+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

КОТЛЕТ

(пазанда маслаҳати)

Керакли масаллиқлар: 700 гр. қўй гўшти, 200 гр. сариёғ, 1 бош саримсоқпиёз, ярим пиёла буғдой уни, 2 дона тухум, 200 гр. батон нони, 100 гр. ўсимлик мойи, 4 дона картошка, 300 гр. кўк нўхат, 1 донадан помидор ва бодринг, ярим боғ укроп, туз, мурч   таъбга кўра.

Тайёрланиши: Гўштни қийма ҳолатига келтирасиз. Қиймадан кичикроқ бўлакдан қилиб олиб, унга бир чой қошиғида сариёғ, мурч, туз, майдаланган саримсоқпиёздан қўшиб, аралаштирасиз. Кейин бодрингсимон кўринишда котлет тайёрлайсиз. Котлетларни аввал унга белаб, ийланган тухумга ботириб оласиз. Кейин майдаланган батон нонга булаб, доғланган ёғда тилларанг бўлгунча қовуриб оласиз. Сўнг уларни иссиқ духовкада етилгунча пиширасиз.

 

Сомонча шаклида тўғралиб қовурилган картошка, кўк нўхат, паррак қилиб тўғралган помидор, бодринглардан гарнир тайёрлайсиз. Ликопга 2 донадан котлет қўйиб, ёнига гарнир соласиз. Таом юзига мурч сепиб, дастурхонга тортасиз.

ШЎР СУВЛИ ВАННАДАН ФОЙДАЛАНИНГ

(Орастахона)

Тузли сувда ванна қабул қилиш кони фойдадир. У танадаги тери тўқималаридан ортиқча суюқликни чиқариб ташлайди. Тузли ваннанинг яна бир ўзига хослиги шундан иборатки, у терини тозалайди ҳамда озиқлантиради. Бундан ташқари, оддий сувга қараганда, шўр сувли ванна қабул қилинаётганда, танага  икки баравар илиқлик киради. Бу эса моддалар алмашинувининг анчагина тезлаштиради.

Тузли ваннани тайёрлашда,  сувга 100-250 грамм туз қўшганингиз маъқул. Мунтазам равишда тузли ванна қабул қилиш терини таранглаштиради. Вужуддаги ортиқча суюқликни чиқариб юбориши натижасида танадаги шишлар йўқолади.

Тузли ванна қариган, бирданига озиб кетиш натижасида осилиб қолган бадан териларини ёшартиради. Теридаги жароҳатларни тез битишига, микробларнинг йўқолишига ёрдам беради.

Тузли ваннани қабул қилишда ваннага қайнаб,  бироз  совутилган 50 литр сув қуясиз. Юқорида айтилганидек, аввалида 100 гр. (кейинроқ туз миқдорини 500 граммгача кўпайтириш мумкин) тузни тўғридан-тўғри сувга эмас, балки оғзи маҳкам боғланадиган халтачага солиб, сув остида эритасиз.  10 дақиқа ванна қабул қилиб олганингиздан сўнг, албатта, оддий сувда ювиниш зарур.

 

Тайёрловчи: НИГОРА.

ЖЎЖА ГЎШТЛИ САЛАТ

Керакли масаллиқлар: 500 гр. пиширилган жўжа гўшти,  50 гр. тузланган бодринг, 130 гр. майонез, 20 гр. хантал.

Тайёрланиши: Пиширилган жўжа гўшти бўлакчаларга бўлинади. Тузланган бодрингни сомонсимон шаклда тўғрайсиз, сўнг устига хантал билан   майонезни қўшиб, таъбга кўра туз соласиз-да, ҳаммасини аралаштирасиз.

Тайёр бўлган салатни ликопларга солиб, дастурхонга тортасиз.

 

ГУЛИ тайёрлади.

КОТЛЕТ

(пазанда маслаҳати)

Керакли масаллиқлар: 700 гр. қўй гўшти, 200 гр. сариёғ, 1 бош саримсоқпиёз, ярим пиёла буғдой уни, 2 дона тухум, 200 гр. батон нони, 100 гр. ўсимлик мойи, 4 дона картошка, 300 гр. кўк нўхат, 1 донадан помидор ва бодринг, ярим боғ укроп, туз, мурч   таъбга кўра.

