+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Қаноатсиз кучук

кичик ҳикоя

Қўшнимизнинг анча қариб қолган Олапар лақабли ити бор. У ёш пайтида маҳаллага бегоналарни йўлатмас, эгасига жуда содиқ ит бўлганди. Ҳозир эса мункиллаб қолган.

Бир куни ойим тандирдан узилган саватдаги иссиқ нонлардан биттасини сочиққа ўраб, қўшнимизникига олиб чиқиб беришимни тайинладилар. Қўшни ҳовлига кириб борганимда, келинойим дастурхон йиғиш билан овора эди. Мени кўриб хурсанд бўлганча, қўлимдан нонни олди. Келинойимга уй юмушларида ёрдамлаша бошладим.

Бир қўлимда ёнғоқ пўчоқлари тўла елим халта ва иккинчи қўлимда суяк солинган идишни кўтарганча Олапар томон йўл олдим. У ўз жойида хотиржам ётар эди. Шу пайт менинг кучугим ҳам қаёқдандир пайдо бўлди. Олапар аста ўрнидан қўзғалиб, тумшуғини емак томон чўзмоқчи бўлди. Бироқ, кучугим акиллаганча суякка ташланди. Шунда кекса Олапар ўзини четга тортиб, унга йўл берди. Бирдан кучукчанинг кўзи қўлимдаги елим халтага тушди. Олдидаги емакка қайрилиб ҳам боқмай, думини ликиллатганча ортимдан эргашди.

Елим халтани чиқиндилар йиғиладиган жойга ташладим. У елим халтани ҳидлай бошлади. Кучук бу нарсаларни еб бўлмас чиқинди эканини англаб етганида, Олапар аллақачон суякларни еб бўлган эди.

 

Нилуфар ТУРСУНБОЕВА,

Асака туманидаги

 

3-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

ЭРТАКЛАР - ЯХШИЛИККА ЕТАКЛАР

Эртак инсон тарбиясида муҳим рол ўйнайди. Эртаклар ҳаёт ҳақиқатига асосланган, хаёлот ва фантастика хусусиятлари билан йўғрилган, одамларга ибрат, ўгит берувчи оғзаки   ҳикоялар ҳисобланади. Ўзбеклар ўртасида "варсоқи", "чўпчак", "ушук", "масала" каби атамалар билан юритилган. Маҳмуд Қошғарий ўзининг "Девону луғатит турк" асарида эртакларни "етук" тарзида ишлатганини кўриш мумкин.

Ҳар бир миллатнинг ўз эртаги мавжуд. Эртаклар ўз навбатида сеҳрли-фантастик, мажозий, маиший эртакларга таснифланади. Ҳозирги кунда замонавий эртаклар тўқилиб, китобча шаклида нашрдан чиқариляпти, ойнаи жаҳонда   намойиш қилиняпти. Ҳатто, эски эртакларнинг янгича вариантлари ҳам яратилган.

Эртакларни мультфильм шаклида тақдим этиш - болаларни овутишнинг, банд қилишнинг жуда ажойиб усули бўлиб, ота-оналар, педагоглар ушбу усулдан кенг фойдаланмоқдалар. Минг афсуски, айрим ота-оналар тирикчилик, рўзғор ташвишлари билан банд бўлиб, фарзандига эртак ўқиб беришга вақт тополмайди. Бу фарзанд тарбиясида қайсидир жиҳатларда нуқсонларни юзага келтиради.

Болажонларга эртак ўқиб ёки айтиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Она алласи билан Ватанга, онага муҳаббат уйғонса, эртаклар орқали бола фазилат ва иллатларни фарқлашни ўрганади. Керак бўлса,  таҳлилни, танқидни, тақлидни ўрганади. Эртак орқали боланинг фикрлаш доираси кенгаяди. Эзгулик ҳамиша ёвузлик устидан ғалаба қозонишини англаб етади. Инсоннинг салбий ҳамда ижобий жиҳатларини ажратади. Мисол учун, "Зумрад ва Қиммат" эртагида Зумраднинг меҳнаткашлиги, ҳалоллиги, мулойимлиги, одоблилиги каби ижобий фазилатларини таҳлил қиламиз, ўрганамиз, ўргатамиз. Зумрад ижобий фазилати туфайли мукофотланганининг гувоҳи бўламиз. Бу эртакни ўқиган қизлар Зумрадга ўхшашга интиладилар. Ундаги ижобий фазилатларни ўзларида ҳам қўллай бошлайдилар. Натижада қизларимиз орасида Зумрадлар кўпаяди. Қиммат  образидан ўзларига керакли хулосаларни чиқариб оладилар.

