Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Аччиқланиш бизни, нафақат, атрофдаги одамларга салбий муносабатда бўлишга мажбур қилади, балки бизнинг ички, жисмоний ҳолатимизда ҳам ўз аксини топади. Инсонда салбий ҳиссиётлар жўш урганда қайси аъзоларнинг азият чекиши кўпчиликни қизиқтирса керак? Психолог-шифокорлар томонидан олиб борилган кўп йиллик тадқиқотлар натижасига кўра, қатор хулосалар эълон қилинган. Қуйида уларнинг энг асосийлари билан қисқача танишишингиз мумкин.
Мия
Маълум бўлишича, ғазабланиш натижасида бизнинг қонимиз қайнаш ўрнига ивир экан. Гарварддаги соғлиқни сақлаш мактабида ўтказилган текширишларга кўра, томирда ивиб қолган қонлар келтириб чиқарадиган ишемик хужум хавфи ғазаб алангасидан бир неча соатдан кейин уч мартага ошар экан.
Юрак
Текширишлар натижасига кўра, 2 соат давомида ўз салбий ҳиссиётларини назорат қилолмаслик ҳолати инфаркт хавфини 8,5 марта оширади. Шунингдек, келишмовчилик ҳолатига кўпроқ ғазабли муносабат билдирувчи кишиларда юқори қон босими, кўкрак қафасидаги оғриқ ва бошқа юрак, қон-томир тизими билан боғлиқ касалликларга дучор бўлиш хавфи юқори бўлади.
Тери
Юзнинг жаҳлдан қизариши тери ҳолатига зарар етказади. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, бундай ҳолат терини атопик дерматит хуружигача олиб келар экан.
Ўпка
Юқори "қайнаш даражаси" ва ғазабни бошидан кечирган одамлар ўпкаси заиф ҳолатда бўлар экан. Мутахассислар фикрича, ғазаб туфайли стресс гормонларининг юқори миқдори нафас йўлларининг яллиғланишига олиб келади.
Хулоса. Юқоридагилардан кўринадики, ҳар қандай, ҳатто энг қалтис вазиятларда ҳам ақл билан суҳбатлашишга, ўзингизни тутишга ҳаракат қилинг ва жаҳлнинг шахсий ҳаётингизга, соғлиғингизга зиён етказишига йўл қўйманг.
Дадам бобом тўғрисида бир ҳикматли ҳикояни сўзлаб берди. Дадамнинг ўспиринлик пайтлари экан. Ўша вақтда бобом ҳам ёш, тетик, жуда меҳнаткаш экан. У киши урушда қатнашиб, ногирон бўлиб қайтибди. Шунга қарамай кеча-ю кундуз тиним билмас, оиласини боқиш учун эрта тонгдан кун қорайгунча ишлашдан тўхтамас экан. Кунлар кетидан кунлар ўтаверибди.
Бир куни бобомнинг онаси дунёдан ўтибди. Маросимлар ўтгач, бобом ишга эл қатори бориб, вақтида уйга қайтадиган бўлибди. Шунда ундан сўрашибди: илгари ишга барвақт бориб, кеч қайтардингиз, энди эса ҳамма қатори бориб, қайтадиган бўлиб қолдингиз. Бунинг сабаби нима?
Бобом бироз жим қолиб, сўнгра чуқур хўрсиниб, жавоб берибди:
- Онам ҳаётлигида қай маҳалда, қаерда юрмайин ҳеч нарсадан хавотир олмас эдим, чунки уйимнинг фариштаси бор эди, онажоним эрта-ю кеч мени дуо қилиб ўтирарди. Фарзандларим, хонадоним унинг қарамоғида эди, кўнглим хотиржам юрарди. Онамнинг дуоси мени ҳар қандай балолардан, хатардан сақларди. Энди эса менинг дуогўйим - онам йўқ. Хонадонимнинг, фарзандларимнинг тинчлигидан ховотир олиб, уйимга тезроқ келишга шошиламан.
ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ ШАРТНОМАЛАР ТУЗИШ МУМКИН?
(31-сон) Ҳуқуқшунос минбари
Мамлакатимизда мустақил тараққиёт йилларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, шунингдек, қонуности ва бошқа меъёрий ҳужжатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши тўла кафолатланган.
Мамлакатимиз Бош қомусининг 45- моддасида вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги, 64- моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги белгилаб қўйилган.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари эса боланинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашни назарда тутади. Хусусан, қонун ҳужжатларида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ҳимоясига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасида ота-она вояга етмаган болаларга таъминот бериши шартлиги белгиланган. Вояга етмаган болаларга таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши, вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши кўрсатилган.
Қонунларимизда вояга етмаганлар мустақил равишда қандай битим ва шартномалар тузиши билан боғлиқ масалалар ҳам белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 27- моддаси иккинчи бандида "Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-оналари, фарзандликка олувчилар ва ҳомийларининг розилигисиз қуйидагиларни мустақил равишда амалга оширишга ҳақли:
1) ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш;
2) фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёхуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижаси муаллифи ҳуқуқини амалга ошириш;
3) қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш;
4) ушбу Кодекс 29-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган майда маиший битимларни ҳамда бошқа битимларни тузиш.
Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ўзлари тузган битимлар бўйича мустақил равишда мулкий жавобгар бўладилар. Бундай вояга етмаганлар ўзлари етказган зарар учун ушбу Кодексга мувофиқ жавобгар бўладилар".
Кодекснинг 28- моддасида "Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин.
Вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига мувофиқ ёхуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суднинг қарори билан амалга оширилади".
Бир сўз билан айтганда, қонунларимизда вояга етмаганлар томонидан баъзи бир масалаларда мустақил, айрим масалалар бўйича эса ота-оналари, фарзандликка олувчи ёки бошқа ваколатли шахснинг иштироки ва розилиги билан битим ва шартномалар тузиш мумкинлиги белгиланган. Нотариал идораларида ҳам вояга етмаганлар иштирокида тузиладиган битим ва шартномалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларида белгиланган тарзда расмийлаштирилади.
Дилдора ҚОДИРОВА,
Андижон шаҳар 3-сон давлат нотариал идораси нотариуси.
Шаҳарнинг катта кўчаларидан бирида манзарали дарахтларга маҳлиё бўлиб ўз манзилига кетаётган отахон йўлларнинг текис ва равонлиги, биноларнинг бир-биридан чиройли ва кўркамлиги, йўлаклар четида очилиб турган капалакмисол гулларнинг ранг-баранглиги, одамларнинг завқ-шавқ билан ишга, ўқишга ёки бошқа юмуш билан ошиқиб бирор жойга хотиржамликда одимлаётганлигини кўриб, дили яйради.
Ахир бу кунларга етишиш осон кечмаганини, қанча-қанча инсонлар шу кунларни кўриш орзусида ўтиб кетганлигини хаёлидан ўтказди.
Отахон мана шу хаёллар билан юриб бораркан қаршисида келаётган уч-тўрт нафар ўсмир қизларга кўзи тушди. Ўйладики, улар яқин келганида салом беришади, "отанга раҳмат" деб уларнинг ҳақига дуо қиламан, дея кўнглидан ўтказди. Қизлар тобора яқинлашиб келаркан, отахон уларнинг кийинишларига қараб уялиб кетди. Жуда калта ва тор юбка, кофта кийиб олган бу қизлар чамаси мактабнинг юқори синф ўқувчилари эди. Афсуски, отахон кутган ҳол рўй бермади. Қизлар қўлидаги матохга маҳлиё бўлиб, бақир-чақир қилишиб, нуронийнинг олдидан бепарво ўтиб кетишди.
