Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Андижон олимпия захиралари коллежида Ватанпарварлик ойлиги доирасида ҳарбий хизматчилар ўртасида спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2018 йил 13 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойиши ижроси доирасида вилояти ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда Шарқий ҳарбий округнинг Андижон вилоятида жойлашган ҳарбий қисмлари ҳамкорлигида ташкил этилган спорт мусобақаларида аскар, сержант ва офицерлар тош кўтариш, енгил атлетика, турникда тортиниш ҳамда армрестлинг бўйича ғолиблик учун ўзаро беллашдилар.
- Ҳарбий хизматчиларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказиш, етакчиларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган ушбу мусобақаларда ҳарбий хизматчилар фаол иштирок этди, - дейди ҳарбий қисм командирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари, майор Лазизбек Чориев. - Муҳими, бу каби тадбирлар нафақат ойликни юқори савияда ўтишига, балки ҳарбийларимизнинг жисмоний ва профессионал маҳоратини юксалишига ёрдам бермоқда.
Мусобақалар якунига кўра, белгиланган барча спорт турлари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, улар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Инсон ҳаёти давомида табиатнинг беминнат саховати, инъоми ва марҳаматидан баҳраманд бўлиб яшайди. Бунинг учун она табиатни асраб-авайлаш, эъзозлаш, унинг покизалигини сақлашга астойдил ҳаракат қилиши лозим. Шундагина у соғлом ҳаёт кечиради, гўзал ва мазмунли бўлади.
Айни кунда табиатни муҳофаза қилиш, экологик тарбия масаласига нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш керакки, экологик тарбия табиатни асраб-авайлаш, неъматларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ жараёнларни тўғри ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ёш авлоднинг бу борадаги билим, тушунча ва тасаввурларини бойитиш, уларнинг экологик маданиятини юксалтириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Ёшларнинг табиат ҳақидаги дастлабки тасаввурлари аввало, оилада шаклланади, улғайган сари кенг жамоатчилик таъсирида атроф муҳит ҳақидаги тушунчалари кенгайиб боради.
Минг афсуски, бугун айрим ёшларимизнинг экологик тарбияси, билим ва маданиятини етарли даражада деб бўлмайди. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ҳамда ёшларнинг она табиатни асраб-авайлаш жараёнидаги иштироки ва фаоллигини оширишни тақазо этади.
Табиатга, атроф-муҳитга зарар етказган одам ўз қилмишини оқлаш учун турли баҳоналар келтиради. Улар ўзларини қанчалар оқлашмасин, лекин табиатга етказилган зарар вақтлар келиб тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкинлигини асло унутмаслигимиз лозим. Бу Орол денгизи мисолида ҳам яққол намоён бўлади. Орол фожиаси бир давлат ёки минтақанинг эмас, балки бутун инсоният фожиасидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Орол денгизи қуриш оқибатларини бартараф этишда халқаро жамоатчилик саъй-харакатларини кучайтириш зарурлигини таъкидлагани ҳам бежиз эмас.
Бир неча аср илгари улуғ аллома Аврелий томонидан "Табиатга, гулларга, сув ва жониворларга нисбатан пасткашлик қилган киши ўз оиласига, фарзандларига, яқинларига, дўстларига ҳам пастлашлик қила олади" деган сўзлари экологик тарбия нечоғлик муҳим эканлигига бир ишорадир.
Мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилиш, унинг сув ҳавзалари, ер усти ва ости бойликларини ҳимоя қилиш, улардан оқилона фойдаланишга қаратилган қонунлар, ҳуқуқий нормалар белгиланган бўлиб, бу борада зарур ишлар олиб борилмоқда, Хусусан, Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Денгизнинг қуриган 350 минг гектар майдонига саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилмоқда. 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, экологик фалокат асоратларини камайтириш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шу ўринда таълим муассасамизда ҳам ўқувчиларнинг экологик билим ва тушунчаларини бойитиш, атроф-муҳит тозалиги ва мусаффолигини сақлаш борасидаги жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қатор тадбирлар, мулоқотлар мунтазам ўтказиб борилмоқда.
Азиз юртдошлар! Барчамиз экологик муҳитни яхшилаш, она табиатимиз мусаффолигини сақлаш ишида фаол иштирок этайлик. Хонадонимизни, иш жойимизни, Андижонимиз, юртимизни янада обод бўлишига ўз ҳиссамизни қўшайлик. Бу бизнинг фуқаролик, инсонийлик бурчимиздир.