Шириндан-шакар болажонларимизга бувижонларимиз, онажонларимиз эринмай эртаклар айтиб берсалар, улар маънан баркамол, ахлоқан етук, мулоҳазали инсонлар бўлиб улғаядилар. Доно халқимиз "эртаклар - яхшиликка етаклар", деган иборани бежиз айтмаган. Шу боис ҳам фарзандларимизнинг эртакларга ошино бўлишига алоҳида эътибор қаратайлик.

Хуршида РЕЖАББОЕВА,

Андижон шаҳридаги

 

2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Оппоқ қорлар соғинчи

Дил туFёни

Қиш... Бу фасл инсон ҳаётининг қиёсий кўринишидир. Қиш фасли ўйчан бўлиб, умрнинг теран фасли ҳисобланади. У ўзида бироз маҳзунлик манзараларини очиб беради.

Табиатнинг покликка бурканган оппоқ либоси биллур каби кўзни қамаштириб, инсонга ажойиб ҳузур бахш этади.

Қалб ҳислатларига тўла бир пайтда жонга ородир унинг қорлари. Дардманд кўнгилларга  малҳам унинг учқун қорлари. Қишдадир, ингроқи дарахтларнинг маъюслик саси. Сирпанчиқ учаётган бир тўп болаларнинг шодон қийқириғи...

Бу кун умид кўзларимиз   Аллоҳнинг раҳмати аталмиш соғинч қорларига нигорон. Умидли қалбларимиз "Ана, оппоқ қор учқунламоқда", демоқ учун шай турибди. Чунки, биз ўша оппоқ қорларни соғинч билан кутамиз. Уни кўрмоқ истагида бир олам қувонч билан ташқарига отиламиз.

Ана, оппоқ қорлар, кўнгилларни шодон айлагувчи оппоқ қорлар учқунламоқда. Уларга боқиб "Ёғавер, соғинч қорлари. Сен ризқ-рўзимиз бўлган азиз неъматларнинг мўл-кўлчилик сабабчисисан", деймиз. Чунки сен биз орзиқиб кутган оппоқ қорлар -соғинчимизсан.

 

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,

 

Бўз тумани.

КЎЗМУНЧОFИМ

Янги китоб

Булоқбошилик Хуршида Арзиева болалигидан шеъриятга ошно, адабиётга ихлоси баланд бўлиб ўсди. Ўрта мактабни тамомлаб, тиббиёт соҳасини танлаган бўлса-да, у шеъриятдан кўнгил узолмади. "Булоқбоши" газетаси қошидаги ижодкорлар тўгарагига қатнаб юрди. Унинг дастлабки шеърлари туман ёш ижодкорларининг "Булоқбоши наволари" номли шеърий тўпламида чоп этилган. "Кўзмунчоғим" Хуршида Арзиеванинг илк китобидир.

Хуршиданинг шеърларида кўз илғамас, аммо қалбан ҳис қилиш мумкин бўлган кечинмаларни, дардларни кўриш мумкин. Унинг сатрларида беғубор юрак тафтини, дил титроқларини, чексиз меҳр ва самимий туйғуларни ҳис этасиз. Хаёлотнинг энтиктирувчи эпкини сизни шеъриятнинг нурли сўқмоқларига етаклайди. 

Ҳаваскор шоиранинг ушбу тўпламидан меҳр-оқибат, эзгулик, армон ва умид, севги ва садоқат сингари қатор инсоний туйғулар тараннум этилган шеърлар жой олган. "Кўзмунчоғим" сиз - азиз  китобхонга манзур бўлади, деган умиддамиз.

