+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ФАРЗАНДИНГИЗГА ЭНАГА ЁЛЛАМОҚЧИ БЎЛСАНГИЗ,

(29-сон) Ота-оналарга тавсия

унинг қайси жиҳатларига эътибор қаратишингиз керак?

Оилавий ҳаётнинг энг олий мазмун ва мақсади - фарзанд тарбиясидир. Тарбия орқали бола келажакда    мустақил яшашга ўрганади. Лекин баъзи ота-оналар фарзандларига тарбия бериш эмас, балки иқтисодий жиҳатдан бекаму кўст таъминлаб қўйишни биринчи ўринга қўйишмоқда. Болани дунёга келтириш, у ҳақда қайғуриш, эркалаш, парвариш қилиш билан бир қаторда, тўғри тарбиялаш, ўқитиш, комил инсон бўлиб етишишига ҳаракат қилиш ота-она зиммасидаги бурч ва масъулиятдир.

Айрим ёш ота-оналар ўз имкониятларидан унумли фойдаланишни, ҳаётда нимагадир эришиш учун ҳаракат қилишни истайдилар. Фарзанд туғилиб, орадан унча кўп вақт ўтмасдан она ишга қайтиб, пул топишни ўйлаб қолади. Бу ҳолатда чақалоққа энага ёллаш ота-она учун муносиб чора бўлиб туюлади. Аслида ҳам бола тарбиясини энагага ишониш тўғрими? Энага чақалоқни ўз онасидай парвариш қила оладими? Бугун ота-оналар энагага қандай талаблар қўймоқда? Қуйида ана шулар хусусида фикр-мулоҳаза юритамиз.

Шу ўринда қуйидаги мулоҳазаларни келтирб ўтишни жоиз топдик: "Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ҳамда ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, хоҳлаган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта, бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонликлар ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади" 

("Ҳикматлар гулдастаси" китобидан).

 Мутахассис нима дейди? 

Махфузахон Алимова, психолог: - Мутахассислар эмизикли болани энага тарбиясига беришни тавсия қилмайдилар. Уларнинг фикрича, бола 1,5- 2 ёшга киргунича ота-онаси ва яқинлари билан бўлгани маъқул. Агар бир ёшгача бўлган болага энага ёллаш зарурати туғилиб қолса, у ҳолда энага албатта, тиббий маълумотга эга шахс бўлиши мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, унинг бу ишдаги малакасига ҳам эътибор қаратиш лозим. Чунки ана шу даврда боланинг иммун системаси энди  ривожланаётган бўлади. Гўдакнинг ҳар томонлама соғлом ўсиши ва парваришида энаганинг тиббий билимлари асқотади. Шунингдек, энага маълум даражада психологик билимга ҳам эга бўлиши керак, чунки уч ёшгача бўлган боланинг руҳияти ана шу даврда шакллана бошлайди. Энагаликка муайян ҳаёт тажрибасига эга 35-45 ёшдаги аёлларни танлаш мақсадга мувофиқ. Бу ёшдаги аёллар ўз фарзандларини катта қилишга улгурган ва ўз бошидан ўтказган тажрибасини сизнинг фарзандингиз парваришида ҳам қўллай олади. 

Энага танлашда унинг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш зарур? 

*Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш малакасига эга бўлишига;

*Агар бола бирор сабаб туфайли жароҳат олса, қандай тадбир қўллаш ёки ҳаракат қилишни билиши кераклигига;

*Агар бола овқатланишдан ёки ухлашдан бош тортса қандай йўл тутишни билишига;

*Бола парваришида қай даражада амалий тажрибага эга эканлигига.

Энага болани ақлий ривожлантириш, овқатлантириш, гигиеник парвариш қилиш малака ва хусусиятига эга бўлиши лозим.  Яхши энага фарзандингизнинг руҳиятини англай билади. Кўпчилик энагалар ўзлари билан турли хил қизиқарли, расмли     китоблар тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ўйинчоқлар олиб келишади. Албатта, оилада боланинг ўз ўйинчоқлари бўлиши табиий, лекин тажрибали энагалар боланинг янгиликдан хурсанд бўлишини яхши биладилар.

