+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Яхшилар кўп дунёда

Янги китоб

    Ер айланар: ўрнида уй-жойимиз,

Чайқалмайди ҳатто, қуйган чойимиз.

Тинч-осуда ўтмоқда кун-ойимиз,

Хайриятки, яхшилар кўп дунёда.

Марҳаматлик шоир Эркинжон Мадолимов шеър, ғазал ва мухаммаслар, ҳикоялар, эртак ва достонлар ёзади. Унинг шеърларида теша тегмаган гаплар, шоирона ташбеҳларни учратсангиз, эртакларида эса ҳақиқат ҳамиша ғолиб, деган ҳаётий ҳикмат илгари сурилганлигига гувоҳ бўласиз. 

Нусрат Абдусалом раҳбарлигидаги "Ёғду" адабий мактаби аъзоси бўлган шоирнинг илк китоби 2014 йилда "Ошиқ хаёли" номи билан          нашрдан чиққан эди. 2017 йилда ижодкорнинг "Оқил билан Гулруҳ" ва "Синалган шаҳзодалар" деб номланган шеърий ва       насрий эртаклар тўпламлари чоп этилди.

Ижодкорнинг "Уйинг сиғдирсин", "Дастурхонда", "Айланар", "Кўзларга тортиқ", "Отажон" каби шеър ва ғазаллари таниқли санъаткорлар томонидан қўшиқ қилиб куйланмоқда.

Муаллифнинг "Яхшилар кўп дунёда" номли китобидан жой олган ўзига хос  шеърлари, ибратли масал, эртак-достонлари, шунингдек, ғазал ва мухаммаслари сиз азиз китобхонларга манзур бўлади, деган умиддамиз.

 

 

"Иқбол" таҳририяти

МАРКАЗНИНГ НАМУНАЛИ ФАОЛИЯТИ ХАЛҚАРО МИҚЁСДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

Хушхабар

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Андижон Машинасозлик институтида Марказий Осиё ва МДҲда биринчи бўлиб япон тилидан тест имтиҳонларини қабул қилувчи NAT-TEST маркази фаолият бошлаганлигидан кўпчиликнинг хабари бор. 

- Марказимизда Японияга ишга, ўқишга борувчилар япон тилини қай даражада эгаллаганликлари бўйича тест имтиҳонлари топширадилар, - дейди марказ раҳбари Акмалжон Эрматов. - Тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганларга белгиланган мезонлардан келиб чиқиб, турли даражадаги сертификатлар тақдим этилади.

Дарҳақиқат, илғор ва энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминланган марказда япон тилидан тест имтиҳонларини қабул қилиш жараёнлари билан боғлиқ барча ишлар юқори савияда, халқаро стандартлар талаблари даражасида олиб борилмоқда. Шу боис ҳам ўтган қисқа давр ичида марказ намунали фаолияти билан нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда эътиборга тушди. Хусусан,  Япониянинг Токио шаҳрида жойлашган Бош офис томонидан 2018 йил якунлари бўйича нашр этган ҳисоботда жаҳоннинг 15 та мамлакатида фаолият юритаётган 72 та тест марказлари орасида Андижон машинасозлик  институти қошидаги NAT-TEST "Энг намунали марказ"  сифатида эътироф этилди.

Марказда нафақат мамлакатимиз фуқаролари, балки қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳам тест имтиҳонларини топширишлари мумкин.

Айни кунда марказда тест имтиҳонлари топшириш учун зарур барча шароитлар яратилган. Ҳозирга  қадар 200 нафардан зиёд киши тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, тегишли сертификат соҳибига айланди.

 

Ибайдулло ТОЖИМАТОВ,

 

Андижон машинасозлик институти талабаси.

ҚАРО ЗУЛФИНГ ФИРОҚИНДА

З. М. БОБУР FАЗАЛЛАРИДАН

 

Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,

Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.

 

Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,

Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

 

Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдин гар алам бўлса,

Не ғам юз мунча ҳам бўлса, сенингдек ғамғусорим бор.

 

Агар муслиҳмен ар мусфид, ва гар ошиқмен ар обид,

Не ишинг бор сенинг зоҳид, менингким ихтиёрим бор.

 

Фиғоним ошди булбулдин, ғами йўқ зарра бу қулдин,

 

Басе Бобур, ўшал гулдин кўнгулда ҳорҳорим бор.

«ЖАМОЛИНГ ВАСФИ...»

Бир Fазал шарҳи

Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен...

Гўзал ва жозибадор мисралар билан бошланувчи ушбу ғазал муаллифи, буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур эканлиги барчага аён. Бу ғазал шайдоларининг қалбидан чуқур ўрин олган назм дурдоналаридан биридир.

Беш юз йилдан ортиқ вақтдан буён ўз таровати ва нафосатини йўқотмаган бу ғазал севимли ёр жамоли ва висолини бир кўришга ошуфтаю орзуманд бўлган ошиқ қалбидаги беғубор ва нафис туйғуларни ифода қилади.

