+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

13 Окт 2016

ОСТЕОМИЕЛИТ ҚАНДАЙ ХАСТАЛИК?

(42- сон, 2016 й. Мутахассис минбари)

Остеомиелит суякнинг йиринглаш хасталиги бўлиб, уни юзага келтирувчи асосий омил инфекциялар ҳисобланади. Улар турларига кўра фарқланади. Шунингдек, остеомиелит ҳар хил жароҳатлардан кейин, очиқ синиш ва тери бутунлигининг бузилиши туфайли ҳам келиб чиқади.

Бундан ташқари, қон орқали инфекцияларнинг айрим суякларга бориб жойлашиши ва ўша ерда ривожланиши натижасида ҳам пайдо бўлади. Бу гематоген остеомиелит дейилади.

Хасталик қандай сабаб билан келиб чиқишидан қатъи назар инфекция ривожланган аъзода кучли оғриқ туради, тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади (айрим беморлар бу ҳарорат ва оғриққа чидолмай ҳушидан кетиши мумкин), кимлардадир бу белгилар жуда оғир, баъзиларида эса анча енгил кечади. Аммо улар эътиборсизликлари билан касалликни ўтказиб юборишлари мумкин. Айниқса, гемотоген остеомиелит тананинг ҳар бир суягида, яъни қўл-оёқ бармоқларидан тортиб калла суякларида ҳам учраши мумкин.

Амалиётда хасталикни даволаш бўйича кўплаб илмий ва амалий ишлар олиб борилди, даволашнинг янгидан-янги усуллари амалиётга татбиқ этилди. Ҳозирда мазкур касалликнинг олдини олиш ва самарали даволаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Шундай бўлса-да, кейинги пайтларда хасталикнинг келиб чиқишига сабаб бўлувчи омиллар ортиб бормоқда. Масалан, биргина автожароҳатларнинг ўзи турли даражадаги остеомиелитларни келтириб чиқармоқда. Бундан  ташқари, одамлар тобора камҳаракат бўлиб бормоқда. Шу боис бутун дунёда адинимия, яъни камҳаракатлилик катта муаммога айланиб кетяпти. Чунки ҳаракатсизлик натижасида суяклар мўртлашиб бораверади ва нозиклашиши оқибатида уларни ҳар хил инфекциялар тез ва осон зарарлайди.

Гематоген остеомиелит асосан 5 ёшдан 25 ёшгача бўлган инсонларда, жароҳатдан сўнг келиб чиқувчи остеомиелит эса катталарда кўпроқ учрайди. Аммо бугунги кунда гематоген остеомиелит 40-60 ёшли кишиларда ҳам кузатилмоқда. Чунки адинамия натижасида суяк зичлиги бузилиб, инфекцияга мойиллик ортади. Натижада қон орқали кўплаб инфекциялар суякка бориб ёпишади. Бу суякларда инфекцияларга қарши курашиш тизимини заифлашишига олиб келади.

Аксар ҳолларда болалар очиқ ёки ёпиқ жароҳат олганда, ота-оналари томонидан ўзбилармонлик билан турли муолажалар қўлланилади. Билиб-билмай даволаш оқибатида эса касаллик оғирлашиб бораверади.

Ушбу хасталикнинг асоратлари ўта мураккаб, айниқса, бўғимларга таъсири, суякларнинг чиришига сабаб бўлиши, уларнинг қийшайиб, калталашишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, касаллик туфайли тўқималарда деформациялар юзага келиши, йирингли жараёнлар ички аъзоларга таъсир қилиши, буйрак, юрак ҳамда жигарларни ҳам ишдан чиқариши мумкин. Шунинг учун хасталикни эрта аниқлаш, ва зарур муолажаларни ўз вақтида олиб бориш жуда муҳимдир.

Агар йиринглаган суякда чириш жараёни юқори бўлса, уни тиклаб бўлмайди. Аммо ёш болаларнинг суяклари ўсувчан бўлгани учун уларда тикланиш хусусияти бор. Бироқ тиклангунича анча вақт ўтади. Бундай ҳолатда оёқ ёки қўлни гипслашга тўғри келади. Қўйилган гипслар эса юмшоқ тўқима ва бўғимларга салбий таъсир кўрсатади, яъни бўғимларниннг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилади.

Остеомиелитга фақатгина операция йўли билан барҳам берилади. Аввало, беморнинг ўз суягини ўстиришга ва олиб ташланган суяк ўрнига ўз суягини қўйишга ҳаракат қилинади. Ҳозирда суякларни ўстиришга мўлжалланган кўплаб усуллар мавжуд, улар мураккаб бўлгани учун ғоят эҳтиёткорликни талаб қилади.

Ҳар қандай касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган яхши, Шу боис, ўз соғлигимизга доимий эътибор қаратишимиз, турли кўнгилсизликлар келиб чиқишидан эҳтиёт бўлишимиз зарурлигини асло унутмаслигимиз керак.

 

 

Фаридахон ИКРОМОВА, АДТИ умумий жарроҳлик кафедраси ассистенти.