+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

БИЗ ОИВ ПРОФИЛАКТИКАСИ ТАРАФДОРИМИЗ

Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида "Биз ОИВ профилактикаси тарафдоримиз" шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази томонидан ўтказилган тадбирда коллежнинг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этиб, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, ОИВ/ОИТС касаллиги ва унинг оқибатлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари Гулбаҳор Исақова, Асилбек Тожиматовлар ОИВ инфекцияси, касалликнинг юқиш йўллари, профилактикаси тўғрисида маълумотлар бердилар. "ОИВ инфекциясини биласизми?", "ОИТСдан сақланинг" мавзуларида буклетлар тарқатилди.

Шунингдек, мавзу бўйича видeоролик ва ўқувчилар томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олди.

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ,

 

жамоатчи мухбир.

Ёшларда экологик маданиятни шакллантириш - замон талаби

Долзарб мавзу

Бугунги кунда экологик инқироз ва хавфсизликнинг олдини олишда аҳолининг, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик-ҳуқуқий билими, тарбияси, маданияти ва маънавиятини замон талаби даражасида юксалтириш экологик хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг экологик-ҳуқуқий таълим ва тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бутун юртимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам "Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури" ижросини таъминлаш, ёш авлоднинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтириш мақсадида истироҳат боғлари, маҳаллалар, ҳовлилар, кўчалар, дам олиш масканлари, очиқ сув ҳавзалари ва бошқа жамоат жойларини озода сақлаш, ёш авлодни она табиат неъматларига меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларида фаол иштирок этишга  жалб қилиш  борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Экологик таълим ва тарбия асосан: оилада, мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда, лицей, коллеж, институт ва университетларда олиб борилади.

Ҳар бир оилада ўсиб-улғаяётган ёшларимиз мустақил давлатимизнинг экологик сиёсати ҳамда унинг мазмунини, ҳуқуқий-экологик муаммолар ҳамда уларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий-иқтисодий томонларини яхши билишлари, чуқур ҳуқуқий-экологик билимларга эга бўлишлари ва жамият фаолиятининг ҳуқуқий-экологик соҳасида фаол қатнашишлари зарур бўлади.

Вилоятимизнинг барча ҳудудларида умумтаълим мактаблари, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ёш авлод онгида она табиат ва унинг бойликларига бўлган  меҳр-шафқат руҳини кучайтириш мақсадида, "Ёшлар ва табиат", "Атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик муҳитни соғломлаштиришда барчамиз масъулмиз", "Экология ва саломатлик", "Ёшларда экологик таълим-тарбияни ривожлантириш масалалари", "Табиатни асраш-ўзингни асраш демакдир", "Соғлом турмуш тарзи ва экология", "Соғлом муҳит- инсон саломатлиги", "Бизга соғлом экология керак" мавзуларида кўрик-танловлар, мусобақалар, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари мунтазам ўтказиб борилиши зарур.  Таълим муассасалари мутасаддилари ана шу масалага алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

Инсон табиат бойликларидан ўз моддий ва маънавий эҳтиёжлари учун фойдаланар экан, уни қайта тиклаши, ҳайвонлар, ўсимликлар, қуш ва балиқлар, хуллас ундаги барча жонзотлар учун ғамхўрлик қилиш лозимлигини сира унутмаслиги керак. Бу борада ёшларга тўғри таълим-тарбия бериш бизнинг асосий бурчимиздир.

Улуғбек МАҲМУДОВ,

Райҳона ТУРFУНОВА,

вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

 

 бошқармаси мутахассислари.

МАҲАЛЛА БИЛАН ҲАМКОРЛИК ФАОЛИЯТИМИЗ САМАРАДОРЛИГИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИДИР

Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятидан

Сўлим ва бетакрор табиати билан таърифи етти иқлимга ёйилган Хонобод шаҳри кундан-кунга чирой очиб, янада обод бўлиб бормоқда.

Янги-янги тураржой бинолари, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб, фойдаланишга топширилаётир. Бу албатта, янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.

Шаҳримизда айни кунда 41 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шундан қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади, Опа-сингилларимизнинг 10 фоиздан зиёди турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. Айниқса, таълим ва    соғлиқни сақлаш тизимларида фаолият юритаётган хотин-қизларимиз салмоқлидир.

