+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТАРБИЯЧИ МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ ИШЛАРИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ

(31-сон) семинар

Избоскан ижтимоий-иқтисодиёт коллежида "Бошланғич, мактабгача таълим тарбиячиси - баркамол авлод  камолотида етук ташкилотчидир" мавзусида вилоят семинари бўлиб ўтди.

Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда коллеж маъмурияти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда бошқарма тасарруфидаги таълим муассасаларининг бошланғич ва мактабгача таълим йўналишлари ўқитувчи ва мутахассислари, психологлари иштирок этиб, мавзу доирасида олиб борилаётган ишлар, уларнинг янада юқори босқичга кўтариш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Семинарни вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими  бошқармаси бошлиғи Ф. Бузруков очиб, малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, соҳа мутахассисларининг касбий билим ва маҳоратини ошириш, фаолиятга илғор иш услубларини жорий этиш бўйича муҳим вазифалар хусусида тўхталди.

Шундан сўнг, семинар иштирокчилари коллежнинг    бошланғич ва мактабгача таълим йўналиши ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан тайёрланган кўргазмалар, коллежда йўлга қўйилган илғор иш услублари, тажрибалар билан танишдилар.

Семинар машғулотларида Андижон давлат университети ўқитувчилари Насиба Абдуллаева, Мавлуда Абдуллаева, Соҳиба Хайитова, Сайёра Назарова, Дилнора Режабоваларнинг  "Иннавацион технологиялар асосида ўқитиш усуллари", "Тарбиянинг муҳим жиҳатлари", "Тарбия ва ижтимоий муҳит психологияси" сингари қатор мавзулардаги маърузалари тингланди.

Семинар қатнашчилари  маърузалар ҳамда мавзу юзасидаги ишларни такомиллаштириш, сифати ва кўламини ошириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирдилар. Якунда бу борадаги ишларни янада яхшилаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Семинар соҳа мутахассисларининг тажриба, билим ва маҳоратини оширишга ёрдам берди.

Наргиза ХУШВАҚОВА,

 

вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси.

Ўзбекистон, эй она диёр!

(31-сон)

Кўзларимда шодлик ва қувонч,

Сенинг билан орзу, тилагим.

Ватан сени яхши кўраман,

Меҳринг билан урар юрагим.

 

Онам каби қайғуриб доим,

Қайга борсам оқ йўл тилайсан.

Елка тутиб, дуолар қилиб,

Отам каби бошим силайсан.

 

Халқим суюк, миллатим буюк,

Меҳнат қилар - ҳалол ош, нони.

Ёшларининг қалбида жўшқин,

Оқар мард аждодлар қони.

 

Ёз, куз, қишда ризқимиз улуғ

Ярашгайдир боғларга баҳор.

Сен менинг юрагимдаги бахт -

Ўзбекистон, эй она диёр!

Сарвиноз СУЛТОНОВА,

 

Хўжаобод педогогика коллежи ўқувчиси.

ОБОДЛИК - ОИЛА ВА МАҲАЛЛАДАН БОШЛАНАДИ

(31-сон) "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!"

Вилоят ҳокимлигида "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоятимиз туман ва шаҳарларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш борасидаги илғор ташаббусларни, олиб борилаётган ибратли ишларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, қолаверса, юрт ободлиги йўлидаги ҳайрли ҳаракатда аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг фаол иштирокини таъминлаш, истиқлол шарофати билан юртимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини фуқароларимиз онгига чуқурроқ сингдириш, қишлоқлар, маҳаллалар, гузарлар,  зиёратгоҳлар, ташкилот ва муассасалардаги ободонлаштириш билан боғлиқ ишлар "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" кўрик-танлов доирасида атрофлича кўриб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, Хонобод шаҳри ўтган йилги танловнинг ғолиби, деб топилди. Балиқчи туманига  2-ўрин, Пахтаобод ва Жалақудуқ туманларига 3-ўрин насиб этди. Асака ва Избоскан туманлари рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.

Шунингдек, "Энг яхши бадиий дастурлар учун" номинацияси бўйича Андижон, Шаҳрихон, Қўрғонтепа туманларида байрам дастурларини уюштириш ва аҳолининг кайфиятини кўтариш ҳамда оммавийлигини таъминлаш борасидаги ишлари юқори даражада ташкил этилганлиги боис махсус мукофотларга муносиб топилди.

