Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Олимлар сайёрамиз келажаги борасида тадқиқот олиб бориш баробарида уни қуриб ёки музлаб ёхуд ёниб, тамом бўлади, деган фикрни илгари сурадилар.
"Сайёрамиз тақдири қуёшга боғлиқ, - дейди пенсильвания университети профессори Жон Кастинг. - Қуёшнинг умри эса бошқа юлдузларники каби боқий эмас! Юлдузлар эволюцияси назариясига кўра, Қуёш бора-бора қайноқ ва порлоқ бўлиб боради. Бунинг натижаси ўлароқ, ер ҳам исий бошлайди. Ҳавонинг ўртача иссиқлиги Цельсий шкаласи бўйича 60 градусга етганда, муаммо бошланади. Ер борган сари сувини йўқота бошлайди. Бундай иссиқ ҳаво натижасида атмосфера таркибида 10 фоиздан 20 фоизгача сув буғи вужудга келади. У стросферага кўтарилиб, кислород ва водородга ажралади. Водород аста-секин стросферадан коинотга чиқиб кетади. Шу тариқа сайёрадаги сув миқдори камая бошлайди".
Астрономлар воқеанинг бундай тус олишини аллақачон башорат қилганлар, бироқ улар доимо муддат борасида адашардилар. Авваллари сувнинг фожеали йўқолиб бориши 5 миллиард йиллардан сўнг юз бериши мумкин, деб таҳмин қилинган. Аммо янги ҳисоб-китобларга кўра, 1,2 миллиард йилдан кейин Ер ўз океанларидан маҳрум бўлади ва чўл-биёбонга айланади. Лекин буни Кастинг энг оптимал назария деб ҳисоблайди. Гап шундаки, ҳавонинг тез исий бошлаши ердаги океанлар, ўсимликлар, умуман, тирик мавжудот ҳаётининг асоси ҳисобланган углерод диоксид газини фаол юта бошлашига олиб келади.
500 миллион йиллардан сўнг углерод диоксид атмосферадан эриган кўринишга ўтиб кетади ва бунинг натижасида Ердаги барча ўсимликлар ҳалок бўлади. Ўсимликларнинг йўқолиб бориши ҳайвонларнинг нобуд бўлишига олиб келади, кейин эса... Бу ҳолда бора-бора Ердаги ҳаёт буткул йўқолиб кетишини англаш учун олим бўлиш шарт эмас.
- Агар бизнинг ҳисоб-китобларимиз тўғри бўлса, - дея ўз мулоҳазасида давом этади Кастинг, - Ерда, чамаси, 4,5 миллиард йил давомида ҳаёт ҳукм сурган, ундаги ҳаёт якун топишига яна ярим миллиард йил фурсат қолди, деб фараз қилишимиз мумкин.
Яна бир тадқиқотчи Мичиган университети профессори воқеанинг ривожланиши икки хил маррага олиб бориши мумкин, деб ҳисоблайди: Ер ё ёниб кетади ёки музлайди!
Адамснинг фикрига кўра, Қуёш бошқа юлдузлар каби тобора кучаяди, натижада ўлчамлари ҳам катталашади, ундан тарқалаётган газ атрофга кенг тарқалади. Табиийки, Меркурий, Венера, Ер ва Марс буткул ёниб тушадилар, эҳтимол бу сайёралар ана шу газнинг бир бўлагига айланиб кетар...
Хориж матбуот материаллари асосида Тоҳиржон ҚЎЗИЕВ тайёрлади.
Ҳаётда стресс ҳужум қилмайдиган одамнинг ўзи топилмаса керак. Кейинги пайтларда кўплаб кишилар арзимаган нарсаларга диққати ошиб, салга жаҳли чиқадиган бўлиб қолган. Руҳий зўриқишлик, депрессия жараёнида узоқ қолиш киши организмида ҳар хил хасталикларни келтириб чиқаради. Қуйида руҳий зўриқишдан сақланишнинг энг осон 5 та қоидасини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу албатта, сиз учун фойдадан холи бўлмайди. Демак, улар қуйидагилар:
ТЎЙИБ УХЛАНГ.
Катта ёшдаги одамлар ўртача 6 - 7 соат ухлаши керак. Тўйиб ухламаган одам эрталаб нохуш кайфиятида уйғонади. Баъзан кун давомида бу нохушлик давом этиши мумкин. Уйқу олдидан интернетга кириш, беҳуда мулоқотлардан тийилиш, жангари, кучли руҳий ҳаяжонга сабаб бўладиган фильмларни томоша қилмаган маъқул. Уйқудан камида бир соат олдин компьютерни ўчиришга одатланинг. Бу сизга тинч ухлаш имконини беради. Айтишларича, меъёрида ухлаган аёллар чиройли бўлар экан. Меъёрий уйқу инсонга янги ғоялар бағишлаб, стрессни узоқлаштиради.
