+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОНАНИНГ ДУОСИ

ҳикоя

Гунайд СУАВИ, турк ёзувчиси.

Касалхонада ўғлимнинг боши устида ўтиришимга она бўлганим учун эмас, доктор бўлганим учун рухсат бердилар. Дарди кучайгани учун ўғлим ҳам бошқа оғир хаста болалар билан бирга жонлантириш бўлимининг хонасига олинганди. Йўлакнинг нариги бурчакларидаги хоналардан ҳам болаларнинг йиғиси эшитиларди. Ўғлим шўрлик бош мия текшируви жараёнида қўрқув ичида "Онажон" дея ингранди-да, сўнг узоқ уйқуга кетди.

Текширув тугагач доктор менга қаради. Юзида ҳорғинлик ва афсусланганнамо ифода зоҳир эди:

-      Қайғудаман, доктор хоним, ўғлингизда фалаж аломатлари эҳтимоли юқори.

Қулоқларимга ишонмай, юзига қарадим. Бошқа боланинг фалаж бўлиб қолганига ишонишим мумкин эди, аммо бу фалокат ўз ўғлим билан бўлаётганига ишонишни-да истамасдим. Шу ондаёқ шифокорлигимни унутдим ва хаста боласининг бошида хавотир билан ёруғ илинж кутаётган онага айландим.  Докторга:

-      Аммо, ҳозир у фалаж бўлиб қолган деган аниқ ташхис эмас-а? 

-      Йўқ, иншааллоҳ фалаж бўлмайди.

Сўнгра юзимга диққат билан қаради:

-      Сиз уйга бориб, бироз ухлаб дам олишга ҳаракат қилинг. Боланинг аҳволида ўзгариш бўлса, сизга хабар берамиз,- деди.

Вақт ярим тундан ошган эди. Тонги бешдан бери тик оёқда эдим. Ўғлимнинг қизарган, заиф юзига термулдим. Кутишдан бошқа чора йўқ эди. Боламни бағримга босишни истадим. Бунга имконим йўқлигини билиб, тезгина ташқарига чиқдим.

Уйда совуқ сукунат қаршилади мени. Эрим иш важидан бошқа шаҳарга кетганди. Хавотирга тушмаслиги учун унга ўғлимизнинг бетоб бўлиб қолганини айтмагандим.  Тонггача ўғлимнинг аҳволида ёмон ўзгариш кузатилмаса, соғайиб кетиши умид қилса бўлади.  Шунинг учун эримга ваҳима қилишни истамадим. Сўнг бир дона уйқу дори ичиб ётдим. Бир неча соатдан сўнг уйқудалигимда телефон жарангидан чўчиб уйғондим.

Бошим устидаги соат тўртни кўрсатарди.

Гўшакни қулоғимга яқинлаштирганимда, аёл кишининг:

-      Доктор, сизмисиз?- дея хавотир билан бақирганини эшитдим.

Енгил тортдим. Телефон қўнғироғи ўғлим билан боғлиқ эмасди. Шошилинч бемор учун чақирилаётгандим. Докторлигимни айтгандим, гўшакнинг нарёғида сукут ҳукмрон бўлди. Шунда мени қидираётган беморларимнинг бири ёхуд беморларимнинг яқинларидан бири эканини сездим.

Аёл ўзини қўлга олиб, менга боласининг аҳволини тушунтирганида яна бир бола фалажи хасталиги билан юзлашаётганимни билдим. Аёлнинг манзилини олгач, касалхонага қўнғироқ қилдим. Ўғлимнинг аҳволида ўзгариш йўқ эди.

Уйқудаги шаҳар кўчалари бўйлаб, қўнғироқ қилган аёлнинг манзили томон борар эканман, ўзимни буткул ёлғиз ҳис этардим. Менга айтилган манзилда уйлар сийрак экан. Машинамни тўхтатдим. Қўлида фонар тутган бир аёл менга тўғри келди ва илинж билан:

-      Тезроқ, доктор, тезроқ!- деди.

Кўз ёшлари нам қилган юзига қарадим. Аёлнинг ёш ёки кексалиги билинмасди. Бир хонали уйга кириб, довдираб қолдим. Хизмат юзасидан бир қанча фақирона уйларга кирган бўлсам-да, уларда бу даража паришонлик кўрмагандим. Аёлнинг қўлидаги фонар аранг хонани ёритарди. Шунда қоқ суяк, озғин уч нафар бола усти бўш хонтахта атрофида ўтирганларини кўрдим.

Хонанинг қолган қисми қоронғулик ичида эди. Кўзларим фақат бурчакдаги кир тўшак устида инграб ётган болакайни фарқларди, холос. Беш ёшлар атрофида бўлган болакай озғин ва кўримсиз эди. Уни текширар эканман, тахминимда янглишмаганимни тушуниб, қайғуга ботдим.

Аёлга мени кутишини айтиб, уйдан чиқдим. Шу атрофдаги дўконларнинг биридан касалхонага қўнғироқ қилиб, дарҳол шу манзилга амбуланс жўнатишларини сўрадим. Кулбага қайтиб, қолган уч болани ҳам текширдим. Улар гарчи   озғин ва заиф бўлсалар-да, ҳартугул оғир хаста эмасдилар. Тўсатдан касалманд болакай йиғлай бошлади. Онаси қўлларимга ёлвориб ёпишди. Аёлга ҳақиқатни айтишим керак эди.

