Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Қадим замонда бир дарвеш уйма-уй ўз ризқини териб юрар экан. Инсонлар гоҳида уни мазаҳ қилар, гоҳ унга ҳайр-у эҳсон бериб, кўнглини кўтарар экан. Дарвеш кунора келиб, чарчаб қолгунича насиба терар, бу насибадан ўз улушини олиб, қолганини маҳалладаги ночор, бева-бечораларга, ўйнаб юрган болаларга илинар экан. Лекин буни кўпчилик билмас, улар нуқул дарвешни очкўзликда айблашаркан.
Кунлардан бир куни у ҳар галгидек ризқ-насиба териб, бир эшикда тўхтабди. Эшик очиқ, ҳовлида уй бекаси нон ёпаётганини кўриб, битта нон беришини сўрабди. Уй эгаси эса "Яна келди текинтамоқ. Жонга тегди. Нуқул нарса сўрагани сўраган. Яшаш, тирикчилик ўтказиш ўзи қийин бўлиб турган бўлса... Нима қилсам экан. Ҳозир нон берсам, эртага яна келади" - дея ўйлади у. Сўнг нонлар устига қатиқ сура туриб, бир кулчага заҳар ҳам суртибди. Сўнг кулчани дарвешга олиб чиқиб берибди.
Дарвеш раҳмат айтиб, ушбу ҳовлидан узоқлашибди. Кўча бошида ўйнаб юрган болаларга кўзи тушиб, улар тамон йўл олибди. Қўлидаги кулчани бўлиб, болаларга улашибди.. Лекин ... иштаҳа билан нон еяётган болалар нонни берган аёлнинг фарзандлари эканлигини билмаган дарвеш уларнинг ҳушидан кетганини кўриб, қаттиқ қўрқиб кетди. Ногоҳ бўлган бақириқдан кўча одамларга тўлиб кетди. Кўчадаги бақир-чақирни эшитган аёл ҳам у ерга борди. Не кўз билан кўрсинки, болалари ерда ётарди. Уларнинг қўлида ўзи берган нон синиқлари турарди.
Аёл жонсиз фарзандларини бағрига босиб, бор овози билан кичқирибди, қилган ишини хаёлидан ўтказиб, ўзидан кетибди....
Қизим қаттиқ бетоб бўлиб қолгач, уни республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига олиб келдик. Филиал қабулхонаси, сўнг 5- терапия бўлими шифокорларининг сайъи ҳаракати, ўз вақтида кўрсатган ёрдами ва муолажалари туфайли қизимнинг саломатлиги яхшиланиб, қисқа муддатда соғайиб кетди. Бу ерда меҳнат қилаётган шифокорларнинг тажрибали, ўз ишининг етук мутахасиси эканликларига гувоҳ бўлдик.
Уйқу асаб тизимига ором беради. Киши ухлаган пайт-да кун бўйи ишлаб чарчаган бош мия ҳужайралари дам олади. Шунинг учун ҳам вақтида ухлаш узоқ умр кўришга ёрдам беради. Булардан ташқари, спорт билан шуғулланиш, тоза ҳаво, сув, қуёш инсон саломатлиги учун зарурдир. Хурсандчилик, руҳ тетиклиги, хушчақчақлик соғлиқни сақлашга, узоқ умр кўришга сабаб бўлади.
"Бахтли ҳаёт сари" китобидан
Уйқусизлик хасталикдир. Уйқусизликка кўплаб омиллар сабаб бўлиши мумкин. Яхши ухлай олмаган инсоннинг энг аввало, кайфияти яхши бўлмайди. Ишга кеч келади ва ишининг унуми бўлмайди. Лекин бу каби ҳолатларнинг асосий сабаби уйқусизлик, уйқунинг меъёрда бўлмаслиги эканлигини кўпчилик яхши билмайди. Энг муҳими, биз соғлом бўлиш, узоқ умр кўриш, бахтли яшаш сирларини билишга ҳаддан ортиқ қизиқамиз, буларнинг бари меъёрдаги уйқу билан боғлиқлиги хусусида мулоҳаза қилмаймиз.