3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларга педагогик маълумотга эга бўлган энага танлаш лозим. 3 ёшдан бошлаб болалар ўзларини ўраб турган оламни англай, сўз ва ибораларни такрорлаб, катталарга тақлид қила бошлайди. Шу даврда энага бола билан кўпроқ вақт ўтказса, бола унга тақлид қилади. Айнан шу даврда болага уни қизиқтирган барча нарсаларни тушунтириб бера оладиган одам керак бўлади. Аммо бу жараён тўғри йўлга қўйилиши лозим. 6 ёшдан ошган болага эса педагогик билимга ва малакага эга бўлган мураббий ёллаш ўринлидир. Кўпчилик ота-оналар фарзандларидаги яширин қобилият ва истеъдодини юзага чиқаришда мураббийларга мурожаат қиладилар. Кўпинча хорижий тил ва болалар руҳиятини биладиган мураббийларга эҳтиёж катта бўлади. Бу ёшда болага ўзини қизиқтирган саволларга мантиқан тўғри жавоб бера оладиган мураббий керак. Янада муҳим томони болага ўша мураббий билан вақт ўтказиш қизиқарли бўлиши лозим. 

Хулоса

 Юқорида таъкидланганидек, аввало, ҳар бир фарзанд ота-онасининг ўзига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини ҳис қилиб ўсгани маъқул. Агар истисно ҳолатларда энага ёллашга мажбур бўлсангиз, юқоридаги тавсия ва маслаҳатлар сизга асқотади деган умиддамиз.

 

Умида АДИЗОВА тайёрлади.

ОНА БЎЛИШ - УЛУF БАХТ

(29-сон) Шифокор минбари

Аёл киши учун она бўлиш дунёдаги энг улуғ бахт ҳисобланади. Фарзандни дунёга келтиргунча ўтадиган тўққиз ой бўлажак она учун ўта масъулиятли, сабр-тоқат ва синов давридир. Жисмонан соғлом , ақли расо фарзандни дунёга келтиришда оналар нималарга кўпроқ эътибор қаратишлари зарур. Бу ҳақда гинеколог шифокор Саидахон Мамажонованинг қуйидаги тавсия ва маслаҳатлари билан танишиш  бўлажак оналаримиз учун фойдадан холи бўлмайди.

Ҳомиладорлик остонасида турган аёл албатта, шифокор назоратида бўлиши, тиббий кўрикдан тез-тез ўтиб туриши шарт. Саломатлик билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, бехатар оналикка эришишда хомиладорлик даврида шифокор назоратида бўлиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Бўлажак она энг аввало қайси

шифокор кўригидан ўтиши керак?

Бўлажак она, энг аввало, терапевт шифокор кўригидан ўтиши зарур. Аёл ўзини соғлом ҳисоблаган ҳолда ҳам қон босимини ўлчатиши, умумий таҳлилларни топшириши лозим. Таҳлиллар камқонлик, буйрак, юқори қон босими каби яширин кечувчи касалликларни аниқлашга ёрдам беради. Бунда рентген текшируви ҳам муҳим саналади. Агар аёлда сурункали касалликлар аниқланса, комплекс даволаниши лозим.

Шуни ёдда тутиш керакки, ҳомиладорлик бирор касалликнинг зўрайиши билан бир пайтга тўғри келмаслиги керак. Агар аёл дори-дармон ичаётган бўлса, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиши лозим. Шифокор дори миқдорини камайтириши, ҳомила учун зарарсиз дозасини белгилаб бериши ёки бошқа зарарсиз муқобил дорига алмаштириши мумкин

 

Ҳомиладор аёл,

гинеколог шифокор кўригидан тез-тез ўтиб туриши лозим 

Кўриклар жараёнида ҳомиладор аёл вужудида инфекция бор-йўқлиги аниқланади. Бундан ташқари, герпес, токсоплазмоз, қизамиқ, захм, гепатит каби хасталикларга қон топширилади. Чунки ушбу хасталиклар танада яширин кечиши, вақтида аниқланиб, даволанмаси хомилага салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Стоматолог шифокор кўригидан ўтиш ҳам муҳим. Ҳомиладорликдан аввал тишларни даволаш зарур. Шунда она туғилажак фарзандида сурункали касалликлар келиб чиқишининг олдини олган бўлади.

Агар ҳомиладор аёл 35 ёшдан ошган ёки наслда бирор ирсий касаллик (тутқаноқ, қандли диабет, руҳий касалликлар, гемофилия, аллергия каби) ёхуд ота-онаси нурланган бўлса, у албатта, ирсиятшунос-шифокор кўригидан ҳам ўтиши зарур.