* * *

 Жорий йилда ушбу кўрик-танлов "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўтказилмоқда. Танлов тадбирларини Пахтаобод тумани бошлаб берди. Тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган кўргазмалар, санъаткорлар, ўқувчилар бадиий жамоалари чиқишлари барчага байрам руҳини бахш этди.  Пахтаобод енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўтказилган "Ўз болангни ўзинг асра!" мавзусидаги тадбир ёшларни касб-ҳунарга, спортга ва она юртга муҳаббатини янада оширишга хизмат қилди. 

Учкўза, Гузар маҳаллаларида ўтказилган тадбирлар, айниқса, кам таъминланган оила фарзандларининг хатна тўйлари барчада катта таассурот қолдирди. Туман марказидаги маданият ва истироҳат боғидаги байрам концерти пахтаободликлар ва туман меҳмонларига хушкайфият улашди.

Тадбирларда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этди.

 

 

Наима ТУРДИЕВА

"Кўнгил рисоласи" - кўнглингиздан жой олади

Сал кам олтмиш йилдан буён шеър, ғазал, мақола ва    ҳикоялар ёзиб, самарали ижод қилиб келаётган асакалик Олимжон Раҳимовни кўпчилик яхши танийди. Унинг бугунги кунга қадар "Умр қўшиқлари", "Кўнгил дафтари", "Пок туйғулар", "Дилимдаги мисралар", "Ҳаёт - ибрат мактаби", " Ибратли воқеалар" каби ўндан зиёд китоблари ўқувчиларга тақдим этилган.

Кекса адибимиз бугун саксон ёшдан ошган бўлса-да ижод бобидаги саъйи-ҳаракати билан кўпларга ибрат бўлмоқда. Куни кеча "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖ таҳририятида унинг янги - "Кўнгил рисоласи" деб номланган китоби  нашрдан чиқди. Мазкур тўпламда шоирнинг турли йилларда ёзган шеър, ғазал, мустазод, мухаммас, эртак ва мақолалари ўрин олган. Бундан ташқари,  китобга муаллифнинг қасидалари, мураббалари, рубоий ва туюқлари ҳам киритилган бўлиб, унинг сатрларида янги фикр, чиройли қофияни, охори тўкилмаган сўз ва сатрларни, қатор топилмаларни учратиш мумкин. Айниқса, унинг ижодидаги кўнгилга яқин қуйидаги мисралари ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмайди:

* * *

Майсадаги томчилар

кўзимнинг  жоласидур,

Очилмаган ғунчалар дардим

зуволасидур,

Хазонрезги япроқлар

ишқимнинг лоласидур,

Ёзиб берган китобим севги 

рисоласидур,

Ўқиб чиқсанг, биларсан,

кўнгилнинг ноласидур!

 

Сўзга, адабиётга муҳаббати кучли шоирнинг ёзганлари унутилмас ва қалбга яқин бўлади. Олимжон Раҳимовнинг ижодга бўлган меҳр-муҳаббатини "Қалам" номли шеъридан ҳам билиб олиш мумкин:

 

Оддийгина ёғоч бўлсанг ҳам,

Сен нозиксан, гўзалсан, жонсиз.

Лек дафтарим устида юриб,

Қолдирасан мўъжазгина из.

 

Шоирнинг шеърларида бу каби чиройли сатрларни кўп учратиш мумкин.

О. Раҳимовнинг тўпламдаги чиройли ва мазмунли шеърий мисралари, балки ҳаётий ҳикоялари ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Чунки улардаги воқелик табиийлиги, самимийлиги, ибрат бўла оладиган ўзига хос жиҳатлари билан китобхон эътиборини қозона олади.

Хассос, камтар адибимиз бугунги кунда ҳам ижод шавқи билан яшамоқда. Ижодга бўлган муҳаббат кўнгилни ҳеч қачон тарк этмайди. У жон билан бирга бўлади ва сўнгги манзилга қадар соҳиби қалбида яшайди. Чин кўнгилдан чиққан битиклар эса шубҳасиз, ҳар қандай қалбни ром этади. Ишонамизки, Олимжон Раҳимовнинг "Кўнгил рисоласи" ҳам албатта, сизнинг кўнглингиздан жой олади.