 

"Иқбол" таҳририяти

БАFРИКЕНГ ЮРТ ФУҚАРОСИ ЭКАНЛИГИМДАН ФАХРЛАНАМАН

1992 йилда Андижон педагогика билим юртини тамомлаб, Избоскан туманидаги 34-умумий ўрта таълим мактабига бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишга кирдим. Сўнг, ўз билимимни ошириш, олий маълумотли мутахассис бўлиш мақсадида юртимизда сиртдан ўқиш имкони бўлмаганлиги боис, қўшни Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳридаги Қирғиз-ўзбек университетига сиртдан ўқишга кирдим. Илм даргоҳини аъло баҳоларга тамомлаб, мутахассислик дипломини олдим.

Ўқиш даврида уч фарзанднинг онаси бўлганим, уларни тарбиялаш, келинлик вазифаларимни адо этишда қийналганларимга қарамай, олий маълумотли бўлганимга қувонардим. Ахир барчасига сабр-қаноат, меҳнату машаққат билан эришгандим.

Бироқ минг афсуски, дипломим "амалда лаёқатли эмас" деб топилди. Малакали, ўз касбини севадиган, ва энг муҳими, ўз ишимни яхши мутахассиси бўлсам-да, 26 йил давомида олий маълумотли эканлигим тан олинмасдан, ўрта-махсус маълумотли мутахассис сифатида ишлаб келдим. Ҳар сафар дипломимни қўлга олганимда "ноумид шайтон", дея ўзимга таскин берардим.

Ўтган йили қўшни давлатларнинг таълим даргоҳларини тамомлаган мутахассисларнинг дипломи нострификация қилиниши мумкинлигини эшитганимда қувончдан йиғлаб юбордим. Ҳа, 2018 йил менинг ҳаётимда бир умр эсда қоларли йил бўлди. 

Сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси хузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат   инспекциясида тест синовлари ва суҳбатлардан муваффақиятли ўтиб, дипломимни қайта ёқладим.

Ниҳоят, менга ҳам олий маълумотли бошланғич синф ўқитувчиси деган диплом берилди. Мен билан бирга мактабимизинг яна 2 нафар педагоги шундай шарафга муяссар бўлиб, ўз иш фаолиятини давом эттирадиган бўлди.

Хуллас, кўп йиллардан буён қалбимда армон бўлиб келаётган орзуим ушалди. Бу воқеа нафақат мени, балки, яқинларим ва касбдошларимни ҳам қувонтирди.

Ҳозир буларни кўзимда қувонч ва шукроналик ёшлари билан ёзаяпман. Мен каби жуда кўп инсонларга мана шундай имкониятни яратиб берган ҳукуматимизга, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевга чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Юртимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги исботини ўзим ва мен қатори чет элда таълим олган ҳамкасбларим мисолида кўрдим.

Бундан буён ана шу эътиборга муносиб бўлишга, бор куч-ғайратим, билимимни аямай, Ватанимиз келажаги бўлган ёш авлодни юртимизга, халқимизга садоқатли, комил инсонлар қилиб тарбиялаш ишига ўз ҳиссамни қўшаман. Бу менинг юрагим хайқириғи, қалбим садосидир. Мана шундай бағрикенг юрт фуқароси эканлигимдан чексиз фахрланаман.

Салимахон ҲАМРОҚУЛОВА,  

Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

Вилоятимизда 2018 йилда талончилик жинояти 35,7 фоизга камайди

Бу ҳақда Андижонда вилоят суд идоралари томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Воҳиджон Назаров маълум қилди. 

Оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят судлари раислари томонидан 2018 йилдаги фаолиятлари, кўриб чиқилган ишлар, фуқаролар, тадбиркорлар, хорижий инвесторларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар хусусида маълумотлар тақдим этилди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан ўтган йили 2 минг 69 та жиноят иши бўйича айблов ҳукми, 4 та иш бўйича оқлов ҳукми чиқарилганлиги, 947 нафар фуқарога нисбатан 869 та жиноят иши тугатилганлиги, умуман, кўрилган жиноий ишлар 22,5 фоизга, жумладан, номусга тегиш жинояти 43,5 фоизга, фирибгарлик жинояти 40,6 фоизга,  талончилик 35,7 фоизга, безорилик 11,0 фоизга, қотиллик 10,8 фоизга, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жинояти 10,3 фоизга камайганлиги, шунингдек, кўрилган ишларнинг 51,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилганлиги таъкидланди.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Жўрабек Қорабоевнинг маълум қилишича, ўтган йили вилоятда 17 минг 36 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилган. Жумладан, 12 минг 269 та ариза қанотлантирилганлиги, 2 минг 648 та ариза рад этилганлиги, 705 та фуқаролик иши иш юритишдан тўхтатилганлиги, кўрилган ишларнинг 5 минг 606 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилганлиги  қайд этилди.

Вилоят иқтисодий суди раиси А. Шукуриллаев иқтисодий судлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорларнинг ўз вақтида солиқ қарзларини тўламаганлиги, савдо қоидаларини бузиш, шартнома шартлари ва талабларига амал қилмаслик, банкротлик билан боғлиқ 27 минг 523 та  иш кўриб чиқилганлигини маълум қилди. 2018 йилда тақдим этилган ариза ва даъво аризалари  аввалги йилга нисбатан 3 минг 484 тага ортгани, шунингдек, жойларда сайёр судлар ташкил этиш, кўрилаётган ишларни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш амалиётига алоҳида эътибор қаратилганлиги айтиб ўтилди. 

Вилоят маъмурий суди раиси Отабек Мирзамаҳмудов вилоят Маъмурий судлари томонидан якунланган йилда 29 минг 183 нафар фуқарога нисбатан 22 минг 864 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилганлигини маълум қилди. Шунингдек, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик мустаҳкамланганлиги, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар кўлами кенгайганлиги таъкидланди.

Матбуот анжуманида суд идоралари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, адолатли судловни йўлга қўйиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, сайёр судлар орқали жиноятчи ва ҳуқуқбузарларга нисбатан кенг жамоатчилик таъсирини кучайтириш борасида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан тегишли жавоблар олди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ЁШ ОИЛАЛАР БИЛАН КЎПРОҚ ИШЛАШИМИЗ КЕРАК,

- дейди мутахассис Минавархон Ўлмасова.

Бўз педагогика билим юрти (ҳозирги педагогика коллежи)нинг бошланғич таълим йўналишини тамомлаган Минавархон Ўлмасова 12 йил давомида Хонобод шаҳридаги "Қалдирғоч" номли 2- мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб ишлаб келди.

Ишига масъулият билан ёндашиши, ширинсўзлиги, юрагидаги меҳр ва кишини яхши тушуна олиш каби фазилатлари унинг келгусида маҳалла фуқаролар йиғинида ишлашига йўл очиб берди.

- Маҳалла фуқаролар йиғинига ишга таклиф қилишганида очиғи, бироз чўчиганман, - дейди Минавархон Ўлмасова. - Чунки, кўпчилик, айниқса, оилалар билан ишлаш осон иш эмаслигини яхши биламан. Масъулият катта, одамларнинг кўзи сенда бўлади. Шу боис ҳам бу соҳада ишламоқчи бўлган киши меҳнатдан қочмайдиган, ташкилотчи, ташаббускор, адолатли, тўғрисўз бўлиши керак.

Ҳартугул анча вақтдан буён маҳалла ишида фаолият кўрсатиб, каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиб, одамлар, маҳалладош қиз-аёллар ишончини оқлаб     келяпман. 

Айни кунда Минавархон Ўлмасова хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис вазифасида иш олиб бораётган Хонобод шаҳридаги "Юксалиш"  маҳалла фуқаролар йиғинида 2700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, шундан 1550 нафарга яқини хотин-қизлардир.  У бу лавозимга тайинланганига кўп бўлмаса-да, маҳалла иши унга бегона эмас. Минавархон Ўлмасова қарийб 10 йилдан буён маҳалла ишида фаол қатнашиб келади. У маҳалладошларининг маслаҳатгўйи, аёлларнинг яқин сирдошига айланган.