КЎПРОҚ ПИЁДА ЮРИНГ.
Шифокорларнинг айтишича, баъзи одамлар кайфияти бўлмаганда пиёда юришга мойил эканлар. Ҳақиқатдан ҳам пиёда юриш соғлиққа яхши таъсир қилиб, инсондаги бор барча салбий ҳолатларни узоқлаштираркан. Табиат қўйнида, камида ҳафтасига бир маротаба пиёда юришга ҳаракат қилинг. Аминмизки, ҳар қандай ёмон кайфият ва стресс сизни тезда тарк этади.
ҒАЗАБИНГИЗ КЕЛГАНДАОВҚАТДАН "НАЖОТ"ИСТАМАНГ!
Кўпчилик жаҳли чиққан пайтда ёки бирон - бир омадсизликка учраганида ейишга ёки ичишга ружу қўяди. Кайфиятингиз бўлмаганида ҳаддан зиёд овқатланишдан ўзингизни тия билинг. Жаҳлингиз-ку ўтиб кетади, лекин ундан сўнг сиз орттирган килограммлар қолиши аниқ. Айрим эркаклар эса ичкиликка ружу қўйишади. Айтингчи, бир шиша ароқ муаммоингизни ҳал қила оладими? Албатта, йўқ. Шундай экан, кайфиятингиз бўлмаган пайтда ичишни ўйламанг.
КИТОБ ЎҚИНГ.
Китоб ўқиш ўртача 60 фоизга инсон кайфиятини кўтариш кучига эга экан. Қандай китоб ўқишингиздан қатъи назар, ўзингиз севган жанрларни танланг. Стресс ҳолати кучайганда, албатта, китоб ўқишга ҳаракат қилинг. Китоб билан овора бўлиб, нимага жаҳлингиз чиққанини ҳам унутасиз.
ЙИҒЛАБ ОЛИНГ(ФАҚАТ АЁЛЛАР УЧУН).
Вақти - вақти билан инсон йиғлаб туриши керак. Бу ичингиздаги дардларингизни юзага чиқаради ва анча тинчлантиради. Кўз ёшлар кучсизликдан дарак бўлса-да, онда - сонда йиғлаб турсангиз, фойдаси бор. Лекин ҳаддан зиёд йиғи ҳам яхши эмас. Меъёрни унутманг.
МУЗҚАЙМОҚ ЕНГ.
Психологларнинг таъкидлашича, музқаймоқ инсон кайфиятини кўтарувчи стимул бўлиб хизмат қилар экан. Ҳеч эътибор берганмисиз, музқаймоқ еганимизда кайфиятимиз ўз - ўзидан кўтарилади. Ширинлик стрессдан ҳимоя қилувчи ва уни бартараф этишга қодир кучга эга. Албатта, бунда ҳам меъёрга амал қилишлик зарур.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзингизни қўлга олишни, асабларингизни асрашни ўрганинг. Тиббиёт мутахассисларининг "асабийлашиш - барча касалликларнинг боши" деганини унутманг. Қолаверса, мингта душманни енгган одам эмас, ўз-ўзини, ғазабини енган одам кучли ҳисобланади.
Инсон ақлий салоҳиятининг юксалишида китобнинг ўрни беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади.
Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар. Дарҳақиқат, донишмандлардан бири: "Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китобдан бир умр миннатдорман", деган эди. Ушбу фикр нечоғли тўғри эканлигини маънавиятли ҳар бир инсон чин қалбдан ҳис этади.
Китоб - инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради.
Ҳа, кўп китоб ўқиган кишининг билим савияси юқори, муомала маданияти юксак, етук инсон сифатида ҳаётда ўз ўрнини топа олади. Бироқ, бугунги кунда китобга, китоб ўқишга бўлган эҳтиёж ва интилиш, айниқса, ёшлар орасида тобора камайиб бормоқда. Бу эса жуда ачинарлидир. Қанчадан-қанча китоблар, китоб жавонлари ва дўконларида шунчаки кўргазма сифатида турибди. Табиий савол туғилади. Нега шундай? Нима учун китоб ўқимай қўйяпмиз?
Минг афсуски, китоб ўқиш ўрнига қимматли вақтини қандайдир бекорчи ҳолатларга, турли кўнгилочар ўйинларга сарфлаётган инсонлар ҳам орамизда оз эмас. Ундайлар фикрлашда, ўзини тутишда ҳам маънавияти юксак эмасликларини намоён этиб қўйишади.
Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет тизимини бунга мисол қилишимиз мумкин. Тўғри, юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи бу - ёшлар. Шу боис, турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.
Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий ҳазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг "Мантиқут-тайр" асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган.
Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Тўқликка шўҳлик эса ўзбек миллатининг ёшларига хос фазилат эмас. Аслини олганда, айрим ёшларимиз бундай лоқайдликдан йироқ. Улар ўзларининг ҳур фикрлиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмагани каби инсонлар орасида ҳам маънавий қашшоқ кишилар йўқ эмас. Бундайларнинг лоқайдликлари натижасида "енгил ҳаёт" ихлосмандлари сафи ортиб бормоқда. Оқибатда китоб, китоб ўқиш унутилмоқда. Маънавияти саёз, китоб ўқимайдиган инсонлар оиласида тарбия топаётган фарзандлар келажакда баркамол шахс бўлиб улғаймайди.
Шу боис, ҳар бир инсон билимлар калити бўлмиш - китоб билан дўст бўлмоғи лозим. Ахир дунёда китобдан кўра яхшироқ дўст ва маслакдош йўқ.
Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб - тафаккурнинг толмас қанотларидир. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб - инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир.
Давримиз тараққийлашиб боргани сари ҳаётимизга техника ва технология билан боғлиқ янгиликлар тобора чуқурроқ кириб келмоқда. Хусусан, бугунги кунга келиб, мобиль телефон ва интернет нафақат жамиятимизнинг, балки ҳар бир шахс ҳаётининг ажралмас қисмига айланди.
Ҳаётда ҳамма нарсанинг яхши ва ёмон томонлари бўлгани каби биз айтиб ўтган телефон ва интернетнинг ҳам ижобий ва салбий томонлари бор. Улар ҳақиқатдан узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилади, ишларимиз тез ва сифатли бўлишини таъминлайди. Бироқ уларнинг саломатлигимизга, халқимизнинг одоб-аҳлоқ меъёрларига ҳамда маънавиятимизга салбий таъсирини ҳам унутмаслигимиз керак.
Бугун мобиль телефондан деярли ҳар бир инсон фойдаланмоқда. Демак, ундан оммавий тарзда фойдаланяпмиз. Аммо телефондан фойдаланиш жарааёнида сўзлашиш маданиятига, одоб-аҳлоқ меъёрларига амал қиляпмизми, деган савол туғилиши табиий. Минг афсуски, ушбу саволга қатъий тарзда ижобий жавоб айта олмаймиз. Келинг, яхшиси, бу ҳақда мулоҳаза юритиб кўрайлик.
* * *
Йўловчи дамасда ишдан уйга қайтаётгандим. Олд ўриндиқдаги аёлнинг телефони жиринглаб қолди. Аёл қўнғироқ эгаси билан номигагина саломлашди. Жамоат жойда экани ёдидан кўтарилди. Ўзини бемалол тутиб, овозига эрк бериб гаплаша бошлади. Бирдан қўнғироқ эгасининг гаплари ёқмади, шекилли, тутоқиб кетди. Афтидан гўшакнинг нариги томонидаги одам аёлнинг турмуш ўртоғи бўлиб, хорижда ишлаши йўловчи ҳамроҳимизнинг тергашларидан шундоққина билиниб турарди. Аёл машинада кетаётганини буткул унутди. Пул жўнатмаётган эрига телефон орқали шундай ҳақоратли сўзлар гапирардики, унинг ўзини тутиши, гап-сўзларидан уялиб кетдим. Ҳатто, телефонда "суҳбатлашаётгани"ни унутган бу аёл жамоат жойда эканини, сўзлашиш маданиятидан умуман бехабар эканини намо-йиш қилди.
* * *
Бир танишимга иш юзасидан қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Ҳадеганда рақам банд бўлаверди. Орадан ярим соатга яқин вақт ўтгач, яна қайта қўнғироқ қилдим. Аммо ҳамон банд. Бироздан сўнг унинг ўзи телефон қилди. Мен унинг рақами тинмай банд бўлганини айтсам, у хотиржамгина дугонаси билан суҳбатлашганини айтди.
Қизиқ, телефон зарурий мулоқот воситаси экани, унда сўзлашиш маданиятига амал қилиш лозимлигини айрим одамларга қандай тушунтириш керак?! Айрим маънавияти паст шахслар ҳатто, ўзаро ҳал қилиниши керак бўлган масалаларни ҳам жамоат жойларда, транспортда телефон орқали муҳокама этишлари бизнинг маънавиятимизга умуман, мос эмас. Бу калтафахмлик, ўз ҳурматини билмасликдан бошқа нарса эмас.
Гоҳида ёши улуғ инсонлар бундай маданиятсизликка чидолмай, "бу телефон деганлари роса сиз учун ўйлаб топилган экан-да", дея юмшоқлик билан дакки берганларининг гувоҳи бўламиз. Бироқ ўзимиз ёнгинамизда телефонда сўзлашиш жараёнида ҳурмат чегараларини бузаётган айрим кимсаларни тартибга чақирмаймиз. Ўз кўнглимизда биз ҳам "одоб сақлаймиз". Аслида эса бу андишамиз билан тарбиядан, одоб-аҳлоқдан тобора узоқлашиб бораётганлигимизни сезмаймиз. Бу жараён назаримда "оммавий маданият"нинг тобора илдиз отиб, ҳаётимизга кўрсатаётган таъсиридир.
