Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
"ЭНГ УЛУF, ЭНГ АЗИЗ" ТАНЛОВИ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ FОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
(34-СОН)Ўзбекистон Республикаси давлатмустақиллигининг 26 йиллиги олдидан
Айни кунларда юртимизнинг барча гўшаларида халқимизнинг энг улуғ байрами - Мустақиллик байрамини чиройли ва мазмунли ўтказиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Вилояти қўғирчоқ театрида ана шу улуғ санага тайёргарлик, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида бўлиб ўтган "Энг улуғ, энг азиз" танловининг Андижон вилоят босқичи ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўз олган Андижон вилояти ҳокими ўринбосари С. Исмоилов, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси раиси И. Латипов, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи А.Султонов мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси, юртимизда ижодкорларнинг самарали ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидладилар.
Танловда 24 нафар шоир ва ёзувчининг 25 та китоби, 35 босма ва электрон оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва ходимларининг 250 дан ортиқ, шунингдек, 25 нафар мусаввир, халқ амалий санъати вакиллари ҳамда фотограф ва дизайнерларнинг 600 дан зиёд ижодий ишлари кўриб чиқилди.
- Танлов кўргазмаларида намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги, мазмунан бойлигини, ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш жоиз, - дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов. - Қолаверса, танловнинг барча йўналишлари бўйича иштирокчилар сони ўтган йилдагидан анча кўп эканлиги эътиборга моликдир.
Танлов иштирокчилари истиқлол халқимиз учун улуғ неъмат эканлигини, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг мазмун-моҳиятини, истиқлол давридаги бунёдкорлик ишларини, бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий асарлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг журналистик ижод намуналари, фотография, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб бердилар.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт йўналиши бўйича ёзувчи Ҳабибулло, телерадио йўналишида эълон қилинган ижодий ишлар бўйича Андижон вилояти телерадиокомпанияси директор ўринбосари Муроджон Fофуров, босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари йўналиши бўйича "Андижанская правда" газетаси бўлим мудири Шефие Иманкулова, тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналиши бўйича "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг фотодизайнери Темурмалик Абдуллаев ғолибликни қўлга киритди.
Якунда барча йўналиш ҳамда номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
ВИЛОЯТИМИЗДА ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ФУҚАРОЛАРГА ЯНГИ УЙ-ЖОЙЛАР ТОПШИРИЛДИ
(34-СОН)
2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Андижон вилоятида уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган бир гуруҳ фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси - янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар тантанали равишда топширилди.
Мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, мулоқотлар одамларнинг орзу-истаклари, талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларга имкон қадар кўмак беришга қаратилган сайъи ҳаракатлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда одамларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, юртимизнинг барча ҳудудларида ногирон, меҳнатга лаёқатсиз, уй-жойга муҳтож фуқароларга янги уй-жойлар берилаётганлиги бунга бир мисолдир.
Пахтаобод тумани Сой бўйи маҳалласида яшовчи Муносибхон Холдинова кўзи ожиз, 1- гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи Қобилжон Холдинов ҳам руҳий касал. Улар ўғилининг, қизининг оиласи ва фарзандлари билан 11 жон бир уйда истиқомат қилади. Бугун унга Президентимиз номидан Пахтаобод туманидаги Маърифат маҳалласида барпо этилган кўп қаватли уйлардаги икки хонали квартиранинг калити топширилди.
- Ёшим олтмишдан ошди, ҳаётимда бугунгидай қувонганимни очиғи, эслай олмайман, - дейди Муносибхон Холдинова. - Мен каби кўзи ожиз инсонга, оиламга кўрсатилаётган ғамхўрликдан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга бўлган ишончим яна минг чандон ортди. Фарзандларимнинг қувончини айтмайсизми? Уй-жой қилишга имкон қаёқда эди? Биздек ногирон, кам таъминланган оилалар холидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, шу ишларнинг бошида турган Президентимизга минг раҳмат.
Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - мустақиллик байрами арафасида имконияти чекланган юртдошларимизнинг бир гуруҳига чекка-чекка ҳудудларда қад ростлаган барча қулайликларга эга, замонавий ва кўркам уйларнинг совға қилинганлиги улар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
- Янги уй иккинчи гуруҳ ногирони Умиджон Деҳқонов ва унинг оиласи учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, - дейди Жалақудуқ туманидаги Намуна маҳалласининг диний-маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Вилоятхон Ўринова. - У уч нафар фарзанди билан маҳалламиздаги хонадонлардан бирида ижарада яшар эди. Мана Президентимиз ғамхўрлиги, вилоятимиз ҳокими кўмаги билан унинг оиласига Шарҳончеки маҳалласида барпо этилган барча қулайликларга эга, шинам уч хонали уйлардан бири берилди.
- Ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлганига нима етсин, - дейди янги уй соҳибининг турмуш ўртоғи Хурриятхон Ашуралиева. - Уч нафар фарзандимиз бор, тақдирни қарангки, иккинчи фарзандимиз ҳам ногирон. Шу кунга қадар ижарада яшар эдик. Оиламиз учун уйнинг қадри қанчалар баланд эканлигини бошқалар бизчалик ҳис эта олмаса керак. Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан нафақат мени, балки турмуш ўртоғим, фарзандларимнинг кўзларидан қувонч ёшлар балқиди. Кам таъминланган, кўнгли ўксик инсонларга қувонч улашаётган, кўпдан-кўп хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимизга мингдан-минг раҳмат. Инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланадиган табаррук юрт фуқароси эканлигимдан бахтиёрман.
Бугун, шунингдек, Булоқбоши туманида яшовчи Иродахон Ҳамдамова, пахтаободлик Адолатхон Абдураҳмонова, марҳаматлик Шаҳноза Адҳамова, шаҳрихонлик Озодбек Ҳудойбердиев, улуғнорлик Гулнора Ҳамдамова, қўрғонтепалик Наргиза Қурбонова ва Хусан Содиқовларга ҳам янги уйлар калити топширилди. Уларнинг барчалари давлатимиз, Президентимиз томонидан кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун ўзларининг чексиз миннатдорчилик ва дил изҳорларини билдирдилар.
Халқимизга хос саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунаси бўлган бу каби хайрли ишлар ёшу кексани юртимизда амалга оширилаётган янгиланишлар жараёни, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишга ундамоқда, янги-янги марралар сари руҳлантирмоқда.
Президентимиз совғалари - янги уй-жойларни топширишга бағишланган тадбирларда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этди.
"Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚАРОРИ
(34-СОН)
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти бўлган оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, сўз ва матбуот эркинлиги, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, фуқароларимизнинг ахборот олиш, ўз фикрини эркин ифода этиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Айни вақтда, ҳозирги шиддатли ахборот замонида мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга тегишли ижодий-услубий ёрдам ва кўмак бериш, журналистларнинг профессионал малакасини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш борасида бир қатор долзарб муаммолар ўз ечимини кутиб турибди.
Бу йўналишда авваламбор Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини тубдан такомиллаштиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, газета-журналлар, телерадиоканаллар, ахборот агентликлари ва Интернет нашрларида меҳнат қилаётган муаллифларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, журналист кадрларнинг профессионал маҳоратини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасини сақлаш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари, шунингдек, Уюшманинг ва Уюшмага қарашли бўлган Республика Миллий матбуот марказининг моддий-техник базасини ривожлантиришни молиялаштириш манбаси этиб Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш "Илҳом" жамоат фонди (кейинги ўринларда "Илҳом" жамоат фонди деб юритилади) маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.
Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан "Илҳом" жамоат фондига ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланиши назарда тутилсин.
2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Уюшмани Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Ислом Каримов кўчаси, 16-А уйга жойлаштирилишини таъминласин.
3. "Ўзавтосаноат" акциядорлик компаниясининг Уюшмага хайрия асосида 1 та "Дамас" русумли автомашинасини ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Уюшма билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш ишларини белгиланган тартибда йўлга қўйсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммасига юклансин.
Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг видеоселектор тарзидаги қўшма сессия мажлиси бўлиб ўтди. Уни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов олиб борди. Мажлисда оилаларни, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, тўй-ҳашам ва бошқа маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.
Йиғилишда оилага енгил-елпи қараш натижасида ёш оилаларнинг ажралиб кетиш ҳолатлари ҳақида атрофлича сўз борди. Вилоятимизда 3 миллионга яқин аҳоли 769 мингта оилада истиқомат қилади. Уларнинг 25 фоиздан ортиғини ёш оилалар ташкил этади. Оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳлар аҳоли хонадонларида бўлиб, оилаларнинг аҳволи, фуқароларнинг кайфияти, уларни қийнаётган муаммолар, ечимини топиш зарур бўлган масалалар ўрганилиб, ҳал этиш чоралари белгиланди.
Хонадонларга кириш давомида 3 мингтадан ортиқ оилавий келишмовчилиги бор фуқаролар билан суҳбатлашилди. Олиб борилган ишлар натижасида 2 мингтадан ортиқ оилавий муаммолар бартараф этилиб, ажралиш ҳолатидагилар қайта тикланди. 12 мингга яқин алимент тўламай юрган фуқаролар аниқланиб, 1,5 минг нафардан ортиқ фуқаронинг алимент тўлаши жамоатчилик ёрдамида таъминланди.
Вилоятда ҳар йили 25 мингдан ортиқ янги оилалар барпо бўлмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 1633 та оиланинг қонуний ажралиб кетгани ачинарлидир. Таҳлиллар ажримларга фарзандсизлик, қайнона-келин, қуда-анда, ака-ука, опа-сингил ва бошқа оила аъзоларининг аралашуви, эркакнинг қонуний никоҳи бекор бўлмасдан бошқа оила қуриб олганлиги, оилани иқтисодий таъминламай қўйишлик ҳолатлари сабаб бўлаётганлигини кўрсатмоқда.
Мажлисда кўплаб маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, имом-хатиб ва отин-ойилари фаолияти танқидий таҳлил этилди. Яхши ишлаётганларга миннатдорчилик билдирилди. Шунингдек, тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш, оилаларни мустаҳкамлаш, ажралиш ёқасига бориб қолган оилаларни сақлаб қолиш, чет элдан кириб келаётган турли таҳдидларнинг олдини олиш, маҳалланинг ролини янада ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Хорижга ишлаб келиш учун чиқиб кетаётганларнинг аксарияти данғиллама уй солиш, кимўзарга тўй қилиш, машина, қимматбаҳо мебель олиш мақсадида пул ишлашни ният қилганлиги, бу фарзандлар тарбиясига жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани, айримлари оғир, бедаво дардга чалиниб қайтаётганлиги ёки фалокатлар туфайли халок бўлаётганлиги ҳаётий мисоллар асосида таҳлил қилинди.
Сессияда республика ҳукумати томонидан тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш бўйича меъёрий ҳужжат тайёрланаётгани маълум қилиниб, у асосида вилоятда ҳам чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Турмушнинг мушти гурзидек нозик елкаларга оғир ботмоқда. Оила остонаси қаттиқ. Энди инжиқлик ва эркаликларга ўрин йўқ.
Бугун ёш қизалоқнинг гул елкасига масъулият юки илинган. Энди тонгдан тунгача дугоналар билан суҳбатлашиш, сирлашиб чақчақлашишга имкон йўқ. Чунки уй юмушлари ҳеч тугай демайди. Ҳечқиси йўқ. Қийинчилик ва машаққатсиз эришилган бахт гўё тайёр овқатга қўл уриш дегани. Ахир ҳеч бир аёлнинг қийинчиликсиз бахти бекам бўлган эканми?
Бу юмуш ва масъулият унинг имконларига кишан солгандек гўё. Аммо инсон оиласиз, турмуш ва фарзандларсиз ярим жон, руҳсиз танадек. Аксинча турмуш унга кўп унвонларни кўксига илиб қўйди - бекалик, келинлик, рафиқа, асосийси, оналик бахтини ҳадя этди. Энди келинжон бир икки туртилиб, сурилгандан кейин унинг яқин дугонаси - сабр, яқин сирдоши - матонат, суянгувчиси - ирода, ишонгани ва суянгани меҳнат, таскини ширин фарзандларидир.
