Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Вилоятимизда арзон ва хавфсиз электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади
Якунланган 2018 йилда вилоятимизда истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш борасида белгиланган барча ишлар тизимли ва сифатли амалга оширилди. Ўтган йили энергия истеъмолчилари томонидан 3 миллиард 749 миллион 175 минг 922 кВт/с электр энергияси истеъмол қилинди. Бу кўрсатгич 2017 йилга нисбатан 274 миллион 73 минг 914 кВт/с кўпдир. Бундан кўринадики, вилоятимизда электр энергияси истеъмоли йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш, энергияни узлуксиз етказиб бериш, энергиядан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Булоқбоши туманида жойлашган "ЖФК-1" ва "ЖФК-2" гидроэлектростанцияларида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. 1957 йилда ишга туширилган мазкур гидроэлектростанциялардаги генераторлар эскирганлиги сабабли, тўла қувват билан ишламай қолган. Шунинг учун, мавжуд генераторлар демонтаж қилиниб, уларнинг ўрнига Хитой Халқ Республикасидан фойдали иш коэффициенти юқорироқ бўлган замонавий генераторлар ўрнатилиши режалаштирилган. Айни кунда зарур жиҳозлар олиб келиниб, станцияларда демонтаж-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 1-станция жорий йилнинг иккинчи ярмида, иккинчиси эса келгуси йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, электр энергияси ишлаб чиқарувчи бошқа станцияларга нисбатан гидроэлектростанцияларда электр энергияси ҳосил қилиш анча арзонга тушиш билан бирга, экологияга умуман, салбий таъсир кўрсатмайди. Айни кунда вилоятимизда жами 6 та гидроэлектростанциялари мавжуд бўлиб, 2018 йилда истеъмол қилинган жами электр энергиясининг 3,58 фоизи айнан ана шу станцияларда ишлаб чиқарилган. Мақсадимиз, гидроэлектростанциялар ёрдамида хавфсиз ва арзон энергия ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлашдир.
Фарҳодбек САТИМБОЕВ,
"Ўздавэнергоназорат" давлат инспекцияси Андижон ҳудудий бўлими инспектори.
Салом сирли муҳаббатим. Яна сизга соғинчли мактубимни йўллайман. Адоқсиз соғинчлар ҳақида мактублар битавериб, сизнинг ҳам жонингизга тегиб кетгандирман. Сизсизликка кўникиш жуда қийин кечмоқда.
Ёдингиздами, бундан анча йиллар илгари қизил гуллардан даста олиб келгандингиз. Мен ўша кунни асло унутмайман, ўшанда дунёдаги энг бахтиёр инсон эдим. Негаки, мен ўшанда ўзгача орзулар осмонида шаддод ва қувноқ, жуда ҳам қайсар ва эрка эдим. Ҳозир асло ундай эмас. Анчагина ўзгардим, ҳаётга бўлган қизиқишим, интилишим, қарашларим бугун бутунлай бошқача. Йўқ, йўқ... сиз хавотир олманг, юрагимда ҳамон сизга бўлган ишқ яширин, ҳамон ўша-ўшандай. Сизга бўлган муносабатим асло ўзгармаган, сиз мендан олислаб кетсангиз ҳам, қалбимга мислсиз соғинчлар солсангиз ҳам, фақат сизни кутавераман. Юрагимда куртак отган туйғуларимни бор гўзалликларга, қувончга ўрайвераман.
Билмадим, Сиз ҳамон ўша мен билган инсонмисиз? Хафа бўлсам овутгувчи, қувончимга шерик бўладиган. Ёки мендан олисда юриб, ҳаётга қарашларингиз ўзгардими? Нима бўлган тақдирда ҳам, сиз мен учун ўша-ўшасиз. Ўша менга кулиб боқувчи, самимиятга йўғрилган кўзлар, фақат исмим айтгувчи юрагингиз, меҳрингиз ўша-ўшалигига ишонаман. Шунга умид қилиб яшайман.
Юрагингизда ўша мен билган ишқ, севги тафти сўнмаслигига ишонаман. Яна ёнимга келиб, қаҳратон қишларда ҳам мен учун баҳорий туйғуларни туҳфа этишингизга, қувонч тўла кўзларингиз фақат мени кўришига, ўша мен ёқтирган қизил атиргуллардан қучоқ-қучоқ ҳадя этишингизга ишонаман. Яна шуни истардимки, мен ва сиз орзу қилган муҳаббат қасрига мени умрбодга олиб кетасиз.