Шу ўринда мавзу доирасида мутахассис фикрига қулоқ тутайлик:
- Бугунги кунда мамлакатимизда 26 миллиондан ортиқ аҳоли уяли алоқа воситаларидан фаол фойдаланмоқда, - дейди АДУ психология кафедраси мудири, доцент Наима ҲАЛИМОВА. - Мобиль телефондан фойдаланишга бўлган эҳтиёж аниқ ва мақсадли бўлса, бу жараён шахс руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Вилоятимизда қўл телефонидан фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этиши, ҳатто айрим ўсмир ёшлар 2 тадан мобил телефонидан фойдаланишлари ушбу матоҳ ёшлар ҳаётига қанчалик чуқур кириб борганидан дарак беради.
Мобиль телефондан фойдаланиш кўламини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўровномада, иштирок этганларнинг 70 фоизи телефондан асосан алоқа-алмашинув мақсадида фойдаланишларини, қолган қисми эса "смс" хабарлар жўнатиш, ўйинлар ўйнаш, соатдан, интернетдан фойдаланиш мақсадида ишлатаётганликларини айтиб ўтганлар.
Энди телефонда сўзлашиш маданияти масаласи ҳам муҳим жиҳат эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. Суҳбат жараёнида қўл ҳаракатлари, имо-ишоралар ва образли кўринишларнинг ишлатилиши ноўрин ҳисобланади. Агар атрофда одамлар бўлса, овоз баланд-пастлиги, эмоционал ҳолатлар (кулиш, ғазабланиш) мутлақо мумкин эмас. Бундан ташқари, йиғилишларда, дарсхоналарда мобил телефондан фойдаланиш қатъиян маън этилади. Жамоат жойларда, айниқса, транспорт воситаларида имкони борича телефонда гаплашмаслик лозим, агар зарурат юзасидан гаплашишга тўғри келса, бир, бир ярим дақиқадан ортиқ суҳбатлашиш атрофдагиларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади, уларга нисбатан ҳурматсизлик ва маданиятсизлик ҳисобланади. Қолаверса, шифокорларнинг эътироф этишича, мобиль телефонда узоқ суҳбатлашиш асаб тизимига кучли таъсир қилади. Хотиранинг сусайиши, кўзнинг кўриш қобилиятининг заифлашишига ва инсон жисмининг нурланишига олиб келади. Шунингдек, уяли алоқа воситалари орқали суҳбатлашилганда, маълумотларни саралаш, тушуниш, таҳлил қилиш учун имкон қолмайди. Натижада киши миясида зўриқиш юзага келади. Бу эса янги "хасталик"ни - "ахборотдан толиқиш"ни келтириб чиқаради.
* * *
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшлар мобиль телефон орқали суҳбатлашиш маданиятига эга бўлиши керак. Бунинг учун эса тарғибот ишларини кучайтиришимиз, хусусан, ёши катталар, ота-оналар, ўқитувчи-мураббийлар томонидан панд-насиҳат тарзидаги тушунтиришлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Азиз юртдош! Телефонда сўзлашиш жараёнида одоб-аҳлоқ меъёрларини асло унутмайлик.
Зилола РАҲМОНОВА.
Таҳририятдан: муштарийларимизда мавзу доирасида фикр ва мулоҳазалар бўлса, биз билан ўртоқлашади деган умиддамиз.
Бахт аслида жуда кенг тушунча. Аммо ҳар ким уни ўзининг фикру ўйи билан тенг баҳолайди. Ўтаётган ҳар бир кунимизда ҳам биз излаган бахтнинг бир кўриниши мужассам. Шунчаки, биз уни кўрмаймиз ёки ҳис қилмаймиз.
Бахт... Бу ҳар тонг соғ-омон уйғонишинг, ўзи истаган жойда ўқишинг, яқинларинг даврасида бўлишинг, севимли касбинг билан шуғулланаётганинг ўзи бахтдир ёхуд пешона теринг билан илк маош олган онларда ўзинги беҳад бахтиёр ҳис қиласан.
Ишга ёки ўқишга отланганингда, меҳрибонларинг томонидан "ўзингни эҳтиёт, қил" дея айтилган илтижолар, уйга қайтганингда эса, қаршингга пешвоз чиқиб, чучук тиллари билан "менга нима олиб келдингиз?" деган ширин фарзандларнинг эркалиги, инжиқликлари, ғам-алам ҳамроҳ бўлган дамларда сенга суянч бўлган, "ҳали ҳаммаси яхши бўлади", деб елка тутган яқинларинг меҳри, оқибати сенга далда бўлади, куч бағишлайди, эртанги кун умиди билан яшашга ундайди.
