+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

АЁЛЛАР ҲАМИША ЭЪЗОЗГА МУНОСИБ

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда хотин-қизларнинг мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирокини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада опа-сингиилларимизнинг жамиятда тутган ўрни ва мавқеи янада ортди.

Аёлнинг нафосати оилада, у кириб борган ҳар бир соҳада ўз аксини топади. Шунинг учун ҳам аёли бор гўшанинг файзи ўзгачадир. Аёл ўзининг шижоати, садоқати, назокат ва гўзаллиги билан атрофдагиларга кўтаринкилик бағишлайди. Шу боис ҳам мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор, эҳтиром ва ғамхўрлик кўлами йилдан йилга ортиб бормоқда.

Айни кунда қўмитамиз шаҳримизда истиқомат қилаётган 17 минг 581 нафар хотин-қизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, қолаверса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, ФҲДЁ, ички ишлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муайян ишларни олиб бормоқда. Айниқса, "Аёлнинг жамият ва оиладаги ўрни", "Сиз ўз ҳуқуқингизни биласизми?", "Аёл ҳар ишда тадбиркор", "Соғлом она,   соғлом бола, соғлом келажак", "Тиббий кўрикнинг аҳамияти" сингари қатор мавзулардаги учрашув ва мулоқатлар ижобий натижалар бермоқда. 

Оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ҳудудий  дастур доирасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Мирзо Улуғбек, Учтегирмон маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатаётган 4 та тикувчилик  цехини кенгайтириш ҳисобига 6  нафар опа-сингилларимиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Бундан ташқари, кўплаб қизларнинг "Устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунар ўрганишлари йўлга қўйилди. Шу йил Қорасув қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тамомлаган 174 нафар қизнинг 23 нафари «Халқ банки»нинг Қорасув филиалидан кредит олиб, ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Умуман, жорий          йилда шаҳар хотин-қизлари учун  417 янги иш ўрни яратилиши белгиланган бўлса,  айни кунга қадар 197 нафар опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланди.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш мақсадида шаҳардаги мавжуд 10 та маҳаллада қўмитамиз қошидаги "Сиёсатчи аёл", "Раҳбар аёл", "Ҳуқуқшунос аёл" жамоатчилик уюшмалари ҳамда фаолларимиз томонидан кенг кўламли  тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Аёл-қизларимизнинг сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириш, миллий қадрият ва анъаналаримизни мазмунан бойитишга қаратилган долзарб мавзуларда тадбир, учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда. Айниқса, "Бир болага етти маҳалла ота-она", "Шинам ва озода оила остонасидан аён", "Шаҳар маликаси", "Аёллар спартакиадаси", "Маҳалла маликаси", "Меҳрибон  қайнона", "Либосларда қадрият акси", "Сумалак сайли",  "Қайнонам-онам, келиним-болам" деб номланган тадбирлар, спорт мусобақалари, аҳоли, айниқса, ёшлар учун тажриба ва ибрат мактаби вазифасини ўтамоқда.

Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 8 минг 775 нафар туғиш  ёшидаги аёллар ҳамда 8 минг нафарга яқин ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида касаллиги аниқланганлар соғломлаштиришга жалб этилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида фаолият олиб бораётган "Саломатлик сектори" аъзолари ҳамда шифокорлар билан ҳамкорлигида хонадонларда   соғлом турмуш тарзига амал қилиниши, аҳолининг саломатлиги масалалари ўрганиб чиқилмоқда, бу борадаги ишларни яхшилаш бўйича фуқароларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Натижада аҳолининг саломатлиги билан боғлиқ кўрсаткичлар яхшиланмоқда.

Қўмитамиз томонидан аёллар, айниқса, уй бекалари ўртасида спортни ривожлантириш, аёлларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Ёши элликдан ошган аёллар учун Қорасув қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида гимнастика тўгараги ташкил этилган. Ҳар куни эрталаб коллеж спорт залида   гимнастика машғулотлари ўтказилади. Бу ерда спорт билан шуғулланиб, ўз саломатликларини мустаҳкамлаётган аёлларга ҳомийлар томонидан махсус спорт кийимлари берилган.

Аёл - жамият кўзгуси. У оилада ҳам, жамиятда ҳам ўзининг муносиб ўрнини топиши,  ҳурмат, эътибор ва ардоққа сазовор бўлиши керак. Бунга эса опа-сингилларимиз ўзларининг оқилалиги, меҳри-муҳаббати, фидойи ва фаоллиги билан сазовор бўла олади. Айни кунда турли соҳаларда фидойилик билан меҳнат қилаётган Фаридахон Аҳмедова, Барокатхон Мамашева, Муҳаббатхон Мирзалиева, Шоҳидахон Fофурова сингари кўплаб фаолларимиз қўмитамиз ишига яқиндан ёрдам бериб келаётганлигини алоҳида эътироф этишим жоиз. Мухтасар айтганда, қўмитамиз фаоллари хотин-қизларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолликларини ошириш, иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун зарур барча ишларни амалга оширадилар

Наргизахон ХОЛМАТОВА,

Қорасув шаҳар ҳокимининг ўринбосари,

 

 шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси.

