+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

(30-cон) Ҳуқуқий маслаҳатхона

Ўз вақтида берилмаган таътилни кейинчалик олиш мумкинми?

Корхонамиз МЧЖ шаклида ташкил этилган. қатор йиллар мобайнида таътил жадваллари тузилмаган, ходимларга ушбу давр учун меҳнат таътили ҳам берилмаган. Раҳбарият ўзгарди, энди таътиллар ўз вақтида берилмоқда. Бироқ 2014-2015 йиллар учун баъзи ходимларга таътил берилмаган.

Агар таътил ўз вақтида берилмаган бўлса, ўтган йиллар учун меҳнат таътилларини бериш тартиби қандай? Таътилни икки ва ундан кўп йил ўтганидан кейин ҳам олиш мумкинми? Уларга ҳақ тўлаш тартиби қай тарзда амалга оширилади?

Б. Абдуллаева, ҳисобчи.

- Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 143-моддасига кўра, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун мазкур иш берувчида 6 ой ишлангандан кейин берилади. Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта, фойдаланилиш лозим.

18 ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, шунингдек, Меҳнат Кодексининг "Меҳнат шароити ноқулай ва алоҳида тусга эга бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътил" деб номланган 137-моддасида кўрсатилган йиллик қўшимча таътилларни бермаслик таъқиқланади.

Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади. Бироқ бунда ишнинг мароми ва шахснинг қулай вақтда таътил олиш ҳуқуқи ҳам бузилмаслиги лозим.

Меҳнат Кодексининг 145-моддасига мувофиқ, агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.

Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади.

Агар қонунни бузган ҳолда маъмурият ходимга бир неча йил мобайнида таътил бермаган бўлса, у таътил олиш ҳуқуқини йўқотмайди, чунки меҳнат қонунчилигида таътил бериш талаби бўйича даъво қилиш муддати белгиланмаган. Шу муносабат билан иш берувчида ходимга барча фойдаланилмаган ҳақ тўланадиган таътилларни бериш мажбурияти сақланади.

Бундан аввалги иш даврлари учун йиллик таътиллар     навбатдаги календарь йил учун таътиллар жадвали доирасида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича берилиши мумкин.

Бунда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг (Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган) 1-бандига мувофиқ таътиллар вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни ҳисоб-китоб давридаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган сумманинг биринчи йил ишловчиларга ўн иккидан бирига, ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув  юртлари ўқитувчилари учун ўндан бирига оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган суммаларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.

Иш берувчида бундан аввалги йиллар учун ходимга таътиллар бериш мажбурияти борлигини ҳисобга олиб, ходим календарь йил мобайнида турли иш йиллари учун бир нечта таътилдан фойдаланиши мумкин.

 Саволга Андижон шаҳар бандликка

кўмаклашиш маркази

Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори

Донёрбек  ДИЛШОДОВ

 

жавоб берди.

ДЕПУТАТ - ХАЛҚ ХИЗМАТЧИСИ БЎЛИШИ КЕРАК

(30-cон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Жорий йилнинг 12 июль санаси мамлакатимиздаги сиёсий партиялар учун тарихий кунга айланди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Парламент палаталари, сиёсий    партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган онлайн йиғилишда бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан  муҳим ва долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Йиғилишда Юртбошимиз сиёсий партияларнинг бугунги кундаги фаолиятига танқидий баҳо бериб, шиддатли ривожланиш даврида фуқаролик жамиятининг ушбу тизимлари замон билан ҳамнафас иш олиб бормаётганликларини кўрсатиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг: "Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди "мудраб ётган" сиёсий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак" деган сўзлари менимча, ҳар бир партия аъзоси фаолияти учун дастуриламал бўлади.

Жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида сиёсий партиялар ва уларнинг фаоли, аъзоси ўзининг аниқ белгиланган режасига мувофиқ, амалий ишларни олиб бориши кераклиги айни кундаги долзарб масалалардан биридир. Дарҳақиқат, аслида депутат халқ билан мулоқотда унинг вакили сифатида одамларнинг, хусусан, ўз партияси электорати манфаатларини илгари суриши, сайлов дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун астойдил ҳаракат қилиши, ташаббускорлик кўрсатиши лозим. Уларнинг ана шу саъйи-ҳаракатлари замон шиддатига, ислоҳотлар самарасига, фуқаролар талаби ва юрт равнақи билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Президентимизнинг ўринли эътирозидан сўнг нафақат парламент, сиёсий партиялар, балки биз депутатлар ҳам  фаолиятиимизни талаб даражасида олиб бориш учун зарур чораларни кўришимиз кераклигини тушуниб етдик. Энди янгича руҳ билан ишлаб, фаолиятимизни такомиллаштириб, тубдан қайта ташкил этамиз ва самарадорлигини оширишга жиддий эътибор қаратамиз.