Киндик қони тўкилган мўътабар юрт Андижондан тақдир тақозоси билан анча олисларда, ўзга маконларда яшаган Бобур жанггу жадаллардан, эл-улус ғалаёнларидан толиққан руҳига дам бермак важидан беихтиёр сокин ва узоқ хаёлга толади. Она юрти ёдига тушиб, унинг ўтмиш соғинчи қалбини ўртайди. Назаримда, ана шу соғинч унинг қўлига қалам      тутади:

Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен,

Не кун бўлғай висолингга мене дилхаста етгаймен.

Ўз юрти ва халқидан айро тушиб, ўзга ерларда макон тутган ошиқ шоир ўз ёрининг (мумтоз адабиётда ой, қуёш, гул образлари кўчма маънода ёр тимсолида берилади) гўзал жамолини соғинади, унинг таъриф ва тавсифини неча элу неча элатлардан эшитиб, қалби янада соғинч ва изтироб туйғусига тўлади. Бир замонлар хаёлини ўғирлаб, қалбига ишқ дардини солган севимли ёрини кўришни орзу қилади. "Қачон ул тотли кун келгайки, ҳижрон азобларидан қутилиб, висоли шавқига ошно бўлиб, оташин ишқинг билан хасталанган юрагим давою таскин топса", дея армон билан сўзлайди шоир. Fазал яна давом этади:

Тараҳҳум юзидин юзингни кўрмоққа буюрғайсен,

Хуш улким, оразингни кўргаймен, сўзинг эшитгаймен.

Ёр васлига интизор, йўлига мунтазир бўлган ошиқ ҳамиша ёридан раҳм-шафқат, висолига ваъда, ваъдага эса вафо кутади. Шу боис, ёрнинг ифорли қора сочларидек мусаллал - занжир силсиласига узилмас бир халқа бўлиб уланган байт мазмуни қуйидаги маъноларни англатиб турибди.

Гўзал маҳбубани, лоақал раҳм-шафқат важидан, яъни юзингни бир кўришликни менга лойиқ кўрганингда эди, мен ўзимни беҳад комрон, бахтли ҳисоблардим. Чунки гул оразингни кўриб, сеҳрли овозингни эшитиш менга ғурур ва чексиз шодлик бағишлайди. Бобур бу байтда тажнис санъатини қўллаб, "юз" сўзини икки хил маънода ишлатади. Fазалнинг навбатдаги байти шундай давом этади:

Итингдурмен, сочинг занжирини бўйнимга маҳкам қил,

Ки водийи фироқинг ичра қўрқаменки, йитгаймен.

Ошиқ ёр висолига етиш учун унинг барча қийноқ ва синовларига бардош беришга тайёр туради. Ошиқ камтар ва ҳокисор. Ёр васли йўлида, ҳатто, унинг ити бўлишдан ҳам ор қилмайди. Қандай бўлса ҳам ёрга етишиб, ёнида бирга бўлишни орзу қилади.

Йўқ, бу ерда Бобур ўзини итга ўхшатаётгани йўқ. Ёрга бўлган вафою садоқатини ит образи орқали ифода қилишга уринади. Дарҳақиқат, шундай. Мен сенинг итингман, сочинг занжири билан бўйнимдан маҳкам боғлаб ол, акс ҳолда мен фироқинг ичида йўқолиб қолишим мумкин. Мен шундан қўрқаман, дейди шоир. Бобур мен сенга бир умр вафодор, содиқ дўстман, демоқчи бўлади.

Тараҳҳум қилмасанг, ё, боқмай истиғно била ўтсанг,

Тазарруъ қилғаймен, ё йиғлагаймен, ўзга нетгаймен.

Агар маъшуқа вафодор ёр ҳолатига ачинмаса, ундан раҳм-шафқатни дариғ тутса, унда ошиқ аҳволи оғир кечиши аниқ. Шунинг учун дейди: агар менга раҳм-шафқат қилишни ўзингга эп кўрмасанг ёки таманно билан мени кўрсанг ҳам кўрмаганга олиб, бепарво ўтиб кетсанг, мен нима ҳам қилар эдим. У ҳолда сенга илтижо қилиб ёлворар эдим ёки ўксиниб йиғлар эдим, бошқа ҳеч нарса қўлимдан келмайди.

Ана энди ғазалнинг сўнгги байтига эътибор қилинг:

Муяссар бўлмаса бошимни қўймоқлик аёғига,

Бошимни олиб, эй Бобур, аёқ етганча кетгаймен.

дейди шоир ўзига ўзи.

Бу байтни шарҳлашга хожат йўқ. Чунки бу байт изоҳталаб сўзлардан холи, содда ва тушунарли ёзилган. Уни ўқувчи осонгина тушуниши, мазмунини ўзича ҳис қилиши мумкин.

Fазалда вафо вафосизликка, садоқат садоқатсизликка, меҳр-шафқат шафқатсизликка қарама-қарши қўйилган. Бу қарама-қарши образлар (ошиқ ва ёр) қиёфаси юксак маҳорат билан тасвирланган. Бобур ғазалининг сўнгги байтида тазод(контраст) санъатини қўллаб (бош-оёқ) фироқ ва   шафқатсизлик азоб-уқубатларини бошидан кечириб, пок инсоний ишқ оташида тобланган ошиқ руҳий кечинмаларини тўлароқ очишга муваффақ бўлган.