 

Зарур дармондорилар

Боланинг тўлақонли ривожланишида фолий кислотаси муҳим саналиб, у ҳомиланинг асаб тўқимаси   шаклланишида фаол иштирок этади. Фолий кислотасини ҳомиладорликдан уч ой аввал ва ҳомиладорликнинг биринчи 12 ҳафталигида қабул қилиш турли нуқсонлар ҳамда хасталиклар келиб чиқишининг олдини олади. Фолий кислота миқдори кунига - 400 микрограммни ташкил этиши зарур. Айнан шу миқдор ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган витамин жамланмасида (уларда калий, кальций, темир, руҳ, йод) ҳам бўлади.

Шунингдек, бу даврда турли хил мева-сабзавот, кўкатлар, гўшт маҳсулотлари (айниқса, мол, қўй тили, жигари, курка гўшти), сут-қатиқ, ҳафтасига 2-4 дона қайнатилган тухум, кунига бир пиёла творог ва 2-3 бўлак пишлоқ истеъмол қилишлари мақсадга мувофиқ. Таомларда нўхат, мош, ловия бўлиши она организмининг марганец моддасига бўлган эҳтиёжини қондиради. Бу эса, ўз навбатида туғилажак боланинг ақлий ҳамда жисмоний ривожланиши учун ўта муҳимдир.

 

Мухтасар айтганда, бўлажак оналаримиз шифокор назоратида бўлиб, уларнинг тавсия ва маслаҳатларига амал қилишлари бехатар оналикка эришишларига, соғлом фарзанд кўришларига  катта ёрдам беради.

Салима РУСТАМОВА ёзиб олди. 

БУЮКЛАР БЕШИГИСАН, ГЎЗАЛ АНДИЖОН

(29-сон) Ватан мадҳи

Телевизор орқали ҳар куни дунё янгиликларидан хабардор бўлиб тураман. Мана куни кеча Сербияда сув тошқини рўй берибди. Табиий офатдан давлат 1 миллиард евро миқдорида зарар кўрибди, 33 нафар киши ҳалок бўлибди.  Хитойда содир бўлган кучли зилзила натижасида минглаб инсонлар турар жойларидан айрилгани, Африканинг айрим давлатларида қурғоқчиликдан ҳайвонот, ўсимлик дунёси нобуд бўлаётганлиги, одамлар азият чекаётганлиги, яна дунёнинг қатор давлатларида ўрмон ёнғинлари содир бўлаётганлиги ҳақида хабарларни эшитиб, очиғи тинч, осуда ҳаёт ҳукм сураётган Ўзбекистонда яшаётганлигимга шукрона келтирдим.

 Ҳа, Ўзбекистонимиз Аллоҳнинг назари тушган жаннатмонанд юрт. Биз ўзига бек, ўзига султон халқмиз. Бу юртда меҳр-оқибат, тинчлик, эзгулик мужассам. Ҳар куни эрталаб қуёшнинг тафтида уйғонамиз. Яқинларимизни қайноқ дийдорига тўямиз. Она Ватан, ота-онамиз бағрида кунларимизни шодон ўтказамиз. Шундай юртда яшашнинг ўзи бахт. Юртимизда, айниқса, биз ёшлар учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилганлигига дунё ёшлари ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан жорий йил 5 июлда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонда ёшларга, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга берилган кенг имкониятлар, шубҳасиз, юртимизнинг барча ёшларига куч ва шижоат бағишлайди. Шахсан мен ҳам фармон билан танишиб, ёшларга берилган имкониятлар, имтиёзлардан бошим кўкка етди. Ёшларни ўз фарзандидек кўриб, мана шундай ғамхўрлик кўрсатаётган юртбошимизга барча тенгдошларим номидан раҳматлар айтаман. Биз мана шундай эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлишга, юртимиз равнақи, унинг тинчлиги, янада гуллаб-яшнаши учун хизмат қиладиган фидойи инсон бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Она Ўзбекистонимиз, гўзал Андижонимиз таърифини қуйидаги мисраларда баён этишга жазм этдим:

Томчилар юзидан нур олган ўзинг,

Гўзалдир баҳоринг, олтинранг кузинг,

Оқлаймиз бир куни берган нон-тузинг,

Буюклар бешиги  - гўзал Андижон.

 

Унгай ҳар гўшада гуллар, хуш гиёҳ,

Куртак ёзар, ҳатто суқилган таёқ,

Назардан қўймасин сени ҳеч Аллоҳ,

Буюклар бешиги - гўзал Андижон.