Шаҳримиздаги йирик саноат иншоотларда айни пайтда минглаб хонободликлар меҳнат қилиб, турмуш шароитларини яхшилаб боришмоқда. Биргина "ЎзКоджи" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасида ишлаётган хотин-қизларимиз сони мингдан ортиқ, "Андижонкабель" Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасида фаолият юритаётган хотин-қизлар ҳам салмоқлидир. Барқарор иш ўринлари яратилганлиги боис, аҳолимизнинг аксарият қисми доимий иш ўринларига эга.

Ҳудудимизда 14 та маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган. Улардан энг йириги Фурқат номли маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, унда турли миллат вакиллари истиқомат қилишади. Кўплаб хонободликлар тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланишади.

Хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, янги иш бошлаш, кредит олиш истагидаги хотин-қизларга кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мунтазам семинарлар, мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказиб турилиши опа-сингилларимиз фаоллигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Бевосита хотин-қизлар қўмитаси кўмаги билан қандолатчилик цехини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиши учун "Мустақиллик" маҳалласида яшовчи Муҳаббатхон Эрматова, "Юксалиш" маҳалласидан Мухлисабону Аҳмедовалар 20 миллион сўмдан, чеварлар Холида Қурбонова, Хожархон Фозиловаларга  тикувчилик йўналиши учун 10 миллион сўмдан, Мақсудахон Олимжон қизи гўзаллик салони очиши учун 10 миллион сўм, компьютер сервис хизмати ташкил этиш истагидаги Мадина Тиллабоевага 17 миллион сўм, жами 10 нафар аёл-қизларга кредит маблағлари ажратилди.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари ўтказилмоқда. Яқинда ўтказилган меҳнат ярмаркасида 32 нафар хотин-қизлар ишга жойлашиш учун мурожаат қилди. Шундан 5 нафари ўз мутахассисликлари бўйича, 10 нафари жамоат ишларига ишга жойлашди, яна 10 нафар қиз-аёл "Устоз-шогирд" йўналишида ҳунар ўрганишга йўналтирилди.

 Шаҳримиз ривожи, янада юксалиши кўп жиҳатдан юртдошларимизнинг самарали ишларига, фидойилигига, маҳаллаларимиздаги барқарор муҳит, оилаларимиздаги тинчлик-хотиржамликка боғлиқдир. Шу боис ҳам қўмитамиз фаолиятида маҳалла билан ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни кунларда шаҳримиз бўйлаб маҳалла кунларини ўтказаяпмиз. "Хавфсиз-хонадоним, хавфсиз-кўчам, хавфсиз-маҳаллам, хавфсиз-шаҳрим" шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар, мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. "Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак", "Биз - оилавий ажримларга қаршимиз", "Эрта турмуш - келтирар ташвиш", "Оилада эр ва хотиннинг бурчлари", "Шаръий никоҳга йўл қўймаймиз" каби мавзуларда ташкил этилаётган тадбирлар ана шу йўналишларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада оширмоқда. Умумтаълим мактабларидаги "Қизларжон" клуби фаолиятини яхшилашга қаратилган,   шунингдек, "Кийиниш маданияти - қизларимиз зийнати", "Қизлар келажак давомийлиги асосчиларидир" мавзуларида мулоқотлар ўтказилди.

Маҳалла мутахассислари ташаббуси билан хотин-қизлар ўртасидаги турли кўрик-танловлар, учрашув ва кечалар, шу билан бирга, қайнона-келин муносабатлари, қизларнинг одоб-ахлоқи масалаларига доир тадбирлар ҳам ижобий самаралар бермоқда, одамларимиз қалбида оилага, юртга меҳр-муҳаббат туйғуларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Айтиш жоизки, шаҳримизда кейинги йилларда хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик кескин камайди, фоҳишабозлик йўқотилди, диний экстремистик оқимлар таъсирига берилиб, рўйҳатга олинган хотин-қизларимиз сони озайди, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига     барҳам берилди, вояга етмаганлар тарбиясида ижобий ютуқларга эришилди.

Шу ўринда, олиб борилаётган хайрли ишларга қўмитамиз атрофига уюшган фаол, ташаббускор аёлларимиз яқиндан кўмак беришаётганини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтишим лозим. Қўмитамиз томонидан олиб борилаётган юқоридаги каби ибратли ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.

