМ

Илм нури ила ёришар йўллар,

Эзгулик ҳайқириб ўзига чорлар.

Йўлидан адашмагай устози борлар

Сиз қалбим тўрида меҳрибон устоз!

 

Қалбга меҳр уруғини сочасиз,

Ниҳол каби қалб куртагин очасиз.

Ҳар қадамда сиздан миннатдормиз,

Сиз қалбим тўрида меҳрибон устоз!

 

Ҳар қалбга улашиб меҳру зиёни,

Оромни билмайсиз, билмай риёни.

Бизга очиб берган илму дунёни,

Сиз қалбим тўрида меҳрибон устоз!

 

Мафтуна ТЎЛАНБОЕВА,

Хўжаобод тиббиёт коллежи ўқувчиси.

 

Кибрга берилманг, дўстлар

Инсонга синов учун берилган ҳаёт,

Бандамиз баъзида адашдик йўлдан.

Билмай ҳаётимиз қиламиз барбод,

Қарсак ҳам чиқарку икки қўлдан.

 

Гоҳо билиб-билмай қиламиз гуноҳ,

Кимга-да ширин сўз этамиз тортиқ.

Қийналсак ўзгадан сўраймиз паноҳ,

Баъзан ўзни ҳаммадан кўрамиз ортиқ.

 

Бойликка, кибрга берилманг, дўстлар,

Инсонни яхшиликка бошламас улар.

Қалбга бу иккиси ўрнашса агар,

Кун келиб бизларни қилади абгор.

Нигора ЮНУСОВА, Асака тумани.

 

УСТОЗ

Сиз Ватандек буюксиз,

Сиз отамдек суюксиз,

Волидамдек куюксиз,

Сизга таъзим, устозим.

 

Мактабимиз ичра дур,

Жуда тафтли қуёш - нур,

Бизга бахшида умр -

Сизга таъзим, устозим.

 

Қанча ёзсам оз сизга,

Сиздай доно устозга,

Нияти пок ҳамрозга,

Сизга таъзим, устозим.

 

Таълим берарлар бизга,

Қанча ўғил-қизларга,

Гул сочилсин изларга,

Сизга таъзим, устозим.

 

Муносиб фарзанд бўламан

Онажон, доим бўлинг соғ-омон,

Сиз-ла уйимиз бўлар нурафшон,

Меҳрингизни ҳис этиб ҳар он,

Сизга муносиб фарзанд бўламан.

 

Эрта-кеч  бошимиз силаган,

Оиламиз мустаҳкам сиз билан,

Дуолар қилиб, бахтлар тилаган,

Сизга муносиб фарзанд бўламан.

 

Қайноқ меҳрингиз тафтин туяман,

Она, сиздан фақат илҳом оламан,

Қайда бўлмай, қалбим сиз билан,

Сизга муносиб фарзанд бўламан.

Мафтуна ИБАЙДУЛЛАЕВА,

Андижон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

 

ҲАЁТ

Адашдим мен, адашиб қолдим,

Ҳаёт деган синов олдида.

Мен ўзимни йўқотиб қўйдим,

Гоҳ телбаман, соқов гоҳида.

 

"Ҳаёт" деган эй, сирли дунё,

Шунчалар ҳам буюкмисан сен.

Бу ҳаётнинг остонасидан,

Тайёр бўлмай нега ўтдим мен?!

 

Синовларинг, имтиҳонларинг,

Пора-пора қилдику қалбни.

Бу ҳаётда ўз йўлим топмай,

Аросатда юрибман энди.

 Салима РУСТАМОВА, Шаҳрихон тумани.

 

УСТОЗ, СИЗГА

ҚИЛАМАН ТАЪЗИМ

Илк бор ҳарфни танитган,

Умрин дарсга сарф этган.

Гоҳида дакки бериб,

Нурли манзилга элтган.

 

Бизлар сизсиз ким бўлардик?

На ҳарфу на тил билардик.

Агар сизлар бўлмасангиз,

Синовларда қоқилардик.

 

Билимингиз гўё дур,

Юзингизда офтоб - нур.

Омон бўлинг доимо,

Сизга минг бор ташаккур.

Абдуллоҳ АҲМАДАЛИЕВ,

Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

 

ОТАЖОН

Қадоқ қўлларингиз юзимга сурай,

Мен учун рўёлар бўлди бегона.

Оппоқ сочларингиз майин эркалай,

Қоронғу зулматлар менга бегона.

 

Астагина шивирлаб қулоғингизга,

Шукроналар айтай борлигингиз-чун.

