+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

МЕҲРИНГИЗГА ЗОР БЎЛДИМ, ОНАЖОН!

Дил туFёни

Дунёнинг жамики ғам-ғуссаларини тарозининг бир палласига қўйиб, иккинчи палласига тирноққа зор аёлнинг ноласини қўйганда, шу иккинчи палла босиб тушарди. Бу - менинг фарзанд кўрмай юрган кезлардаги фикрим эди. Етимлик, онасизлик юки ҳам тарози палласини бемалол босиб тушар экан. Буни фақат онасидан айрилганлар билади. Бундай оғирлик ўлчовини синаш ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Турмуш қурганимга беш йил бўлган бўлса-да, ҳамон фарзанд кўрмаётган эдим. Бир куни онам менга дедилар:

- Қизим, бугун тушимга кириб қолибсан. Қизлик бўлибсизлар, болам!

Севинчдан онамнинг кўзлари ёшланганди. Мен эса эътибор бермадим. "Бу бир туш-да", деб қўя қолдим.

Оллоҳнинг инояти билан ўша йили қизлик бўлдик. Онамнинг туши тўғри келганди.

Онажоним меҳнаткаш аёл эдилар. Бир куни йиқилдилар-у, дардманд бўлиб қолдилар. Кўргани борсам, яна тушларини айтиб, ўғил кўришимни башорат қилдилар.

Ҳаҳ онам-а! Жоним онам-а! Ўзлари не аҳволда ётибдилар-у, мени кемтик ҳаётимни ўйлайдилар. Яратган эгам ҳақиқатдан ҳам қизимиз қаторига ўғил берди.

Туғруқхонадан тўғри онамнинг олдиларига бордик.

Сарвқоматим онам! Лобарим онам, дилбарим онам! Не кўз билан кўрайки, онажонимни дард енгибди.

- Ўғилми?, - қувониб сўрадилар ўшанда.

- Ўғил!, - дедим йиғидан ўзимни аранг тўхтатиб.

Онажонимнинг кўзларидаги шу кунги қувонч бир умрга юрагимга муҳрланиб қолди.

Ўғлим беш ойлик бўлганида онажонимдан айрилиб қолдик.

Меҳрингизга қалбим зор бўлди, онам! Юрагим бутун эди, қанотим экансиз-у, билмабман. Онасизлик дардини сизни йўқотганимдан сўнг англадим. Мана, олти йилдирки, оналар ҳақида қўшиқми, шеърми эшитсам, юрагим тилка-пора бўлади. Болалигимда мени "оймома" деб чақирардингиз. Сиз менинг осмоним эдингиз. Осмонсиз оймома бўлар эканми, онажон!

Бир ҳамкасбим бўларди. Кўзи ёшли эди. "Намунча, арзимаган нарсага ҳам йиғлайверасиз-а?", дердим ажабланиб. Катта ўғлим кулганда раҳматли онамга ўхшаб кетади, шунда беихтиёр кўзимга ёш келади. Юрагимнинг туб-туби кемтиклигини сезаман. Ўрнини ҳеч бир неъмат билан тўлдира олмайман. Худди ўша бўшлиқдан ўз саволимга жавоб топаман. Мана, нима учун ҳамкасбимнинг кўзлари ёшли эканини энди англадим. У ҳам онасиз эди.

Кўзларимга аччиқ-аччиқ ёш келади. Юзларимни куйдириб оқади. Жавобсиз саволлар юрагимга ботади. Нега бизни ташлаб кетдингиз-а, онажон!

"Куюнма", деб куйдириб кетган онам-а. Бизни дуо қилиб юриб, ўзи дуоларга муҳтож бўлиб қолган онам-а.

Меҳнаткашим, мунисим бўлган, харидорим, мухлисим бўлган онажоним, бугун мен сизни тушимда кўрдим: ўша-ўша дилбарсиз, ўша-ўша лобарсиз. Оппоқ кийимдасиз. Орқага қарай-қарай, баландларга учяпсиз. Чақиряпман, бақиряпман, сиз эса қўлингизни силкиб-силкиб қўйдингиз. Ўз овозимдан чўчиб уйғониб кетдим. Ўзимга келгач, Яратган эгамдан сизни мағфират қилишини сўрадим.

"Оллоҳим, яккасан-ягонасан. Ўзинг Одил, ўзинг Қодир, ўзинг Раҳмонсан! Тиргагим бўлган, ғафлатимда сергагим бўлган онажонимнинг жойларини жаннатдан қилгин!"

Фарзанд - тириклик зийнати. Ота-она эса икки олам саодати. Онангиз ҳаётми, замондош? Агар ҳаёт бўлса, уларни ардоқланг! Гоҳо кенг дунё кўзингизга тор бўлади. Шунда онангизнинг дуо учун очилган кафтларидан дунёлардан топмаган меҳрингизни топасиз. Бошингизни унинг муборак кўксига қўйинг. Бўшаб қолган қучоғини тўлдиринг, армонларини ўлдиринг. Бир кун келиб болангиз: "йиқилмасин онам", деб, "букилмасин отам", деб тиргак бўлиб ёнингизда туради.

"Жаннат оналар оёғи остидадир", дейилади ҳадисда. Шундай экан, ота-оналаримизни тириклик чоғларида дуосини олайлик. Икки олам саодатига эришайлик.

 

 

Насибахон АБДУЛЛАЕВА