Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон! шиори остида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан ташкил этилган "Ёшлар поезди" тарғибот акцияси тадбирлари бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур тарғибот тадбирларида ёш олимлар, ёзувчи ва шоирлар, кино ва театр актёрлари, таниқли спортчилар, тадбиркорлар, эстрада қўшиқчилари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари иштирокида давра суҳбатлари, учрашув, мулоқот ва хайрия акциялари ўтказилди.
- Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни асраш, жамиятимиздаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси, шунингдек, турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" таҳдидларида огоҳ ва хушёр бўлиб яшаш ёшларимиз олдида турган муҳим вазифадир, - дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг ўринбосари Сухроб Мақсудов. - Шу маънода "Ёшлар поезди" тарғибот тадбирларининг асосий мақсади ҳам ёшларимиз, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, онги ва қалбини мафкуравий таҳдидлардан, ахборот хуружларидан асраш, қизиқиш ва интилишларини тўғри йўналтиришга кўмаклашишдир.
Хонобод, Андижон шаҳарлари, Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Жалақудуқ, Хўжаобод, Қўрғонтепа, Марҳамат туманларидаги таълим муассасалари, маҳаллалар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, ҳарбий қисмларда бўлиб ўтган тадбирлар ёшларга хуш ва байрамона кайфият улашди.
Асака тумани маданият ва аҳоли дам олиш марказида "Ўзбеккино" миллий агентлиги қошидаги "Кинотеатр актёр" студияси актёрлари томонидан "Осмон остидаги сир" номли спектаклдан кўринишлар намойиш этилди. Ниёзботир қишлоғида ўтказилган учрашувда эса ёшлар билан мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган турли масалалар юзасидан фикр алмашилди, Ёшларнинг саволларига туман ҳокими Эркин Яқубов ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари жавоб берди. Турли муаммолар бўйича мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди.
Кўрғонтепа туманидаги Мурувват уйида бўлиб ўтган учрашувда ёшлар халқимиз севган санъаткорлар, ёзувчи ва шоиралар санъати ва ижодидан баҳраманд бўлди. Балиқчи туманидаги "Андижон-Ханой ипаги" масъулияти чекланган жамияти, Каттабулоқ маҳалласида ўтган "Китоб - ҳаёт хазинаси" хайрия акцияси барча қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.
- Бу тадбирлар биз ёшларни янада фаол бўлишга ундайди, - дейди Балиқчи индустриал педагогика коллежи ўқувчиси Мадинабону Аслиддинова. - Айниқса, китоб тарғиботига бағишланган акцияда ёзувчи ва шоирларимиз билдирган фикрлар нафақат мени, балки барча тенгдошларимни китобга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишини янада оширди.
Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиққлол байрами арафасида ўтказилган тарғибот тадбирларида андижонлик ёшлар фаол иштирок этди. Ушбу тадбирлар уларнинг қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, эртанги кунга ишонч ва умидини туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Андижон шаҳридаги 19- умумтаълим мактабида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг "Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик" шиори остида ўтган форуми якунларига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан ўтказилган мазкур тадбирда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши тасарруфидаги бошланғич ташкилотлар раислари, фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Семинар очилишида сўз олган Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси З. Абдуллаева ҳамда бошқалар бугунги кунда касаба уюшма ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар, меҳнаткашларнинг ижтимоий муҳофазаси борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш масалалари хусусида сўз юритди.
Иштирокчилар дастлаб Андижон шаҳридаги 19- умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаолияти билан танишдилар, фаолиятга илғор иш услубларини жорий этиш бўйича ўзаро тажриба алмашдилар
Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши раиси Н. Тўрақулова иштирокчиларни "Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси"ни амалга оширишга кўмаклашиш дастури" билан таништирди. Дастурни бажариш юзасидан касаба уюшма ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар хусусида тўхталди.
Шундан сўнг иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этиш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Қатнашчиларга "Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!" шиори остида ўтган форум иштирокчиларининг мурожаати" ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, семинарда ҳуқуқшунослар томонидан "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳам кенг тушунчалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан ободонлаштириш ойлиги доирасида 19-20 август кунлари бўлиб ўтган умумхалқ хайрия ҳашарида вилоятимиз аҳолиси уюшқоқлик билан иштирок этди.