Отажон, сиз учун кечай жонимдан,

Бошимни қўяйин оёғингизга.

 

Дард келса бир қалқон бўлайин сизга,

Меҳнатингиз оқлай хизматим билан.

Изингизни тўтиё айлайин кўзга,

Юксакка кўтарай ҳурматим билан.

Мадинабону АСЛИДДИНОВА,  Балиқчи тумани.

 

ҲОЛАТ

Кириб келди шохсувор шаҳди бўлак,

Роз айтарму десам йўқ, аҳди бўлак.

Сир бермадим ҳолимдан, боқдим кулиб,

Келса ҳамки бўғзимга минг бор юрак.

 

Қадди басти келишган сарв қомат,

Сарв қадга ярашиқ боқмиш тийрак.

Бу нигоҳлар бунчалар чўғ экан-а,

Осон эмас қошида шундоқ турмак.

 

Сув сўради оҳиста бўлдим ҳайрон,

У дедики: "Ишқингда дил жизғанак".

Моҳи Дилни аҳволин кўринг шу он,

Титраб турган баргми у ё капалак.

Моҳи ДИЛ.

 

ҲАЁТ ВА ЙИЛЛАР

Яна чиқди чароғон қуёш,

Тонглар отди ҳар доимгидай.

Йиллар ўтиб кексайса-да ёш,

Гўё ҳаёт ҳам олдингидай.

 

Гўзаллик тонг шафақларида,

Гуллар чаман, йўлнинг четида.

Дарахт кечар япроқларидан

Гўё олтин ернинг бетида.

 

Эркин ҳаёт, эркин қадамлар,

Кимдир бахтли, ким эса дардли.

Йўллар бошқа, бошқа одамлар,

Бир юрак соф, бириси гардли.

 

Кимдир шошар, вақт-ла ҳамоҳанг,

Кимдир эса шошмай боради.

Кимлар бўлса ташвишдан тажанг,

Бари бир кун ортда қолади.

 

Мадинабону ҲОЖИБОЕВА, Андижон тумани.

 

АНДИЖОННИНГ ҚИЗИМАН

Андижоннинг қизиман,

Нурафшон юлдузиман,

Онажоним таянчи,

Шу Ватаннинг ишончи.

 

Эзгу мақсад ёнимда,

"Билим - кучдир!" ёдимда.

Кун келиб этса насиб -

Юртга бўлай муносиб.                                                           

Зиёдахон АЛИЕВА,

Андижон шаҳридаги 34- умумтаълим мактабининг 7- синф ўқувчиси.

 

БУВИЖОНИМ

Оппоқ, олтин сочингиз,

Бағрингизни очингиз,

Меҳрингизни сочингиз,

Меҳрибоним бувижон.

 

Ибратдир ҳаёт йўли,

Пандга тўла ўнг-сўли,

Дуода икки қўли,

Меҳрибоним бувижон.

 

Бахтга йўллар бизларни,

Гулга кўмар изларни,

Яшанг ошиб юзларни,

Меҳрибоним бувижон.

Муслимабону БУРХОНОВА, Андижон тумани.

 

 РАҲМАТ, СИЗГА МУАЛЛИМ

Қўлимизга қаламни тутган,

Келишимиз интизор кутган,

Гоҳи ҳафа қилсак, унутган,

Раҳмат, сизга азиз муаллим.

 

Зиё берган ҳар бир юракка,

Ҳар ўғил-қиз - юртга тиргакка,

Айлантирган бизни сергакка,

Раҳмат, сизга азиз муаллим.

Лайло ҲОЛИҚНАЗАРОВА,

 

Марҳамат туманидаги 23- умумтаълим мактаби ўқувчиси.

БАРКАМОЛ АВЛОД - ЮРТ ТАЯНЧИ

(40- сон, 2016 й.)

Ўсиб келаётган ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш, иқтидорларини юзага чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш, меҳнатсевар, Ватанга садоқат руҳида улғайтириш, касб-ҳунарга меҳр қўйишларига замин яратиш таълим соҳасининг долзарб вазифаларидандир.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги "Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ва "Баркамол авлод" болалар ижодиёт марказида сифатли таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш мақсадида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида "Баркамол авлод" болалар ижодиёт марказлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Асака туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфидаги "Баркамол авлод" болалар маркази ўқувчи ёшларнинг   дарсдан бўш вақтларини намунали ва мазмунли ташкил этиш, дам олишларини тўлақонли амалга ошириш, иқтидорларига қанот бериш, уларнинг фаоллигини оширишга кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Марказда 2015-2016 ўқув йили давомида 20 йўналишдаги тўгаракларда 540 нафар ўқувчи бадиий, амалий санъат, экология, ўлкашунослик, техник ижодкорлик борасидаги қизиқишларини мустаҳкамлаб бордилар. Марказга тумандаги қатор мактаблар ўқувчилари жалб қилинган.