 

Ёвга бош эгмас ўғлонларинг бор,

Тўмарислар руҳи қизларингга ёр,

Кўксингда яшаймиз гулдек бахтиёр.

Буюклар бешиги - гўзал Андижон.

 

Асаканинг  темир тулпори учқур,

Боғишамол еллари жонларгга ҳузур,

Ҳасанбой ютуғи нур устига нур,

Буюклар бешиги - гўзал Андижон

 

Сен шундай гўзалсан, мисоли малак,

Сендан узоқлашсам оғрийди юрак,

Шунчалар суюксан, номинг муборак,

Буюклар бешиги  - гўзал Андижон. 

 Нодира АБДУВАҲОБОВА,

 

Балиқчи тумани.

ЁШЛАРГА ОҚ ЙЎЛ ТИЛАГАН ЗАМИН

(29-сон) Қалб туFёни

Озод ва обод юртимизда ёшларнинг билим олиши, ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Ўтказилаётган кўплаб ижодий танлов ҳамда фестивалларнинг мақсади ҳам истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва юзага чиқаришдан иборат.

Бундан йигирма йил илгари ташкил этилган ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ёшларга қанот берган йирик тадбирлардан бири сифатида эътироф этилади. Ўз даврида семинарга Абдулла Орипов, Йўлдош Сулаймон, Муҳаммад Юсуф, Турсунбой Адашбоев, Ҳалима Худойбердиева сингари халқимизнинг забардаст ижодкорлари бош-қош бўлган, кўплаб етук ижодкорларнинг бўй кўрсатишига замин яратган.

Маълум вақт тўхтаб қолган мазкур ижодий тадбир муҳтарам юртбошимиз  Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта ташкил этилиб, иқтидорли ёш қаламкашларнинг ўз ижод намуналари билан устозлар назарига тушишига, янги-янги дўстлар орттириб, янада самарали ижод қилишларига йўл очиб берди. Бу эса мен каби кўплаб ёш ижодкорларни ижодий парвозларга чорлайди. Зомин семинари ижод борасида сабоқ, маҳорат ва юксалиш мактаби, ўзбек адабиётининг ўзига хос "устоз-шогирд" анъанаси давомийлигининг ёрқин бир намунасидир. Яқинда бўлиб ўтган семинар юртимиздаги кўплаб истеъдодларни кашф этди. Семинар доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқа кўплаб устозлар билан бўлган қизиқарли учрашувлар, мушоиралар, маҳорат дарслари ҳар бир қатнашчи учун унутилмас таассуротларга бой бўлганлигини алоҳида эътироф этиш керак.

Гўзал Зомин заминида менга она табиат шу қадар пок, шишадай тиниқ ва мусаффо, тонгнинг юраги бордай туйилди гўё. Бугун ушбу замин бағрини озод юртнинг бахти кулган биз ижодкор ёшларига очиб берди. Кўнгли соф, туйғулари беғубор ёшларга тўлди. Онамнинг ўсма сиққан кафтлари сингари яшиллик қоплаган тоғлар бизни бош эгиб, таъзим қилгандай кутиб олди. Ёш ижодкорларнинг кўксида кўз очган ижод булоғи "Ўриклисой" шарқироғига ҳамоҳанг тарзда қўшилиб жўшади.

 

Кипригимда тутиб олганча,

Ҳув қуёшнинг нур этагини.

Ўриклисой бўйлаб бораман,

Уч кун айтган чин эртагингни.

 

Йўл четида қўлларин силкиб,

Чўпон йигит оқ йўл тилайди.

Унга асли жилғанинг боши,

Юрагингда дегим келади.

 

Мен ҳам Зомин сенинг кафтингдан,

Ирмоқ бўлиб тошиб бораман.

Сен ҳақингда сўйламоқ учун,

Яна довон ошиб бораман.

 

Оқ қоғозда офтобранг сўзлар,

Ва туганмас бахтларнинг иси.

Куйлаб борар энди менинг ҳам,

Юрагимда Зомин жилғаси.

 

Юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш ижодкорлар қатори устозимиз Хуршидабону Қўчқорова бошчилигида биз андижонлик ижодкор қизлар ҳам семинарда фаол иштирок этдик. Семинарда Маҳбуба Жалолхонова - наср, Мақсуда Баҳромова - адабий танқид, Моҳидил Абдуллаева - болалар адабиёти, Хуршида Аъзамжонова - бадиий таржима ва мен бадиий пуплицистика йўналишларида ўз ижодимизни устозлар ҳукмига ҳавола этдик ва муносиб баҳо олдик.

