+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ўзбек қизлари ҳеч кимдан кам эмас

Мафтуна Маҳмудова Олтинкўлнинг Айрончи қишлоғида туғилиб ўсган. Эндигина 18 ёшни қаршилаётган бу қиз белбоғли кураш бўйича 16 карра Ўзбекистон, ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган оддий қишлоқ қизидир.

 Мафтуна 9 ёшида Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида белбоғли кураш билан шуғуллана бошлаган. Мураббийи, спорт устаси Жамолиддин Бозоров йиллар давомида унга ушбу спортнинг техникаси, сир-асрорларини мукаммал ўргатди. 

- Мафтунадаги қатъийлик, кўзлаган мақсади йўлида ҳеч қачон чекинмаслик фазилати менга жуда ёқади, - дейди Ж.Бозоров. - Халқимизда "йиқилган курашга тўймабди", деган мақол бор. Мафтуна йиқилишлардан қўрқмайдиган, ютқазишларни тан олмайдиган қиз. Айнан шу феъли сабаб олдинга интилаверади ва албатта, орзу-мақсадига эришмай қўймайди.

Тинимсиз машғулотлар, машаққатли меҳнатлар ўз мевасини бера бошлади. Курашчи қиз аввал туман ва шаҳар беллашувларида, кейин вилоят миқёсидаги биринчиликларида иштирок этиб, муваффақиятларга эришди. 

2011 йилда ўтказилган республика чемпионатида ўз вазн тоифасида илк бор ғолибликни қўлга киритгач, Мафтунани тўхтатиб бўлмади. У буёғига ҳар йили мамлакат чемпионатларида ғалабани ўзида сақлаб келди. Турли ёшдаги курашчилар ўртасида 16 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

2018 йилнинг декабрь ойида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Мафтуна 63 кг. вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Бу Мафтунанинг, қолаверса, кураш бўйича жаҳон чемпиони бўлишни орзу қилган дадаси Рустамжоннинг орзулари ушалиши эди.

Белбоғли курашнинг мураккаб усулларини зўр иштиёқ билан ўрганишда давом этаётган спортчи қизнинг орзулари бир олам.

- Мен юракка эмас, ақл ва катталарнинг маслаҳату тавсияларига қулоқ тутиб яшашга одатланганман, - дейди Мафтуна Маҳмудова. - Чунки, биз катта ҳаёт олдида ҳали ғўр, тобланмаган, тажрибасиз ўсмирлармиз. Ҳаётий тажрибага эга, кўпни кўрган устоз ва мураббийлар, шунингдек, ота-оналаримиз бизга фақат эзгуликни раво кўришади. Мана, уларнинг йўл-йўриқлари ва ўзимдаги интилиш билан кам бўлмадим.

Мақсадим, олий ўқув юртига кириш ва 2020 йилда Японияда бўлиб ўтадиган олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш. Энг муҳими, ўзбек қизлари спорт соҳасида ҳеч кимдан кам эмасликларини дунёга кўрсатиш.

Мафтуна бўш вақтларини беҳуда ўтказмайди. Китоб ўқийди, шеърлар машқ қилиб туради. Мақсад ва ниятлари улуғ, қалбида эртанги кунга қатъий ишонч мужассам ёш спортчи қизимизга улкан муваффақият ва орзулари рўёбини тилаб қоламиз.

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА

Аёл - вафо, садоқат, жасорат ва бардош тимсоли

Аёл - буюк зот, яратганнинг мўъжизасидир. Унда ибо-ҳаё, гўзаллик, фидойилик, матонат ва жасорат мужассам. Ҳаётдаги барча гўзалликлар аёлга бўлган муҳаббат туфайли юзага келади.

Аёлларнинг ибо-хаёси, назокати эркакларга ҳамиша қанот бағишлаб келганлиги рост. Аёл фидойиликни тушунибгина қолмай, ўзини фидо қилишни ҳам билади. Очиғини айтганда, аёлсиз ҳаёт тонги ҳамда оқшоми заиф, кундузи эса ғамгин бўлиши ҳақиқат.

