Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Андижон Машинасозлик институтида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг етакчилик ва ташаббускорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда сиёсий партиялар вилоят кенгашлари Хотин-қизлар қанотлари раҳбарлари, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, институт ўқитувчи-профессорлари ҳамда талаба кизлар иштирок этиб, хотин-қизларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, опа-сингилларимизни сиёсий партияларга жалб этиш, уларнинг илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш хусусида атрофлича сўз юритдилар.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этиб, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш борасида олдимизда турган муҳим вазифалар хусусида тўхталди. Хусусан, лидер аёллар сафини кенгайтириш, сиёсий партиялар томонидан хотин-қизлар билан бевосита иш олиб бориш кўламини кенгайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Қизғин мулоқот, мунозара тарзида ўтган давра суҳбати қатнашчилари хотин-қизлар фаоллигини ошириш, ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан тегишли жавоблар олдилар. Шунингдек, тадбир иштирокчилари Андижон машинасозлик институтида фаолият олиб бораётган "НАТ-ТЕСТ" япон тилида тест имтиҳонларини қабул қилиш маркази фаолияти билан танишдилар. Марказда, умуман, институтда турли йўналишларда амалга оширилаётган ибратли ишларга юқори баҳо бердилар.
Давра суҳбати фаол ҳамда етакчи хотин-қизлар сафини ва фаолиятлари самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
Юртимизда февраль ойида ўзбек халқининг икки забардаст вакили - Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунлари кенг нишонланади.
Шу кунларда ана шу саналар муносабати билан вилоятимиздаги таълим даргоҳларида бадиий кечалар, турли адабий тадбирлар ўтказилмоқда.
Избоскан туманидаги 39-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида мазкур мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Кибриё Сиддиқова ҳамда Комила Каримова ташаббускорлигида ўтказилган ғазал мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий хазратлари таваллудининг 578 йиллигига бағишланган "Адабиётда барҳаёт сиймо" мавзусида адабий-бадиий кеча ана шундай тадбирлардан биридир.
Кечада 7-9 синф ўқувчилари фаол иштирок этиб, улуғ шоир ижодидан ғазал, рубоийлар ўқидилар. Айниқса, Саида Раҳмонова, Робия Улуғбекова, Дилноза Ҳусанбоеваларнинг чиқишлари тадбир қатнашчилари томонидан катта олқишлар билан қарши олинди.
Алишер Навоий ҳаётига бағишланган саҳна кўриниши барчада катта таассурот қолдирди. Кечага миллий рақс ва ашулалар кўтаринки руҳ бағишлади.
Озиқ-овқатга нисбатан аллергия қандай пайдо бўлади? Маълумотларга кўра, аллергия бизни исталган савдо дўконида кутиб олиши мумкин экан. Ҳаттоки, уйимиздаги музлатгичда ҳам уни учратиш мумкин.
Эътиборга олиб қўйиш керакки, озиқ-овқат маҳсулотлари орасида фақат туз ва шакаргина аллерген ҳисобланмас экан. Қолган ҳар қандай егулик ёки озиқ-овқат маҳсулотининг у ёки бу маънода аллергияга сабаб бўлиш эҳтимоли бор.
Нима учун сут ва донли маҳсулотлардаги қийин ҳазм бўладиган оқсил, яъни глютени бор бўлган маҳсулотларни рациондан чиқариб ташлаш тавсия этилади? Чунки, айнан у инсон томонидан ёмон ҳазм қилинадиган маҳсулотлар рўйхатида етакчилик қилади.
Баъзи инсонларда овқат қўшимчаларининг айрим турларига аллергия бўлиши мумкин. Яъни, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳиди, ранги ва таъмини яхшилаш ҳамда сақлаш муддатини узайтириш учун қўлланиладиган воситалар.
Аллергия билан оғриганлар саратонга чалинмайдими?
Америкалик олимлар бу борада бир қатор тадқиқотлар олиб боришди. Мисол учун, гул чанги аллергиясига чалинган болалар оқ қонга 40 фоиз кам чалинади. Астмадан азият чекаётган хотин-қизлар эса саратонга умуман чалинмас экан. Поллиноз, яъни йилнинг маълум бир вақтида кўз қизариш, аксиришдан азоб чекадиганлар ошқозон саратонига жуда кам учрар экан.
Мутахассислар аксарият ҳолларда болалардаги аллергиясига онанинг ҳомиладорлик маҳали ёки эмизикли даврида нотўғри овқатланиши сабаб бўлишини қайд этмоқда. Мисол учун, ҳомиладорлик пайтида аёлнинг ҳаддан зиёд тухум истеъмол қилиши маълум муддатдан кейин болада айнан мазкур маҳсулотга нисбатан аллергия пайдо бўлиш эҳтимолини келтириб чиқаради.