Ёр ва диёридан айрилиб фироқ азобини чеккан шоир қалбининг изтиробларини акс эттирувчи бу ғазал беш асрни ҳатлаб, бизгача етиб келиб, юракларни ларзага солган экан, яна неча-неча асрлар оша авлодлар қалбини забт этишга ва худди бугунгидек ошиқ юракларга чўғ ташлашига, севилиб ўқилишига шубҳамиз йўқ.

Нусрат АБДУСАЛОМ,

 

шоир.

ДИЛИСТОНИМ СЕН МЕНИНГ

Навоий ғазалига мухаммас

Эй, нигорим, қалбим ичра меҳрибоним сен менинг,

Гулизорим, ҳам баҳорим, гулистоним сен менинг,

Нури дийдам, шони шавкат, ширин оним сен менинг,

Гар жафо қил, гар вафоким, дилистоним сен менинг,

Гар мени ўлтир, агар тиргизки, жоним сен менинг...

 

Шодлигим ҳеч ерга сиғмас, йўқласанг, келсанг агар,

Ташласанг райҳону гуллар ҳуснига бир-бир назар,

Ёки булбулдек овозла менга етказсанг хабар,

Хоҳи раъно қад била борғил ёнимдин жилвагар,

Хоҳи кел қошимғаким, сарви равоним сен менинг...

 

Равшан эрди ёшлигимдин турфа аҳволим сенга,

Келдиму ортиқ малол ё юздаги ҳолим сенга,

Бевафолик қилмадим-ку, бахти иқболим сенга,

Кўнглим ичра сен сену ишқингни дей холим сенга,

Чун бу янглиғ маҳрами рози ниҳоним сен менинг...

 

Ўзгаларга сўз бериб, сен дилларимни тилма, айб,

Бевафо, деб тавқи лаънат тошини ҳам илма, айб,

Кўрганингда ўйнатиб кўз, мен ғарибдан кулма, айб,

Жилва айлаб ҳар замон, афғону оҳим қилма, айб,

Ҳам сен-ўқ чун боиси оҳу фиғоним сен менинг...

 

Бу ёруғ оламда жоним, сен ўзингсан меҳрибон,

Бир табассум айлагинки, бўлмасин бағрим хазон,

Ҳамда лаънат тошидин бу бошгинам қолсин омон,

Лаълидин бир-икки сўз мазкур қил, эй, хаста жон,

Бори бу бир-икки дамким меҳмоним сен менинг...

 

Баъзи дўстлар бирга бўлди қалбида кир, бошқа дил,

Тилларида бўлса-да дўст, кўзлари ўйнар, бахил,

Сен-чи, кўнглим айладинг шод, дилларим ободи, бил,

Телбалардин гарчи рад қилдинг мени, лек англағил,

Ким пари рухсорилардин танлағаним сен менинг...

 

Оразингнинг шуъласидин бенасиб қилма мани,

Ёки ҳижрон дорларига беайб илма мани,

Ё Раҳимийдек гуноҳкор банда деб билма мани,

Ўлди меҳрингдин Навоий, бевафо дебсан ани,

Эртаги нозик мижози бадгумоним сен менинг!

 

Олимжон РАҲИМОВ,  Асака тумани.

НАВОИЙНИНГ ОРЗУЛАРИ

фикр

Алишер Навоий ўз даврида жамиятдаги реакцион кучлар аёлларни ҳар тарафлама камситишига қарамай, уларни илмли, маърифатли, ҳунарли бўлишлари, айниқса, йирик давлат арбоблари бўлиб етишишларини орзу қилди ва ўз асарларида хотин-қизларнинг ҳаётдаги фаоллиги масаласига алоҳида аҳамият қаратди.

Жумладан, улуғ мутафаккир ўзининг "Фарҳод ва Ширин" достонида Меҳинбону тимсолини ўзи орзу қилгандай ҳар томонлама мукаммал, барча фазилатларни ўзида мужассамлаштирган, замонасининг етук раҳбари тарзида яратиб берди  (Меҳинбону -улуғ бека дегани бўлиб, унинг асл исми Шомира (Семирамида) бўлган. Тарихда унинг номи билан боғлиқ афсона ва ривоятлар жуда кўп.)

Меҳинбону маърифатпарвар, ўз ватанини, халқини чин дилдан севиб, ардоқлаган адолатли      ҳукмдор аёл тимсолидир. У ўз саройида истеъдодли қизларни тўплаб, уларни маънавий гўзаллик, маърифатпарварлик йўлида илм-фанни ривожлантиришларига ҳомийлик қилади:

Бири ашъор баҳри ичра ғаввос,

Бири адвор даври ичра раққос.

Бири мантиқ русумида рақамкаш,

Бири ҳайъат руқумига қаламкаш.

Бирининг шеваси илми ҳақойиқ,

Балоғатда бири айтиб дақойиқ.

Бири тарихда сўз айлабфасона,

Бири ҳикмат фани ичра ягона.