ҳашарда вилоятдаги барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ҳамда ўқув юртлари, шунингдек, маҳалла вакиллари, айниқса, ёшлар фаол қатнашди. Улар ўзлари яшаётган, меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқлар, кўчалар, ҳиёбонларни, қабристонларни тозалаш, умуман, катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишларини амалга оширдилар.
Ҳашар доирасидаги ободонлаштириш ишларида 1 миллион 300 минг нафардан зиёд аҳоли иштирок этди.
Икки кун давом этган ҳашарда 3 минг 400 гектар ер майдони ободонлаштирилди, ариқлар тозаланди, бу ишларни бажариш учун 700 зиёд техника воситалари жалб этилди. Бундан ташқари, зиёратгоҳ ва қабристон тозаланди, дарахтларга шакл берилиб, оқланди.
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан ажратилган 2 миллион 650 минг сўм маблағ ҳисобига 461 эҳтиёжманд оиланинг хонадони таъмирлаб берилди. 542 нафар ногирон ва ёлғиз кексаларга 97 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Бир сўз билан айтганда, ҳашар юртдошларимизни Ватан равнақи учун фидойи бўлишга, уни янада обод этиш иштиёқи билан яшашга, шу билан бирга, халқимиз руҳиятини кўтаришга, миллий қадриятларимизни улуғлашга, юртимиздаги тинчлик учун шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга ва истиқлол байрамини муносиб кутиб олишга хизмат қилди.
Андижон шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида аёллар спорт фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллиги байрами олдидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур спорт фестивалида унинг шаҳар, туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалардан ташкил топган 16 туман ва шаҳар жамоаси иштирок этди.
Фестиваль очилишида сўз олганлар мамлакатимизда опа-сингилларимизнинг соғлом бўлишлари, хотин-қизлар спортини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, мазкур фестивалнинг аёлларни спортга жалб этишдаги ўрни ва роли хусусида гапирдилар. Хусусан, аёллар спорт фестивалининг маҳаллалар, меҳнат жамоаларида ўтказилган, шунингдек, туман ва шаҳар босқичларида 90 минг нафарга яқин аёллар иштирок этганлиги таъкидланди.
- Бугун вилоятимизда хотин-қизларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун 4 мингдан зиёд спорт иншоотлари ишлаб турибди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. 1100 нафардан зиёд аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида айни кунда вилоятда 25 мингдан зиёд аёллар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, 120 минг нафарга яқин хотин-қизлар оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Байрамона ва кўтаринки руҳда ўтган фестивалда хотин-қизлар спортининг волейбол, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, сузиш, дартс, гимнастрада турлари бўйича ўзаро баҳслашди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра, Марҳамат тумани вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Избоскан тумани жамоасига иккинчи, Олтинкўл тумани жамоасига учинчи ўрин насиб этди. Шунингдек, фестивалда бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Fолиб ва совриндорлар фестиваль ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.
- Ҳой, Мағфират, менга қаранг, келинингиз айтганингизни қилса, тонгданоқ хизматингизга шай турса, яна нима қилиб берсин?! Ўзингиз бир ишга ярамасангиз... келинларингиз ҳеч қачон маҳалла-кўйга жар солмаса. Аввал шароитингизга қаранг, кейин гапиринг.
- Ўзи келиним билан сизнинг ўрталарингда бир гап борга ўхшайди. Умри холамникига чиқиб келай, гул кўчати оламан, деб бир соат йўқ бўлиб кетади.
- Ундай деманг эгачи... Мен неварамга қараётган эдим. Ўзингиз теша билан ковлаб олинг, келин, дегандим. Барака топкур, бир-икки челак сув келтириб, қолган гулларни ҳам суғориб қўйибди. Шу озгина вақтини олгандир-да...