Аммо, аллергиянинг асл сабаби - иммунитетнинг генетик даражада бузилиши ҳисобланиб, у насл суради ёки фавқулодда пайдо бўлиши мумкин экан. Ота-онасида аллергия кузатилган болаларда уни аниқланиши 75 фоиз, фақат онасида аллергия бўлса 50 фоиз, отасида бўлса 25 фоиз кузатилган.
Тахминларга кўра, ҳозирда аҳоли орасида аллергиянинг кўп учраётганига глобаллашиш ҳам сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Мисол учун, кимдадир манго мевасига аллергия бўлса, у бу маҳсулот етиштирилмайдиган мамлакатда яшаса, уни кўрмаган ва емаган бўларди. Ёки иссиқ ўлкада яшайдиган инсонлар қорли, совуқ давлатларга келмаганда ўзида совуққа аллергия борлигини билмаслиги мумкин эди.
Кейинги йилларда олимлар ва шифокорларнинг аллергия ва уни даволаш борасидаги изланишлари туфайли баъзи саволларга жавоб топилди. Айни вақтда изланишлар давом этаётган бўлса-да, жараён охирига қадар ўрганилгани йўқ. Ҳеч ким аллергия қаердан ва қандай пайдо бўлиши, у табиат совғаси ёки жазоси эканини билмайди. Балки келажакда олимлар унинг сабаблари ва давосини топишар.
Пул ҳар бир одамга куч ва эртанги кун учун ўзига бўлган ишончни оширади. Бироқ, пул ҳеч қачон ўз-ўзидан қўлимизда пайдо бўлиб қолмайди. Астрологларнинг таъкидлашича, кишининг қай даражада пул топиши, бой ёки камбағал бўлиши кўп жиҳатдан буржга ҳам боғлиқ экан. Яъни, айрим буржлар ўз соҳибларига янада кўпроқ пул келтириши мумкин экан.
Қуйида мунажжимлар томонидан билдирилган турли бурж вакилларининг пул топиш, унга муносабат борасидаги имкониятлари ва қарашлари ҳақида сўз юритилади.
Қўй
Ушу бурж вакиллари тинимсиз меҳнат қилиш орқали пул топишади. Ҳатто, баъзилари нафақага чиққанларида ҳам ишлашади. Аслида улар пул борасида "пулим йўқ", дейишни билишмайди. Доим қариндош-уруғ ва яқинларига пул беради, тартиб билан ҳаражат қилишга эътибор қаратмайдилар. Шу сабаб улар ҳеч қачон ортиқча маблағ жамғара олишмайди.
Бузоқ
Ушбу бурждагилар ўз қадрини яхши билишади. Ҳеч қачон текинга ишлашмайди. Улар пулни топиш билан бирга, ақл билан ишлатишни ҳам билишади. Бу уларнинг энг катта ютуғи. Шу боис, уларнинг пулсиз қолишлари унчалик кўпга чўзилмайди.
Эгизаклар
Улар ҳамиша ўз ақлига таянган ҳолда пул топишга ҳаракат қилишади. Битта ўқ билан иккита қуённи урмоқчи бўлишади. Лекин, кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқишмайди. Пулни ўйламасдан сарф қилишгани учун доимо пулга муҳтожлик сезиб яшашади.
Қисқичбақа
Ушбу бурж вакиллари ҳеч қачон пулсиз қолмайди. Ҳар доим қора кунга атаганлари бўлади. Улар кўп пул топишга ва яхши яшашга уринишади. Оиласини ҳам доимо яхши таъминлашга жон-жаҳди билан ҳаракат қилишади. Фақат тинимсиз ҳаракат билангина пул топишлари мумкин.
Арслон
Ушбу бурждагилар ҳаммадан яхши яшашни, яъни шохона ҳаёт кечиришни хоҳлашади. Бироқ камдан-кам ҳоллардагина ўз ниятларига етишадилар. Улар ҳамиша юқори маош тўланадиган жойда ишлашга интилишади. Бунинг учун кеча-ю кундуз ишлашга ҳам рози бўладилар.
Паризод
Ушбу бурж вакиллари бир умр тинимсиз меҳнат қилишади. Лекин уларнинг меҳнати ҳар доим ҳам қадрланмайди. Бундан улар руҳан азобланади. Лекин керакли жойларга (билим олиш, соғлигини тиклаш, оиласи учун зарур жиҳозлар олиш каби) пулларини аямасдан сарф қилишни билишади.
Тарози
Ҳамиша ҳам жон куйдириб меҳнат қилмаса-да, пул топишнинг уддасидан чиқишади. Улар ўзига ҳомий топишга устаси фаранг. Пулни сарфлашда эса бир тийин устида ҳам бош қотиришади.
