+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЛИБОСЛАР - МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ КЎЗГУСИ

Шарқ аёллари қадимдан гўзаллик тимсоли сифатида эъзоз топган. Айниқса, ўзбек аёллари ўзларининг ибо ва ҳаёси, ширин муомаласи билан чинакам гўзаллик, вафо ва садоқатнинг тимсолига айланган. 

Инсон маданиятини ташқи ва ички, яъни этик ва эстетик нуқтаи назардан оладиган бўлсак, бу икки манзара бир-бирини тўлдириб боради. Ички маданият кишининг ташқи қиёфасида ҳам акс этиб туради. Шахснинг кийиниши, муомала маданияти, одоби жамиятда унинг қандай мавқега эга эканлигини белгиловчи муҳим жаҳатлар эканлиги барчамизга яхши маълум. Кийиниш маданияти инсоннинг муайян миллатга, ҳудудга ёки ижтимоий гуруҳга мансублигини билдиради. Масалага бошқа жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, унинг бир томони оила ва тарбияга ҳам бориб тақалади. "Оммавий маданият" таҳдиди кучайиб бораётган бугунги кунда умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклигига эътибор қаратиш муҳимдир. Айниқса, миллий маданиятимизнинг ўзига хос кўринишлари ёшларимиз кияётган либосларида ҳам ўз аксини топади.


Хонатлас, адрас, беқасам, шойи сингари миллий матоларимиз аждодларимизнинг кўп асрлик тарихини, миллий қадриятларимизни номоён этади. Шу ўринда ана шу матолардан тайёрланган миллий либосларимиз, зар дўппиларимизга нафақат юртимизда, балки марказий Осиё, ҳатто ғарб давлатларида ҳам алоҳида ҳурмат ва катта қизиқиш билан қарашади. Асрлар давомида сайқалланиб келаётган миллий матоларимиздан тикилган замонавий либослар қизларимиз ҳуснига ҳусн қўшади. Бундай гўзал либослар ёшларимиз қалбида миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизга ҳурмат, бой ва кўхна меросимиздан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Гулноза ҲОШИМОВА,
Андижон шаҳридаги 2- маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

БАРКАМОЛ АВЛОД ТАРБИЯСИ - ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФА

Юртимизнинг барча таълим муассасаларида бўлгани каби Андижон шаҳридаги саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ҳам жорий ўқув йили Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган "Хотира дарси" билан бошланди.

Бачамизга яхши аёнки, Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда ёшлар, уларнинг камолоти, пухта билим олиш ва касб-ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратилди. Тўрт босқичли таълим тизимининг ҳаётга татбиқ этилиши эртамиз эгаларининг билимли ва юксак салоҳиятли бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

"Хотира дарси" жараёнида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолигида юртимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганлиги, айниқса, ўрта махсус таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия, касб-ҳунар ўргатиш жараёнларини давр талаблари даражасида олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор берилаётганлиги, умуман, миллат отасининг ёшлар камолоти йўлидаги эзгу ва хайрли ишлари ёдга олинди.

Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилган иратли ишларни коллежимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳозирда коллежимизда 1500 нафарга яқин ўқувчи тўққиз мутахассислик йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Уларнинг пухта билим олишлари, муайян касбни эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган.

Жамоамизда 139 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади, уларнинг 97 нафарини педагоглар ташкил этса, 50 нафари олий маълумотли педагоглардир. Жорий ўқув йилида барча мутахассислик йўналишлари бўйича 270 нафар ўқувчи қабул қилинди.

Коллежимиз вилоятимизнинг саноат ва транспорт корхоналарига малакали мутахассислар етказиб бераётган етакчи таълим муассасаларидан биридир. Хусусан, таълим масканимизда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари, касбий таълим бўйича устахоналар, махсус лабораториялар, лингафон, информатика, мультмедия хоналари, 21 мингта китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, спорт зали, ошхона ҳамда ётоқхона мавжуд. Шунингдек, 20 та фан тўгараги, 3 та спорт секцияси, "Ораста қизлар" тўгараги самарали фаолият кўрсатмоқда.



