Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
(32-сон)2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Вилоят ҳокимлигида оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш котибияти, вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталарининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова бошқарган йиғилишда туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутасаддилари иштирок этиб, жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дастурида белгиланган вазифалар, соҳага доир ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Танқидий, таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда биринчи масала сифатида жорий йил январь ойида фаолиятини бошлаган оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳларнинг маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш борасида олиб борган ишлари кўриб чиқилди. Вилоятдаги 868 маҳалла фуқаролар йиғинларида белгиланган таркибда 14750 нафардан зиёд кишидан иборат кенгашлар шакллантирилганлиги, гуруҳлар томонидан жамоатчилик назорати борасида тизимли ва самарали ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, вилоятдаги жамоатчилик назорати гуруҳлари томонидан 523 мингдан ортиқ хонадонга кирилди. Оилалар ҳамда ижтимоий соҳа муассасаларидаги ижтимоий муҳитни ўрганиш жараёнида 15 минг 491 та муаммо аниқланди. Уларнинг 4482 таси ўз жойида ҳал этилди, 10 минг 942 таси ҳал этиш учун маҳаллалар, шаҳар ва туманлар кесимидаги чора-тадбирлар режаларига киритилди.
Йиғилишда қатор туман ва шаҳарларда Жамоатчилик назорати гуруҳлари штаблари фаолияти талаб даражасида иш олиб бормаётганлиги, маълумот ва ҳисоботларни тақдим этишда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги танқид остига олинди.
Шунингдек, йиғилишда "Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, оилаларда тиббий маданиятни кучайтириш", "Хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш", "Хотин-қизлар ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, хотин-қизларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш", "Вилоят аҳолиси ўртасида соғлом диний эътиқод, диний маърифат ғояларини тарғиб қилиш, шунингдек, лоқайдлик, боқимандалик каби иллатларни бартараф этишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, турли диний-экстремистик оқимлар ғоялари таъсирига тушиб қолган фуқаролар, хусусан, хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш" масалалари атрофлича кўриб чиқилди, амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Жойларда "Аёллар маслаҳат марказ"лари, маҳалла фуқаролар йиғинларида "Қайноналар кенгаши" фаолиятини кучайтириш, "Соғлом турмуш тарзи мактаби"ни ташкил этиш, патронаж ҳамширалар ишини янада яхшилаш, касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган битирувчи-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, хусусан, "Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси" танловининг ҳудудий босқичларини юқори савияда ўтказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Шунингдек, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлар дастурига асосан жорий йилнинг олти ойи давомида жиноят содир этган хотин-қизларга жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат жамоатчи мураббийлар бириктирилгани ижобий натижалар бераётгани айтиб ўтилди.
Аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлиги ҳолати, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, оилавий ажримлар бўйича муайян ишлар амалга оширилган, айрим йўналишлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эришилган бўлса-да, қилиниши лозим бўлган ишлар ҳали жуда кўплиги қайд этилиб, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан мутасадди ва масъулларга зарур вазифалар юклатилди.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Қ. Асқаров, вилоят ИИБ ХООБ бошлиғи З. Fофуров, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Г. Абдуллаева, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими бошлиғи Ў. Охунов, Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раиси М. Аҳмадалиева ва бошқалар сўз олиб, амалга оширилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш ва самарадорлигини ошириш юзасида ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди республика кенгаши ҳамкорлигида оилаларни мустаҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқилди. Дастурда турли йўналишларда оилаларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган. Шунингдек, дастурга асосан, ҳафтанинг чоршанбаси - "Оилаларни мустаҳкамлаш куни" деб эълон қилинган. Шу куни вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кенг жамоатчилик томонидан оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар, тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича сайёр судлар ташкил этилмоқда.
"ОИЛАМ БУЗИЛГАНИДАН пушаймонМАН"
Ёхуд эркак нима учун биринчи аёлидан воз кечди?
