+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОР ҚИЗЛАР САФИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

(33-сон) Қарор ва ижро

Вилоятимизда "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида

"Ёш оилалар ва қизлар" биринчи республика форуми тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Вилоят ҳокимлигида форум тадбирлари доирасида ўтказилиши белгиланган тадбирлар, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва ўтказилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова оммавий ахборот воситалари ва иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллик байрами олдидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид  давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, қизларни юксак одоб-ахлоқ тамо-йиллари асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунар ўргатиш, кийиниш ва муомала маданиятини ошириш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, онги ва қалбини турли ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини   шакллантириш мақсадида ўтказилаётган форум, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти  хусусида кенг маълумотлар берди.

* * *

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида ташкил этилган "Мен ҳам етакчи бўламан" мавзусидаги тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоллари, академик лицей, касб-ҳунар коллежларининг фаол ва етакчи ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ёш оилалар ва уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва иқтидорларини юзага чиқариш борасида кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларнинг фаоллигини ошириш, мавжуд муаммоларини бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

- Бугунги кунда ёшлар, айниқса, қиз бола тарбияси, уларнинг замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, юксак маънавиятли, одоб-ахлоқли инсонлар қилиб вояга етказиш масалалари муҳим масалалардан ҳисобланади, - дейди вилоят ҳокимлиги оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш котибияти бош мутахассиси Иродахон Махатова. - Шу маънода ўтказилаётган форум ёш оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар, хусусан, қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, кийиниш ва муомала маданиятини, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини, тиббий маданиятини юксалтириш, турли ёт ғоялар таҳдидларидан ҳимоя қилишга хизмат қилади. Қолаверса, уюшмаган қизлар билан олиб борилаётган ишларда самарали натижаларга эришиш, уларни иқтидорли ва фаол қизлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, глобаллашув жараёнида "Тенгдош тенгдошга ўрнак" шиори остида намунали ва фаол қизлар фаолиятини тарғиб этишга яқиндан ёрдам беради.

Тадбирда сиёсий партиялар "Аёллар қаноти" раҳбарлари ва фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутати бўлган, шунингдек, турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган раҳбар ҳамда тадбиркор аёллар билан ёш оилалар вакиллари ва қизларнинг учрашуви, бевосита мулоқотлари бўлиб ўтди.

-  Муҳтарам Президентимиз "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги "Жисмоний ва маънавий етук ёшлар - эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир" деб номланган маърузасида "Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун "социал лифт" вазифасини ўташи керак"  деган эди, - дейди Андижон шаҳридаги 3-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Мухаррамхон Раҳмонова. - Бугунги мулоқотларда лидер қизларимизнинг фаоллигини, етакчилик қобилиятларини янада ошириш, тенгдошларини ўз ортидан эргаштира олиш салоҳиятларини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Баҳс-мунозара, савол-жавоб тарзида ўтган тадбирда қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, етакчилик қобилиятларини оширишга қаратилган машғулотлар ўтказилди, уларнинг самарали иш юритишлари бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

- Ўтказилган мулоқот ва   машғулотлар менда катта таассурот қолдирди, - дейди Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоли Мумтоза Мадаминова. - Раҳбар ва депутат аёллар билан суҳбатларда мен ва тенг-дошларим фидойи бўлиб меҳнат қилиш, етакчиликнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида кўп маълумотларга эга бўлдик. Бу бизнинг келгусидаги етакчилик фаолиятимизда албатта, ёрдам беради.

Тадбирда иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда қатнашган ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга депутат ва раҳбар аёллардан батафсил жавоблар олди.

* * *

 Андижон давлат университетида бўлиб ўтган "Фан ва таълим - келажак пойдевори" мавзусида илмий-амалий конференцияда вилоятимиз "Олима" уюшмаси аъзоси бўлган олима аёллар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг илм-фан соҳасида илмий-тадқиқотлар олиб бораётган ёш олималар, иқтидорли қизлар билан мулоқоти бўлиб ўтди.

- Айни кунда вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларда 150 нафарга яқин олима фаолият юритмоқда, - дейди вилоят "Олима" уюшмаси раиси, педагогика фанлари доктори Шоҳидахон Юсупова. - Уларнинг 12 нафар фан доктори, қолганлари турли йўналишлар бўйича фан номзоди соҳибаларидир. Хусусан, Ханифа Солихова, Тўхтахон Муҳитдинова, Лолахон  Саидбоева, Салима Мирзаева, Шоҳида Шаҳобиддинова, Дилоро Набиева, Махфуза Юсупова сингари фан докторларининг тилшунослик, тиббиёт, педагогика, қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги илмий, амалий тадқиқот ва инновацион ишланмалари мамлакатимиз илм-фани ривожида салмоқли ўрин тутади.