Чаён
Улар табиатан туғма молиячи ва бошқарувчи бўлишади. Аъло даражадаги ташкилотчи бўлишгани учун кўпроқ савдо соҳасида фаолият юритишади. Уларнинг ҳамиша қўшимча даромад (масалан, уйни ижарага бериш, тадбиркорлик бўйича маслаҳатлар бериш каби) оладиган манбаи бўлади. Умуман олганда, улар пулдан пул қилишни яхши билишади.
Ўқотар
Бу одамларнинг қўлида ҳеч қачон пул турмаслиги аниқ. Улар ҳамиша чўнтагида охирги пули қолгунча ишлатишади. Кўпинча улар ўзларини худди пули кўп бой одамдай тутишади. Бироқ, айрим ҳолларда ўз алдовларининг "қурбони"га айланишади.
ТоF эчкиси
Қайсар, бир умр фақат ўз мақсадлари йўлида ишлайди. Лекин, улар бир умр тарки дунё қилиб яшашлари ҳам мумкин. Доим атрофидаги одамларни ҳам қашшоқ деб ўйлашади. Аммо эътиборли томони шуки, бор пулини бекорга совуришмайди. Уларнинг ёнида доим маълум миқдорда пул бўлади.
ҚовFа
Бу бурждагилар яхши пул ишлаб топишади. Лекин пул уларнинг ҳаётида биринчи ўринда эмас. Улар дўстларига қарз бериб туришлари ва ҳатто, қарз бергани ёдидан ҳам кўтарилиши мумкин.
Балиқ
Балиқ буржидагиларнинг ҳаётида пул иккинчи даражали. Улар одатда камтарона ҳаёт кечиришади. Ҳеч қачон пулнинг ортидан қувишмайди. Ҳар қандай нарса тақдир билан боғлиқ, деган тушунча уларнинг онгига сингиб кетган.
Дунёнинг жамики ғам-ғуссаларини тарозининг бир палласига қўйиб, иккинчи палласига тирноққа зор аёлнинг ноласини қўйганда, шу иккинчи палла босиб тушарди. Бу - менинг фарзанд кўрмай юрган кезлардаги фикрим эди. Етимлик, онасизлик юки ҳам тарози палласини бемалол босиб тушар экан. Буни фақат онасидан айрилганлар билади. Бундай оғирлик ўлчовини синаш ҳеч кимнинг бошига тушмасин.
Турмуш қурганимга беш йил бўлган бўлса-да, ҳамон фарзанд кўрмаётган эдим. Бир куни онам менга дедилар:
Севинчдан онамнинг кўзлари ёшланганди. Мен эса эътибор бермадим. "Бу бир туш-да", деб қўя қолдим.
Оллоҳнинг инояти билан ўша йили қизлик бўлдик. Онамнинг туши тўғри келганди.
Онажоним меҳнаткаш аёл эдилар. Бир куни йиқилдилар-у, дардманд бўлиб қолдилар. Кўргани борсам, яна тушларини айтиб, ўғил кўришимни башорат қилдилар.
Ҳаҳ онам-а! Жоним онам-а! Ўзлари не аҳволда ётибдилар-у, мени кемтик ҳаётимни ўйлайдилар. Яратган эгам ҳақиқатдан ҳам қизимиз қаторига ўғил берди.
Туғруқхонадан тўғри онамнинг олдиларига бордик.
Сарвқоматим онам! Лобарим онам, дилбарим онам! Не кўз билан кўрайки, онажонимни дард енгибди.
- Ўғилми?, - қувониб сўрадилар ўшанда.
- Ўғил!, - дедим йиғидан ўзимни аранг тўхтатиб.
Онажонимнинг кўзларидаги шу кунги қувонч бир умрга юрагимга муҳрланиб қолди.
Ўғлим беш ойлик бўлганида онажонимдан айрилиб қолдик.
Меҳрингизга қалбим зор бўлди, онам! Юрагим бутун эди, қанотим экансиз-у, билмабман. Онасизлик дардини сизни йўқотганимдан сўнг англадим. Мана, олти йилдирки, оналар ҳақида қўшиқми, шеърми эшитсам, юрагим тилка-пора бўлади. Болалигимда мени "оймома" деб чақирардингиз. Сиз менинг осмоним эдингиз. Осмонсиз оймома бўлар эканми, онажон!