 

«Иқбол» таҳририяти.(30-cонЯнги китоб

ТУРМУШДА МУАММО ПАЙДО БЎЛСА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

(30-cон) Психолог тавсияси

Бугунги кунда турмуш қурган айрим ёшлар оилавий ҳаётда аввало, зиммасидаги бурч ва масъулиятга эмас, кўпинча ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга эътибор қаратмоқда. Бунинг натижасида ана шундай  оилаларда турли келишмовчилик ва муаммолар  юзага келмоқда.

Ўзга инсоннинг хатосини кўрган киши ўзининг қандай камчиликлари борлиги, турмушини яхшилаш учун нималар қилиши лозимлигини яхшилаб ўйлаб кўриши керак. Оилада яхши муомилада бўлишликни фақат қарши томондан кутиш бу адолатсизлик ва бу анчагина муаммоларга, катта жанжалларга сабаб бўлади. Хўш, бу каби муаммаларнинг олдини олиш, бахтли оила қуриш учун нималарга эътибор қаратиш ва қандай йўл тутган маъқул? Бу борада психолог Гуландон Fаниева ўзининг фикр ва мулоҳазалари, зарур  тавсия ва маслаҳатлари билан ўртоқлашади.

 

ТУРМУШНИНГ ДАСТЛАБКИ ЙИЛЛАРИ

Бу давр аксарият ҳолларда жуда "нозик" кечади. Чунки бир-биридан фарқли бўлган феъл-атворга, қизиқиш соҳасига, оилага, турли одатларга эга бўлган икки киши бирлашади. Шу боисдан илк йиллар жуфтларнинг бир-бирига ўрганиши, мослашиш даври саналади.

Ажрашишларнинг кўп қисми асосан, мана шу йилларга тўғри келади. Дастлабки йиллар ўтгандан сўнг ажрашиш миқдори анча пасайгани кузатилади. Шу боис турмушнинг илк йилларига алоҳида аҳамият берилиши лозим.

 

ФЕЪЛ-АТВОР ЎЗГАРМАЙДИ

Жуфтлар турмуш қурмасларидан олдин бир-бирларида кўрган хатоларни иккинчи даражали деб ҳисоблашади. Яъни турмуш қургач, бу хатолар ўз-ўзидан йўқолади, дея эътибор қилишмайди. Афсуски, феъл-атвор кўпинча ўзгармайди, одатлар ҳам ўзгармай кейин ҳам шу зайлда давом этади. Бу эса оилада ноахилликни келтириб чиқаради.

 

ТУРМУШ ЎРТОFИНГИЗГА

ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИНГ

 

Баъзи ҳолларда эр-хотинлар турмуш қурганларидан сўнг ёки бир неча йил ўтиб, бир-бирларига бепарво бўлиб қолишади. Бу турмуш нима бўлганда ҳам умримнинг охиригача давом этади, деган хаёлга борадилар. Ва шу ўй уларни эътиборсиз кишига айлантиради. Ваҳоланки, гул экилгандан сўнг парваришга қанчалик эҳтиёж сезса, турмуш ҳам ана шундай эътиборга муҳтождир. Жуфтлар ўз турмушларининг яна-да гўзалроқ, мукаммалроқ бўлиши учун керакли чора-тадбирларни кўришлари лозим. Турмушда бир хилликдан узоқ бўлиш керак. 

 

МУАММОЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

 

Ҳар бир оилада ўзига  яраша муаммо ва камчиликлар бўлиши табиий. Бундай шароитда икки ёш муаммони ўрганиб, ўзаро келишган ҳолда унга ечим топишга ҳаракат қилиши, бир-бирининг кўнглига озор беришдан сақланиши лозим. Тортишувлар юзага келган чоғда эса, иккала томон ҳам бир-бирининг шахсини ҳурмат қилишлари, ҳақорат ва пастга уришдан тийилишлари лозим.

Ўзаро бир-бирини тушунишга уриниш, ишонч ва ҳурмат кўрсатиш, хушмуомилада бўлиш булар оилани мустаҳкамлайди. Айниқса, масъулият ва бурчни унутмаслик жуда муҳимдир.