 

Мухтасархон ҲОШИМОВА,

Хонобод шаҳар ҳокими ўринбосари,

 

хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Вилоятимизда яна бир аёлларни даволаш ва соғломлаштириш маркази очилди

Андижон шаҳрида "Соғлом ҳаёт" аёллар соғломлаштириш маркази иш бошлади.

Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида марказ очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда аёлларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг спорт билан шуғулланишлари, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

-      Марказда опа-сингилларимизни соғломлаштириш ва кўнгилли дам олишлари учун зарур барча шароитлар яратилган, - дейди марказ бош шифокори Сурайё Зияева. - Хусусан, ошқозон-ичак, қандли диабет, гинекологик хасталикларни даволаш, шунингдек, физиотерапия, фитсауна, гидромассаж, асал билан даволаш ва бошқа қатор йўналишларда малакали ва сифатли хизматлар кўрсатилади.

Умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард 600 миллион сўм бўлган мазкур марказда 40 нафар беморни стационар тарзда даволаш, амбулатор тарзда 100 нафар кишига хизмат кўрсатиш имкони яратилган. Бундан ташқари, Италия давлатидан келтирилган махсус клиник лаборатория ёрдамида бир неча турдаги қон таҳлилларини олиш мумкин.

Марказда малакали мутахассислар томонидан косметология, қоматни яхшилаш, тўғри овқатланиш режаси бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилади, аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича махсус машғулотлар ва машқ дастурлари олиб борилади. Шунингдек, марказдаги замонавий тренажёр зали ҳамда бассейнда аёллар куннинг исталган пайтида шуғуллана олишлари учун машғулотлар жадвали тузилган.

Соғломлаштириш марказининг иш бошлаши билан кўплаб янги иш ўринлари яратилди.

Марказ очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

ВИЛОЯТ СЕССИЯСИ

Оилани мустаҳкамлаш, аёл шаъни ва қадр-қимматини

асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг, айниқса,

масъул шахсларнинг муҳим бурчидир

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 42- сессиясида оилани, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Сессияни Халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов олиб борди.

Селектор тарзда, танқидий, таҳлилий руҳда ўтган сессия ишида туман, шаҳарлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар, хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, халқ депутатлари шаҳар, туман кенгашлари депутатлари, таълим муассасалари директорлари, профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, йиғинлар қошидаги Яраштириш   комиссиялари, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни    мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, имом-хатиблар, отинойилар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари юзасидан Парламентга Мурожаатномасида жорий -  "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да ижтимоий соҳани янада ривожлантириш учун амалга ошириш зарур бўлган устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан,  хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бундан  ташқари, Президентимизнинг     2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида ҳам оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, улар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида муҳим вазифалар белгиланган.

Президентимиз фармони ва Мурожаатида белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятда оилани, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди.  Жумладан, "Менинг маҳалламда бирорта ҳам оилавий ажрим бўлмаслиги керак!", "Биз оилавий ажримларга қаршимиз" шиори остида "Оилаларни мустаҳкамлаш" ойлиги тадбирлари ўтказилди. Ҳафтанинг чоршанбаси "Оилаларни мустаҳкамлаш куни" деб белгиланди, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаолияти кенгайтирилди, оилавий муаммоларни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, оилага жамоатчилик таъсирини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ва тизимли ишлар олиб борилди.

Натижада, 3429 та ажрим ёқасига келиб қолган оиланинг 3171 таси яраштирилди, ноқонуний никоҳ билан яшаётган 4249 та оиланинг 3035 таси никоҳи қонуний расмийлаштирилди, 1249 та қайд этилмаган туғилганлик, ўлим, никоҳ ҳолатлари аниқланиб, белгиланган тартиблар асосида ҳужжатлаштирилди.

Лекин, амалга оширилаётган ана шу ишларга қарамасдан вилоятда оилавий ажримлар сони ортиб кетганлиги, оилалар билан боғлиқ кўплаб муаммолар юзага келганлиги танқид остига олинди.

Айни кунда 3 миллион нафардан ортиқ вилоят аҳолиси 786 минг 941 оила таркибида истиқомат қилади. Ҳар йили вилоятда 30 мингдан ортиқ янги оилалар барпо бўлмоқда. Биргина 2018 йилда 30 минг 344 та никоҳ қайд этилган. Бироқ 4 минг 149 та оила қонуний ажрашиб кетди. Яъни, ажримлар 2017 йилга нисбатан 23,8 фоизга ортган. 