Семинарда иштирок этган барча ёш ижодкорлар сертификат ҳамда Президентимизнинг махсус совғалари билан тақдирландилар.

Зоминнинг сурати эса яна оқ қоғоздаги сўзларда, қутлуғ келсин, дея илк қадамини бағрига босган қоракўзларда мангуга муҳрланди. Қушларнинг чуғурида ҳам бахтиёрлик, ўйноқи шабаданинг эпкинида ҳам қувончга тўлиб шеър ўқиётган қалбларни эркалайди. Халқимизнинг тинч, осуда ҳаётига ярашиқли бу манзараларни тасвирлаш менга чексиз ғурур бағишлайди. Бу унутилмас ва бетакрор онларда қалбимдаги она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат, шукроналик туйғуларини тасвирлашга ожизман. Бундай улуғ туйғуни фақат ҳис этиш, англаш мумкин холос. Мана шундай юрт фарзанди эканлигимдан қалбим фахр-ифтихорга тўлади.

Қутлуғ ерлардан, гўзал ва сўлим Ўриклисой бўйларида таниқли устозларнинг излари қолган маскандан, тоғларинг кафтидан  бир пайтлар Жиззах чўлига тушган шоир Асқад Мухтор излаган юлдузни кўксига қадаб, бугун ижодкорлар учиб боради. Уларнинг эндиги мақсадлари, парвози Зомин ҳавоси каби тиниқ, тоғларидан-да юксак! Зоминнинг пурвиқор тоғлари, сенинг бор ғуруринг, салобатинг менинг ёш қалбимга жонажон Ўзбекистонимнинг қудрати бўлиб жо бўлди.

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА,

ёш ижодкорларнинг Зомин семинари иштирокчиси.

ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

(29-сон)

Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларнинг интилиш ва ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, истеъдод ва имкониятини тўлақонли намоён этиши, интеллектуал салоҳиятини юксалтириши, мавжуд муаммоларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили давлат дастурида ҳамда Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилган учрашувда вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи    бошланғич ташкилотлари етакчилари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.

Мулоқотда мазкур ҳужжат мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиши, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳар бир ёш интиладиган, уларнинг қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашадиган, муаммоларини ҳал этадиган, ёшлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айланадиган ташкилот бўлиши таъкидланди.

Вилоят аҳолисининг 57 фоизи ёшлардир. Уларнинг аксарияти жамиятимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларда фаол иштирок этмоқда. Ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда салмоқли ютуқларга эришмоқда. Жумладан, кейинги 2 йилда 3 минг 500 дан ортиқ вилоят ёшлари мамлакат ва халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари, турли танлов ва спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди, 2 нафари Олимпиада чемпионлигини қўлга киритди. "Баркамол авлод - 2017" спорт ўйинларида вилоят жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.

Тадбирда Андижон шаҳрида умумий лойиҳа қиймати 10 миллиард сўм бўлган замонавий "Ёшлар маркази" барпо этилаётгани, бу вилоят ёшларининг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқаришида янада кенг имконият яратиши қайд этилди.

Турли масалалар билан мурожаат қилган ёшларнинг муаммоларини мутасадди раҳбарлар шу жойнинг ўзида ҳал этди. Вилоят ҳокими ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, тадбиркорликка жалб этиш, мақсад ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар ва "оммавий маданият" таъсиридан асраш, ёшлар иштирокидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича фармонда белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз бажариш, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, барча даражадаги раҳбарлар ва мутасаддилар масъулиятини янада кучайтириш юзасидан фикр билдирди.

- Бугунги тадбир барчамизда катта таассурот қолдирди, - дейди Марҳамат ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежи ўқувчиси Гулшаной Мамадиёрова. - Президентимиз раҳнамолигида ёшлар учун барча шароит ва кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу бизни янада фаол бўлишга, фақат аъло баҳоларга ўқиш ва сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликка жавобан биз Президентимиз ишончини оқлашга, халқимизга муносиб фарзанд бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Учрашувда вилоят ҳокими ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ҚИЗЛАРИМИЗ ЮЗИМИЗНИ ЕРГА ҚАРАТМАСИН

(29-сон)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Хонобод шаҳрида ҳам катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги-янги корхоналар, ижтимоий соҳа объектлари, стадионлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди, кўчалар таъмирланди. Натижада шаҳар янада ободонлашиб, ўзгача  қиёфага эга бўлди.