МУКОФОТЛАР МУБОРАК!

(41- сон, 2016 й.)

Юртимизда таълим тизимини ривожлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги алоҳида хизматлари ҳамда касбига бўлган фидойилиги учун таълим тизимининг бир гуруҳ вакиллари ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. М. Мирзиёев фармонига асосан турли унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида андижонлик қуйидаги опа-сингилларимиз ҳам бор:

"Меҳнат шуҳрати" ордени билан

Мамаджонова Одина Аҳмаджоновна - Избоскан туманидаги 17- умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.

"Дўстлик" ордени билан

Ибрагимова Гулбаҳор Қаюмовна - Андижон шаҳридаги 37- умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси.

"Шуҳрат" медали билан

Аҳмаджонова Умидахон Мўминовна - Қўрғонтепа туманидаги 1- умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси.

Мирзаева Азиза Саибжановна - Хўжаобод туманидаги 1- умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси.

 

Мукофотланганларни газетамиз муштарийлари номидан муборакбод этамиз.

ЎЗ КАСБИНГИЗДАН ҚОНИҚАСИЗМИ?

Ушбу саволга қуйидаги тест орқали жавоб топишга ҳаракат қилинг. Бу касбингизни қай даражада ёқтиришингиз ва ундан қониқишингизни билишингизга ёрдам беради.

1. Ҳозирги иш жойингизда қачондан бери ишлайсиз?

а) бир йилдан ортиқ - 1 балл;

б) уч йилдан ортиқ - 2 балл;

в) ўн йилдан ортиқ - 2 балл;

г) бир неча ой - 1 балл.

2. Касбий фаолиятингизни муваффақиятли давом эттириш учун ўқиш зарур деб ҳисоблайсизми?

а) ҳозирги ҳолатдан қониқаман - 0 балл;

б) мансабсиз яшай олмайман - 2 балл;

в) албатта, бундан манфаат бор - 1 балл;

г) инсон ҳар доим ниманидир ўргана олади - 4 балл;

д) агар бунинг фойдаси бўлсагина - 2 балл.

3. Касбингиз имкониятларига нисбатан етарли даражада маош олаяпсизми?

а) ҳа, аммо қанча тўлашса ҳам, барибир кам - 2 балл;

б) йўқ, аммо солиштириш қийин - 2 балл;

в) мен сарфлаётган кучга нисбатан жуда кам - 1 балл;

г) маош кам, лекин севимли касбимни сақлаб қолиш учун етарли - 3 балл;

д) тўланаётган маошга яраша ишлайман - 1 балл.

4. Одатда ишга қандай кайфият билан борасиз?

а) томир уриш тезлашган, қалтираган ҳолда - 0 балл;

б) ҳаммаси яхши - 4 балл;

в) нафақага қанча қолганини фикран ҳисоблаб бораман - 1 балл;

г) "нимага қодирлигимни уларга кўрсатаман" деган кайфиятда - 2 балл;

д) нима бўлса ҳам ишда уйдагидан яхшироқ - 1 балл.

5. Ишдаги муаммоларни яқинларингиз билан муҳокама қиласизми?

а) бошли ғингиз ҳақида латифалар айтасиз - 2 балл;

б) фақат фойдаси бор гапларни гапирасиз - 1 балл;

в) бу мавзудан қочасиз - 2 балл;

г) баъзан уриниб кўрасиз, аммо бундай суҳбатлар сиз учун қизиқ эмас - 1 балл.

6. Таътил вақтида дам олаётиб, иш ҳақида ўйлаётганингизни сезиб қолдингиз...

а) бўлиши мумкин эмас - 3 балл;

б) ҳамкасбларингиз ҳозир тер тўкиб ишлаётганини

тасаввур қилиб, кулиб қўясиз - 2 балл;

в) таътил тезроқ тугашини хоҳлайсиз - 1 балл;

г) иш ҳақида ижобий хотирлайсиз, хатто ҳамкасбларингизга интернетдан мактуб жўнатасиз - 3 балл;

д) таътил анча узоқ давом этишидан қувонасиз - 1 балл.

7. Фарзандларингиз сизнинг касбингизни танлашига рози бўлармидингиз?

а) агар бунга қизиқсалар ва ўзлари танласалар - 5 балл;

б) ҳа, фақат сиздан кўра юқорироқ малакани эгаллашса - 4 балл;

в) бу йўлдан қайтаришга уринасиз, бир оиладан битта қурбон етарли - 1 балл;

г) сизга барибир, лекин улар нимадан бошлашни билмаётганига аминсиз - 2 балл;

д) шундай бўлишига ич-ичидан умид қиласиз - 1 балл.