Таҳририятга келган мактуб: "Ота-оналаримиз розилиги билан турмуш қурганмиз. Икки фарзандимиз бор. Эрим олий маълумотли, ишлайди. Ўзим ҳам таълим муассасасида ишлайман. Ўртамиёна турмуш кечирардик. Кунларнинг бирида эримнинг ҳаётида бошқа аёл борлигини сезиб қолдим. Жанжал-тўполон қилгандим, эрим у аёлни яхши кўриб қолганини, оиласини, мени ташлаб қўймаслигини, лекин у аёлдан ҳам воз кечмаслигини айтди. Чидаёлмадим. Қайси аёл хиёнатга жимгина қараб туради? У аёлнинг олдига бордим. Мен уни енгил табиат бир аёл деб тасаввур қилган эдим. Уни кўриб, очиғи, оёғимдан мадор кетди. Ниҳоятда чиройли, сўзлари маъноли, кўзлари маъюс эди уни. Гаплашдик. У ўқиш, иш билан турмуш қурмай, ёши ўтиб қолган қиз экан. "Сизга, оилангизга хусуматим йўқ. Эрингиз бошида менга ҳаммасини айтган, сизни ҳурмат қилади, болаларини жуда яхши кўради. Сизларни ҳеч қачон ташлаб кетмайди. Менга ҳам севги-муҳаббат деб кўз очиб кўрганидан кечадиган эркакнинг кераги йўқ. Сиз билан болаларини қадрлагани учун эрингизни ҳурмат қиламан" деди. Бу гапларнинг самимийлигига ич-ичимдан ишонган бўлсам-да, эримнинг мендан афзал кўргани борлигини барибир қабул қилолмадим. Уйга қайтиб эримга "Ё мени, ё уни дейсиз. Ўшани десангиз ажрашамиз, сиз билан яшамайман" дедим. Эрим бизни танлади. Лекин ўртада дарз кетган муносабатларимиз борган сари совуқлашиб борарди. Арзимаган баҳоналар билан жанжал кўтарардим. Эрим уйга келишга безиллашини билардим. Шу тарзда ундан ўч олишни, устун туришни хоҳлардим. Афсуски, тинимсиз жанжаллар рўзғоримизнинг бузилиши билан якун топди. Ҳозир эрим ўша қизга уйланган. Гарчи қонуний ажрашмаган бўлсак-да, болаларни кўча-куйда кўради, уйга келмайди. Нима қилишга ҳайронман. Оиламни тиклаш учун энди кеч эмасмикан? Оилам бузилганидан минг бор афсусдаман..."
Нигора, Асака тумани.
Мактубда келтирилган каби ҳолатлар ҳаётимизда оз бўлса-да учраб туради. Эътибор қаратилса, турмуши бузилган аксарият аёллар эрининг бошқа аёл билан хуфёна муносабатлари маълум бўлгач, турмуш ўртоғи билан орани очиқ қилганлигини айтадилар. Хўш, эркак нега кўз очиб кўргани, уни оталик бахтига эриштирган аёл ва фарзандларидан осонгина воз кечади?
Тўғри, ўз оиласини ташлаб, бошқага уйланган эркакни асло оқлаб бўлмайди. Лекин бундай бўлишига нима сабаб эканлиги масаласи бизни жиддий ўйлантириши керак. Қарс икки қўлдан чиқади деганларидай масаланинг моҳияти ва сабаблари хусусида айрим юртдошларимизнинг мулоҳазалари билан қизиқдик.
- Оила мустаҳкамлигини асраш, бахт-саодатга эришиш эркак ва аёлдан баб-баравар масъулият талаб этади. Оилавий ҳаёт - ҳар куни, ҳар соатда парваришга муҳтож. Турмушда бахт-саодатга эришиш осон эмас. Сабрли аёлларимиз ҳам жуда кўп. Бундай аёллар муаммолари, ғам-ташвишларини ҳеч қачон, ҳеч кимга ошкор этмайди. Уларни достон қилиб, бировга нолимайдилар.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўзини ҳурмат қилган эркак енгилтабиат аёлга кўнгил қўймайди. Агар эркак суюқоёқ аёлни биринчи аёли, фарзандларидан устун қўйса, демак унинг ахлоқи нуқсонли. Ва у аввалдан нопок йўлда бўлган. Бу ҳолатни кўнгил ва ёки бахт излаш билан боғлаб бўлмайди.