Гапга бошқа аёллар ҳам қўшилиб, Мағфират опани ҳай-ҳайлашди. Келинининг ёнини олганлари ёқмади шекилли шартта ўрнидан туриб, даврани тарк этди. Йўлда турли ҳаёллар билан борар экан, ўзининг келинлик даври эсига тушди: "Қайнонам тўшакка михланиб ётганида, тузукроқ қарай олмадим. Фақат хўрладим. Эвазига эса қарғиш олдим. Наҳотки, шугина келинимнинг қадрига етмасам?!".
Кеч тушиб қолган бўлса ҳам Лайло ҳовлида ивирсиб юрганди. Кийимлари бир аҳвол, ўзига қарашга эса вақти йўқ.
- Ҳорманг, қизим, кеч бўлиб қолди. Овқатланиб бўлганингиздан кейин уйга кириб дам олинг. Қолган ишларни эртага биргалашиб қиламиз. Тўғрисини айтсам, қизим... ўзим кўп ҳижолатдаман. Барака топинг! Мени кечиринг, болам, - дея кўзлари порлаб келинини бағрига босди.
Омадли одамлар ҳеч қандай сеҳр-жоду ишлатмайди. Улар шунчаки тушкунликка асир бўлмайди, улар ўз ҳаётларини назорат қила олади ва эртанги куни бугунгидан кўра яхши бўлиши учун интилади. Улар энг яхши, энг кучли бўлишга интилади, мақсадни аниқ қўйиб, меҳнатдан қочмайди. Муваффақиятларининг асоси ҳам шунда. Мутахассислар омадли инсонларни обдон ўрганиб, уларга хос қуйидаги қоидаларни қайд этишди.
1. Омадли одамлар ёмон нарса ҳақида ўйлашмайди. Аслида, сизу биз тўқнаш келган ёмон нарсалар ўй-фикрларимиз маҳсули. Улар тез хулоса чиқариш тўғри эмаслигини ҳам яхши билишади. Улар одамлардан шубҳаланишмайди, балки уларнинг ишончини қозониш учун бор иқтидорини ишга солади.
2. Омадли одамлар ҳеч қачон ёлғон гапиришмайди. Сароб саналмиш ёлғонлардан йироқ ва хотиржам яшашга интилишади. Хатто, юзага келган муаммоларини ҳал қилишда ёлғон ишлатмайди.
3. Омадли одамлар хафагарчиликларни юракда узоқ ушламайди. Чунки улар қалбдаги гина-қудурат, хафагарчилик салбий хиссиётларга сабаб бўлишини яхши билишади. Шунинг учун хафагарчиликларни дарров унутишга, воқеанинг моҳиятини англаб, уни эсдан чиқаришни одат қилишади.
4. Омадли одамлар ўз ишига доим масъулият билан қарашади. Улар ўз бахтининг меъмори ўзлари эканини, ўзи билан боғлиқ барча нарсаларга ўзи жавоб бериши шарт эканини яхши билишади. Улар ҳеч қачон бориши керак бўлган жойга кечикишмайди.
5. Омадли одамлар учун муаммонинг ўзи йўқ. Улар муаммоларни одамларнинг ўзи чақириб олади, деб ҳисоблашади. Шунинг учун ҳаёт мураккабликлари ҳақида ортиқча бош қотиришмайди. Улар ҳаётдаги турли тўсиқларни енгиб ўтишни яхши билишади. Ўз меҳнатлари қадрига етишади ва имкониятларини янада кенгайтиришга интилишади.
6. Омадли одамлар қийин вазиятларга тез мослашади. Улар имконсиз нарса йўқлигини, ҳар қандай вазиятда инсон ўзига мос шароитни яратиш мумкинлигини яхши билишади.
7. Омадли одамлар умидсизликка берилмайди, зерикишмайди ҳам. Эслаб қолинг, ижод ва илҳом зерикиш сабабли барбод бўлади. Омадли одамлар эса теварак-атрофдан илҳом олади, руҳланади ва катта иштиёқ билан ўрганади.
8. Омадли одамлар ўз имкониятини юқори баҳолайди. Улар ўзларини бошқалар билан қиёслаб, солиштириб ўтиришмайди, балки ҳар кимда ҳар турли ўзига хос куч ва қобилият бор, деб ҳисоблашади. Улар қарама-қарши томонга, бошқаларнинг ишига ортиқча аҳамият беришмайди. Бор диққат-эътиборларини ўз ишлари ва режаларига қаратади.