Шаҳар аҳолисининг турмуш фаровонлиги ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Айниқса, юртимиз мустақиллигининг 26 йиллик тўйини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда одамлардаги шижоат, интилиш, уларнинг дунёқараши, кайфиятидаги ўзгаришларни кўрган кишининг кўнгли тоғдай кўтарилади. Айниқса, Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи доирасида шаҳримизга келиб, шаҳарни янада ривожлантириш, аҳоли дам оладиган курорт шаҳарга айлантириш, қатор лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тавсия, топшириқ ва маслаҳатлар берди. Президентимизнинг ана шу эътибори  шаҳримиз аҳолисини янада улкан марралар сари илҳомлантирди.

Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, унинг ташкилот, корхона ва муассасалардаги    52 бошланғич ташкилотлари томонидан Хонободда яшаётган 20 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш, мавжуд ҳаётий муаммоларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли, тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллалар, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш, касаначилик, хотин-қизлар, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш     орқали  ёшларимиз бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги доимий комиссиялар иши самарали ташкил этилаётганлиги барча йўналишлар бўйича ижобий натижаларга эришишимизда муҳим омил бўлмоқда.

Тўғри, ишларимиз яхши, ютуқларимиз бор. Лекин бундан хотиржамликка берилмаслигимиз керак. Айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларга йўл қўймаслик, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз муҳимдир.

Жорий йилнинг биринчи ярмида шаҳримизда 50 дан ортиқ янги оила барпо бўлди. 31 та ажрим рўйҳатга олиниб, ўтган йилга нисбатан 2 тага камайди. Жанжалкаш, муаммоли оилалар сони ҳам бирмунча камайди. Ажрашиш арафасида турган 46 оила яраштирилди. Шундай бўлса-да, фаолиятимизга танқидий ёндошиб, бу борадаги ишларимиз кўлами ва сифатини янада оширишга ҳаракат қиляпмиз.

 Инсон ҳамиша бахтли бўлиш учун интилиб яшайди. Унга эришиш учун эса астойдил ҳаракат қилиши зарур. Тан олишимиз керак, интилганга бугун юртимизда барча шароитлар яратиб берилган. Ҳар бир киши ўз бахтини оилада ҳам, ўқишда, ишда, маҳаллада, шахсий ҳаётида ҳам барпо этишга қодир. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак аждодларимизни мана шундай дориломон кунларни кўриш учун заҳмат ва машаққат чекканига, лекин унга эриша олмасдан армон билан ўтганига гувоҳмиз. Ўз бахти, фарзандларининг келажаги учун интилишларга не-не тўсиқлар бўлмади дейсиз? Лекин  халқимиз ана шу тўсиқларнинг барчасини енгиб ўтди. Бундан шундай хулоса қилишимиз мумкинки, бахтли ҳаётимизнинг энг биринчи омили - бу юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровон яшашимиз учун яратилган кенг имкониятлардир.

Минг афсуски, бугун орамиздаги айрим кишилар ана шу имконият ва шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш ўрнига ноқонуний йўлларга кириб, ўз бахтига, порлоқ эртаси томирига болта ураётганлиги ачинарлидир. Айниқса, баъзи бир ёшларимизнинг туриш-турмуши, феъл-атворига қараб, уларни енгил ҳаётга шунчалик муккасидан кетганлигидан хавотирга тушамиз. Улар ўз олдиларидаги арзимаган қийинчилик, машаққатдан қочиб, уни четлаб ўтишга уринаётганлиги, ҳаётга енгил-елпи қараётганликлари турли муаммоларни келтириб чиқармоқда Жумладан, шаҳримизда ҳам бундай ёшлар йўқ деб айта олмайман. Бу каби ёшлар доимий назоратга олинган, улар билан ички ишлар, тиббиёт, таълим тизими ходимлари, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида зарур тарбиявий ишлар олиб борилмоқда.

Бундай ёшлар гуруҳи қаердан пайдо бўлмоқда? деган савол туғилиши табиий. Менимча, оилада, маҳаллада, таълим муассасасида улар билан етарли даражада иш олиб бора олмаётгандирмизки, улар юзага чиқмоқда. Бунинг учун ҳар биримиз айбдормиз. Шу ўринда ёшларимиздаги салбий иллатларнинг шаклланишига энг аввало, оиладаги носоғлом муҳит, ота-онанинг фарзандига, унинг тарбиясига лоқайд ва эътиборсиз қараётганлиги сабаб бўлаётганлигидан кўз юммаслигимиз керак.