Бир ҳамкасбим бўларди. Кўзи ёшли эди. "Намунча, арзимаган нарсага ҳам йиғлайверасиз-а?", дердим ажабланиб. Катта ўғлим кулганда раҳматли онамга ўхшаб кетади, шунда беихтиёр кўзимга ёш келади. Юрагимнинг туб-туби кемтиклигини сезаман. Ўрнини ҳеч бир неъмат билан тўлдира олмайман. Худди ўша бўшлиқдан ўз саволимга жавоб топаман. Мана, нима учун ҳамкасбимнинг кўзлари ёшли эканини энди англадим. У ҳам онасиз эди.
Фарзанд - тириклик зийнати. Ота-она эса икки олам саодати. Онангиз ҳаётми, замондош? Агар ҳаёт бўлса, уларни ардоқланг! Гоҳо кенг дунё кўзингизга тор бўлади. Шунда онангизнинг дуо учун очилган кафтларидан дунёлардан топмаган меҳрингизни топасиз. Бошингизни унинг муборак кўксига қўйинг. Бўшаб қолган қучоғини тўлдиринг, армонларини ўлдиринг. Бир кун келиб болангиз: "йиқилмасин онам", деб, "букилмасин отам", деб тиргак бўлиб ёнингизда туради.
"Жаннат оналар оёғи остидадир", дейилади ҳадисда. Шундай экан, ота-оналаримизни тириклик чоғларида дуосини олайлик. Икки олам саодатига эришайлик.
ИНТЕРНЕТГА ТОБЕЛИК ОИЛАНИ ПАРОНКАНДАЛИККА ОЛИБ КЕЛАДИ
Бугуннинг гапи
"Интернетдан ҳаддан ортиқ фойдаланиш ва виртуал тобелик оилавий ҳаётга зарба бериши ҳатто ажримларга сабаб бўлиши мумкин", - дейди руҳиятшунос олимлар. Саломатлик ва оилавий бахтни асраб қолиш учун интернетга ажратилган вақтни жиддий эътибор билан назорат остига олиш керак.
Айни пайтда бутун дунёда долзарб масала бўлиб келаётган интернет, виртуал дунёга қарамликнинг болалар, ўсмирлар ва ёшлар ҳаётига таҳдид қилаётганини айтиб огоҳлантираётган олимлар, бу хасталик домига тушмаслик учун вақт ҳамда диққатни бошқариш муҳим эканига ишора қилмоқдалар. Интернетга қарамлик аксарият ҳолларда ёлғиз инсонлар орасида учраётганини таъкидлаган олимлар, болалар ва ўсмирларга ижтимоий ҳаётда ўрнини топиш ҳамда қобилиятларидан унумли фойдаланишни ўргатиш кераклигини тавсия қилади. Шунингдек, мутахассислар интернетдан фойдаланишда меъёрга риоя қилмаслик, айниыса, ривожланган давлатларда оилавий ажримларга сабаб бўлаётганини ҳам таъкидлайдилар.
Мақсадли фойдаланишни ўрганиш керак
Бугунги кунда деярли барча смартфонлардан фойдаланади ва хоҳлаган жойида интернет тизимига уланиш имконияти мавжуд. Машина ҳайдаётганда интернетга чалғиш ҳаёти учун хавфлилигини била туриб, ўзини тиёлмаслик - таҳликали тобелик. Дарс тайёрлашингиз, ишингизда муҳим топшириқни бажаришингиз, уй -рўзғор юмушларини қилишингиз кераклигини била туриб интернетда кераксиз нарсаларни, фойдасидан кўра зиёни кўп видео, суратларни томоша қилиб вақт ўтказасиз. Бу эса зарарли тобеълик ҳисобланади. Нима учун интернетга кираётганингизни тушунсангиз ва меъёрни унутмасангиз яхши ишларга вақт етишмаётганидан шикоят қилиб юрмайсиз.
Оилавий ажримларга сабаб бўляпти
АҚШлик мутахассислар олиб борган тадқиқотларга кўра, ҳар уч оилавий ажримнинг биттаси интернет ва виртуал қарамлик сабабли юз бераётган экан. "Ажрим сўраб мурожаат қилаётганларнинг аризасида эр ёки хотиннинг интернетга ҳаддан ортиқ боғланганлиги сабаб қилиб кўрсатиляпти",- дейди олимлар. Демак, виртуал қарамлик ва интернетдан фойдаланишда меъёрга риоя қилмаслик муаммолари панжа орасидан қарайдиган ҳолатлар эмас.
Вақтдан оқилона фойдаланишга одатланиш
Бу хасталикдан инсонни фақат бир нарса - вақтдан фойдаланишни билиш ва диққатни бошқариш қутқаради. Ҳар бир инсон вақтини исроф қилмаса, диққатини бошқара олса, компьютер ёки телефонга қаттиқ боғланмаса, техника воситалари ва интернетни ҳаётдаги мақсади эмас, ижтимоий ривожланиши учун восита деб билса, бундай одам вақтнинг аҳамиятини ҳам билади, ундан фойдаланишни ҳам бошқара олади.