Отахон юрт ободлиги, ҳаётимизнинг тинч ва тўкинлигини ўйлаб хурсанд бўлса, айрим ёшларнинг тарбиясизлиги, маданиятсизлиги, кийинишда андишани унутаётганлиги кўнглини ранжитди. Ахир кексаларга салом бериш, уларга ҳурмат кўрсатиш халқимизнинг азалий одати эканлигини наҳотки ана шу ёшларимиз билмаса, ота-онаси, устозларидан бу ҳақда эшитмаган бўлса?
Нуроний бунинг сабаби нимада эканлигини ўйлади. Айб фарзандларининг кўнглига қараб, истаган кийимларини олиб бераётган, уларни миллатимиз урф-одатларига зид кийинишларига эътиборсиз қараётган ота-оналарда эканлигини англади! Айрим юртдошларимизнинг кўп нарсаларга, айниқса, фарзандлар тарбияси, одоб-аҳлоқига эътиборсиз қараётганликларидан куюнди. Яна тараққиёт натижасида ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб келаётган янги кашфиётлар - телефон, интернет сингари матоҳлардан ўринли фойдаланмаслик ёшларимиз тарбияси ва дунёқарашига салбий таъсир кўрсатаётганлигини хаёлидан ўтказди.
Отахон кўз ўнгида ўз набираларини худди шу ҳолатда тасаввур қилиб кўрди. "Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас". У шундай дея фарзандларига набираларининг тарбиясида собит туриши кераклигини уқтиришни дилига тугиб, ўз уйи томон ошиқди.
Инсоннинг оилада, жамиятда қандай мавқега эга бўлиши энг аввало, унинг дунёқараши, тарбияси, одоб-аҳлоқига боғлиқ. Яхши тарбия кўрган, юксак маънавиятли шахс ҳаётда албатта, ҳурмат-эътибор топади.
Яхши тарбия кишини саодат сари етакласа, ёмон тарбия, салбий хулқ-атвор ҳалокат ботқоғига ботиради. Инсон тарбияни энг аввало, оиласидан, ота-онасидан олади. Аслида тарбия фарзандга она қорнидалигидаёқ берила бошланиши кераклиги ҳақида улуғларимиз кўп ибратли гапларни айтиб ўтишган. Бу тарбия ботиний ҳолда кузатилса, фарзанд туғилгач, вояга етгунга қадар бу масъулиятли вазифа, асосан, ота-оналар зиммасига тушади.
Ривоят қилишларича, бир оилада фарзанд дунёга келибди. Бола икки ёшга тўлганда, ота-онаси замонасининг машҳур донишманди ҳузурига олиб борибди. Улар улуғ зотдан: "Фарзандимизга неча ёшдан тарбия берганимиз маъқул?" дея сўрабдилар. Кекса донишманд уларга бола тарбиясига анча кеч қолганликларини айтибди. Бундан кўринадики, тарбия гўдак дунё юзини кўрмасдан бошланар экан.
Бола кейинги таълим-тарбияни мактабда, устозларидан олади. Ана шу жараёнда у оиласида қандай тарбия кўрганлигини намоён этади. Таълим ва тарбия бир-бирига узвий боғлиқ жараёндир. Улар бир-бирини тўлдириб, инсон онг-тафаккури, манаъвияти, одоб-ахлоқининг шаклланишига хизмат қилади.