-      Болангиз оғир бетоб, аммо қўлимиздан келганини қиламиз, дедим. Она боласининг бошини силаркан, менга қаради:

-      Дуо қилайлик, - деди.

Бир неча йилдан бери докторман, аммо мендан дуо қилишимни сўраган беморга ҳеч қачон дуч келмагандим.  Мен жуда узоқ бўлган нарсаларга бу аёл жуда яқин эканини ҳис қилиб, таклифига рози бўлдим. Болалар ва оналари билан бирга мен ҳам тиз чўккан кўйи, дуо бошладим. Аёлнинг ишонч ва ёқимли овоз билан айтаётган сўзлари қалбимни титратаётганди. Бир муддат касалхонанинг совуқ йўлаклари, докторларнинг жиддий юзлари ва боламнинг аҳволи кўз олдимда жонланди. Касалхонадан жуда олисдалигимга қарамай ўзимни худди касал боламнинг боши устида ўтиргандек ҳис қилдим. Хаёлимда боламнинг менга қараб жилмайганини кўргандек бўлдим. Бутун қувватимни тўплаб, бу хаёлларни миямдан чиқариб ташлашга уриндим. Ёнимда дуо қилаётган аёл ва унинг болаларига қарадим. Уларнинг юзидаги илтижо, қалбларидаги иймон менга ҳам таъсир этгандики, баланд товушда:

-      Аллоҳим, дуоларимизни қабул қил!- дея ёлвордим.

Дуо қилиб бўлгач, аёл  хаста боласининг бошига  борди. Хаста, аммо сокин шаклда ухларди болакай. Онаси менга ўгирилиб:

-      Кўрдингизми, Аллоҳ биз билан!- деди. Айтишга сўз тополмадим.

Болакай амбулансга ётқизилаётганда ҳам уйғонмади. Ўтган ярим соатда нафас олиши ва пульси нормал ҳолатга тушганди. Кулбадан чиқаётиб ҳамёнимни онанинг ҳовучига тиқиштирдим.

-      Эртага яна олдингизга келаман,- дедим.

Машинамни секин ҳайдаб борар эканман, бошимни кўтариб осмонга қарадим. Тонг оқариб келаётганди. Касалхонага яқинлашарканман, ҳеч қўрқмаётгандим. Ичимдаги овоз ўғлимнинг менга қараб жилмайишини айтарди.  Аллоҳ биз билан эди!..

Турк тилидан

 

Умида АДИЗОВА таржимаси.

«ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ» ТАРИХИДАН

Аёллар байрами юртимизда шарқона урф-одатлар,  миллий қадриятларимиз асосида нишонланади

Инсония, тарихида қадим даврлардан аёлларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келинган. Чунки, аёллар нафақат бугунги кунимизга мазмун берадиган, балки, эртанги кунимиз давомчилари, келажак авлоднинг яратувчиларидир.

Қадимги Римда "Аёллар куни" деб номланган байрам бўлган, эътиборли рим эркаклари шу куни аёлларини уй юмушларидан озод этишган, улар истаган нарсани совға қилишган.

ХIX аср ўрталарида асос солинган ҳамда бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида байрам сифатида  кенг нишонланаётган  "Халқаро хотин-қизлар куни" аёлларга бўлган ғамхўрлик, эътиборнинг ёрқин ифодасидир.  Халқаро хотин-қизлар куни тарихи XIX асрнинг охирларига бориб тақалади. Мазкур байрам хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва маиший соҳалардаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида эришилган энг катта натижа сифатида тарих солномаларидан ўрин олган. 1857 йил 8 мартда Нью-Йоркдаги тўқувчилик ва пойабзал корхоналарида ишловчи хотин-қизлар намойишга чиқадилар. Улар 10 соатлик иш кунини жорий этиш, иш шароитларини яхшилаш, ойлик иш ҳақини кўтариш ва эркаклар билан аёллар ҳуқуқларини тенглаштириш сингари талабларни кўтаришган эди. Ушбу намойиш натижасида хотин-қизларнинг маълум талаблари қондирилади. Шу тариқа, турли йилларда 8 март куни намойиш ва акциялар ўтказиладиган бўлди.

1908 йил 8 мартда АҚШлик аёллар сайловда қатнашиш, болалар меҳнатини таъқиқлаш ва бошқа бир қатор талаблар билан бирга февраль ойининг сўнгги якшанбасини "Миллий аёллар куни" деб  эълон қилинишини талаб  этдилар. Орадан 2 йил ўтиб, 1910 йилда Дания пойтахти Копенгагенда бўлиб ўтган хотин-қизларнинг 2-Халқаро конференциясида  8 мартни «Халқаро хотин-қизлар куни» деб эълон қилиш ва ушбу кунни ҳар йили дунё миқёсида байрам қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Жаҳондаги кўплаб мамлакат аёллари қашшоқликка қарши курашиш, тенглик, яхши шароитларда ишлаш, ўзларининг шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришиш ҳамда тинчлик йўлидаги ташаббусни қўллаб-қувватладилар. 1911 йилга келиб Австрия, Дания, Германия ва Швейцария сингари европа давлатларида 8 март байрам сифатида нишонланди.