"Аёлни улуғламоқ оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ, демакдир!" Халқимиз, ҳар бир  юртдошимиз қалбида жо бўлган ушбу сўзлар қизларимизга, аёлларимизга, оналаримизга юксак эҳтиром ифодасидир.

Дарҳақиқат, аёл дунё бешигини тебратган, олам ва одам деган буюк тушунчаларни ўзида мужассамлаштирган сеҳрли бир қудрат. Аёл жамики инсон учун волида. У алла, вафо, муҳаббат, садоқат, жасорат ва бардош тимсолидир.

Аёлнинг умри, босиб ўтган ҳаёт йўли ибрат. Халқимизнинг ўлмас тарихига айланган  Барчиной, Тўмарис, Нодирабегим, Зебуннисо, Увайсий, Зулфия сингари аллома аёлларимиз ўзларининг жасорати, садоқати, ибратли ҳаёт йўллари билан бизларга ибрат намунасидир.

Айни пайтда ҳам жамиятимизда ана шу улуғ, буюк оналаримизнинг издошлари эл-юрт равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётганликлари дилларни хушнуд этади. Ҳар жабҳада аёлнинг - хотин-қизларнинг ўрни сезилиб турибди, юртимиздаги файз-барака, юксалишда уларнинг ҳиссалари катта. Оилада тутган ўринлари беқиёс. Дунёда муқаддас деган номга энг муносиб зот ҳам аёлдир.

Мунис аёлларимизнинг байрами баҳорнинг илк кунларида, табиатнинг уйғониши билан ҳамоҳангликда бўлишида ҳам ўзгача маъно бор, албатта. Атрофга боқинг-а! Ўлкамизга яна баҳор келди. қувончу шодликларни, байрамларни етаклаб, яна баҳор келди, дилларга сурур бахш этиб.

Дилбар аёлларимизнинг кулгудан ёришган юзларини баҳор кўркига менгзайсиз. Лабларидаги табассум баҳорий елларга, насимга ташбеҳ. Шўх-шодонликлари эса тошқин сой ва дарёларга қиёс. Уларнинг ўзи бир баҳор. Демоқчиманки, баҳор деганда аёлни кўрамиз. Аёл деганда баҳорни ҳис қиламиз. Бу икки тимсол бир-бирини тўлдириб туради.

Гўзаллигу нафосатга, латофату садоқатга аёл қалби макондир. Инсон учун энг азиз бўлган Ватанни мўътабар зот - Онага қиёс этганлар. Мўътабар, муқаддас сўзига Она деган зотни қўшиб айтсангиз, у янада мағрур жаранглайди...

Шоир ҳақ:

Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,

Биттадир дунёда Она деган ном.

Барча опа-сингилларимизни хотин-қизлар байрами билан самимий муборакбод этамиз. Маъсума чеҳраларидаги гўзаллик, бахт учқунлари барча яқинларига, бутун юртимизга нур улашсин!

 

Наргизахон ХОЛМАТОВА,

 

Қорасув шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Илм-фан фидойиси

Аёл кишининг олима бўлиши, фан доктори даражасига етиши айтишга осон холос. Аслида бунинг ортида не-не машаққатлар ётади. Аёлнинг оила, турмуш ташвишлари, фарзанд тарбиясидан ортиб, илм-фан йўлида машаққат чекиши, қанча-қанча довонлардан ўтиб, ана шу мақомга мушарраф бўлиши қаҳрамонлик, фидойилик намунасидир.

Айни кунда жамоамизда  давримиз қаҳрамонларидан, фидойиларидан бири филология фанлари доктори Шоҳидахон Шаҳобиддинова узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келади.