Гулдек оила бузилди. Биргина гап туфайли. Нима эмиш, Гулчеҳранинг аммаваччаси бузуқи экан. Шунинг учун қайнотаси Алим ака шарт кесди-қўйди: "менинг зотим бузилмайди, болам яхши кўрсаям ишим йўқ!"
Икки ака ҳам ҳайрон. Дадасининг бунчалик ғазабга минганига дуч келмаганлари учун муаммони қандай ечишни билмай гаранг.
- Дадам гапини оладиган биронта одамни топиш керак, - тўнғичи Рустамжон маслаҳат солди. - Акс ҳолда иш расво бўлади.
- Ҳаргиз унақа қила кўрма! "Оиланинг гапини кўчага олиб чиқдингми", деб сениям обориб-обкелади, - безиллади Муқаддас ая.
- Усиз ҳам кўчага гапимиз чиқиб бўлди, - хуноб бўлиб бақирди ўртанчаси Рашиджон. - Ўртада боласи бўлмаса ҳам майли эди. Гўдакда нима айб?!
Хуллас, бир-бирига кўнгил бериб турмуш қурган икки ёш икки ёқда сарсон қолди. Бу кўргиликдан ҳали ўзларига келиб улгурмай, Алим ака тараддудга тушиб қолди.
- Тез сандиғингни ковлаб, латта-путталарингни тайёрла! Носир ошнамнинг жияни бор экан, қўл-оёғи чаққон, тиллари ширингина. Бориб кўриб келдим, таг-тугли улар. Равшанга унаштирамиз.
Тушунтиришга ҳожат қолмади, оғзи билан юрадиганлар даррров етказди бу хабарни. Гулчеҳра эсдан оғар даражада дод солди. Шўрлик ота-она катта бошини кичик қилиб, қуда эшигига бош уриб келди:
Алим акани шайтон йўлдан ургани аниқ эди. Шунча кўз ёш, шунча нола уни юмшатиш ўрнига, баттар ғазаблантирди:
- Зоти айниганлар билан боғланган риштани узиб бўлдим! Худоёрхони келсаям, барибир бирга яшатмайман!
Ҳеч кимнинг гапини олмади у. Ҳамма бир тарафу, бир ўзи бир тараф бўлиб енгди.
- Битта йўли қолди, - Рустамжон укаси билан келинини бир жойга чақириб маслаҳат берди, - Равшан, дадамнинг гапига кириб, уйланасан!
Гулчеҳра ловуллаб кетди:
- Ака, нима деяпсиз? Равшан акам уйланса, иложсиз у аёлга боғланиб қолади. Агар... Болали бўлиб қолса-чи?
- Қизишма, ҳали уйланганим йўқ-ку! - Равшанбек уни елкасидан қучди, - Дадам бувимни эговламаганда, бу масалани муҳокама қилиб ўтирмасдим. Мабодо... Уйланган тақдиримдаям у... дадам учунгина келин, мен учун ҳеч ким... бўлади.
- Менинг таклифим шундай! Сен дадам айтган қизга уйланасан, лекин Гулчеҳра билан ҳам алоқангни узмаслигингни шарт қилиб қўясан! Қаердан биласан, балки у қиз билан охиригача бирга яшай олмассан! - Рустамжон маъноли гапирди.
- Дадам бунга ҳам унамаса-чи? - иккиланди Равшанбек.
- Бунақаси кетмайди! Биз қизимизни бахтсиз қилишни истамаймиз. Биринчи оиласига бориб-келиб юриб, топишиб кетишса, қизимизнинг уволига қоламиз, - дейишибди.
- Худога шукр-ей, ақлли одамлар экан. - Гулчеҳранинг ота-онаси қайта-қайта шукр келтирдилар.
Алим ака аламидан роса сўкинди. Ҳатто, уйдагилар билан гаплашмай қўйди.
Ана шу кайфиятда томга чиқиб, тушаётиб шотидан сирғалиб кетиб, ерга чалпак бўлиб тушди.
Келинсиз қолиб ўзи нон ёпаётган Муқаддас ая аввалига буни кўрмади. Нон тўла саватни кўтариб келаётганида, ерда узала тушиб ётган Алим аканинг бош томонидаги қонни кўриб, азбаройи қўрққанидан ҳушидан кетди. Бир зумда ўғилу келинлар етиб келишди. Алим аканинг аҳволи анча оғир эди. Бел умуртқаси лат еган, мияси чайқалган.
Ҳушига келган Муқаддас аянинг эса қон босими ошиб кетганди.
- Сен аямга қара, мен дадамга, - Рустамжон Равшанга тайинлади, - келинлар овқатимиздан хабар олиб туришади. Сен эса, - Рашиджонга деди, - духтирлар айтган дориларни топиб келиб турасан!