Бугунги кунга келиб, 8 март Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро хотин-қизлар куни, деб эълон қилинган. Бир қатор мамлакатларда ушбу кун аёллар байрами, ўнлаб давлатларда умумхалқ байрами сифатида нишонланади.

Ушбу кун юртимизда ҳам умумхалқ байрами сифатида нишонланади ва дам олиш куни, деб белгиланган. Муҳтарама опа-сингилларимиз байрами шарқона урф-одатлар, халқимизнинг миллий  қадриятлари, анъаналари асосида ўтказилади. Байрам муносабати билан юртимизда хотин-қизларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади.

 

Камола ОДИЛЖОНОВА,

 

АДУ 2-босқич талабаси.

Талаба қизларимиз янада фаол бўлади

Андижон машинасозлик институти мамлакатимиз машинасозлик корхоналарига малакали мутахассислар етказиб берадиган юртимиздаги нуфузи олий таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади. Айни кунда илм даргоҳимизда 117 нафар педагог, ишчи-ходим аёллар меҳнат қилади, шунингдек, 533 нафар талаба қиз таҳсил олади.

Бошланғич қўмитамиз томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, самарали меҳнат қилишлари, ўқиб пухта билим олишлари ҳамда саломатликларини сақлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Педагог аёлларимизнинг касбий, илмий салоҳиятини юксалтириш, олиб бораётган илмий, илмий-тадқиқот ишларида самарали натижаларга эришишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Институт ректорати, касаба уюшма ташкилоти билан ҳамкорликда ҳамкасабаларимизнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш учун зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Талаба қизларимиз орасида фаол, иқтидорли, изланувчан, илмга чанқоқ қизларнинг кўплиги бизни қувонтиради. Қўмитамиз уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пухта билим олиб,  келажакда ўзи танлаган соҳанинг етук мутахассиси, шу билан бирга, юксак маънавиятли бўлишларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Институтимизда илғор ва замонавий ўқитиш тизими йўлга қўйилган. Бир неча минг китоб ва электрон дарсликлар фондига эга бўлган ахборот-ресурс маркази уларнинг ихтиёрида. 

Қиз бола миллат давомчиси. У келажакда оила қуриб, бир оиланинг бахтли бекаси бўлади. Шу маънода қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш, бекалик сирларини пухта билишларига қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказиб борилади. Барча талаба қизлар қўмитамиз қошидаги "Қизларжон" клуби машғулотларига жалб этилган.

Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қизлар ўртасида тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг      соғлом оила қуриш, соғлом фарзандни дунёга келтириб, оила ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашлариига кўмаклашиш мақсадида "Эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатлари", "Қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш", "Маънавиятимиз ва миллий қадриятимизни асрашда кийиниш маданиятига эътибор берайлик!", "Ёш оилалар ва қизлар",  "Қизлар гигиенаси" каби мавзуларда ўтказилаётган  учрашув, мулоқот ва давра суҳбатлари самарали натижалар бермоқда.

Спорт орқали қизларимиз ҳам руҳан, ҳам жисмонан       соғлом бўладилар, шу боис, талаба ёшлар ўртасида  спортнинг қатор турлари бўйича мусобақалар тез-тез ўтказиб турилади. Бу спорт соҳасида эришаётган ютуқларимиз салмоғини оширишга ёрдам бермоқда. Масалан, ўтган йили қизлар футбол жамоамиз институтлараро ўтказилган мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринни эгаллади.

Умуман, бошланғич ташкилотимиз талаба қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш,  ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш борасида зарур ишларни олиб бормоқда. Юқоридаги каби ибратли ишлар самараси ўлароқ, қизларимиз янада фаол бўлиб, иқтидор ва имкониятларини намоён этадилар.

Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизнинг барча аёлларини, устозларни, талаба қизларни 8 март байрами билан табриклайман.

 

Раънохон ЮСУПОВА,

 

Андижон машинасозлик институти хотин-қизлар қўмитаси раиси.

"БАХТИМ ШУЛ - ЎЗБЕКНИНГ ЗУЛФИЯСИМАН"

Вафо ва садоқат, баҳор куйчиси бўлиб танилган, ўзбек шеъриятида тонг юлдузи каби чақнаган, ўзининг гўзал, дилга яқин шеърлари билан мухлислари қалбидан абадий жой олган ва юксак маънавият, покизалик тимсолига айланган Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия ҳаёт бўлганида 104 ёшга тўлган бўларди.

...Зулфиянинг бахтига отаси ҳам, акалари ҳам зукко кишилар эди. Онаси Ҳадича ая туфайли улар  хонадонига шеър ва достонлар бегона  эмасди. Балки шеъриятга муҳаббат ўти Зулфия қалбига онаси туфайли тушгандир. Зулфиянинг ўзи ҳам "Бу ўтни қалбимга Машраб, Фузулийни севиб ўқийдиган онам солганлар", дея  эътироф этганди.