Оилавий ажримлар Шаҳрихон, Андижон, Жалақудуқ, Избоскан, Олтинкўл ва Қўрғонтепа туманларида юқори эканлиги қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, ажримларга асосан фарзандсизлик, оилавий келишмовчилик, узоқ вақт бирга яшамаслик, иқтисодий етишмовчиликлар, қонуний никоҳни бекор қилмасдан,  бош-қа оила қуриш сабаб бўлган. 

Ажрашиб кетган оилаларнинг салмоқли қисмини ёш оилалар ташкил этади. Ёш оила бошлиқлари аксарият ҳолатларда оилани мустақил бошқариш, фикрлаш, даромад топиш салоҳиятига эга, келинларнинг эса оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги кўриниб қолмоқда. Бундан ташқари, ёш оила ҳаётига қайнона, қайнота ва оиланинг    бошқа аъзолари аралашуви туфайли ҳам кўплаб ажрашишлар қайд этилган.

Мисол учун, Қорасув        шаҳрида яшовчи Фурқат Қодиров беш маротаба уйланган. Биринчи хотинидан 3 нафар, иккинчи ва тўртинчи хотиндан 1 нафардан, жами 5 нафар фарзанди бор. Ҳозирда унинг 4 нафар фарзанди отасиз улғаймоқда Бунга сабаб, унинг онаси Шаҳноза Йўлчиева келинлари билан муроса қилмайди, қайноналик бурчи, масъулиятини ҳис этмайди. Сессияда оилаларни бузилишига сабабчи бўлаётган бу каби учинчи     шахсларга нисбатан жамоатчилик таъсир чораларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўғил бола тарбиясига эътиборсизлик, ёшликдан меҳнатга эмас, енгил ҳаётга ўргатиб қўйиш оқибатида уларнинг аксарияти оилани бошқаришда уқувсиз эркакка айланган. Ота-онасининг бойлигидан сармаст бўлиб, уйлангандан сўнг ҳам айш-ишратда юришликни давом эттиришлари ёки ота-онанинг давлати қўлдан кетса, ўзи ичкиликка, гиёҳвандликка берилиб, маблағ топа олмай, аёлидан тинимсиз маблағ талаб қиладиганлари ҳам бугун сизу бизнинг орамизда яшамоқда. Бундай ҳолатлар кўпроқ раҳбарлик лавозимларида ишлаган ёки ўзлари ёшликда кўрган қийинчиликларни фарзандлари кўрмасликлари, улар роҳат-фароғатда яшаши учун "жонини фидо қилган" ота-оналар оилаларида учрамоқда. Андижон шаҳрида 2018 йилда ажрашган оилаларнинг 10 таси айнан ана шундай оилалар ҳиссасига тўғри келган.

Оилавий ажримдан энг аввало, аёл, вояга етмаган гўдаклар азият чекмоқда. Оилада келишмовчиликлар юзага келса, эр аёлни фарзандлари билан ота-онасининг уйига ҳайдаб юбормоқда. Оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясига минг афсуски, эътибор қаратмаяпти. Янада ачинарлиси эса, у кўп вақт ўтмай, шаръий никоҳ билан бошқа аёлга уйланиб олмоқда.

Ҳали ўртадаги қонуний никоҳи бекор бўлмасдан, айрим ота-оналар сарсон қолаётган норасида набираларини, уларга ҳаётини  бахшида этган келинини ўйламасдан, ўғлини яна уйлашга шошмоқда. Энг ёмони, бундай ишларга масъул вазифаларда ишлаётган кишиларнинг бош бўлганлигини нима деб изоҳлаш мумкин? Мисол учун: Улуғнор туманидаги Бобур маҳалласида яшовчи Зухриддин Ўсаров икки маротаба уйланган. Ҳар биридан бир нафардан фарзанди бор. Унинг онаси оилани мустаҳкамлаш борасидаги давлатимиз сиёсатини аҳоли ўртасида тарғиб қилиши, барчага ибрат бўлиши керак бўлган Бобур номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнорахон Ўсаровадир. Минг афсуски, у бундай ишларнинг олдини олиш ўрнига, ўғлини шаръий никоҳ билан иккинчи бор уйланишига ўзи бош-қош бўлган.

