Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Андижон шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган 120 хонадондан иборат 4 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ва бошқалар мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда миллий армиямизнинг жанговор салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидладилар.
Янги уйларнинг берилиши ҳарбий хизматчилар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Янги уйга кўчиб кирган оилалардан бири Пахтаобод тумани, Себзор маҳалласида яшовчи, сержант Дилмурод Тожибоев оиласидир. У ҳозирда Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат вазифасини ўтамоқда. Янги уй берилганидан унинг ва турмуш ўртоғи Мавлудахон Тожибоеванинг қувончи чексиз.
Барпо этилган янги уйлар ҳудудида болалар майдончаси, савдо дўконининг қад ростлаганлиги ҳам яшовчиларга катта қулайликлар яратади.
Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов янги уйлар калитини ўз эгаларига топширди.
Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизими такомиллаштирилмоқда
Шиддат билан тараққий этаётган давлат билимга чанқоқ, юқори салоҳиятли ёшларга кўпроқ эҳтиёж сезади. Шу билан бирга, ёшларга олий таълим олиш борасида қанчалик кўпроқ имтиёз ва имкониятлар яратилса, давлат, жамият ва фуқаро ҳам шунчалик манфаатдор бўлади. Негаки тараққиёт асоси юксак салоҳиятли, кенг дунёқарашли, тоза мафкурали, ватанпарвар ёшлар ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳам таълим соҳаси ривожланган сари ёшларимизнинг олий маълумотли касб эгаси бўлиш истаги тобора ошиб бормоқда. Шулар ва хорижий давлатларнинг таълим соҳаси тажрибасини ўрганиш натижалари ёшларимизга янада кенг имкониятлар яратиш эҳтиёжини келтириб чиқармоқда. Шуларни инобатга олиб, ушбу қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга Президентимизнинг Олий Мажлис депутатларига қилган Мурожаатномаларида қайд этилган ва “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида ўз аксини топган ўзгаришлар доирасида ишлаб чиқилган таклифлар киритилди, шунингдек, етакчи хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш натижалари ҳисобга олинган.
Қарор лойиҳасига келсак, унда қуйидагилар назарда тутилмоқда:
Аввало айтиш керакки, 2019/2020 ўқув йилида 744 000 нафардан ортиқ ўқувчи мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тугатади. Агар таълим муассасаларини олдинги йилларда битирганлар билан биргаликда ҳисобласак, жорий ўқув йили қабулида тахминан 1 300 000 нафарга яқин абитуриентлар олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириши кутилмоқда. Бу улкан рақам.
Ташкилий жиҳатларнинг кўп вақт ва куч талаб қилиши, абитуриентлар сонининг кескин ортиши муносабати билан олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказиш таклиф этилмоқда, шунингдек, тест синовларини 2018 йилдаги тажрибадан келиб чиқиб, катта сиғимли бино ва иншоотларда ўтказишни давом эттириш режалаштирилмоқда. Шу жойда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Абитуриентга ўзи рўйхатдан ўтадиган, аниқроғи, доимий истиқомат жойда тест синовида иштирок этиш имконияти яратилмоқда. Масалан, абитуриент Андижон вилоятидан бўлиб, Ўзбекистон миллий университетига кириш учун ўша ердаги Давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтган бўлса, абитуриент тест синови жараёнида Тошкент шаҳрига келмай, Андижон шаҳрининг ўзида тест синовида иштирок этади. Бу ортиқча вақт, маблағ сарфланишининг, сарсонликларнинг олдини олади. Бундай ҳолат бизда олдин кузатилмаган эди.
Булардан ташқари, биринчидан, абитуриент бир вақтнинг ўзида 3 та таълим йўналишида (учтагача олий таълим муассасасида фанлар мажмуасига мувофиқ келувчи жами учта таълим йўналишида) танловда иштирок этиши белгиланмоқда. Бунда учтагача таълим йўналишини танлашда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва уларга балл бериш кетма-кетлигининг мослиги эътиборга олинади.