Дарҳақиқат, биргина 2016 йилда вилоятда 7 нафар олима фан доктори ва доцент илмий даража ҳамда унвонига сазовор бўлди. Бу борада "Олима" уюшмаси вилоят бўлими томонидан иқтидорли қизларнинг илмий-интеллектуал салоҳиятларини намоён этишлари  амалий ёрдам кўрсатиш, илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илмий изланиш ва ютуқларини кенг тарғиб этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, олий ўқув юртлари, илмий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илмий ва маърифий лойиҳалар, ўтказилаётган семинар ва кўрик-танловлар, олималарга услубий ва маънавий кўмак берилаётганлиги уларнинг илмий изланишлари самарадорлигини ошириш, амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Илмий-амалий конференция ишида вилоятимиздаги кўплаб иқтидорли қизлар фаол иштирок этди.

- Мен устозларим кўмагида "Хорижий тилларни ўқитишда янги инновацион технологиялардан фойдаланишнинг лингводидактик ҳамда  лингвокультурологик асослари" мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб боряпман, - дейди Андижон давлат университети Хорижий тиллар факультети талабаси Хуршида Аъзамжонова. - Бугунги илмий-амалий конференцияда мазкур илмий-тадқиқот ишим ҳақида устозларим, тенгдошларимга кенг маълумотлар бердим ва уларнинг илмий иш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билиш имконига эга бўлдим.

Юртимизда, вилоятимизда мен ва мен каби кўплаб ёшларнинг ўз имконият ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлардан беҳад мамнунман. Ўз ўрнида биз талаба ёшлар юртимизга муносиб бўлишга, ўзимизнинг аъло баҳоларга ўқишимиз, фаоллигимиз, одоб-ахлоқимиз, тенгдошларимизни эзгу ишларга етаклашимиз билан Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Анжуманда ёш иқтидор соҳибаларини қўллаб-қувватлаш, ижодий, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

 Шунингдек, анжуман доирасида ўтказилган қизиқарли савол-жавоблар, илмий-ижодий мулоқотлар, китоб акцияси тадбири, олималар, ёш қизлар муаллифлигида чоп этилган янги китоблар тақдимоти барчада катта таассуротлар қолдирди.

- Китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, - дейди тадбир иштирокчиси, АДУ қошидаги 2- академик лицей ўқувчиси Садоқат Солижонова. - Қолаверса, мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли шахс сифатида жамиятда нафақат ўз ўрнини топа олади, балки, унинг  фаол аъзосига айланади. Шу маънода биз ўқувчи ёшлар ҳам нафақат   дарсликларимизни, балки бадиий, илмий, маънавий-маърифий мавзулардаги   китобларни мунтазам ўқиб боришимиз, тенгдошларимизни, айниқса, уюшмаган ёшларни ҳам китоб мутолаласига қизиқтиришга ҳаракат қилишимиз лозим. 

*  *  *

Ҳафта охиригача давом этадиган форум доирасида вилоят "Баркамол авлод" болалар ижодиёти марказида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида "Ким нимага қодир?" мавзусида маҳорат дарслари, ўқувчи қизларнинг ижодий кўргазмалари, Андижон олимпия захиралари коллежида ёш оилаларни мустаҳкамлаш,    соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, кун тартибини оқилона режалаштириш, тўғри овқатланиш, зарарли одатларни бартараф этиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган  машғулотлар, спортнинг бир неча тури бўйича мусобақалар ўтказилади.

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

Суратларда: форум тадбирларидан лавҳалар.

ГИМНАСТИКАЧИ ҚИЗЛАРИМИЗ МУВАФФАҚИЯТИ

(33-сон)

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида бадиий гимнастика бўйича 2004-2014 йилда туғилган қизлар ўртасида "Водий маликалари" очиқ турнири бўлиб ўтди.

Унда мураббий Зарнигор Сирожиддинова бошчилигидаги 9 нафар спортчи қизларимиз вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Қизларимизнинг  якка тартибдаги ва жамоавий чиқишлари, ҳаракатларининг мусиқага уйғунлиги, ўзига хос хатти-ҳаракатлари ҳакамлар томонидан муносиб баҳоланди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра,  вилоятимиз вакилларидан уч нафари биринчи, беш нафари иккинчи ва бир нафари учинчи ўринга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобидан юқори натижага эришдилар. 