- Маҳалламизда ишсиз, бекорчи одам деярли йўқ, - дейди мутахассис.  - Чунки, бизнинг Хонобод аҳолиси ишнинг кўзини биладиган, тадбиркорлик билан иш юритадиган халқ. Ҳудудимизда саноат ривожланган, ишлаб чиқариш цехлари фаолият юритади. "Андижонкабель", "УзКоджи" қўшма корхоналари, "Азиза текстиль", "Мухлис", "Олтин водий" каби тикувчилик цехларида юзлаб аёлларимиз меҳнат қилишади. Ўтган 2018 йил давомида яна 56 нафар ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлашга эришдик. Улар тикув-трикотаж цехлари ва ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жойлаштирилди.

Маҳаллада аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги аёлларга йўл-йўриқлар кўрсатилиб, банкдан имтиёзли кредит олишларига кўмаклашилмоқда. Ўтган йили "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида 4 нафар аёл томорқада лимон етиштириш, 6 нафари эса қорамол боқишни йўлга қўйиш мақсадида имтиёзли кредит олиб, иш бошлади.

Минавархон опа оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, шунингдек, шаръий никоҳларга йўл қўймаслик, ўсмир қизлар тарбияси, ёш оилалар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратади.

- Ёш оилаларнинг парокандалиги оқибатида гўдакларнинг сарсон бўлишига жим қараб турмаслигимиз керак. Ҳар қандай муаммони ҳал этиб, оилани сақлаб қолиш керак, - дейди у. - Менимча, жуда кўп ажримлар келин-куёвларнинг ҳаётига учинчи томоннинг аралашувидан келиб чиқади. Чунки, келин-куёвлик такрорланмас давр. Бир-бирига меҳри тушган ёшлар арзимас нарсага ажрашиб кетавермайди. Бунга албатта, ташқи омиллар таъсир кўрсатади. Шундай экан, ёш оилалар билан кўпроқ ишлашимиз зарур. Айниқса, ёш қайноналар, келин-куёвлар билан бевосита ва тизимли иш олиб бориш, уларга, қолаверса, оила қуриш арафасида турган йигит-қизларга никоҳ, оилавий ришталарнинг муқаддаслигини тушунтириш асосий вазифамизга айланмоғи лозим.

Маҳаллада бу каби ишларни амалга оширишда Минавархон опага 7 келиннинг қайнонаси бўлган Ҳабибахон Ашуралиева, отинойи Мамлакатхон Сўпиева, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Моҳидилхон Маҳкамбоева, ички ишлар профилактика инспектори Давронбек Ювошевлар яқиндан ёрдам бериб келмоқдалар. Бунинг самараси ўлароқ, "Юксалиш" маҳалласида 2018 йилда ажримлар, эрта ва ноқонуний никоҳлар қайд этилмади. Ўзаро келишмовчилик сабаб, ажрашиш ёқасида турган 15 та оила яраштирилди. Аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, турли диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари ҳам бўлмади.

      Ҳа, "Юксалиш" да юксалиш бор. Бунда "халқнинг дарди - менинг дардим" деб яшаётган, одамлар, маҳалла иши учун фидойилик билан меҳнат қилаётган махалла мутахассисининг ҳам катта ҳиссаси бор, албатта.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

"МЕҲРИМИЗ СИЗГА"

хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази оғир вазиятга тушиб қолган аёллар кўмакчисига айланади

Куни кеча вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган "Меҳримиз сизга" хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази фаолияти, марказнинг максад-вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова, Марказ раҳбари Х. Мирзараҳимова, вилоят прокуратураси, ички ишлар, меҳнат, соғлиқни сақлаш бошқармалари, "Оила" илмий-амалий    тадқиқот маркази вакиллари, Реабилитация марказининг туман, шаҳар бўлимлари директорлари, хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ўтган тадбирда марказнинг мақсад ва вазифалари, фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил сўз юритилди.

 Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 июлдаги "Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида "Меҳримиз сизга" хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилди. Андижон шаҳрининг Муқимий кўчасида (Андижон политехника коллежининг фойдаланмай турган биносида) жойлашган марказни моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун вилоят ҳокимлиги томонидан қарийб 500 миллион сўм маблағ сарфланди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова анжуманни очиб, Аёллар ижтимоий реабилитация марказини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, оғир ҳаётий вазиятга ва руҳий инқирозга тушиб қолган аёлларга тиббий, психологик, маънавий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиш, марказга мурожаат қилганларнинг қизиқишларига қараб турли йўналишлар бўйича касб-ҳунарга ўргатилиши, уларни қийнаётган муаммолар қай тарзда ҳал этилиши, уларнинг кейинги тақдири бўйича мониторинг олиб борилиши ҳақида гапириб, марказ фаолияти учун хотин-қизлар қўмитаси масъул эканлигини таъкидлади.

- Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида фаолият бошлаган марказимизда оилавий муаммолар гирдобига ҳамда турмушда зўрлик ишлатилиши натижасида турли қийинчиликлар туфайли депрессия ҳолатига тушиб қолган аёлларга аноним ва конфеденциаллик тамойиллари асосида шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилади, - дейди Марказ раҳбари Х. Мирзараҳимова. - Шунингдек, бу ерда руҳий тушкунликка тушиб қолган, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган шахслар билан бирламчи ва тизимли профилактик тадбирлар, турли машғулотлар ўтказиб борилади. Бундан ташқари, марказимиз туман, шаҳар реабилитация марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва йўлга қўйилишида ҳам яқиндан ёрдам беради.

Анжуманда руҳий инқирозга ҳамда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга психологик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, марказда фаолият кўрсатувчи ижтимоий ходимнинг ҳамда "Ишонч телефони" операторининг вазифалари,  ижтимоий хизмат кўрсатишнинг муҳим жиҳатлари, марказда вақтинча бошпана беришни ташкил этиш тартиблари ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди.

 Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларги масъул ва мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.

Мадина

 

КОМИЛЖОНОВА

ҲЕЧ БИР АЁЛ МУАММОЛАР ГИРДОБИГА ТУШИБ ҚОЛМАСИН

Аёл борки, оила бахтли, миллат бардавом. Аёл бор экан, жамиятда тинчлик-тотувлик, саранжом-саришталик, меҳр-оқибат ва саховат бор. Шу боис ҳам юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётдаги ўрни ва нуфузини ошириш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

 

Бу борада Андижон шаҳрида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида опа-сингилларимизни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини сақлаш,  уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш,   оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунда шаҳримизда истиқомат қилаётган 215 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли йўналишлардаги имконият ва салоҳиятларини юзага чиқариш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аёллар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Якунланган 2018 йилда шаҳримизда оғир турмуш шароитида яшаётган 594 нафар хотин-қиздан 457 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 53 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминланди, 6 нафарига намунали лойиҳалар асосида барпо этилган 2 сотихли уй-жойлардан ажратилди. Бундан ташқари, ўта қийин шароитда яшаётган ҳамда ишлаш истагида бўлган хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилди.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида 1745 оилага, шунингдек,  янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш, мавжудлари фаолиятини кенгайтириш учун 6300 нафар хотин-қизга 16 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилганлиги натижасида кўплаб қиз-аёлларимиз доимий иш билан таъминланди. Бу албатта, уларнинг рўзғори бут, турмуш шароитлари яхшиланишига ёрдам бермоқда.

 Биз фаолиятимизда оилаларни   мустаҳкамлаш, оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларга кўмак бериш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Хусусан, "Тахтакўприк", "Тўққизариқ"  маҳаллалари ҳудудида жойлашган оилавий ётоқхона ҳамда ногиронлар уйида яшовчи оилалар бекалари билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга имкон қадар кўмак берилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги "Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Андижон индустриал-педагогика коллежи ётоқхонасида "Аёллар ижтимоий мослашув маркази" ташкил этдик. Марказ зарур барча жиҳозлар билан таъминланган, бу ерга жойлаштириладиган аёлларнинг яшаши учун шарт-шароитлар яратилган.