Опа 1992 йилда Андижон давлат тиллар педагогика институтида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2010 йилдан институт Андижон давлат университети таркибига қўшилгач, олиманинг фаолияти янада юқори босқичга кўтарилди. У турли йилларда ўзбек филологияси факультети декани ўринбосари, ўқув бўлими, рейтинг маркази бошлиғи, кафедра мудири, проректор лавозимларида самарали ишлаб, малакали педагог мутахассислар тайёрлаш, илм-фан равнақига муносиб ҳисса қўшди.

 Олима 1993 йилда "Грамматик маъно талқини хусусида" мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаб доцент, 2001 йилда "Умумийлик ва хусусийлик диалектикаси ҳамда унинг ўзбек тили морфологиясида акс этиши" мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилиб, профессор унвонларини олган. Фан доктори даражасига эришганида Шоҳида опа бор-йўғи 32 ёшда эди.

 Ш. Шаҳобиддинова илмий-педагогик фаолияти давомида 130 га яқин илмий ишлар, шу жумладан,  2 дарслик, 1 монография, 5 қўлланма муаллифи бўлди. Унинг раҳбарлигида 5 нафар фан номзоди тайёрланди, ҳозирда 3 та катта илмий ходим-изланувчига раҳбарлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Истеъдод" жамғармаси гранти ғолиби сифатида турли йилларда Россия Федерациясида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиш академиясида малака оширган.

2017 йили Ш. Шаҳобиддинова республикада гуманитар фанлар бўйича "Йилнинг энг яхши педагоги" деб топилган, 2018 йилда "Истеъдод" жамғармаси танловида ғолиб чиқди. У дарс  машғулотларини янги педагогик технологиялар асосида олиб боради, талабаларга пухта билим беради. Шу боис ҳам талаба ёшларнинг севимли устозига айланган. Ўтган йили опа Президентимиз фармони билан "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи" унвони билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас. 

- Юртимизда сидқидилдан меҳнат қилган инсоннинг меҳнатлари қадр топишига ўз фаолиятим, ҳаётим мисолида яна бир бор ишонч ҳосил қилдим, - дейди устоз Ш. Шаҳобиддинова. - Шукрки, меҳнат қилиб кам бўлмадим, энг муҳими, жамоам, эл-юрт орасида  ҳурмат-эътибор топдим. Бу мен учун энг улкан бахтдир. 

Ташкилотчи, ташаббускор Шоҳида опа нафақат университетимиз, балки вилоят хотин-қизлар қўмитасининг фаолларидан бири сифатида опа-сингилларимиз ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларни ҳаётга тайёрлаш, ёш олималарни қўллаб-қувватлаш борасидаги жамоат ишларида, тарғибот тадбирларида ҳам фаол иштирок этади.

Сўзимизни мухтасар қилиб, илм-фан, касбининг фидойиси, Андижон аёлларининг илғор вакилларидан бири, профессор Шоҳида Шаҳобиддиновани қутлуғ ёши ҳамда Халқаро хотин-қизлар байрами билан муборакбод этамиз. Келгусидаги илмий-ижодий фаолияти янада самарали бўлишини тилаб қоламиз.

 

Умидахон АҲМЕДОВА,

 

Андижон давлат университети хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Аёлларимиз қалби бахтдан, қувончдан обод бўлсин

Қайси юртда аёл, она бахтли экан, шу юртда тўкин-сочинлик, қут-барака бўлади. Жумладан, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда соғлигини муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳрихон тумани хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳам бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда туманда истиқомат қилаётган 351 минг нафардан ортиқ аҳолининг ярмини  хотин-қизлар ташкил этади. 278 та корхона, ташкилот ва  муассасада хотин-қизлар бошланғич ташкилоти самарали фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 79 та таълим муассасаси, 76 та маҳалладаги "Қизларжон" клубларига 35 минг нафардан зиёд қизлар жалб этилган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги "Қайноналар кенгаши жамоатчилик тузилмаси ҳамда бошқа қатор доимий комиссиялар ҳам ўз йўналишларида белгиланган ишларни олиб бормоқда. 

"Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб номланган жорий йилнинг ўтган даврида қўмитамиз томонидан 300 нафардан зиёд аёлнинг муаммоси ижобий ҳал этилди, ажрашиш арафасида турган 179 оила яраштирилди. Тадбиркорлик ва ҳунармандлик билан шуғулланаётган юзлаб хотин-қизларнинг фаолият юритишлари учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Айниқса, оилавий бизнес, уй меҳнати ва касаначиликни йўлга қўйиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳоли, хусусан, опа-сингилларимизни тиббий кўрикдан ўтказиш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, уй бекаларини спортнинг оммавий турларига жалб этишга қаратилган ишлар ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда.

Турли соҳаларда хотин-қизларимизнинг имконият ва салоҳиятларини юзага чиқариш, қийин шароитларда яшаётган, ногирон аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислари, отинойилар билан ҳамкорликда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида ҳам кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.  

Туманимизда бу каби ишлар изчил давом эттирилади. Шу ўринда мен аёллар байрами арафасида вилоятимизнинг барча аёлларини ушбу байрам билан муборакбод этаман. Барчаларининг қалблари бахтдан, қувончдан обод бўлсин. 

 

Нигорахон ЮЛДАШЕВА,

Шаҳрихон тумани ҳокими

 

ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Эътирофдан бошим кўкка етди

Беш йилдан буён вилоят бош отинойиси сифатида фаолият юритаман. Зиммамга юклатилган вазифаларни имкон қадар талаб даражасида бажаришга ҳаракат қилдим. Камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, юртбошимиз фармони билан мен "Мўътабар аёл" нишони билан тақдирланганимдан бошим кўкка етди. Бу мукофот нафақат менга, балки вилоятимизнинг барча отинойиларига берилган мукофотдир.

 Айни кунда соғлом оилани шакллантириш, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама соғлом, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда вилоятимизда фаолият олиб бораётган 492 нафар отинойи ҳам фаол иштирок этмоқда.

Фаолиятимизда оилавий ажримларнинг олдини олиш, ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштириш, шаръий никоҳларни расмийлаштириш, оғир шароитларда яшаётган ва ногирон аёлларни қўллаб-қувватлаш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишларда Пахтаобод, Избоскан, Жалақудуқ, Шаҳрихон, Хўжаобод, Балиқчи туманлари ҳамда Андижон шаҳри бош отинойилари Гулчеҳра Тошхўжаева, Санобархон Ашурова, Маҳбубахон Қосимова, Муқаддасхон Солиева, Ойшахон Усмонова, Халимахон Жуманова, Шоирахон Нуриллаеваларнинг ибратли фаолияти таҳсинга сазовордир.

Аллоҳга шукр, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Минг афсуски, орамизда мана шу тинчлик, тўкин ва фаровонликнинг қадрига етмаётган инсонлар ҳам бор. Унутмайлик, Аллоҳ ношукр,  кибрга берилувчиларни ёқтирмайди. Шундай экан, бир-биримиз билан аҳил-иноқ бўлайлик, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлайлик. Меҳнатлар қадрланадиган, аёлларга юксак эҳтиром кўрсатиладиган озод ва обод юртимиз равнақи йўлида бир жон, бир тан бўлиб меҳнат қилайлик.

Опа-сингилларимизнинг қутлуғ байрами арафасида вилоятимизнинг барча аёлларига тани сиҳатлик, улуғ ризқ, бахти бекамлик, тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларига қут-барака тилайман.

 Саодатхон РАСУЛОВА,

 

вилоят бош отинойиси.

Юксак мукофот муборак!

Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мамлакатимиз Президенти фармонига асосан, юртимизнинг энг иқтидорли қизларидан бир гуруҳи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг икки нафар иқтидорли қизлари - Ҳуснигул Мухторжонова ва Ойгул Тожиддинова ҳам бор.

Ўқишда ва жамоат ишларида фаол Андижон давлат тиббиёт институти педиатрия факультети талабаси Ҳуснигул Мухторжонова тиббиёт фани сирларини пухта эгаллашга, тиббиёт соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилиши, қолаверса, ташаббускор, тадқиқотчи, ёшлар иттифоқи гуруҳ етакчиси, "Ёшлар - соғлом турмуш тарзи тарафдори"   лойиҳаси раҳбари сифатида кенг жамоатчиликнинг эътибор ва эътирофини қозонган.

Избоскан туманидаги "Айгул текстил" корхонаси раҳбари Ойгул Тожиддинова тасвирий санъатнинг миниатюра йўналишида ижод қилувчи моҳир ҳунарманд, дизайнер сифатида вилоят, республика миқёсидаги кўплаб танловларда ғолиб чиққан. Ижодида миллий урф-одатларимиз, халқимизнинг тарихи, ўлмас қадриятлари, миллий ўйинларини тасвирлаш етакчи ўрин тутади.

 

Иқтидорли қизларимизни юксак мукофот билан муборакбод этамиз!

АЁЛЛАРГА СОВFА ҚИЛИНГ ГУЛ

Бўстон бўлса фасли муҳаббат,

Ошиқ унда сайраган булбул.

Ҳимматингиз тутингу баланд,

Аёлларга совға қилинг гул.

 

Тошдан қаттиқ деса ишонманг,

Гул баргидан нозикдур кўнгил.

Висолига етмоққа шошинг,

Аёлларга совға қилинг гул.

 

Мўъжизалар яшар шахтида,

Қадам қўйса гуллаб кетар чўл.

Учратсангиз сокин вақтида,

Аёлларга совға қилинг гул.

 

Баҳордаги дарё мисоли,

Ҳузурига доим изланг йўл.

Аёл эрур бахтнинг тимсоли,

Аёлларга совға қилинг гул.

 

Ҳаёт қадрин билди, Зурафо,

Симу зардан ортиқ экан дил.

Ёрингиздан кутсангиз вафо,

Аёлларга совға қилинг гул.

 

 

Зурафо НАРЗУЛЛАЕВА

СИЗГА ҚАНДАЙ ИФОРДАГИ АТИРЛАР МОС КЕЛАДИ?

Аёлларга тавсия

Неча-неча асрлар давомида сирли ифор олами одамларни ўзига ром этиб келган. Ҳозирги кунда ҳам бу сирли олам     ажойиботларидан фойлаланмаган ёки фойдаланишни истамаган аёллар бўлмаса керак. 20 аср охири ва 21 аср бошларида мутахассислар парфюмерия воситалари ишлаб чиқаришда лимон, апельсин, ананас, манго мевалари, шунингдек, атиргул, настарин, райҳон гуллари ҳидларидан кенг фойдаланиб келмоқдалар.

 Олимларнинг тавсияларига кўра, атир танлаётганда, уни салфетка, қоғоз ёки бошқа нарсага эмас, тўғридан-тўғри тананинг бир қисмига сепиб, ҳидини аниқлаш яхшироқ. Хўш, сизга айнан қайси ҳид тўғри келишини биласизми?

Бу борада бир гуруҳ олимлар, мутахассислар томонидан ўтказилган  тадқиқотлар давомида турли бурж вакилаларининг феъл-атворидан келиб чиқиб, қандай ифорли атирлар танлаш мақсадга мувофиқ эканлиги ҳақида тавсиялар ишлаб чиқилган. Қуйида ана шу тавсияларнинг қисқача тафсилоти эътиборингизга ҳавола этилади.