Сессияда 2018 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича вилоят судларига оилавий ажрим масаласида 7 минг нафардан ортиқ фуқаро ариза билан мурожаат қилганлиги айтиб ўтилди. Аризаларнинг 5403 таси кўриб чиқилиб, 2972 таси қаноатлантирилган. Фуқаролик ишлари бўйича судларга қилинган мурожаатларнинг ўзи "Ҳар битта маҳалладан камида 8-10 тадан оила ажрим учун ариза берган", деган хулосага келиш учун асос бўлади. Хусусан, Хўжаобод туманида 37 маҳалла бўлгани ҳолда 377 нафар фуқаро ажрашиш учун судга мурожаат қилган. Бу ҳар бир маҳалладан ўртача 10,2 кишининг оиласида муаммолар бўлганлигини кўрсатади.

Таҳлилларга кўра, турмуши бузилган аёлларнинг 50 фоиздан ортиғи ўрта ҳол ёки кам таъминланган, яшаш шароити оғир оилалар фарзандлари. Қизнинг ажрашиб, ота уйига келиши ўша оиладаги муаммоларни янада кўпайтирмоқда. Қолаверса, ажрашган аёл фарзандларини боқиш, уй-жой қилиш илинжида хорижий давлатларга ишлагани кетмоқда ёки енгил-елпи, ноқонуний йўллар билан пул топишга ҳаракат қилмоқда. Бу албатта, одам савдоси, аёллар иштирокидаги жиноятларнинг ортишига, фарзандлар тарбиясига, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитасига оиладаги муаммоларнинг ечимида ёрдам сўраб келаётган аёллар сони минг нафардан ортиб кетган. Улардан 45-50 фоизи бир неча йил турмуш ўртоғининг хонадонида яшаган, лекин на ўзи, на фарзандлари ана шу хонадон рўйхатига киритилмаган. Оилада зиддиятлар келиб чиққанда, аёлнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишида муаммолар юзага келмоқда. Сессияда ана шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада маҳаллалардаги профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари масъулиятини ошириш, улар ўз вазифасига панжа ортидан қарамасдан, виждонан ёндашишлари зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, таълим муассасаларида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш, таълим муассасалари психологлари масъулияти ва фаолияти самарадорлигини янада ошириш, айниқса, муаммоли оилалар  фарзандлари билан ишлаш борасидаги ишларни кучайтириш муҳимлиги, бироқ айни кунда таълим муассасаларидаги психологларнинг 75 фоизи номутахассис эканлиги бу борадаги ишларни талаб даражасида йўлга қўйишга имкон бермаётганлиги алоҳида қайд этилди. 

Сессияда оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, оилавий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, аёллар бандлигини таъминлашда ҳокимлар, сектор раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, йиғинлар қошидаги Яраштириш комиссияси, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, имом-хатиблар, отинойилар, ички ишлар профилактика инспекторлари, Ёшлар иттифоқи, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари, умуман, кенг жамоатчилик масъулиятини ошириш, бу борада аниқ, тизимли ишларни амалга ошириш, давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур йўналишда тарғибот ишларини кучайтириш, эрта никоҳлар, оилавий можаролар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, қонуний никоҳи бекор бўлмасдан туриб, шаръий никоҳ билан бошқа оила қуриб олаётган, ана шу ҳолатни била туриб, унга шаръий никоҳ ўқиётган имомларга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарурлиги айтиб ўтилди.

Сессияда вилоят ҳокими оила масаласи, аёлларга бўлган муносабат бу - орият иши эканлиги, ноқонуний никоҳлар, оилавий ажрим туфайли жабрланаётган аёллар бизнинг опамиз, синглимиз, яқин инсонимиз, фарзандимиз, миллатимиз ғурури ва ори, оилани мустаҳкамлаш, аёл шаъни ва қадр-қимматини асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг, айниқса, масъул шахсларнинг энг муҳим бурчи эканлигини алоҳида таъкидлади.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

Бир куни келарсан, сен мени йўқлаб

Бир куни келарсан, сен мени йўқлаб,

Сенга соғинчимни элтади тушлар.

Тунги тиловатлар ўзини оқлаб,

Айрилиқ қолади бошини ушлаб.

 

Бахтдан ўзига сиғмасдан хушҳол,

Ўзини пойингга отади йўлак.