8. Болаликда ким бўлишни орзу қилгансиз?

а) фазогир бўлишни - 2 балл;

б) машҳур артист бўлишни - 2 балл;

в) ўқитувчи бўлишни - 2 балл;

г) мода кўрсатувчи бўлишни, чунки бу чиройли - 3 балл;

д) шифокор бўлишни - 2 балл.

9. Анчадан буён учрашмоқчи бўлаётган кишингиз Сизни учрашувга таклиф этди. Лекин иш вақтингиз тугашига бир неча соат бор. Сиз қандай йўл тутасиз?

а) афсуски, бандлигингизни унга етказасиз - 7 балл;

б) ҳеч кимга айтмай. тинчгина учрашувга кетасиз - 5 балл;

в) учрашувни қолдирасиз ва иш қила олмайдиган даражада руҳий чарчоқлик сезасиз - 1 балл;

г) учрашувни қолдирасиз - иш энг муҳим нарса, ким мен билан бўлишни хоҳласа, бунга кўникиши керак - 2 балл;

д) ёл ғон тўқиб ёки бирор баҳона билан ишдан қочасиз - 1 балл.

Натижалар:

36-25 балл. Сиз ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета оласиз: уйда ҳам, ишда ҳам. Яхши сифатларингизни сезмайсиз ва комиликка интилишдан чарчамайсиз. Ҳар қандай ишда ўзингизни яхши сезасиз, шунинг учун биринчи тў ғри келганига рози бўлманг. Нима иш қилманг, ҳаммаси сизга ҳузур ба ғишлайди.

24-20 балл. Сиз яхши ишлайсиз, лекин барибир нимадир етмайди. Балки касбий имкониятларингиз қилаётган ишингиздан кўра каттароқдир. Ўзингизни яхши ҳис қилишингиз учун кичик бўлса ҳам, сезиларли муваффақият керак. Эҳтимол, сизнинг қониқмаслигингиз шахсий муаммолар натижаси ёки ҳамкасблар билан мулоқотга кириша олмасликдадир. Ўйлаб кўринг, балки ишдан ҳузур олиш учун бир қарашда майда, бироқ сиз учун муҳим ақидаларни тузатиш керакдир.

20 баллдан кам. Сиз ишда қизиқишсиз ишлайдиган ва ўзини кўрсатиш имконияти бўлмаган жабрдийдасиз. Сабаблар кўп, аммо ўзингизга ишончни йўқотмаган бўлсангиз, яхшиси кетинг. Балки зерикарли ҳаётга сабаб бўлувчи ишдан кетганингиз маъқулдир.

ХОСИЯТХОН тайёрлади.

а) фазогир бўлишни - 2 балл;

АЁЛЛАР МУВАФФАҚИЯТЛИ КАРЬЕРАСИНИНГ МУҲИМ ҚОИДАЛАРИ

Аёл киши учун карьера қилиш осон кечмаслиги барчамизга маълум. Кўпчилик аёлларнинг фикрича, карьера қилиш учун улар ҳамкасб эркакларга қараганда уч карра кўпроқ ишлашига тўғри келади.

Профессионал жиҳатдан ўсиш ва хизмат пиллапояларида юқори чўққиларни забт этиш учун аёлларга қуйидаги қоидалар билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз.

1. Асосийси - натижа

Биринчи қоида -кўпроқ натижаларга эришинг! Қандай ташкилот бўлмасин, унинг раҳбарияти учун аниқ кўрсаткичлар: лойиҳаларни амалга ошириш, битимлар тузиш, даромад кабилар муҳим саналади. Шу сабабдан ана шу йўналишларда ижобий натижага эришиш касбий фаолиятда ўсиш учун муҳимдир.

2. Ўз-ўзини мақташ

Карьера қилиш учун фақат юқори натижаларнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўз муваффақиятларингиз ҳақида сўзлашни ҳам ўрганинг. Топширилган ишни муддатидан аввал якунлаган бўлсангиз, бу ҳақда раҳбарингизга маълум қилишдан уялманг. Сизни малакали мутахассис ва ўз мақсади сари дадил интилувчан ходим сифатида билишсин.

3. Иш жадвали

Жамоангизгиздаги иш тартибига қатъий риоя қилинг. Ишга турли сабабларга кўра ҳар куни кечикиш сизнинг обрўингизга путур етказади. Шунчаки кўп жавоб сўрамасликка ҳаракат қилинг, агар иложсиз бўлсангиз, сизнинг ўрнингизга ишлаб бериши мумкин бўлган кишини олдиндан аниқлаб олинг.

4. Иш вақтида - иш ҳақида

Ҳамкасбларингизга ҳеч қачон шахсий муаммоларингиз бўйича шикоят қилманг. Ишга алоқаси бўлмаган мавзудаги суҳбатларни дугонангиз билан ишдан ташқаридаги учрашув учун сақлаб қўйинг.