Ўша даврнинг истеъдодли шоирларидан бўлган Ҳамид Олимжон билан танишуви, юлдузлари юлдузларига тўғри келиб турмуш қуриб, фикрлари, қарашлари уйғунликда, биргаликда кечган ҳаётлари    Зулфиянинг ижодига ижобий таъсир кўрсатган. Зулфиянинг ўзи шундай хотирлаганди: "Бундай  пайтларда у мени илҳомлантириш йўлларини топарди. Эсимда, бир гал Самарқанд сафаридан ўзи билан Раъно Узоқованинг шеърларини олиб келди. Таъсирчан жойларини ўша кечадаёқ ўқиб берди. Сўнг: "Кўряпсизми, аёлларимиз қандай ёза олади? Фақат жасорат, ирода керак, - деди-да, секингина қўшиб қўйди, - биласизми, сиз яхшироқ ёзасиз!"

Шоиранинг ўзи эътироф этганидек, ижодининг шаклланишида, керакли, ягона сўзни излаб топиш тажрибасида бу ишнинг машаққатини яхши биладиган, ҳассос шоир Ҳамид Олимжоннинг хизмати улкан бўлди.

Ҳаёт, афсуски, фақат бахт ва саодат гуллари барқ уриб турган гулистон эмас. Ҳаёт - нур билан зулмат, бахт билан кулфат алмашиниб туришидан иборат бир жараёндир. Бу - табиатнинг яшаш қонуни.

Автоҳалокат туфайли севимли ёридан айрилган   Зулфиянинг ўша кунлардаги ҳолатини тасвирлашга қалам ожиз, унинг дарду фиғони оламга сиғмасди.

Мусибат, айрилиқ дардлари уни қанчалик эзмасин, шоира яна қўлига қаламини олиб, "Ҳижрон кунларида", "Бахтиёр севгини куйларди созим", "Дейдиларки", "Сен қайдасан юрагим?", "Кўрганмидинг кўзларимда ёш?", "Баҳор келди сени сўроқлаб" сингари шеърларини ёздики, мисраларида мусибат аламида қоврилган шоира қалбининг фарёдлари акс этиб турарди.

Қаламга, ижодга ошнолик Зулфияни тақдир имтиҳонларидан омон сақлади. Адабиётшуносларнинг эътироф этишларича, ўзбек адабиёти тарихида Зулфиядек бахтли шоира бўлмаган. Гарчанд ёш пайтида бошига маломат ва мусибат тошлари ёғилган бўлса-да, унинг кейинги ҳаёт йўлларини илоҳий нур ёритиб турди. Унинг ҳаёти чин муҳаббат дурлари билан нурафшон бўлди.

Зулфия самарали меҳнатлари, юксак ижодкор сифатида турли лавозимлар, унвон ва мукофотларга сазовор бўлди. Осиё ва Африка ёзувчиларининг бирдамлик қўмитаси аъзоси, 32 йил давомида "Саодат" журналининг муҳаррири бўлди. Унинг  шеърлари ўз вақтида рус тили орқали дунёнинг бошқа кўплаб тилларига таржима қилиниб, хорижий юртлардаги халқлар ҳам шоира асарларидан баҳраманд бўлдилар. Шунингдек, шоира халқаро Неру, Осиё ва Африка ёзувчилари бирдамлик қўмитасининг "Нилуфар"  мукофотларига, Болгариянинг "Крилл ва Мефодий" орденига сазовор бўлган. 1984 йилда эса Меҳнат қаҳрамони унвони билан тақдирланган.

Зулфия тириклик чоғидаёқ ёруғ дунёни тарк этганидан сўнг унинг ўзбек адабиёти ва маданиятидаги ўрни бўш қолмаслиги учун ёш истеъдодли шоиралар авлодининг бошини силаб, уларга қанот бағишлади. Зулфия вафотидан сўнг Ойдин Ҳожиева, Гулчеҳра Жўраева, Қутлибека Раҳимбоева, Ҳалима Худойбердиева (марҳума) сингари ўнлаб шогирдлари устози қўлидан тушган қаламни маҳкам ушлаб, ўзбек шеърияти равнақи йўлида ижод этмоқдалар.

1999 йили Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Фармони билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ҳар йили  халқаро хотин-қизлар байрами арафасида истеъдодли қизлар турли соҳаларда эришган ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланади.

2008 йил 1 мартда Тошкентнинг кўркам майдонларидан бирида шоира ҳайкали қад ростлади. Буларнинг барчаси севимли шоирага бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. 

Агар Зулфия ҳаёт бўлганида баҳорнинг илк кунида 104 ёшни қаршилаган ва албатта, ўзининг қуйидаги гўзал шеърий сатрларини такрорлаган бўларди:

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,

Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул - Ўзбекнинг Зулфиясиман.

Раҳимахон

АБДУРАҲМОНОВА,

 

Жалақудуқ тумани.

ҚИЗИМ - ҚИЗГИНАМ...

Қатра

Яккаю ягона қизимни турмушга узатдим. Жоним бироз ором олди. Кўнглим таскин топгандай бўлди. "Ҳамма ташвишлардан қутулдим", деган фикр хаёлимдан ўтди. Яна "Ташвиш деганнинг ўзи бўлмайди" дея хаёлладим. Тушуниб етсам, ҳаммаси энди бошланаётган экан...