Қўй (21.03-20.04). Ушбу бурж вакиласига настарин, чиннигул, арчагул ҳидларини бериб турувчи атирлар мос келади. Бундан ташқари, ушбу бурж вакилалари кун давомида пардоз сувлари ва дезодорантлардан ҳам фойдалансалар бўлади.

Бузоқ (21.04-21.05). Ушбу буржнинг лобар вакилаларига хушбўй ўсимлик ва гуллардан магнолия, ясмин, наъматак, қизил атиргул ҳидлари мос келади.

Эгизаклар (22.05-21.06). Ушбу бурж вакилалари бир кунда турли хил атирлардан фойдаланишлари мумкин. Эгизаклар урфда бўлган атирлардан фойдаланишни яхши кўрадилар. Шунингдк, уларга гулсафсар, лаванда, гунафша, розмарин, ялпиз каби гуллар ифорини берувчи атирлар мос келади.

Қисқичбақа (22.06-23.07). Ҳамиша гўзал ва латофатли бўлишингизда сизга майин ҳидни бериб турувчи ясмин, райҳон атирлари ёрдам беради. Бундан ташқари, сиз нозик, нафис ҳидга эга бўлган пардоз сувларидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Арслон (24.07-23.08). Атир танлашда иккиланишни четга суриб, розмарин, ёронгул, лимон ҳидларини таратадиган атир ва дезодорантлардан бемалол фойдаланаверинг. Бундан ташқари, сизга барча турдаги ўсимлик ва гулларнинг ширин ифорлари ҳам мос келади.

Паризод (24.08-23.09). Ушбу бурж вакилалари кўпинча бир хил ифордаги атирдан фойдаланишни маъқул кўришади. Бу ҳам ёмон эмас, аслида. Аммо, цитрус меваларининг нафис ҳиди ҳам сизга мос келишини унутманг. 

Тарози (24.09-23.10). Сиз ўзига хос ифорларни ёқтирасиз. Шунинг учун ҳам атирларни  бошқаларнинг гапи билан эмас, ўз дидингизга кўра харид қиласиз. Аммо, сизга ўткир атирлар асло мос келмайди. Гулларнинг исини бериб турувчи енгил атирлардан фойдаланганингиз маъқул.

Чаён (24.10-22.11). Нафақат либосларингизни, балки, сиздан келаётган ифорни ҳам кузатиб юрувчилар талайгина топилади. Вақти-вақти билан ширин ва шарқ экзотикасига хос бўлган ҳидларни эслатувчи атирлардан фойдаланганингиз маъқул. Шунда таралаётган ифорлар сизни янада мафтункор қилади.

Ўқотар (23.11-21.12). Ушбу бурж вакилалари ишончли ва тажрибадан ўтган шарқона ифорларни хуш кўришади. Уларга атиргул, лаванда каби гулларнинг ҳамда мушки анбарнинг ҳиди мос келади. Шунингдек, апельсин, мандарин меваларининг ҳидини эслатувчи атирлардан фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқдир. 

Тоғ эчкиси (22.12-20.01). Ушбу бурж вакилалари атирларни вазиятга қараб бир маромда, авайлаб ишлатишни хуш кўришади. Сиз барча турдаги  хушбўй гиёҳлар, ширин мевалар асосида тайёрланган атирлардан фойдаланишингиз мумкин.

Қовға (21.01-19.02). Ушбу бурж вакилалари янги атирларни тажрибадан ўтказишни яхши кўришади. Шунингдек, атиргул, жасмин ва бергамот ҳидларини таратувчи атирлардан фойдаланганлари маъқул.

Балиқ (20.02-20.03). Сиз атир танлашни яхши биласиз. Сизга бинафша, ирис, атиргул, лаванда, акация гулларининг ифорини таратиб турувчи атирлар мос келади.

 

Зилола тайёрлади.