Аниқроқ айтганда, абитуриент жорий ўқув йили қабули учун ўтказиладиган кириш тест синовларида Математика (3.1 балл), физика (2.1 балл), Она тили ва адабиёт (1.1 балл) фанларидан иборат бўлган 3 та таълим йўналишини, масалан, ЎзМУнинг “Математика”, ТДТУнинг “Энергетика” ва Урганч давлат университетининг “Математика” таълим йўналишларини танлаши мумкин.
2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб эса абитуриент Биология (3.1 балл), Кимё (2.1 балл), Она тили (1.1 балл), Математика (1.1 балл), Ўзбекистон тарихи (1.1 балл) фанларидан иборат бўлган 3 та таълим йўналишини, масалан, ЎзМУнинг “Биология”, ТТАнинг “Даволаш иши” ва БухТИнинг “Педиатерия иши” таълим йўналишларини танлаши таклиф этилмоқда.
Иккинчидан, олдинги ўқув йиллари қабули учун ўтказилган кириш тест синовлари таҳлилларига кўра абитуриентлар орасида умумтаълим фанларидан битта ёки иккита фанни чуқурроқ ўзлаштиришга ҳаракат қилаётганлар сони ошиб бораётганлиги кузатилмоқда. Бу ҳолат абитуриентларнинг бошқа умумтаълим фанларига бўлган қизиқиши пасайишига, бу фанлар бўйича фикрлаш доираси паст даражада бўлиб қолиш эҳтимолининг ошиб боришига сабаб бўлади.
Ўрганилган ҳалқаро тажрибалар натижаларига таяниб айтганда, кўпгина давлатларда абитуриент олий таълим муассасасига киришда бир нечта фандан тест синови топширади, масалан:
АҚШда 3 та +қўшимча фанлар (математика –мажбурий фан сифатида); Жанубий Кореяда – 4 та фан (она тили, математика, инглиз тили -мажбурий фан, 1 та касб билан боғлиқ фан);
Россияда 3 ёки 4 та фан (рус тили ва математика мажбурий фан); Хитойда 3 та+бир нечта (хитой тили ва адабиёти, математика, чет тили – мажбурий фан, битта ёки бир нечта касб билан боғлиқ фанлар);
Туркияда 1-босқичда 10 та фан мажбурий, 12 та фан (танланма асосида) (мажбурий фанлар таркибидаги математика ва турк тили асосий ҳисобланади);
Қозоғистонда 5 та фан (3 та мажбурий: математика, қозоқ тили (рус тили), Қозоғистон тарихи);
Озарбайжонда 5 фан (математика ва она тили - мажбурий фан сифатида) топширади. Бу дунё таълим соҳасида кенг тарқалган ҳолат.
Кўринадики, барча ҳолатларда тил ва математика фанлари иштирок этмоқда. Қолаверса, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, болаларимиз кейинги пайтларда ўзи танлаган таълим йўналишига оид фанлардан яхши тайёрланиб, бошқа умумтаълим фанларини ташлаб қўймоқдалар. Бошқа фанларни “менга керак бўлмайди” деб ҳисоблашади, яъни ортиқча “юк” деб қабул қилмоқдалар. Бундай ҳолат таълимда яхшиликка олиб келмайди. Ахир, юқори даража ривожланаётган давлатда юқори салоҳиятли кадрлар жуда-жуда муҳим. Тараққиётнинг бирламчи талаби бу. Ўйлаб кўринг, техника, тиббиёт таълим йўналишларини танлаган ёшларда она тилиси, тарихи билими жуда паст бўлса, улар қандай қилиб халқаро мезонга, халқаро стандартларга жавоб беради, қандай қилиб халқаро ҳамкорлик олиб бора олади. Ахир улар эмасми, халқаро даражада фаолият олиб борганда, биринчи навбатда ўз мамлакати манфаати, шаъни, обрўйи доирасида иш кўрадиган, улар эмасми халқаро ҳамкорларга юрти тарихи ҳақида гапириб берадиган, қизиқтирадиган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб:
тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, 1-бўлимга барча тест топширувчи абитуриентлар учун мажбурий 3 та фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш таклиф этилмоқда. Мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади. Тест топшириладиган фанлар мажмуасини шакллантиришдан олдин, албатта, кенг жамоатчилик ва мутахассисларнинг фикрлари ўрганилади.