Fолиб ва совриндорлар Ўзбекистон гимнастика федерациясининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

Наима ТУРДИЕВА

МУҲИМ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

(33-сон)

Қўрғонтепа туманида вилоятдаги оммавий ахборот воситалари раҳбарлари иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда Президентимиз Шавкат         Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида оммавий ахборот воситаларининг бугунги кундаги фаолиятига муносиб баҳо берилганлиги ҳамда соҳада эътибордан четда қолаётган муаммолар хусусида сўз юритилганлиги таъкидланди.

Семинар иштирокчилари  "Қўрғонтепа ҳақиқати" газетасининг фаолияти, ютуқ ва муаммолари, муассис билан ҳамкорлиги қандай йўлга кўйилганлиги борасидаги ишлар билан танишдилар.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи А. Султонов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Н. Саидов ва бошқа сўз олганлар  Президентимизнинг юқорида қайд этилган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни изчил амалга ошириш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирди. Бу борада ОАВ олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

 

Нигора САЙДАЛИЕВА

"АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА" ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ

(33-сон) тадбирлар

Андижон давлат университетида "Адолатли қайнона - 2017" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

"Адолат" СДП Андижон вилоят кенгаши "Аёллар қаноти" томонидан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоаат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловда унинг ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган 5 нафар қайнона иштирок этди.

- Қайнона-келин муносабатларини яхшилаш оилалар мустаҳкамлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади, - дейди "Адолат" СДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари, партия "Аёллар қаноти" раҳбари Малохатхон Мусаева.  - Шу боис ҳам  фаол, ташаббускор, жамиятда ва оилада намуна кўрсата оладиган, оила қадриятларини улуғлаётган ибратли қайнона ва келинларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш, бу борадаги илғор тажрибаларни тарғиб этиш ва оммалаштириш, миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятлар ўрнини юксалтириш, ёшларни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилган танлов мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори   босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Танлов  иштирокчилари белгиланган "таништирув", "савол-жавоб", "ижодий мавзу" шартлар асосида ўз маҳорат, билим ва тажрибаларини намойиш этдилар.

Қизиқарли ўтган баҳсларнинг якуний натижаларига кўра, Избоскан тумани вакиласи Гўёхон Тўрақулова 1- ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунинг-дек, танловда Жалақудуқ туманидан Муҳаббатхон Ортиқбоева "Энг доно қайнона", Андижон туманидан Замирахон Жабборова "Энг зукко қайнона", Қўрғонтепа туманидан  Оминахон Болтабоева "Энг оқила қайнона", Пахтаобод туманидан Ҳодисахон Тошматова "Энг билимдон қайнона" номинациялари бўйича ғолиб деб топилди.

Fолиб ва совриндорларни "Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси П. Асхонов табриклаб, фахрий ёрлиғ ва эсдалик совғалар билан тақдирлади.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Бир кун яшасанг ҳам шу юртда яша

 (33-сон)

Юз қаватли биносига алмашмам асло,

Қовун полизингда турган капангни.

Қумғонда қайнаган чойи шириндир,

Офтобда қорайган ўша отамни.

 

Дала кенгликлари кўнглим кабидир,

Оддий бир меҳнаткаш - севган аёлим.

Ойдин кечаларим қандай ёқимли,

Самога талпинар менинг хаёлим.

 

Қайнар булоқлари кўзин очмоқда,

Уйилган хирмонлар - элнинг ризқи бу.

Сабрли халқимдир, эртаси порлоқ,

Ҳалол меҳнат қилиш - юртдаги туйғу.

 

Ватан тупроғини ўпиб ардоқла,

Киндик қонингни бўйи бор унда.

Бир кун яшасанг ҳам шу юртда яша,

Ундан муқаддас маскан йўқ дунёда.

 

 

Икромжон ОРЗИҚУЛОВ.

ИЛFОР ИШ ТАЖРИБАЛАРИ ОММАЛАШМОҚДА

(33-сон) Семинар

Андижон индустриал педагогика коллежида "Янги ўқув йили - янги марралар сари" мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев етакчилигида мамлакатимизда ёшлар, уларнинг камолоти, пухта билим олиши ва касб-ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратилганганлиги, шунингдек, ўрта махсус таълим муассасалари моддий-техника баъзасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия, касб-ҳунар ўргатиш жараёнларини давр талаблари даражасида олиб бориш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, янги ўқув йилига пухта ҳозирлик кўриш масалаларига бағишланган мазкур семинарда бошқарма тасарруфидаги таълим муассасалари директорлари, уларнинг ўқув ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

- 2017-2018 ўқув йилида таълим муассасаларимизда 103 ихтисослик бўйича мутахассислар тайёрланади, - дейди  вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи    Фурқатбек Бузруков. - Айни кунларда вилоятимиздаги  академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида янги ўқув йилига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, ўтказилган семинар бу борадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга, соҳа ходимларининг билим ва малакаларини янада бойитишга ёрдам берди.