- Дадангнинг кўзини худойим шу йўл билан очди, болам! Агар Гулчеҳра уйда бўлса, мен нон ёпармидим, Равшан аразлаб юрмаса, даданг томга чиқармиди? Бу азобни ўзига-ўзи сотиб олди. Қара, хор қилган келинига зор бўлиб ётибди, - Муқаддас ая ҳақиқатни очиқ тан олди.
- Буни тушуниб етдимикан дадам?, - Равшанбек хавотир билан сўрайди.
- Ўлибди-я, шунча ишлардан кейин ҳам Гулчеҳрани ҳайдаса!
Бу хавотир улардагина эмас, Равшанбек билан Гулчеҳрада ҳам бор эди. Чунки, ҳали ҳам фикридан қайтмагани учунми, ё жони оғриётганиданми, Алим ака келини шунча парвона бўлсада, қовоғини очмади, бир оғиз гапирмади.
- Ишқилиб, тузалганидан кейин яна "кет", деб қолмасада?! - Гулчеҳра ҳар куни бу гапни албатта такрорлайди.
Тақдир тақозоси билан анча йиллар муқаддам Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан Булоқбошига келин бўлиб тушганман. Бу ерда менинг эътиборимни тортган биринчи нарса: қадим ўзбекона урф-одат, қадрият ва анъаналар ҳалигача чиройли сақланиб келинаётганлиги бўлди. Ушбу ҳолат менда жуда илиқ таассуротлар қолдирди. Чунки, собиқ иттифоқ даврида жуда кўп республикаларда, хусусан, мен туғилиб ўсган Қирғизистонда ҳам аҳолининг аксарият қисми европалашиб кетган, миллий қадриятлар, анъаналар ҳам унутилган эди. Айниқса, забонимиз русийлашиб, тилимиз софлиги йўқолганди.
Келиннинг биринчи вазифаси: тонг саҳарда туриб, ҳовли ва кўчаларни супуришдан бошланади. Ҳар тонг дарвозани очиб, кўчани супураётганимда бўйлари баланд, қорачагина, озғиндан келган, кўйлак, лозими ўзига ярашган чиройли бир аёл кўчадан ўтиб кетарди. Саломлашардик, ҳар тонг биринчи бўлиб кўришадиган бу аёлга меҳрим тушди. Ким экан бу самимий, ораста аёл? Ҳар куни тонг саҳардан қаерга боради? Юришлари сипо, вазмин, юзларида гўё мунг, дард, ташвиш яширингандай эди.
Анча вақт ўтиб, қайнонамдан сўрадим. Бу аёл маҳалламизнинг юқорироқ қисмидаги кўчада яшовчи Қумрихон опа эканлигини, икки нафар фарзанди борлигини, маҳалла марказидаги боғчада фаррош бўлиб ишлашини, бир неча йил аввал эри тасодифан вафот этгани, ҳозирда фарзандларини ёлғиз тарбиялаётганини айтиб берди.
Ҳар кун кўришавериб, бу аёл менинг яқин инсонимдай бўлиб қолди, унга меҳрим, ҳурматим ошди. Қувалашиб йиллар ўтди. Бир маҳаллада бирга яшадик, тўй, маъракаларда бирга бўлдик. Лекин Қумрихон опа ҳеч қачон нолиганини, боқувчисиз қолиб, қийналдим, деганини эшитмадим. Йиллар ўтса-да, хануз вазмин, сипо, ораста, меҳрибон ва самимий. Фарзандларим улғайгач, маҳалладаги мактабга ишга жойлашдим. Ўқувчиларим орасида Қумрихон опанинг икки нафар ўғиллари ҳам бор эди. Улар зеҳнли, ҳаракатчан, ҳар иккиси ҳам аълочи, намунали ўқувчилардан эди. Мактабни тамомлашиб, кўз олдимизда, маҳалла бағрида улғайишди, касб эгаллашди, уйланиб, бола-чақа орттиришди.