Ҳисоб ичра бирининг зиҳни ортиб,

Муаммода бириси от чиқориб.

Бу фанларда булар бир-биридан аҳсан,

Юз ул фанлиқ аро ҳар қайси якфан.

Дилором-у, Дилоро-ю, Дилосо,

Гуландон-у, Суманбў-ю, Сумансо.

Паричеҳру, Паризоду, Париваш,

Парипайкар зиҳи ўн исми дилкаш.

Фарҳод тоғ қазиш ишларини битириб, ариққа - "Наҳрулҳаёт" ("Ҳаёт ариғи"), сув омборига - "Баҳруннажот" ("Нажот денгизи") номини бериб, Меҳинбону саройига қайтди.

Меҳинбону Фарҳоднинг мардонавор бу ишлари шарафига саройда катта базм-зиёфат ташкил қилди. Базмга кўп одам йиғилди. Фарҳоднинг жасоратига қойил қолган Меҳинбону уни тахтга ўтиришга таклиф қилди ва ўзлари тахт пойига гиламлар тўшаб, қизлар билан давра олиб ўтирдилар. Меҳинбону қизларнинг ҳар бирига алоҳидадан савол бериб, улардан жавоб олди. Шу орқали у ўз даври қизларини зукко, оқила, билимли эканлигини намойиш       этади.

Алишер Навоий мазкур достон орқали қиз-аёлларни юксак тафаккур соҳибаси, илму заковатда беназир бўлишларини орзу     қилади.

Улуғ мутафаккирнинг қилган орзулари бизнинг замонамизга келиб амалга ошди, десак асло муболаға бўлмайди.

 Бугунги кунда ўзбек хотин-қизлари орасидан юзлаб олималар, фан арбоблари, ҳуқуқшунослар, ёзувчи ва шоиралар, бастакор-у қўшиқчилар, раққосалар-у мусаввирлар, фермерлар, ҳокимлар, врачлар-у муаллималар етишиб чиқди. Улар юрт, миллат равнақи йўлида меҳнат қилмоқдалар.    Халқимизни илмли, маърифатли, маданиятли, шунингдек, фаровон турмуш кечиришлари учун  фидойилик намуналарини кўрсатмоқдалар, эл-юрт эъзозига, ҳурматига мушарраф бўлмоқдалар. Бугун опа-сингиларимиз бўй-басти, камоли, эришаётган ютуқларини кўриб, улуғ бобомиз ҳазрат Навоийнинг орзу-армонлари рўёбга чиқди, дея бемалол айта оламиз.

Саидахон Хождаева,

Андижон педагогика коллежи педагогика кафедраси ўқитувчиси.

Меҳр ва эътибор дунёни қутқаради

Вилоятимиздаги маҳаллалардан бирида мактаб ўқувчиси бўлган қизнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар барчани ларзага солди. Аянчли воқеа содир бўлган куни Нафиса (исм ўзгартирилган) одатдагидек мактабга борган, аъло баҳолар олган. Мактабдан қайтгач, уйида ҳеч ким бўлмаган бир пайтда ана шу мудҳиш воқеа юз берди. Қиз нима учун ўзини осгани, жонига қасд қилгани фақат Яратганга аён..

 

Лоқайдлик фожиа келтиради.

 

..Cинфдошлари, ўқитувчиларининг таъкидлашларича, Нафиса одобли, аълочи, фаол ўқувчилардан бўлган. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган, мустақил ҳаёт остонасида турган ўсмир қизнинг орзуларидан воз кечиб, нега бундай қилгани ҳар қандай кишини ўйлантиради. Нима учун бу воқеа юз берди? Қандай муаммо Нафисани бундай йўл тутишга мажбурлади? Минг афсуски, бу каби саволлар биз учун энди жумбоқлигича қолади.

 Тўғри, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, Яратганнинг иродаси, тақдирдан қочиб қутилиб бўлмайди. Лекин эътиборли, хушёр ва огоҳ бўлганимизда, унинг юриш-туриши, саломатлигидаги салбий ўзгаришларни ўз вақтида пайқаб, ёрдам берганимизда балки қалбларимизни ларзага солувчи мусибатли воқеа бўлмаслиги мумкин эди.

Саноқли бўлса-да юз бераётган бу каби фожиа, мусибатлар бир оиланинг, маҳалланинг эмас, бутун бир жамиятимизнинг, миллатимизнинг фожиасидир. Бунда сизу биз, барчамиз бирдек айбдормиз. Чунки кимдир тарбияда адашди, биз буни билиб ўзимизни билмасликка олдик. " - Ҳой биродар, бундай қилишинг нотўғри", - дея уни огоҳлантирмадик, тартибга, хушёрликка чақирмадик. Ёки, қизимиз, дугонамиз, синглимиз ёки опамиз руҳий тушкунликка тушиб, изтироб чекяпти. Саломатлиги яхши эмас. Бунга ҳам эътибор бермадик. Ишимиз кўп. Ундан «аҳволинг қалай», - деб сўрашга вақт топа олмадик. Оқибатда нима бўлди? Фожиа, мусибат!