Ҳар қандай инсон фарзанди бахти, камоли учун қайғуриб яшаши, ҳар қандай шароитда ҳам унинг одоб-аҳлоқи, таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши, зиммасидаги масъулиятни унутмаслиги даркор. Шундагина фарзанди келажакда ота-онасига раҳмат олиб беради, чинакам роҳат-фароғатни бахш этади.

Оилада, маҳаллада эътибордан четда қолган бола кўнгил кўчасига кириб, хоҳлаган ишини қилишга ўрганади, билиб-билмасдан, тушиниб-тушунмасдан турли ножоиз йўлларга кириб кетади. Айниқса, қиз бола, унинг тарбияси жуда нозик масала. Бу борада нафақат ота-она, балки қўни-қўшни, кенг жамоатчилик икки ҳисса эътибор вак масъулиятни ошириши зарур. Бугун тасодифий танишув, кўнгил майлига берилиб иффатини йўқотиб, жамиятга, оиласи, маҳалласига иснод келтираётган ёш қизларимизнинг борлиги барчамизни жиддий ташвишга солади. Мана шундай ҳолатлар билан боғлиқ жараёнлар ўрганилиб, таҳлил қилинганда улар носоғлом оила, муҳитда ўсганлиги аён бўлди. Ота ичкиликка берилган, она мол-дунё ишқида, уйда доим уруш-жанжал, болалар ўз ҳолича. Айниқса, ажрашганлар оилаларнинг фарзандлари орасида ана шундай йўлга кириб кетиш ҳоллари кўпроқ учрайди.

Қандай бўлмасин улар ҳам бизнинг фарзандимиз, уларни четга суриб қўйишимиз мумкин эмас. Қизларимизнинг ножўя йўлга киришларига сабаб бўлган омиллар чуқур ўрганилиб, келгусида яна шу каби ишлар такрорламаслиги учун зарур барча чоралар кўрилмоқда.

Халқимизда "Султон суягини хор қилмайди", деган доно нақл юради. Ҳар бир инсон ўзини султон, деб билади. Суяк бу - зурриёддир. Фарзандини мана шундай шармандали аҳволга келиб қолишида отанинг ҳам, онанинг ҳам бирдек айби бор.

Ажралишлар ортидан келадиган кўнгилсизликлар ҳадсиз-ҳисобсиз. У етказадиган моддий зарардан кўра, маънавий зарарнинг кўлами кенгроқ. Уни жойига келтириш учун баъзида асрлар камлик қилади. Бир инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ер билан битта бўлса, бу унинг авлодлари пешонасида ҳам  тамғадек туради. Қаерда бўлмасин, ким у ҳақида сўрамасин, фалончининг боласи, невараси, деган маломат тоши бошини эгаверади. Бир қизнинг ибоси, ҳаёси нафақат бир оиланинг, балки бутун маҳалланинг, юртнинг ор-номуси эканлиги унутмаслигимиз лозим.

Оилаларда фарзандларни комил шахс бўлиб вояга етишида маҳалланинг таъсир кучини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Энг аввало, оиланинг мустаҳкамлигига эришиш, ажралишларнинг олдини олишда бўлғуси келин-куёвлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Ҳаёт йўллари фақат текисликдан иборат эмаслиги, оилада вужудга келадиган барча муаммонинг ўз ечими борлиги, фақат бунинг учун вақт, сабр-қаноат, бардош кераклиги, оила муқаддас ришталиги уларнинг онгига сингдирилиши лозим. Ҳаётий тажрибаси бой бўлган пиру-бадавлатларимиз доимий равишда ўз насиҳатлари, ибратли умр йўлларидаги кўрган-кечирганлари асосида ёшларга маслаҳатлар бериб боришлари эса мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширади.

Оила -жамиятнинг бир бўлаги. Жамиятнинг обод ва фаровон бўлиши эса аввало, оилаларнинг тинч ва тотувлигига боғлиқ. Зотан, аҳил оилада соғлом муҳит қарор топади. Соғлом муҳитдагина одоб-ахлоқли, меҳнатсевар, ўз халқининг миллий қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан қарайдиган ёшлар камол топади. Биз бутун сайъи-ҳаракатларимизни ана шундай комил фарзандлар тарбиялашга қаратайлик. Шундагина биз ножўя ишлари билан жамиятимизга доғ тушираётган ёшларимизни тўғри йўлга сола оламиз.