 

РАШК ҚИЛИШДА МЕЪЁР КЕРАК

Эр ва хотин албатта, бир-бирларини бошқалардан қизғаниши керак. Аммо шундайлар борки, ўз эри ёки хотинини керагидан ортиқ рашк қилувчи, қаерга борса ҳам вақтини белгилаб қўювчи, тинмай сўроқ-савол қилиб терговчи кишилар учраб туради. Бундай кимсаларни кўпчилигини эркаклар ташкил қилади. Бу ҳолатларда оилага ҳам дарз кетиши мумкин. Ахир ҳар бир киши ўз жуфтини ишонишини, унга ҳар томонлама суяна олишни ва албатта  эркинликни ҳам истайди. Агар юқоридаги ҳолат давом этаверса бу оила парокандаликка юз тутиши ҳеч гап эмас.

 

БОЛАЛАР ОЛДИДА ЖАНЖАЛЛАШМАНГ

Болалар олдида тортишиш, жанжаллашиш ва      бошқа муаммоларни ҳал этиш билан боланинг тарбиясига салбий таъсир ўтказилади. Шунингдек, бу каби ҳолатлар бола қалбига озор етказиб, ҳаётга нисбатан ёмон кайфиятни уйғотади. Ота-она ва яқинларига нисбатан эътибор ва ҳурматсиз, меҳр-оқибатсиз бўлиб вояга етади ва шу билан у одамови бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шу боис, ҳеч қачон фарзандингиз ёнида турмуш ўртоғингизга нисбатан қўпол муомалада бўлманг. Келишмовчиликларни улар йўғида ҳал қилишга ҳаракат қилинг.

 

ТЕЛЕВИЗОР САБАБ БЎЛМАСИН

Телевизор ҳам эр-хотин муносабатига раҳна солувчи омиллардан бири бўлиб, кўпроқ аёллар бундан шикоят қиладилар. Чунки эр уйга кеч қайтади, келибоқ телевизор қаршисига ўтиради, ҳатто баъзи эркаклар ўша ердаёқ уйқуга кетадилар. Бу каби ҳолатларда оиладаги муаммолар муҳокама этилмайди, эр-хотин ўртасида етарлича алоқа ўрнатилмайди ва оилада бахтсизлик ҳукм сура бошлайди. Бунинг олдини олиш эса албатта, ўзимизга боғлиқ. Телевизорни муккасидан кетгунча томоша қилманг.

 

БАХТЛИ ОИЛА ЭГАЛАРИ

Бахтли оила эгалари бир-бирларини қандай бўлишса ҳудди шундай қабул қиладилар. Ўз жуфтларининг яхши томонларини кўриб, ёмон томонларига аҳамият бермайдилар. Икки томон ҳам умр йўлдошини эмас, балки ўзини ўзгартиришга ҳаракат қилиб, унга мослашишга уринади. Бундай оилаларда жуфтлар бир-бири учун яхши дўст ва умр йўлдошдир. Яхши муносабатга эришиш учун жуфтлар биргаликда кўпроқ вақт ўтказишга интиладилар, сайр ва саёҳатларга бирга чиқадилар. Бу жуфтликнинг оила аъзолари бир-бирларини қўллаб-қувватлаб туришади. Эр-хотин айниқса, оғир кунларда ёнма-ён бўлиб, бир-бирига суянади. Уларнинг ҳар доим ҳам фикрлари бир хил бўлавермаса-да, бунга ҳурмат билан қарашади, тортишиб қолишдан қочишади.

Сиз ҳам шундай оила эгаси бўлмоқчимисиз? Бу биринчи навбатда  ўзингизга боғлиқ. Айтиб ўтилган тавсия ва маслаҳатларга амал қилинг. Фикр ва мулоҳазалардан керакли хулосани ўзингиз чиқарасиз, деган умиддамиз.

Хосият СИДДИҚОВА ёзиб олди.

 

 

МЕҲР - КЎНГИЛ ОЗУҚАСИ

(30-cон) мулоҳаза

Дунёда ҳеч бир инсон меҳрсиз яшай олмайди. Ҳар ким ҳам ўз яқинлари ва дўстларидан меҳр кўришни, улар олдида ҳурмати, қадр-қиммати баланд бўлишини истайди.