Интернет, компьютер, смартфонларни ўзи учун улов сифатида билган инсон бу қарамликка бош эгмайди. Чунки, улов бизни кўзлаган манзилимизга олиб боради ва албатта унинг бошқаруви бизнинг қўлимизда бўлади.
Интернет - имконият
Интернетдан ўз ўрнида, меъёрга риоя қилиб фойдаланилганида таҳлика эмас, имкониятдир. Закий инсон имкониятдан манфаатли фойдаланишни билади. Виртуал қарамлик руҳий зиқлик, совуққонлик, бепарволикка сабаб бўлади. Ота-оналар болалар ва ўсмирларнинг интернетдан фойдаланиш вақтини назорат қилиши, боласининг қандай сайт ва ижтимоий тармоқларга кираётганини текшириб туриши керак.
Виртуал қарамлик ёлғиз кишиларда кўп учрайди
Ёшлар ўзаро хабарлашишда ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Бу ҳолатда уларга тақиқ қўйиш ёки исканжага олиш ўрнига ўсмирга кун тартиби тузиш ва унга риоя қилишни ўргатиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, тадқиқотлар интернетга муккасидан кетиш ва виртуал қарамлик ёлғиз инсонлар орасида кўп учраётганини тақозо қилмоқда. Руҳан ёлғиз инсон виртуал дунёда дўстлар ортириб, гўёки шу билан ўзини бахтиёр қилишга, тўғрироғи, бахтли кўрсатишга уринади. Шунинг учун жуфтимиз, фарзандимиз, умуман яқинларимиз билан кўпроқ вақт ўтказиш, дилдан суҳбатлашиш ва моддий -маънавий ёрдамга шай туришимиз виртуал қарамлик душмани бўлади.
Нима қилиш керак?
Оилавий юмушларни бирга бажариш, ўсмир билан бирга бобо-бувисидан хабар олишга, яқинлар билан дийдорлашувга бориш, биргаликда кино ёки театрга тушиш ва албатта оилавий китобхонлик кечалари уюштириш интернетга боғлиқлик, виртуал "жинни"ликка қарши даво ҳисобланади. Интернет тармоқлари орқали ёшларни ўз жонига қасд қилишга ундаётган ҳар турли ўйин кўринишидаги тузоқлар энди алоҳида масала. Агар сиз учун оилавий ҳаётда бахт-саодат, фарзандларингизнинг камоли ва умри муҳим бўлса, бунинг учун аввало ўзингиз ҳаракат қилишингиз керак. Виртуал дунёни қўйинг, бу дунёда ҳамма ўзини ҳам бошқаларни ҳам алдаб яшайди. Сиз ҳаётга, ўз дунёингизга қайтинг. Бу дунёда бироз аччиқ бўлса-да, ҳақиқатлар билан яшаганга нима етсин?
Бекатда автобус кутиб турардим. Ёнимга бир кўркамгина аёл, ёнида чамаси 4 ёшлардаги боласи билан келиб ўтирди. Уларни кузатиб, она-боланинг ширин суҳбатларига ҳавас билан қараб турган эдим, шу пайт баланд бўйли, ораста кийинган бир йигит бекат келди. Болакайнинг нигоҳлари унга тушдию, югуриб бориб ҳалиги йигитнинг қўлига осилиб, "дадажон" деб юборди. Минг хижолат билан онаси болани олиб кетиш учун қўлидан ушлади. Бола нотаниш одамнинг оёғига ёпишиб олиб, "бу менинг дадам, қўйиб юборинг, улар билан кетаман. Дадажон, дадажон", дея йиғлай бошлади. Ҳайратда нима қиларини билмай қолган йигит болани қўлига олиб кўтарди. Бола махкам бўйнидан қучиб олиб йиғларди.
- Онаси "Ўғлим, бу киши даданг эмас, кел ўзимга, уларни қўйиб юбор", - деб уни бегона кишининг бағридан тортқилади. Бироқ болакай онасига қараб ҳам қўймасди. Ноиложликдан, боласини юпата олмаган она ҳам, йиғлаб юборди.
- Жон болам, менга келақол, юр музқаймоқ олиб бераман. Уйда бувинг кутяпти, болажоним келақол. - Ёш тўла кўзларини яширишга уринган онанинг овозлари титрар эди.
- Майли, қўяверинг, бироз кщтариб тураман, - деб ҳалиги йигит ҳам ўриндиққа ўтирди. Бундан болакайнинг мамнунлигини кўриб, юрагим алланечук бўлиб кетди. Кейин секин онасидан сўрадим:
- Дадаси қаерда? Бирга яшамайсизларми?