ВИЛОЯТИМИЗДА "ОТА-ОНАЛАР УНИВЕРСИТЕТИ" ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИ ФАОЛИЯТИ ЯНАДА ФАОЛЛАШАДИ
Андижон давлат университетида маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмаси фаолиятини такомиллаштириш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинарда туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари бош мутахассислари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман, шаҳар бўлимлари, фуқаролар йиғинлари қошидаги "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари, ҳуқуқшунослар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июлдаги "Фуқоролар йиғини хузуридаги "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ўтказилган семинарнинг асосий мақсади, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишга кўмаклаш ҳамда бу борада иш олиб борувчи мутахассисларнинг оилалардаги ҳуқуқий масалалар ёки ўзаро оилавий муносабатларда юзага келадиган муаммоли вазиятларни ҳал этиш бўйича билим ва малакаларини ошириш кўзда тутилган.
Мутахассислар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорининг мазмун-моҳияти, жойларда "Ота-оналар университетлари" фаолиятини йўлга қўйиш тартиб ва усуллари ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди.
Мавзу доирасида маърузалар тингланди. Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, оиладаги зўравонлик, одам савдоси, аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам беришга қаратилган ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, шунингдек, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Иштирокчилар гуруҳлар доирасида экспертлар томонидан интерфаол усуллар асосида ўтказилган машғулотларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги муаммоларни бартараф этиш, маънавий аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қайнона-келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, намунали оилани шакллантириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича билим, тушунча ва малакаларини янада бойитди.
Мавзу доирасида ишлар самарадорлигини ошириш, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, бу борадаги илғор тажриба ва иш услубларини фаолиятга татбиқ этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
- Семинарда иштирок этиб кўп нарсаларни ўргандик, - дейди Жалақудуқ туманидаги Қалам маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмаси раҳбари Бахтигул Тўхтабоева. - Бу фаолиятимизни янада самарали ташкил этишга ёрдам беради.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Наргиза ХУШВАҚОВА,
"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ҳузуридаги махсус ўқув курс раҳбари.
Она ва бола соғлом, бахтиёр бўлган жамият юксалади
2019 йил - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янги - 2019 йил юртимизда "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб номланди. Жорий йил мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эҳтиром, уларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар кўлами янада ортадиган хайрли йиллардан бири бўлиб тарих саҳифаларига муҳрланади.
Барчамизга яхши маълумки, юртимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, ёш авлодни жисмонан соғлом ва баркамол вояга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туманимизда бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, қўмитамиз фаоллари, бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар саъй ҳаракати билан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маҳаллалар, меҳнат жамоалари ҳамда ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларни "оммавий маданият" ва турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган кўплаб тадбир ва мулоқотлар ўтказилаётганлиги мазкур йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Туман ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликлар, ажримларнинг олдини олишга қаратилган қатор амалий ишлар олиб борилди. 300 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Хотин-қизлар тадбиркорлиги, оилавий бизнесни ривожлантириш учун 1,2 млрд. сўмдан зиёд миқдорда кредитлар ажратилди
Бундан ташқари, оилаларни мустаҳкамлаш, ноқонуний никоҳларга йўл қўймаслик борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, ажрашиш арафсидаги 177 оила тикланди, 212 та шаърий никоҳ билан яшаётганлар никоҳи расмийлаштирилди. Олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида туманимизда салбий ҳолатлар кескин камайди.
Янги йилда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
2019 йил опа-сингилларимизга, юртдошларимизга бахт, қувонч ва омад келтирсин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ватанимиз бугуни ва эртаси, порлоқ келажагимизни барпо этиш ҳақида сўз юритганида, бу борада хотин-қизларнинг ўрни ва роли беқиёс эканлигини кўп бора таъкидлаши опа-сингилларимизга қаратилган юксак эътиборнинг намунасидир. Дарҳақиқат, мамалакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнлари, кенг кўламли бунёдкорлик ишларида нозик хилқат вакилларининг ҳиссаси ниҳоятда катта. Оилаларни мустаҳкамлаш, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод тарбияси, умуман, юрт равнақи йўлидаги ишларда муҳтарама аёлларимизнинг фаол иштироки хусусида Булоқбоши тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнорахон Худойбердиева билан суҳбатда бўлдик.