Ҳаётда энг муҳими кимгадир кераклигингни ҳис қилиб яшаш... Шундагина сен "мен ҳаётда бахтлиман" деб бемалол айта оласан. Менимча, мана шу нарса ҳақиқий бахт суруридир.
Увайсий, Дилшоди Барно, Нодира, Зебунисо, Самар Бону ва бошқа машҳур аёлларнинг бетакрор ижоди Шарқ мумтоз адабиётида юксак истеъдод соҳибалари нақадар кўп эканини кўрсатади. Улар орасида Нодирабегим ҳам иқтидори, ҳам маданият ва адабиёт ҳомийси сифатида ўзига хос ўринга эга.
Шоира адабиётимизнинг бой анъаналари ҳамда умр йўлдоши, истеъдодли шоир Амирийнинг таъсири ва кўмагида ўзидан улкан адабий мерос қолдирди. Шу билан бирга, малика Амир Умархон вафотидан сўнг мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, давлат ишларида фаол иштирок этди. Мана шу йиллар давомида юрт фаровонлиги бир қадар ошди, шаҳар-қишлоқларда кўплаб масжиду мадрасалар, кутубхоналар, бозор ва карвонсаройлар бунёд этилди. Нодира ўз атрофига илм-фанга, ижодга қизиқувчи иқтидор эгалари бўлган инсонларни йиғиб борди, улар билан саройда адабий кечалар уюштирди. Халқ уни севди, замон аҳли "Нодираи даврон" дея шарафлади.
Нодира шеъриятининг асосини лирика ташкил этади. Унинг деярли барча ғазаллари турмуш ўртоғи шоҳ Амирийга қаратилгандек, унинг эрта вафоти сабаб тўкилган кўз ёш томчиларидек алланечук ҳисларни уйғотади. Унинг садоқат ва вафо куйчиси дея таърифланиши шу сабаб бўлса не ажаб. Нодира инсон қадр-қимматини ҳамиша юқори қўйди. Бу эса унинг муҳаббат туйғуларини чуқур сеза олиши, муҳаббатни юксакларга кўтара оладиган қалб соҳибаси эканлиги билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам у кимнинг қалбида инсонийлик ва муҳаббат мавжуд бўлсагина ўша киши ҳақиқий инсон бўла олишини ўз байтларида гўзал сатрлар ила ифодалайди:
На гул сайр айла,на фикри баҳор эт,
Жаҳондин кеч, хаёли васлиёр эт.
Муҳаббтсиз киши одамэмасдир,
Гар одамсан муҳаббатихтиёр эт.
Нодирабегим аёллар учун ибрат тимсоли эди. Куюнчак, меҳрибон, вафодор, ўз ёри ва халқига муҳаббат қалбида жўш урган аёл эди у... Яна у юксак маънавиятли, маданиятли, бетакрор истеъдод соҳибаси бўлган ижодкор эди. Мана, У ўз мисраларида чинакам аёл тимсолини акс эттира олган. Унинг ҳаё-ибоси, меҳри, садоқати ва одоб-аҳлоқи бугунги кун ёшлари, қолаверса, келажак авлод учун ҳам кўзгу бўла олади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида қизғин давом этмоқда. Андижонликлар сайловда кўтаринки кайфият ва фаоллик билан иштирок этмоқда. Айрим юртдошларимизнинг сайловдаги иштироки ва фикр-мулоҳазалари билан танишдик.
- Мен бугун Пахтаобод туманидаги 577-сайлов участкасида ўзим муносиб деб билган президентликка номзод учун овоз бердим. Юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалишида шубҳасиз, бугун бўлиб ўтаётган сайлов муҳим аҳамият касб этади. Мен оддий бир ҳунармандман, фарзандларим, келинларим билан ўз хонадонимда қандолат маҳсулотлари тайёрлайман. Сир эмаски, Истиқлол шарофати билан биз ҳунармандларнинг эмин-эркин фаолият юритишимиз кенг имкониятлар яратилди. Бизга кўрсатилаётган алоҳида эътибор туфайли ҳунаримиз ортидан даромад топиб, нафақат оиламизни тебратиш, балки Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиш имконига эга бўлдик.
Бугунги сайловда ҳар бир юртдошимиз фаол қатнашмоқда. Чунки сайланадиган давлатимиз раҳбарига мамлакатимиз тақдири, тинчлиги ва равнақи кўп жиҳатдан боғлиқ. Ишонаманки, мен овоз берган номзод, юртимиз иқтисодиётини янада кўтаради, шу билан бирга, биз каби ҳунарманд ва тадбиркорларни ҳамиша қўллаб-қувватлайди.