Шундай қилиб, эрка ва тантиқ қизалоқ бугун сабрли, матонатли аёлга айланди, меҳрибон она, суюкли ва суянгувчи рафиқа бўлди. Ҳамма вазифаларни ишониб бажарувчи келин бўлди. Зеро, аёл қисмати ва саодати ҳам ана шунда!
Географик хариталарда ер юзи мамлакатларини қидирар экансиз, уларнинг номланиши билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Шуниси эътиборга моликки, айрим мамлакатлар номи ўзбекчага таржима қилинса, жуда ҳам қизиқарли маъно англатади. Тўғри, айрим ҳолларда айрим номлар мамлакатнинг ҳозирги даражасини намоён қилиши мумкин. Келинг қуйида баъзим мамлакатларнинг номланишига қисқача бўлса-да, тўхталиб ўтамиз.
Масалан, Норвегия "Шимолий йўл мамлакати" маъносини беради. Вьетнам ва Австралияни "Жануб мамлакати" деб атасалар, Япония "Кун чиқар юрт" номи билан машҳур бўлган. Хитойликлар ўз юртларини "Осмон ости мамлакати", кореяликлар эса Кореянинг "Тонг бокиралиги ўлкаси" номи билан фахрланадилар. Австрия эса немисча "Остеррайх" деб юритилиб, бу "Шарқий мамлакат" деган маънони англатади. Ирландия атамаси "эйре" сўзидан келиб чиқади ва "Fарбий орол" деган маънони беради. Жанубий Америкадаги Эквадор мамлакатининг номи "экватор" атамасидан келиб чиққан.
Тинч океанидаги Тувалу давлатининг номи "Яқин атрофда 8 та орол мавжуд" деган маънони англатади. Нидерландия эса "Қуйидаги мамлакат" деганидир.
Бир қатор мамлакатларнинг номланишига, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси сабаб бўлган. Бразилиянинг номи мазкур мамлакатда ўсадиган қизил рангли паубразил дарахти номидан олинган. Африкадаги Мали эса маҳаллий малинка элати тилида "Бегемотлар мамлакати" деган маънони англатади. Мазкур мамлакат пойтахти Бамако эса "Тимсоҳ ортидаги қишлоқ" деганидир. Африкадаги яна бир давлат Уганда пойтахти Кампала эса "Оҳу" деган маънони англатади.
Сомали номи маҳаллий тилда "сао сомао" деб номланиб, "Бориб сигирни соғ" деганидир. Африканинг бу мамлакатида шохли ҳайвонлар шу қадар кўп, ҳатто баъзи қишлоқларда сувдан ҳам сут кўпроқ экан. Испания қадимий Карфаген тилидан таржима қилинганида "Қуёнлар мамлакати" деган маънони англатади. Бу мамлакатда бир пайтлар қуёнлар шу қадар кўп бўлган экан.
Ер юзидаги айрим мамлакатларнинг номланиши минтақада жойлашган тоғ, кўл, дарё номларидан келиб чиққан. Жуғрофий номлар янги пайдо бўлган ёш давлатларга қўйилиши билан боғлиқ ҳодисалар ҳам учрайди.
Африкадаги Камерун вулқони номидаги давлат ҳам бор.
Африкадаги Нигерия, Сенегал, Гамбия, Конго ва Жанубий Америкадаги Парагвай номи минтақадан оқиб ўтувчи дарё номидан олинган. Ҳатто Ҳиндистоннинг ҳам Ҳинд дарёси шарафига қўйилгани ҳақида битиклар мавжуд.