Жисм учун озуқа қанчалик зарур бўлса, кўнгил учун меҳр ва эътибор ҳам шунчалик муҳим ҳисобланади. Агар кимда ким яқинларидан, дўст-у ёрларидан ўша туйғуни ҳис қилмас экан, унинг қалбини турли бўлмағур ўй-хаёллар эгаллаб олади, ўзини бутунлай ёлғиз ҳис қила бошлайди. Борган сари қўпол ва қўрс бўлиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолади. ҳатто, тушкунликка тушиб қолиб, бирор касалликни орттириб олиши ҳам ҳеч гап эмас.

 Айниқса, бу борада болаларга алоҳида эътибор қаратиш ўта муҳимдир. Ота-она фарзандига болалигидан бошлаб, етарли меҳр бермаса, унга нисбатан эътиборсиз ва лоқайд муносабатда бўлса, қувончли кунларида ёнида турмаса, табиийки фарзанди вақтлар келиб, ота-онасига ҳам шундай жавоб қайтариши мумкин.

Орамизда шундай инсонлар борки, меъёрни унутмаган ҳолда фарзандларига доимо меҳрибон ва ширинсўз, чиройли тарбия бериб, оқил, аҳлоқ-одобли қилиб вояга етказмоқдалар. Ўша фарзандлар келажакда албатта, ҳаётда ўз ўрнини топа оладиган, эл-юртга манфаат келтирадиган инсонлар бўлиб улғайишларига асло шубҳа йўқ.

 Азизлар, меҳр ҳар қандай кўнгилга йўл топадиган, ҳар қандай оғир феълли кишини тартибга чақирадиган туйғу ҳисобланади. Энг асосийси, ҳар биримиз ўз яқинларимизга, одамларга  меҳр улашиш бахтидан бенасиб бўлмайлик. Ана шу эзгу амал бизни ҳеч қачон тарк этмасин.

Нилуфар

АБДУқАЮМОВА,

Булоқбоши саноат

 

касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.

ЭМЛАШ - МУҲИМ ЖАРАЁН

(30-cон) Мутахассис минбари

Фарзандларимиз соғлигини муҳофа қилиш, аҳоли ўртасида турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, умуман, аҳоли саломатлигини сақлашда ўз вақтида эмлашнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

  Эмлаш, яъни вакцинация - юқумли касалликларнинг олдини олишда асосий профилактик тадбир ҳисобланади. Фақат профилактик эмлаш туфайли дифтерия, полиомиелит, қоқшол, кўкйўтал, сил, паротит, грипп, қутуриш, бактериал менингит сингари қатор юқумли касалликлар билан касалланиш ҳамда ушбу касалликларнинг асоратларидан сақланиш мумкин.

Эмлашлар турли ёшларда олиб борилади. Айни кунда эмлаш  вакциналари Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти сертификатларига эга бўлиб, хавфсиз ва яхши самара бериши  амалда ўз тасдиғини топган.

Ўзбекистон Республикасида эмлаш ишлари белгиланган тартиблар доирасида, миллий эмлаш жадвали асосида тизимли равишда, бепул амалга оширилади.  Келажагимиз эгалари бўлган болаларни эмлаш масаласига, айниқса, алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, вилоятимизда ҳам бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.  Ҳар бир инсон ўзини ва фарзандини     соғлом яшаши ва узоқ умр кўриши учун  юқумли касалликларга қарши эмлаши шарт. Ўз фарзандлари саломатлигига бефарқ бўлмаган ота-она албатта, фарзандини ўз вақтида эмлашдан ўтказиш учун зарур чораларни кўради. 

Агар оила бошқа яшаш жойига кўчиб кетса, яъни турар жойини ўзгартирган ёки турли сабабларга кўра эмлаш картаси йўқолган тақдирда ҳам она фарзандини қачон, қайси касалликларга қарши эмланганини аниқ билиши зарур.

Фарзандларини эмлатишдан бош тортган оналар уларнинг ҳаётини хавф остига қўяди. Эмлатиш болани юқумли касалликдан асрашда муҳим жараён ҳисобланади. Ҳаётий ва илмий тажрибалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фақат эмлатиш туфайли фарзандларимиз турли юқумли касалликлар ва уларнинг асоратидан муҳофазаланади. Шундай экан, миллатимиз равнақини таъминловчи, келажагимиз бунёдкорлари бўлган зурриёдларимиз соғлигига бефарқ бўлмайлик, уларни ўз вақтида эмлатиб боришни унутмайлик.