Бу орада бизнинг оиламиз қўшни Ёрбоши маҳалласига, янги уйга кўчди. Вақт - олий ҳакам. Опа ҳам кексайиб борарди. Ўғиллари, келинлари опанинг ҳурматини ўрнига қўйишади. Қумрихон опа ҳозир набираларнинг ҳузурини қўриб умргузаронлик қилмоқда. Маҳалладошлари ўртасида ҳурмат-эътибор топган. Маҳалламиздаги оилаларда жанжаллар, кўнгилсизликлар бўлгани ҳақида эшитсам, кўз олдимда ўша аёл гавдаланади. Арзимаган сабаблар туфайли аразлаб, уйига кетиб қолган ёки «ажрашаман» деган келинларга ўша аёлнинг ибратли ҳаётини мисол қилиб келтираман. Қанчалар қийналган бўлса-да, сабр билан яшаганини, фарзандларини ёлғиз тарбиялаганини, ҳеч қачон нолимаганини, ҳатто, муаммоларини қўшниларига ҳам билдирмаганини айтиб бераман. Турмушда унинг оиласида етишмовчилик йўқмиди, ўғилларини отасиз тарбиялаш осон бўлмагани аниқ. Зотан, ҳофиз айтганидай "еганин ош деманг, ёлғиз аёлнинг" деб айтилувчи қўшиқнинг маъносини англатишга ҳаракат қиламан. Лекин, опа сабрни маҳкам тутган, ҳалол-пок бўлган. Шу боис, эл олдида ҳамиша юзи ёруғ, топганида барака бўлган.
Бугун низоли оилалардаги жанжаллар сабабларини эшитиб хайрон қоламан. Эрининг туғилган кунида, куёвнинг яқинларига хизмат қилишни истамай куйиб қолган келин ота уйида аразлаб ўтирибди, қайнонаси ногирон қайнотани парваришлаб турган пайтда келин, қайнонасига оиладаги шароитидан зерикканини айтиб кетиб қолмоқчи, овсинлар билан бир ҳовлида ўтиришни хоҳламаётган келин, ҳокимиятга уй сўраб, шикоят қилаяпти, маъзар кам келганлиги учун куёв ошналаридан уялганини очиқ-ойдин айтиб, келинни камситмоқда. Бу сабр-тоқат нималигини билмаслик, тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас.
Ўша оилалар вакиллари билан суҳбатда Қумрихон опанинг ҳаёти барчамизга ибрат, намуна бўлишини айтиб, жанжалкашларни инсофга чақираман. Сабр инсонни бахтга етказишини тушунтираман. Қумрихон опа сингари муҳтарама аёлларимизга таъзим килгим келади.
ЎЗ ФАРЗАНДИНИНГ ЎЛИМИГА САБАБЧИ БЎЛГАН ОНАГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ
Жиноят ва жазо
Аёл - беназир хилқат, мўътабар зот. Чунки, у - авлодлар давомчиси, келажакнинг яратувчисидир. Аёл - суюкли рафиқа, қадрли опа ё сингил, меҳрибон она. Аммо, жиноят ишлари бўйича Улуғнор туман судида кўриб чиқилган навбатдаги суд ишида минг афсуски, биз юқорида таърифлаган, меҳридарё, муқаддас зот - Онага нисбатан ҳукм чиқарилди.
Она меҳри дунёни қутқарса, дуоси фарзандни асрайди, камол топтиради. Аммо онанинг ғазаби, жаҳли баъзан, мудҳиш фожиаларга ҳам сабаб бўлиши мумкин экан.
Суд ҳайъати 5 ёшли ўғлини жаҳл устида калтаклаб, жароҳат етказган ва ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган Избосканлик аёл Ш.В. нинг суд ишини атрофлича кўриб чиқди.
Аёл 2018 йилнинг 15 октябрь куни соат 15:00 лар чамасида ўзи истиқомат қилиб келаётган Избоскан тумани, Мангуберди маҳалласи, Байналминал кўчасида жойлашган хонадонида, вояга етмаган ўғли, ҳозирда марҳум З. Каримовни қайнонаси М.В.нинг яшаш хонадонига боришига тўсқинлик қилиб, калтаклаган.
Ш.В. эри билан турмуши давомида 2 нафар фарзандли бўлган. 2015 йилда қурилиши тугалланмаган янги чекка кўчиб ўтиб, ўша ерда яшай бошлашган. 2018 йилнинг май ойида, турмуш ўртоғи ишлаш мақсадида, Россия Федерациясига кетган. Қурилиш ишларини якунлаш истагида қайнакалари Отабек ҳамда Қувонч Валиевларнинг келганидан фойдаланган ўғли амакилари билан қўшни маҳаллада яшовчи бувисиникига кетган. Эртаси куни ўғлини олиб келиш мақсадида борганида қайнонаси асоссиз баҳоналарни рўкач қилиб, келгусида ўғли билан бирга яшатмаслигини айтиб, ҳақорат қилган. Бундан ғазабланган Ш.В. қайтаётганида, уйга боришга қаршилик қилган фарзандини қўлига жаҳл устида дарахт новдаси билан 2 маротаба урган. Уйга келганда ўғли ухлаган. Уйғониб, яна бувисиникига боришини айтиб, қочиб чиқиб кетмоқчи бўлаётганда очиқ айвондаги, баландлиги тахминан 1,5 метрни ташкил этган зинадан йиқилиб, бош қисми жароҳатланган ва ҳушини йўқотган. Шифохонага олиб борилган болани тиббий кўрикдан ўтказган шифокор унинг вафот этганини маълум қилган.