Гулнорахон Худойбердиева 1974 йилда Булоқбоши туманида таваллуд топган. 1997 йилда Андижон давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги - физика, меҳнат таълими ўқитувчиси. Тумандаги қатор таълим муассасаларида, сўнги йилларда 7-умумтаълим мактабида директор вазифасида фаолият юритган. 2018 йил июль ойидан туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида иш бошлаган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор.
- Тизимда иш бошлаганингизга кўп бўлгани йўқ. Айтингчи, ўтган қисқа фаолиятингиздан кўнглингиз тўладими?
- Хотин-қизлар билан ишлаш жуда масъулиятли ва кенг қамровли вазифа. Қолаверса, бугунги кун ҳар қандай даражадаги раҳбардан фидойилик ва шижоат билан ишлашни талаб этади. Фаолиятим давомида соҳага чуқур кириб боришга, барча йўналишлардаги ишларни самарали юритишга ҳаракат қиляпман. Тўғри, ютуқларимиз бор, лекин ҳал этилиши зарур бўлган муаммоларимиз ҳам етарли. Шу маънода айтишим мумкинки, ўтган фаолиятимдан кўнглим тўлаётгани йўқ. Чунки туманимиз хотин-қизлари фаоллигини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, айниқса, хотин-қизлар билан боғлиқ салбий кўрсаткичларни яхшилаш борасида қиладиган ишларимиз талайгина.
Ишонч билан айта оламанки, қўмитамиз фаоллари, бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, маҳалла мутахассислари ҳамжиҳат иш олиб бориб, барча йўналишларда ижобий натижаларга эриша оламиз.
- Ташкилот, муассаса ва маҳаллаларда аёллар фаоллигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз?
- Тумандаги 132 та бошланғич ташкилотимиз етакчилари, мавжуд 37 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, фаолларимиз ҳамда отинойилар ҳамкорлигида опа-сингилларимиз фаоллигини ошириш, маҳаллалар, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар тадбиркорлиги, ҳунармандчилик, оилавий бизнесни ривожлантириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш, тиббий, ҳуқуқий билимларини юксалтириш, шунингдек, турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли амалий ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, маҳаллалар, таълим муассасаларида ўтказилаётган қатор тадбир ва мулоқотлар, айниқса, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмушнинг салбий оқибатларини тушунтириш, хотин-қизлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, одам савдоси, гиёҳвандлик сингари иллатларга қарши кураш борасидаги ишларимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ана шу саъй ҳаракатларимиз туманимизда истиқомат қилаётган 67 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг фаоллигини, уларнинг жамиятдаги нуфузи, ўрни ва ролини оширишга, тадбиркорлик, ижод ва бошқа соҳаларда ўз салоҳият, истеъдод ва маҳоратларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб беришга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган.
- Хотин-қизлар ўртасидаги салбий ҳолатларнинг сабаблари нимада, уларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Якунланган йилда опа-сингилларимиз билан боғлиқ салбий ҳолатлар айрим йўналишларда камайган бўлса-да, айрим йўналишларда ортиб кетган. Бу нотинч оила вакиллари, жиноятчиликка мойиллиги юқори бўлган аёллар қатлами билан етарли даражада иш ташкил этилмаганлиги натижасидир. Ана шу ҳолатлар, уларнинг сабаблари туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан прокуратура, ички ишлар, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, ФҲДЁ ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиб, таҳлил қилинди. Салбий кўринишларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, зарур ишлар олиб борилмоқда.
Юқоридаги каби салбий ҳолатлар ана шу йўналишларда олиб борилаётган ишларимиз самарадорлигини янада оширишни тақазо этади. Демак, бундан буён маҳалла ва ташкилотларда ҳар бир оила, ҳар бир аёлга етиб бориш, уларнинг ҳар бири, айниқса, нотинч оилалар вакиллари билан жиддий иш олиб боришни йўлга қўямиз. Тарғибот ишларида таъсирчан усуллардан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратамиз.
- Бугунги кун аёли қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?
- Аёлларимиз хоҳ у уй бекаси бўлсин, хоҳ жамият ишида бўлсин, ҳамиша эзгуликка ҳамроҳ яшаши керак, одоб-ахлоқли фарзандларни тарбиялаш, эл-юрт ишига камарбаста бўлиш орқали юрт равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим. Оила хотиржамлиги, фарзанд тарбиясида аёлнинг ўрни ниҳоятда катта, айниқса, унинг маънавиятли бўлиши муҳим роль ўйнайди. Шу маънода барча аёлларимиз оқ-қорани ажратадиган, маънавиятли бўлиш учун излансин, ўқисин, ўргансин, давримиз янгиликларидан хабардор бўлсин. Хусусан, аёл газета, китоб ўқиса, фарзандларини ҳам ана шу асосда тарбиялашга эътибор қаратса, унинг зурриётлари, албатта, элимизга нафи тегадиган, ёмон йўлга юрмайдиган инсонлар бўлиб вояга етади.