  Иштирокчилар дастлаб коллеж радиоси фаолияти билан танишдилар, сўнг жорий йилда мазкур таълум муассасасига ўқишга қабул қилинган ўқувчиларнинг қасамёд қабул қилиш маросимида иштирок этди. Шунингдек, "Томорқа дастури" бўйича йил давомида олиб борилган ишлар акс эттирилган видеороликлар, махсус ва умумтаълим фанлари ўқтувчиларининг "Мустақиллик" ва "Хотира" дарс машғулотлари ҳамда уларнинг янги ўқув йилига тайёрлаган иш ҳужжатлари кўриб чиқилди.

Шундан сўнг мавзу бўйича қатор маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

 

Наргиза ХУШВАҚОВА,

вилоят ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бош мутахассиси.

 

 

ОИЛА - МЕҲР КОШОНАСИ

(32-сон) қатра

- Отажон, одам ўзини хотиржам сезадиган тинч жой борми дунёда? - сўради ўғил қизиққонлик билан.

- Ҳа, албатта, - жавоб берди ота кулимсираб. - У шундай жойки, ўзингни хотиржам сезасан, муаммо ташвишларни бир зумга унутасан. У ер шундай мўъжизакорки, асло тарк этгинг келмайди, бир умр қолишни истайсан. У сендан ҳеч қандай бойлик талаб қилмайди, шундай беминнат. Аммо уни йўқотсанг, кейин бир умр изласанг ҳам тополмайсан. Бироқ ўғлим, унинг қаердалигини айтмайман, уни ўзинг излаб топишинг керак, шунда гапларим ҳақиқат эканига ишонасан.

Уни тезроқ топиш мақсадида ўғил кўча томон шошилди. Буни кузатиб турган ота "эҳ" деб бошини қуйи солди.

Отам таърифлаган жой балки боғдир, деб ўйлаб ўғил боққа борди, бироқ у ерда хотиржамлик йўқ эди. Шундан сўнг эҳтимол театр бўлса керак дея  театрга борди, лекин саҳна кўриниши тугагач, кетишга тўғри келди. Демак, бу ер ҳам эмас. Балки мазали таомлардан танаввул қилсам роҳатланарман, деб ўйлаб ошхонага кирди. Лекин у ерда бойлик, яъни пул талаб қилинарди. Кенг майдон шаҳар кўчалари - ўзи истаган барча жойларга борди, лекин барибир у жойни тополмади.

Шундан сўнг хориб-чарчаб, отаси айтган жойни тополмай уйига қайтди. Ота-она дастурхон тузаб уни кутиб ўтиришганди. Ўғлининг хорғин ҳолатда кириб келганини кўрган ота индамади. Онаси эса ширин таомлар билан унинг қорнини тўйдирди. Сўнг боласини меҳр билан бағрига босди. Бироз фурсат ўтгач, чарчаган ўғил ухлаб қолди. Уйғонганида онаси иссиқ қўллари билан бошини силаб ўтирар эди.

Бола англадики, демак, меҳр кошонаси бу ўзининг қадрдон уйи, оиласи, онасининг иссиқ тафти экан.

 

 

Дурдона САФАРОВА

ТАТУАЖ- ПАРДОЗ УСУЛИ ЗАРАРЛИМИ?

(32-сон) Гўзаллик ва саломатлик

Бугунги кунда давр ўта тараққийлашиб кетгани каби аёлларнинг ҳуснига ҳусн қўшиш, гўзал кўриниш борасида ҳам бир қанча янгиликлар кашф этилган. Улар орасида татуаж, яъни узоқ вақт кетмайдиган пардоз усули анча оммалашиб кетди. Тўғри, аёлларимиз гўзал бўлишга интилганлари яхши, албатта. Бироқ, бу пардоз тури улар учун фойдадан кўра зарар келтиришини опа-сингилларимизнинг кўпчилиги билмасалар керак.

Татуаж аслида лаб, кўз ва қошга шакл бериш, тери нуқсонлари, чандиқ ва пигмент доғларни яшириш, ҳол қўйиш ёхуд табиий холларга бироз ранг бериш усули ҳисобланади. Бунда терига игна ёрдамида махсус бўёқ юборилади. Бу муолажа оғриқли бўлиб, бир-икки соат вақт талаб этади. Демак, татужнинг қандай йўналишлари бор. Умуман, унинг фойда ва зарарлари нималардан иборат. Бу ҳақда шифокор Саида Назирова қуйидагиларни гапириб берди.