Ота кўрдию, қиз чақирдилардан сўнг қизим бир куни уйимга ёлғиз кириб келди. Жонимни ҳовучлаб кутиб олдим, жовдираб кўзларига тикилдим. Шошилиб сўрадим:

- Қайнота-қайнонанг яхшими? Куёв боланинг ишлари-чи? Қайинсинглинг ўқияптими? Овсинларинг болалари билан соғ-саломатми?

Унинг ижобий жавобларидан сўнг кўнглимга ёруғлик тушгандай бўлди:

- ...Худога шукр, илоҳим, ҳамиша шундай бўлсин. Қизим, уйингга тезроқ бор...

Бошқа бир куни қизим уйимизга ғамгин кириб келди. Эътибор билан унга разм солдим. Кўзлари қизарган, лаблари титроқ... Тушундим ва унга ҳам тушунтиришга ҳаракат қилдим:

- Қизим, қарс икки қўлдан чиқади. Турмушда сен пастроқ бўласан, мулойим бўласан. Эрнинг нонини емоқ учун темирдан тиш керак. Эринг билан яхши бўлсанг, қолгани ҳеч гап эмас. Қизим, хўп дегину, уйингга бор...

Бир куни тушлик маҳали қизим арз билан кириб келди. Ҳар нима деди, кўзёш қилди. Ўзи ҳақу, қолганлар ноҳақлигини айтди. Бир сўз демадим.  Дастурхон тузаб, чой бердим. Кечагидан қолган ошни иситиб тургандим, ундан едирдим. Аврадим:

- Даданг ишда. Юрак хуружи ўзингга маълум. Ҳадемай келиб қолади. Хўп дегин, қизим,      уйингга бор...

- Қизим, энди уйим сенга тор, - дедим яна бир сафар. - Пешонангга ёзилгани шу. Оила бозор савдоси эмас. Кеча телефонда айтдим-ку, тушимга кириб қолибсан. Оқ гулзор ичида кезиб юрибсан. Оилавий ишларинг юришиб кетади. Мана мени айтди дерсан. Қизим, йўқ демагин, уйингга бор...

… Яқинда қизим неварамни кўтариб уйимга шодон кириб келди. Икковини ҳам бағримга босдим.

- Қизим, сен жуда бахтлисан. Ширингина фарзандинг бор.  Уйинг уй бўлсин, фақат битта билан ўт. Турмуш ғавғосининг калити - сабр. Қиз туққанимнинг жазоси шу менга. Қўшнилар эшитмасин, укаларинг сезмасин. Қизим-қизгинам хўп дегин, мана шу қувонч ва бахтингни ушлаб қолиш учун тезроқ       уйингга борақол…

 

 

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ.

Соғлом ва чиройли бўламан десанг, спорт билан шуғуллан!

Булоқбоши туманидаги "Хонтепа" маҳалла фуқаролар йиғинида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, айниқса, хотин-қизларни спортга жалб этиш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда.

Яқинда "Чиройли бўламан десанг, югур!" деб номланган тадбир ўтказилди. Маҳалла хотин-қизлари иштирокидаги тадбирда спортнинг инсон саломатлигидаги аҳамияти, узоқ умр кўриш ва соғлом бўлишни хоҳлаган аёллар бадантарбия билан доимий шуғулланишлари лозимлиги,  айниқса, эрталабки югуриш машғулотлари инсон учун жуда фойдали эканлиги таъкидланди.

Югуриш машғулоти, бадантарбия билан доимий шуғулланаётган  Дилрабо Турсунқулова, Майрамхон Пўлатова, Тармиза Йўлдашева, Хуршида Йўлдашева, Нилуфар Тожибоева, Фотима Мамаюсупова, Ҳуснидабону Қўчқарова сингари маҳалла аёллари ўз фаолиятлари мисолида спортнинг соғлом ва гўзал бўлишдаги аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

- Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад, уй бекалари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, аёлларни спорт билан шуғуллаб боришларига имкониятлар яратиб бериш, - дейди спорт мураббийи Ҳуснидабону Қўчқарова. - Хотин-қизларимиз ўз соғликлари учун қайғуришлари, оёқ ва бел касалликларига учрамасликлари учун спорт билан доимий шуғулланишлари лозим!

Спорт мураббийи, шифокорлар томонидан тадбир қатнашчиларига спорт машғулотлари билан тўғри шуғулланиш, тўғри овқатланиш, умуман, саломатликни сақлаш, соғлом турмуш тарзи ҳақида кенг тушунчалар берилди.

 

Мавлудахон ПЎЛАТОВА,

Булоқбоши туманидаги 

 

"Хонтепа" МФЙ мутахассиси.

Шеърият гулшани

Баҳор ва ҳижрон

Қара, боғимизга баҳор келибди,

Оҳ, гулгун бўлибди чечаклар бирам.

Изларимга кўкдан поёндоз ёзиб,

Яна боғимизга етаклар кўклам.

 

Қара, боғимизда ўрик гуллабди,

Мажнунтол барглари очибди куртак.