Ўқувчи ёшларнинг бўш     вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг фаоллигини тўғри йўналтиришга кўмаклашиш мақсадида "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Камолот" ЁИҲ туман бўлимлари билан ҳамкорликда турли йўналишда оммавий тадбирлар ўтказилиб келинаётгани ҳам ижобий натижалар бермоқда. Турли танловлар, беллашувларда марказ ўқувчилари муваффақиятли иштирок этиб, кўплаб ютуқларга эришмоқдалар. Хусусан, "Камалак юлдузлари - 2015" фестивалининг вилоят босқичида "Ёш мусаввир" тўгараги аъзолари Сайдулло Абдумаликов ва Жамшид Холқўзиевлар, "Ёш журналист ва нотиқ" тўгараги аъзолари Мадина Раҳмиддинова, Саиджаҳон Қосимхўжаевлар фаол қатнашиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Бундан ташқари, "Ёш журналист ва нотиқ" тўгараги аъзоларидан Диёра Муҳаммаджонова, Ўғилой Қурбонова, Билолиддин Раҳмонов, Зуҳра Маҳаммадова, Омина Норматова каби иқтидорларнинг ижодий ишлари "Асака ҳаёти", "Адолат ёғдуси", "Иқбол" рўзномаларида тез-тез чоп этилаётгани уларнинг истеъдодлари қўллаб-қувватланаётганининг нишонасидир.

Турли тадбир ва танловларнинг мунтазам ўтказилаётгани ёш иқтидорларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишларига кенг имкониятлар яратимоқда.

 Моҳида ҲОЖИЕВА,

Асака туманидаги "Баркамол авлод" болалар ижодиёт марказининг тўгарак раҳбари.

ЧЕТ ТИЛЛАРИНИ ЎРГАНИШ - ЗАМОН ТАЛАБИ

(40- сон, 2016 й.)

Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасида норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилган янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Бу борада  яқиндагина қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, таълим-тарбия йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонуни ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури", Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам соҳадаги ислоҳотлар изчил давом этаётганлигининг намунасидир.

Барча жойларда бўлгани каби Хўжаобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ҳам ёшларнинг пухта билим олишлари, ахборот-коммуникация технологияларини пухта ўзлаштиришлари, замонавий касб-ҳунар, хорижий тилларни мукаммал билишлари учун барча имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида кўплаб ёшларимиз муайян мутахассислик бўйича таълим олиш билан бирга, чет тилларини ҳам пухта ўрганмоқдалар. Жумладан,   инглиз тили дарслари махсус лингафон хоналарида илғор педагогик технологиялар, мультимедия дастурлари, электрон дарсликлар, турли кўргазмали қуроллар, аудио-видео дастурлар асосида ўтилади.

Мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятларнинг барчаси уларнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган инсон ва ўзлари танлаган соҳанинг етук ва малакали мутахассислари бўлиб етишишларига замин яратади.

 

Ойдиной ҚЎЛДОШЕВА,

Хўжаобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар

 

коллежи ўқитувчиси.

ФИДОЙИЛИК НАМУНАСИ

(40- сон, 2016 й. 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни)

Турдихон Қораболаева асли булоқбошилик. Болалигидан педагог бўлишга қизиқди. Тумандаги 20-умумтаълим мактабини тамомлагач, Андижон тиббиёт билим юртида таҳсил олди.

Ўқишни тугатиб, туман юқумли касалликлар шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлади. Аммо қизиқиш барибир уни тинч қўймади. Биология фанига бўлган иштиёқи Фарғона давлат педагогика институтига етаклади. Омади бор экан - талаба бўлди. Олийгоҳда ўқиб юрган кезларидаёқ интилиши, тиришқоқлиги, жамоат ишларидаги фаоллиги билан устозлари эътиборини қозонди. Ўқишни тамомлаб, йўлланма билан Бўз туманидаги 16- умумтаълим мактабига ишга келди. Бу даргоҳда унга тажрибали педагог Лазокатхон Абдусаломова устозлик қилди - ўқувчиларни дарсга қизиқтира билишни, ҳар бир мавзуга ўзгача ёндашишни, жамоа билан ишлашни ўргатди. Янги мутахассис тез орада интизоми, интилувчанлиги, хушмуомаласи, меҳнатсеварлиги билан ҳамкасблари орасида ҳурмат топди. Келин қилиш ниятида Булоқбошига қатнаган совчилар кўп бўлди. Бироқ устози Лазокат опа баридан чаққон чиқди, уни ўғли Аҳмаджонга унаштириб келди. Тўйдан кейин ҳам Турдихон уйда қайонаси, ишда устози бўлган Лазокат опадан ҳам турмуш, ҳам педагоглик сирларини ўрганиб борди.