Тайёрланиши: Гўштни қийма ҳолатига келтирасиз. Қиймадан кичикроқ бўлакдан қилиб олиб, унга бир чой қошиғида сариёғ, мурч, туз, майдаланган саримсоқпиёздан қўшиб, аралаштирасиз. Кейин бодрингсимон кўринишда котлет тайёрлайсиз. Котлетларни аввал унга белаб, ийланган тухумга ботириб оласиз. Кейин майдаланган батон нонга булаб, доғланган ёғда тилларанг бўлгунча қовуриб оласиз. Сўнг уларни иссиқ духовкада етилгунча пиширасиз.

 

Сомонча шаклида тўғралиб қовурилган картошка, кўк нўхат, паррак қилиб тўғралган помидор, бодринглардан гарнир тайёрлайсиз. Ликопга 2 донадан котлет қўйиб, ёнига гарнир соласиз. Таом юзига мурч сепиб, дастурхонга тортасиз.

ДИЛ ОFРИFИ

(39- сон, 2016 й. ҲИКОЯ)

Шарофат холанинг дили хаста. Унга на дори-дармон кор қилади, на ширин сўз. Кўз қорачиғидай асраб катта қилиган ўғли Камолиддинга босаётган қадами қалтислигини тушунтиролмай ҳалак. Онага аён бўлган бу хатарли йўл эса сира тинчлик бермайди...

...Отаси қазо қилганда Камолиддин эндигина иккинчи синфда ўқирди. Шу бола ўксимасин дея она бошқа турмуш қилмади. Турмуш қурмаганидан пушаймон ҳам бўлмади. Бутун қувончи, бахти-иқболини мана шу ёлғизгина ўғлида кўрди. Тўғри, отасиз қийин бўлди. Лекин баҳорда пилла қурти боқиб, ёз ва кузда пахта даласида ишлаб рўзғорини тебратди. Бахтига ўғли мўмин-қобил, меҳнаткаш чиқди. Мактабни битирди. "Мени деб қийналиб кетдингиз, онажон. Энди дам олинг, мен ишлайман, кейин сиртдан ўқийман", деганида, онаизор кўнмади.

Камолиддин қишлоқ хўжалиги институтида ўқиди. Беш йил ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Шарофат хола энди ўғлини уйлантириш тараддудига тушди. Камолиддиннинг кўнглига қаради. Севган қизи Малоҳатни олиб берди. Қўл-оёғи чаққон келинидан кўнгли тўлди. Набиралари уйини тўлдирди. Камолиддин ҳам ширкат хўжалигида агроном бўлиб ишлай бошлади. Ўзини ўнглаб олди. Икки йилда отасидан қолган томни янгилади, ҳовлининг деворларини тузатди. Лекин келини тушмагур ҳар хил бўлмағур гаплар билан эрига хархаша қила бошлади. "Ўқимаган бўлса ҳам Мурод ўртоғингиз данғиллама участка солди. Машина олди, болалари қўғирчоқдек кийинишади, хотинининг бармоқлари ёқут кўзли узукка, оғзи тилла тишга тўла. Сиз-чи? Номи улуғ, супраси қуруқ", деб заҳрини сочишни қўймади. Бир-икки аразлаб кетиб, Камолиддиннинг бошини эгди. Маҳалла кексалари ўртага тушиб, қудаларига тушунтирди. Келиннинг отаси бамаъни, кўпни кўрган одам. Ҳар қалай, қизига насиҳат қилиб, борига қаноат қилишни тайинлади. Лекин онаси қизига ён босадиган, зебу зийнатга ўчроқ эди.