Гўё мудроқлаган она заминга,

Табиат айтарди гўзал бир эртак.

 

Қара, боғимизга ҳаёт қайтибди,

Майсалар бўй чўзар сафо ва хуррам.

Менинг шууримда бир ўй ётибди,

О, ҳаёт бу қадар бўлмаса ғирром.

 

Қара, боғимизга келганда баҳор,

Айланиб бормоқда қалбим хазонга.

Ҳижронингни қучиб айтаман алёр,

Боғимизга сенсиз қайтган баҳорга.

 

Муштарий АКБАРОВА,

Хонобод шаҳри.

 

ДУНЁДАГИ ЭНГ ГЎЗАЛ АЁЛ

Гуллар кўнглин тутқазар унга,

Тонгда қуёш сўрайди аҳвол.

Ўсмага сув қуяди аста,

Дунёдаги энг гўзал аёл.

 

Фариштадир, покиза нурдан,

Гўё кўкдан нур сочган ҳилол.

Меҳрин берар жумла жаҳонга,

Дунёдаги энг гўзал аёл.

 

Осмон каби феруза - қалби,

Бахтлар тилаб суради хаёл.

Тупроқ каби хокисор  онам -

Дунёдаги энг гўзал аёл.

 

Хосият НИГОР,

Андижон тумани.

 

ТИЛАГИМ

Баҳор келди уйимга,

Бодом гуллади.

Қулоғимга бир овоз

Гўзал шеърлар йўллади.

Сендан умидим бор,

Юрагим интиқ.

Нафасингдек тозадир

Орзу-истаклар.

Маъсума кўнглимга

Бергин яхшилик.

Сенга ўхшаб яшагим келар,

Баҳор...

 

МОҲИЗОДА

 

 

ОНАМНИ АСРА

Узоқлардан ўшал бекат кўринди,

Юрагим гупиллаб кетди бир зумда.

Ҳув анави шийпон, ўша чойхона,

Муҳрланган эди гўё кўзимга.

Аста одимладим ота уй томон,

Қадамлар оҳиста, ер юмшоқ ҳайҳот.

Бир пайтлар ҳаёт қайнаган гўша,

Бугун мушфиқликдан сўйлайди баёт.

Қачонлардан бери пешвоз чиқмайсиз,

Нафасимдан мени сезардиз она.

Оёқдаги бодингиз дардга айланиб,

Қаддингиз букибди, сезолмабман-а!

Муштипарим онам, онажонимни,

Дийдоридан меҳр-оқибат туйдим.

Елкамдаги юк эди дунё ташвиши,

Бир дамга унутдим, унутиб қўйдим.

Мендан менлигимни сўранг, онажон,

Ўзимда эмасман, ўзимдамасман.

Қирқ йил ҳурмат топиб, бир зум адашсам,

Сиздан бошқасига керак эмасман.

Яна юз йил яшанг, юз баҳор яшанг,

Дардингиз олай деб, нидо қиламан.

Дунёлардан сўраб, сўраб Худодан,

Онамни асра, деб дуо қиламан!

Юлдузхон МАМАТОВА,

Избоскан тумани "Ўзбекинвест"

суғурта компанияси ходими.

 

 

Аёлга бахт беринг...

Бир қўлида бешик, бирида дунё,

Fамларни елкада тутган аёллар.

Гоҳида унутиб, қувонч, шодликни,

Бир умр ширин сўз кутган аёллар.

 

Борида шукр деб, йўғида сабр,

Қаноатни қалқон қилган аёллар.

Не бўлса, тақдири, азалда дея,

Борини тақдирга йўйган аёллар.

 

Аёлга бахт беринг, муҳаббат беринг,

Бир бор ҳолин сўранг, ширин сўз билан.

Сизни севаман денг, ёлғон бўлса ҳам,

Унга кулиб боқинг, қувноқ кўз билан.

 

Аёл буюк зотдир, аёл муқаддас,

Аёлсиз уйингиз бефайз, кўримсиз.

Аёлни эъзозланг, аёл мўътабар,

Аёл дуо қилар сизни тинимсиз.

 

Даъво қилмагаймиз тилло, зарларга,

Бир оғиз ширин сўз етади бизга.

Меҳрингизни дариғ тутмасангиз гар,

Қирқ битта жонимиз фидодир сизга.

 

Назира ДАДАБОЕВА

 

БОДОМ  ГУЛЛАРИ

Куртаклардан тошиб севинчи,

Олай, дея элдан суюнчи,

Бугун тонгда илдам, биринчи,

Боғимизда бодом гуллади.

 

Шохларида ҳовуч-ҳовуч гул,

Оққушмисол, парқудай енгил,

Ифоридан яйрайди кўнгил,

Боғимизда бодом гуллади.

 

Бамисоли гўзал келинчак,

Ой нурига чўмилган чечак,

Сочларида кўзмунчоқ безак,

Боғимизда бодом гуллади.

 

Табиатнинг илҳомидир бу,

Яратганнинг инъомидир бу,

Кўкламойнинг саломидир бу,

Боғимизда бодом гуллади.

Умида ЖЎРАЕВА

 

Жаннат пойингдадир,

 муқаддас аёл!