Танқид - келажак меваси! Президентимиз томонидан билдирилган эътирозлардан тўғри хулоса чиқариб, бўлажак сайловларга қадар партиямизнинг дастурий мақсадларига эришиш, электоратимиз ишончини қозониш учун  астойдил меҳнат қилишимиз лозим. Хусусан, партиямиз сайлов платформасида илгари сурилган мамлакатимиз тараққиёти, иқтисодий салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш, тарихий, маданий, бой маънавий-аҳлоқий қадрият ва анъаналар асосида жамиятимизда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш, маънавий юксалишга эришиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, мазмунан бойитиш, ёш авлодни халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш  масалаларига устивор аҳамият қаратилган.

Шунингдек, партиямиз дастурида халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси ҳамда халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланган маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш, уларни янада обод масканларга айлантириш, ички ва халқаро туризмни ривожлантириш масалаларига кенг ўрин берилган. Жумладан, вилоятимиздаги мавжуд  маҳаллий ва республика аҳамиятига молик 400 га яқин тарихий ва маданий мерос объектлари ички туризм-ни ривожлантириш борасида кенг имкониятларга эга. Айни кунда партиямиз томонидан мазкур йўналишда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим масалалардан бири бўлган ёш авлодни истиқлол ғоялари,    халқимизнинг миллий қадрият, анъана ва урф-одатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида она Ватанга муҳаббат  туйғуларини мустаҳкамлаш борасида ҳам партиямиз томонидан кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини ошириш, аёлларни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш масалаларига ҳам партиямиз алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, вилоятимизда аёллар, хотин-қизлар ҳар соҳада фаолликларини намоён этиб, халқ фаравонлигига ва Ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бу борада   партиямиз аъзоси бўлган фаол хотин-қизлар фаолияти ҳам алоҳида эътирофга сазовор.

Аёл аввало, авлодлар давомийлигини таъминловчи муқаддас зот. Шу маънода бўлажак оналаримиз - ёш қизларимизни ҳар томонлама мукаммал шахс қилиб тарбиялашда барчамиз эътиборли бўлмоғимиз даркор. Аввало, мустаҳкам оилани бунёд этишда қизлар тарбиясига эътиборли бўлиш бугунги кунда барчанинг масъулиятли вазифаси бўлмоғи керак. Замонавий, фаол ва етакчи аёлларни тарбиялаш учун оилада, жамиятда  соғлом маънавий  муҳитни шакллантиришимиз зарур. Бу борада хотин-қизлар қўмиталари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим мууассасаларида ўтказилаётган турли тадбирларимиз, давра суҳбатлари ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Хотин-қизлар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олди олинмоқда.

Партиямиз томонидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёш қизларни турли ҳунарларга ўргатиш, ҳаётга тайёрлаш, оилаларни мустаҳкамлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари маъруза давомида халқ олдида намуна кўрсата олган депутатларга "адолатли депутат", "халқпарвар депутат", "меҳнаткаш депутат" дея ишонч билдириш орқали уларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги фикрлари ҳам алоҳида эътирофга сазовордир. Бу ҳам албатта, депутатларнинг ўз вазифасига бўлган ҳурматини кучайтиришга, зиммасидаги масъулиятни сидқидилдан бажаришга ёрдам беради.

Бир сўз билан айтганда, йиғилишда Юртбошимиз тўхталиб ўтган ҳар бир масала бўйича партиямиз фаоллари ўз олдига аниқ вазифалар белгилаб олди. Бундан буён ана шу вазифаларни тўла-тўкис бажариш  орқали юртимиз равнақини янада юқори даражага кўтариш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, партиямиз электорати ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этамиз ва ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

 

Садбархон МАМИТОВА,

 

Ўзбекитон "Миллий тикланиш демократик партияси" фаоли, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Азиз тупроғингга олтин тенг келмас

(30-cон)

Борлиғим, борлигим, ўзинг Ватаним,

Чаманлар ичида чиройинг тенгсиз.

Дунёда қанча юрт довруғи баланд,

Аммо мен барибир яшолмам сенсиз.