Коллежимизда гуруҳлараро турли беллашувлар, қизиқарли тадбирлар мунтазам ўтказиб турилади. Хусусан, "Соғлом она ва бола" йилига бағишланиб, қизлар ўртасида "Ўзбек аёллари тарих саҳнасида", "Обод юртнинг зебо қизлари", "Коллеж маликаси", "Либосларда қадрият акси", "Зулфияхоним издошлари" каби турли тадбирлар бўлиб ўтди. Ана шу тадбирларда коллежнинг 180-, 192-, 181-, 182-, 192- гуруҳ қизлари фаол иштирок этди. "Коллеж маликаси" танловида эса 192- гуруҳ ўқувчиси Ҳожарой Анваржонова ғолиб чиқди.

Коллежимиз ўқитувчилари ҳам шаҳар, вилоят миқёсидаги турли танловларда ва тадбирларда фаол қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олмоқда. Жумладан, касбий таълим бўйича директор ўринбосари Моҳидил Мусаева мустақиллигимизнинг 25 йиллиги кўкрак нишони билан такдирланганлиги барчамизни қувонтирди. Ҳамкасбларимиздан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нилуфар Ҳакимова, информатика фани ўқитувчиси Дилрабо Аҳмедова, биология фани ўқитувчиси Саида Мақсумова, физика фани ўқитувчилари Муҳайё Икромова, Шуҳрат Акбаров, рус тили фани ўқитувчилари Фотима Зокирова, Нигора Шоҳобиддинова, Муҳайё Баҳриддинова, иқтисод фани ўқитувчиси Маҳмуджон Қўчқоровлар ноанъанавий дарс усулларидан самарали фойдаланиб, ҳам-касбларига намуна бўлмоқда.

Жамоамиз эришаётган муваффаққиятларда ўқув, маънавий-маърифий ишлар ҳамда касбий таълим бўйича директор ўринбосарлари Соибжон Ҳакимов, Наргиза Абдупаттаева, Моҳидил Мусаева ҳамда бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Ойдиной Умароваларнинг алоҳида хизматлари бор. Фурсатдан фойдаланиб, мен барча устоз ва мураббийларни, ўқувчи ёшларни янги ўқув йили билан табриклайман. Машаққатли, аммо шарафли фаолиятларида уларга ҳамиша омад ёр бўлсин.

 Абдумухтор ҲАМРАҚУЛОВ, коллеж директори.

Ўзбегим дўпписи

Пилва - мўъжаз шаҳарча. Атрофи ўрмонзор. Гўё денгиз ўртасидаги кичик оролга ўхшайди. Шаҳар атрофидаги кўз илғамас игна баргли ям-яшил ўрмонга боқиб тўймайсан киши. Ҳарбий хизматни шу ерда ўтар эдим. Август ойи. Командиримиз мени ҳузурига чақирди.

- Ўзбекистондан сени кўргани отанг, аканг келишибди. Рухсат бераман, бориб учрашасан, - деди жуда самимий оҳангда. Беҳад қувондим. Хизмат қилаётган жойимдан Соликамск шаҳрига самолётда учиб келдим. Не кўз билан кўрайки, меҳмонхона олдидаги арчалар ёнида отам, акам мени интизорлик билан кутиб туришарди. Севинганимдан жуда хаяжонланиб кетдим. Юрагим ховлиқарди. Кўзимга ёш олдим. Бутун диққатимни отамнинг салобати-ю, акамнинг юз-кўзлари ўзига тортарди. Отам кенг елкали, бошида "Анжон" дўпписи, оёғида этик, эгнида янги костюм-шим, кўкрак нишонлари ярқираб турарди. Хушчақчақ, кулишлари бир олам, йўл азобини билинтирмас, ҳорғинлигини сездирмас эди. Акам Неъматжон озғинроқ, чарчаган кўринарди. Унинг бошида ҳам "Анжон" дўпписи. Уччовимиз меҳмонхонага жойлашдик. Кўк чой ичиб, дилдан суҳбатлашдик. Яхши дам олдик. Сутдек оппоқ тонг отди. Нонуштадан сўнг шаҳар айлангани чиқдик. Ота-бола бирин-кетин шаҳарни томоша қилиб борардик. Сап-сариқ "Волга"ни бошқариб бораётган рус шофёри сигнал чалиб, кулимсираб "Ачаломелей", - деди бизларга ҳайратомуз боқиб. Шунда отам:

"Ҳа, шўпир-ей, ўзбеклигимизни дўппимиздан билдия", - деди кулимсираб. Ҳақиқатдан шофёр отамни, акамни дўпписидан таниб "Ассалому алайкум" сўзини тўғри талаффуз қилолмай, уларни хуш келибсиз юртимизга, шаҳримизга дегандай эди.