Оғир ҳаётий вазиятга, руҳий депрессия ҳолатига тушиб қолган хотин-қизларга кўмаклашиш, уларни нормал ҳаётга қайтариш, қалбларида ҳаётга муҳаббат, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказда аёлларга ижтимоий-психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Марказ иш бошлагандан буён мурожаат қилган 42 нафар хотин-қизнинг 39 нафарига тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди. Ажрим ёқасига келиб қолган 3 та оила яраштирилди, яна 3 оила эса уй-жой билан таъминланди.

Шаҳримиздаги маҳаллалардан бирида яшовчи Моҳирахон исмли аёл (исми ўзгартирилган) беш йил аввал турмуш ўртоғининг қаршилигига қарамай тўрт ва олти ёшли фарзандларини кекса онасига ташлаб Туркия давлатига ишлагани кетган эди. У борган жойида одам савдоси қурбонига айланиб, уйига пул юбориш у ёқда турсин, ҳатто, уйидагилар билан алоқа ҳам қила олмади. Орадан бир йил ўтар-ўтмас кекса онаси оламдан ўтди. Укаси, келинлари Моҳиранинг фарзандларини сиғдирмасдан дадасига олиб бориб бердилар.

Ота қийинчилик билан тўрт йил фарзандларини ёлғиз ўзи боқди, тарбиялади. Бошидан не-не савдоларни ўтказиб уйига қайтган Моҳирани турмуш ўртоғи, эсини таниб қолган фарзандлари хонадонига киритмади, уч сотихли ҳовли-жойни талашиб, бир-бири билан         кунора жанжаллашаётган ака-укаси яшаётган ота уйига ҳам сиғмади. Нима қилишини билмай, борар жойи йўқ Моҳира жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлди. Оғир аҳволда қолган аёлнинг тақдиридан хабар топган қўмитамиз унинг қўлидан тутди. У "Аёллар ижтимоий мослашув маркази"га жойлаштирилди, зарур кўмак кўрсатилиб, ишга жойлаштирилди. Эндиликда унинг қалбида яхши кунларга бўлган умид учқунлари яна пайдо бўлди. Аста-секин ҳаётини изга туширмоқда. Шу ўринда Моҳиранинг ҳаёти опа-сингилларимизга ибрат бўлишини, қуруқ ваъдаларга ишониб, оиласини пароканда қилиб ўзга юртларга кетиб қолмасликларини, ҳар бир ишни кўп билан кенгашиб, мулоҳаза юритиб бошлашларини жуда-жуда истар эдим.

  Муқаддас китобларимизда "Бир кўнгилни обод қилмоқ улкан савоб", дея кўп бора таъкидланади. Қолаверса, бу каби хайрли ишлар қанчалар савоб эканлигини барчамиз яхши биламиз. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган ижтимоий мослашув марказида тақдир тақозоси билан Моҳира сингари ўта қийин аҳволга тушиб қолган кўплаб опа-сингилларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди.

Мамлакатимизда ҳеч бир фуқаро, хусусан, хотин-қиз эътибордан четда эмас. Ниятимиз ҳеч бир аёл муаммолар гирдобига тушиб қолмасин, ҳаётидан рози бўлиб, бахтли яшасин. Ана шунга эришиш учун қўмитамиз фаоллари, бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, маҳаллаларнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда иижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича мутахассислари, отинойилар, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида зарур барча ишларни амалга оширамиз.

 

Равшаной ЖЎРАБОЕВА,

 

Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Ажрашиш арафасида турган 24 оила яраштирилди

Сайёр қабул

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида оилаларни мустаҳкамлаш, нотинч оилалардаги муаммо ва низоларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, ажрашиш остонасида турган оилаларни яраштириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумида белгиланган вазифалар ижроси доирасида  ўтказилган тадбирда вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, фуқаролик ишлари бўйича судлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, низоли ҳамда ажрашиш арафасида турган оилалар вакиллари иштирок этди.

 Тадбирда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, Президентимиз ташаббуси билан бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги  алоҳида таъкидланди.

  - Оила, оналар ва болалар давлатимиз ҳимоясида эканлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим, - дейди Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнорахон Маърупова. -  Шу маънода оила манфаатларини ҳимоя қилиш, бугунги кунда оилаларни қийнаётган муаммо ва низоларни бартараф этиш, айниқса, ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишдир.