Нима бўлдию, Камолиддин ҳам хотинининг хархашаси, ҳам маҳалла-кўйда "қурумсоқ" деган таъналарни кўтариб юришга ор қилдими, ишини ўзгартирди. Агрономлик қайдаю омбор мудирлиги қайда. Аввалига Шарофат хола индамай юрди. Ярим йил ўтмай, келинининг юриш-туриши ўзгарди. Хали магазинга югурган, хали чеварга чопган. Бармоқларидаги тилла узуклар қўшалоқ бўлди. Унча-мунчани писанд қилмайдиган одат чиқарди.

Шарофат хола ўғлининг айрим ҳаракатларини кўриб, "Наҳотки, шу менинг ўғлим Камолиддиним - ўша бор-йўғимга қаноатли, камсуқум ўғлим бўлса?" деб ўйланарди. Кўз олдида шунчалар тез ўзгараётганига ишонгиси келмасди. Юраги ниманидир сезгандай безовта бўла бошлади. Ҳовли-жойи эса бутунлай янгиланиб кетди. Уй анжомлари ўзгарди, ташқари дарвоза янгиланди. Ҳовлининг кун чиқар томонига иморат солдирди. Шарофат хола ортиқ чидолмади. "Шунча пулни қаёқдан оляпсан, болам?" дея ёнига ўтқизиб, ўғлини инсофга чақирди.

- Ие, терговчи ўз уйимизда экан-ку, мен бўлсам бошқалардан ҳадиксираб юрибман, - деди Камолиддин онасидан тап тортмай.

Онаизорнинг хўрлиги келди. Кўзларида ёш қалқиди. "Сени ҳалол меҳнатим билан улғайтирдим. Нонингни бутун қилдим, шунақа харом-хариш йўллар билан бойимоқчи бўлсанг, уйингдан чиқиб кетаман", дея қўрқитиб ҳам кўрди.

-      Нима мен ўғирлик қиляпманми? Ҳамма қатори улушимни оляпман, - пинагини бузмади ўғил.

Шундан кейин ҳам Шарофат хола икки-уч марта панд-насиҳат қилди. Афсуски, кечиккан экан. Онаизорга қараганда чўнтагини тўлдираётган пуллар, кўзини парда бўлиб тўсаётган бойлик, уйдаги ярқироқ буюмлар унга азизроқ кўринаётган экан. Буни фаҳмламабди.

-      Шукр қилиб яшамайсизми? - дея силтаб гапиришлари онага оғир ботди. Бошини олиб чиқиб кетай деса, халқнинг гапидан номус қилди.

Кейинги пайтда кўзбўямачилик, порахўрликлар орқасидан кўпчилик ишдан кетаётгани, қинғир ишнинг қийиғи топилиб, қўлга тушаётгани онани ҳам хавотирга солди. Худди ўғли Камолиддин ҳам ўшаларга ўхшаб қўлга тушиб қолаётгандек туюлаверди.

Шарофат хола аниқ билади. Ўғли нопок йўлга кирди. Бинойидек касбини қилмай, ўзини кимларнингдир олдида мутега айлантирди. Шу тинчлик бермади. Нима қилсин ёлғиз ўғли... Унга бирор кор-ҳол бўлса, қандай чидайди?

Шарофат холанинг дили хасталиги шундан. Камолиддингина сезмаяпти. Хали ҳам кеч эмас. Онаизорнинг илтижоли нигоҳи зора ўғлини бу хатарли йўлдан қайтарса...

 

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БИРИНЧИ АЁЛ-ПРЕЗИДЕНТИ

(39- сон, 2016 й. Жаҳонга машҳур аёллар)

Пак Кин Хэ - Жанубий Корея Республикасининг 11- президенти ва бутун Корея ярим ороли тарихидаги биринчи президент аёл саналади.

Таъкидлаш жоизки, Пак Кин Хэга президентлик ҳаёти болаликдан таниш. Сабаби у Корея Республикасининг 1963-1979 йиллардаги президенти Пак Чон Хининг тўнғич фарзанди эди. Отасининг президентлик фаолияти, унинг ҳаёти, мамлакатни бошқариш борасидаги олиб бораётган ишлари билан яқиндан таниш бўлган. Бўлажак президент  Пак Кин Хэ узоқ йиллар мамлакатдаги энг йирик партиялардан бири бўлган Буюк миллий партияга етакчилик қилган (2012 йилда мазкур партиянинг номи "Сэнури" дея ўзгартирилади).