Гулзира УСМОНОВА,

вилоят ДСЭНМ

 

 мутахассиси.

ЭРТА НИКОҲ – МУАММОЛАРГА ЙЎЛ ОЧАДИ

(30-cон) Муносабат

Маҳалламиздаги бир хонадонга келин тушди. Келин кўрдига кирган маҳалланинг қиз-аёллари келинчакнинг сеп-сидирғалари кўп ва ранг-баранглигига маҳлиё бўлдилар. Аммо келин жуда ёш эканини кўрганларнинг кўпчилиги "оилани эплаб кетармикан" деган ўйни хаёлларидан ўтказди.

Минг афсуски, бир неча қишлоққа овоза бўлган тўйлари ёш оилага, унинг соҳибу соҳибасига бахт келтирмади. Ҳали чилласи чиқмаган келинчак кўч-кўронини кўтариб ота уйига қайтиб кетди. Орзу-ҳавас деб ёшгина қизни келин қилган оилада тўйдан   кейиноқ қатор муаммолар чиқа бошлади.  Нима эмиш - қиз рўзғор тутумларини яхши билмаскан, тонгда эрта туролмас, эри оила аъзоларининг кўнглини олишни эплай олмаганмиш. Келинчак ҳам ёш эмасми, қайнонасининг қаттиққўллиги, инжиқлиги, хадеб иш буюраверишидан норози бўлибди. Шундай сабаблар туфайли ёш оилага дарз кетди. 

Хўш, бундай бўлишига ким айбдор? Аслида қарс икки қўлдан чиқади. Демак, ёш келинчак оила юмушларини бажаришга тайёр эмас экан, нима учун қайнона келинини ўз қизидай кўриб,  унга уй ишларини, турмуш ва ҳаётнинг паст ва баландини ўргатмади. Наҳотки, қайнона ҳали ўн саккизга тўлмаган қиз унинг барча истакларини муҳайё этади деб ўйласа? Ахир бу ҳақда тўйдан олдин ўйлаш керак эмасмиди? Келин қайнонанинг ҳавои орзу-истаклари қурбони бўлиши керак эмас. 

Албатта, келинчак ҳам ўзининг камчиликларини билган ҳолда қайнонанинг гап сўзларини оғир олмаслиги, у кишини ўз онасидай қабул қилиб, турмушда, оилада ўз ўрнига эга бўлиш учун курашиши, барига сабр қилиб, юмушларни масъулият билан бажармоғи лозим эди.

Афсуски, ундай бўлмади. Эндигина оила қўрғонини барпо этишга киришган икки ёшнинг тақдири ва ҳаёти издан чиқди, парокандаликка юз тутди. Орадан бир йилга яқин вақт ўтса-да, на куёв томон, на келин томон муросага келишни истамаяпти. Наҳотки, ота-она фарзандлари оиласига, уларнинг тақдирига шу қадар эътиборсиз қарасалар? Эшитишимча, пулдор, амалдор қудалар ёш оилани тиклаш ўрнига бир-бирларини айбдор қилиш билан овора, бир гапдан қолиб, кудасининг айтганини қилса ҳаётдаги мавқеи тушиб кетишидан чўчиётган ота-оналар ёшлар - фарзандларининг кўнглига қулоқ тутишни ҳатто ўйлашмаяпти ҳам. Аслида бундай худбинлик сабаб эндигина ўн гулидан бир гули очилган қизнинг пешонасига ажрашган деган тамға босилгани  барчамизни жиддий ташвишга солиши керак. 

Бугун бу каби ҳолатлар ҳаётимизда тез-тез учрамоқда. Ёш оилаларнинг барбод бўлиши, норасида гўдакларнинг тирик етим бўлишига юқоридаги каби эътиборсизлик, шошқалоқлик, ёхуд ота-оналарнинг хою-ҳаваслари асосий сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, эрта никоҳлар туфайли ногирон болалар туғилиши кузатилаётганлиги ҳам ачинарлидир. 