Умуман, уйқусизлик қандай хасталик? Уйқусизликнинг ижтимоий зарарлари борми? Қуйида ана шулар хусусида шифокор, Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчиси Минурахон Бозорованинг фикр-мулоҳазалари билан танишамиз.
- Фанда уйқусизлик хасталиги инсомния, деб аталади. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, дунёдаги аксарият мамлакатлар аҳолисининг кўпчилиги ушбу хасталикдан азият чекади. Аслида уйқусизлик бор-йўғи 10 фоиз одамларда қайд этилади, қолган ҳолатларда кам ухлашга турли касалликлар ёки ташқи омиллар сабаб бўлади.
Олимлар уйқусизликка олиб келувчи элликка яқин сабабларни аниқлашган, улар орасида асабийлик, стресс, психотроп препаратларни қабул қилиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, бош мия касалликлари, иш тартиби ёки яшаш тарзининг бузилиши, кўп вақт интернетдан фойдаланиш ёки мобиль телефонда гаплашиш сингари ҳолатлар уйқусизликка кўпроқ сабаб бўлиши кузатилади.
Одатда аксарият одамлар уйқусизлик муаммосини мустақил ҳал қилишга уринишади. Аммо уйқу билан боғлиқ масалаларни ўрганувчи мутахассислар - сомнологларнинг айтишича, бундай ўзбошимчалик билан уйқусизликни бартараф этиб бўлмайди. Чунки одамлар мазкур ҳолатнинг сабабини аниқламай туриб, уни тўғрилашни исташади. Эсингизда бўлсин: одам уйқу дориларига ўрганиб қолиши, уларнинг таъсирида турли асоратлар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун бундай дорилар зарур бўлгандагина ва қисқа муддатга тайинланади.
Ҳақиқатдан ҳам кўп кишилар бош оғриғи, кайфиятсизлик, тушкунликнинг бош сабаби уйқусизлик эканлигини билмайдилар. Таъкидлаш керакки, замонавий ахборот коммуникация тармоқлари ўта ривожланган бугунги кунда айрим инсонлар, айниқса, кўпчилик ёшлар ўз вақтида, тўйиб ухлашга эътиборсизликлари уйқусизлик билан боғлиқ иллатларнинг ортиб кетишига олиб келмоқда.
Уйқусизлик қон айланиши сустлаши, қон таркибидаги холестериннинг кўпайиши, ҳужайрадаги модда алмашинувининг бузилишига олиб келади. Бунда одамнинг иммун тизими бўшашади, стресс (ҳар қандай ҳолдагиси) юзага келади. Ана шундай шароитда одам ишлай олмайди, пассивлашади.
Мутахассислар сурункасига уйқусизлик ёки кам ухлаш организм учун хавфли бўлган жиддий касалликларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлайди.
Меъёрида ухламаслик организмнинг ҳимоя хусусиятини кучсизлантириб, турли касалликларга чалинадиган қилиб қўяди. Оқибатда, организмга ҳар хил касалликлар осонлик билан ўрнашиб олади.
Шунақаси ҳам бўларкан?
Хориж мутахассислари томонидан кунига атиги 4 соат ухлайдиган бир аёлда уйқу босқичлари тўлақонли, бироқ тезроқ ўтиши аниқланган. Тарих далолат қилишича, таниқли инсонларнинг аксарияти кам уйқу бўлган. Масалан: Наполеон, Пётр I, Шиллер, Гёте бир кунда 4-5 соат, машҳур физик Эдисон эса атиги 2-3 соат ухлаган.
Айримлар туни билан ишлаб, кундузи ётиб ухлайдилар. Лекин мутахассисларнинг фикрича, кундузги уйқу тунги уйқунинг ўрнини боса олмайди. Қолаверса, инсоннинг жисми ва руҳияти тунги уйқуга мослашган. Ҳар қанча ухлаб, дам олмасин, кундузи инсон организми тетик, уйғоқ бўлади. Бу ҳолатда тиниқиб ухлашнинг имкони бўлмайди.
Одам қанча ухлаши лозим?