Турдихон Қораболаева талабчан устоз сифатида шаклланди. Кейинроқ мутасаддиларнинг таклифи билан Бўз тиббиёт коллежига ишга ўтди. Бу ерда ҳам етук мутахассис сифатида ўзининг истеъдод қирраларини намоён этди.

-      Педагог қай жойда ишламасин, у ўзига керакли ва ўқувчилар учун фойдали соғлом муҳитни ярата олиши керак, - дейди Турдихон Қораболаева. - Тарбиянинг илк ўчоғи оила бўлса, кейинги босқичда биз ўқитувчилар катта масъулиятни елкамизга олишимиз лозим. Ўқитувчи фақатгина билим берибгина қолмасдан, ўқувчиларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол қилиб тарбиялай олиши ҳам муҳим. Шундагина ўз вазифасига тўлақонли ёндошган бўлади.

Бўз тиббиёт коллежида ўқувчиларга биология, анатомия, генетика фанларидан сабоқ бериб келаётган жонкуяр устоз жамоат ишларида ҳам фаол, ҳамкасбларига илғор тажрибаси, ташаббускорлиги билан ўрнак бўлиб келмоқда. 2011 йилда "Йил ўқитувчиси" кўрик-танловининг туман, вилоят босқичларида ғолиб бўлиб, республикада вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди ва фахрли 1- ўринга сазовор бўлди. 2013 йил ўқитувчининг ҳаёти ва иш фаолиятида муҳим йил бўлиб қолди. Ўша йили фидокор устоз Т. Қораболаева "Ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочиси" нишони ва вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Меҳнат қилган элда азиз, деб бежиз айтмайдилар. Оиласида хотиржам, бахтли инсонгина жамиятга нафи тегади, яйраб меҳнат қилади ва унинг ортидан ҳурмат топади. Турдихон опа ҳам қизи Гулдаста ва ўғли Абдуғофурларнинг, набираларининг  камолидан, бахтидан куч олиб, ишдаги чарчоқларини унутади. Улар билан ютуқларини баҳам кўради.

Орамизда Турдихон Қораболаева сингари фидойи устозлар бор экан, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод тарбияси борасидаги ишлар фақат ижобий натижалар беради. 

 

Зилола РАҲМОНОВА.

ОРАСТА, ОҚИЛА ҚИЗЛАР ҲАЁТИМИЗ КЎРКИ

(40- сон, 2016 й.)

Мактабимизда 50 нафарга яқин хотин-қизлар меҳнат қилади. Уларнинг иш шароитларини яхшилаш, нафақат ишда, балки оилаларида юзага келаётган айрим муаммоларни бартараф этишда уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. 

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида опа-сингилларимизнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловнинг вилоят босқичида "Энг намунали умумтаълим мактаби хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси" номинацияси ғолиби бўлдим.

"Ораста қизлар" тўгарагига мактабимизнинг юқори синф ўқувчилари тўла жалб этилган. Ҳуқуқшунослар, шифокорлар, катта ҳаёт тажрибасига эга онахонлар иштирокида ўтказилаётган тўгарак машғулотларида қизларимизга орасталик, пазандалик, оиланинг муқаддаслиги, соғлом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда. Қизиқарли учрашув ва давра суҳбатлари ёшларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ёрдам бермоқда. Шу боис ҳам, тўгарагимизда фаол қизлар сафи тобора ортиб бормоқда. Улардан бири Мадинабону Қобулова "Ораста қизлар" кўрик-танловининг туман, вилоят босқичларида (Ораста қизлар» жамоаси билан 1-ўринни қўлга киритди, танловнинг республика босқичида ҳам жамоа таркибида "Энг фаол ўқувчи қиз" номинацияси ғолиби бўлди.   

Қизларимизни ҳаётда ўз ўрнини топа оладиган даражада билимли, ҳунарли, юксак маънавиятли, гўзал одоб-аҳлоқ соҳибаси этиб тарбиялаш бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари, айниқса, биз педагогларнинг зиммасидаги муҳим вазифадир. Шу боис, мазкур йўналишдаги ишларни тизимли олиб бориш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз. Хонадонларимиз, жамоамиз кўрки бўлган оқила ва ораста қизларимиз сафи кўпаяверсин.