 

ЛАБ ТАТУАЖИ

Лаблар шаклини тўғрилаш, катталаштириш ҳамда лабнинг ичини бўёқ билан тўлдириш мақсадида олиб борилган муолажадан сўнг оғиз атрофида шишлар пайдо бўлиши ва унинг битиши узоқ вақтга чўзилиши ҳам мумкин. Лабни татуаж қилгандан сўнг кишида инфекцион касалликлар билан хасталаниш, шунингдек, герпес вируси пайдо бўлиши эҳтимоли кучаяди.

 

КЎЗ ТАТУАЖИ

Татуажнинг мазкур тури кўзларга ишлов бериш, жумладан, игна ёрдамида шакл чизиш йўли билан кўз ва қовоқ шакли тўғриланади, нуқсонлари яширилади.

Бироқ бу оғриқли муолажа бўлиб, кўзнинг кўриш қобилиятига, қовоқ терисига зиён етказиши, тери сезувчанлиги ва ҳаракатига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Бу татуажнинг энг хавфли усули ҳисобланади.

 

ҚОШ ТАТУАЖИ

Қош татуажи қошнинг илдизи йўқ бўлиб кетишига ҳам олиб келиши мумкин. Бундай турдаги пардоз кўп ҳолларда маълум вақт ўтиши билан қошлар тукини бутунлай йўқотиб, тўкилиш эҳтимолини оширади ва янги қошлар ўсиб чиқишини тўхтатади.

 

ТАНА ТАТУАЖИ

Бундай татуаж пардознинг энг кенг тарқалган йўналиши ҳисобланади. Бунда тананинг турли қисм-ларига ҳар хил кўринишдаги тасвирлар туширилади.  Ушбу татуаж нисбатан зарарсиз бўлса-да, унинг салбий асоратлари йиллар ўтгандан кейин юзага чиқиши мумкин.

 

ҲОМИЛАДОРЛИКДА МУКИН ЭМАС

Татуаж аёлнинг ҳомиладорлик даврида умуман мумкин  бўлмасада, баъзи бир аёллар оғироёқ бўлишларига қарамай, пардознинг бу усулидан фойдаланишмоқда. Бу ўз навбатида кўплаб муаммоларни юзага келтириши мумкин. Негаки, ҳомиладорлик даврида тери жудаям таъсирчан бўлиб, иммунитетнинг пасайиши ҳисобига инфекцияларнинг танага кириши    бошқа пайтга нисбатан кучлироқ бўлади.

 

ХАВФЛИ ТОМОНЛАРИ

Татуажда турли асбоб-ускуналардан фойдаланилади. Демак, асбоб-ускуналарни нотўғри стерилизациялаш, сифатсиз бўёқ ва мутахассис тажрибасининг етишмаслиги салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Яна бир салбий жиҳати у юзнинг асаб толалари ва томирларига жароҳат етказиши осонликча ўтиб кетмайдиган аллергияни ҳам қўзғатади.

Бўёқларнинг баъзилари ўз таркибида аллергия ҳамда терида чандиқнинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи моддаларни сақлайди. Одатда бу моддадан мато ва сочлар учун бўёқлар ишлаб чиқаришда фойдаланишади. Ушбу модданинг татуаж туфайли терида узоқ вақт туриши аёлларда пардоз воситаларига, маиший кимё маҳсулотларига нисбатан аллергия пайдо бўлишига олиб келади. Доимий равишда ачишиш, қичишиш, ғурра ва шамоллаш сингари аломатлар алергия юзага келишининг дастлабки кўринишлари саналади.

 

Хосият Сиддиқова

ёзиб олди.

�нди.

 

Дийдор

(32-сон) Кечинма

Ёз. Саратон. Кўча қиздирмоқда. У билан бугун яна учрашамиз. Гарчи офтоб танамни қиздириб кул қилса ҳам мен уни мана шу кўприк устида кутиб тураман. У бугун келиши керак. Ахир ваъда берган. У мени ҳеч куттирмасди. Негадир бугун шундай бўлиб қолди. Балки муҳим иши чиқиб қолгандир. Ҳеч- қиси йўқ келганимга ярим соат ҳам бўлмади ҳали.

 Юрагим эса хавотир ва хадикда. Ўзимни чалғитиш учун анҳорда роҳат қилиб чўмилаётган болаларга қарайман. Улар бирам хушчақчақ. Ёзги таътил уларга бир олам завқ улашган. Ана ёнимдан севишган икки ёш бир-бирларидан кўз узмай, ширин суҳбат қуриб ўтиб кетишмоқда. Уларга ҳавасим келади. Дийдор қандай лаззатбахш туйғу. Мен ҳам унинг дийдорига ошиқиб келдим-у, аммо ундан ҳалигача дарак йўқ. Қўнғироқ қилсаммикан... Йўқ. Яхшиси сабр қиламан. Қўлимдаги соатни ечиб, сумкамга солиб қўйдим. Токи у келмаган дақиқалар юрагимга яна ғулув солмасин.