- Шахсан ўзингиз ҳам китоб, газета ўқиб борасизми?
- Албатта, ўқиб бораман. Имкон бўлди дегунча сиёсий, бадиий адабиётлар, турли газеталар билан танишишга ҳаракат қиламан. Ахир янгиликлардан, юз бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан ўз вақтида хабардор бўлиб бормаган киши ҳаётдан ортда қолиб кетади. Қолаверса, ўқимишли кишининг маънавияти юксак, фикрлари теран, мушоҳадаси кенг бўлади.
Ана шундан келиб чиқиб, фаолиятимизда аёллар, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ўқиш, китоб мутоааласини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Чунки, китоб, газета ўқийдиган аёллар турли муаммоларни ҳал этишда қийналмайди, ўз оиласини мустаҳкам, фарзандларини одоб-ахлоқли бўлишини таъминлай олади.
- Газетамиз мухлисларига, опа-сингилларимизга Янги йил тилакларингиз...
- Кириб келган Янги йил халқимиз учун хайрли бўлсин. Соғлик, тинчлик-хотиржамлик, бахт ва омад ҳамроҳ бўлсин. Вилоятимиз хотин-қизларининг нашри - "Иқбол" газетаси ҳар бир хонадонга кириб боришини, опа-сингилларимизнинг яқин суҳбатдошига айланишини жуда-жуда истайман.
Андижон шаҳрида "Оилавий зўравонликка барҳам берайлик!" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги "Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ўтказилган семинарда вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган "Меҳримиз сизга" хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг фаолият йўналишлари, мақсад-вазифалари, бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш хусусида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова юқоридаги қарордан келиб чиқадиган муҳим вазифалар хусусида гапирди, шунингдек, 2018 йилда вилоятимизда 600 нафарга яқин оғир вазиятга ва руҳий инқирозга тушиб қолган аёлларга тиббий, психологик, маънавий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилганлиги, улар қизиқишларига қараб турли йўналишлар бўйича касб-ҳунарга ўқитилганлигини таъкидлади.
Юртимизда фуқароларнинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка доир ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятнинг асосий бўғини бўлган оила институтини янада мустаҳкамлаш, ривожлантириш, оила манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асосларини кучайтириш, хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, хусусан, жисмоний, ахлоқий ёки мулкий зарар етказиш натижасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар туфайли жабр кўрган шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган "Меҳримиз сизга" хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.
Туман ва шаҳарларда ташкил этилган реабилитация ва мослашув марказлари раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталарининг мазкур йўналишда фаолият олиб борувчи фаоллари, шунингдек, бир гуруҳ руҳий инқирозга, оғир вазиятга тушиб қолган аёллар иштирок этган тадбирда марказ фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди.
Тақдимотда марказни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, марказ "Ишонч телефони" операторининг вазифалари, руҳий инқирозга ҳамда оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга психологик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, марказда фаолият кўрсатувчи ижтимоий ходимнинг асосий вазифалари, ижтимоий хизмат кўрсатишнинг муҳим жиҳатлари, вақтинча бошпана беришни ташкил этиш тартиблари ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди. Мутахассислари томонидан тайёрланган услубий қўлланмалар тарқатилди.
Семинарда мавзу доирасида маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни самарали йўлга қўйиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ўз жонига қасд қилишга мойил аёлларни ҳамда жамиятдаги, оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган оилавий ва шахслараро низоларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш, мазкур жараёнда фуқаролик жамияти институтлари, кенг жамоатчилик иштироки ва ҳамкорлигини таъминлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Марказ зарур техник воситалар, жиҳоз ва услубий қўлланмалар билан тўла таъминланган бўлиб, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилиши ҳамда турли қийинчиликларга дуч келган аёлларга ананим ва конфеденциаллик тамойиллари асосида шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилади, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган шахслар билан бирламчи ва тизимли профилактик тадбирлар, турли машғулотлар ўтказиб борилади.