 

Сен менинг боғимсан, мен бир ниҳолинг,

Бағрингда яшнайман, меҳрингдан қониб.

Қуёшинг тафтида мангу исинай

Сенинг муҳаббатинг, ишқингда ёниб.

 

Азиз тупроғингга олтин тенг келмас,

Алишмам сийм-у зар, тиллога ҳеч ҳам.

Меҳрингнинг қиёси йўқ онам мисоли,

Сен елка тутасан бўлиб меҳрибон отам.

 

Орзуим, умидим сен билан бирга,

Ҳамиша обрўйинг юксакка етсин.

Бобо ва момомлар қўли дуода,

Минг йиллик армонлар қалбни тарк этсин.

 

 

Ойгул НАЖМИДДИНОВА

БИЛИМ ОЛИШ ИСТАГИДАГИ ЁШЛАРГА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЭШИГИ ОЧИБ БЕРИЛГАН

(30-cон)

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг ўқиб, пухта билим олишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида шу кунларда кўплаб ёшлар олий ўқув юртларига кириш учун  тест синовларига астойдил тайёргарлик кўрмоқда.

Вилоятимиздаги мавжуд 4 та олий ўқув юртига кириш учун 68 минг 64 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, умумий ҳисобда 1 ўринга 17,5 талабгор тўғри келади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган ёшларнинг 2912 нафарига белгиланган квоталар бўйича  талаба бўлиш бахти насиб этади.

Жорий йилда бакалавр йўналиши бўйича Андижон давлат университетига 23 йўналишда 1 минг 422 та қабул квотаси берилган. Андижон машинасозлик институтига 935 нафар, Андижон тиббиёт институтига 520 нафар, Андижон қишлоқ хўжалик институтига 1000 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган.

Маълумки, олий таълим муассасаларига кирувчилар учун қатор имтиёзлар тизими яратилган. Шулардан бири муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тегишли тавсияномага эга бўлган фуқароларга олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижалари бўйича тўплаган балининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш имтиёзи белгиланганлигидир.

Абитуриентлар учун яратилаётган яна бир муҳим янгилик - бу 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилганлиги бўлди. Бундай шаклдаги қабул учун квота белгилашда аввало таълим муассасаларининг имкониятлари ҳисобга олинади.

Шунингдек, ўтиш балидан паст тўплаган, аммо 68 баллдан кам бўлмаган абитуриентлар учун уларнинг оширилган контракт пулини тўлаш истагидан келиб чиқиб, кетма-кетлик тартиби сақланган ҳолда тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул қилиш амалга оширилади.

Талабалик остонасида турган барча ёшларимизга тест синовларида омад ёр бўлишини тилаймиз!

 

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ

"БОFБОН"ДА БОЛАЛАР МИРИҚИБ ДАМ ОЛМОҚДА

(30-cон)

Вилоятимиздаги барча болалар оромгоҳларида бўлгани каби Хўжаобод туманидаги "Боғбон" ормгоҳида ҳам болажонлар мириқиб дам олмоқда.

Жорий мавсумда 450 нафар бола дам олиши белгиланган мазкур оромгоҳда болажонларнинг кўнгилли хордиқ чиқаришлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

Одинахон Болтабоева раҳбарлик қилаётган оромгоҳда турли хил спорт ҳамда фан тўгараклари ташкил этилган бўлиб, улар дам олаётган болаларнинг билимларини янада бойитишга, таътилни қизиқарли ва мазмунли ўтказишларига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, бош тарбиячи Дилфузахон Тоҳирова етакчилигида фаолият кўрсатаётган 24 нафар тарбиячи ва мураббийлар томонидан  ўтказилаётган турли қизиқарли тадбирлар, кўнгилочар дастурлар, спорт мусобақалари болажонларнинг мазмунли дам олишларини таъминламоқда.

- Оромгоҳда мазза қилиб дам оляпман, кўплаб дўстлар орттирдим, - дейди Андижон шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мубина Каримова. - Ўртоқларим билан "Мушоира кечаси", "Эртаклар - яхшиликка етаклар", "Қувноқ болажонлар" сингари тадбирлар ҳамда қатор спорт мусобақаларида қатнашиб, билимларимизни, саломатлигимизни мустаҳкамладик. Бизнинг мароқли дам олишимиз учун мана шундай қулай шароитлар яратиб берганликлари учун барча ташкилотчиларга  раҳмат айтаман.

