+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

27 Окт 2016

ЯЛТИРАГАН БАРЧА НАРСА ҲАМ ЗАР БЎЛАВЕРМАЙДИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(44-сон, 2016 й.)

ёхуд оҳори тўкилаётган самимият

Тилингни тарбия қилишдан аввал дилингни тарбия қил. Чунки сўз тилга дилдан чиқиб келади.

Жалолиддин РУМИЙ.

 

Йўналишли таксидамиз. Йўловчи аёлнинг телефонига қўнғироқ бўлди. Аёл бир муддат телефон экранига қараб турди-да, сўнг овозига сохта қувноқлик индириб гўшакни кўтарди:

- Ҳо, лаббай? Ва алайкум ассалом, Дилфузахон. Ҳа, раҳмат, биз яхшимиз, ўзингиз омонмисиз? Уйдагилар саломатми? Вой ўзим ўргилай,  хурсандман. Ҳа... Вой, узр, ўзим ҳам шу кунларда сизга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб тургандим. Иш кўпайиб, денг... Майли, ҳалироқ сизга қўнғироқ қиламан. Майли, гаплашамиз.

Аёл бир дақиқалик суҳбатда шундай самимият билан гапирган бўлса-да, алоқани узгандан кейин атрофда бегоналар бор демасдан ҳақиқий башарасини кўрсатди. Ёнида ўтирган қизига  ўгирилиб, "Жонимга тегди, амманг обориб берган пардаларимни тикдингизми, деяпти. Ҳозир тўй сезони бўлса, пулли ишларни қўйиб, текинга сенинг пардангни тикаманми?! Шошилмай ўлсин, кейинроқ, иш камайганида тикилар ўша зормандалар!" деганди боягина оғзидан "бол томиб"  айтган гаплари сохта эканлиги кундай равшан бўлди.

Бу ҳолатга кимдир эътибор берди, кимлардир эса йўқ. Юзимдаги аччиқ кулгуни бировга кўрсатмаслик учун юзимни дераза томонга ўгираман. Ҳамма ўз хаёллари билан банд. Мен ҳозиргина ўзим истамасам-да, гувоҳи бўлганим суҳбатни ўйлаб, шоирнинг    қуйидаги сатрлари хаёлимга келади:

Туйғуларнинг оҳори тўкилиб боряпти,

Меҳрнинг ранги униқиб боряпти.

Назаримда кейинги пайтларда одамлар ўртасидаги самимият, меҳр-оқибат кўтарилиб бораётгандай. Албатта, бу менинг шахсий қарашларим. Ҳаётий кузатишларимдан меҳр-муҳаббат, самимият, ўзаро ишонч, яхшилик каби беназир туйғуларни тоғга қиёсласак, ўша тоғларнинг гўё нураб бораётгани қалбимга оғриқ солади.

Кейинги пайтларда кўпчилик юзаки, сохта "ширин" сўзларни айтишга, эшитишга кўникиб бормоқда. Сохта муомала-муносабат ҳаётимизда одатий холга айланиб бораётгандай.

-      Бу ҳолатлар айниқса, ижтимоий тармоқларда кўп кузатиш мумкин, - дейди вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова. - Тармоқлардаги мулоқотларда менталитетимизга мос бўлмаган,   соҳта, чиройли, лекин меҳр-муҳаббатдан йироқ муносабатларга гувоҳ бўламиз. "Яхши сўз садақадир" дейилади ҳадиси шарифда. Яхши сўз қалбдан чиқиши, қалбга етиб бориши, эгасини ҳам, эшитганни ҳам бахтиёр қила олиши керак. Афсуски, ўзаро мулоқотларда бир-бирларига ширин гаплар гапириб, йўқлигида унинг ғийбатини қилиб, бўҳтону туҳматлар ёғдираётган кишилар ҳам орамизда йўқ эмас. 

* * *

Ҳаётимизда глобал муаммолар, ечимини кутаётган кўплаб масалалар турганида сўзлашишда сохталик, муомала-муносабатдаги носамимийлик ҳақида гапириш кимларгадир эриш туйилар. Бироқ шуни унутмаслигимиз керакки, бу масала инсон маънавияти, аҳлоқ-одобининг бир кўриниши, қолаверса, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод тарбиясида жуда муҳим жиҳат эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.

Ҳазрат Навоий:

Сўзки, жон гулшанида келди насим,

Бал кўнгул баҳри ичра дурри ятим.