5. Танишларингиз кўп бўлсин

Иш жараёнида фойдали алоқаларни йўлга қўйиш билан шуғулланинг. Ишдан ташқарида, касбингизга фойдаси тегадиган дўстлар орттиринг. Қимматли алоқаларга эга бўлган мутахассис ҳамиша қадрланади.

6. Идорадаги дўстлик

Жамоада ҳамкасбларингиз билан яхши муносабатларни йўлга қўйиш муҳимдир. Ҳеч қачон бир ўзингиз тамадди қилманг. Идорада биргаликдаги тушлик дўстона мулоқот учун айни муддаодир. Ҳамкасбларингизнинг фақат яхши жиҳатларини кўришга ҳаракат қилинг. Уларга ёрдам беришга доим тайёр туринг.

7. Ишингизни яхши кўринг!

Энг муҳими, карьерангизда илдам илгарилашни, яхши мутахассис бўлишни истасангиз, ишингизни чин дилдан яхши кўринг, фаолиятингиз билан боғлиқ ҳар қандай ишни ихлос ва қунт билан бажаринг!

Кўпроқ муваффақиятга эришиш кўп жиҳатдан ўзингизга боғлиқ эканлигини унутманг.

МЕҲРИНИГОР тайёрлади.

ЁМFИР ОВОЗИ

Хориж адабиёти намуналаридан

ЧОНГ ЁНГ ЧЕОЛ

Ҳикоя

ЁМFИР ОВОЗИ

Аёлим ёмғирли ҳавони ёқтиради.  Ташқарида ёмғир ёға бошласа, дарров деразани очиб қўяди. Ёмғир томчиларининг осмондан ерга интилишини тамоша қилиш мароқли, аммо у ёмғир томчиларининг тошларга ва тупроққа урилиб чиқарадагин товушларига маҳлиё. Қизлик пайтларида уйининг ҳовли томонга қараган эшигини очиб қўйиб ухлага-      ни-ю, эрталаб ёмғир томчиларига жодуланиб мактабга боришни унутмаганлигини кўп гапириб беради.

Тўйимиздан кейин идорамизга қарашли фургонда уйга келган пайтимни эслайман. Ўшанда ҳам осмон кўз ёшларини тўкаётганди. Аёлимни бир хурсанд қилай, деган хаёлда уни уйимизга яқин жойдаги тепаликка олиб бордим. Мен чаққонлик билан машинанинг ўриндиқларини чиқариб ерга қўйдим ва иккаламиз чалқанча ётганча ёмғир томчилари юзимизни силашига қўйиб бердик...

Қайсидир емакхонага тушлик қилгани кирганимизда, осмон мусаффо ва тиниқ бўлса ҳам, ёмғир ёғаётгандек туюлаверди. Яхшилаб разм солиб қарасам, томдан оқаётган ёмғирни бир ўзанга солиб қўйган темир мослама ўрнатилган экан. Томдан сирғалиб тушаётган томчилар чилп-чилп этиб ерга сакрамоқда. Буни кўриб аёлим тўлқинланиб кетди:

-      Уй қурганимизда ҳудди шунақасидан ясаб беришингизни истардим, азизим!

-      Албатта. Йигирма тўрт соат ёмғир товуши келадиган уй қурамиз! - дедим унинг юзидаги қувончни давомли қилиш учун.

У шеър ёзишни ёқтирар, ўрта мактабда ўқиб юрган чоғларида адабиёт муаллимаси: "Қаламинг ўткир!"  - деб мақташи ортидан бир қанча дафтарни тўлдирганини табассум билан эслайди.

Йиллар ўтди.

Ҳозир эса... Биз кўп қаватли уйнинг ўн биринчи қаватида истиқомат қиламиз. Ёмғир шовуллаб ёғмаса, унинг ёғаётганини сезиш мушкул. Балконимизга тунукадан ёмғир томчиларини йиғиб, жилдиратиб турадиган бир нарса ўрнатиш ниятим йўқ эмас. Лекин ҳозирча бу хаёлдан нарига ўтмаяпти. Ёмғир томчилари билан бирга аёлимнинг илҳом парилари ҳам йўқолиб кетгандек, шеър ҳам ёзмай қўйди. Мен учун илгарилар фариштадек кўринган завжам энди оддий бир аёлга айланиб қолгандек гўё: она бўлиб, овқат тайёрлайди, идиш-товоқ ювади, кир ювади, уй тозалайди, болаларга қарайди...

Авваллари эътибор бермасдим. Ҳозир эса ёмғир ёққан пайтларда аёлимдаги романтик ҳиссиётлар қаёққа ғойиб бўлганини билгим келади ва "Нега бунақа бўлиб қолди?" - деб хавотир ҳам оламан.