Оилавий муаммолар, етишмовчилик, йўқчилик ҳамма оилада ҳам бўлади. Бежиз оилавий ҳаётни "рўзғор - ғор" деб қўйишмаган! Рўзғорнинг кам-кўсти эр-хотинни бир-биридан бездириш учун эмас, аксинча бир-бирини қўллаб-қувватлаши, авайлашига сабаб бўлиши керак. Минг афсуски, айрим оилаларда бунинг аксини кўрамиз. Кўп ҳолларда эркакнинг аёлидан воз кечишига аёлнинг ношукурлиги, уйда меҳр кўрмаслиги сабаб бўлади. Аёл турмуш ўртоғини бундай ҳолатга туширмаслик учун нима иш зарур бўлса, барчасини қилиш керак. Мактуб йўллаган қизимиз бу ҳақда обдон ўйлаб кўрса яхши бўларди.
- Енгил ҳаётга ўч эркаклар масаласи энди бошқа гап. Суюқоёқ хотинларга ишқибоз эркаклар ўз қадрини билмайдиган, лаҳзалик роҳат учун икки дунёсини барбод қилган бадбахтлардир. Аммо орамизда шундай эркакларга сабр қилиб яшаётган аёллар ҳам йўқ эмас. Улар ҳеч қачон дардларини бировга ошкор қилмайдилар, оила шаъни, фарзандларининг келажаги, эрининг обрўсини ўз ғурури, бахтидан юқори қўядиган фидоий аёллардир.
Ана шундай аёлининг қадрига етмайдиган эркаклар оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳурмат топа олмайди. Вақтлар келиб қилган бу ишидан албатта, пушаймон бўлади. Лекин унда хатосини тузатиш имкони бўлмайди. Умрбод виждон азобида қолади ёки қилган қинғир ишлари касри фарзандларига уради, улар орқали хатолари жабрини тортади. Шу боис, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин кўнгил кўчасига кириб, оиласини барбод, фарзандларини эл-юрт олдида мустар бўлишига йўл қўймаслиги керак.
Махфузахон АЛИМОВА, психолог:
- Эр-хотиннинг ўзаро меҳр-муҳаббатли эмаслиги ҳам эркакнинг бошқа аёлга кетишига сабаб бўлиши мумкин. Инсонни кўнгил бошқаради. Аёлнинг вазифаси фақат бола туғиш, уй-рўзғорни эпақага келтириш, пишириш-куйдириш эмас, эрга дўст, кўнгилдош ҳам бўлиш керак. Аёл жуфти ҳалолининг қалбини забт эта олиши, унинг кўнглига бегона хаёллар оралашига йўл қўймаслиги керак. Элимизнинг севимли ёзувчиси Ўткир Ҳошимов шундай деган эди: "Бахт - бу эрталаб ишга шошилиш ва кечқурун яна уйга шошилиш".
Дарҳақиқат, оила, қадрдон уй ҳар қандай киши учун ҳамиша талпинадиган, халоват топадиган энг муқаддас, меҳр-муҳаббат масканидир. Агар уйда меҳр-муҳаббат бўлмаса, эркак уйига келишни истамайди. Қолаверса, аёлнинг майдагаплиги ҳам эркакни бездиради. Эр ишдан чарчаб келганида аёли яхши гапириб, кўнглини олиш ўрнига турмуш ташвишларини, етишмовчиликни рўкач қилиб, асабини эговлайверса эркак уйдан безиб, ҳаловатли гўша излаб қолади.
Ҳаётнинг қолипи йўқ, кўнгилга буйруқ бериш жуда қийин иш. Шундай экан, аёлларимиз ўз хонадонини оиланинг ҳар бир аъзоси, айниқса, турмуш ўртоғи учун ҳаловат масканига айлантира билиши лозим.