Суратхонага кириб расмга тушдик. Мен ҳарбий кийимда. Отам, акамнинг бошида "Анжон" дўппи. Сурат жуда чиройли чиқди. Бу нодир эсдалик расмни ҳамон кўз қорачиғимдай сақлайман. Менга рус шофёрининг гаплари, отамнинг қишлоқча содда сўзлари, кўзи, қуюқ қоши, "ўзбеклигимизни дўппимиздан таниди-я", - деган гапи ҳали-ҳали, шу бугунгидай қулоғимга эшитилиб туради. Мен рус шофёрининг гапларидан қувондим. Юртим, халқим, ўзбегим, отам ва акам билан чексиз фахрландим. Шоир Эркин Воҳидов ёзганидек:

Қайга бормай, бошда дўппим,

Шуҳратим, қадрим буюк.

Олам узра номи кетган,

Ўзбекистон, ўзбегим.

Ҳа, бугунги кунда ўзбек дўпписининг Андижон, Фарғона, Наманган, Марғилон сингари турлари, бичими, ўзига хос ва мос гули бор. Дўппидаги тўртта гул тўрт мучангиз соғ бўлсин. Тоғ мисоли оқ гуллари эса серфарзанд бўлинг, деган маъно англатишини дўппидўз аёллардан қизиқиб сўраб билдим.

Ўзбек дўпписи - миллатимизнинг фахри. Чеварларимизнинг моҳирона санъат намунаси. Юртимизга ташриф буюришган азиз меҳмонларга нон-туз тутиб, бошига ўзбек дўпписини кийдиришимиз, совға қилишимизнинг боиси ҳам мана шунда. Бугунги кунда Андижон, Булоқбоши, Хўжаобод, Марғилон бозорларидаги қати бузилмаган ўзбек дўппиларини кўриб, кўз қувонади. Чеварларнинг тоқати-ю, шуҳратини оламга кўз-кўз қилаётганлигидан беҳад қувониб кетасан киши.

Мустақиллик миллий қадрият ва анъаналаримизга кенг йўл очиб берди. Ўзбек дўпписининг шуҳрати, таърифи анча баланд. Мен ўзбек дўпписи кийган азиз инсонларни кўрсам, уларга ҳавас билан боқаман. Андижон дўпписига эса ихлосим баланд. Ўзбек дўпписини кийиб, чеварлар меҳнатини, каштачилик санъатини бошимдан юқори олиб юргайман!

Одилжон ҚОДИРОВ.

 

ГАЗЛИ ИЧИМЛИКЛАР - МУАММО КОНИ

ТИББИЙ МАСЛАҲАТ

Кўпчилик газли ичимликларни севиб истеъмол қилади. Ҳақиқатан ҳам, уларни ичганда тан яйрайди, чанқоқ хумори бирмунча босилади. Аммо унинг зарарли жиҳатлари хусусида кўпчилик яхши билмаслиги мумкин. Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак: газланган ичимликларнинг зарарли хусусиятлари организм учун турли касалликларнинг келиб чиқишига туртки бўлади.

Газли ичимликлар, айтайлик, ширин лимонаднинг ҳар куни бир шишадан ичилиши бир ойда 0,5 килограмм ортиқча вазн тўпланишига сабаб бўлади. Бу биринчи факт!

Газланган ичимликлар кучли пешоб ҳайдовчи восита саналади. Улар организмдан суюқликни чиқариб юбориб, сувсизланишга ва буйракларда юкламанинг ошишига хизмат қилади. Бундай ичимликларни хуш кўрувчи одамларнинг буйрагида кўпинча тош борлиги аниқланади, буйрак санчиқлари кузатилади. Бунинг асосий сабаби - улар таркибидаги фосфор кислотанинг кўплигидир.