Шаҳодатхон ҲАКИМОВА,

Хўжаобод туманидаги 26-умумтаълим мактаби хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

ОДАМЛАРГА НАФИМ ТЕГСА ДЕЙМАН

(40- сон, 2016 й.)

- дейди Узун кўча маҳалла фуқаролар йиFини бошланFич хотин-қизлар ташкилоти раиси Неъматхон Йўлдошева.

Қарийб қирқ йил таълим соҳасида меҳнат қилдим. "Халқ таълими фидойиси", "Халқ таълими аълочиси" нишонлари, бир неча бор вилоят, республика хотин-қизлар қўмиталарининг "Ташаккурнома"ларига сазовор бўлганман. Фаолиятим давомида шу нарсага амин бўлдимки, мустақил юртимизда  хотин-қизлар меҳнати, уларнинг истеъдод ва интилишлари эътироф этилиб, ҳамиша қадр ва эъзоз топади.    

 Маҳаллада тўрт йилдан буён жамоатчилик асосида ишлаб келаман. Ўтган ана шу давр мобайнида фаоллар билан биргаликда туман хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлигида маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, оилавий ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, ёш қизларга ҳунар ўргатиш билан боғлиқ қатор йўналишларда самарали ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, тўй ва бошқа маросимларни ихчам ва камчиқим ўтказиш, фарзанд тарбияси борасидаги ишларимиз ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Жорий йилда 28 нафар қизларимиз коллежларни тамомлади. Улардан 8 нафари олий ўқув юртларида таҳсилни давом эттирмоқда. Қолган қизларимизни  ишга жойладик.

Шифокорлар, ҳуқуқшунослар, эл-юрт ҳурматини топган онахонлар иштирокида ўтаётган "Ораста қизлар давраси" тўгараги машғулотларида қизларимизга оилавий ҳаёт, орасталик, пазандалик, соғлом турмуш тарзи, эрта турмуш, шунингдек, турли иллатлар, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг маълумотлар берилмоқда.  

Жорий йилда "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" шиори остида ўтказилган "Энг намунали   бошланғич хотин-қизлар ташкилоти" кўрик-танловининг туман ва  вилоят босқичида совриндор бўлдим. Ҳозирда танловнинг республика босқичига қизғин тайёргарлик кўряпман.

 

Ҳаётда менинг қатъий шиорим бор: "Ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат олға интилиш керак, хайрли ва эзгу ишларим билан эл-юртга, одамларга нафим тегса  дейман".  Шу боис, маҳалла ишида фидойи бўлишга, имкон қадар опа-сингилларимизга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Истагим: ҳар бир аёл оилада, жамиятда қадр ва эъзоз топсин.   

ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗ ҲАМИША СОFЛОМ БЎЛСИН

(40- сон, 2016 й.)

Аёл - энг аввало, она. У     соғлом бўлсагина, соғлом наслни дунёга келтиради. Оқила, билимли аёл фарзандларини ҳам одоб-аҳлоқли, гўзал хулқли қилиб тарбиялайди. Шу боис ҳам, фаолларимиз билан бирлашмамиз тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида меҳнат қилаётган 912 нафар хотин-қизларнинг маънавиятини юксалтиришга, ҳамкасб опа-сингилларимизнинг  ўй-фикрлари, уларни қандай муаммолар қийнаётганлигини билишга, уларга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

Кейинги йилларда бирлашмамиз тасарруфидаги марказий шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда 17 та қишлоқ врачлик пунктининг қиёфаси тубдан яхшиланди, моддий-техника базаси мустаҳкамланди.

Марказий поликлиникамизда дастур доирасида қарийб 2 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 3 қаватли бино бутунлай янги қиёфага эга бўлди. Иситиш тизими тўла янгиланди. Ташхис хонаси, қон ва бошқа турли таҳлиллар олинадиган махсус лаборатория замонавий андозалар асосида ташкил этилиб, қиймати 200 миллион сўмлик илғор хорижий тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди.  Натижада кунига 250 нафар беморни қабул қилиш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур барча шароитлар яратилди.

 Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фертиль ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Турли хасталиклар аниқланган аёллар ва қизлар        соғломлаштиришга жалб этилди. Айниқса, шифокорларимиз томонидан маҳаллалар, таълим муассасаларида ўтказилган   тарғибот-тушунтириш ва профилактик тадбирлари оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга, турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олишга катта ёрдам бермоқда. Қолаверса, аҳоли ва ёшларнинг соғлом турмуш тарзи, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари хусусидаги билим ва тушунчаларини бойитмоқда.