Бошида рўмол-у, эгнида атлас,

Дунё аҳли чиндан қилади ҳавас.

Fойибдан келади бир овоз, бир сас,

Жаннат пойингдадир, муқаддас аёл!

Фарзандини чин дилдан суйган,

Борлигига муҳаббати жўш урган.

Боласи дард чекса, юраги куйган,

Жаннат пойингдадир, муқаддас аёл!

Қирқ жонида қувонч-ташвиши,

Топилади доим рўзғор-юмуши.

Елкасида унинг бахт - хумо қуши,

Жаннат пойингдадир, муқаддас аёл!

Кимгадир суюкли рафиқа, она,

Кимларгадир опа, сингил, қайнона.

Атрофида ҳатто олам гирёна,

Жаннат пойингдадир, муқаддас аёл!

Нодирахон ЙИГИТАЛИЕВА,

Пахтаобод туманидаги

20-умумтаълим мактаби

 

5-синф ўқувчиси

Касбидан бахт топган муаллима

Ўқитувчи. Бу сўзнинг замирида улкан маъно мужассам. Ушбу касб соҳибининг ҳаётимиздаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Айниқса, ёшлар камолоти йўлида ўзининг бутун умрини бахшида қилган, ёш авлод онгига Ватан меҳри, миллат ва жамият равнақи, қолаверса, ҳалол меҳнат қилиш, юрт ишига фидойи бўлиш каби кўплаб инсоний фазилатларни сингдиришдан чарчамайдиган  табаррук устозлар борлигидан қувонамиз, қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади.

Яхши ўқитувчи - бу, аввало, болаларни севадиган, улар билан мулоқотдан баҳра оладиган, ҳар бир боладан яхши одам чиқишига ишонадиган кишидир, деган экан машҳур рус педагоги В. А. Сухомлинский.   Дарҳақиқат, чинакам устоз шогирдининг истиқболи учун жон куйдирувчи, унинг муваффақиятидан қувониб, унга бутун меҳрини бағишловчи инсондир. Ана шундай инсонлардан бири Бўз туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Нурбияхон опа Маткомиловадир. Мана 45 йилдирки, у ҳаёт, оила, рўзғор ташвишларию,    фарзандлари тарбиясидан ортиб, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек масъулиятли ишни кўплар ибрат олса арзийдиган даражада уддалаб келмоқда. 

Нурбияхон Маткомилова педагоглик фаолиятини 1974 йилда Андижон шаҳридаги рус тилига ихтисослаштирилган 37-сонли болалар боғчасида бошлаган. Меҳнат жараёни билан узвий равишда Андижон давлат педагогика институти (ҳозирги АДУ)да таҳсил олиб, олий маълумотга эга бўлди. Оила қуриб, биринчи фарзандини дунёга келтирганида вилоят раҳбарияти турмуш ўртоғи Аҳмаджон акани вилоятимизнинг чекка туманларидан бўлган Бўзга ишга юборади. Қўлида чақалоғи билан опа ҳам бу ерга кўчиб келади. Фарзанд тарбиясидан ортиб, 4-ўрта мактабда рус тили ва адабиётидан дарс бера бошлайди.

Опанинг қизғин педагоглик фаолияти шу тариқа бошланган. Ўша даврларда қишлоқ мактабида ёшларни рус тилига ўргатишнинг ўзи бўлмасди, албатта. Лекин Нурбияхон опа бўш келмади. Ўқувчиларга тил ўргатиш, уларнинг рус тилига бўлган қизиқишларини ошириш борасида изланиб меҳнат қилди. Опанинг қанчадан-қанча  шогирдлари бугун турли соҳаларда эл хизматига камарбаста инсонларга айланган.

Бугун Нурбияхон опа нафақага чиққан бўлса-да таълим соҳасидан йироқлашмади. Боиси ундаги куч-ғайрат унча-мунча ёшларда топилмайди, билим ва тажрибаси эса улкан. Дарс ўтишни замонавий, илғор усулларидан фойдаланган ҳолда юқори натижалар кўрсатаётган опанинг шогирдлари фан олимпиадалари, билимлар беллашувида туманда, вилоятда   фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Самарали фаолияти учун Нурбияхон опа кўплаб фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар билан тақдирланган.

Устознинг оиласида ҳам ҳамиша аҳиллик, тотувлик     ҳукмрон. Бугун опа турмуш ўртоғи Аҳмаджон ака билан 3 фарзандни элга қўшиб, шириндан-шакар набираларнинг бобо-ю бувисига айланган. Фарзандлари Нигора, Хуршидбек, Бахтиёр олий маълумот эгаси бўлиб, бугун халқ хизматида. Қизи ва келинлари ҳам ҳудди опа каби ўқитувчилик касбини танлаганлар. Ўтган йили катта набираси Жаҳонгир АДУнинг рус тили ва адабиёти факультетига давлат гранти асосида ўқишга кирди, яна бир невараси Сардорбек фан олимпиадасининг вилоят босқичи ғолибига айланди.

Ҳа, касбидан бахт топган, фидойилиги билан эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор топган  Нурбияхон опа сингари муаллимларимиз омон бўлсин. 