Шоҳсанам Тошпўлатова, Андижон давлат университети жисмоний маданият факультети 1-босқич талабаси, сузиш бўйича паралимпиа ўйинлари чемпиони:
- Мен Андижон шаҳринидаги ташкил этилган 112-сайлов участкасига келиб овоз бердим. Очиғи, сайловда биринчи бор қатнашаётганим учун бироз ҳаяжондаман. Бундай дамда кишини бурч, масъулият, ифтихор туйғулари чулғаб олар экан.
Сайловда мен каби ёшларнинг фаол иштирок этаётганлиги бежиз эмас, албатта. Чунки юртимизда демократик тамойилларнинг шаклланишида, унинг тараққиётида, айниқса, ёшларнинг порлоқ эртаси учун бугун бўлиб ўтаётган сайлов муҳим аҳамият касб этади. Биз ёшларга, спортимиз равнақига кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлар туфайли ҳам мен ва мен каби ёшлар шу йил Бразилиянинг Рио-де Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ёзги паралимпиа ўйинларида ғолиблар қаторидан жой олиб, ўзбекистон ёшлари нималарга қадир эканлигини амалда кўрсата олдик. Бугунги сайловда сайланиб, давлатимиз раҳбари сифатида фаолият кўрсатадиган президентимиз ҳам келгусида биз ёшларни қўллаб-қувватлашига, спортимизни янада юксалтиришига, юртимиз равнақи учун хизмат қилишига ишонаман.
- Мен Жалақудуқ туманидаги 386-сайлов участкасига овоз бериш учун беш ёшли фарзандимни кўтариб келгандим. Участкада ташкил этилган она ва бола хонасига, у ердаги тарбиячи опаларга боламни бериб, бемалол, ҳеч бир қийинчиликсиз овоз бердим. Сайлов участкасида сайловчилар учун яратилган бу каби шароитлар мени қувонтирди.
Демократик тамойиллар асосида бўлиб ўтаётган бугунги сайлов юртимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Чунки биз бугун Ватанимизни янада гуллаб-яшнаши учун хизмат қиладиган, айниқса, биз ёшларни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлайдиган, биз учун кенг имкониятлар эшигини очиб берадиган юрт раҳбарини сайлаймиз. Шу боис ҳам, биз ёшлар бугунги сайловга жиддий ва масъулият билан ёндошишимиз лозим.
Сўнгги йилларда халқаро миқёсда "озиқ-овқат хавфсизлиги", деган ибора бот-бот қўлланилмоқда. ЮНЕСКО маълумотларида 1,5 млрд. гектар унумдор ернинг 6-7 млн. гектари деградацияга учраётгани, иқлим ўзгаришлари, қур-ғоқчилик, зараркунандаларнинг кўпайиши мавжуд вазиятни янада чигаллаштираётгани қайд этилмоқда. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигини кучайтириш баробарида, ҳозирданоқ дунёнинг баъзи бир ҳудудларида очарчилик деган балони келтириб чиқараётгани айни ҳақиқат.
2050 йилга бориб дунё аҳолисининг 10 млрд.кишига етиши ҳақидаги башоратлар эса озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб янада ортишидан далолат беради. Шундай бир ҳолатда дунё олимлари эртанги кунга бугундан замин яратмоқдалар. Бироқ...
1994 йил, АҚШ. Таркибига камбала балиғининг гени киритилган биринчи трансген маҳсулот - помидор АҚШ савдо дўконларида пайдо бўлди. Гени ўзгартирилган помидор Американинг "Монсанто" корпорациясининг олимлари томонидан етиштирилган эди.
2000 йил, Германия. Зоолог Ханс-Ҳейнрих Каац асалари устида олиб борган тажрибалари натижасини оммага эълон қилди. Тажриба давомида асалари ошқозонига тушган бактерия мутация пайдо қилган. Яъни, асаларининг ошқозонида пайдо бўлган бактерия организмда янги ген пайдо бўлишига олиб келган. Аммо бу геннинг фойдали ёки зарарли эканини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди. Бошқача айтганда, асалари ошқозонида қандай натижага олиб келиши номаълум жараён бошланган.
2001-2002 йиллар, Германия. "Syngenta" фирмаси томонидан етиштирилган "Bt-176" маккажўхориси билан боқилган қорамоллар бош сони кескин камайиб, сут ишлаб чиқариш ҳажми қисқарди ва кўплаб далаларнинг заҳарланишига сабаб бўлди...
Факт: Ҳозирги кунда бундай маҳсулотлардан энг кўп фойдаланаётган мамлакатлар АҚШ, Канада, Австралия, Аргентина, Мексика, Уругвай, Туркия, Эрон, Афғонис-тон, Ироқ ва бошқа давлатлардир.
ИЗЛАНИШЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Албатта, кўпчиликни таҳликага солаётган бу каби мисоллар билан ген мавзуси юзасидан ягона хулосага келиш мушкул. Чунки бу йўналишда тадқиқот ва изланишлар ҳануз давом этмоқда. Тўғри, гени ўзгартирилган маҳсулотлар (ГЎМ) инсоният учун янги имкониятлар яратмоқда, биологик хусусиятларига кўра, бундай ўсимликлар бир қанча афзалликларга ҳам эга. Масалан, Америкадаги биринчи трансген помидорига камбаланинг совуққа чидамлилик хусусияти ўтганлиги сабабли совуқ музламаларда ҳам нобуд бўлмайдиган, аксинча ривожланаверадиган ҳосилдор нав дунёга келди. Шунга қарамай, уларга нисбатан салбий фикрлар ҳам мавжуд. Аммо бу фикрлар ҳозирча илмий асосланмаган.
Манбаларда келтирилишича, баъзи олимларнинг таъкидлашларича, генетик ўзгартирилган маҳсулотларни истеъмол қилиш қандай оқибатларга олиб келишини ҳеч ким билмайди. Зеро, бу хавфни англаб етиш учун инсониятга бир неча ўн йиллар, балки бир неча авлод янгиланиши керак бўлар. Шунинг учун олимлар ўзларининг ихтиролари натижалари чегарасини билишлари ҳамда хавфсизлигини таъминлашлари шарт.
"ГЕН ИНЖЕНЕРЛИГИ" ИНСОНИЯТ ХАЛОСКОРИМИ?
XX аср ўрталаридан бошлаб генетика ва молекуляр биология фанларининг назарий ва услубий бирлашуви натижасида янгича ёндашув - "ген инженерлиги" деб номланган тадқиқотлар йўналиши юзага келди. Генетик ўзгартирилган организмлар ва уларнинг маҳсулотларини етиштириш таннархи пастроқ ва кўпроқ ҳосил олиш мақсадида ишлаб чиқилади. Рўй бераётган кўпгина глобал муаммолар ечимини топишда "ген инженерлиги" асқотиши мумкин, деган орзу-умидлар ҳам йўқ эмас… аммо булар ҳозирча орзулар, холос.
Лекин бир гуруҳ олимлар трансген маҳсулотлар ва инсон саломатлиги борасида жиддий, ташвишланарли фикрларни айтишмоқда. Уларнинг таъкидлашларича, трансген озуқаларнинг инсон саломатлигига асосан қуйидаги жиҳатдан таъсир қилиш эҳтимоли бор: аллергик реакциялар, ген кўчишлари, ауткроссинг ва мутацияланишлар.
ТАДҚИҚОТЛАР
Маълумотларга кўра, Японияда қуён гени карам уруғи билан чатиштирилиб, тўқ сариқ рангли карам яратилган. Генотерапиянинг юксак маҳсули, дея аталаётган янги карамнинг бу тури япон бозорларида табиий оқ ва кўк рангдагиларига нисбатан анча харидоргир экани таъкидланмоқда. Хитойда эса гени ўзгартирилган товуқ пайдо бўлганлиги айтилмоқда. Олимларнинг фикрича, унинг тухуми ўзида турли протеинлар ва ҳатто рак хасталигига қарши модда сақлаш хусусиятига ҳам эга экан. Бу кашфиёт ҳали ўз исботини топмасданоқ яна шу юрт ген инженериясида мисли кўрилмаган янгилик, яъни товуқсиз тухум яратилгани барчани бирдек ажаблантира бошлади.
СУВАРАКГЕН ТАРВУЗ, ҚОВУНДАЙ КАРТОШКА
Шу ўринда сунъий уруғ соф уруғга аралашса, уни ҳам зарарсизлантириши ва генетик ифлосланиш юзага келиши фанда ўз исботини топганини таъкидлаш жоиз. Бундан бир неча йил аввал АҚШда данаксиз тарвузлар етиштириш ва унинг уруғини экспорт қилиш авж олган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, суварак гени билан чатиштириш орқали олинган мазкур тарвузлар жуда қисқа фурсатда дунёнинг исталган ҳудудида ҳосилга кириши маълум бўлди. Фақат унда ҳақиқий тарвузнинг мазаси унчалик сезилмайди.
Бунинг устига мева ва сабзавотларнинг ҳажми ҳам йириклашган. Трансген картошка қовундай, ширин қалампир эса ананасдан катта.
Факт: Айни кунларда дунё бўйича 80 дан ортиқ гени ўзгартирилган маҳсулотлар етиштирилмоқда.
ЭКОЛОГЛАР ТАШВИШДА
Экологлар эса генетик ўзгартирилган ўсимликлар ёввойи табиатга ҳам тарқалишидан хавотирга тушмоқдалар. Агар бу ҳодиса юз берса, йиллар ўтиб бутун бошли экотизимнинг издан чиқиши айтилмоқда.