Муқаддасхон Солиева, Шаҳрихон тумани бош отинойиси:
- Аёл диёнатли, имони бут бўлсин. Динимизда эр ва хотиннинг зиммасига қатор бурч ва вазифалар юкланган. Эр-хотин энг аввало, ана шу бурч ва масъулиятни ҳис этиб, унга амал қилиб турмуш кечириши лозим. Бу масалада айниқса, аёл кишидан катта сабр, матонат талаб этилади. Бундан ташқари, аёл ҳар доим назокатли, нафосатли бўлиши, ўзини қадрлай олиши керак. "Турмушга чиқдим, болаларим бор, эрни эгасига айландим" деган аёл ютқазади. Эрининг кўнглини олиш, унга севимли рафиқа бўлиш учун аёл масъул. Кўча-куй, гап-гаштакларга кетадиган вақтининг ярмини ўзига ажратса, ўзига қараса, эрига ғамхўрлик қилса, эркак ҳам кўчадан "кимнидир" излашга мажбур бўлмайди. Эркакка ҳам кўз очиб кўргани, аҳли оиласи туриб, бегона аёлга парвона бўлиш орзу эмас. Афсуски, баъзи бир аёллар ўзларининг қўполлиги, зиммасидаги бурч ва масъулиятни адо этмаслиги сабаб эрини шу йўлга киришига мажбур қилади.
Эрини ҳурмат қилмайдиган, кўнглига қарамайдиган аёл билан камдан кам эркаклар фарзандлари учун яшайди. Бу эркакнинг руҳиятига хос ҳолат. Шу ҳақиқатни тушунган аёл эрини ўзидан, оиласидан бездирмайди. Аёл эрини яхши кўрса, ҳурматини ўрнига қўйса, болалар ҳам отаси билан фахрланади. Бахти тўкис ва давомли бўлишини истаган аёл жуфтини беҳурмат қилмайди. Тақдиридан рози бўлган бандани Аллоҳ гўзал тақдир билан сийлайди.
* * *
Суҳбатдошларимизнинг бирортаси ҳам эрнинг кўз очиб кўрган, ўз жуфтини ташлаб, ўзга аёлга кетган, оиласини барбод қилган инсонни оқламади. Лекин бу ҳолатни юзага келишига кўпроқ аёл сабабчи бўлишини ҳам инкор этмадилар. Демак, бундан шундай хулоса қилишимиз керакки, инсонга етадиган яхшилик ёки ёмонлик феълимиздан эканлигини англаб олишимиз лозим. Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам ўз ичимизда. Ўзимизни, қалбимизни ислоҳ этиш билан ҳаётимизни гўзал ва мазмунли қила оламиз. Аввало, ҳар бир инсоннинг ўзига инсоф берсин. Қолаверса, эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ҳамиша парваришга муҳтож. Шу боис, эр-хотин бир-бирларини кўнглига қараб, ардоқлаб яшасин, оиласини муқаддас билсин. Севимли, бахтиёр жуфтлик бўлиш бахти барчага насиб этсин.
Мазкур марказ қошида ташкил этилган "Кутубхона - иккинчи оилам" клубининг навбатдаги машғулоти бўлиб ўтди.
Андижон туманидаги "Боғишамол" болалар дам олиш оромгоҳида бўлиб ўтган "Китобим - офтобим" деб номланган театрлаштирилган тадбирда болалар ҳамда эртак қаҳрамонлари ўртасида жонли мулоқот ўтказилди. Унда болажонлар эртак қаҳрамонлари томонидан берилган саволлар ҳамда шеърий топишмоқларга жавоблар бердилар.
Оромгоҳда дам олаётган болажонлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур эса иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
Тадбир якунида ахборот-кутубхона маркази илмий-услубий бўлими кутубхоначиси Дилфузахон Азимхўжаева инсон ҳаётида китобнинг ўрни ниҳоятда беқиёс, китоблар киши маънавиятини юксалтирувчи бебаҳо ҳазина эканлиги хусусида маъруза ўқиди. Маъруза болажонларга манзур бўлди ва уларнинг китоблар ҳақидаги билимларини янада бойитишга ёрдам берди.