Атрофдагиларни кузатишда давом этаман. Шу тариқа билмадим яна қанча вақт ўтди. Шошилиб соатни олдимда унга қарадим. Учрашув вақтидан икки соат ўтиб кетибди. У келмади. Ортимга қайриламан. Кўприкдан тушиб, йўлак четига ўтиб оламан. Томчиларимни яширишга улгурмай, қўл телефоним жиринглайди. Нотаниш рақам. Гўшакни қулоғимга тутаман. У ёқдан қадрдон овоз эшитилади:

-      Илтимос, орқангга қара...  

 

 

Комила ЖАЛОЛОВА

БИЗ ҚАЙ ДАРАЖАДА ГАЗЕТХОНМИЗ?

(32-сон) Бугуннинг гапи

Ёхуд газета, журнал ўқишга, матбуот нашрларига обуна

бўлишга етарли эътибор қаратяпмизми?

Жамиятимизда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуот нашрларининг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида: "Мен сиз, муҳтарам матбуот аҳлининг ҳаётимизни янада эркин, обод ва фаровон этиш учун доимо фидойилик кўрсатиб яшашингизни яхши биламан ва сизларни шу йўлда ўзимнинг энг яқин ҳамкорларим ва ёрдамчиларим деб ҳисоблайман. 

Сизларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатингиз ўз муносиб баҳосини топиши, янада самарали бўлиши учун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятларини албатта сафарбар этамиз" деган фикрлари соҳа ходимларига куч, шижоат бахш этиш билан бирга, зиммаларига катта масъулият ҳам юклайди.

 Айни кунда соҳа вакилларини қандай муаммолар ташвишга солмоқда, фуқароларимизнинг газеталарга бўлган муносабати қандай, умуман, вилоятимиз аҳолиси қай даражада газетхон? Қуйида ана шу саволлар доирасида фикр-мулоҳаза юритамиз.

 

Қай даражада газетхонмиз?

Бугунги кунда вилоятимиз аҳолиси босма матбуот нашр-лари билан қай даражада таъминланган? Келинг, факт ва рақамларга мурожаат қилайлик. Вилоятимизда "Ўзбекистон почтаси" ОАЖ вилоят филиали ҳамда "Андижон матбуот тарқатувчи" МЧЖ томонидан жорий йил бошида ҳафтасига обуна бўйича 231,5 минг нусха, чакана сотув бўйича эса 56 минг нусха хорижий, республика, вилоят, туман ва шаҳар газета ва журналлари тарқатилди. Бундан ташқари, вилоятимиздаги турли таҳририятлар орқали 4,5 минг нусха газета ва журнал обуначи ва харидорларга етказиб берилди. Вилоятимизда обуна ва сотув бўйича тарқатилган қарийб 289 минг нусха газетани вилоятнинг 3 миллион аҳолисига тақсимлайдиган бўлсак,  тахминан ҳар 10,4 кишига бир нусха ҳафталик газета тўғри келди. Йилнинг иккинчи ярмига келиб, обуна ва сотув бўйича тарқатилаётган газета ва журналлар умумий тиражи 96 минг нусхани ташкил этмоқда. Буни вилоят аҳолисига тақсимлайдиган бўлсак, ҳар 31 кишига бир нусха ҳафталик газета тўғри келишини кўрсатади. Ушбу кўрсаткич бизни газета, журнал ўқишда мақтанадиган даражада эмаслигимизни кўрсатади.

Шу ўринда қуйидаги   статистик маълумотни келтириб ўтамиз, яъни жаҳон миқёсида ҳар 11 кишига бир нусха кундалик газета ёки журнал тўғри келар экан (2016 йил маълумоти).

Фуқаролар жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида қанчалик фаол иштирок этса, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, жамиятда демократик тамойиллар мустаҳкамланиши, энг асосийси, жамиятнинг тараққиёт даражаси юқори поғонага кўтарилиши, провардида халқимизнинг турмуш фаровонлиги яхшиланиши табиий. Шу ўринда фуқароларимиз, газетхонларнинг савияси масаласи ҳам муҳим роль ўйнайди. Афсуски, аксарият газетхонлар жамиятдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар ҳақидаги материал-ларни ўқишдан кўра, кўнгилочар, енгил-елпи материалларни ўқишни маъқул топаётган-ликларини асло оқлаб бўлмайди.

 

Обуна ихтиёрийми ёки мажбурий?