Яъниким, "Сўз жон гулшанининг муаттар насими, ҳатто кўнгил денгизининг бебаҳо   гавҳаридир" дейди сўз мулкининг султони. Даҳолар сўзга, кўнгил сирига ҳарис бўлишликни, меҳр-оқибат, самимиятни тил учида эмас, амалда, хатти-ҳаракатларда ифода этишлик зарурлигини ўгит қиладилар. Демак, тил, сўз, муомала каби инсоний фазилатларни аён қилувчи ижтимоий мулоқотлар билан боғлиқ муаммолар ҳар қандай улкан муаммолардан ҳам муҳимроқдир. Ахир, инсонликнинг ботинида атрофга, одамларга, борлиққа бўлган муҳаббат ва оқибат ётмайдими?!

Муҳаббатнинг ҳам, нафратнинг ҳам ҳақиқийси нигоҳларда, ҳаракатларда амал топади. Демак, бор бўй-бастимиз, ҳис-туйғуларимизу амалларимизда сохталикдан йироқ бўлишга уринайлик.

Болажонларимизни ҳам ортиқча ширин сўзлар билан эркаламаганимиз маъқул. Чунки халқимизда фарзанд тарбияси борасида ҳеч қачон эътиборсизлик, сохта самимият бўлмаган.

- Отам бизни ҳеч қачон ширин сўзлар билан эркаламаган, онам ҳам бирор марта "асалим", "жоним" дея бизни ортиқча эркаланишимизга йўл қўймаган, - дейди таълим фахрийси, таниқли ижодкор Мунаввара Тиллабоева. - Болалигимни эсласам, отамнинг жиддий қиёфалари, онамнинг самимий нигоҳлари кўз олдимга келади. Қаттиқ урушмасдилар, бизни ҳеч қачон ҳақорат қилиб сўкмаганлар. Аммо бирор ишимиздан норози ёки мамнун бўлсалар, шундоқ нигоҳларидан сезар эдик. Шунинг учунми, муносабатларимизда ҳурмат деган девор бор эди. Ҳануз, ҳатто отам вафот этган бўлсалар-да, суратларига тик боқишга андиша қиламиз. Ёшимиз бир жойга бориб қолганида ҳам, онамизга ҳам узил-кесил фикримизни билдиришга ийманар эдик. Чунки орада эҳтиром, ҳурмат "онам нима деркин?" деган андиша бор эди. Балки биримиз она,  бошқаларимиз оталик мақомида бўлсак-да, ҳалигача ота-онамиз учун "гўдак" эканимиз меҳру қаҳрнинг пинҳонини англаганимиз шарофатидир? Билмайман, бугунги кунга келиб  халқимизга хос мана шундай тарбияни фарзандларимизга қай даражада бера оляпмиз? Кундалик ҳаётимизда ҳаддан ташқари эркалашларимизга ўрганиб улғаяётган    фарзандларимиз бирор ножўя иш қилиб қўйганда, ҳатто билдираётган оддий танбеҳимизни ҳам малол олиш ҳолатларига дуч келаётганимиз бу тарбиядаги нуқсонимиз эмасмикан?  Бундай бўлишига ким айбдор? Албатта ўзимиз! Тарбияни тўғри олиб бормаслигимиз оқибатида бугун айрим ёшларимиз сиркаси сув кўтармайдиган бўлиб ўсмоқда.

* * *

... Биз кўп айтдик, кўп такрорладик - асл ҳислар, чинакам дардлар самимий бўлсагина, қадрли бўлади. Тилга кўчган ҳурмат, эҳтиром, муҳаббат, оқибат, самимият борки, моддиятга айланади. Бир қаранг, замондош, осмонни, юлдузларни, қуёшни, табиатни, дову дарахт, гулу гиёҳ, бутун мавжудодни ҳар куни кўрамиз. Кўрганимиз сари уларга қизиқмаймиз. Улар ҳақида ўйламаймиз. Кундузи қуёш чиқади, тунда юлдуз кўринади, ернинг устида осмон бор ва ҳоказо... Кўзимизга кўринмайдиган, мавҳум нарсаларга эса қизиқамиз. Уларни билишга, ўрганишга интиламиз. Умуман олганда, ҳар нарса сири, ҳайрати билан гўзалдир. Сири бўлмаганнинг ҳайрати, ҳайрати бўлмаганнинг қиймати қайдан бўлсин!? Қалб тубидаги туйғулар ҳам, сўзлар ҳам шундай. Эҳтиром ва муҳаббат, қадр ва самимият, оқибат сингари тушунчалар шу қадар сирли бўлсинки, ҳар бир инсон ана шу нарсага талпинсин, амал қилишга интилсин, ундан руҳий мадад олсин.

Мавзу юзасидан хулоса чиқаришни азиз муштарий ҳукмига қолдирсак-да, мулоҳазаларимизни яна мавлоно Жалолиддин Румийнинг қуйидаги  ҳикматмонанд сатрлари билан якунласак:

 

Ҳожат эмас, ҳаммасини сўз ила баён қилмоққа,

 бир боқмоқ минг сўздан яхшидир англаганга".

 

 

Умида АДИЗОВА.

Прочитано 2366 раз