9. Омадли одамлар учун ҳаракат айни лаҳзадан бошланади. Улар ўтмишга кўп ҳам қарайверишмайди. Якунланган ишлар ва идеаллар, муваффақиятлар энди фойдасиз эканини яхши билишади.
10. Улар бекорчилар билан вақт ўтказишмайди. Омадли одамлар ўз атрофига интилувчан инсонларни тўплашга, ана шундайлар билан мулоқот қилишга интилишади. Улар атрофидагиларнинг энг яхши, энг кучли, намунали бўлиши учун кўмак беришади.
Юқорида ўқиганларингиз, "омадли" деган нисбатга, улкан муваффақиятларга эришган инсонларнинг қоидалари. Эҳтимол, улар орасида ўзингиздаги мавжуд қарашларни ҳам топгандирсиз?! Ҳар ҳолда ўзини омадли сановчи ҳар қандай одамнинг тутумлари бу қоидаларнинг айримлари билан ўхшаш экани табиий. Қолганларини ўзлаштириш учун эса ҳозир вақтингиз бор. Ахир, омадли одамлар айтишди-ку, "ҳар ишни бошлаш учун энг яхши фурсат - айни лаҳзадир"
(34-СОН) 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Мамлакатимизда инсон манфаатлари, унинг ҳақ-ҳуқуқлари масаласига энг устивор масалалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Андижон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахасислари томонидан ҳам меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали аҳолининг истеъмол маданиятини юксалтириш, Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида муайян ишлар олиб борилмолқда.
Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида жамиятимизга турли соҳаларда фуқароларимиздан 82 та шикоят келиб тушди. Ана шу шикоятлар қонун ҳамда амалдаги тартиблар доирасида ўрганиб чиқилиб, жами 19 миллион 688 минг 600 сўм маблағ истеъмолчиларга ундириб берилди.
Жумладан, Асака туманида яшовчи фуқаро Н. Исақова ариза билан мурожаат қилиб, Андижон шаҳрининг Янги бозор ҳудудида жойлашган савдо дўконидан 2 840 000 сўмга кондиционер сотиб олгани, ўрнатиб бериш учун 84 000 сўм уста ҳақи ҳам берганлиги, бироқ у сотиб олган кондиционер бир ой ўтмасдан ишламай қолганлиги, бу ҳақда дўкон ходимларига айтганида улар ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаганликлари, унинг мурожаатини умуман, эътиборсиз қолдираётганликларини маълум қилиб, амалий ёрдам беришимизни сўраб, ариза билан мурожаат қилган.
Ушбу масала жамиятимиз мутахассислари томонидан атрофлича ўрганиб, истеъмолчи сотиб олган ва маълум сабабларга кўра ишламай қолган кондиционерни савдо дўкони ва сервиз хизмати ходимлари бепул таъмирлаб бердилар. Шу ўринда сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар сотган ва ўрнатган жиҳозлардаги носозликлар учун кафолат муддати давомида масъул эканликларини асло унутмасликлари лозим. Агар белгиланган кафолот муддати давомида жиҳозда носозлик юзага келса, албатта, ўша жиҳоз янгисига алмаштириб берилиши ёки бепул таъмирлаб берилиши шарт. Истеъмолчининг хақ-ҳуқуқлари паймол қилинишига қонунларимиз асло йўл қўймайди.
Азиз юртдошлар! Истеъмоолчи сифатида ўз ҳуқуқингизни, зиммангиздаги бурч ва масъулиятни яхши билиб олинг. Харидингизнинг кафолат муддати бўйича тегишли ҳужжатни расмийлаштиришни, тўлаган маблағингиз чекини олишни асло унутманг. Агар истеъмолчи сифатида сизнинг ҳуқуқларингиз поймол этилаётган бўлса, вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилинг. Биз сизга қонунлар доирасида, албатта, ёрдам берамиз.
Хуршида ТОЖИБОЕВА,
Андижон шаҳар ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот бўлими мутахассиси.
(34-СОН) Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!