Обуна, газета сотиб олиш ҳақида гап кетганда айрим  юртдошларимизнинг "Газета сотиб олгандан кўра, бошқа бирор бир эҳтиёжим учун маблағ сарфлаганим афзал", яна бир тоифа кишилар эса "Ишхонамизда мажбуран обуна   қилдиряпти, раҳбарни устидан ёзиш керак" деган гапни айтишдан уялмаётганлигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Очиғини айтганда, ана шундай тушунчага эга кишини мажбурлаб ҳам газета ўқитиш қийин. Лекин бўлгани шу деб ундайларга бефарқ қараш ҳам тўғри эмас. Чунки у жамиятимизнинг бир аъзоси, унинг ва атрофидагиларнинг маънавиятини юксалтиришга, фикрлаш доирасини кенгайтиришга кенг жамоатчилик, айниқса, зиёлилар масъул (минг афсуски, зиёлиларнинг орасида мана шундай тушунча билан юрганлар ҳам йўқ эмас). Агар уларни тарбиялашга ҳаракат қилинмаса, орамизда бефарқ-лар, жамиятдаги жараёнларнинг асл  моҳиятини англаб етмайдиганлар сафи кенгайиб бораверади. Бу эса жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, маълумотидан қатъи назар газета, журнал ўқийдиган, ўз дунёқарашини, маънавиятини ошириб борадиган кишидан ёмонлик кутиш мумкинми? Йўқ, албатта. Минг афсуски, бугун бизнинг газета, журнал ўқишга, уқиб ўқишга етарли даражада эътибор қаратмаётгалигимиздан кўз юмиб бўлмайди. 

Обуна ҳақида гап кетганда бу борадаги ҳамкор ташкилотлар "Ўзбекистон почтаси" ОАЖ вилоят филиали ҳамда "Андижон матбуот тарқатувчи" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан боғлиқ айрим жиҳатларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.

Деярли барча нашрларга почта бўлимлари орқали обуна ташкил этилган. Тўғри, обуна нашрлар обуначига етказиб берилмоқда. Ҳар ҳолда жиддий эътирозлар юзага келгани йўқ. Бироқ обуна маблағларини тўлаш масаласида вилоят почтаси таҳририятларни қийин аҳволга солиб қўймоқда. Ўзаро шартномага кўра, обуна маблағининг 85 фоизи йил бошида, қолган қисми эса  йил давомида таҳририятларга ўтказиб берилиши белгиланган. Бироқ почта томонидан обуна пулларининг тўланиши йил охирига қадар чўзиб юборилмоқда. Бу таҳририятларга газетани чоп этиш билан боғлиқ қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Умуман, почта ташкилоти ҳамкор сифатида бундай тартибдан воз кечиш чораларини кўриши керак.

"Андижон матбуот тарқатувчи" томонидан эса обуна, сотув бўйича маблағлар ўз вақтида ўтказиб берилаётганлигини ижобий баҳолаш керак. Жамият обуна даврида обунанинг бориши ҳақида   таҳририятларга мунтазам  маълумот бериб боради. Обуна даври тугаб, якуний буюртма берилганда эса маълумотларда кўрсатилган миқдордан анча оз тиражга буюртма берилади. Сабаби суриштирилганда маълум миқдордаги газетанинг маблағи тушмаганлиги айтилади. Бу каби ҳолатни деярли барча газеталар мисолида кўриш мумкин. Шу ўринда мана шу фактга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Қайсидир мутасадди раҳбарлар томонидан кўзбўямачилик учун ташкил этилаётган бундай обуналар ўзимизни ўзимиз алдашдан бошқа нарса эмас. Обуна қилувчи ташкилот ходими бундай сохта обунани расмийлаштирмаслиги керак.

Баъзида эса бирор нашрга обуна бўлиши керак бўлган шахс ёки ташкилотнинг юқори идораларга нотўғри маълумот тақдим этиш ҳоллари ҳам учраб туради. Ёлғон, алдаш ҳисобига кимдир обуна бўлмасдан маълум миқдордаги маблағни тежаб қолар. Бу унга қанчалик фойда келтиради? Ундан кўра, ўша шахс газета ёки журналга обуна бўлса, нафақат ўзи, балки оиласидагилар - турмуш ўртоғи, ўғли, қизи, келини, набираси йил давомида газета ўқиб, ундан маънавий озуқа олиши мумкинлигини наҳотки англаб етмаса?