Учинчидан, энг юқори баллнинг 30 фоиз ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга фанлар бўйича тест синовлари натижалари акс этган ва 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат бериш тартибини жорий этиш масаласи киритилди. Ушбу тартиб доирасида сертификатга эга бўлган, жорий йилда ўқишга тавсия этилмаган ёки ўқишни хоҳламаган абитуриентлар, хоҳишига кўра, кейинги 2 йилда бўладиган тест синовларида иштирок этмаслиги ва сертификатдаги балл бўйича белгиланган муддатда ва тартибда танловларда тўловларсиз иштирок этиш имконияти таклиф этилмоқда. Бу абитуриентга ўқишга кириш имкониятини янада кенгайтиради.
Тўртинчидан, таҳлиллар натижасига кўра, таълим муассасаларида, ташкилот ва корхоналарда айрим ёшларимизнинг ёзиш кўникмаси талаб даражасида эмаслиги (ҳатто оддий ариза ёза олмаслиги) жиддий ўйлашга сабаб бўлаяпти. Шу боис, келгуси ўқув йилидан бошлаб ёшларнинг ёзиш кўникмаларини аниқлаш мақсадида “Ўзбек тили”, “Рус тили”, “Қорақалпоқ тили” фанлари бўйича алоҳида синовларни ташкил этиш таклиф этилди. Ушбу тест синовлари давомида тўпланган балларни кириш тест синовларида ҳам ҳисобга олиш режалаштирилмоқда.
Бешинчидан, жорий йилдан бошлаб барча абитуриентларни тест синовлари ва танловда иштирок этиши учун ўзлари истиқомат қиладиган жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтказиш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда тайёрланаётган ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланаётган алоҳида “Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти” асосида тартибга солинади.
Олтинчидан, маълумки, хорижий давлатларда барча кириш тест синовлари тўлов асосида ташкил этилади. Таҳлиллар асосида аниқланишича, тест синовларига тайёргарлик кўрмасдан келаётганлар, тест топшириш жараёнида кимнингдир ёрдамини кутаётганлар учрамоқда. Ҳар йили тест синови бошлангандан кейин 30% га яқин абитуриент 0.5 соат ичида тест жараёнидан чиқиб кетмоқда. Шу билан бирга, давлатнинг тест жараёнларини очиқлиги, шаффофлиги ва холислигини таъминлаш учун катта миқдордаги маблағларни сарфлашга тўғри келмоқда.
Таклиф этилаётган қарор лойиҳасига мувофиқ олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорида йиғим жорий этилмоқда (тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, I ва II гуруҳ ногиронлар бундан мустасно). Ушбу йиғимлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Жорий йил битирувчилари учун тест синовлари давлат ҳисобидан ўтказилиши белгиланмоқда.
Жамоатчиликка бу йиғимлар абитуриентларнинг ўзларига қайтишини тушунтира олишимиз керак. Масалан, маблағларнинг қайтиши уларга яхши шарт-шароит яратиш, айнан биноларни тайёрлаш, тартиббузарликларни аниқлайдиган, олдини оладиган техника воситаларини қўллаш, биноларнинг мўътадил ҳароратини таъминлаш, сув, ручка, сифатли тест материалларини тайёрлаш, уларни жойларга етказиш ва олиб келиш, натижаларни тезкор ҳисоблаш ва абитуриентга етказиш, назоратчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш эвазига адолатлилик, шаффофлик, холисликни таъминлаш ва бошқача кўринишларда бўлиши мумкин. Яна бир гап – таълим муассасаларини олдинги ўқув йилларида тугатган абитуриентлар бир маротаба тўлов эвазига 3 йил давомида имконият, имтиёзлардан фойдаланади. Чунки, юқорида айтиб ўтганимиздек, бир маротаба тест синовларида тўплаган баллари уларга яна 2 йил давомида тест синовларига иштирок этмаслик ва шу муддат мобайнида ўзи танлаган олий таълим муассасаларида белгилаган таълим йўналишлари бўйича мутлақо тўловсиз танловларда иштирок этиш имкониятини яратади.