- Йўқ, - деди аёл кўз ёшларини оҳиста артар экан. Бундан икки йил аввал чет давлатга ишлагани кетган эди. Ўша ерда уйланибди, деб эшитдим. Унгача телефон қилиб турарди. Ўғлим билан гаплашишарди. Отаси билан телефонда гаплашган куни, ўғлим кечгача ҳам инжиқлик қилмай, ўйнаб юраверарди. Кейинчалик эса қўнғироқ ҳам қилмай қўйди. Ўғлим жуда инжиқ, қайсар, йиғлоқи бўлиб қолган. Бу йигитни эса суратда кўрган отасига ўхшатди, шекилли.
- Куйинманг, опажон, эрингизга Худо инсоф берсин,- дедиму, юрагимни бир чети симилаб оғриди.
Бир оздан сўнг бола йигитни қўлини ушлаганча хурсанд чопқиллаб келарди. Бу меҳрибон одамнинг бағрикенглигидан мамнун бўлиб уларга тикилиб қолдим.
- Ўғлим, энди ойинг билан уйга бориб туринглар, мен ҳозир сизларга ширинликлар олиб, ортингиздан етиб бораман. Ойингни қийнамай, эсли бола бўлиб юр, хўпми? - деб болани онасининг қўлига тутқазди. Бола ҳам қўлидаги ўйинчоқ ва музқаймоқни ушлаганча, "хўп" ишорасини қилди.
Шу пайт бекатга автобус келиб, тўхтади. Аёл ўғлини етаклаб автобусга чиқди, болакайнинг эса шодлиги оламга сиғмасди.
* * *
Бир дугонамнинг отаси ҳам Россияга ишлагани кетганига яқинда 4 йил бўлади. Бир куни дугонам суҳбатимиз орасида отасини соғинганини айтиб, йиғлаб қолди.
- Тўғри, дадам бизни моддий томондан таъминлаяпти, аммо ота меҳрини ҳис қилгимиз келади. Акамнинг қўлида пули, автомашинаси бўлгани билан негадир кўп сиқилади. Кейинги кунларда ичадиган одат чиқарган. Агар дадам шу ерда бўлганларида эди, акам бундай номаъқул ишни қилмаган бўларди. Ҳозир оиламизга мол-дунёдан кўра кўпроқ ота зарур эканини ҳис қилаяпман. Қани дадам фарзандлари унинг меҳрига муштоқ эканини билганида эди, - дейди дугонам кўз ёшларини тўхтата олмай.
Фарзандларни улғайтириш, фақат уларни едириш-кийинтиришдан иборат эмас-ку. Уларга таълим-тарбия, ота-она меҳри ҳам керак. Йиллар давомида пул топиш мақсадида, жигарбандингизга бера олмаган меҳрингизни вақтлар келиб, болангиздан топа олармикинсиз? Ана шундай оталарга қарата шундай дегим келади: "Оилангизни ташлаб, ўзга юртларда ўтказаётганингизда, бир бора бўлса-да, сизни интизор кутаётган аёлингизни кўз олдингизга келтиринг! "Дадажон" дейишга тиллари муштоқ болаларингизни ўйланг. Кўчаларда бегоналарни ота, деб юрган фарзандларингиз кўзига вақтлар келиб қандай қарайсиз?"
Гамлетнинг монологидаги машҳур саволни ўзгачароқ қилиб ифодалайдиган бўлсак, "Яшамоқ ё завол топмоқ" (аслиятида "Ўлиш ё қолиш") дилеммаси бугун босма нашрларда фаолият кўрсатаётган журналистларни чуқур ўйга толдиргани аниқ.
Ҳозирда бутун республикадаги босма нашрлар таҳририятлари иқтисодий жиҳатдан оғир даврни бошдан кечирмоқда. Чунки 2019 йил учун обуна кўнгилдагидек бўлмади. Натижада таҳририятларнинг самарали фаолият юритиши, газеталарни чоп этиш билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келди.
"Обуна мажбурий эмас" сўзининг феномени
Бир қарашда мажбурий меҳнатга барҳам бериш баробарида интернет тармоғида тарқалган обунанинг ҳам мажбурий эмаслиги хусусидаги хаспўшлаб, гўёки жамиятнинг улкан муаммоси кўринишида берилаётган фикрлар жараённинг ибтидоси бўлди.
Аслида, бу жараён анча аввал бошанган эди. Йиллар давомида биринчи навбатда давлат, яъни ҳокимликлар муассислигидаги газеталарга обунанинг марказлашган ҳолда ташкил этилиши қатор қусурларни келтириб чиқарди.