Пак Кин Хэ 1952 йил 2 февралда Тэгу шаҳрида бўлғуси президент  Пак Чон Хи оиласида таваллуд топган. Кейинчалик унинг Жи Ман исмли укаси ҳамда Се Ён исмли синглиси дунёга келган. Ўқиш ва изланишдан сира чарчамайдиган Пак Кин Хэ 1970 йилда Сеулдаги "Муқаддас қалб" номли қизлар ўрта мактабини тамомлаб, 1974 йилда Соган университетига кириб таҳсил олади ва электротехника мутахассислиги бакалаври даражасига эришади. Сўнг у 1987 йилда Тайванддаги Хитой маданияти университетини, 2008 йилда Кореядаги етакчи KAIST илмий-техника институтини ҳамда 2010 йилда Соган университетини тамомлаган. Шунингдек, у 1981 йилда пресвитериан коллежида христианлик дини қоидалари бўйича ҳам таҳсил олган.

1974 йил 15 августда  Кин Хэнинг отаси президент Пак Чон Хига суиқасд уюштирилади. Натижада Пак Чон Хи қаттиқ жароҳатланади, рафиқаси Юк Ён Су эса вафот этади. Шундан сўнг Пак Чон Хи бошқа уйланмайди ва мамлакатдаги биринчи хоним мақоми амалда унинг катта қизи Пак Кин Хэга ўтади. Бу ҳолат 1979 йил 26 октябргача, яъни отасининг вафотига қадар давом этади.

Буюк миллий партия томонидан 1998 йилда Корея Республикаси парламенти - Миллий Кенгашга ўтказилган сайловда Пак Кин Хэнинг номзоди қўйилади ва илк бор депутатликка сайланади.

2004-2006 йилларда Буюк миллий партия вакиллари Пак Кин Хэ етакчилигида 40 мартадан кўп турли даражада ўтказилган сайловларда юқори овоз олиб, ғалабага эришади ва Кин Хэ кенг жамоатчилик томонидан "сайловлар қироличаси" деб аталади. Бироқ 2007 йилда ўз номзодини мамлакат Президентлиги учун илгари сурган Пак Кин Хэ партиянинг ички сайловларида Ли Мён Бакка мағлуб бўлади. Шу тариқа Ли Мён Бак 2008-2013 йилларда Корея Республикаси президентлигига сайланади.

2011 йилга келиб,  Буюк миллий партия  рейтингининг тушиб кетиши натижасида партиянинг номи "Янги қутблар партияси" маъносини англатувчи "Сэнури" деб ўзгартирилади. Шу йилнинг  19 декабридан   Пак Кин Хэ партиянинг Фавқулодда қўмитасига раис (амалда партия етакчиси) этиб сайланади. Унинг саъй-ҳаракатлари билан партия фаолиятида катта ижобий ўзгариш рўй беради. 2012 йилги сайловларда Сэнури парламентдаги 300 ўриндан 152 тасини эгаллаб, Пак Кин Хэнинг президентлик сайловида қатнашишига етарли замин ҳозирлайди.

Бу сафар партиянинг ички сайловларида Пак Кин Хэ рақибларини катта фарқ билан ортда қолдириб, Сэнури партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилади. 2012 йилнинг 19 декабрида бўлиб ўтган мамлакат Президенти сайловида сайловчиларнинг 51,55 фоиз овозини олиб, нафақат Жанубий Кореядаги, балки бутун шимоли-шарқий Осиёдаги биринчи президент аёл сифатида ўз номини тарихга    муҳрлайди. Сайловчилар Пак Кин Хэни меҳрибон, хотиржам ва ишончли эканлиги учун унга овоз берганликларини айтиб ўтадилар.