Кеча овқат тайёрлаётган аёлимни бир зум кузатдим. Қарасам, овқат тайёрлаш ҳам осон иш эмасга ўхшайди. Сабзавотларнинг сарасини танлаб, сувга солиб, ювиб... Эҳ, ҳисоблашга вақтим етмаса керак. Бир кунда қанча ҳаракат, қанча кучини сарф этаркин-у. Шеърхонлигу ёмғирга мафтунлки нима учун йўқолганини тушунгандек бўляпман. Шоир Хванг Донг Гюнинг шеърий тўпламидаги "Севги қўшиғи"да шундай сатрлар бор:

Гулдек тоза севгисин менга

бағишлаб,

Қип-қизил олма каби беғубор ёрим.

Жавобан идиш-товоқ ювишга

ташлаб,

Севгингни оёқости қилган мен -

золим.

Энди ҳар хил совғалар олиб беришлару муҳаббатга тўла иссиқ нигоҳлар ўрнини оддий оилавий ҳаёт эгаллади. Шеър ёзишлар ва ёмғир томчиларини авайлаб тутадиган нозик қўллари энди кир буюмлару идиш-товоқ ёғларидан сал хиралашиб қолгандек гўё. Назаримда, сал ҳуснини йўқотгандек. Лекин барибир у мен учун ҳақиқий фариштанинг ўзи - болаларимнинг онаси.

Ёшликдаги беғубор туйғуларни ортга қайтариш учун, дераза ёнида ўтириб ёмғир томоша қилиш учун бир яхши курси сотиб олсаммикин-а?!

Корейс тилидан

Отабек ЙЎЛДОШЕВ таржимаси.

МЕҲНАТИДАН ҚАДР ТОПГАН МУАЛЛИМА

Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидоийлиги  туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.

Жалақудуқ туманидаги 1- умумий ўрта таълим мактаби кимё ва биология фанлари ўқитувчиси Дилфузахон Умарова ҳақида сўз кетганда, шууримизга беихтиёр юқоридаги   фикрлар келади. Ёшларнинг жонкуяр устози, уларнинг камоли учун фидоийлик билан меҳнат қилаётган ўқитувчининг олиб бораётган ибратли фаолияти таҳсинга муносибдир.

1988 йилда Андижон давлат педагогика институтини (ҳозирги Андижон давлат университети) тамомлаган ёш мутахассис тумандаги 1- мактабда меҳнат фаолиятини бошлади. Устозлари Одинахон Юнусова, Қўшали Шабановлардан касб сирларини ўрганди, билимларини      бойитди. Мана қарийб 28 йилдирки, самарали меҳнат қилиб, ўқувчиларга кимё ва биология фанидан сабоқ бериб келмоқда. Ўтган ана шу давр мобайнида минглаб ўқувчиларнинг пухта билим олиши ва камол топишида унинг хизматлари  катта бўлди.

Эътироф этиш керакки,  Д. Умарова меҳнат фаолияти давомида доимий изланди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди. Бугунги кунга келиб, соҳанинг етук мутахассиси сифатида ўзига хос тажриба мактабини ярата олди. Шу боис ҳам айни кунда у фаолият олиб бораётган 1- умумий ўрта таълим мактаби тумандаги маҳорат мактаби саналади. Д. Умарова иш жараёнида ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди, услубий тавсияномалар ишлаб чиқди. Туман мактабларида кимё ва биология фанларини ўқитишда унинг илғор иш услубларидан кенг фойдаланилади.  

Бугун Дилфузахон Умарова касбининг етук мутахассиси, моҳир ва фидойи ўқитувчи сифатида эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган.

Фидойи, тиниб-тинчимас устоз ўқувчиларга пухта билим бериш, уларни миллий қадриятларимиз, истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида доимий изланиб меҳнат қилмоқда.  

- Мамлакатимизда билимли ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланган, - дейди биз билан суҳбатда Дилфуза Умарова. - Бу борада олиб борилаётган ибратли ишлар юртимиз келажаги бўлган ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Ҳар бир касб, айниқса, таълим соҳаси фидойиликни талаб этади. Қолаверса, кимки ўз ишига фидойи бўлса, меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, рағбатини олади. Чекка бир қишлоқнинг оддий бир аёли Д. Умарова ҳам бутун фаолияти давомида самарали меҳнат қилди. Шу боис ҳам эл-юрт орасида ҳурмат топди, қолаверса, унинг меҳнатлари муносиб тақдирланди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун Дилфуза Умарова Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвони билан тақдирланди. Бу фидойи муаллиманинг меҳнатлари эътирофидир.  

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

Суратда: Д.Умарова.

А.Тошматов олган сурат.

МЕВАЛАРНИ ЮВИБ, ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНГ!

Бугун юртимизда қуёшли ёз, пишиқчилик фасли ўтмоқда. Ҳозир қаерга борманг, мева-чева тўкинлигига гувоҳ бўламиз.  Унутмайликки, ана шу неъматларни истеъмол қилишда меъёр ва покизаликка эътибор қаратишимиз муҳимдар. Айниқса, бу борада болаларни доимий назорат қилишимиз зарур.