Африкадаги Намибия чўли ҳамда Чад кўли номидаги давлатлар борлигини ҳам кўпчилик яхши билади. Танганьика кўли ва Занзибар ороли номларидан Танзания деган мамлакат пайдо бўлди. Марказий Америкадаги Куба, Ямайка, Тринидад ва Тобаго, Барбадос, Гренада оролларида пайдо бўлган янги давлатларга оролларнинг номи берилган. Европадаги Ирландия, Исландия, Мальта давлатларининг номи ҳам ороллар шарафига қўйилган. Исландия "музликлар ери", Гренландия эса "Ям-яшил ер" деган маъноларни англатади. Кипр, Шри-Ланка, Филиппин давлатларининг номи ҳам ороллар номини англатади.
Номлари зикр қилинган давлатларни омадли дейиш мумкин. Чунки уларнинг номи ўзларига мос келади. Аммо шундай давлатлар ҳам борки, уларнинг номи жисмига мутлақо мос тушмайди. Маҳаллий Уругвай дарёси номи билан аталувчи Уругвай давлатининг номи "қуш думи" деган маънони англатар экан. Гватемала эса "Чириган дарахт" деган маънони беради. Панама эса "Капалак" деганидир. Бироқ кўпчилик Панама деганда шляпага ўхшаш бош кийимни тушунади. Аслида бу бош кийим илк бор Эквадорда фойдаланилган. Аммо Европага Панама орқали ўтган.
Жанубий Америкадаги Венесуэла номи Италиядаги Венеция шарафига қўйилган. 1499 йилда испан денгизчилари бу ерга қадам қўйишар экан, Венецияга ўхшаб кетадиган қишлоққа дуч келишади ва уни Венесуэла, яъни "Кичкина Венеция" деб аташади. Кейинчалик бу қишлоқ атрофи, сўнгра бутун мамлакат Венесуэла деб юритила бошланди. Бугунги кунда мамлакат номини Лотин Америкасидаги босқинчиларга қарши курашган Симон Боливар шарафига Либертадор, яъни "Халоскор" деб ўзгартириш керак деган таклиф муҳокама қилинмоқда. Шуни эслатиб ўтиш керак-ки, Лотин Америкаси халқлари қаҳрамони Симон Боливар номида Боливия деган мамлакат бор.
қариб денгизида Испаниянинг Гренада шаҳри номи билан аталувчи мамлакат мавжуд. Саудия Арабистони биринчи подшоҳ Ибн-Сауд номига қўйилган. Жанубий Америкадаги Колумбия мамлакати сайёҳ Хиристофор Колумб номи билан боғлиқ.
Fарбий Африкадаги Буркина-Фасо моси элати тилидан таржима қилинса, "Муносиб одамлар мамлакати", мамлакат пойтахти Уагадугу эса "Хуш келибсиз" деган маънони англатади. Африка ғарбидаги Либерия "Озодлик мамлакати" маъносида келса, Тинч океанидаги Вануату эса "Мустақил бўлган ва бундан кейин ҳам мустақил бўладиган мамлакат" деганидир.
Хўжаобод туманида уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммо ва қизиқишларини ўрганиш масалаларига бағишланган учрашув-мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашлари, Хўжаобод туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилиб, партия фаоллари, халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, ёшлар иштирок этган тадбирда туман ҳокими Қ. Қирғизбоев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Н. Юсупов сўз олиб, туманда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг бандлигини таъминлаш, барча тоифадаги, айниқса, уюшмаган ёшлар билан мунтазам иш олиб бориш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.
ЎзМТДП вилоят Кенгаши Ижро қўмитаси девони бош мутахассиси А.Узоқжонов партия "Ёшлар қаноти" томонидан айнан уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича амалга оширилаётган "Уйма-уй", "Хизмат беминнат" ва бошқа лойиҳалар, олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берди. Учрашувда мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва сифатини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Якунида учрашувда қатнашган ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассис ва мутасаддилардан батафсил жавоблар олдилар.
Бу каби тадбир Жалақудуқ туманидаги Ойим қишлоғида ҳам ўтказилди.
АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН ҚОЧГАН ОТАНИ КИМ ДЕБ АТАШ МУМКИН?