Жаҳоннинг кўплаб оммавий ахборот воситалари Жанубий Кореядаги президентлик сайлови натижалари мамлакатни янги тараққиёт марраларини эгаллашида муҳим қадам бўлишини илгари сурадилар. Бундан ташқари, хориж мамлакатларида истиқомат қилувчи кўплаб корейслар ҳам Пак Кин Хэни Жанубий Кореянинг янада гуллаб-яшнаши гарови сифатида қарши олдилар.

2013 йил 25 февралда янги президент - Пак Кин Хэнинг Сеулда бўлиб ўтган инаугурация маросимига 70 минг киши таклиф этилади. Инаугурация маросимининг расмий қисмида Пак Кин Хэ Корея Республикаси президентлиги қасамёдини қабул қилиб, ўз фаолиятининг "янги умидлар даври" деб номланувчи тўрт тамойилини - иқтисодий ўсиш, халқ бахт-саодати, маданий тараққий этиш ва тинч бирлашуви асосидаги ривожланиш дастурини ҳамда "халқнинг бахт-саодати даври" декларациясини эълон қилади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Пак Кин Хэ ҳаёти давомида оила қурмаган ва унинг фарзандлари йўқ. Бу масала кўтарилганида у ҳазиллашиб, мен ўз мамлакатимга турмушга чиққанман, дея гапириб ўтади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида масофа узоқ бўлса-да, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстликдан қувват олади. Афросиёб деворида акс этган Самарқанд      ҳукмдорининг қадимги Корея - Чосон элчисини қабул қилиш маросими мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга бориб тақалишидан далолат беради. Эл-юртга садоқат, аждодлар мероси ва қадриятларини эъзозлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик, очиқкўнгиллик, саховат, каттага ҳурмат, меҳнатсеварлик каби фазилатлар ҳам  ўзбек ва корейс  халқлари учун бирдек хосдир. Бир пайтлар тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган ўн  минглаб корейсларга ўзбек   халқи меҳр-оқибат ва ҳурмат кўрсатиб, бошпана берганини корейс   халқи ҳеч қачон унутмайди.

Пак Кин Хэнинг Корея Республикаси Президенти сифатидаги илк давлат расмий  ташрифини  2014 йил 16 июнда айнан Ўзбекистондан бошлангани ҳам бежиз эмас.

Пак Кин Хэ бошқа давлат раҳбарларидан кўра анча эрта - 45 ёшида катта сиёсат майдонига қадам қўйган бўлса-да, ўзининг моҳир сиёсатчилиги, давлат бошқарувидаги маҳорати, халқчил сиёсати, мамлакат иқтисодиётини юксалтиришдаги жонбозлиги билан Жанубий Корея халқининг  ишончи ва меҳрини қозонди. Айни кунда Пак Кин Хэ бошчилигида Корея Республикаси дунёдаги ривожланган давлатлар қаторида юксалиш йўлидан дадил бормоқда.  

Тайёрловчи: Равшанбек АБДУРАҲИМОВ,

 

Андижон қишлоқ хўжалиги институти талабаси. 

ФАҚАТ ЯХШИ НАРСАЛАР ҲАҚИДА ГАПИРАЙЛИК

Аллоҳ таоло инсонларга сон-саноқсиз неъматларни ҳадя қилди. Инсон танаси, жисмидаги маълум вазифани бажарадиган аъзоларининг ҳар бири соғлом бўлмоғи муҳимдир.

Умр ва ҳаёт инсонларга берилган бир омонат ҳисобланиб, шариатимиз инсонга умрини хайрли ишлар қилишига, ёмонликдан сақланишига буюради. Кишига берилган азиз неъматлардан бири тил, сўзлаша олиш неъматидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло Қуръони каримда: "Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?!" (Балад сураси, 8-9-оятлар) дея Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлишда тилнинг ўрни катта эканлигига ишора қилади.