Семинар доирасида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар учун сайёр қабул ташкил этилди.
Холидахон МИРЗАРАҲИМОВА,
"Меҳримиз сизга" хотин-қизларни ижтимоий
реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази раҳбари.
УЙ-ЖОЙГА МУҲТОЖ, МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТИ ЧЕКЛАНГАН 49 НАФАР ХОТИН-ҚИЗ ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИНИ ЯНГИ УЙДА КУТИБ ОЛДИ
Янги йил байрами арафасида вилоятимизда истиқомат қилаётган 49 нафар жисмоний имконияти чекланган ҳамда оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қиз янги уй соҳибасига айланди.
Вилоят қўғирчоқ театрида бўлиб ўтган тадбирда анашундай фуқароларга 442 миллион сўм миқдорида бошланғич бадал тўловларини амалга ошириш ҳамда 1 миллиард 792 миллион сўм миқдоридаги қурилиш ишлари бажарилиши ҳисобига вилоятимизнинг қатор туман ва шаҳарларида барпо этилган янги уйларнинг калити тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.
Тадбирда мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оила вакилларини, ногирон, оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
- Турмуш ўртоғим 1-гуруҳ, ўғлим ва келиним эса 2- гуруҳ ногиронлари, - дейди Балиқчи туманидаги Матонат маҳалласида яшовчи Моҳирахон Ҳайдарова. - Бошпанамиз йўқлиги учун бировларнинг уйларида яшаб келаётгандик, Уй-жой қилишга имконим умуман йўқ эди. Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари шароитимизни ўрганиб, уй-жой берилиши учун рўйҳатга киритганларида очиғи, уй-жой олишга ишонмаган эдим.
Бугун дунёда мендан бахтли инсон йўқ. Чунки, менга уй берилди. Энди ўз уйим бор, кимнингдир олдида хижолат бўлмай, ҳотиржам яшай оламан. Хатто, яқинларим кўрсатмаган бундай яхшиликдан, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан ҳаётга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга ишончим минг чандон ортди. Қийналаётган мен каби аёллар ҳолидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга мингдан-минг раҳмат.
Жорий йилда ана шу тоифадаги 369 нафар хотин-қизга янги уй-жойлар топширилди. Янги уй билан таъминланганларнинг 218 нафари жисмоний имконияти чекланган хотин-қизлардир. Бундан ташқари, янги уй олган хонадон эгаларига умумий қиймати 235,6 миллион сўмлик маиший техника, 68,6 миллион сўмлик мебель тўпламлари, 6,5 миллион сўмлик тикув машиналари совға тариқасида берилди.
- Ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлгани яхши, - дейди янги уй соҳибаси Асака тумани Арғин маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Луиза Мамажонова. - Шароитимиз ўта оғир, уч нафар фарзандим бор.
Уларнинг иккитаси ногирон. Ўз уйимиз йўқлигидан бировларнинг уйларида яшаб келар эдик. Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли бизга ҳам уй берилди.
Бундан айниқса, фарзандимнинг қувонганини кўрсангиз эди. Мен каби кўнгли ўксик инсонларга қувонч улашаётган Президентимизга мингдан-минг раҳмат.
Айниқса, таълим муассасаларининг реконструкция қилиш, мослаштириш ҳисобига уй-жойга айлантирилган собиқ ётоқхона биноларида яшовчиларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят миқёсида хотин-қизларга топширилган ана шундай уйларнинг биринчи қаватларида тикув-трикотаж ва бошқа йўналишлардаги цехлар фаолияти йўлга қўйилиб, 275 та янги иш ўрни яратилди.
"Обод маҳалла" дастури доирасида эса Андижон шаҳридаги уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Хўжаобод тумани Қозоқ массиви, Хидирша маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 220 оилага, шу жумладан, 92 таси шароити оғир оилага янги уйлар қуриб берилди.
Хонадонлар калитини ўз эгаларига вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов топширди.
Рақобатбардош, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш асосий вазифамиз
Президентимиз Мурожаатномасида илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш зарурлиги келгуси йилда олдимизда турган энг асосий устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Юртбошимиз бундан кейин ёшларга муносиб таълим бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқариш мақсадида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини, илмий ва ўқув жараёнлари сифатини тубдан яхшилаш вазифасини қўйди.