Айбланувчи айбига қисман иқрор ва пушаймон эканини билдириб, фарзандини уришга турмуш ўртоғи ва қайнонасининг бир неча йил давомида ўтказиб келган маънавий зулмлари сабаб бўлгани, аммо ўғлини вафот этадиган даражада қаттиқ урмагани, фожиа эҳтиётсизлик натижасида юз берганини билдирган.
Суд қонун талабларидан келиб чиқиб, судланувчи Ш.В.нинг кўрсатмалари "айбини енгиллаштириш ва тайинланиши мумкин бўлган муқаррар жазодан қочиш мақсадида ўйлаб топилган важлар", деб баҳолади.
Айбланувчи Ш.В. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми "Д" банди билан айбдор, деб топилиб, ЖКнинг 50-моддаси талаби асосида, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Агар, аёл ўз вақтида ғазабини жиловлай олганида, юрагидаги меҳр қаҳрдан устун келганида, бу каби мудҳиш фожиа юз бермаслиги мумкин эди. Жиноятнинг қора курсисида ўтириш, бунинг устига ўз фарзандининг бевақт ўлимига сабабчи бўлиш - Аёл деб аталмиш муқаддас хилқатга асло ярашмайди.
Сардорбек ЮСУПОВ,
Жиноят ишлари бўйича Улуғнор туман судининг раиси.
Камроншоҳ РАСУЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судья катта ёрдамчиси.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бугунги кундаги асосий йўналишларидан бири, бу - шубҳасиз, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳисобланади. Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар асосини демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим тамойилларидан бири бўлган қонун устуворлиги ташкил этади.
Шу боис, суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш мақсадида изчиллик билан олиб борилаётган давлат сиёсати мамлакат ижтимоий-иқтисодий негизига путур етказувчи омил сифатида намоён бўлаётган коррупциянинг ҳар қандай кўринишдаги таҳдидига қарши курашишни кучайтиришни тақозо этади.
Маълумки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, айниқса, мансабдор шахслар томонидан содир этилаётган порахўрлик жиноятларининг олдини олиш ва уларни фош этиш борасида кескин чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш тизими асосан мансабдор шахсларнинг пора олиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган бўлиб, амалиёт жараёнида пора олишга қизиқтирувчи, воситачилик қилувчи ва бевосита пора берувчиларнинг кўп ҳолатларда жиноий жавобгарликдан қутулиб қолаётганлиги ушбу тоифадаги жиноятларни камайтиришга қаратилган ишларнинг самарадорлигига салбий таьсир кўрсатиб келди.
Мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашчора-тадбирлариниишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган, деб топиш тўғрисида"ги Қонуни асосида Жиноят кодексининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Хусусан, мазкур қонун асосида Жиноят кодексининг пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун белгиланган 211-, 212-моддаларига қуйидаги ўзгартишлар киритилган.
Биринчиси, пора бериш ёки пора олиш беришда воситачилик қилганлик учун жазолар тури, миқдори ва муддатлари ўзгартирилиб, пора олиш учун бериладиган жазолар тури билан бир хилда белгиланди, яъни эндиликда порахўрлик жинояти учун жазолар бирхиллаштирилди.
Иккинчиси, Жиноят кодексининг 211-моддасида пора берувчи шахс, 212-моддасида пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахс, башарти, жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз иҳтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилишига оид рағбатлантирувчи қоида белгиланган эди.
Қабул қилинган Қонун асосида ушбу қоидага ҳам ўзгартиш киритилди. Унга кўра, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар учун белгиланган юқоридаги каби рағбатлантирувчи қоиданинг қўллаш асослари чегараланди. Эндиликда пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар бундай жиноят ҳақида ҳар қандай вақтда хабар берганлиги учун жавобгарликдан озод этилмаслиги, балки жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин, бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилсагина, жавобгарликдан озод қилиниши белгиланди.
Қисқаси, янги қонун билан пора берувчи ёки пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар жиноий ҳаракатлар содир этилган вақтдан ўттиз сутка ўтгандан кейин, бу ҳақда хабар берган бўлсалар, улар жиноий жавобгарликдан озод этилмаслиги, балки умумий тартибда пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жавобгарликка тортилиши қатъий белгилаб қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат, бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади.
