+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

10 Нояб 2016

МЕҲНАТДАН ҚАДР ТОПГАН МОМО

(46- сон, 2016й. фахрийлар фахримиз)

Ўзининг саксон ёшини қарши олган момо ҳар куни одати бўйича тонг ёришмай уйғонади. Эндигина қишлоқнинг у-бу томонидан хўрознинг қичқириғи эшитилади. Момо яна бир куннинг осойишта бошлангани учун Яратганга шукрона айтиб, кутиб олади.

Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ қишлоғидаги Ўзбекистон беш йиллиги маҳалласида истиқомат қилувчи қалби дарё Улфатхон момони нафақат қишлоқдошлари, балки уни билган барча кишилар ҳурмат билан тилга оладилар, тўй-маросимларда тўрига ўтқазадилар.

Момо шу қишлоқда ўсди, улғайди, ҳалол меҳнат билан ризқ топди, элда эъзозли бўлди. Эсида, болалигида онаси Ҳожар хола билан бирга колхоз  даласига ишга чиқарди. Ўшанда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир даврлар эди. 11-12 ёшли айни ўйнаб-куладиган даврда меҳнат қилди, тирикчилик ўтказиш учун турли қийинчиликларни бошидан ўтказди.

Ўн етти ёшида колхозда электр устаси бўлиб ишлайдиган Абдуманноб исмли йигит билан умр йўлларини боғлади.. Улар атиги беш йил бахтли ҳаёт кечирадилар. Фалокат оёқ остида эканини билмаган икки ёш ўзларини катта синов кутиб турганини билмасдилар. Одатий кунларнинг бирида Абдуманноб акани қишлоқ кўчаларининг бирига электр симини ўтказиш учун чақирадилар.     Мудҳиш воқеа туфайли ўша куни Улфатхон момонинг турмуш ўртоғи уйга қайтмайди. Йигирма икки ёшида 4 ёшли Абдумалик ва 2 ёшли Абдусаломни бағрига босиб, тақдирнинг бахтсиз зарбасидан қон қақшаб бева қолган момо бор аламини меҳнатдан олди. Момо шу бўйи ёлғиз яшади, нафақага чиққунга қадар далада меҳнат қилди. Ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги билан ҳамқишлоқлари орасида ҳурмат-эътибор топди. Бошидан не-не кунларни ўтказмади, фарзандларини ўгай ота тарбиялашини хоҳламади, шу боис бор меҳр-муҳаббатини уларга берди, ҳар қандай қийинчиликни сабр-бардош билан енгиб ўтди.

Фарзандларини эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялади, ўқитиб, уйли-жойли қилди, элга қўшди. Бугун ана шу меҳнату заҳматлари роҳатини кўраётган Улфатхон момо ўғиллари, келинлари, набира-ю чеваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

- Ҳалоллик, тўғрилик инсон умрига умр, толеига толе қўшаркан, - дейди момо. - Меҳнат қилиб кам бўлмадим. Шукр, ҳозир ҳам қўлимдан келганича келинларим, набираларимга ёрдамлашаман. Уларга ҳам меҳнатдан қочмасликни ўргатаман.

Дарҳақиқат, момо ҳозир ҳам тиниб-тинчимайди. Томорқасидаги узуму гуллар парваришлашда фарзанд ва набираларига ёрдам беради, маслаҳатларини аямайди. Бу машғулотдан завқ олади.

Улфатхон момодай меҳнати ортидан бахт, обрў-эътибор, ҳурмат топган табаррук инсонларнинг умр йўллари биз учун ҳамиша ибратдир.

Мавлудахон АБДУҚОДИРОВА, Қўрғонтепа тумани.