З. М. Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида "Энг фаол китобхон" кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Республика маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, Андижон ҳарбий гарнизони ҳамкорлигида ўтказилган танловда ҳарбий қисмларнинг аскарлари иштирок этиб, ўзларининг китобхонлик борасидаги билим ва иқтидорларини намойиш этдилар.
Шарафли бурчларини ўташ билан бирга, бўш вақтларида китоб мутолааси билан шуғулланиб келаётган аскарлар белгиланган 4 шарт бўйича ғолиблик учун ўзаро беллашдилар.
Якунда ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари ҳамда хомийлар томонидан фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдарланди.
Тадбир доирасида янги адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши ташаббуси билан касаба уюшма ходимлари, меҳнаткашлар учун юртимизнинг турли тарихий гўшаларига, дам олиш масканлари ҳамда зиёратгоҳларига саёҳатлар уюштирилмоқда,.
2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қолаверса, ходимлар ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилган бу каби сайъи-ҳаракатлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Яқинда 25 нафар бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари раислари Фарғона вилоятидаги "Аҳмад Ал Фарғоний" дам олиш мажмуасида бўлиб, хордиқ чиқариб қайтганликлари фикримизга бир мисолдир. Икки кунлик саёҳат давомида саёҳатчилар дам олиш масканининг хуштабиат, гўзал манзараси, мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлдилар.
Мароқли ўтган сафар саёҳатчиларга кўтаринки кайфият берди.
ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИFИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ
(32-сон)тадбир
Андижон ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ, вилоят мудофаа бошқармаси, Андижон ҳарбий гарнизони ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вилоят бўлимининг "Ёшлар тарбиясида жамоатчиликнинг роли" мавзусида йиғилиши бўлиб ўтди.
Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбий хизматчилар, ўқитувчилар ва ёшлар иштирок этган мазкур тадбирда давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, хавфсизлигини таъминлаш масалалари, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва чақириққача бўлган ёшларда маънавий-ахлоқий ва ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқиши ва ҳурматини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилишда мавзу доирасида маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мавзу доирасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоят Жамоатчилик кенгаши раиси Манзурахон Юнусова иштирок этиб, Жамоатчилик кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги зарур ишлар ҳақида тўхталди.
(32-сон) "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!"
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида "Андижонни обод ва кўркам вилоятга айлантирайлик!" кўрик-танлови давом этмоқда. Пахтаободликлар бошлаб берган кўрик-танлов Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Бўз, Жалақудуқ, Избоскан туманларида ҳам кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
Кўрик-танловга асакаликлар ҳам астойдил тайёргарлик кўрдилар. Ҳар бир кўча ва хонадон, маҳалла гузарлари обод қилинди. Меҳнат жамоаларида яратувчилик доимий ишга айланди.
Кўрик-танловнинг туман босқичи доирасида ташкил этилган тадбирлар туман аҳлини янгиликка интилиб яшаётгани, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ўз ижросини топаётгани, истиқлол берган имкониятлардан фойдаланиб эришилаётган ютуқлар, пировардида бугуни кечаги кунидан фаровон бўлаётгани, эртаси янада гўзал бўлишини кўрсатмоқда.
Туманда спортга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эргашобод маҳалласидаги спорт мажмуасида уюшмаган ёшлар иштирокида спорт мусобақалари ташкил этилди. Муқумий маҳалласида янги спорт майдонининг очилиш маросими ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, Асакада қиличбозлик ва қўл жангининг ривожлангани, республика ва халқаро мусобақалар ғолиблари сафи тобора ортиб бораётганлигини таъкидлади.
Шу куни "Обод турмуш тарзи" МЧЖ томонидан ташкил этилган мевани қайта ишлаш корхонаси, Эргашобод оилавий поликлиникаси, "Элегант" ҳамда "Караван" савдо мажмуалари фойдаланишга топширилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова ва Асака тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Иномжон Мамадалиевлар жойлардаги тантаналарда сўз олиб, асакаликларнинг юқоридаги каби яратувчилик ишлари кўлами янада кенгайишига ишонч билдирдилар.