"Абадий қаллиқ" асрлар оша ўз севгисига садоқатнинг тимсоли бўлиб қолаверади
Талаба тадқиқоти
(Улуғ адиб Чингиз Айтматов ижодига чизгилар)
Чингиз Айтматов халқнинг қадим ижодини, тарихини, инсониятнинг минг йиллик тажрибасини халқ ақл-идроки, ҳаётий фалсафасининг асосий омили, деб билади. Унинг ижодида халқ мероси, маънавий-бадиий бойликларига янгича мазмун берилади, ҳар бир жараён бугунги кун адабиётининг табиий шаклига келтириб тасвирланади.
"Тоғлар қулаётган замон" ("Абадий қаллиқ") романи сюжети Тангритоғ - полвон ҳақидаги афсона асосига қурилган. "Ҳикоя қилишларича, Тангритоғда полвон ва чопқир ёш овчи бўлган, у югурганда тоғ эчкиси ҳам ортда қолар экан. Бўрилар ва барслар овчидан қочиб қутила олмас, ёш овчи уруғидаги кўплаб оилаларни мўйналар билан таъминлар экан. У келажакда уруғ сардори бўлиши айтилади. Овчи узоқ овулга борганда, гўзал бир қизни кўриб ошиқу беқарор бўлиб қолади. "Мен сенга уйланиш учун дунёга келганман", дейди овчи гўзал қизга.
Қизнинг ота-онаси, қариндош-уруғларидан розилик олиш, қиз билан унаштирилиш учун овчи йигит уруғ оқсоқоллари ҳамроҳлигида уюр-уюр йилқилар, моллар, зару тиллалар билан қизнинг уйига келади. Совға қилинган сувсар териларининг ҳисоби йўқ экан. Буларни барини йигит бўлажак қайнотасига тортиқ қилади. Дарё ёқасида бўлиб ўтган унаштириш тантанасидан сўнг етти кун ўтгач, тўй қилишадиган бўлади.
Буюк овчининг беҳисоб совға-саломларига, обрўсига, келажакда қабила бошлиғи бўлиб қолишига чидай олмаган ғаламислар фитна уюштиришади. Улар "Унаштирилган қиз яхши кўрган йигити билан катта шаҳарга қочиб кетибди", деган миш-миш тарқатишади. Аслида улар тунда қизнинг оёқ-қўлини боғлаб, олиб қочишади. Дарёдан ўтаётганларида қиз ўзини тошқин дарёга ташлайди. Уни ушламоқчи бўлган ўғрилар сувга ғарқ бўлишади.
Севган ёридан ажралган овчи инсон зотига лаънатлар ўқийди. "Одам бўлгандан кўра, ҳайвон бўлган маъқул. Инсон боласини кўргандан кўра, кўзим кўр бўлгани яхши. Энди мен ҳам ҳеч кимга кўринмайман. Мени қидирманглар, изламанглар", дейди-да, тоғдан ошиб кўздан ғойиб бўлади. Шундан сўнг уни ҳеч ким кўрмайди.
Шу аснода дарё тўфонидан омон чиққан қиз куёв одамларга нафратлар ўқиган жойга келиб, разилликлардан воқиф бўлгач, ном-нишонсиз йўқолади. Ана шу пайтдан эътиборан, "Абадий қаллиқ" сири ҳали-ҳануз жумбоқлигича қолиб келади.
Овчи йигит бедарак йўқолди. У одам боласи қадами етмаган жойларни ватан тутган эмиш. Кимлардир уни тарки дунё қилиб, Тибет тоғларида роҳиб бўлиб ҳаёт кечириб юрган дейишади.
Ёзувчи ушбу афсонадан файласуфона фойдаланган ва асар давомида воқеалар жараёнини реал воқелик билан моҳирона боғлаган.
Чингиз Айтматовнинг асарларида экология муаммолари катта ўрин тутади. "Тоғлар қулаётган замон" ("Абадий қаллиқ") романининг бош ғояларидан бири "Қизил китоб"га киритилган ва Марказий Осиёнинг баъзи тоғларидагина қолган қор қоплонинигина эмас, балки, буткул юксак тоғ табиатини ҳимояга олиш зарурлигини уқтиради.