Ўрта ёшдагилар учун 6-8 соатлик (ёз ойларида 4-5 соат) тунги уйқу етарлидир. Ёш болалар эса кўп ухлашади. Кексалик даврида ухлаш даври анча қисқаради. Ёш болаларда кам ухлаш унинг организмида бирор бир касаллик аломати бўлса, қарияларда кўп ухлаш қайсидир бир касаллик аломати борлигига ишорадир. Агар инсон олти соатлик уйқу билан ҳам кундузи уйқусирамай, асабийлашмай, тетик юрса, демак, унга олти соат уйқу вақти меъёрида бўлади. Ҳар ким уйқу вақтини ўзининг ҳолатига қараб аниқлаб олиши мумкин. Уйқусизликни ўз-ўзича турли дорилар билан даволашга уриниш яхши эмас. Албатта шифокор текширувидан ўтиб, унинг тавсиялари аосида муолажа олиб бориш керак.
Тиниқиб ухлаганида инсон танасидаги тўқималари бўшашиб, организмда моддалар алмашинуви яхшиланади. Уйқу мобайнида инсон янги кун учун куч-қувват тўплайди. Уйқу меъёрига эътибор бериш керак. Ортиғи ҳам зиён, ками ҳам зарар. Уйқусизлик ёки кам уйқулик оқибатида марказий нерв системаси шикастланади. Уйқу вақтига риоя қилмайдиган инсонлар тез асабийлашадиган, жаҳлдор бўлиб қоладилар. Оқибатда атрофдагиларнинг ҳам асабини бузишади. Асабийлик эса ҳамма касалликнинг боши ҳисобланади. Уйқу меъёри ҳаммада бир хил бўлмайди. Кучли калорияли, яхши овқатланадиган, дармондориларга бой егуликларни истеъмол қиладиган инсонлар учун суткада 4-6 соат ухласалар ҳам етарли. Негаки, уларнинг организмига истеъмол қилган маҳсулотлари куч-қувват манбаи бўла олади. Калорияли овқатларни кам истеъмол қиладиган, рационида оқсил ва углеводлар етарли бўлмаган кишилар тетик ва соғлом юришлари учун зарур дармондориларни уйқудан олишлари керак. Яъни улар суткада 8-9 соат ухлашлари керак.
Хулоса
Уйқусизликнинг энг катта ижтимоий хавфи - асабийлик. Мутаассил асабий ҳолатда юрган инсоннинг иммунитети заиф, касалликларга чидамсиз бўлади. Хотира сустлиги, унутувчанлик, ҳафсаласизлик ва дангасаликдан қийналаётган инсонлар уйқу режимига риоя қилмайдиганлардир. Ҳамма нарсада бўлгани каби уйқуда ҳам меъёрни унутмаслик лозим.
Ҳар бир аёл гўзал ва назокатли бўлишни истайди. Бунга эришиш учун фақатгина пардоз-андоз воситаларидан фойдаланишнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки қайсики аёл ўзига зеб бериб, пардозланса-ю, бироқ унинг кўнгли иғво ва хасадга, хаёсизлик, тилёғламалик, ёлғончилик ва бадгумонликка мойил бўлса, буларнинг ифодаси ташқи кўринишида ҳам зоҳир бўлиши аниқ. Агар аёл кўримсизгина бўлса-да, унда ибо ва ҳаё, одоб-аҳлоқ, хушхулқ ва самимийлик бўлса, унинг нуқсон ва камчиликларини ана шу гўзал фазилатлар пардаси яшириб туради ва қалбдаги чирой юзларда ўз аксини топади.
Шу ўринда бир ҳикматни эслаб ўтиш ўринли. Боғда бир гул бўй кўрсатибди. Унинг чиройига барча майса-ю ўтлар, дарахтлар мафтун бўлибди. Бундан ҳаволанган гулнинг кибори ортибди. Кунларнинг бирида яна бир гул ийманибгина кўзини очибди. Унинг барглари нозик, ғунчаси ҳам тегсанг тўкилиб кетаман дейди. Буни кўрган биринчи гул унинг устидан кулибди:
- Жуссанг бирам кичик ва нозик экан. Тез кунда сўлиб қолишинг аниқ.