Юз берган воқеа барчани бирдек ташвишга солгани аниқ.                                             

- Мамлакатимизда хотин-қизларнинг оиладаги, жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш, мустақил ҳаёт остонасида турган қизларни турмушга тайёрлаш, ёшларимизнинг ўз иқтидор ва имкониятларини рўёбга чиқаришларига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бир пайтда ўз жонига қасд қилишдек ҳолатнинг юз берганлиги ниҳоятда ачинарли, - дейди Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зилола Тоштемирова. - Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун муаммонинг туб илдизини ўрганишга, айниқса, муаммоли оилалар, руҳий тушкунликка тушиб қолган қиз-аёллар билан бевосита иш олиб боришга, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

 Бўлиб ўтган воқеа маҳалла, мактаб жамоаси, хотин-қизлар қўмитаси, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Тегишли хулосалар чиқарилди. Бироқ лоқайдлигимиз қурбони бўлган қизимиз энди ҳаётга  қайтмайди. Муштипар она, унинг жигарлари бир умр армон доғида қолди.

 

Суицид нима?

 

Ўз жонига қасд қилиш расмий тилда "суицид" (лотинча. sui caedere - ўзини ўлдирмоқ) деб аталади. Айни кунга келиб суицид дунё бўйича глобал муаммолардан бирига айланмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти берган баёнотга қараганда, ҳар йили жаҳонда 800 минг нафардан ортиқ киши ўз жонига қасд қилар экан. Бу қарийб ҳар 40 дақиқада бир киши ўз жонига қасд қилишини англатади. Таҳлилларга кўра, ўз жонига қасд қилганларнинг аксарияти 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган шахслар ҳисобланади.

Ҳаёт - Яратганнинг инъоми, тириклик ўзи бир мўъжиза.  Ширин ҳаёт остонасида турган қиз ёки аёлнинг бундай бебаҳо неъматдан воз кечишини ҳеч бир дин, ҳеч бир қонун оқламайди. Қолаверса, аёл ҳаётнинг давомчиси, авлодлар яратувчисидир. У ўз ҳаётини завол қилмаслиги, чекидаги ана шу хайрли ишни адо этиши керак.

- Ўз жонига қасд қилиш жаҳолатдан бошқа нарса эмас, - дейди ҳуқуқшунос Дилшода Раҳмонова. - Бу ҳаётнинг қадрига етмаган, яшашни истамаган, атрофдагилардан норози шахснинг тушкунликка тушган, руҳан толиққан пайтида содир этган ҳаракатидир.

Аксарият ҳолларда киши ўзини англамаган ҳолда суицид ҳолатини содир этади. Лекин унутмайликки, бу ҳол ҳеч қачон ўз-ўзидан содир бўлмайди, ақли расо инсон тўсатдан бундай ишга қўл урмайди. Унга турли сабаб ва муаммолар, атрофдагиларнинг таъсири, айниқса, узоқ вақт руҳий тушкунликда юриши  сабаб  бўлиши мумкин.

Бугунги кунда бир қатор мамлакатларда ўз жонига қасд қилишга уринган шахслар жазога тортилади. Бундан ташқари, шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига олиб келувчи ҳаракатлар ижтимоий хавфли жиноят, дея баҳоланиб, унга нисбатан жуда кўп давлатлар Жиноят кодекси ва қонунларида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Суицид ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда асосан, носоғлом оилавий муҳит, ажримлар, ёлғизлик, руҳий тушкунлик, моддий етишмовчилик, оила аъзоларининг салбий муносабати, рад этилган севги, бедаво касаллик, ота-она ўртасидаги мунтазам жанжалларнинг фарзандларга руҳий таъсири сингари омиллар туфайли юзага келганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, турли ижтимоий қатламлардан чиққан боланинг тенгдошлари олдида ўксиб қолиши, оилавий низо ва босимлар, қўпол муносабат ҳамда беписанд бўлиш, муаммолар олдида ожиз қолиш сингари омиллар ҳам кишини ўз жонига қасд қилишга етаклаши мумкинлигини унутмаслик керак.

 

Ҳар ишда меъёр бўлсин

 

Қанчалик оғир бўлмасин, ўз жонига қасд қилган марҳуманинг оила аъзолари, яқинлари, қўни-қўшни, қариндош уруғлари билан гаплашишга, фожиа сабабларини таҳлил қилишга уринамиз. Жигарбанди вафотидан абгор онаизордан гап олиш жуда мушкул. Нафисанинг онаси йиғлай-йиғлай, сўнгги ойларда фарзанди руҳиятида ўзгаришлар содир бўлганини сезганини, аммо эътиборсизлик қилганини айтиб, надомат чекмоқда.

- Унга эътибор қаратганимда, руҳшуносга, шифокорга олиб борганимда балки, қизим тирик қолармиди?

...Жудолик азобида ёнаётган онанинг кўнглини кўтаришга, унга тасалли беришга уриндик. Бундай мусибат ҳеч кимнинг бошига тушмасин, Аллоҳ онаизорга сабр берсин. 