(33-сон)Муносабат
Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини экани ҳамда унинг жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатимизда оилани ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар натижасида ушбу тамойил ҳаётимизда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Оила нафақат ҳаёт абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган гўша, балки давлат ва миллат келажагини белгилайдиган қўрғон ҳамдир. Ана шу муқаддас қўрғоннинг тинчлиги, осойишталиги, фаровонлиги кўп жиҳатдан эр-хотинга боғлиқ. Лекин, айрим оилалар ҳаётнинг баъзи қийинчиликларига бардоши етмай бузилиб кетаётгани, бундан, айниқса, болаларнинг жабр кўриб қолаётгани ачинарли ҳолдир.
Енгил-елпи ҳаёт йўлини танлаган айрим ёшларимиз арзимаган баҳона ва сабаблар билан ажрашмоқдалар. Уларни кўзига, ҳатто фарзандлар ҳам кўринмаяпти. Натижада бегуноҳ болалар тирик етим бўлиб қолмоқдалар.
Бугун ажримлар қайд этилиб, алиментчи оталарнинг кўпайиб бораётгани ачинарли ҳолдир. Бироқ, турли сабабларга кўра, ажрашган айрим эркаклар номардлик қилиб фарзандини моддий таъминотидан, алимент тўлашдан қочиб юрибди. Хусусан, вилоятимизда фаолият олиб бораётган жамоатчилик гуруҳлари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида бир ярим мингга яқин алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган оталардан мажбурий ундирув амалга оширилганлигини эшитиб, жуда таажжубландим. Ахир нима учун шунча эркак ўз зурриётлари тақдирига бефарқ қарамоқда, фарзандларининг таъминотига ёрдам бермасдан юрганликларини қандай тушуниш, уларни ким деб аташ мумкин?
Фарзанд наслимиз давомчиси, эртамиздир. Уни дунёга келтириш билан бирга ,солиҳ ва солиҳа қилиб тарбиялаш, моддий таъминлаш отанинг ҳам, онанинг ҳам гарданига бирдек масъулият юклайди. Бу масъулиятдан қочиш нафақат қонунларимизга, балки инсонийликка, динимиз, шариат аҳкомларига ҳам зиддир.
Энг аввало, оилаларни мустаҳкамлигини таъминлаш ва болаларни тирик етим бўлиб қолишларининг олдини олиш биз катталар ва маҳалла-кўйнинг вазифасидир. Оила қурувчи ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий билимларини ошириш, ёшларга аждодларимизнинг оила тутимидаги анъаналарга амал қилиш, миллий урф-одат ва қадриятларимизни, оиланинг муқаддаслигини тушунтиришимиз зарур. Қолаверса, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оила қонунчилиги, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ҳар қандай қийинчиликлардан чиқишга йўл топа оладиган шахсларни тарбиялашда собитқадам бўлишимиз ва ҳамкорликдаги ишларни кучайтиришимиз лозим.
Раънохон Хотамова Олтинкўл туманидаги Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Тўйлар тинчлик, хотиржамлик, тўкинлик ҳукмрон бўлган юртга ярашади. Айни дамда мамлакатимизда ана шу неъматлар ҳукм сураётганлиги боис ҳар куни маҳаллаларимизда карнай-сурнайларнинг овози ёшу-қарини тўю томошаларга чорламоқда. Кимдир хатна тўйи ўтказмоқда, қайсидир қизнинг бахти очилиб, янги ҳаёт остонасига қадам ташламоқда ёки яна кимдир хонадонига келин туширмоқда.
Бу манзарани кўриш, иштирокчисига айланиш жуда ҳам ёқимли. Миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз асосида шоду-хуррамлик, ўйин-кулгулар билан ўтган ва қуда-андаларни янада бирлаштирган, икки ёшнинг бахтига эшик бўлган тўйлардан кўнглимиз тўлади. Ҳамма орзу-ҳавас билан фарзанд ўстириб, унинг камолини кўришни, қўшгани билан қўша қариб, тиниб-тинчиб яшашини ҳоҳлайди. Шунинг учун халқимиз эзгу ният билан ўғилдир, қиздир фарзанд дунёга келганида унинг тўйи учун сеп-сидир-ға йиғишни бошлайди.