Газли ичимликларда кислоталилик юқори бўлгани, қанд миқдорининг кўплиги тишлар учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Кислота тиш эмалидаги минерал моддаларни эритиб юборади. Оқибатда тишлар заифлашади, мўртлашишга мойил бўлади. Газланган ичимликлар сомонча ёрдамида ичилганда, суюқликнинг тишларга тажовузкорона таъсири камаяди. Бундай ичимликларни ичган заҳоти тишларни тозалаш мумкин эмас. Акс ҳолда кислота туфайли тишларнинг емирилиши кучаяди. Яхшиси, оғиз бўшлиғини илиқ сувда чайиб, 20-30 дақиқадан сўнг чўтка ва паста билан ювиш мақсадга мувофиқдир.

Ичимликлардаги "вижиллаш" натижасида юзага келадиган пуфакчалар углерод диоксидини ҳосил қилади. У меъда шираси кислоталилигини ошириб, метеоризмни қўзғайди. Узоқ вақт газли ичимлик ичиш натижасида ошқозон яраси, кислоталилиги юқори гастрит ва бошқа ошқозон касалликлари келиб чиқади.

Жигар, ошқозоности бези, юрак ва суяк хасталикларининг хавфини оширади. Статистик маълумотларга кўра, кунига 1 литр газланган ичимлик истеъмол қиладиган одамлар жигарида салбий ҳолатлар 5 баробар кўп учрайди. Бу лимонадлар таркибидаги жигарни зарарловчи кимёвий моддалар миқдори кўплиги билан изоҳланади. Шунингдек, диабет ва юрак  хасталикларини орттириб олиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Газланган ичимликлардаги меъёрдан ортиқ қанд моддаси ошқозоности безида юкламани оширади. Натижада у кўп миқдорда инсулин ишлаб чиқара бошлайди. Маълум вақтдан кеийн қондаги қанд миқдори кескин камаяди. Бу эса диабет ва моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади.

Юқорида айтилганлардан     ташқари, газли ичимликлар организмдаги темир, магний, калий, кальций сингари моддаларни ювиб юборади. Натижада, юрак фаолияти издан чиқади, қон таркиби ёмонлашади, суяклар мўртлашиб, остеопорозга йўл очади. Шунинг учун ўзимиз, айиқса, фарзандларимизнинг газли ичимликларни меъёрида ичишига алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир.

Яйрахон ҚЎЛДАШЕВА, 

Олий тоифали шифокор-эндокринолог.

Савол-жавоб

Обуна

ҚАДРЛИ ҲАМЮРТЛАР, МУҲТАРАМА ОПА-СИНГИЛЛАР!

Агар Сиз йил давомида вилоятимиз хотин-қизлари ҳаёти, ибратли ишлари, уларнинг ижод намуналари билан танишиб боришни истасангиз, 2019 йил учун "Иқбол" газетасига обуна бўлинг.

Газетамиз саҳифаларида:

- вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоятимиз хотин- қизлари ҳаёти ва фаолиятига оид қизиқарли мақолалар;

- жаҳонга машҳур аёллар ҳаёти, ижоди ва фаолиятига оид мақолалар;

- опа-сингилларимизнинг шеър, ҳикоя ва бошқа бадиий ижод намуналари;

- пазандалик, орасталик сирлари ва маслаҳатлар;

- маърифий, тарбиявий мавзулардаги мақолалар;

- ТВ дастурлари;

- шунингдек, турли мавзулардаги ранг-баранг ва қизиқарли мақолалар билан танишиб борасиз.

"Иқбол" - бу Сизнинг газетангиз, у Сизнинг кўнглингизга яқин нашр бўлиб қолишига ишонамиз.

Шу боис, "Иқбол"га обуна бўлишни унутманг!

Обуна почта бўлимлари, матбуот уюшмаси дўконларида ташкил этилмоқда

Бизнинг манзил: Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй.

Телефон: +0374 223-05-14

E-mail: Бу электрон манзил спамлардан химояланган. Уни куриш учун JavaScript ни ишга туширишингиз керак.

Фотогалерея

Варак 339 жами 339