ВАГОН ОЙНАСИГА ШИКАСТ ЕТКАЗГАН ШАХС МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Қилмиш-қидирмиш

Узоғимизни яқин, оғиримизни  енгил қиладиган темирйўл тармоғи мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, ҳар томонлама қулай, хавфсиз, замонавий йўловчи поездлари ҳамюртларимиз эҳтиёжига мос.

Афсуски, темирйўл ўтган ҳудудларда  яшовчи айрим фуқароларнинг турли бебошликлар содир этаётгани дилни хира қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 121-моддасида локомотивлар, вагонлар, дарё ва ҳаво кемалари,    шунингдек, ҳамма турдаги махсус транспортларнинг ойналари ва ички жиҳозларига шикаст етказиш энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача жарима билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

Жорий йилнинг 16 январь куни соат 23.30 лар чамасида 62-сонли "Тошкент-Андижон" йўналишидаги йўловчи ташувчи поезд Қува-Асака темирйўл оралиғида ҳаракатланиб кетаётган вақтда номаълум шахс томонидан отилган тош йўловчи поезди ойналаридан бирига тегиб, шикаст етказган.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ мутахассислари томонидан тақдим этилган  маълумотномада 62-сонли йўловчи поездининг 6-вагони 9-ойнасига етказилган шикаст натижасида кўрилган зарар миқдори 1 миллион 98 минг 200 сўм эканлиги қайд этилган.

Вилоят ИИБ ТЖХТБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган шахс аниқланди.

Асака тумани Деватаги маҳалласида яшовчи Ў.С. воқеа содир бўлган куни Асака темирйўл бекати яқинидаги сойга балиқ тутиш мақсадида келади. Балиқ тутиб қайтаётганда, тезлик билан келаётган поезд қаттиқ сигнал чалганидан қўрқиб кетиб, жаҳл устида ўтаётган йўловчи поездга тош отиб юборади.

Фуқаро Ў.С. нинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаса-да, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 121-моддаси 1-қисмида кўрсатилган "вагон ойнасига шикаст етказиш" ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, ҳужжатлар маъмурий тартибда кўриб чиқиш учун Асака тумани Маъмурий судига юборилган.

Жасур ЭРМАТОВ,

Ўзбекистон ИИВ Транспортда ЖХТБ  ЙПКБ отряди

ходими, сафдор.

Адаҳамжон

АБДУЛЛАЖОНОВ,

 

вилоят ИИБ Транспортда  ЖХТБ  ХПГ инспектори, катта лейтенант.

ҲУШЁРЛИК - ДАВР ТАЛАБИ

"101" огоҳлантиради

Вилоят ИИБ ЁХБ ходимлари томонидан тунда инсонлар тунаб қоладиган даволаш ва таълим муассасаларида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида тунги рейдлар ташкил этилмоқда. Рейдлар давомида асосий эътибор навбатчиликда қолган ходимларнинг ҳушёрлигини ошириш, муассасаларда ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилинишини таъминлашга қаратилмоқда.

Вилоят ҳудудидаги 457 та тунги навбатчилик йўлга қўйилган таълим ва даволаш муассасаларида тунги рейдлар ўтказилганда, 31 маскандаги 31 нафар ходимнинг навбатчиликни ўташ қоидаларига амал қилмасдан, тунни ухлаш билан ўтказаётганлиги аниқланган.

Жумладан, 8 февралдан 9 февралга ўтар кечаси Андижон шаҳридаги Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи қоровули ўз хонасида электр иситгични ётоқ жойга яқин масофада жойлаштириб ухлаб ётганлиги, 11-умумтаълим мактаби қоровули ҳамда Андижон машинасозлик институти қоровуллари хоналарда ёнғин хавфсизлиги қоида ва талабларини қўпол равишда бузаётганликлари аниқланган.

Ўзбекистон Республикасининг "Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида" ги қонунига мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объект ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши учун шахсий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Зеро, ҳушёрлик давр талабидир.

Азизбек ЯРҚУЛОВ,

вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, лейтенант.