Бундан ташқари, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш,  тиббий кўрик оила  мустаҳкамлиги, соғлом авлодни дунёга келтиришда нечоғлик муҳим ва аҳамиятли эканлигини тушунтириш борасида ҳам     муайян ишлар олиб борилмоқда. Натижада кейинги пайтда турли хасталиклар келиб чиқиши туфайли оилалар ўртасидаги ажралишлар қайд этилмади.

Қайсики оилада, жамоада тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик,  маънавий муҳит, покизалик, ўз соғлигига эътибор бўлса, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилинса, ўша ерда саломатлик ҳам бўлади. Ана шундай муҳитда яшаётган опа-сингилларимиз хасталик нималигини асло билмайдилар. Тилагимиз, ҳар бир аёл ўз хонадонида ана шуларга қатъий амал қилсин, ҳамиша соғлом бўлиб, соғлом ва баркамол фарзандларни  тарбияласин.

Раънохон ҚОДИРОВА,

 

туман тиббиёт бирлашмаси хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

ОИЛАДА, ЖАМИЯТДА ХОТИН-ҚИЗЛАР МАВҚЕИ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ

(40- сон, 2016 й.)

Хотин-қизларнинг оилада, жамиятда тутган ўрни беқиёс. Оқила, гўзал аёлларимиз ўзларининг меҳрибон ва ғамхўрлиги билан оилада, қолаверса, бутун жамиятда поклик, самимият ва адолат муҳитини барпо этадилар.

Аёлларимиз бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади. Шу билан бирга, миллатимиз давомчилари бўлган фарзандларимиз қалбига Ватанга муҳаббат, садоқат, одамийлик туйғуларини сингдирадилар.

Мустақиллик шарофати билан юртимизда хотин-қизларга бўлган эътибор, ғамхўрлик янада ортди. Бу эса аёлларимизнинг эркин меҳнат қилиб, иқтидор ва салоҳиятларини тўла намоён этишлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

Мен, аввало, аёл маънавияти ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Ҳар бир аёл у зиёлими, ҳунарманд, ишчими, ким бўлишидан қатий назар, юксак маънавиятга эга бўлиши керак. Негаки, маънавиятли аёл ўзи яшаган хонадоннинг, меҳнат жамоасининг кўзгуси бўла олади. Бундай аёллар тарбиялаган фарзандлар ҳам албатта, эл-юрт, жамият учун керакли инсонлар бўлиб камол топдилар.

Мамлакатимизнинг биринчи Президенти ташаббуси билан жорий йилимиз "Соғлом она ва бола йили" дея номланди. Бунинг замирида жуда катта маъно бор. Йил дастур ижросини таъминлаш мақсадида  туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан хотин-қизларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Жумладан, "Спорт - саломатлик ва гўзалликдир", "Отам, онам, мен - спортчи оила", "Биз ақл-идрокли оиламиз" деб номланган спорт мусобақалари ўтказилди. Ушбу мусобақаларда уй бекалари, ташкилот ва муассасаларнинг ишчи-хизматчи аёллари фаол иштирок этди.

Ёш қизларимизни билимли, касб-корли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, эрта турмушнинг олдини олиш, хотин-қизлар ўртасида турли нохуш ҳолатларнинг юз беришига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллаларда кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга кайвони онахонлар иштирокида давра суҳбатлари, мулоқотлар ўтказилди. Бундан   ташқари, «Янгичек» маҳалласи ҳудудидаги Мингбулоқ қишлоқ врачлик пуктида "Саломатлик сектори" фаолияти бўйича ўтказилган вилоят семинарида сектор аъзоларининг тумандаги қишлоқ врачлик  пунктлари шифокорлари ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида олиб бораётган ишлар ижобий баҳоланди.

Тумандаги туғиш ёшидаги аёлларнинг 85 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилди. Турли касалликлар аниқланган аёллар соғломлаштиришга жалб этилди. 35 мингдан зиёд 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.

Қўмитамиз томонидан ташкил этилган «Аёллар маслаҳат маркази» ҳам ҳайрли ишларни амалга оширмоқда. Марказнинг «Қайноналар мактаби», «Ёш оилалар билан ишлаш», «Руҳшунос»  ҳамда «Ҳуқуқшунос аёл» жамоатчилик марказлари мутахассислари шу кунгача 200 нафардан зиёд фуқароларни қабул қилиб, имконият даражасида уларнинг муаммоларини ҳал қилиб, керакли маслаҳат ва тавсиялар бордилар. Уларнинг бевосита кўмаги билан жуда кўп аёллар ва оилаларнинг муаммолари ҳал этилди.