Тадбир иштирокчиларига оилада ва фарзанд тарбиясида юзага келаётган низолар, қайнона-келин муносабатларидаги муаммолар оилани парокандаликка олиб келиши мумкинлиги, бундай ҳолатларнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган видеофильм намойиш этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнорахон Маърупова, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров томонидан оилалардаги муаммоларни бартараф этиш, ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштириш бўйича сайёр қабул ўтказилди.

- Оиладаги турли низолар туфайли келиним бир йил аввал отасиникига кетиб қолган, - дейди Балиқчи тумани Насриддинобод маҳалласида яшовчи Маъмурахон Каримова.  - Яккагина ўғлимга ришталаримиз янада мустаҳкам бўлсин, деб қариндошдан келин олгандим. Дастлабки йиллар тинч-аҳил яшадик, кейинги пайтларда келиним билан ҳеч муроса қилолмаяпмиз.  Ҳозир ўғлим ҳарбий хизматда. Маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар билан келинимни олиб келамиз, бир оз муддат яшагач, яна кетиб қолади. Нима қилишга ҳайронман, менга маслаҳат беринг.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнорахон Маърупова, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова қайнона-келин билан бевосита суҳбат ўтказдилар. Ўрталаридаги зиддиятлар уларнинг ҳар иккисини руҳий стресс ҳолатига тушириб қўйганлиги, оиланинг муқаддаслиги, қайнона фарзандларининг бахтли бўлишлари, келин эса оиласини асраб қолиш, фарзандининг тирик етим бўлиб қолмаслиги учун ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиши, бунинг учун энг аввало, кечиримли бўлишлари кераклигини тушунтирдилар.

Шундан сўнг қайнона-келин бир-бирларидан кечирим сўраб, биргаликда аҳил яшашга ваъда бердилар.

Турли низолар туфайли пароканда бўлиб турган оилалар вакиллари билан суҳбатларда инсон сабрли бўлиши, айниқса, оила мустаҳкамлигини таъминлашда турли қийинчиликларни енгиб ўтиш, ота-боболаримиз, хатто уруш, қаҳатчилик йилларида ҳам сабрли бўлганлиги, халқимизнинг оилани мустаҳкамлаш борасидаги қадим ва бетакрор қадриятлари мисолида уларга оилаларини сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш тушунтирилди. Суҳбатлар давомида кўплаб келин-куёвлар, қайноналар ўз хатоларини англаб, бундан буён аҳил яшашга келишиб олдилар.

- Тўрт нафар фарзандим бор, - дейди Андижон шаҳридаги "Меҳнат" маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Одинахон Баротова. - Ногирон бўлиб қолганимдан кейин турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Ҳозир мени ушбу хонадондан чиқариб юборишмоқчи. Қатор ташкилотларга, ҳокимиятга, судга мурожаат қилдим. Бироқ, мени қийнаётган муаммо ҳал бўлмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров бу аёл билан суҳбатда уни яшаб турган хонадонидан чиқариб юборишга қонунларимиз йўл қўймаслигини тушунтирди. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раҳбарига аёл яшаётган ҳовлининг маълум қисмини фойдаланиш учун ажратиб берилиши ҳақида тегишли тартибда суд қарорини чиқариш ҳақида топшириқ берди.

- Қабулда бир неча йилларда буён мени қийнаб келаётган муаммо ечим топганлигидан хурсандман, - дейди О. Баротова. - Яқин кунларда Андижон шаҳар суди менга яшаб турган ҳовлимнинг маълум қисмидан фойдаланишим мумкинлиги ҳақида қарор чиқариб берадиган бўлди.

Сайёр қабул давомида низоли ва ажрашиш арафасида турган 40 яқин оила вакиллари билан суҳбатлар ўтказилиб, 24 оила яраштирилди, бир қатор оилаларни қийнаётган муаммолар ҳал этилди. 

Шу куни Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнорахон Маърупова ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров Болалар шаҳарчасида бўлишиб, ушбу масканда тарбияланаётган болалар ҳаёти, яшаш шароитлари билан танишдилар, улар билан дилдан суҳбатлашдилар.

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