Кужган маҳалласида ташкил этилган кутубхона, 36-мактабгача таълим муассасасида 10 нафар кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун ташкил этилган хатна тўйидан ҳам кўпчиликнинг кўнгли тўлди. Буларнинг барчаси юқорида айтганимиздек, Асаканинг эртаси бугуниданда фаровон бўлишидан дарак.
* * *
Жалақудуқ туманида ўтказилган кўрик-танлов доирасида Дўнгқишлоқ маҳалласида тадбиркор Одинахон Эргашева томонидан ташкил этилган "Ал-Диёр" хусусий тикувчилик корхонаси, Қаламбек маҳалласида Озодбек Бакиров ташкил этган "Наврўз" чойхонаси, Дўстлик маҳалласида Нурбек Ҳайитматов томонидан барпо этилган мини футбол майдони ҳамда бошқа бир қатор иншоотларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтди.
* * *
Вилоятимиз туман ва шаҳарларида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида бўлиб ўтаётган кўрик-танлов доирасидаги тантаналар юртдошларимизга байрамона кайфият улашмоқда.
Гапнинг пўсткалласини айтсам, менга ҳинд кинолари ёқмайди. Хаёлимда шу кинолар қизларимизни йўлдан оздиришга ҳисса қўшаяптими, деб ўйлаб қоламан. Ёшлик пайтларимизда кино театрларда чипта топилиши қийин бўлган "Сангам", "Чангда қолган гул" каби филмьлар ҳозир фақат тилларда қолди.
Бугунги ҳинд киноларининг аксарияти ярим яланғоч юришга, йигитлар билан ишқ ўйинини ўйнашга ўргатади холос. Кўп қизларимиз шу кинолар таъсирида орзулар уммонига ғарқ бўлиб, оёғи остидаги ҳақиқий ҳаётни кўрмаяпти ва натижада билмай босган тиконнинг оғриқларидан азоб чекмоқда.
Гулноза худди шу ҳинд актирисаларидек гўзал, сочлари нақ тақимини ўпадиган қиз эди, ўзи ҳам жуда шўх, бир гапириб, ўн куларди(аслида қиз боланинг шўхлиги яхши одат эмас экан). Ишхонамиздаги аёллар Гулнозани келин қилишни орзу қилар, бироқ унинг кўнгил қўйган йигити бўлиб, севгилиси уни ҳар куни ишхонамиз олдида кутиб турарди. Гулнозанинг тўйи бўлаётганини, ўша йигитга турмушга чиқаётганини эшитиб, ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Бироқ тўйдан бир кун олдин у куёвнинг яқин қариндоши вафот этганлигини айтиб, ҳеч кимга билдирмасдан ишдан бўшаш ҳақида ариза ташлаб кетибди.
Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, ўғлим бемор бўлиб болалар касалхонасига тушиб қолди. У ерда боласини кўтариб юрган Гулнозани учратиб, ҳайрон бўлдим. Чунки унинг тўйи қолдирилганидан кейин никоҳи бўлганлиги ҳақида ҳабар эшитмаган эдик.
- Ие, турмушга чиқдингизми? Тўйингиз қачон бўлди? Нега бизларга айтмадингиз? Ўша йигитга бўлдими ўзи, - каби саволларим уни довдиратиб қўйди.
- Улар азадор бўлишгани учун кўпчиликни айтолмадим, - деди у негадир кўзлари тўла мунг билан. Севган йигити бўлса, нима учун у бунчалик маъюс, деган ўй менинг миямда айланарди.