Мухтасархон ХОШИМОВА,

 

Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ЁЗ ЎТМОҚДА СОЗ

(29-сон)

болалар оромгоҳи

Вилоятимизда болаларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишлари учун болалар оромгоҳлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Ҳусусан, Андижон шаҳридаги 22- умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган "Қалдирғоч" номли болалар оромгоҳида ҳам болаларнинг мароқли дам олишлари учун барча шароитлар яратилган.

Мавжудахон Жўрабоева раҳбарлик қилаётган ушбу оромгоҳда турли хил спорт ҳамда фан тўгараклари ташкил этилган бўлиб, бу дам олаётган болаларнинг билимларини  бойитишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари , ўтказилаётган тадбирлар, кўнгилочар дастурлар, спорт мусобақалари болаларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, вилоят Ўлкашунослик музейи, "Болалар" ва Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғларига уюштирилган саёҳат болаларга бир олам завқ бағишлади.

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ

Сен ўзбек аёли - вафо тимсоли

(29-сон)

Чаманлар ичида гўзал раъноси,

Гуллардан яралган унинг ҳаёси,

Дунёни тўлдирар алла-навоси,

Сен ўзбек аёли - садоқат тимсоли

 

Ўстирар билимли ўғил-қизларни,

Дилларга хуш ёқар ширин сўзлари,

Ҳайратда қолдирар боққан кўзларни,

Сен ўзбек аёли  - гулдан иболи.

 

Меҳнатда собитдир тиним билмайди,

Юртнинг ҳар гўшасин обод айлайди,

Меҳр-муҳаббатни қалбга жойлайди,

Сен ўзбек аёли - фаришта мисоли.

 

Сен борки, табиат яшнайди абад,

Сен борки, кўнгилда яшар муҳаббат,

Дили пок, ёрига суянар  фақат,

Сен ўзбек аёли - вафо тимсоли.

 

Наргиза ТУРСУНОВА

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ИТТИФОҚИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ ЙИFИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

(29-сон)

Вилоят ҳокимлигида  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, жорий йилнинг 30 июнида Тошкент шаҳрида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи ўтказилган эди. Унда мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев иштирок этиб, "Камолот" ЁИҲ фаолиятига атрофлича тўхталди ва Ҳаракатни тубдан ўзгартириш, уни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида мамлакатимиз ёшларининг янги ташкилоти - Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш бўйича ўзининг таклифларини билдирди.

Кенгаш йиғилишида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қурултойда белгилаб берилган вазифалар ижросини ташкил этиш бўйича иттифоқ ҳудудий кенгаши ва ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш хусусида тўхталди.

Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 5 июлда "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Фармонда Ёш олимлар уюшмаси, Ногирон ёшлар билан ишлаш маркази ва ёшлар фаолиятини қўллаб-қувватловчи бошқа бир қатор марказлар ташкил этилиши, шаҳар ва туманларда, энг чекка қишлоқлардаги ёшларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 4 йиллик дастурлар ишлаб чиқилиши, "Мард ўғлонлар" давлат мукофоти, "Келажак бунёдкори" медалининг таъсис этилиши ва бошқа имтиёзлар кўзда тутилган.

Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов вилоят ёшлари олдида турган долзарб вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

Йиғилишда Кенгаш аъзолари томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг раиси этиб Нодирбек Юсупов, унинг ўринбосари этиб Элёрбек Абдуқодиров сайланди.

 

Хосият СИДДИҚОВА

МУҲИМ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Жалақудуқ туманида вилоятдаги матбуот нашрлари фаолияти самарадорлигини ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Вилоят, туман, шаҳар ва тармоқ газеталари муҳаррирлари, республика нашрларининг вилоят мухбирлари, "Матбуот тарқатувчи" жамияти вакиллари иштирок этган мазкур семинарда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи      А. Султонов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Н. Саидов, "Жалақудуқ ҳаёти" газетаси муҳаррири Ш. Хайитохунов, "Андижон матбуот тарқатувчи" масъулияти чекланган жамияти раҳбари М. Раҳимов сўз олиб, газета таҳририятлари олдида турган муҳим вазифалар, фаолият самарадорлигини ошириш, обуна ишларини ташкил этиш ва бу борада ҳамкорликни мустаҳкамлаш хусусида гапирдилар.

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш  юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Якунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Дилдора ХУШБАҚОВА,

 

жамоатчи мухбир.