Адиб романда Айдана-Айа Самарованинг ҳаёт йўли мисолида бозор иқтисодиёти шароитида анъанавий мумтоз маданият юзтубан кетаётганлигига, унинг ўрнини глобаллашув жараёни - дунё миқёсида "оммавий маданият" дейсизми, "масскультура" дейсизми, "улгуржи маданият" дейсизми, қандайдир беўхшов маданият олаётганига алоҳида урғу беради. Чингиз Айтматов "оммавий маданият"ни сифатсиз товарларга ўхшатади ва "оммавий маданият ўзининг океан тўлқинлари янглиғ тижорий пўртаналари билан борган сари кўпроқ мавқе эгаллаётир", - дейди.
Асарда азалий ва абадий туйғу - муҳаббат мавзуси беқиёс ва бетакрор тарзда баён этилади. Буни асар қаҳрамонларидан бири Арсен Саманчиннинг қуйидаги сўзлари орқали ҳам кўриш мумкин:
"...муҳаббат - дунёвий азоб-уқубатлардан қийналганларнинг оҳи-зоридир, нима учун муҳаббатда бахт-саодатдан кўра куйдириб кул қиладиган фожиалар кўп бўлади.
Қара, абадий қаллиқнинг самовий образида, ана шу нақлий эпосда инсониятнинг азалий тажовузкорлиги учун ҳижрон ва фидойилик интиқоми йўлида кишиларнинг ҳар доим дард чекиши ўз аксини топган. Эзгулик ҳамиша ёвузлик ўрнига азоб чекади. Абадий қаллиқ, нафрат ва ҳасратдан аланга олган ёвузлик билан муроса қила олмайди. У овчи куёвни қутқармоқчи, уни дарбадарликдан оддий ҳаётга қайтармоқчи бўлади ва ана шу халоскорлик ҳаракатида, ҳақиқатга интилишда киши жасоратининг чеки йўқ, инсоният жамиятида ҳар доим шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолажак. Ана шунинг учун ҳам "Абадий қаллиқ" абадул-абад ўз севгисига садоқатнинг рамзий тимсоли бўлиб қолаверади.
Буюк ёзувчининг ушбу асари асрлар оша инсонларни эзгуликка чорловчи, шафқатсизлик ва жоҳилликка қарши курашаётган инсоният учун куч берадиган бебаҳо асарлардан бири бўлиб қолади.
Бугунги кун ўқитувчиси изланувчан, ҳар соҳадан хабардор, замонавий ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган мутахассис бўлмоғи лозим. Таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ана шу жиҳатларни пухта эгаллашлари борасида Андижон давлат университети қошидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовордир.
Президентимизнинг 2017 йил 26 сентябрдаги "Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур марказ замонавий ахборот технологиялари ҳамда мультимедиа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган, қолаверса, бу ерда ўз ишини яхши биладиган, юқори малакали мутахассислар иш олиб бормоқда. Умуман, марказда педагогларнинг малакасини ва тажрибасини оширишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Бунга биз бир гуруҳ ўқитувчилар малака ошириш курсида таҳсил олиш давомида тўла ишонч ҳосил қилдик.
- Бугун ҳаётнинг ўзи ўқитувчидан жуда кўп нарсаларни талаб қилмоқда, - дейди Марҳамат туманидаги 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Мавжуда Мамажонова. - Марказдаги таҳсил давомида дарсларни илғор педагогик технологиялар, интерфаол усулларда ўтиш бўйича ўтказилган машғулотлар орқали фаолиятимиз самарадорлигини ошириш бўйича жуда кўп нарсаларни ўргандик.
- Француз ёзувчиси Ж. Жубернинг "Ўқитиш, икки баробар ўқиш демакдир", деган фикри бугун долзарб бўлиб бормоқда, - дейди Избоскан туманидан француз тили ўқитувчиси Дилрабо Юсуфжонова. - Бугунги ўқувчига пухта билим бериш учун ўқитувчи изланиб ишлаши керак. Зотан, ўқитувчиларнинг таълим олишлари учун марказда барча шарт-шароитлар яратилган. Мен ҳам бир ой мобайнида ўз билим ва малакамни оширдим. Марказдан янгича ғоялар, кўтаринки кайфият билан иш жойимга қайтдим.
Дарҳақиқат, вилоят ўқитувчилари учун қутлуғ даргоҳга айланган марказда таҳсил жараёнида билимларимиз, айниқса, илғор ўқитиш усулларини фаолиятимизга татбиқ этиш борасидаги малака ва кўникмаларимиз янада бойиди. Мен биз ўқитувчиларга пухта билим бераётган марказнинг барча ўқитувчиларига миннатдорчилик билдираман ҳамда марказда малака оширган педагогларнинг келгуси ишларида муваффақиятлар тилайман.
ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШ НИМА ВА У ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?