Мудраган эшик ҳам уйғониб дарҳол,

Сенинг қўлларингдан тутади халак.

 

Мен эса севгимдан тузаб дастурхон,

Яшамай тураман, кутиб тураман.

Умрдек катта ва кичик хонада,

Жонимни томчилаб ичиб қўяман.

 

Умрим хонасига тушаяпти тун,

Бир куни келарсан, сен мени йўқлаб.

Уйғотиб қўйгин сен, яшамоқ учун,

Мангуга бош қўйиб қолсам гар ухлаб.

 

Раҳимахон ЭРМАТОВА

ОТИНОЙИЛАР БИЛИМ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРДИ

Шаҳрихон туманида отинойилар фаолияти самарадорлигини, уларнинг билим ва малакаларини ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тумандаги 76 та маҳалла фуқаролар йиғинлари отинойилари иштирок этган семинарда туман бош отинойи-си М. Солиеванинг 2018 йил якунлари бўйича ҳисоботи тингланди.

Тадбирда маҳаллалар ва оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, диний маросимларни ихчам ўтказиш борасида отинойилар томонидан олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, намунали иш олиб бораётган отинойиларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, аҳоли, айниқса, турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолган аҳоли вакиллари билан бевосита иш олиб бориш ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар хусусида сўз юритилди.

Семинар доирасида Тошкент ислом институтининг ўқитувчилари томонидан отинойиларнинг билим ва малакаларини ошириш мавзуларида ўқув машғулотлари ўтказилди.

Оминахон ЮНУСОВА,

 

Шаҳрихон туманидаги "Бегбачча" маҳалласи отинойиси.

ШОЛFОМ - МИНГ ДАРДГА ДАВО

ТАБИАТ НЕЪМАТЛАРИ

Қишнинг совуқ кунлари инсон организмини зарур дармондорилар билан тўйинтириш ва бойитишни талаб этади. Бунда шолғомнинг алоҳида ўрни бор.

Шолғомнинг таркибида натрий, калий, калций, магний, темир, йод каби элементлар учрайди. Буюк аллома Абу Али Ибн Сино  шолғом уруғидан тайёрланган дорилар билан қувуқ, кўз ва тери касалликларини даволаган. Хусусан, шолғомни кўришни яхшилашда, терининг совуқдан ёрилишларини даъволашда тавсия этган.

Халқ табобатида шолғом ва унинг шарбатидан ларингит, йўтал, астмани бартараф этувчи, пешоб ҳайдовчи, шунингдек, ични юмшатувчи, асабларни тинчлантирувчи, жисмни бақувват қилувчи ҳамда қўл-оёқларда совуқдан пайдо бўлган шишларни даволовчи малҳам сифатида фойдаланилади.

Пишириб, сиқиб олинган шолғом шарбати эса томоқ оғриғига, овоз бўғилганида яхши ёрдам беради. Пиширилган шолғом подагра, бўғим оғриқлари каби хасталикларни даволайди. Шу билан бирга, унинг таркибидаги витаминлар қарилик аломатларини яширади, соч тўкилишининг олдини олади.

Минурахон БОЗОРОВА,

 

шифокор.

ЁШЛАРИМИЗНИ ГИЁҲВАНДЛИК БАЛОСИДАН АСРАЙЛИК!

Бугунги кунда гиёҳванд моддаларнинг ёшлар орасида тарқалиши, бунинг оқибатида не-не ёш умрларнинг завол топиб, оилаларнинг азият чекаётгани, ногирон фарзандлар дунёга келаётгани, энг ачинарлиси, заҳри қотил домига тушиб қолган ёшларнинг ўзи англамаган ҳолда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга шерик бўлиб қолаётгани бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган муаммолардан бирига айланиб бормоқда.

Мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш, гиёҳванд моддаларни юртимиз ҳудудига олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар идоралари ва барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда оғу балосига йўлиққан шахсларнинг ҳаёти ва наркотик моддаларнинг инсон умрига салбий таъсири тўғрисида видеофильмлар намойиш этилмоқда. Жойларда ёшлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари олиб борилиб, гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунга қарамасдан,  ёшлар орасида қизиқиш ортидан, "бир марта тотиб кўрсам ҳеч нарса қилмайди" деб ўйлаб, гиёҳвандлик кўчасига кириб қолаётганлар учраб турибди. Бу эса, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар содир этилишига замин яратмоқда.