Шифокорлар мева истеъмолида болаларнинг эҳтиёткор бўлишлари, ота-оналар уларни назорат қилиб туришлари зарурлигини таъкидлайдилар.   

Боланинг овқат рационига киритилмайдиган мева ва полиз маҳсулотларининг ўзи йўқ. Лекин бир ёшгача бўлган болажонларимизга ҳар хил мевалар бериш тавсия этилмайди. Негаки, ана шу ёшдаги аксарият болалар организми шафтоли, қовун, тарвуз, бодринг, олхўри, помидор сингари маҳсулотларни хазм қилишга қийналди, уларда ич суриш, диарея, ошқозон айниши каби хасталикларни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, ота-оналар фарзандларига доимо ҳар қандай мевани ювиб ейиши шарт эканлигини уқтиришлари керак. Акс ҳолда ювилмаган мева сиртидаги турли инфекциялар бола организмига ўтиб, болада микробларнинг эркин ривожланишига замин яратади ҳамда ошқозон касалликларининг авж олишига  ёрдам беради.

Ўта пишиб етилган ёки сифати озгина бўлса-да бузилган меваларни, иложи борича, фарзандингиздан узоқроқ қилинг, уни тезроқ ташлаб юборишга одатланиш лозим. Чунки бундай мева ва полиз маҳсулотларини истеъмол қилган болада заҳарланиш (отравление) келиб чиқиш эҳтимоли юқори бўлади. Мевадан заҳарланган организм оғир хасталикка чалиниши ва ҳатто ёш бола ҳаёти учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Бунда ота-оналардан алоҳида эътибор ва назорат талаб қилинади.

Мева аслида витаминга бой дармондоридир. Айни пишиб етилган мевалардаги калций, магний ва бошқа турли витаминлар 2 ёшдан ошган  болаларимиз организмининг иммунитетини ошириш билан бирга, улардан тайёрланган шарбатлар овқатнинг енгил хазм бўлишини таъминлайди. Айниқса, болалар таомномасидан олманинг кенг ўрин олиши тавсия этилади. Ундаги темир моддаси бола соғлиги учун жуда фойдалидир. Олма овқатдан кейин ейилганда, тишлардаги тошларни тозалашга ва тишларнинг мустаҳкам бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, фарзандларимиздаги анемияни бартараф қилишда ҳам олманинг роли катта.

Бодринг таркибидаги йод моддаси болаларда учрайдиган бўқоқ касаллигининг олдини олиб, организмдаги йод танқислигини бартараф этади. Помидор эса қон камлигини даволашда муҳим саналади.

Ушбу тавсияларимизни билиб қўйишлари болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун фойдадан холи эмас. Мева ва полиз маҳсулотларини истеъмол қилганда, унинг ювилишига, айнимаганлигига эътибор қаратиш жуда зарур.

Ҳаётимиз мазмуни болажонларимиз соғлиги - энг катта бойлигимиз. Шундай экан, улар истеъмол қилаётган маҳсулотларни назоратсиз қолдирмаслик керак. Ҳатто витаминларга бой сархил ноз-неъматлар - турли меваларни яхшилаб ювиб, кейин ейиш кўникмаси ҳар бир болада шаклланган бўлиши лозим.

 

Минурахон БОЗОРОВА, болалар шифокори.

 

Таълим сифатини ошириш-бош мақсадимиз

Андижон қишлоқ ҳўжалик институти қошидаги 1- сонли Куйганёр академик лицейида янги ўқув йили Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишланган  "Хотира дарси" билан бошланди.

Вилоятимиздаги нуфузли таълим масканларидан бири бўлган Куйганёр академик лицейида айни кунда тўртта - аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар ҳамда хорижий тиллар филологияси йўналишлари бўйича 150 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Лицейда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. 26 та махсус фан кабинетлари, 15 минг нусхадаги китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, 200 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали, теннис майдони, 300 ўринли йиғилиш зали ўқувчилар ихтиёрида.

Жорий йилда лицейимизда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Андижон шаҳридаги "Транспорт қурувчи-Анд" қурилиш фирмаси томонидан 800 миллион сўмдан зиёд миқдордаги бюджет маблағлари сарфланиб, алоҳида иситиш қозонхонаси қурилди, бино мукаммал таъмирдан чиқарилди. Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан лицейга янги жиҳозлар, хусусан, 20 миллион сўм миқдордаги спорт инвентар ва жиҳозлари ажратилди.

Жамоамизда ўз ишини яхши биладиган, тажрибали мутахассислар меҳнат қилади. Уларнинг 22 нафари олий маълумотли педагоглардир. Ўқитувчиларимизнинг аксарияти ўқитиш жараёнига ижодий ёндашади, дарсларни илғор педагогик технологиялар, интерфаол усуллар асосида ўтишга алоҳида эътибор қаратадилар. Шу боис ҳам ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқишлари, фанларни ўзлаштириш даражаси юқори. Пухта таълим бериш, ўқувчиларимиз фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Ўтган ўқув йилида қатор ўқувчиларимиз турли тадбир ва фестивалларда фаол иштирок этди, фан олимпиадасининг туман ва вилоят босқичларида муваффақиятли қатнашдилар. Жумладан, хорижий филология йўналиши  ўқувчилари Бекзод Усмонов информатика фанидан, Моҳинур Мадаминова эса инглиз тили фанидан фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1- ўринга сазовор бўлдилар.