Тумандаги мавжуд касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактабларининг ўқувчи қизлари иштирокида "Маънавиятга таҳдид - келажакка таҳдид", "Одам савдоси - аср муаммоси" мавзусидаги учрашувлар доирасида намойиш этилган "Биз диний экстремизм, терроризмга қаршимиз!" деб номланган саҳна кўринишлари орқали уларнинг мавзу доирасидаги билим ва тушунчалари янада бойиди.   

Кекса ва нуроний онахонларимиз ҳаётимиз кўрки. Уларни ҳар қанча эъзозласак ярашади. Туманимизда ҳам юз ёш билан юзлашган тўрт нафар онахонимиз бор. Уларни зиёрат қилиб, ҳаёт йўллари ҳақида ёшларга ҳикоя қилиб бериш ниятида "Юз билан юзлашганлар" учрашувини ташкил этдик.

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишларда туманимиз аёлларининг ҳам салмоқли ҳиссасалари бор, албатта. Улар қайси жабҳада бўлмасин, ўз иқтидор ва тажрибалари асосида иш олиб бормоқдалар, ютуқларга эришмоқдалар. Бу борада жойлардаги бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари фаоллари томонидан олиб борилаётган ибратли ишларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Тумандаги Узун кўча маҳалласи, 26-умумтаълим мактаби ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси бошланғич хотин-қизлар ташкилотининг раислари Неъматхон Йўлдошева, Шаҳодат Ҳакимова ва Раънохон Қодировалар "Энг намунали   бошланғич хотин-қизлар ташкилоти" кўрик-танловининг туман, вилоят босқичларида ғолиблар қаторида жой олдилар.

Айни кунда туманимизда 55 минг нафарга яқин хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг  ҳунармандчилик, тадбиркорлик борасидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш орқали турмуш шароитларини яхшилаш, жамиятда, оилада ўз ўринларини топишларига эришиш қўмитамизнинг бош мақсадидир.

 

Маъмурахон АБДУЖАББОРОВА,

Хўжаобод тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Вниманию строительных организаций

Узбекско-корейское совместное предприятие «Уз Донг Янг Ко»  города Андижана объявляет тендерный конкурс на проведение строительных работ по обновлению крыши производственного здания профнастилом.

Адрес: город Андижан, ул. Индустриальная, 4. Телефоны для справок: 99871 150-32-32, 99871 150-42-42.

 

Заявки строительных организаций на участие в тендерном конкурсе принимаются до 20 декабря текущего года. 

Услуги лицензированы.

"ЁМОН ҚАЙНОНАДАН ҚЎРҚАМАН..."

(Турмуш чорраҳаларида)

"Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят ижодкорлари! Ўзим олий маълумотлиман, давлат ташкилотида ишлайман. Ота-онам ризолиги билан узоқроқ қариндошимиз бўлган йигитга унаштирилдим. Тенгдошларим аллақачон узатилган, болалари мактаб-боғчага қатнайди. Мен таҳсил ва иш билан бўлиб кечроқ турмушга чиқяпман.

Гап шундаки, дугоналарим ёки маҳалладош келинчаклар билан гаплашиб қолсам, мавзу оила масалаларига тақалса, албатта, ғийбат "қаҳрамони" қайноналар бўлади. Шу пайтгача бирор марта бирорта келиннинг қайнонасидан рози бўлганини эшитмадим. Кимдир "иссиқ-совуқ қилиб, эрим иккаламизнинг муносабатларимизни бузишга уринади" дейди, яна бири "икки гапнинг бирида ўғлимга онаси ўпмаган қизни олиб бераман дейди" деб нолийди, бошқалари "ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ бўлиб қолдим", дейди.

Хуллас қайнона деганда зуғумкор, золим аёл кўз олдимга келади. Аммо бўлажак қайнонамни танийман, жуда ҳалима, беозор инсон. Дугоналарим бўлса, "уйига оборгунча беозор бўлади, тўйдан кейин сенга зуғумни бошлайди" дейишяпти. Ҳамма қайноналар ёмон бўладими? Қайнонанинг яхшиси йўқми? Мен қайнонам билан душман бўлиб бир уйда яшашни хоҳламайман. Наҳотки, қайноналар келинчакнинг бахт ҳақидаги орзуларини пучга чиқарадиган бағритош бўлса?

Ҳурмат билан Нодира".

Таҳририятга шундай мазмунда мактуб келди.