Вилоятимизда "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" анъанавий кўрик-танлови мустақиллигимизнинг қутлуғ йигирма олти йиллик байрами арафасида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўзгача шукуҳ ва юксак кўтаринкилик билан бўлиб ўтмоқда.
Ободонлаштириш ва бунёдкорлик борасидаги илғор ташаббусларни, ана шу йўналишда олиб борилаётган ибратли ишларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, қолаверса, юрт ободлиги йўлидаги ҳайрли ҳаракатда аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг фаол иштирокини таъминлаш, истиқлол шарофати билан юртимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини фуқароларимиз, ёшлар онгига чуқур сингдириш, қишлоқлар, маҳаллалар, ташкилот ва муассасалардаги тозалик, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, умуман, амалга оширилаётган ибратли ишларни кенг оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов тадбирларида андижонликлар фаол иштирок этмоқда.
Танловда хонадонлар, кўп қаватли тураржой бинолари ҳудудларининг озодалиги, саранжом-саришталиги, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кўламини кенгайтириш, маҳаллалар, туман ва шаҳарларда янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, халқ ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари, миллий ҳунармандчилик, ижодиёт ва санъат соҳаларининг кенг намойиш этиш, уларни рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўрик-танлов доирасида Шаҳрихон ва Андижон туманларида бўлиб ўтган тадбирлар халқ сайлларига айланиб кетди.
Айни кунда Шаҳрихон тумани, айниқса, туман марказида замонавий кўринишдаги бинолар, янги-янги савдо ва маиший хизмат иншооатлари барпо этилиб, ишга туширилгани туман аҳлини беҳад мамнун этди. Жумладан, танлов тадбирлари доирасида Дўлан маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси, "Шаҳрихон барака газ" масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда туман марказида "Мустақиллик" савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди. Натижада туманда аҳолига савдо, маиший хизмат кўрсатиш кўлами ва сифати тубдан яхшиланди, қолаверса, юзлаб янги иш ўринлари яратилди.
Ўрта Шаҳрихон қишлоғида ташкил этилган интенсив боғ, Бўстон маҳалласида ишга туширилган "Саховат текс" хусусий корхонасида 200 нафардан зиёд ёшлар ва аёллар доимий иш ўрнига эга бўлди. "Аёллар маслаҳат маркази" эса опа-сингилларимизнинг муаммоларини бартараф этишга ёрдам беради. Ваҳм маҳалласида Саримсоқов номли қишлоқ врачлик пунктининг янги биноси ишга туширилганлиги қишлоқ аҳли учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
- Ёшим етмишдан ошди, - дейди Вахм маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Тўхтахон Йўлдошева. - Ёшим ўтгани сайин тез-тез хасталаниб қолаяпман, очиғи тиббий пунктга боришга қийналаман. Ана шундай пайтларда қишлоқ врачлик пункти шифокорлари, айниқса, патронаж ҳамшираси хонадонимизга келиб, зарур муолажаларни кўрсатади, тавсия ва маслаҳатлар беради. Авваллари қишлоғимизда бундай имкониятлар қаёқда эди, дейсиз. Туманимиз бўйича бир нечта тез ёрдам машинаси бўларди. Агар маҳалламиздан кимдир касал бўлиб, тез тиббий ёрдам марказига қўнғироқ қилсак, бизга етиб келгунча анча вақт ўтарди.
Бугун эса ёнгинамизда барча шароитлари эга қишлоқ врачлик пункти, турли мутахассисликлардаги шифокорлар хизматимизда. Бунга беадад шукрлар айтамиз, халқимиз учун шундай шароитларни яратиб берган ҳукуматимизга, юртбошимизга раҳмат.
Янги Найнаво маҳалласида ҳунармандлар кўргазмаси ва истеъдодли ёшлар томонидан ташкил этилган маданий-маърифий тадбирлар барчага хуш кайфият улашди. Умуман, тумандаги Дўлан, Беш маҳалла, Намозгоҳ, Абдусамад, Навбаҳор, Қозиқўрғон, Сегаза маҳаллаларида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берилди.