Албатта, хайрли ният, эзгу мақсад билан яшаш яхши. Бироқ, ҳар нарсанинг ҳам маълум меъёри, тартиб-қоидалари бўлган маъқул. Ана шу тартибларга амал қилинмаса, дабдабабозлик, ўзини кўз-кўз қилишдек иллатлар бўй кўрсатиши аниқ. Қолаверса, бу ҳолат нафақат тўй қилувчининг ўзини қийин аҳволга солиб қўяди, балки яқинлари ва атрофидагиларга ҳам азият етказади.
Бугун оилаларда, маҳалла, кўча-кўй, ҳатто катта йиғинларда ҳам тўй мавзуси долзарб бўлиб бормоқда. Чунки тўйларимизни дабдабали ўтказишдек иллат борган сари урфга айланиб бораётганлиги кўпчиликни ташвишга солади. Бу иллатларнинг олдини олиш, ҳақиқий ўзбекона тўйларимизни, урф-одатларимизни сақлаб қолиш бизнинг зиммамиздаги энг катта вазифа эканлигини гоҳида унутиб қўймоқдамиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 3 август куни маданият ва маърифат вакиллари билан ўтказган видеоселекторда виртуал қабулхонага келаётган мурожаатларнинг жуда кўп қисми тўй-маъракаларни тартибга солиб бериш ҳақида эканини, Тошкент шаҳрида "келиннавкар"лар пайдо бўлгани ва бу миллий қадриятларимизга ёт иллат эканлигини таъкидладилар. "Оммавий маданият"нинг яна бир кўриниши бўлган бу ҳолатга наҳотки ота-оналар, маҳалла-кўй, жамоатчилик жим қараб турган бўлса? Қачонгача четдан мажбурлаб сингдирилаётган бу каби "маданият"ларни урф-одат, деб талқин қилишга йўл қўйиб берамиз? Ёши катта отахон, онахонларимиз, маҳалла фаолларимиз қаёққа қараяпти?
Ҳозир ҳамма айбни ёшларга тўнкашга ўрганиб қолганмиз. Аслини олганида ана шу ёшларни тўғри йўлга солиш, ётиғи билан тушунтириб, яхшини яхши, ёмонни ёмон, деб ўргатиш биз катталарнинг вазифаси эмасми? Улар ҳали навниҳол, тажрибасиз, катталарнинг кўмаги, маслаҳатига муҳтож эканлигини унутиб қўймоқдамиз. Натижада айрим ёшларимиз бетайин дугонаси ёки дўстининг, интернетдаги олди-қочди маслаҳатларнинг йўриғига юриб, оилани, маҳаллани, бутун халқимизни шарманда қилмоқда.
Ота-оналар фарзандини моддий таъминлаш билан биргаликда таълим-тарбиясига ҳам масъул эканлиги муқаддас китобларимизда, қолаверса, қонунчилигимизда қайд этиб ўтилган. Фарзандларини одоб-ахлоқли, маънавиятли қилиб вояга етказиш ота-она зиммасига мажбурият сифатида қўйилган. Наҳотки, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлган ҳар бир шахс ўз фарзандини йўлга сола олмаса?! Унинг фарзанди онгли, фаросатли, нафсониятли, маданиятли инсон эмасми ота-онасининг йўлига юрмаса, айтганини бажармаса?
Таниқли ривоятда айтилганидек "тарбияни фарзанд дунёга келмасидан аввал бошлаш керак эди". Болани едириб-ичиргани билан ризқ харомдан келаётган бўлса, тўғри йўлга чақирса-ю ўзи қинғир йўллардан юрса, эр-хотин бир-биридан айб излашдан нарига ўтмаса, ёнига олиб насиҳат қилишни билмаса, ўзи ҳам ота-онасини ҳурмат қилмаса, сўзларига қулоқ солмаса, ҳаётнинг аччиқ-чучуги, паст-баландига ўргатиш, билимли, маъанавиятли, маърифатли қилиш ўрнига ҳавойи ҳавасларни шуурига сингдириб борса, қобил фарзанд қаердан бунёд бўлсин. Бундай боланинг турган-битгани ташвиш, келтиргани азоб-уқубатдан нарига ўтмайди. Ана шундай фарзанд тўйини ўзича ўтказиб, ота-онасини ҳам ўз ҳукмига бўйсундиради. Охир-оқибат бош чангаллаб, эл-юрт олдида шарманда бўлишдан бошқа чора қолмайди.