Тест ўтказилган куннинг эртасига абитуриентнинг фанлар бўйича тест синовидан умумий тўплаган баллари Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин абитуриентларнинг умумий тўплаган баллари бўйича бир ҳафта муддат ичида олий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига танлов ўтказилади. Ўтган ўқув йилида 5 285 нафар гуруҳ назоратчилари тест синовлари жараёнида иштирок этди. Жорий ўқув йили қабулида ҳам таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлардан шартнома асосида гуруҳ назоратчиларини шакллантириш ҳамда уларга Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўлаш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тест синовлари жараёнини ёритиш мақсадида шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, мобиль алоқа тўлқинини тўсувчи, бармоқ изларини текширувчи, металлодетекторлар, мониторлар билан ҳар йили тест синовлари ўтказиладиган биноларни жиҳозланиши белгиланмоқда.
Еттинчидан, Давлат тест маркази қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Халқаро ўқув-илмий маркази ташкил этиш таклиф этилмоқда. Халқаро ўқув-илмий марказ шартнома асосида қисқа ва узоқ муддатли тестология йўналиши бўйича малака ошириш ўқув курсларини ташкил этади.
Малака ошириш курсига республиканинг барча таълим муассасаларидан тестология билан шуғулланишни хоҳлаганлар қатнашиши мумкин. Малака ошириш курсларига хориждаги малакали мутахассисларнинг жалб этилиши назарда тутилмоқда.
Хориж тажрибасига кўра чет тилини билиш даражасини баҳолаш билан шуғулланадиган ташкилотларда (Гёте институти, Кэмбридж университети ва бошқалар) ўқув курслари ташкил этилиш амалиёти қўлланилади. Бунга асосий сабаблардан бири даражаси баҳоланаётган тилни малакали мутахассислар томонидан ўқитиш ҳамда тест топшириқларини аппробациядан ўтказиш, яъни ўқувчилардан олинган тестлар орқали янги тестларнинг валидлигини текшириш ҳисобланади.
Халқаро ўқув-илмий марказининг навбатдаги вазифаси тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бўйича халқаро тан олинган ташкилотлар синовларини ҳамкорликда ташкиллаштиришдан иборат бўлиши белгиланмоқда, яъни халқаро ташкилотлар билан тегишли шартномалар тузилган тақдирда мазкур фаолият йўлга қўйилади.
Шу ўринда муҳим эслатма: Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда Корея, Германия, Япония, Хитой, Туркия, Россия ва Қозоғистон каби давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилган. Бу ҳали лойиҳа, айни пайтда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда, таклифлар берилмоқда. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳозирги қайд этиб ўтилган янгилик ёки ўзгаришлардан қайсисидир қабул қилинмаслиги, умуман бошқача шаклга бўлиши ёхуд янгилари қўшилиши мумкин.
Лекин бир нарса аниқ ва ўзгармас – ушбу қарорнинг қабул қилиниши олий таълим муассасаларида қабул жараёнини соддалаштириш, тест синовларининг янада очиқлиги, холислиги ва шаффофлигини таъминлаш, абитуриентларга имкониятлар ҳамда имтиёзлар яратиш тизимини тубдан яхшилашга хизмат қилади.
Олимлар аёллар учун энг фойдали парҳезни аниқлашди. Жумладан, Гарвард тиббиёт мактаби мутахассислари ожиза хилқатларнинг рациони сабзавот ва меваларга асосланиши лозимлигини, гўшт ва қандолат маҳсулотларини чегаралаш кераклигини маълум қилишди. Ушбу диетага амал қилган аёллар озиш билан бирга, юрак-қон томир касалликлари хавфидан халос бўлар экан.
Ҳар бир аёл косметик воситалар ёрдамида ўз гўзаллигини янада сайқаллаб кўрсатишга уринади. Бироқ уларсиз ҳам чиройли кўриниш мумкин. Бунинг учун:
Энг аввало, юз терисини соғломлаштириш лозим. 1 чой қошиқ қуритилган мойчечакни 1 пиёла қайноқ сувга солиб, 30 дақиқа дамлаб қўямиз. Сўнг совутиб, тиндирамиз ва 1 чой қошиқ асал қўшамиз. Ушбу ичимлик 2 ҳафта давомида оч қоринга ичилади. Агар хафсала билан ушбу молажани қилсангиз, натижасидан хурсанд бўласиз.