Обунага мажбурий равишда йиғилган маблағлардан айрим шахслар ўз манфаатлари йўлида фойдаланганлиги бир нави бўлса, таҳририятнинг маъмурий буйруқбозлик натижасида йиғилган пуллардан ҳосил бўлган кафолатли йиллик бюджети журналистларни боқибеғамлик ботқоғига тортди. Изланиш, янгиликка интилиш, жараённи ўзига хос тарзда ёритиш, таҳлил, танқид мезонлари бир оз четга сурилиб қолди.
Натижада обуначиларнинг норозилиги ортиб, мақолалар савияси, таъсирчанлиги, халқчиллиги пасайиб кетди. Бунга нафақат журналистлар, балки турли даражадаги раҳбарлар ҳам ҳисса қўшдилар. Ҳаётдан йироқ мавзулар, маърузабозлик услубида ҳисоботлар учунгина битилган "асарлар" газеталаримиз савиясини тушириб юборди. Бу реал ҳаёт билан тўқнаш келиши, яъни мазкур жараён қачондир барҳам топиши муқаррар эди.
"Халқ билан мулоқот йили"даги янгиланиш жараёнлари буни яққол юзага чиқариб қўйди. Янгича ёндашув, очиқлик ва ошкоралик шароитида ижод қилишда байроқни интернет нашрларидаги ҳамкасбларимиз илиб кетишди (бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор). Ижтимоий тармоқлардаги материаллар эса уларни қўллаб-қувватлаб турди. Обунанинг мажбурий эмаслиги жамиятимизда шу қадар қулоч ёздики, гўё уни Мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини беришдаги якдил ҳаракат билан қиёслаш мумкин эди. Ўзаги эса бир - яъни, муаммо аллақачон пишиб етилганди.
Учта "S"тамойили ва маънавият
2017-2018 йилларда давлат, сиёсий газеталар сифат нуқтаи назаридан сезиларли юксалди. Савияси, ўқимишлилиги ортди. Шундай бўлса-да, тезкорлик, шов-шувли мавзулар бўйича барибир электрон нашрлар аудиторияни забт этиб улгурди.
Чунки, аудиториянинг аксариятида енгил-елпи, олди-қочди материалларни ўқишга мойиллик аллақачон шаклланиб бўлганлигидан ҳам кўз юммаслигимиз керак.
Талабалик давримизда ғарб журналистикаси учта "S" принципига асосланганлиги айтиларди. Айнан шу тамойил бугун интернетнинг ўзбек сегментини ҳам маълум даражада "заҳарлади". Зўравонлик, қотиллик, фохишабозлик хусусидаги хабарлар тез-тез учраб туриши ўқувчини жалб қилмоқда. Йиллар давомида ўзбек менталитетига ёт ғояларни сингдиришга қаратилган мафкуравий ва ахборот ҳуружлари уддалай олмаган иш кўз ўнгимизда силлиққина оммалашяпти. Газеталар ҳам шу услубга ўтиб кетадиган бўлса ёки умуман фаолияти тўхтаса, маънавиятимизга путур етиши, йиллар давомида тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши турган гап. Нафақат маънавиятга!
Ҳар қандай мамлакатда давлат бор экан, унинг сиёсати шаклланган экан, миллий мафкура ишлаб чиқилган экан, шуларни тарғиб этувчи газеталар чоп этилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ахир дунёқарашимиз, тафаккуримиз, маънавиятимизни янада бойитиш, миллий қадриятларимизни асраб қолиш учун китобхонликка яна қайтмоқдамиз-ку! Нега энди босма нашрлар орқали таъсир этиш воситасидан воз кечишимиз керак?!
Қай даражада
газетхонмиз?
Бугун вилоятимизда 35 та, яъни вилоятнинг бош нашрлари - "Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталари, шунингдек, 16 та туман ва шаҳар ҳокимликлари муассислигидаги нашрлар, 5 та журнал ҳамда 13 та хусусий ва тармоқ газеталар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг саҳифаларида вилоятимиз, туман ва шаҳарлар ижтимоий-сиёсий ҳаёти билан боғлиқ жараёнлар баҳоли қудрат ёритилмоқда.
Ана шу нашрларнинг бугунги аҳволи ҳақида гапиришдан аввал 2019 йил учун обуна натижалари билан танишиш мақсадга мувофиқ.
"Ўзбекистон почтаси" ОАЖ вилоят филиали ҳамда "Андижон матбуот тарқатувчи" МЧЖ томонидан жорий йил 1 январь ҳолатига туман, шаҳар нашрларига 11 минг 800 нусха, тармоқ ва ҳудудий нашрларга 10 минг 815 нусха, республика газета ва журналларига 13 минг 940 нусха, хорижий газета ва журналларга 60 нусха, шунингдек, таҳририятларнинг ўзлари томонидан 3 мингдан ортиқ, барчаси бўлиб эса 39 минг 620 нусха обуна расмийлаштирилди. Бунга яна "Матбуот тарқатувчи" орқали сотиладиган 24 минг нусхадан ортиқ газета ва журнални қўшсак, вилоят аҳолисига етиб бораётган матбуот нашрларининг жами сони келиб чиқади - 64 минг нусха.