Янги турмуш бўсағасида турган икки ёш оила қурар экан, улар аввало, руҳан ва жисмонан соғлом бўлиши, оилавий ҳаётга тайёр - йигит ҳунарли, ишли, жойли, қиз уй-рўзғор юмушларини яхши билмоғига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Агар йигит-қизда бундай кўникма ва жиҳатлар етарли бўлмаса, оила парокандаликка юз тутиши аниқ. Шунинг учун ҳам хонадон катталари, ота-оналар фарзандларини оилавий ҳаётга тайёрлаб боришлари жуда муҳимдир. Айниқса, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга асло йўл қўймаслигимиз, бунинг ортидан жуда кўп бошқа муаммолар келиб чиқишини асло унутмаслигимиз керак. Бу ишда маҳалла-кўй, кенг жамоатчилик четда турмаслиги, эрта никоҳларнинг олдини олишга қаратилган чораларни қўриши зарур. Шундагини курилажак ёш оилаларимиз мустаҳкам бўлади.

Фарида МАТКАРИМОВА,

 

Улуғнор тумани.

МИЛЛИЙ ЛИБОС - ЎЗБЕК АЁЛИГА КЎРК

(30-cон) ўлмас қадриятларимиз.

Атлас, адрас, банорас, беқасам ва шойи каби миллий матолардан тикилган замонавий либослар барча ёшдаги ўзбек қиз-аёлларига ярашади, уларнинг ҳуснига ҳусн қўшади. Қолаверса, бу каби либослар халқимиз, айниқса, ёшларимизда миллий қадриятларга, миллий либосларимизга бўлган ҳурмат туйғуларини янада юксалтиради.

Либос нафақат, инсонга кўрк бўлади, балки унинг одоб-аҳлоқи, дунёқараши, феъл-атвори, маънавияти даражасини, умуман, қандай инсон эканлигини кўрсатувчи воситалардан бири ҳисобланади. Агар ҳаётни кузатсак, миллий урф-одат, анъана ва либосларимизни ҳурмат қиладиган опа-сингилларимизнинг аксарияти кўпчиликнинг эътиборини қозонган, жамиятда ўз ўрнини топа олган инсонлар эканликларига гувоҳ бўламиз. Улар нафақат кийиниши, балки одоб-аҳлоқи, юриш-туриши, кишилар билан ўзаро муносабатда ҳам ҳавасларга муносибдир. Тўғри, кийиниш шахсий масала. Лекин ҳар бир жамиятнинг ёзилган, ёзилмаган қонунлари, одоб-аҳлоқ меъёрлари мавжуд. Жамият аъзоси халқнинг, жамиятнинг вакили сифатида ана шу меъёрларга албатта, амал қилиши керак.

Минг афсуски, бугун очиқ-сочиқ ёки турк, араб халқларига хос тарзда кийиниб олиб, буни маданиятлиликнинг бир кўриниши, деб юрган айрим қиз ва аёлларимизнинг борлигидан кўнглимиз ранжийди. Очиғини айтганда, уларнинг тушунчаси, маънавияти ҳам ҳаминқадар, тарбияга муҳтож кишилардир.

 Яқинда издиҳомда бир аёл билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Кун иссиқ бўлса-да, узундан узун кўйлак кийиб, бўйин, юзларини тўсиб рўмол ўраб олган бу аёлни «оғзида илми бор» деб таърифлашганди. Аёл билан суҳбатлашиб, унинг саводсиз, маънавиятсиз, одамлар эътиборида юришга интиладиган худбин аёл эканлигига ишонч ҳосил қилдим. 

Опа, нимага бундай кийиниб олдингиз, деган саволимга пинагини бузмай шундай кийинишга ҳавас киламан, дея жавоб берди.

- Бу ўзбек аёлига хос бўлмаган либоску?

- Нима бўлибди, шундай    кийинсам, бошқалардан ажралиб тураман, ҳамма менга эътибор қаратади. Бунинг нимаси ёмон!?

- Ахир, бундай кийиниш миллатимиз аёллари шаънига доғ туширади, қолаверса, ёш қизларимиз тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади-ку!

...Ўзаро суҳбат давомида билдимки, бу аёлнинг фикрлаш доираси шу қадар тор, шу билан бирга, иззатталаб, кўнгли тусаган ишни қилишга ўрганган, маънавияти қалоқ эканлигини билдим. Унинг бундай беўхшов кийинишига наҳотки турмуш ўртоғи,  яқинлари йўл қўйиб берса?