Киприкларни ўстирамиз. Киприкларимизни парваришлашда шифобахш ёғлар жуда яхши самара беради. Бунинг учун шиша идишга канакунжут ёғи(косторовоэ), бодом ёғи ва кунжут ёғларини тенг миқдорда соламиз. Яроқлик муддатини узайтириш учун Е витаминидан қўшамиз. Бундай аралашмани қуруқ киприкларга ухлашдан олдин суртамиз. 2 ҳафтадан сўнг киприкларингиз анча қуюқлашганини сезасиз.
Сочларимизни жилодор қиламиз. Сочларимизга соғлом ва гўзал тус бериш учун дўкондаги қиммат воситалар шарт эмас. Уй шароитида маска тайёрлаш учун 1 та тухум сариғи ва ярим пиёла қатиқни аралаштириб, 1 ош қошиқ канакунжут (касторовоэ) ёғидан қўшамиз. Аралашмани ҳўл сочларга суртиб, махсус қалпоқча кийиб олинади. 30-40 дақиқадан сўнг яхшилаб ювиб ташланади.
Қўл терисини парваришлаймиз. Қўлларингиз юмшоқ ва майин бўлиши учун қўл кремига тенг миқдорда сирка қўшамиз ва аралашмани ухлашдан олдин суртиб оламиз.
Fast-food ва бошқа тезпишар таомларнинг соғлиққа зарар экани маълум, бироқ айнан кўзга қандай таъсири борлиги кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Бу масалада Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиника кўз шифокори Барнохон Абдухолиқованинг фикр-мулоҳазалари билан танишамиз.
- Маълумки, жигар танамизда фильтр вазифасини бажаради. Агар сифатсиз таомларни мунтазам истеъмол қилаверсак, жигар фаолияти бузилади.
Сунъий ва сифатсиз овқатлар - фаст-фуд, гамбургер, лаваш, хотдог каби тезпишар егуликлар, шунингдек, кофе, кока-кола, фанта ва бошқа сунъий ичимликлар истеъмол қилганимизда жигарнинг кичик ҳужайралари зарарланади. Яъни қотиб қолади. Шунга ўзи қийналиб қолган жигар инсон организмидаги барча қонни тозалашга улгурмайди. Ваҳоланки, унинг вазифаси қонни тозалаб, ундаги зарарли ва кераксиз микробларни ўзида олиб қолиш. Шунингдек, кўзнинг тўр пардаси учун зарур бўлган А витаминини ишлаб чиқаришдан иборат.
Иқлимдаги салбий ўзгаришлар, атроф-муҳитнинг ифлосланиб ҳамда озиқ-овқатлар таркибида турли химикатлар миқдори ортиб бораётгани сабабли бугунги кунда жуда кўп инсонлар иммунитети паст ва тез шамоллашга мойил бўлиб қолган. Бунга асосий сабаб, жигар ҳужайралари танамиздаги зарарли микробларни тўлиқ ўлдира олмаяпти. Агарда жигаримиз тоза ва соғлом бўлса, ҳаво орқали ва озиқ-овқат билан кирган заҳарни тозалай олади.
Жигарни соғлом бўлиши учун нима қилишимиз керак? Энг аввало, овқатни хотиржам, тинч ҳолатда истеъмол қилиш керак. Овқат пайтида ортиқча гаплашмаслик, турли сериаллар кўриш керак эмас, асосий эътиборимизни башқа нарсаларга қаратмаслигимиз лозим. Овқатдан 10-15 дақиқа олдин илиқ сув ичиб, ошқозонни таомга тайёрлаш керак. Сабаби, кейинги вақтда аксарият инсонлар қуюқ овқатларни ёқтирмоқда. Бироқ, биз сув ичмасак, ошқозонга тушган овқат парчаланмайди.