Шу ўринда яна мулоҳазалар туғилаверади. Хўп, она, оила аъзолари эътиборсизлик қилибди. Лекин қизнинг ҳолатини, унда бўлаётган ўзгаришларни наҳотки, унинг дугоналари, устозлари, мактаб психологи пайқамаган бўлса? Бу гапларни айтишдан мақсад, кимнидир айбдор қилиш эмас. Фақат шу қадар лоқайд, ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолаётганимиз қалбимга оғриқ беради.

Яна ёшлар тарбияси борасида ҳам хато ва камчиликларимиз борлигидан кўз юммаслигимиз керак. Айрим ёшларда қийинчиликларни бардош билан енгиб ўтиш, сабрли бўлиш, нима савобу, нима гуноҳ эканлигини англаш кўникмасини назаримда етарли даражада шакллантира олмаяпмиз. Бундан ташқари, таълим муассасаларида диншунослик асослари талаб даражасида ўқитилмаслиги, мактабда ҳам, оилада ҳам тарбия билан боғлиқ миллий ва диний қадриятларимизга у қадар эътибор қаратилмаётганлиги, ёшларнинг виртуал олам таъсирига тушиб қолаётганликлари ҳам турли кўнгилсизликларга эшик очиб бермоқда.

Минг афсуски, бугун  ёшлар, айниқса, қизларимиз зиммасига ихтиёрий-мажбурий тарзда кўп вазифалар юклаб қўйганмиз. Уларнинг ҳар бир куни зўриқиш, қатъий тартиб билан ўтмоқда. Яъни, эрталаб фарзандимиз мактабга боради, дарсларини тамомлаб, апил-тапил тушлик қилади. Кейин бир эмас, икки репититорга бориши керак. Бу орада уй ишларини ҳам бажаради. Кечги ишлардан бўшаб, яна бир маҳалгача дарс тайёрлайди. Бундай зўриқиш айниқса, қиз бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Унутмайлик, ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши.

 

Ўз жонига қасд қилиш - улкан гуноҳ

 

Инсон борки, унинг бошига турли мусибат ва муаммолар тушиши табиий ҳол. Бу мусибатларга сабр қилиш ва уни енгиб ўтиш ҳақиқий мусулмон инсоннинг ишидир. Бирор синов келса, осмону фалакни бошига кўтариб айюҳаннос солиб, дод-фарёд қилиш, ҳаётдан норози бўлиб, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан "осонгина" қутилишнинг ягона йўли деб билиш - имоннинг заифлигидандир. Муқаддас динимиз таълимотларида ҳам ўз жонига қасд қилиш қаттиқ қораланади. Бу ҳақда вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова шундай дейди:

- Абу Ҳурайра (р. а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ(с.а.в.)бундай дейдилар: "Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади" (имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 Минг афсус ила зикр қилиб ўтиш лозимки,  ўз жонига қасд қилишдек мудҳиш ҳолат Ислом шариатида қоралангани баробарида Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига ҳам туғён қилиш саналади. Бундай гуноҳга қўл урган банда ота-онаси, жигарларини ҳам оғир кулфатга солиб қўяди. Қолаверса, уламолар томонидан  ўзини-ўзи ўлдирган бандаларга жаноза намозини ўқимаслик тўғрисида фатво берилган.

Демак, инсон бу синов дунёда бошига келадиган қийинчилик ва машаққатларга бардош бера олмай, Яратганнинг умр деб аталган буюк омонатига хиёнат қилиши улкан гуноҳ бўлиши билан бирга,  муаммонинг ечими ҳам бўлмас экан.

 

Меҳр ва эътибор дунёни қутқаради                                               

 

Яқинда бир танишимдан рўй берган бахтсиз бир ҳодиса ҳақида эшитиб қолдим. Икки фарзанди бор аёл болалари билан бозордан қайтаётганда, автоаварияга учраган. Юқори тезликда келаётган "Нексия" қарши томондан келаётган юк автомобили билан тўқнашиб кетган. Фалокат оний лаҳзаларда юз берган, ҳайдовчи, унинг ёнида ўтирган йўловчи ва орқа ўриндиқдаги болали аёл воқеа жойида ҳаётдан кўз юмганлар. Мўъжизани қарангки, норасидаларнинг бирон жойига шикаст ҳам етмаган. Айтишларича, аёл иккала фарзандини маҳкам қучоқлаб, тўқнашув пайти болаларини бағри билан тўсиб қолган экан...

Воқеадан жуда таъсирландим. Гарчи аёлни танимасам-да, ҳаққига дуо ўқидим. Мен исмини ҳам билмайдиган, ҳали 30 га ҳам етмаган бу жувон фидойи она тимсолини, ҳақиқий Оналар қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб кетди. Жисму жонидан яралган жигарбандларига яна бир марта ҳаёт ато этди.

Бугун ҳамма ота-она ҳам фарзандларига фидоийлик кўрсатяптими? Гўдаклигида-ку эркалатиб ўстираяпмиз, аммо катта бўлгач, ота-она ва  фарзандлар ўртасидаги муносабатларда бўшлиқлар пайдо бўлмаяптими? 