Оилада фарзанд дунёга келди. Ота-она шод, оталик ва оналик масъулияти бу бахтга қоришиб кетди. Бола улғайди. Аммо оиладаги муҳитнинг барқарорлиги йў-қолди. Ота ишлари орқага кетгани сабаб ичкиликка ружу қўйди. Бунинг натижасида оилада турли жанжаллар кўпайди. Ота ва она ўртасидаги муносабатга дарз кетиши болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсата бошлади. Ўғил отасининг арзимас баҳоналар билан чиқарадиган жанжалларидан зада бўлиб, кўча боласига айланади. Бунинг натижаси эса яхшилик билан тугамади. Кунларнинг бирида бола ўғирлик билан қўлга тушиши оила соҳибларини тушкунликка туширди, қил устида турган муносабатларини янада чигаллаштириб юборди. Ўйлаб кўрилса, оиладаги носоғлом муҳит, дилхираликлар яхшиликка олиб бормас экан. Буни ота-она тушуниб етди. Аммо кўзлари анча кеч очилди. Носоғлом оила муҳитида ўсган, тарбияланган бола номига қора доғ тушиб бўлган, унинг дунёқараши носоғлом шаклланиб улгурган эди. Демак, фарзанд тарбиясида адашмаслик жуда муҳимдир.
Шахснинг таълим-тарбиясида икки буюк кишиларнинг ўрни ва роли ниҳоятда беқиёс. Улар ота-она ва мўътабар устозлардир. Юқорида таъкидлаганимиздек, инсон тарбияси, билими, маънавияти, одоб-аҳлоқи билан жамиятда ўз ўрнига эга бўлар экан, энг аввало, ота-онасини ҳамиша ҳурматини жойига қўйиши, ўзига устозлик қилган илм соҳибларини ҳеч қачон ранжитмаслиги, уларга ҳамиша эъзоз ва эҳтиром кўрсатмоғи керак.
Улуғ аллома ва мураббий Абдулла Авлоний айтганидек: "Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир". Ушбу ибратли сўзларда жамиятни олға силжишига асос бўладиган пурмаъно ҳикмат мавжуд. Чунки, инсон ҳаёти учун тарбиянинг нечоғли аҳамиятли, шу билан бирга, айни пайтда, жамият тараққиётини белгиловчи мезон ҳам ҳисобланади. Тўғрироғи, тарбия бизнинг онгли мавжудот сифатида яшашимиз учун ҳаётимиз асоси, турмушимиз мазмуни ва саодатини белгилаб берадиган муҳим жиҳатдир.
Спорт билан шуғулланувчи қизлар соғлом, руҳи тетик, иродаси мустаҳкам, келажакда ҳаётнинг турли синовларини енгиб ўтишга қодир бўлиб вояга етишади. Қолаверса, спорт уларни нафақат соғлом, балки қадди-қомати келишган, гўзал ҳамда юксак маънавиятли шахс сифатида улғайишларига ҳам ёрдам беради.
Шу боис ҳам спорт билан шуғулланиб, кўплаб ютуқларга эришаётган ёш қизларимиз сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Каратэ бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзоси Моҳларой Ҳакимжонова ана шундай ёшлардан бири.
Моҳларой болалигидан каратэ билан шуғулланиб келади. У Андижон педагогика коллежида таҳсил олмоқда. Fалабага бўлган ишончи, интилиши, шу билан бирга, устозлари кўмагида ўз устида тинимсиз ишлаши самараси ўлароқ, Моҳларой спортда кўплаб ютуқларни қўлга киритди. У ёшлар, ўсмирлар ўртасида олти карра Ўзбекистон чемпиони, тўрт карра республика кубоги соҳибаси бўлди. 2013 йили Тошкентда бўлиб ўтган халқаро очиқ турнирда эса фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.
- Моҳларойнинг спортга бўлган меҳри жуда юқори, - дейди унинг мураббийи Иқболжон Ҳайдаров. - Машғулотларда ҳар бир машқни тез ўзлаштириб, пухта бажаришга ҳаракат қилади. Ундаги иштиёқ, интилиш, ўзига, ғолибликка бўлган ишонч юқори натижаларга эришишида муҳим омил бўлмоқда.
2015 йили Тошкент, 2016 йили Олмота шаҳарларида ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган каратэ бўйича Марказий Осиё чемпионатида истеъдодли спортчимиз ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.
- Юртимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган, - дейди Моҳларой Ҳакимжонова. - Ана шу имкониятлар мен каби минглаб ёшларнинг ғалабаларига мустаҳкам замин яратмоқда. Биз давлатимиз, Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка муносиб жавоб беришга, ютуқларимиз, айниқса, халқаро спорт майдонларидаги юқори натижаларни қўлга киритиш билан юртимиз шуҳратини янада оширишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Мамлакатимизнинг кўп карра чемпиони Мохларой Ҳакимжонова ҳозирда мураббийлари кўмагида август ойида Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё чемпионатига пухта ҳозирлик кўрмоқда. У ана шу мусобақада ҳам ғолиб чиқиб, мамлакатимизнинг мустақиллик тўйига туҳфа тайёрлашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида "Ишбилармон аёл-2017" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрами олдидан ўтказилган мазкур танловда сўз олганлар мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидладилар.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, вилоят Фермерлар кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор ҳамда фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғиб этиш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон хотин-қиз ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори балл тўплаган Андижон туманидаги "Agroproduktexportagrofirma" масъулияти чекланган жамияти ҳамда "Аҳмад Жўра саҳовати" фермер хўжалиги раҳбари Одинахон Саидова ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловда иккинчи ўрин Избоскан тумани вакиласи, ҳунарманд Ойгул Тожиддиновага, учинчи ўрин Андижон шаҳридаги "TojmahalIMM" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Машхура Акбаровага насиб этди.
- Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди танлов ғолибаси Одинахон Саидова. - Энг аввало, мазкур танлов фаол ва тадбиркор аёллар фаолияти, уларнинг илғор тажриба ва иш услублари билан танишиш имконини берди. Бу келгусидаги фаолиятимизни янада самарали олиб боришда ёрдам беради. Қолаверса, ғолиблик менга масъулият юклайди, янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.
Шунингдек, танловда "Замонавий тадбиркор аёл", "Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли", "Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришда энг фаол ишбилармон аёл", "Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиғ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Умидахон ИСАЕВА,
ЎзЛиДЕП вилоят кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири.
(31-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масалалари давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада, айниқса, жорий Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, туманимизда ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Айни кунда туманимизда истиқомат қилаётган 211 минг нафардан зиёд аҳолининг 105 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Мавжуд 62 маҳаллада, 209 корхона, ташкилот ва муассасада хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари жамоатчилик асосида фаолият олиб бормоқда.
Туманда оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йилининг ўтган даврида хотин-қизлар ва ёшлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўриклар давомида аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштириш ишлари ташкил этилди. Шунингдек, оналар ва болалар ўлими, ўсмир ёшлар ўртасида учрайдиган салбий холатлар, яъни эрта ва асоратли туғруқларнинг олдини олиш борасида тумандаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, жойлардаги жамоатчилик назорат гуруҳлари ҳамкорлигида аҳоли ўртасида "Туғруқлар орасидаги муддатлар", "Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари", "Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг зарари", "Соғлом оилани шакллантириш" сингари қатор мавзуларда туман тиббиёт бирлашмаси, ФХДЁ бўлими мутахассислари, тумандаги жоме-масжидлар имомлари, маҳалла маслаҳатчи ва отинойилари иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Олиб борилган ишлар натижасида 2016-2017 йиллар давомида эрта турмуш қуриш ва эрта туғруқ, оналар ўлими ҳолатлари қайд этилмади. Репродуктив кўрсаткичлар ҳар ой ва чорак якунлари бўйича маҳаллалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари кесимида таҳлил этилиб, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга тегишли чоралар кўриб борилмоқда.