Оддий тушунтирсак, уй бекалари яхши билади, хамир тайёрлаш учун керакли миқдорда сув қўшиш керак. Йўқса, ун бирикмайди ва хамир пайдо бўлмайди. Шунга ўхшаб, етарли масса бўлмагандан кейин, ошқозон ҳам вазифасини чала бажаради. Овқатланиш вақтида асабий ҳолатда бўлсак, ўт керакли суюқликни етказиб бермайди. Камига кока-кола билан ичсак, унда тезроқ ҳазм бўлиши кутилган овқат чала парчаланиб, ичакда ачийди. Чала парчаланган овқатдан ҳам газ кўп ажралади. Шу тариқа таом танамиз учун озуқага эмас, заҳарга айланади.
Ўйлаб кўринг, танада заҳарланган қон оқиб турса, кўз ҳам, мия ҳам шундан озиқланади. Шунда сифатсиз озуқадан "баҳраманд" бўлган мия томирлари таранглашади. Мия ҳам шундай реакция беради ва кўзнинг кўриш қобилиятига салбий таъсир қилади.
Бугунги кунда косметик воситалардан фойдаланмайдиган аёлларни топиш мушкул. Аёлларга ишлаб чиқарувчилар турли-туман воситаларни таклиф этиб, уларни янада гўзал бўлишларига ёрдам беришни ваъда қилишмоқда.
Айни пайтда қовоқ шаклини, кўз рангини ўзгартирувчи, қорамағиз аёлларни оппоқ паривашга айлантирувчи, ажинларни яшириб, ёш кўрсатувчи воситалар талайгина. Опа-сингилларимиз кенг фойдалансалар-да, уларнинг тарихи, қачон пайдо бўлгани ҳақида ўйлаб кўрмаганлар. Келинг, қуйида ана шулар хусусида сўз юритайлик. Шуниси қизиқки, қадим даврларда бундай воситалардан нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам фойдаланишган.
Ибтидоий одамлар ҳали ўзларининг одам эканини тўлиқ англаб улгурмай, таналарига ёғ ва мой суришган. Ўсимлик бўёқлари-ю лой билан суратлар чизиб, кўз, қовоқ ва лабларини бўяшарди. Улар фақат инстинктга қулоқ солишмаган: ибтидоий косметика қабилавий мансубликни аниқлаб, ўзини кўрсатиш, баъзан эса душманни қўрқитишга хизмат қилган. Археологларнинг аниқлашларича, бунинг учун уларда 17 дан кўпроқ табиий бўёқлар бўлган экан. Танадаги нақшларга қараб одамнинг ижтимоий мавқеи аниқланган.
Шу ўринда савол туғилади: масалан, аёллар қачондан лабини бўяй бошлаган? Археологлар музлик даври қатламларидаёқ учи конуссимон қизил таёқчаларни топишган. Бу қадимги аёлларнинг лаббўёғи деб таҳмин қилинади. Эрамиздан аввалги 45-асрда Нил соҳилларида яшаган аёллар учун лаббўёқ, ёғупа ва туш доимий фойдаланадиган воситалар ҳисобланган.
Косметикани аёллар кашф қилган, деб ҳисоблашга асос бор. Улар доривор ўсимликлар: хна, басма, пушти-қизил бўёқ, сурма, тилла фольга ва гелийни аёллар мулкига айлантиришган. Хна билан сочни бўяшган, тирноқ учун басма(сочга ҳам) бўёқ бўлган, сурмани табиий олтингугуртли минерални куйдириб олишган.
Косметика одамларни безарар даволарди ҳам. Унинг асосини ўсимлигу ҳайвон ёғларидан олинадиган ҳамда лилия, лаванда, атиргул дамламаси билан аралаштириладиган хушбўй мойлар ва малҳам дорилар ташкил қилган. Совун қайнатишни ўрганишгунча, танани малҳам дорилар билан тозалашарди.
Қадимги юнонларда чўмилиш пайти фойдаланиладиган малҳам ва тозаловчи дорилар бўлган. Комедия отаси Аристофан қолдирган маълумотларга кўра, тананинг турли аъзоларига ҳар-хил малҳам дорилар ишлатиларди. Римликлар эса косметикани янада қадрлаб, хушбўй мой ва танани парваришлашга мўлжалланган малҳам дорилар тайёрлаш билан шуғулланувчи кишилар гуруҳини ташкил этишган.