Айниқса, оромгоҳга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар ташрифи болажонларга бир олам қувонч улашмоқда.

 

 

Дилафрўз Раҳматжонова.

ШОИРА БИЛАН УЧРАШУВ

(30-cон)

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошида фаолият юритаётган "Бобур издошлари" тўгарагида таниқли  шоира Назира Ассалом билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда тўгарак раҳбари Хуршидабону Қўчқорова сўз олиб, иштирокчиларга шоиранинг ижоди ҳақида кенг маълумотлар берди. Шундан сўнг шоира Назира Ассалом бугунги кун адабиёти, шеърияти, ижод машаққатлари ҳақида ўзининг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди, ижод борасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Шоира ҳамда  тўгарак аъзолари ўзларининг ижод намуналаридан ўқидилар.  Тадбир якунида ёш ижодкорларнинг Зомин семинари иштирокчилари Зулхумор Орифжонова, Моҳидил Абдуллаева иштирокчиларга семинар таассуротларини гапириб бердилар.

 

 

Наима ТУРДИЕВА

"АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА" ТАНЛОВИ

(30-cон)

Жалақудуқ туманида "Адолатли қайнона" танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

"Адолат" СДП туман кенгаши, туман хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловда партия аъзоси бўлган 5 нафар қайнона ўз келинлари билан ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Оилаларни мустаҳкамлаш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, фаол, ташаббускор, жамиятда ва оилада намуна кўрсата оладиган, оила қадриятларини улуғлаётган ибратли қайнона ва келинларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш, бу борадаги илғор тажрибаларни тарғиб этиш ва оммалаштириш мақсадида ўтказилган танлов иштирокчилари белгиланган шартлар асосида ўз имкониятларини намойиш этдилар.

Қизиқарли ўтган баҳсларнинг якуний натижаларига кўра, Муҳаббатхон Ортиқова  "Адолатли  қайнона" танлови ғолиби деб топилиб, унинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, танловда Нодирахон Ортиқова "Энг намунали қайнона", Фотимахон Бекназарова  "Энг яхши қайнона",  Саидахон Акбарова "Энг фаол қайнона", Йўлдошхон Орипова "Энг оқила қайнона" номинациялари бўйича ғолиб бўлдилар.

Fолиб ва совриндорларни "Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари М. Мусаева, туман кенгаши раиси Р. Жўраева табриклаб, фахрий ёрлиғ ва эсдалик совғалар билан тақдирладилар.

Дилдора ХУШБАҚОВА,

жамоатчи мухбир.

ГЎЗАЛЛИК ВА НАФОСАТ БАЙРАМИ

Андижон шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида аёллар спорт фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт     бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллиги байрами олдидан анъанавий      тарзда ўтказиб келинаётган мазкур спорт фестивалида унинг шаҳар, туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалардан ташкил топган 16 туман ва шаҳар жамоаси иштирок этди. 

Фестиваль очилишида сўз олганлар мамлакатимизда опа-сингилларимизнинг соғлом бўлишлари, хотин-қизлар спортини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, мазкур фестивалнинг аёлларни спортга жалб этишдаги ўрни ва роли хусусида гапирдилар. Хусусан, аёллар спорт фестивалининг маҳаллалар, меҳнат жамоаларида ўтказилган, шунингдек, туман ва шаҳар   босқичларида 90 минг нафарга яқин аёллар иштирок этганлиги таъкидланди.

- Бугун вилоятимизда хотин-қизларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун 4 мингдан зиёд спорт иншоотлари ишлаб турибди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. 1100 нафардан зиёд аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида айни кунда вилоятда 25 мингдан зиёд аёллар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, 120 минг нафарга яқин хотин-қизлар  оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.

Байрамона ва кўтаринки руҳда ўтган фестивалда хотин-қизлар спортининг волейбол, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, сузиш, дартс, гимнастрада турлари бўйича ўзаро  баҳслашди.

Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра, Марҳамат тумани вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Избоскан тумани жамоасига иккинчи, Олтинкўл тумани жамоасига учинчи ўрин  насиб этди. Шунингдек, фестивалда бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Fолиб ва совриндорлар  фестиваль ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ.

САБР КЎНГИЛСИЗЛИКНИ АРИТАДИ

(29-сон) ҚАТРА

 

-...Ҳар куни ичиб келади. Кеча ҳам ичиб келиб, урди. Мени урган қўллари синсин, илойим.