Шу ўринда биз катталар, ота-оналар назаримда лоқайд, бефарқ бўлиб бораётгандаймиз. Қизимиз бир дугонасини кўриб, ярим ялонғоч кийинса, унга эътиборсиз қарасак, миллатимиз учун бундай кийиниш уят саналади, деб уқтирмасак, уни бу йўлдан қайтармасак, эртага улар кўнглига келган бошқа ҳар қандай ишни қилишдан тап тортмаслиги аниқ. Шу боис, тўйларни ўтказишда ёшларни йўлга солишимиз, айниқса, аёлларимиз томонидан ўйлаб топилаётган бемаъни "янгича урфлар"ни таг-томири билан йўқотишимиз керак. Энг ачинарлиси, бошқалар қиляпти, мен ҳам қилишим керак, деб тўйларда умуман, кераги бўлмаган нарсаларни сотиб олишга маблағ сарфлаб, топганимиздан баракани йўқотяпмиз, қийналяпмиз, ҳатто айримлар қарз бўлиб қолаётганлиги ачинарлидир. Тиришиб, дабдабали тўй ўтказиб, тинчимизни, саломатлигимизни йўқотишнинг нима кераги бор? Сохта ҳурмат-эътибор топиш зарурми?
Афсуски, орамизда мана шу оддий ҳақиқатни англаб етмаётган юртдошларимиз, айниқса, опа-сингиларимиз кўп эканлиги бизнинг энг катта муаммоимиздир. Жумладан, туманимизда ҳам босар-тусарини билмай, данғиллама тўй қилувчилар учраб туради. Жорий йилнинг ўтган давр мобайнида қўмитамиз фаоллари, маҳаллалардаги Тўй комиссиялари аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни тартибга солиш тўғрисида"ги Фармонининг мазмун-моҳиятини фуқароларга тушунтириш, белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан Бўстон, Янгичек, Тошлоқ, Дўстлик, Кўкалам, Қўртқи, Абдуллабий, Капа, Fозичеки, умуман, барча маҳалла фуқаролар йиғинларида учрашувлар ўтказилди. Унда тўй ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака маросимлари, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни камчиқим ва тежамкорлик билан ҳамда никоҳ тўйларини ортиқча дабдабасиз ўтказиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.
Йиғилишларда иштирок этган мутахассислар, катта ҳаётий тажрибага эга отахон ва онахонлар, маҳалла фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар томонидан тўйларда йўл қўйилаётган исрофгарчиликлар, "Загс"ларнинг қатор-қатор машиналарда дабдаба билан ўтказилаётганлиги, қудаларнинг матоҳ билан боғлиқ можаролари, мазар ташишлар қадриятларимизга зид эканлиги тушунтирилмоқда. Ўтказилган учрашувлар давомида маҳалла фаоллари ва ёши улуғ кишиларнинг таъсирини ошириш, тўй-марака ва бошқа оилавий маросимларни тартибга солиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Халқимизда асалнинг ози ширин, деган доно нақл бор. Гарчи ширин бўлса-да, уни кўп истеъмол қилиш аввало, меъдага тегиши, қолаверса, соғлиқ учун салбий таъсир этиши мумкинлиги маъжозий маънода келтирилган бу нақл ҳар бир нарсага тааллуқлидир. Тўйларимиз камчиқим, ширингина ўтказилса, энг аввало, ёшларнинг бахту-саодати, келажаги ўйланиб ҳаракат қилинса, ҳар бир фуқаро, бутун жамиятимиз учун фойдадан холи бўлмайди. Бунинг учун барчамиз бирдек фаол бўлишимиз, лоқайд ва бефарқ бўлмаслигимиз муҳимдир.