Мойлар ва малҳам дорилар мумиёлаш - дафн косметикасининг зарурий қисми эди. Қизиғи, энг бошиданоқ косметика фақат аёлларга тегишли эмасди. Эркаклар ҳам зўр иштиёқ билан бўёқ суриб, соч-соқолларини бўяшган, аммо, аёллар бу борада анча моҳир бўлган.
Қадимги мисрликлар қовоқларини яшил бўёқ билан бўяб, кўзларига чирой бағишлашган. Қош-киприкларига ҳам шу бўёқни суришган. Юнонлар махсус эссенцияни - куйдириб тайёрланадиган куяни киприк учун энг яхши восита, деб ҳисоблашган.
Косметика ҳақидаги фан - косметология Юнонистонда пайдо бўлган, унинг отаси Гиппократ саналади. Кейинги авлодлар унинг кўплаб рецептларига қараб бўянишган. "Косметика" сўзи ҳам юнонча "космейн" - "безаш" деган сўздан олинган.
Бизга қадар 2-асрда яшаган гладиаторлар ҳамда Рим императорларини муваффақиятли даволаган буюк табиб Галеннинг косметик йўл-йўриқлари етиб келган. Унинг тиббиётдаги ютуқлари орасида ҳозирги кунгача энг кенг тарқалган кремлардан бири - кольдкремни кашф қилганини айтиб ўтиш мумкин.
Инсонни кибрга бошловчи, бемеҳр қилувчи, яқинларни бир-биридан жудо этгувчи ёмон одатлардан бири бу - бойлик. Инсон бой бўлган сари янада бойроқ бўлишни, данғиллама ҳовлисини хашаматли қилишни истаб қолади. Охир-оқибат бойликка шу даражада ружу қўядики, инсофни, диёнатни, оқибатни унутади.
Бадавлат инсон қўлини кўкка чўзса етадигандай, дунёларни сотиб олишга қодирдай гўё. Чунки, бойлик хунукни чиройли, йўқ обрўни бор қилади. Наздида уни ҳеч қачон тарк этмайдигандек туюлади. Шундан бўлса керак инсон бойликни ўзидан-да ортиқроқ кўради. Бойлик деб яқинларидан, керак бўлса виждонидан кечади.
Аммо, одамлар оддийгина бир ҳақиқатни билишни истамайди, бойлик ҳеч қачон ҳеч кимга вафо қилмайди. Негаки, бугун бор, эртага у бўлмаслиги мумкин.
Мустақил Ўзбекистоннинг кечаги куни, бугуни, эртаси ҳақида ўйлаганимда ўтган 27 йил ичида амалга оширилган улуғвор ишлар ҳудди кино лентасидек кўз ўнгимдан ўтади. Бу ишларда, юртимиз шуҳратининг юксалишида Ватан ҳимоячиларининг муносиб ҳиссалари бор.
Қишнинг қаҳратон кунларида, ёзнинг жазирама иссиғида ҳам бепаён ва муқаддас Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаб турган ҳарбийларни кўрганимда кўнглим осмон қадар юксалади. Биламанки, улар ҳарбийликни муқаддас билади, юракларида халққа хизмат қилиш сурури жўшиб туради. Уларнинг тийрак нигоҳларига боққанимизда эртанги кунга ишончимиз ортади.
Эрталаб уйқудан уйғонар эканман Ватаним тинчлиги учун "Худога шукр!" дейман. Юрт осойишталигидан бошим кўкка етади. Кимдир боласини етаклаб боғчага, кимдир мактабга, кимдир ишга, кимдир рўзғор ташвишида бозорга отланади. Нуроний отахонлар, кайвони момолар дуога қўл очиб, бугунги кун учун шукроналар келтиришади.
Хизмат жойларида ўз бурчини сидқидилдан ўтаётган ҳарбийларимиз тинчлигимиз, осойишталигимиз посбонларидир. Ана шу осойишталик туфайли барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимиз тараққиёт сари юз тутмоқда, одамларимиз фаровон турмуш кечирмоқда.