Шоҳида опа кўчада туриб олиб, дардини ўтган-кетганга дастурхон қилади. Эридан нолиши, қарғаши - унинг кундалик одати.

Аслида опанинг тили ёмон, эри ишдан чарчаб келса ҳам яхши гапириш ўрнига, нуқул қарғайди, ҳатто болаларини ҳам аямай уришади.

Ёши каттароқ аёллар Шоҳида опага сабрли бўлиш кераклигини уқтиради. Бу гал ҳам қўшнилардан бири уни овутди:

- Шоҳидахон, сал пастроқ келинг, эрингиз бақирса ҳам хўп-хўп, деб туринг. Шунда эрингиз инсофга келади. Болаларингиздан, эрингиздан ширин сўзингизни аяманг! Қарғасангиз, эрингизнинг баттар жаҳли чиқади. Сабрли бўлинг, ҳаммаси яхши бўлади.

- Вой, опа, ҳамма айб ўзида, нуқул мени уришади, эмишки, ишдан келса, мен яхши кутиб олишни билмасмишман. Ўзи-ку, эшикдан келиши билан бақиради. Шундан кейин мен ҳам жаврайман-да.

Тўхтамай дийдиё қилаётган Шоҳида опа беихтиёр суҳбатдоши - Гулнора опанинг кўзлари кўкарганига эътибор қилади. - Вой, опа, кўзингизга нима қилди?

Гулнора опа бизнинг ён қўшнимиз. Кеча турмуш ўртоғи қаттиқроқ гапираётганини эшитган эдим. Демак... тушунарли. Биламан, эрининг жаҳли тез. Лекин опа унга жуда меҳрибон. Ҳар гал эрининг жаҳли чиқса ҳам, кулиб, яхши гапириб, кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилади. Опа кўзларини оҳиста яшириб, кулиб жавоб берди.

-      Ҳа, кеча эшикка уриб олдим.

Гулнора опа эрини ҳеч қачон ёмонламаган, бирор марта ҳам эридан нолиганини, қарғанганини эшитмаганман. Бу аёлнинг оқилалигига, сабрига қойил қолиш керак.

 

 

Шаҳло АБДУҚАЮМОВА

ОДАМ САВДОСИ ҚУРБОНИГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАНГ!

(29-сон)Огоҳлик

Кейинги йилларда одам савдоси масаласи глобал муаммолардан бири сифатида бутун инсониятни ташвишга солмоқда. Жумладан, айрим юртдошларимиз ҳам ўзларининг хавойи орзуларини амалга ошириш илинжида ёки  кимларнингдир сохта ваъдаларига ишониб,  турли хорижий давлатларга чиқиб кетаётганликлари натижасида одам савдоси  қурбонига айланиб қолмоқдалар.

Эркаклар қурилиш ва бошқа ўта оғир ишларга, аёллар эса фаррош, тикувчи, энага, идиш ювувчи сингари турли ишлар бажаришга жалб этилмоқда. Айниқса, қиз-аёлларнинг шахсига тегишли ҳужжатлари олиб қўйилиб, улар  мажбуран шахвоний хизматлар кўрсатишдек жирканч ишларга ҳам тортилаётганлиги ўта аянчлидир.

Ана шундай ҳолатларга тушиб қолмаслик учун турли мақсадларда хориж сафарига отланган фуқароларимизга қуйидаги тавсияларимизни эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз:

-      ўзга юртга борганингизда паспортингизни ҳеч қачон, ҳеч кимга берманг, у доимо ёнингизда юрсин;

-      сизни хорижда ишлаш ёки ўқиш учун таклиф қилишаётган бўлса, у шахс ёки субъектнинг аниқ манзили ва у ҳақдаги маълумотлар билан яқиндан танишиб олинг.

-      сизга тақдим этилган шартнома тушунарли бўлишига эътибор қаратинг;

-      агар хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолсангиз, Ўзбекистоннинг ана шу юртдаги элчихона ва ваколатхоналарига мурожаат қилишни унутманг, уларнинг манзил ва телефонларини доимо ёдингизда тутинг.

Аввало, фуқароларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан  унумли фойдаланиб, юртимизда меҳнат қилишга, ўқишга интилинг. Мободо хорижга боришни ихтиёр этсангиз, одам савдоси қурбонига айланиб қолмаслик чораларини кўринг. Ҳамиша хушёр ва огоҳ бўлинг!

Илёсбек АРЗИЕВ,

Андижон вилояти ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими ВЕЎН ва ХПГ катта инспектори, капитан.