Хотин- қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, режага асосан ички ишлар профилактика инспекторлари, маҳалла маслаҳатчилари ҳамда бошланғич ташкилотларимиз раислари томонидан профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, ҳафтанинг ҳар пайшанбасида ўтказилаётган "Профилактика куни" тадбирлари доирасида ишчи гуруҳ хонадонма-хонадон юриб, асосан нотинч, жанжалкаш оилалар, диний оқимларга мансуб ва жазони ижро этиш муассасасидан қайтган, одам савдосидан жабрланган, жиноят содир этишга мойиллиги бор оилалар муаммоларини ўрганиишга, уларга имкон қадар кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2017 йилнинг биринчи ярмида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари таҳлил этилганида жиноятларнинг аксарияти чегара ҳудудлардан ноқонуний равишда ўтиш эканлиги аниқланди. Ана шундан келиб чиқиб, чегара ҳудудларда жойлашган маҳаллаларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонуни ҳамда чегарадан кириш-чиқиш тартиб-тамойилларини тарғиб этишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини ошириш борасида маҳалла фуқаролар йиғинлари, умумтаълим мактаблари, ташкилот ва таълим муассасалари томонидан хотин-қизлар иштирокида 400 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Байрамлар олдидан таълим муассасаларида турли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди. Турли мавзуларда кўрик танловлар уюштирилди.
Чувама "Аёллар мурувват уйи"да истиқомат қилаётган 300 нафардан ортиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож аёллар учун байрам тадбирлари ташкил этилди. 10 нафар ногирон аёлларга тикув машиналари берилиб, уй меҳнати билан таъминланди.
Иқтидорли қизларнинг маълумотлар банки яратилган бўлиб, уларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида турли танловлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, фан олимпиадаларида, туман миқёсидаги маънавий тадбирларда фаол иштироки таъминланмоқда. 2015-2016 йиллар давомида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралаш бўйича кўрик-танловнинг республика босқичида туманимиздан 5 нафар қиз фаол иштирок этди.
Тўй-хашамлар, марака ва маросимларни камчиқим, дабдабасиз ўтказиш мақсадида "Тўй ҳашамларни тартибга солиш", "Тўй ва марака маросимларини ихчамлаштириш", "Дабдабадан ким наф кўради?", "Тўйдан кейинги муносабатлар", "Эрта турмуш иллатлари", "Шаърий никоҳнинг салбий оқибатлари" каби мавзуларда тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шунингдек, туманда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида туман ФХДЁ бўлими билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежларида "Ораста қизлар", "Ёш оила қурувчилар мактаби" тўгараклари машғулотлари орқали тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинларида "Қайноналар кенгаши" ташкил этилиб, кенгаш аъзолари томонидан оилаларни яраштириш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабрланган ва депортация қилинган хотин-қизларни ижтимоий муҳофазасини ташкил этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.
Мухтасар айтганда, бизнинг асосий мақсадимиз, хотин-қизлар, ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўлами ва салмоғини ошириш, опа-сингилларимизнинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришларини таъминлашдан иборат. Ана шу эзгу мақсад йўлида бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.
Балиқчи тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича "Ёз-2017" республика очиқ турнири бўлиб ўтди.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, бадиий гимнастика федерацияси, Болалар спортини ривожлантириш ҳамда "Соғлом авлод учун" хайрия жамғармалари вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур турнирда республикамиз пойтахти ва саккиз вилоятидан ташриф буюрган 14 та жамоа таркибида 220 нафардан зиёд 2005-2013 йилларда туғилган ёш гимнастикачи қизлар иштирок этиб, ўз маҳорат ва истеъдодларини намойиш этдилар.
- Турнирда кўплаб дўстлар орттирдим, гимнастика борасидаги тажрибамни янада бойитдим, - дейди турнир ғолибаларидан бири Андижон шаҳар гимнастика мактаби тарбияланувчиси Мубина Улуғова. - Ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтган турнир ташкилотчиларига раҳматлар айтаман.
Қизғин, бир-биридан чиройли чиқишларга бой турнир иқтидорли ва маҳоратли гимнастикачи қизлар сафини янада кенгайтирди.
Fолиб ва совриндорлар турнир ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.