Шу ўринда вилоят матбуот ва ахборот    бошқармаси ташаббуси билан имконияти мавжуд туман, шаҳар газеталари таҳририятлари томонидан нафақат ўзларининг, балки вилоятдаги бошқа нашрларнинг обунасини ташкил этиш бўйича ҳам аниқ таклифлар илгари сурилмоқда. Бу борада Олтинкўл, Хўжаобод туманларида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

 

ЙиFинлар ижобий натижа бермоқда

Вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан жорий йил март ойидан туман, шаҳар, тармоқ газеталари таҳририятлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, нашрларнинг мазмун-моҳияти, сифати ва тиражини, обуна ишлари самарадорлигини оширишга кенг жамоатчиликни жалб этишдек эзгу ният билан жойларда семинарлар ўтказиб келинмоқда. Таъкидлаш керакки, ушбу сайъи ҳаракат ижобий натижалар бермоқда. Журналистлар, муҳаррирлар туман ва шаҳар газеталаридаги мавжуд шарт-шароитлар, илғор иш тажрибалари билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлмоқда. Бироқ газета тиражини ошириш, обуна ташкил этиш борасида кутилган самаралар бўлаётгани йўқ.

Шу ўринда мулоҳаза туғилади, газеталар учун оғир иқтисодий бир шароитда вилоят ҳокимлиги томонидан таҳририятларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қилинаётган саъйи ҳаракатга нима учун кенг жамоатчилик, хусусан, тиббиёт, таълим тизими мутасаддилари, фермер ва тадбиркорлар етарли даражада эътибор қаратмаяпти? Ахир ўтказилган йиғилишларда ана шу соҳалар мутасаддилари "Газета ўзимизники, уни албатта, қўллаб-қувватлаймиз" деган фикрни айтишмоқда, лекин амалий натижа кўринмаяпти. Бундан айрим раҳбарларнинг матбуот нашрларига бўлган муносабати қандай эканлиги яққол кўриниб қолмоқда. Жумладан, Андижон шаҳри, Булоқбоши, Улуғнор, Хўжаобод, Пахтаобод туманларида "Иқбол" газетаси обунасига ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаётганлигини айтиб ўтиш ўринлидир.

Ҳар бир таҳририят ўз газетасига обуна ташкил этиш, провардида кутилган натижага эришиш учун муассислар, ҳамкорлар ҳамда газетхонлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиши, аниқ ва тизимли ишлар олиб бориши лозим. Ижтимоий-сиёсий газеталар обунасида эса вилоят ҳокимлигининг кўмаги муҳимдир. Обунага етарли даражада эътибор қаратилмас экан, муаммолар, айрим газеталарнинг йил   ярмига ёки ярмидан ўтиб тўхтаб қолиши, ходимларга ойлик иш ҳақларини беролмаслик сингари салбий ҳолатлари давом этаверади. Бу вилоятимиз матбуоти ривожига, тарғибот ишлари самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. 

 

Газета фуқарони фаолликка ундайди

Матбуот нашрларининг мазмуни ва савияси ҳақида гап кетганда, албатта, касбий маҳорат ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Журналистик иқтидори, қобилияти бўлмаган киши ҳеч қачон матбуот соҳасида ишлай олмайди. Лекин малакали, ўз ишининг етук мутахассиси бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.  Журналист сиёсий жиҳатдан етук, ижтимоий-иқтисодий соҳани яхши тушунадиган, кенг дунёқарашга эга бўлсагина, у тайёрлаган материаллар кўпчиликка маъқул ва манзур бўлади. Журналистда ана шу жиҳатлар бўлмас экан, унинг ёзганлари оддий баёндан иборат бўлиб қолаверади. Айни кунда матбуот нашрларини малакали мутахассислар билан тўлдириш ҳам муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. 

Мухтасар айтганда, барчамизнинг ишимиз, мақсадимиз ягона. Бир-биримизга кўмак бермасдан тўлақонли фаолият юрита олмаймиз. Шу боис ҳам, ҳамкорлик, ижтимоий шериклик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Газеталаримиз саҳифаларида берилаётган материалларнинг аксариятида ўқитувчилар, шифокорлар, тадбиркорлар, фермерлар, қўйингки, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, иқтидорли ёшларимизнинг ҳаёти, фаолияти, ибратли ишлари ўз аксини топмоқда. Газета том маънода газетхонни ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, эртанги кунга умид билан қарашга, юксак    маънавиятли, шижоатли, юрт учун фидойи, эзгу ишларга камарбаста инсон бўлишга ундайди. Шу боис, ҳар бир юртдошимиз ўзи истаган матбуот нашрига обуна бўлса, мунтазам газета, журнал ўқиб борса фойдадан холи бўлмайди.

Вилоятимизда жорий йил бошида обуна ва сотув бўйича  тарқатилган қарийб 289 минг нусха газетани вилоятимизнинг 3 миллион аҳолисига тақсимлайдиган бўлсак,  тахминан ҳар 10,4 кишига бир нусха ҳафталик газета тўғри келди.

 

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