- Бугун кўп ота-оналар ўз фарзандини эшитмайди, фарзанди билан самимий суҳбатдош бўлмайди, - дейди амалиётчи психолог Неъматхон Йўлдошева. - Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг асосий сабаби ҳам ота-она ва фарзанд ўртасида катта жарлик мавжудлигидир. Ота-она бола тарбиясини таълим муассасаларига юклаб қўймоқда. Ваҳоланки, ўсмирлар асосий вақтини уйда, оилада ўтказади, тарбияни, ҳаёт кўникмаларини энг аввало оиласида олади. Бу жараёнда ота-она унга дўст бўлиши керак. Афсуски, биз - катталар дилбандимизга дўст, сирдош бўла олмаяпмиз, уларга керакли меҳрни беролмаяпмиз.

Таълим муассасаларида фаолият юритаётган психологлар ҳар бир болага эътиборли бўлиши ҳам жуда муҳимдир. Ўқитувчи, синф раҳбари болада қандайдир ўзгариш сездими,  у билан дўстона суҳбатлашиши, унинг ҳолати, руҳияти билан албатта, қизиқиши керак.

 "Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, иллат излаганга иллатдир дунё", деган пурмаъно гап бежиз айтилмаган. Ҳар биримиз ўз ташвишу ўйларимиз билан бандмиз. Лекин ёнимиздаги, атрофимиздаги инсонларга озгина эътиборли бўлсак, керак пайтда уларнинг ҳол-аҳволини сўрасак, энг муҳими меҳр берсак, ўз жонига қасд қилишдек иллатнинг олдини олган бўламиз. Дунёни меҳр аталмиш туйғу қутқаришини, ўз жонига қасд қилган инсон эса дўзах азобига маҳкум эканлигини  асло унутмайлик.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Мақсадимиз оилаларни бахтли ва фаровон бўлишини таъминлаш, - дейди мутахассис Матлубахон Абдуллаева.

Мутахассислар фаолиятидан

Халқимиз азал-азалдан маҳаллани тарбия ошиёни, миллий қадриятларимизнинг бешиги, деб билган.  Қолаверса, инсон ҳаёти туғилганидан бошлаб, то сўнгги манзилга кетгунига қадар маҳалла билан узвий алоқадор. Айни кунда маҳалланинг нуфузини  ошириш, ваколатларини янада кегайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас.

Жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш маҳалла фаоллари, умуман, кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардандир. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари фаолияти эътиборга молик. Улар хотин-қизларимизнинг яқин кўмакчиси сифатида опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги нуфузини ошириш, оилаларини мустаҳкамлаш бўйича ибратли ишларни олиб бормоқда. Ана шундай аёллардан бири Бўз туманидаги Янгиобод маҳалла мутахассиси Матлубахон Абдуллаевадир.

Матлубахон опа тумандаги 15-умумтаълим мактабида қарийб 38 йил ҳалол меҳнат қилди. Шу боис, унинг мутахассис сифатида иш бошлаши қийин кечмади. Чунки, ўзи истиқомат қилаётган маҳалла ва маҳалладошлари ҳақида етарлича маълумотга эга эди. Қолаверса, бутун маҳалла аҳли опани педагог-устоз сифатида ҳурмат қилади. Табиатан оғир-вазмин, мулоҳазали бу аёл ҳар тонг ишга киришаркан,  олиб бориладиган ишларни режа асосида бошлайди. Маҳалла айланиб, ҳар бир аёл билан суҳбат қуришга, бу орқали уларнинг кўнглига кириб боришга ҳаракат қилади. Айниқса, кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор хотин-қизлар холидан хабар олиш унинг биринчи галдаги  вазифасига айланган.

- Олиб бораётган фаолиятимиз кишидан катта масъулият талаб этади, - дейди Матлубахон опа. - Кўпчилик билан ишлаш осон эмас. Айни дамда маҳалламизда 4 минг 300 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бири алоҳида дунё. Кимгадир қаттиққўл, талабчан бўлиш, яна кимгадир самимий муносабатда бўлиш керак. Шундагина ишлар кўнгилдагидек кетади.

Маҳалламиз раиси Раҳмонали Абдужалилов бошчилигидаги жамоамиз ҳамжиҳатликда, хизмат вазифамизга сидқидилдан ёндашамиз. Биринчи      навбатда, фуқаролар мурожаатлари обдон ўрганилади. Мавжуд муаммоларни маҳаллага бириктирилган тегишли ташкилот ва муассасаларнинг ходимларига етказамиз, соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда муаммоларга амалий ечим топишга ҳаракат қиламиз.

Туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари, қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамширалари билан ҳамкорликда аҳоли саломатлигини сақлаш,  соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича мулоқот ва давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказиб борилади.

Ногиронлиги бор, оғир шароитларда яшаётган аёллар рўйхати шакллантирилиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Донохон Давидова, Зулфизар Қорабоева, Нуринса Хўжаниёзова, Наргиза Мусаевалар имтиёзли равишда саломатликларини тикладилар. Бувинсо Маматова, Нуринсо Хўжаниёзоваларга эса ногиронлик аравачалари берилди.