Агар эътибор қаратадиган бўлсак, Президентимиз "Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш ўтган даврда 9-10 фоиз даражасида бўлиб келаётган эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли, биз бу рақамни 15 фоиздан оширишга эришдик. Лекин бу ҳали етарли эмас. Чунки дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда 60-70 фоизни ташкил этади. Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш - муҳим вазифамиздир", дея олий таълим соҳасидаги ўзгаришларни алоҳида қайд этди. Бу олий таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар даври бошланганлигидан дарак бериб турибди.
Олдинги йилларда тест синовларининг бир вақтда ўтказилиши абитуриентларга танлаш имкониятини чеклаб қўймоқда эди. Яъни, улар фақат биттагина соҳа учун синовда иштирок этиш ҳуқуқига эга эди. Эндиликда уларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини бериш масаласи қўйилди. Ривожланган мамлакатлар бу тажрибадан самарали фойдаланиб келмоқда. Келгусида мазкур тажриба юртимизда амалиётга татбиқ этилиши иқтидорли ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда илк марта 50 фоизгача кўпайтирилиши таълим сифатини янада оширишга, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларни ўз устида ишлашларига янада кенгроқ имкон яратишга қаратилган муҳим қадамлардан бири эканини эътироф этиш жоиз.
Сўнгги 2 йилга назар ташласак, шаҳару қишлоқларимизда юзлаб ишлаб чиқариш корхоналари очилди. Кўплаб саноат корхоналари модернизация қилиниб, қайтадан жиҳозланди, бунинг натижада, замонавий ва сифатли ишлаб чиқаришлар йўлга қўйилмоқда. Албатта, бундай корхоналарда бугун кун талабларига жавоб берадиган, энг сўнгги қурилмалар билан сирлаша оладиган малакали кадрлар фаолият юритмоқда.
Шу нуқтаи назардан ҳам олий ўқув юртлари нуфузини янада ошириш, нодавлат таълим масканлари сонини кўпайтириб, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш, педагог кадрларни салоҳиятини янада ошириш ва рақобатни кучайтириш, бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош, юқори малакали кадрларни тайёрлаш эндиликда энг асосий вазифамиздир.
Хотин-қизларга эътибор уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига ёрдам беради
ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ:
Халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилди
Президентмиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси вилоятимизда кенг жамоатчилик, хусусан, хотин-қизлар томонидан катта қизиқиш билан тингланди. Мурожаатнома бўйича юртдошларимиз ўзларининг муносабатларини билдирмоқда.
Хотин-қизларга эътибор уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига ёрдам беради
Мурожаатнинг мазмун-моҳияти юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давомийлигини таъминлашга, жамият тараққиётини янада юқори даражага кўтаришга қаратилди, десам асло муболаға бўлмайди.
Айниқса, Юртбошимиз мурожаатда хотин-қизларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш хусусидаги фикрлари нафақат мени, балки юртимиздаги барча опа-сингилларимизни беҳад қувонтиргани аниқ.
Юртбошимиз мамлакатимизда оғир турмуш шароитида яшаб, иш билан таъминланмаган 13 минг нафардан зиёд хотин-қизлар борлиги ачинарли эканлигини айтган лаҳзаларда мазкур тизимда иш олиб бораётган инсон сифатида айнан ана шу тоифа кишиларига эътибор қаратилганлиги нечоғли тўғри ва адолатли эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Тўғри, оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларимиз вилоятимизда ҳам йўқ эмас. Юртбошимиз ташаббуси билан уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, якунланган 2018 йилда вилоятимизда жисмоний имконияти чекланган ҳамда оғир турмуш шароитида яшаётган 369 нафар хотин-қизга янги уй-жойлар топширилди. Бундан ташқари, янги уй олган хонадон эгаларига умумий қиймати 235,6 миллион сўмлик маиший техника, 68,6 миллион сўмлик мебель тўпламлари, 6,5 миллион сўмлик тикув машиналари совға тариқасида берилди. Шунингдек, айнан ана шу хотин-қизлар учун туман ва шаҳарларда барпо этилган кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларида тикув-трикотаж ва бошқа йўналишлардаги цехлар фаолияти йўлга қўйилиб, 275 та янги иш ўрни яратилди.
Ишонаманки, бошланган янги йилда ҳам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган юқоридаги каби ҳайрли ишлар кўлами янада ортади. Бу албатта, миллатимиз давомчилари бўлган минглаб опа-сингилларимизнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўринларини топишларига, ҳаётидан рози бўлиб яшашларига, эртанги кунга бўлган умид ва ишончларини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.