Ушбу мактубга вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар мактаби" уюшмаси раиси Илтифотхон Болтабоева ўз фикрини билдириб, келин бўлгувчи қизга ўзининг қуйидаги маслаҳатларини берди:

- Йўқ, сиз ўйлаганчалик ҳамма қайноналар бағритош эмас. Қайноналар ҳам, аввало инсон, қолаверса она. Уларнинг ҳам мақсад-муддаоси- фарзандининг бахтини кўришдир. Қайноналар икки тоифага бўлинади: бир тоифадагилар тадбиркор, мулоҳазали бўлса, яна бир тоифадагиси тажрибасиз, мустақил фикрга эга бўлмаган, ғўр қайноналар. Қайсидир дугонангизнинг қайнонаси золим чиққани ёки қўшни келинчак қайнонасининг дастидан зулм чеккани бу сиз ҳам шундай азобларни бошдан кечирасиз, дегани эмас! Ҳар кимнинг ўз ҳаёти, ўз тақдири бор. Қайнонангиз билан тил топишиб, она-бола бўлишингиз кўп жиҳатдан ўзингизга боғлиқ.

Шу ўринда Сизга ва турмушга чиқиш арафасида турган қизларимизга келинлик ҳаётларида асқотиши мумкин бўлган қуйидаги тавсияларни ҳавола этаман:

1. Ҳеч қачон қайнонангиз олдида билағонлик қилманг! Агар қайнонангиз берилиб сизга бир нарсани ўргатаётган бўлсаю, сиз аввалдан буни билсангиз "Ўзим биламан" деб маҳмадоналик қилманг! "Катта раҳмат, ойижон, худди сиз ўргатганингиздек қиламан!" дейиш билан бирор жойингиз камаймайди, шунда қайнонангизга манзур бўласиз.

2. Эрингизга онасига сездириб эътибор берманг! Онангиз ўргатган нарсаларни қайнонангизга мақтаманг! Билганларингиз дунёга сиғмаса ҳам, ўзингизни гўё келинлик уйингизда ҳамма нарсани ўргангандек тутинг. Керак бўлса, чой дамлаганда ҳам қайнонангизда маслаҳат сўранг. "Ойижон, қандай дамласам, чойим худди сизникидек хушхўр бўлади?" деган савол билан қадрингиз пастламайди. Аксинча, қайнонангиз уни ҳурмат қилишингизни билади.

3. Ҳеч қачон, хоҳ эрингизнинг қўни-қўшниси, хоҳ қизлик уйингиздаги қўшнилар ё дугонангиз, ҳатто онангиз, опа-синглингизга ҳам қайнонангизни ёмонламанг. Ўша аёл сизнинг қайнонангиз, сиз унинг меҳнатлари, машаққатлари эвазига кенг уйнинг келинчаги бўлиб юрибсиз. Қолаверса, қайнонангиз сизга жондан бунёд бўлган ўғлини ишониб бериб қўйган. Эрингизга севимли бўлишни истасангиз, унинг қариндошлари, айниқса онасига севимли бўлинг!

4. Янги оила аъзоларингизнинг қизиқишлари, нимани ёқтириб, нимани хуш кўрмаслиги билан қизиқинг. Қайнонангизни янги оилангизда ўзингизга яқин сирдош, ҳатто эрингиздан ҳам яқин одам деб билинг. Бахтли бўлишни истасангиз, қайнонангизни ўзига мақтаб туринг. Ҳеч қачон қовоқ уйманг, ўзингизни бегонадек тутманг.

5. Эрингиз ва унинг жигарлари қайнонангизнинг жону жаҳони, бутун борлиғи! Айниқса, янги оилангизда узатилган қизлар бўлса, уларга меҳрибон бўлинг. Уийнгизга меҳмон бўлиб келганларида қайнонангиздан улар яхши кўрадиган таом ва ширинликларни сўраб олиб, чиройли меҳмон қилишни канда қилманг. Қайнонангизни меҳр-муҳаббатини қозонишн истасангиз, у яхши кўрган инсонларга меҳрибон бўлинг, ҳурмат-иззатини жойига қўйинг.

Унутманг, бахт сизни излаб келмайди, унга йўл топиб ўзингиз борасиз. Бахтли бўлишни ният қилдингизми, унда майда гап-сўзларга аҳамият берманг. Бахт - чеҳраси очиқ, хушрўй, табассуми гўзал ва меҳрибон инсонлар атрофида парвона бўлади. Кўнглингизда чексиз меҳр-муҳаббат бўлса, сиз, албатта, бахтли бўласиз!

СОЛИҲА тайёрлади.