* * *
Андижон туманида ҳам бунёдкорлик борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тумандаги корхона, ташкилот ва муассасаларда, коллежлар, мактаблар ҳамда болалар боғчаларида, фермер хўжаликларида, гузар, кўча, маҳалла, қишлоқдаги ободонлаштириш ишлари таҳсинга муносибдир.
Айниқса, Оқёр, Найман, Ёрбоши, Қўнжи, Хакан, Храбек ва Орол қишлоқларидаги ҳар бир хонадон соҳиби ўз томорқасига, кўчасига эътибор, меҳр билан қараши, чиройли ишлов бераётганлиги, томорқадан унумли фойдаланаётганлиги алоҳида эътиборга лойиқ.
- Обод, саранжом-саришталик, тозалик ва гўзаллик бор жойда юксалиш бўлади, - дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодирахон Зокирова. - Шу боис ҳам юртимизнинг ҳар бир гўшаси, кўча ва маҳалласини, қўйингки, ҳар бир хонадонни обод қилишдек эзгу ҳаракатда барча фаол иштирок этмоқда.
Танлов тадбирлари доирасида тумандаги Бахт маҳалласида 32 хонадонли икки қаватли уй фойдаланишга топширилди.
- Икки нафар фарзандим бор, уй-жойга жуда муҳтож эдим, - дейди Орол маҳалласида яшовчи уй бекаси Муножат Мирқосимова. - Мустақиллик байрами арафасида янги барпо этилган уйнинг 2 хонали квартираси менга насиб этди. Истиқлол шарофати, қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган бундай чиройли ва кўркам уй соҳиби бўлаганлигимдан беҳад мамнунман. Мамлакатимизда инсонларга, хусусан, мен каби оддий фуқароларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди. Бунинг учун Юртбошимизга мингдан минг раҳмат.
Шу куни туман маркази ва қатор маҳаллаларда спорт мусобақалари, ҳунармандлик маҳсулотлари, гуллар кўргазмаси, савдо ярмаркаларининг ташкил этилганлиги байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Ана шу тадбирларда каттаю кичик фаол иштирок этди. Бу фуқароларимизнинг юрт равнақига, унинг обод ва кўркам бўлишига бефарқ эмасликларини англатади. Демак, Ватанни обод қилишга иштиёқ, хоҳиш бор экан, Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнайди.
Мухтасар айтганда, мазкур танлов юртдошларимизни Ватан равнақи учун фидойи бўлишга, уни янада обод этишга ундайди. Шу билан бирга, халқимиз руҳиятини кўтаришга, улуғ неъмат - Истиқлолга шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият қуриш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар бугун янада янгича мазмун касб этмоқда. Ўтган даврга назар ташлайдиган бўлсак, журналистика соҳаси, умуман оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, замон талаблари даражасига олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Куни кеча Президентимизнинг "Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонининг эълон қилиниши ижод аҳлига янада илҳом, кўтаринкилик бахш этди.
Мен ҳам оддий журналист сифатида ана шу жиҳатларини мамнуният билан қарши олдим. Уларда бугунги шиддат билан ривожланаётган ахборот замонида мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга тегишли ижодий-услубий ёрдам ва кўмак бериш, журналистларнинг профессионал малакасини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш борасида бир қатор долзарб муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилганлиги ушбу соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганлигидан далолат беради.
Бу йўналишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, газета-журналлар, телерадиоканаллар, ахборот агентликлари ва интернет нашрларида меҳнат қилаётган муаллифларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, журналист кадрларнинг профессионал маҳоратини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасини сақлаш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари, шунингдек, Уюшманинг ва Уюшмага қарашли бўлган Республика Миллий матбуот марказининг моддий-техник базасини ривожлантиришни молиялаштириш манбаси этиб Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш "Илҳом" жамоат фонди маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилангани, эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш ишлари ҳам назарда тутилгани қалам аҳлига бўлган катта эътибордир.
Бу эътибор ва ғамхўрликка биз журналистлар ўз ижодимиз, меҳнатимиз билан мамлакатимизни янада гуллаб яшнаши йўлида давр билан ҳамнафас бўлиб, самарали фаолият юритишга ундайди.