Ходимларимиз томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ана шундай шахслардан бири қўлга олинди. Жалақудуқ туманида яшовчи Обид (исми ўзгартирилган)     гиёҳвандлик воситасини бир маротаба тотиб кўришга қизиқади ва натижада бу оғу гирдобидан чиқишнинг имконини топа олмайди. Обид ҳунармандчилик билан шуғулланарди, гиёҳвандликка берилгач на ҳунарини давом эттирди, на бирон тайинли ишнинг бошини тутди. Боз устига турмуш ўртоғи Насибани икки нафар фарзанди билан кўчага ҳайдади. "Захри қотил"ни сотиб олиш мақсадида уйидаги барча қўлга кирадиган буюмларни сота бошлади, натижада уйи бўшаб қолди. Ҳамма нарсасидан айрилган Обид қандай бўлмасин пул топиб, гиёҳванд моддани сотиб олишни ўйлади. У таниши, ҳамтовоғи Акмал билан наша ўсимлигини етиштириб сотиш вақтида қўлга олинди. 

Умр - ғанимат. Ҳар бир инсон ҳаётини чиройли ўтказишга ҳаракат қилиши керак. Энг асосийси, турли  иллатларга, айниқса, гиёҳвандлик балоси домига тушиб қолмайлик.  Бу балодан ўзимизни, атрофимиздагиларни, айниқса, ёшларимизни асраш инсонийлик бурчимиздир!

Илёсбек АРЗИЕВ,

вилоят ИИБ Транспортда ЖХТБ

 

 ХПГ инспектори, майор.

Эркаклар мияси аёлларникидан тезроқ қарийди

Бу қизиқ!

Албатта, бу эркакларга ёқмаслиги мумкин. Аммо, "Генри Форд Хелф систем" уюшмаси мутахассислари шуни таъкидламоқдалар. Магниторезонанс томография ёрдамида ўтказилган тадқиқотда 66 ёшдан ошган 330 нафар соғлом эркак ва аёллар қатнашдилар.

Томограф эркакларда фикрлаш жараёнлари, хотира ва режалаштириш лаёқатига эга мия қисмлари ёш ўтгани сайин аёлларга нисбатан тезроқ қисқаришини кўрсатди. Айниқса, энса чакка соҳасида, хусусан, унинг сезги органларидан борадиган ахборотни қабул қилувчи ва фикрлаш жараёнига жавоб берувчи қисмларида энг кўп қисқариш кузатилади.

 

Жанжалкашларкам грипп бўладилар

Жаҳлдор ва жанжалкашларнинг иммун тизими сокинтабиат, "тебса-тебранмас"ларга нисбатан инфекцияларга қарши курашга яхши мослашган бўлади. Американинг Пенсилвания штати университети олимлари ана шу фикрни илгари сурадилар. Илгари "агрессив характерли одамлар кўп касал бўладилар ва кам умр кўрадилар", дея таъкидланарди. Бироқ, жанжалкашлар ва меҳрибонлар орасида ўтказилган тажрибалар "агрессорлар"нинг гриппга камроқ чалинишини кўрсатди.

 

Уйқунгиз келмаса банан енг!

Уйқусизликка қарши кимёвий дорилардан кўра табиат неъматларидан фойдаланган афзалроқ. Улар сизга соғлом уйқу ҳадя этади. Бу - турк тиббиётчиларининг тавсияси. Масалан, дуккакли ўсимликлар танани энергия билан таъминлайди. Чўртан ва  бошқа ёғли балиқлар ўзида кальций мавжудлиги сабаб, уйқунинг бир маромда кечишига ёрдам беради.

Гуруч қонда холестерин миқдорини камайтириб берса, туршак тананинг магнийга бўлган эҳтиёжини қондиради. Уйқусизликка қарши энг яхши восита сифатида турк шифокорлари банан ва қулупнайни кўрсатадилар. Банан таркибида тинчлантирувчи хусусиятга эга бўлган калий мавжуд. Қулупнай эса калий ҳамда магнийга бой. Шу сабаб бир дона банан мевасининг ўзиёқ сизга тинч ва оромбахш уйқуни ҳадя этади.

 

Моҳидил ЮЛДАШЕВА

 

тайёрлади.