Юрт равнақи йўлида халқ билан ҳамнафас, лозим бўлса, жонини фидо қилишга тайёр Ватанмиз ҳимоячиларини байрам билан қутлайман!
Ферузанинг ранги оқариб кетди. Мажолсиз қўллари билан шойи рўмолини пешонасига тортди-да, бошини чангаллаганича ўзини уй ичига урди. Содиқ ака қаттиқ ғазабланаётган бўлса-да, ўзини босишга уринди...
Холида опа ишдан келиб, шумхабарни эридан эшитди. Қайнонасининг "Қизни эрга бериш осон, эрникида яшатиб юбориш қийин" деган гапини эслади. Раҳматли "Бу ҳаётда ғамим йўқ десанг, қуда тут" деган мақолни кўп такрорларди. Мана, унинг айтганларига тайёр мисол.
Она қизига қаради... Унинг кўзларида порилловчи нур, учқун йўқолиб қолганини сездию, дарров ўзини қўлга олди.
- Феруз... Ҳар хил гаплардан сиқилавермай, нима бўлганини бизга айтгин... Айбинг йўқ бўлса, куёвинг келади. "Сув ҳам бир лойқаланиб кейин тинади". Ҳаёт шундай, қийин нарса. Бир оила оила бўлгунча не-не ишлар, тушунмовчиликлар бўлиб ўтади, - деди.
Холида опанинг ўзи қизидан кўра кўпроқ ташвишланаётган бўлса-да, уни ичидан сиртига чиқармасди. Чунки у она. Болаларининг ортидан келадиган барча ташвишларни енгиб ўтиши керак. Шундай пайтда у қизига далда бўлиши, кўнглини кўтариши лозим. У қудаси Роҳатхон опага телефон қилди. Сўзни хушмуомалалик билан бошлаб, ҳол-аҳвол сўради. Гўё ўзини ҳеч нарса билмагандек тутди. Энди қизи ҳақида гап бошламоқчи бўлганида ўртада алоқа узилиб, гап эшитилмай қолди.
- Атай ўзи телефонни ўчириб қўйди шекилли, - деди ёнида турган қизи.
Шундай қилиб Феруза ота эшигида яшай бошлади. Куёви Олимжон телефон қилиб турди.
Кунлар ўтиб Феруза ишга отланаётган онасига:
- Ўтган куни поликлиникага бориб хомиладорлик тести топшириб келган эдим, Бугун натижаларини беришадиганди, ишдан қайтаётиб олиб келсангиз, - дея илтимос қилди.
Ферузанинг бир-икки кундан бери кўнгли беҳузур бўла бошлагандию, шубҳаларига ишонмаганди. Не бахтки, тест унинг ҳомиладор эканлигини кўрсатди. Бу хушхабарни у биринчи бўлиб онасига айтди.
Қаранг-а, шундай қувончли хабар, қизи аразлаб келганда маълум бўлса. Холида опа севинчдан қувониб кетди. Оиласидаги ҳозирги муаммолар - барчаси қоришиб унинг кўзларини ёшлатди. У уйга дам олиш учун кираркан, шу маҳал кичик ўғли Собир ҳам олдига келди. У онасининг кўзларидаги ёшни кўриб сўради?
- Ая, нимага йиғлаяпсиз?
- Йўқ, ўзим, - дея у кўз ёшларини артди ва ҳолатини ўғлига изоҳламоққа уринди.
- Ашнақа-да... Янги йил куни ишхонангиздан олиб келган совғани ҳам бизга едирмай ўшаларга жўнатгандингиз, - деди бу йил биринчи синфга борган Собиржон болаларча соддалик билан.
Холида опа ўйга ботди. Унинг хаёлини телефон қўнғироғи бузди.
- Ие... поччам телефон қиляпти экан, опамга олиб чиқиб берайми? - деди Собиржон. Холида опа "ҳа" ишорасини қилди. Собиржон телефонни олди-да, опаси ўтирган қўшни хонага қараб югуриб кетди...