Эндигина бўй кўрсатган гул бунга жавобан ҳеч қандай сўз айтолмабди. Кунлар ўтган сайин биринчи гулнинг димоғи баттар кўтарилибди. Иккинчи гулга хасад қилиб, уни бошқаларга тинмай ёмонлар экан. Биринчи гулнинг ғийбатчилигидан кўнгли совиган атрофидагилар ундан узоқлашибдилар. Шундай кунларнинг бирида қаттиқ шамол турибди. Дўст ва яқинларсиз қолган киборли гул шамолда қолиб ҳолдан тойибди. Иккинчи гулни эса дарахтлар ўз ҳимоясига олиб, шамолдан асраб қолишибди.
Ҳикматдан ҳисса шуки, ҳақиқий гўзаллик инсоннинг қалб гўзаллигидир. Ҳеч бир гўзаллик самимийлик ва табиийликдан, шарм-ҳаёдан ва иффатдан устун бўлолмайди. Бу ҳислатларни ўзида мужассам этган аёл ҳамиша гўзал ва ёқимли кўринади, шунингдек, эл-юрт орасида ҳурмат ва эъзоз топади.
Томорқаси бўла туриб, бирор нарсага муҳтож бўлган кишиларни кўрганимда уларга ачиниб кетаман. Чунки бундай инсонлар вақтларини беҳуда ўтказиш билан бирга, ерни ҳам увол қилишади. Раҳматли қайнотам Набижон Ҳакимов миришкор деҳқон эди. Айниқса, у узумдан мўл ҳосил олиб, оиламизнинг тўқ ва бекам яшашини таъминларди. У бизга "Болаларим, ерда гап кўп, ерга яхши қарасангиз, ҳеч қачон муҳтож бўлмайсизлар" деб кўп бор насиҳат қиларди. Ҳозирги пайтда унинг тарбиясини кўрган 8 нафар қайноға ва қайнсингилларимнинг оилалари ҳам моддий фаровонликка эришган.
Оиламиз унча катта эмас. Турмуш ўртоғим чорвачилик фермер хўжалигида ишчи. Ўғлим Ҳамидулло коллежнинг 3-босқичида, қизим Мадинабону эса 9-синфда ўқийди. Биз ҳам қайнотамнинг ўгитларига амал қилиб, кам бўлмадик. Томорқамизда 7 сотих майдонда иссиқхона барпо этганмиз. Иссиқхонада помидор кўчати етиштириб, эрта баҳорда сотамиз. Қолган кўчатларни парваришлаб, май ойида ҳосил оламиз. Харидор излаб бирор жойга кўтариб юрмаймиз. Уйимиздан улгуржи олиб кетишади. Бундан ташқари, қўни-қўшни, маҳалладошларимизга ҳам бозордагидан арзон нархда сотамиз, бундан улар ҳам хурсанд бўлишади. Биргина иссиқхонанинг ўзидан йилига 10-12 миллион сўм даромад оламиз.
Ҳовлимизнинг 2 сотихига узумнинг "Бекмирза бува" навидан 100 туп ўтқазган эдик. Кўчатлар ҳосилга кирди, ушбу нав анча серҳосил экан. Ундан йилига ўртача 5-6 миллион сўм даромад оляпмиз. Ҳовлимиздаги бир неча туп ёнғоқ ва бодом ҳам баракали ҳосил беряпти.
Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини кўриб, яратиб берилаётган имкониятларидан руҳланиб, деҳқончилик билан чекланиб қолмаслик керак, деган хулосага келдик. Ҳозир 2 та сигир, 2 та қўй, 30 та товуқ ҳам боқяпмиз. Кунига ўз эҳтиёжимиздан ортган 15 литр сут ва 20 дона тухумни сотамиз. Қўни-қўшнилар ҳазиллашиб, уйингиз "Мини маркет", ҳамма нарсадан бор дейишади. Топган даромадимиз ҳисобига уйимизни қайтадан қуриб, таъмирладик.
Баъзи бир одамлар ҳайратланиб: Шунча ишга қандай улгурасизлар?" дея савол беришади. Мен ҳам бўш келмай уларга:"Биз Америка очаётганимиз йўқ. Булар оддий арифметика-ку. Даромад манбаи ўз қўлимизда бўлгандан кейин ишламасак, ношукурлик бўлади" дейман. Аслида ҳам шундай эмасми? Ер-беминнат хазина. У Сизни боқаман, деб турсаю биз унга бефарқ қарасак, бу инсофсизлик эмасми?
ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ИСТЕЪМОЛИ ВА НАЗОРАТИДА ҚОНУНИЙЛИК ТАЪМИНЛАНАДИ
(35-сон)Мутахассис минбари
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолига, умуман, барча истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, соҳа фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонунчилик баъзаси мустаҳкамланди, қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, мазкур йўналишдаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, нафақат истеъмолчиларнинг, балки соҳа мутахассисларининг ижро интизоми ва масъулияти янада ошмоқда.
"Уздавэнергоназорат" давлат инспекцияси Андижон ҳудудий бўлимида ҳам истеъмолчиларга белгиланган тартибларга қатъий риоя қилишлари, шу билан бирга, ходим ва мутахассисларнинг қонунлар доирасида фаолият юритишлари, хизмат вазифасини суиистеъмол қилмаслик, фаолиятлари давомида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан зарур тарғибот-тушинтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунининг "Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш" деб номланган 3- боб 16- моддасида "Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш", шунингдек, 17-моддасида "Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш" билан боғлиқ вазифалар белгиланган. Яъни, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриши белгиланган.
Ана шундан келиб чиқиб, қолаверса, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари" йили дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида инспекциямиз томонидан маҳаллалар, меҳнат жамоаларида "Андижон вилоят электр тармоқлари" корхонаси, прокуратура ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда юқоридаги қонун мазмун-моҳиятини соҳа ходимлари ва аҳолига тушунтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ишонаманки, олиб борилаётган тарғибот ишларимиз ўз самараларини беради. Вилоятимизда электр энергияси истеъмоли ва унинг назорати борасида қонун бузилиш, коррупция ҳолатларига асло йўл қўйилмайди.
Адҳамжон ТОЖИМАДОВ,
"Ўздавэнергоназорат" ДИ Андижон ҳудудий бўлими инспектори.
Тошхон Хожиқосимовани нафақат асакаликлар, балки вилоятимиз аҳли, айниқса, кекса авлод вакиллари яхши билади. Опа ўз вақтида фидоийлиги, ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги билан бутун Ўзбекистонга донг таратган.
Ҳаёт йўллари ибрат ва ҳикматга тўла Тошхон опа бугун ўзининг муборак саксон ёшини қарши олди. Саксон йил бу айтишга осон холос. Бу йиллар давомида опанинг ташаббуси билан амалга оширилган эзгу ва хайрли ишлар, чекилган заҳматлар, қувончу ташвишлар баён этилса, бир неча китоб бўлиши аниқ.
Тошхон опани матонатли, фидоий ўзбек аёли тимсолларидан бири десак асло муболаға бўлмайди. Ҳақиқатдан ҳам опа кўп йиллар эл-юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилди, мазмунли ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди.
Кўпчилик яхши биладики, навқирон ва шижоатга тўла Тошхон опа Андижон давлат педагогика институтини (ҳозирги АДУ) тамомлаб, меҳнат фаолиятини дастлаб Асака туманидаги 4- умумтаълим мактабида бошлаган, фаолиятининг дастлабки йилидаёқ ўзининг интилувчан, тиришқоқ, қатъий ва талабчанлиги билан меҳнат жамоаси, ўқувчилар ҳурмат ва эътиборини қозона олди. Ёш мутахассисдаги ана шу жиҳатларни кўрган раҳбарлар уни туман ёшлар ташкилоти етакчиси вазифасига тайинлади. Бу ишда у ўзининг меҳнатсеварлиги, билимдон ва ташкилотчилигини намоён этди. Сиртдан Андижон пахтачилик (ҳозирги қишлоқ хўжалиги) институтида таҳсил олиб, билимларини янада бойитди.
Кейинчалик Асака туман ижроқўми раиси, Бўз, Олтинкўл туманларининг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган йилларда эса опанинг раҳбарлик, етакчилик салоҳияти тўла-тўкис намоён бўлди. Ана шу йиллар давомида опа туманлар иқтисодиётини, хусусан, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қурилиш, бунёдкорлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида жонбозлик кўрсатди. Энг асосийси, одамлар орасида "ташкилотчи ва фидоий раҳбар" деган ном олди, эл-юрт ишига камарбаста, эл суйган, "Опа" дея ардоқланган инсон сифатида ҳурмат-эътибор топди.