Бу каби ютуқларга эришишда Дилдора Турғунова, Муносибхон Умарова, Муҳаррамхон Саримсоқова, Дилфуза Бўронова, Ўринбой Эргашев, Гулбаҳор Отажонова, Зумрад Эргашева, Арофат Тожибоева сингари фаол ва фидоий ўқитувчиларимизнинг алоҳида хизматлари бор.

Бундан ташқари, лицейимизда турли тадбирлар, беллашувлар ва спорт мусобақалари тез-тез ўтказилиб турилади. Сентябрь ойида гуруҳлараро "Энг кўп баҳоланган гуруҳ" тадбири ўтказилмоқда. Бундан мақсад, ўқувчиларни фанларни пухта ўзлаштиришини, дарсга қизиқишини ошириш ҳамда машғулотларда узулуксиз қатнашишини таъминлашга эришишдир. Жорий ўқув йилининг дастлабки ҳафтасида мазкур йўналишда 91- гуруҳ ўқувчилари олдинда бормоқда. "Энг кўп бадиий китоб ўқиш" беллашувида эса 89- гуруҳ ўқувчилари фаоллик кўрсатишмоқда.

Лицейимизда турли фан ва спорт тўгараклари мунтазам фаолият юритади.

Ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларнинг маънавияти, фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу каби тадбирларда "тенгдош-тенгдошга" тамойили асосида фаол ўқувчиларимиз тенгдошларига белгиланган мавзулар доирасида маърузалар билан иштирок этадилар. Ўқувчиларимиздан Ойдиной   Сотволдиева, Омаджон Нўъманов, Бекзод Усмонов, Ирода Бобожонова, Хонзодабегим Раҳимовалар ана шундай, балки лицейда ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этишади.

Куни кеча мамлакатимизнинг биринчи Президенти И. А. Каримов хотирасига бағишланиб, "Доим қалбимиздасиз" мавзусида адабий кеча ўтказилди, унда ўқувчиларимиз Президентимизга атаб ёзган шеърлари, монологлари билан иштирок этдилар.

Умумий майдони қарийб 40 минг квадрат метрни ташкил этадиган лице-йимиз ҳудудини ободонлаштириш, тоза ва озодалигини таъминлаш ҳам алоҳида эътиборимизда туради. Ҳар бир гуруҳ ўзларига ажратилган ҳудудларга гуллар экади, парваришлайди. Умуман, лице-йимизнинг озодалигини таъминлаш ишида ҳар бир ўқувчи, ўқитувчи фаол иштирок этади.

Жорий ўқув йилда ўқувчиларга пухта билим бериш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш жамоамизнинг бош мақсади бўлиб қолади. Ёш авлодни билимли, ҳар томонлама етук, Ватанимиз равнақига хизмат қиладиган комил инсонлар қилиб тарбиялаш борасида бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

 

Тўлганой САИДНАЗАРОВА

"ШИРИН" ПИРОГ

Пазанда маслаҳати

"ШИРИН" ПИРОГ

Керакли масаллиқлар: 200 гр. эритилган маргарин, бир қути қавартма, 5 дона тухум, 3 пиёла ун, 200 гр. шакар, бир банка қуюлтирилган (сгушённий молоко) сут, 100 гр. ёнғоқ мағзи.

Тайёрланиши: Ёнғоқ ва қуюлтирилган сутдан бошқа барча масаллиқларни идишга солиб, миксерда яхшилаб аралаштирасиз. Суюқ хамир ҳосил бўлгач, ёғ суртилган махсус қолипга қуясиз ва газ духовкасида 30 дақиқа давомида 220 оС иссиқликда пиширасиз.

Пишган пирогни олиб, иссиқлигида устига қуюлтирилган сутдан қошиқ ёрдамида қалин қилиб суртиб чиқсангиз, сутнинг пирог ичига сингиб кетиши осон кечади. Сўнг пирог устига қирғичнинг майда тарафидан ўтказилган ёнғоқ мағзини сепасиз.

САБР ВА ШУКР ҲАМРОҲИМИЗ БЎЛСИН

Шундай инсонлар бўладики, улар тириклигида ўзларига мангу ҳайкал қўйиб кетадилар. Ана шундай буюк зотлардан бири мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов эди.