Манбаларда айтилишича, ҳозирги амалиётда бир литр сув таркибида 5 грамм туз бўлса, бу кучли шўрланиш ҳисобланиб, унда ўсимлик униши жуда қийин кечади. Геноми ўзгарган ўсимликлар эса бир литр сувда 12-13 грамм туз бўлган тақдирда ҳам ҳосил бера олиши тажрибаларда исботланмоқда.
СОТУВДА ҲАР ИККИСИ - ҲАМ ТАБИИЙ, ҲАМ "СУНЪИЙ"
Маълумотларда келтирилишича, бугунги кунда бундай моддалар колбаса маҳсулотлари, шоколад, чипс, сут маҳсулотлари, йогуртлар ва кондитер маҳсулотларининг аксарият турларига қўшилади. Кўплар болалар учун мўлжалланган маҳсулотлар таркибида трансген маҳсулотлар бўлишини тақиқласа, кўплар ўз ҳудудини трансгенсиз ҳудуд деб эълон қилинишини талаб қилмоқда.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, кўпгина давлат ташкилотлари геноми ўзгартирилган маҳсулотларни махсус баҳолаш жараёнидан ўтказиш лозим, деб ҳисоблайди.
Бугунги кунда Америка ва Европанинг кўплаб мамлакатлари дўконларида бир турдаги маҳсулотларнинг ҳам табиий, ҳам ирсий ўзгартирилганлари сотувга чиқарилмоқда. Трансген озиқ-овқатларнинг нархлари табиий маҳсулотга қараганда бироз арзонроқ. Бироқ уларнинг мазаси, таъми ва биологик таркиби деярли бир хил эканлигини айрим олимлар алоҳида таъкидламоқдалар.
Баъзи мамлакатларда бундай маҳсулотларни чеклаш ёки назорат қилишга асосланган қонунчилик мавжуд. Масалан, Европа мамлакатларида шундай қонунлар қабул қилинган. Бу қонунларнинг асл мақсади асосан АҚШдан импорт қилинадиган арзон ГЎМ - мева-сабзавотларни назорат қилиш орқали Европа фермерларини ҳимоя қилишга қаратилган.
ХУЛОСА ЎРНИДА...
Мамлакатимизда ҳам бундай қонунни ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан илмий-текшириш институтлари ва бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда муайян ишлар олиб борилмоқда.
Албатта, бизда асосий масала ҳосилдорлик эмас, инсон саломатлиги ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда экологик тоза маҳсулотларни етиштиришга жиддий эътибор қаратилаётганлиги, озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлаш бўйича қатор давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётганлиги, қолаверса, экин экишга яроқли унумдор ерларимизнинг халқимиз эҳтиёжи учун етарли эканлигини ҳисобга олсак, бизда гени ўзгартирилган маҳсулотларга нисбатан талаб яқин йилларда бўлмаслиги аниқ.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан амалга оширилаётган "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови" деб номланган лойиҳа доирасида ўқувчи ёшларнинг соғлом турмуш тарзи борасидаги билим ва дунёқарашини юксалтириш, уларнинг тиббий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, фаол, билимдон ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида академик лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови" мавзусида иншолар танлови ўтказилмоқда.
Танловнинг мақсад ва вазифалари.
- "Соғлом она ва бола йили" давлат дастурида белгиланган ишлар ижросини таъминлашга ҳисса қўшиш;
- ўқувчи ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва кенг тарғиб этиш;
- ўқувчи ёшларнинг тиббий маданияти ва саводхонлигини юксалтириш;
Ўтказиш тартиби ва муддатлари.
Мазкур танлов икки босқичда ўтказилади. Унда вилоятдаги барча лицей ва коллеж ўқувчилари иштирок этишлари мумкин.
1-босқич: туман ва шаҳар босқичи. Туман ва шаҳарлардаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирокида ўтказилади. Танловда 1- ва 2- ўринга лойиқ деб топилган иншолар вилоят босқичига тақдим этилади.
Танловнинг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилишига вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул ҳисобланади.
2-босқич: вилоят босқичи. Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб деб топилган ижодий ишлар танловнинг вилоят комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва баҳоланади. Янги йил арафасида ғолибларни тақдирлаш тадбири ўтказилади.
Ташкилий ишлар ва тақдирлаш.
Иншолар танловини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишлар вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан амалга оширилади
Танлов ғолиблари матбуотда эълон қилинади ҳамда бошқарма ва таҳририят томонидан фахрий ёрлиғ, эсдалик совғалар билан тақдирланади.
Иншолар шу йил 6 декабрга қадар вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасига, танлов ташкилий қўмитасига тақдим этилади.
Қўшимча маълумот олиш учун вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда Андижон шаҳри, Новоий шоҳкўчаси, 71- уй, "Иқбол" газетаси таҳририятига мурожаат қилиш мумкин.