Мутахассис минбари
Кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби оилани мустаҳкамлаш, оила ҳуқуқига оид муносабатларда ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз тараққиёти кўп жиҳатдан эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз камолига боғлиқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир ота-она, оила, жамият фарзандлар келажаги, уларнинг бугуни ва эртаси порлоқ бўлиши учун ҳаракат қилиши зарур.
Айни кунда ҳар бир боланинг бахтиёр болалигини таъминлаш давлатимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Жамиятимиздаги болаларнинг аксарияти тўлақонли, қонуний никоҳда бўлган ота-оналарнинг фарзандларидир. Бироқ, ҳаётда ўзаро қонуний никоҳда бўлмаган шахслардан ҳам болаларнинг туғилиши ҳолатлари борлигидан ҳам кўз юма олмаймиз. Оталикни белгилаш деганда айнан ана шу ўзаро қонуний никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг насл-насабини белгилаш тушунилади.
Умримизнинг энг қувончли лаҳзалари шубҳасиз, оила аталмиш муқаддас масканда ўтади. Оиланинг асосини эса никоҳ ташкил этади. Шундай экан, никоҳ масаласига жиддий ва масъулият билан қараш лозим.
Ўзбекистон Республикаси "Оила" Кодексининг 13-моддасида фақат ФҲДЁ органларида тузилган никоҳ қонуний ҳисобланади ва у эр-хотин, болалар учун қатор ҳуқуқ ва бурчларни белгилаб беради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳар бир инсон ўзи истаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган. Демак, ҳар бир киши ўз никоҳини ФҲДЁ органида ўтказиш билан бир қаторда диний никоҳ ўқитилишини сўраб, тегишли муассасаларга ёки шахсларга мурожаат қилишлари мумкин. Лекин, "Оила" кодекси нормаларига кўра, фақат расмий тартибда рўйхатдан ўтказилган никоҳ юридик кучга эга бўлади. Бинобарин, ФҲДЁ органида рўйхатдан ўтмасдан фақат диний никоҳдан ўтган аёл қонуний хотин мавқеига эга бўлмайди. Бу яна шуни англатадики, бундай аёл мулкий даъво қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Оталикни белгилаш масаласида ФҲДЁ органи ёки судга мурожаат қилган аёлларнинг кўпчилиги "шаръий никоҳланган"ликларини айтишади. Ваҳоланки, шаръий никоҳ бу дил амри, виждон иши бўлиб, диний мажбуриятлар сирасига киради. Аслида эр-хотиннинг қонуний муносабати ФҲДЁ органларида вужудга келиб, уларга берилган никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома оилада ҳар иккала шахсга қонуний оталик ва оналик мажбуриятини юклайди.
Кўпчилик фуқароларимиз шошилинч равишда тўйни бошлаб, ФҲДЁ органида никоҳдан ўтиш учун белгиланган муддатни кутмай, шаръий никоҳ ўқитиб, тўй қиладилар. Натижада вақт ўтиб, аёл ҳомиладор бўлади ёки фарзанд кўради. Никоҳланувчилар ўз никоҳларини тегишли тартибда расмийлаштирмаганликлари ёки қонуний никоҳини бекор қилмасдан шаръий никоҳ билан оила қуриб олганликлари сабаб, оталикни белгилаш муаммосини юзага келтиради.
Ҳуқуқий билимлари етарли бўлмаганлиги боис қизларини ФҲДЁ органларида қонуний никоҳини расмийлаштиришни талаб қилмай турмушга бериб юборган айрим ота-оналар қизлари фарзанд кўрганларида набираларига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишга келганларида қийин аҳволга тушиб қолишларини қўриб, уларнинг аҳволига ачинамиз. Чунки, кўпларининг куёвлари хорижга ишлагани кетган бўлади. Улар қачон келиб фарзандига ўз фамилиясини бериб, гувоҳнома олиб бериши аниқ эмас. Бундай ҳолатда туғилган фарзанд "отасиз" деб юритилади.
Ана шундай ноқулай ва қийин аҳволга тушиб қолмаслик учун ота-оналар қизларини турмушга беришда албатта, қизларининг қонуний никоҳдан ўтишига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Қолаверса, никоҳ икки шахс иттифоқининг натижасида қурилган оила, болаларни биргаликда тарбиялаш экан, боланинг насабини, кимга қон-қариндош бўлишини белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Насабига қараб, ота-оналар билан уларнинг болалари ўртасида муайян ҳуқуқлар, бурчлар юзага келади. Ана шу ҳуқуқ ва бурчларнинг ҳуқуқий кафолатини белгиловчи ҳужжат бу - никоҳ гувоҳномасидир.