Халқ тили билан айтганда, опа қишлоқ хўжалиги, пахтачилик соҳасининг ҳақиқий академиги эди. Ер унумдорлиги, пахта ҳосилдорлигини ошириш борасида катта ҳаётий тажрибага эга инсон сифатида ҳам бутун республикада довруғ қозонди. Ҳамиша пахта режасини ортиғи билан бажариб, юрт улуғларининг, ҳатто, мамлакатимизнинг ўша вақтдаги раҳбари Шароф Рашидовнинг эътибор ва эътирофига ҳам сазовор бўлди.
Меҳнат фаолиятининг сўнгги йилларида опа Асака шаҳрининг биринчи раҳбари вазифасида меҳнат қилди. У кишининг бошчилигида хайрли ва ибратли ишлар ҳар қанча таҳсин ва эътирофга сазовордир. Ўша йиллари шаҳарда кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилиб, ишга туширилди. Бу Асака шуҳратини юксалишида, шаҳар аҳолисининг турмуш фаровонлигини юқори даражага кўтарилишида муҳим аҳамият касб этди.
Умуман, опа қаерда, қандай вазифада ишлашидан қатъи назар, ўз ишининг етук билимдони, одил ва ташаббускор раҳбар, самимий ва саховатли инсон сифатида кенг жамоатчилик, одамлар ҳурмат-эътиборини қозона олган. Опанинг самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. Шу боис ҳам бугун у кишининг кўксини "Ҳурмат белгиси", "Меҳнат шуҳрати" ва бошқа қатор орден ва медаллар, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20, 25 йиллик нишонлари безаб турибди.
Опа вилоятдаги кўплаб катта-кичик раҳбарларнинг устози сифатида устозлик мартабасининг энг юқори поғонасига чиқа олган инсонлардан бири эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Тошхон опани нафақат, моҳир ташкилотчи, салоҳиятли раҳбар, эл-юрт ишига камарбаста инсон сифатидагина эмас, балки ибратли оиланинг соҳибаси эканлигини ҳам кўпчилик яхши билади. Ака-укалари, яқинларига ҳамиша кўмакдош ва маслаҳатчи бўлди. Фарзандлари Матлубахон, Баҳтиёржонларни ҳам юрт корига ярайдиган, комил инсонлар қилиб тарбиялади.
Бугун опа кексалик гаштини сураётган бўлса-да, туман, вилоят хотин-қизлар қўмиталари фаоли сифатида ёш авлодни Ватанпарвар, комил инсон қилиб тарбиялаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ишига ўзининг бой ҳаётий тажрибалари, маслаҳат ва насиҳатлари билан кўмак бериб келмоқда.
- Бугунги тинч-осойишта, дориломон кунларга етказганига шукур, - дейди опа биз билан суҳбатда. - Бу кунларга етиш осон кечмаган, қанча-қанча юртдошларимиз шундай кунларни кўриш орзуси билан яшаб ўтди. Президентимизнинг оқилона сиёсати ва раҳбарлигида шундай кутлуғ кунларга етдик, бизни, ўзбекни дунё таниди. Халқимиз, айниқса, ёшларимиз мана шу тинчлик ва тўкинликнинг, ҳур кунларнинг қадрига етсин. Унинг янада гуллаб-яшнаши учун қўлидан келганча хизмат қилсин.
Ҳа, Ватанимиз равнақи йўлида фидоийлик намуналарини кўрсатиб меҳнат қилган, ҳаёт йўли бизлар учун ибрат бўлган Тошхон опа ва у сингари табаррук оналаримиз омон бўлсин.
Шаҳрихон енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Шаҳрихон туман кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.