Бу каби кийиниб юриш на миллатимизга, на миллий тарбиямизга мос эмас. Шу боис ҳам опа-сингилларимизнинг бундай ҳолатларда кийиниб юришларига йўл қўймаслик учун қўни-қўшни, маҳалла, кенг жамоатчилик зарур чоралар кўриши лозим. Айниқса, бу борада биз   зиёлилар эътиборли бўлишимиз, ўзини, ўзлигини унутиб қўяётган аёлларни тўғри йўлга чақиришимиз керак. Зеро, уларнинг хатти-ҳаракати ёшларимиз тарбиясига, маънавиятининг нотўғри   шаклланишига салбий таъсир кўрсатмасин.

Ўзбек аёллари қадим-қадимдан ўзларининг ибо-ҳаёси, доно ва уддабуронлиги, ўзига хос   кийиниши билан дунёга донг таратган. Бугун биз халқимизнинг, момоларимизнинг ана шу жаҳатларини давомчилари бўлишимиз, бебаҳо миллий қадриятларимиз давомийлигини таъминлашимиз керак. 

Шу ўринда аждодларимиздан мерос, асрлар шиддатига дош берган иродамиз, сабр-у қаноатимиз, пок умидларимизни ифодаси бўлган миллий либосларимизга, ўзбекона кийиниш одобига беписанд қарамаслигимиз, ана шу бетакрор меросимизга, гўзал анъаналаримиз, ўзбекона одобу андишага ҳамиша ҳурмат ва эҳтиромда бўлишни унунтмаслигимиз лозим. Шундагина биз фарзандларимиз, ёшларимиз тарбиясини тўғри олиб бориб, халқимизнинг кийиниш билан боғлиқ гўзал удумлари давомийлигини таъминлай оламиз.

 

Муқаддасхон ҚОСИМОВА,

Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи

директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари.

МУСТАҚИЛ ЮРТ – ДИЛБАНДИМАН

(30-cон) Қалб туFёни

Мен мустақил юрт - Ўзбекистон фарзандиман. Бундай гўзал ва жаннатмонанд юртда туғилганимдан беҳад бахтиёрман. Чунки юртимиз нафақат гўзал, киндик қонимиз тўкилган муқаддас гўша, балки унинг қуёшдек қайноқ меҳрли, истараси иссиқ, ширинсўз  одамлари, бу заминда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик билан ҳам биз учун янада ардоқлидир. 

Тинчлиги барқарор бу юрт одамлари меҳнаткаш, ҳалол, имони бут, оилапарвар ва албатта, бир сўзлидур. Жаннатмонанд ўлкамнинг  инсонларидаги бир-бирларига ҳурмат-эътибор, меҳр ва оқибатга таъриф ожиз.

Ўз кучига суянгувчи, душманга тик боқувчи, оиласини, она-тупроғини асраб авайлагувчи бу юрт фарзандларининг ғурури тоғдай баланд, бағри кенгдур. Ўзига илк Ватан бўлган,  дунёнинг бирор бир халқида бўлмаган муқаддас  бешигини қучган, ота-онаси бағрида улғайган, ёшлик сурурини сурган, меҳнат қилиб қадр топган, ўз ёрига садоқат кўрсатган, ҳалол ризқдан фарзандларига луқма едирган, уларни юрт корига камарбаста инсонлар қилиб вояга етказган, набираларини елкасида катта қилиб, кексалик гаштини сураётган улуғ ўзбек халқининг дилбанди эканлигимдан қалбим фахрга тўлади. 

Мен шу юртда туғилиб ўсдим. Боболарим ўгитини тинглаб, улғайдим. Онам менга миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримизни ўргатди, Ватан қанчалик қадрли макон эканлигини англатди. Отамдан имон ва эътиқодни, ғурур ва жасоратли бўлишни, меҳнатсеварликни ўргандим. Мен ҳам барча тенгдошларим каби ватанимга, жамиятимизга нафи тегадиган инсон бўлиб етишишни ният қилганман, озод ва обод Ватанимга хизмат қилиш учун белни маҳкам боғлаганман. Юртимиз ёшларига яратиб берилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, мен ҳам ўз тадбиркорлигимни йўлга қўймоқчиман. Асосий мақсадим, яхшилик ва эзгулик. Ватанимга содиқ фарзанд бўлиш.  Мен бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайман.

 

Гулноза РАСУЛОВА,

Қўрғонтепа индустриал педагогика коллежи ўқувчиси.