Матлубахон опа ҳар бир оила билан бевосита иш олиб боришга ҳаракат қилади. Профилактика инспектори Муроджон Жўраев, қайноналар кенгаши раиси Ўринхон Солижонова, отинойи Шаҳринса Норматова, имом-ҳатиб Абдукарим Мелибоев, дастурхончи Гулнорахон Холматовалар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ижобий самаралар бермоқда. 

Ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга ёрдам кўрсатиш, оилавий низоларни бартараф этиш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, ажримларга йўл қўймаслик ишлари доимий назоратга олинган.

Яқинда маҳаллада ажрим ёқасида турган 2 оила яраштирилганлиги мутахассис Матлубахон опанинг саъй-ҳаракатлари самарасидир.

- Оилаларни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Чунки, асосий мақсадимиз жамиятнинг кичик бўлаги бўлган оилани бахтиёр ва фаровон бўлишини таъминлашдир.

Опа маҳаллада атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Айниқса, ҳар бир хонадон соҳибасидан уйи ва кўчасини озода, саранжом-саришта тутишни талаб қилади, бу борадаги ишларга ҳамиша бош-қош бўлади.

Маҳаллада ишлаш кишидан катта тажриба, сабр, қаноат, куч-қувват талаб этади. Маҳалла-кўй ишига камарбаста бўлиш, одамларнинг мушкулини осон қилиш, муаммоларини ҳал этишга ёрдам бериш хайрли иш. Ана шундай хайрли ишларни олиб бораётган Матлубахон опанинг фаолияти янада самарали бўлишини тилаб қоламиз.

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,

 

Бўз тумани.

Ахборот-ресурс марказлари фаолиятига илғор иш услублари кириб бормоқда

З.М. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида "Ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятида янги инновацион лойиҳаларни такомиллаштириш ва кенг оммалаштириш" мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган семинарда ахборот-ресурс марказлари раҳбар ва мутахассислари, босма оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари, ахборот-кутубхона марказлари хизматларидан фойдаланувчилар иштирок этиб, мавзу доирасида ўзаро фикр алмашдилар. Бу борада вилоятда амалга оширилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама этилди.

- Фаолиятимизга илғор, инновацион лойиҳаларни татбиқ этиш айни кунда олдимиздаги муҳим масалалардан бири, - дейди З.М.Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнорахон Исмоилова. - Бу ахборот етказиб бериш сифати ва тезкорлигини ошириш, қолаверса, аҳоли, айниқса, ёшларимизни кутубхоналарга янада кенгроқ жалб этиш имконини беради. 

Семинарда "Ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишда янги инновациялар", "QR-кодли  китоблар, мультимедиа, буктрейлер ва GIFларни тайёрлаш технологияси", "Ахборот-кутубхона муассасалари жамғармасини электрон ресурслар билан   бойитиш" сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди. 

Иштирокчилар томонидан маърузалар, мавзу доирасидаги ишларни такомиллаштириш, самарадорлигини янада ошириш, хусусан, туманлар марказлари, чекка қишлоқларда ҳам аҳолини электрон шаклдаги ахборотлар, адабий-бадиий адабиётлар билан таъминлаш, шунингдек, соҳа мутахассислари билим ва малакасини янада ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Найме МЎЙДИНОВА,

 

АКМ етакчи кутубхоначиси.

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК кенг имкониятлар эшигини очади

Асака Озиқ-овқат касб-ҳунар коллежида "Оилавий тадбиркорлик - ёрқин келажак" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Мамлакатимизда "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан жорий йил 25 январдан 5 февралга қадар ўтказилган "Фаровон оила - жамият равнақининг асоси" мавзусидаги тарғибот ўн кунлиги доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассислари, тумандаги Эргашобод, Неъматобод, Янгисор, Файзобод маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган зиёли, ибратли ҳамда ёш оилалар вакиллари, мазкур ҳудудда жойлашган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

 Давра суҳбатида оилаларни мустаҳкамлаш, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, айниқса, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш, аҳоли, хусусан, хотин-қизлар турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар  кўламини кенгайтириш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди. 

Айни кунда туманимизда 79 минг 400 дан зиёд оила мавжуд бўлиб, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уларнинг ҳар бири билан бевосита иш олиб боришга харакат қиляпмиз. Айниқса, оила бюджетини мустаҳкамлаш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали оилалар турмушини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш  ишлари самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида туманимизда 26 оила рўйхатдан ўтиб, тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади.

Шунингдек, тадбирда иштирокчилар томонидан оила, никоҳнинг муқаддаслиги, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилани мустаҳкамлашда қайнота ва қайнонанинг ўрни, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, оила ва тарбия билан боғлиқ миллий қадриятларимизни мустаҳкамлаш хусусида таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 Давра суҳбатида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, оилавий бизнесни йўлга қўйиш бўйича иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди.

Вилоятимизда "Фаровон оила - жамият равнақининг асоси" мавзусидаги тарғибот ўн кунлиги доирасида меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида кўплаб қизиқарли тадбирлар ўтказилди.

Оминахон ИБРОҲИМОВА,

"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Асака туман бўлими раҳбари.