Шоирахон АҲМЕДОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Вилоятимиз ёш олималарининг илмий ишлари муносиб баҳоланди

Яқинда Тошкентдаги Инха университетида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ихтирочи аёллар уюшмаси томонидан Инновацион лойиҳа ва ишланмаларни ҳаётга татбиқ этиш, уларнинг муаллифларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот ишлари олиб боришларига кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган "Ўзбекистон аёлларининг 100 та  энг яхши инновацион лойиҳаси" II республика танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.

Танловда вилоятимиздан 14 нафар ёш олималар, иқтидорли талаба ва ўқувчилар ҳамда  тадбиркор аёллар ўзларининг илмий ғоя, инновацион лойиҳа, ихтиролари билан иштирок этди. Вакилларимизнинг тақдимотлари эксперт ва мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.

Экспертлар кенгаши томонидан вилоятимизнинг 5 нафар вакили тақдим этган илмий ишланма, инновацион лойиҳа ва ихтиролари эътироф этилиб, юқори баҳоланди.

Якунда "Иссиқлик сақлаш хусусияти юқори бўлган трикотаж тўқималарида маҳаллий хом-ашёлардан ипак ипи ҳамда ипак калава ипларидан фойдаланиб янги таркибли тўқима турларини яратиш" лойиҳаси, шунингдек, 100 дан зиёд илмий-услубий ишлар, 1 та ихтиро муаллифи,  Андижон машинасозлик институти  "Материалшунослик ва янги материаллар технологияси" кафедраси доценти Мавлудахон Умарова, 30 дан ортиқ илмий ҳамда 10 дан ортиқ услубий ишлар муаллифи,Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали "Қишлоқ хўжалик машиналари" кафедраси мустақил тадқиқотчиси Матлубахон Йўлдошева, мактабдан ташқари таълим, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида инновацион иш услубларини жорий этган "Asr intellekt" Нодавлат таълим муассасаси раҳбари Хуршидахон Камолиддинова, "Интенсив олма боғларда  тарқалган ўсимлик шираларига қарши курашишда энтомофагларнинг роли" мавзусидаги илмий иш муаллифи, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали Ўсимликлар ҳимояси ва агрокимё факультети 4- босқич талабаси Гавҳарой Усмонхўжаева ҳамда кунгабоқарнинг "Мадина 17", "Мадина", соянинг эртапишар "Радуга", кечпишар "Мадина" навлари муаллифларидан бири, Избоскан туманидаги 34- умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Мадинабону Ҳабибуллаева ғолиблар қаторидан жой олди.  Улар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Билимдон, фаол ва изланувчан ёш олима, тадбиркор, талаба ва ўқувчимизни эришган муваффақиятлари билан муборакбод этамиз. Уларнинг келгуси ишларида омадлар ёр бўлсин.

 

Маҳфузахон ЮСУПОВА,

 

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, вилоят "Ихтирочи аёллар" уюшмаси раиси.

Бўлажак келин-куёвлар ўқитилади

Вилоятимизда "Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби" фаолият бошлади.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий   тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида иш бошлаган мактабнинг илк машғулотлари олдидан ўқув семинари ташкил этилди. Семинарда "Оила" маркази туман, шаҳар бўлимлари раҳбарлари, ҳуқуқшунослар, психологлар, шаҳар ва туманлар ФҲДЁ бўлимларига никоҳдан ўтиш учун ариза берган бўлғуси келин-куёвлар иштирок этди.

- Ўтган йили вилоятда оилавий ажримлар аввалги йилга нисбатан 23,8 фоизга ортиб кетган, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси раҳбари Лазокатхон Жалолова. -  Ана шундан келиб чиқиб, келгусида ажримлар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оила қурувчиларнинг оила ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиш мақсадида ташкил этилган мактаб, эндиликда вилоят Ёшлар марказида доимий равишда фаолият кўрсатади.

Мактаб ўқув курси машғулотлари 18 соатга мўлжалланган бўлиб, ҳафтада икки мартадан ўтказилади. Унда туман, шаҳар ФҲДЁ бўлимларига никоҳдан ўтиш учун ариза берган бўлғуси келин-куёвлар ўқитиб борилади.

 Машғулотларда диний ва аҳлоқий тарбия, оилавий ҳуқуқий муносабатлар, репродуктив саломатлик, оила бюджети ва иқтисодини бошқариш, ёшларга оилавий ҳаётда учрайдиган муаммоларни оқилона бартараф этиш, соғлом турмуш тарзи, аёл ва эркак психологиясининг ўзига хос хусусиятларидан оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда фойдаланиш, оилавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, намунали оилани шакллантириш, миллий қадриятлар, ислом динининг оилани мустаҳкамлашдаги роли ва аҳамияти масалаларида кенг маълумотлар берилиши белгиланган.

Шунингдек, тадбирда оила, никоҳнинг муқаддаслиги, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, оила ва тарбия билан боғлиқ миллий қадриятларимизни   мустаҳкамлаш хусусида    фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ёш оила қурувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Келгусида бу каби мактабларни вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этиш режалаштирилган. 

 

Наргиза ХУШВАҚОВА,

 

 "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси қошидаги махсус ўқув курс раҳбари.