Йиғилишда Кенгаш аъзолари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари раислари ҳамда партия фаоллари иштирок этди. Дастлаб, йиғилишнинг ишчи раёсати таркиби, котибият таркиби ва йиғилиш регламенти тасдиқлаб олинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан партия вилоят кенгаши бош мутахассиси А. Узоқжонов, туман кенгаши раиси И. Худойбердиев ва бошқалар сўзга чиқди. Айниқса, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, тўй ва маракаларни дабдабасиз, камчиқим ўтказиш, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш борасида аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, партия фаоллари иштирокини кучайтириш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Пленумда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Жалақудуқ туманида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари, клиник шифохоналар етакчи олимлари ва шифокорлари иштирокида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган тиббий кўрик юртимизда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтиришга қаратилаётган эътиборнинг бир намунаси бўлди.
Бу каби тиббий кўриклар вилоятнинг қатор туманларида ўтказилди. Хусусан, Жалақудуқда ташкил этилган кўрикга Хўжаобод, Булоқбоши, Қўрғонтепа туманлари, Хонобод ва Қорасув шаҳарлари аҳолиси жалб этилди. Кўрик давомида, айниқса, диспансер ҳисобида турган беморлар, ногиронлар, хотин-қизлар ва болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Тиббий кўрикдан ўтган фуқароларнинг саломатлигини яхшилаш бўйича, шунингдек, турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш бўйича ҳам зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
- Иккинчи гуруҳ ногирониман, - дейди Ҳасанқовоқ маҳалласида яшовчи Меҳрихон Ҳасанова. - Қишлоқ врачлик пунктимиз профилактика ҳамшираси, даволовчи шифокоримиз доим мендан хабар олиб туради, белгиланган дориларни бепул берадилар. Уларнинг тавсияси билан бугунги тиббий кўрикка келдим, тажрибали шифокорларга учраб, зарур маслаҳатлар олдим. Бизга кўрсатилаётган бу каби эътибордан беҳад мамнунмиз.
Омадхон Тешабоева, Мунирахон Исмоилова, Ҳайдарали Тожибоев каби кўплаб юртдошларимиз ҳам тиббий кўрикдан мамнун эканликларини билдирдилар.
Тиббий кўриклар натижасида турли касалликлар аниқланган беморларга даволаниш учун туман, вилоят даволаш-профилактика муассасаларига йўлланмалар берилди.
Бу каби сайёр кўриклар аҳолига катта қулайлик яратиш билан бирга, шифокорларнинг ўзаро тажриба алмашишлари, даволашдаги илғор иш услубларини ўрганишларига, касбий билим ва малакаларини оширишга яқиндан ёрдам беради.
Андижон шаҳридаги А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллиги олдидан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида "Энг намунали оила" танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди
2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси ҳамда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Оила" илмий-амалий маркази ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган танловда мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, унинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
- Оилаларимиз қанчалик барқарор ва мустаҳкам бўлса, жамиятимиз юксалиб бораверади, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Шу маънода ўтказилаётган танловнинг асосий мақсади ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган.
Дарҳақиқат, танловнинг қуйи, яъни маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда туман ва шаҳар босқичларида 4 минг 384 оила иштирок этди. Танловда оила мустаҳкамлиги ҳамда оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш ва камолга етказиш борасидаги билимлари, ҳаётий тажрибалари, оиланинг ҳар бир аъзоси - ота-она, фарзанднинг бурч ва масъулияти, уларнинг маънавияти, китобхонлик даражаси, халқимизнинг миллий урф-одат ва қадриятларини қай даражада билишлари ва асраб-авайлашлари, оила даромадини ўринли сарфлаш, фарзандларда меҳнат кўникмасини шакллантириш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маҳалла, жамоат ишларидаги фаоллиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 оила иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказдилар. Якуний натижаларга кўра, Олтинкўл туманидаги Айшахоним маҳалласида яшовчи Абдулҳамид Толипов оиласи биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Андижон шаҳридаги Бўстон маҳалласида яшовчи Ҳабибулло Раҳматуллаев оиласига, учинчи ўрин Избоскан туманидаги Зарбдор маҳалласида яшовчи Рустамжон Тўрақулов оиласига насиб этди.
Танловда, шунингдек, "Китобсевар оила", "Файзли оила", "Саховатли оила", "Аҳил оила", "Ибратли келин", "Ишбилармон оила", "Меҳрибон қайнона", "Спортчи оила" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Fолиб ва совриндорларни вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова муборакбод этиб, уларга диплом ва эсдалик совғаларни топширди.