Эртаси куни Гулноза билан бир палатада боласини олиб ётган аёл менинг олдимга келди. Касалхонанинг овлоқ жойигача қўлтиғимдан ушлаб олиб бориб, мени ғоятда таажжубга солувчи гапларни гапирди.:
- Кеча сиз билан гаплашганидан сўнг Гулноза роса йиғлади. Бошдан ўтганларини сизга айтмаслигимни илтимос қилди. Балки ишхонангиздагилар ёрдам беришар, деган умидда ваъдамни бузишга мажбур бўляпман. Гулнозанинг тўйи бўлмаган. Отаси қалинни кўп сўраган экан. Қудалар бунга рози бўлишмаган. Оқибатда, тўй қолдирилибди. Гулноза эса у йигитдан ҳомиладор экан. Отасининг ғазабидан қўрқиб, бу сирни айта олмаган. Вақти-соати етиб, ота уйида кўзи ёриган. Жоҳил ота бир куни йўргакланган чақалоқни қалин қор устига отиб юборган. У боласини олиб кўча кўйда дайдиб юраверган. Охири шамоллаб, йўталаверган бола билан шу касалхонага кириб келган. Унинг шашқатор кўз ёшларига раҳми келган дўхтирлар боласини даволаб беришибди. Борар ери бўлмаган Гулноза ҳалигача касалхонада бошпана топиб юрибди.
Аёл гапираяпти, менинг кўзимдан эса тинмай ёш қуйиляпти. Унга қандай ёрдам беришим мумкин, ўзим ҳам муштипар аёл бўлсам...
Яратганнинг карами кенг. Бу воқеа юрагимда армон бўлиб қолмади. Кўзим билан Аллоҳнинг кароматини кўриб кўнглим таскин топди. Орадан бир ҳафта ўтиб, касалхонага совчи келди. Куёв бўлмиш ҳарбий экан. Болани куёвнинг бефарзанд акаси асраб оладиган бўлибди. Уни тез-тез кўриб туриши имконияти бўлгани учун Гулноза розилик берибди.
Касалхона ходимларидан тортиб, ҳаммамиз Гулнозани кузатиб қўйиш учун йиғилдик. Куёвнинг қўлида гуллар, акаси билан келин-ойиси эса ҳар-хил ўйинчоқларни кўтариб олишган. Бўлғуси овсин болани олишга қўлларини узатди. Гулноза эса болани бергиси келмай маҳкам бағрига босди. Бу манзарани кўриб турганларнинг бари ўзини йиғидан тутолмади. Шундан кейин Гулнозани бошқа учратмадим.
Болам деган онани ёмонга чиқариб бўлмайди. Ўз иффатини беҳаёлларча, балки алданган ҳолда топширган қиз ҳам севгилисидан, ҳам ота-онасидан, ҳам боласидан айрилди. Бу унга адолатли жазо эди.
Мева ва сабзавот шарбатларини, нафақат, шарбат сиққичларда, балки қирғичдан чиқариб ҳам тайёрлаш мумкин. Бунинг учун металл идишлардан фойдаланиш тавсия этилмайди. Чунки металл шарбатдаги витаминларни парчалаб ташлайди. Янги тайёрланган шарбатларни шу заҳоти ичиш лозим. Музлаткичда сақлангудек бўлса, таркибидаги витаминлар миқдори камайиб кетади. Шарбатни 1-2 ҳафта давомида кунига ярим стакандан ичган маъқул.
Олма шарбати таркибидаги темир моддаси танани турли зарарли моддалардан тозалаб, ичак фаолиятини яхшилайди. Шунингдек, ўпка хасталигини ҳам даволайди. Кўп чекадиган кишилар олма шарбатидан кўп истеъмол қилса, чекишни ташлашига ёрдам беради.
Помидор шарбати эса ичаклардаги ачишиш жараёнини бартараф қилиб, хотирани яхшилайди. Бу шарбатга туз қўшмай ичилади. Чунки туз помидордаги шарбатнинг шифобахшлилик хусусиятини йўқотади. Тузнинг ўрнига саримсоқпиёз, булғор қалампири, кўкатлар қўшиш мумкин. Ёдингизда бўлсин, буйрак хасталиги ёки буйрагида тоши бор кишиларга помидор шарбатидан ичиш тавсия этилмайди.