У кишининг шижоати ва мардлиги билан юртимиз мустақил деб эълон қилингандан сўнг ўтган йигирма беш йил давомида Ўзбекистонимизда асрлага татигулик ишлар амалга оширилди. Энг асосийси, юртимиз обод бўлди, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётига тамал тоши қўйилди, юртимиз қудрати, буюк келажаги жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди. Минг афсуски, ул зот бугун орамиздан боқий дунёга кетди. Лекин у киши бошлаб берган истиқбол йўли, эзгу амаллар бардавомдир.

Халқимиз миллий истиқлолга эришган дастлабки оғир кунларни, ғанимлар диний, миллатлараро низо ва фитна солишга уринаётган таҳликали даврларни бевосита Президентимизнинг мардонаворлиги ва қатъияти билан енгиб ўтди. Яратганнинг марҳамати ва Юртбошимизнинг оқил сиёсати туфайли халқимиз барча қийинчиликларни енгиб ўтди.

Дарҳақиқат, бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси интилса, ҳаракат қилса, ҳар қандай орзу-истагига эришиши мумкин. Бундай гўзал, фаровон, тинч-осуда ҳаётни ота-боболаримиз фақат орзу қилишган, қолаверса, уруш ҳаракатлари, турли табиий офатлар рўй бераётган кўплаб давлатлар аҳолиси юртимизга ҳавас назари билан қарашлари аниқ.

Мана шундай тинч, осуда, неъматлар бисёр бир маконда яшаётганлигимизга шукрона айтишимиз зарур. Бизга эркинлик берган, ўз имкониятларимиздан тўлақонли фойдаланишимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган мамлакатимиз равнақи учун қўлимиздан келганча хизмат қилиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ҳамма нарса муҳайё бўлса-да, аҳён-аҳёнда айрим юртдошларимизнинг ношукрлик қилишлари ҳар қандай одамни ранжитади. Тўғри, кишининг ҳаёти ҳамиша текис ўтмайди. Баъзида ҳаётда турли қийинчиликлар юз бериши мумкин. Бу билан ношукр бўлишимиз, бунинг учун кимларнидир айблашимиз динимизнинг ёхуд инсонийликнинг бирор бир мезонига тўғри келмайди. Инсон Аллоҳ берган қийинчиликларни сабр, бардош билан енгиши керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: "Эй иймон келтирган бандалар, берган неъматларимга шукр қилсаларингиз зиёда қиламан, бордию ношукр бўлсаларингиз уни сизлар учун танг қиламан ва азобим ҳам қаттиқроқдир", деб марҳамат қилган.

Шу ўринда шукр қандай адо этилиши хусусида кенгроқ тўхталиб ўтишимиз ўринли бўлади. Шукр қилишлик икки хил бўлади, шукр қалбий, яъни қалбан шукр қилиш. Шукри лисоний, яъни тил билан шукр қилишлик. Банда шукр қилишлик аввало, банда эга бўлиб турган барча неъматларга хурсандлик билан рози бўлмоғи, Тилнинг шукри ёлғон гапирмаслик, ғийбат, шикоят қилмаслик, қулоқнинг шукри эса ғийбатларни эшитмаслик, кўзнинг шукри ношаръий нарсаларга тик боқмаслик, хуллас мана шунга ўхшаб инсон ўз вужудидаги аъзоларига зиён келтирадиган барча нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмоқлигидадир.

Тил билан қилинадиган шукр ҳам доимо Аллоҳнинг зикрида бўлиш, худа-беҳуда гапларни гапирмаслик билан бўлади. Вужуднинг шукри ибодат билан, қалбнинг шукри эса қалбига гумон, иғво, бўҳтон сингари ёмон иллатларни келтирмаслик билан намоён бўлади. Улуғ донишмандлардан бири инсон: "Ё Роббим, аввало юртимизни тинч қилганингга шукр, аҳли аёл, аҳли солиҳ фарзандлар берганингга, озми-кўпми мол-мулк билан сийлаганингга, адолатли подшо, оқибатли қўни-қўшнилар билан ҳамроҳ қилганингга шукр" дея барча неъматларга шукр қилмоғи керак деб ёзади.

Пайғамбар (с.а.в.) эса муборак ҳадису шарифларида "Қаноатли киши бой кишидир, сабрли киши иймонлидир, чунки иймоннинг ярми сабр билан ўлчанади" деганлар. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Роббисига шукр қилмоғи, қиёмат кунини фикр қилмоғи, ҳар бир қадамини ўйлаб, сўзларини эса фикрлаб гапирмоғи зарур бўлади. Аллоҳ таоло шукр қилгувчи бандалари билан ва сабрлилар билан биргадир. Аллоҳ таоло барчаларимизга шукр қилишлигимизни зиёда қилсин, ношукр бўлишдан ўз паноҳида асрасин. Сабрли бандалари қаторида бу дунёда чиройли ҳаёт кечиришликни насиб этсин. Юртимизда тинчлик, осойишталик барқарор бўлсин.

Исомиддин ШАМСИДДИНОВ,

Андижон шаҳридаги "Шаҳид тепа" номли жомеъ масжид имоми.