Ушбу нашрларнинг қайси бири ҳафтада беш марта, қайси бири бир марта, яна қайсисидир ойда икки марта чиқишини ҳисобга олиб, шартли равишда ҳафтасига 60 минг нусха газета ўқишимиз маълум бўлади.
Энди ана шу сонни 3 миллиондан ортиқ вилоят аҳолисига тақсимлаймиз: 46,8 нафар кишига ҳафтасига бир нусха газета ва журнал тўғри келади. Таққослаш учун Германияда 11 нафар, Японияда 12,5 нафар, Финляндияда 14 нафар, Жанубий Кореяда 17 нафар кишига 1 нусха кунлик газета тўғри келади (2017 йил маълумоти). Бундан қай даражада газетхон эканлигимиз ҳақида хулосани ўзингиз чиқариб олишингиз мумкин.
Савиямизни белгилаб берувчи рақамлар
Аксарият газеталар (шу жумладан, республика нашрлари) бир амаллаб кун кўришга ўтди. "Холис" МЧЖ муассислигидаги "Холис" газетаси ёпилди, "Келажак", "Ёшлар ва ҳуқуқ", "Қишлоқ оқшоми" каби газеталарнинг, "Маҳорат ойнаси" журналининг чиқиши даргумон. Туман, шаҳар газеталаридаги аҳвол янада ачинарли. Масалан, "Улуғнор" газетасига 165 нусха, "Бўз ҳаёти" газетасига 800 нусха обуна қилинган.
Туман, шаҳар газеталарининг муассислари туман, шаҳар ҳокимликлари ҳисобланади. Демак, муассис сифатида газетани мунтазам чиқиб туриши, обунаси учун масъул. Обуна ташкил этишда Балиқчи, Қўрғонтепа, Избоскан, Пахтаобод туманлари ҳокимларининг ташкилотчилиги ўз газеталарига бўлган ҳурматини кўрсатади. Адади минг нусхага ҳам етмаган босма нашрларимиз журналистлари гамлетона савол гирдобида - ё енг шимариб ишлашни ёки қўлни ювиб қўлтиққа артишни билмай туришибди. Ваҳоланки, уларнинг орасида 80 - 100 йиллик тарихга эга газеталар бор.
Обуна, газета сотиб олиш ҳақида гап кетганда айрим юртдошларимиз турли янгиликлар, ахборотлар билан интернет орқали танишиб боряпмиз, обунага пул сарфлашнинг нима кераги бор, қабилида фикр айтишади. Назаримизда бу янглиш йўл. Чунки газета, журнал берадиган маънавий озуқанинг ўрни бошқа. Оиласига газета, журнал, китоб кириб борган хонадондан зиё нури таралади. Қолаверса, журналист суриштируви, танқидий мақоладан сўнг ҳал этилган муаммолар, армони ушалган фуқаролар ҳам талайгина топилади. Аксарият ҳолларда улар турли идоралардан нажот тополмагач, таҳририят остонасини ҳатлаб ўтадилар.
Аччиқ ҳақиқат
Обунага сарфланадиган пул кўзига катта кўринаётган кишилар ҳисоб-китоб қилиб кўришлари мумкин. Уяли телефон учун ҳафтасига, йўқ деганда, 10-15 минг сўм сарфланади. Бир ойда бу 40-60 минг сўмни, бир йилда эса 600-700 минг сўмни ташкил этади. Бир оилада уч кишида телефон бўлса, сарф-харажат қанчага "тортиши"ни ҳисоблаб олаверинг. Афсуски, кўпчилик, айниқса, ёшлар уяли телефон учун сотиб олаётган дақиқаларнинг асосий қисмини турли ўйинларни ўйнашга, интернетдаги керак, керак бўлмаган маълумотлар билан танишишга, савиясиз фильмлар кўриш, қўшиқлар эшитишга сарфлаётганликларидан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Бу ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши, миллий қадриятларимиз илдизига болта уриши аниқ. Мана шу оддий ҳақиқатни ўйлаб кўрсак, фойдадан ҳоли бўлмайди.
Мавзу, яъни босма нашрларнинг бугунги аҳволи, газетхонлик масаласи қанчалар аччиқ бўлмасин, қаламга олдик. Зеро, уни четлаб ўтиш касбимизга нисбатан ҳурматсизлик бўлади.