Инсоннинг сўзига, муомала маданиятига қараб, унинг инсонийлик мақомига баҳо берилади. Қалб ва тил гўзаллиги инсонийликни кўрсатадиган муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Улардан бири хатога йўл бошласа, бошқа аъзолар ҳам у сабабли гуноҳга ботади. Тил ёлғон қасами билан бошқа аъзоларни дўзах оташига дучор қилади. Айнан тилнинг ножўя ҳаракати аёлларни эридан, болани отадан, акани укадан айириши, дўстни душманга айлантириши, мўмин бандаларнинг қалбига озор етказиши мумкин. Мўминнинг қалби эса Аллоҳнинг назаргоҳидир. Ҳақиқий мусулмон нажот ва бахтиёрлик тилини ножўя сўзлардан тийиш ва ҳасад қилмасликда эканлигини яхши англаши керак.

Бир ривоятда ёзилишича, кечани ўтказиб, тонг отганидан сўнг тана аъзолари тилга шундай деб айтар экан: "Бизнинг ҳақимиз учун Худодан қўрққин, чунки бизни ихтиёримиз сендадир, агар сен тўғри ва ҳалол бўлсанг, бизлар ҳам тўғри ва ҳалол бўламиз. Агар сен нотўғри қадам қўйсанг, биз ҳам нуқсонли бўламиз". Ана шу ривоятдан келиб чиқиб, тилни ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур.

Муоз ибн Жабал (р.а) бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) билан саёҳатга чиққанида Пайғамбаримиздан "Ё Расулуллоҳ! Мени жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ва жаннатга яқинлаштирадиган бир амални айтинг", деб сўради. Улар: "Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ширк келтирмайсан. Намоз ўқийсан, закот берасан, рамазон рўзасини тутасан, ҳажга борасан" деди ва "Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайми?" деб сўради. Муоз ибн Жабал: "Ё Расулуллоҳ, кўрсатинг" дегач, Пайғамбаримиз (с.а.в): "Рўза жаҳаннамга пардадур, садақа хатоларни кетказади, ҳудди сув оловни ўчиргани каби кечаси ўқиладиган намоз яхшиларнинг белгисидир", дедилар. Сўнг ушбу оятни келтириб ўтдилар: "Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқларидан ажраб турар (оз ухлашади). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар" (Сажда сураси, 16-оят).

Муҳаммад (с.а.в): "Бу диннинг боши Ислом, устуни намоз, чўққиси жидду жаҳддир. Буларни бутунлаштирадиган нарса тилдур" дедилар ва қўллари билан Муоз (р.а)нинг тилини кўрсатдилар.

Муоз (р.а) "Ё Расулуллоҳ! Биз гапирганларимиз учун жавоб берамизми?" деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в) "Эй, Муоз! Инсонларнинг бурунларидан тутиб, юзтубан оловга отилишларига сабаб уларнинг тиллари бўлмасдан нима?" деб хитоб қилдилар.

Дарҳақиқат, Муҳаммад (с.а.в) биз - умматларини тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи бўлмаганида сукут сақлашга буюрганлар. Яъни: "Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин" дея марҳамат қилганлар.

Динимиз тилга, сўзлашишга алоҳида эътибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гуноҳ бўладиган сўзларни айтишдан қайтаришнинг сабаби тил қалбга яқиндир. Қалб эса имон маскани ҳисобланади. Демак, инсон иродали, соф ва маънавиятли бўлса, унинг тилидан ҳам фақат ширин сўзлар чиқади. Тил ёмон гапларни кўп гапирса, инсоннинг қалби ҳам қорая бошлайди ва натижада имони сусаяди. Бу ҳақда Пай-ғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Абу Зар (р.а)га қилган васиятларининг бирида: "Сукут сақлашни ўзингга одат қилгин, чунки сукут сақлашлик, биринчидан шайтонни қувади, иккинчидан, динингни сақлашингга ёрдам беради" деганлар. Мутафаккирларимиздан бири Абдулла Авлоний эса: "Агар журму гуноҳ бўлсин десанг оз. Тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз" деб ёзган эди.

Аллоҳ таоло барчаларимизга тили, дили бир ва гўзал бўлган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

 

Абдухалим ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги

 

"Ат-Термизий" жомеъ масжиди имоми.

ЮРТБОШИМИЗ НОМИ, ОЛИБ БОРГАН БУЮК ИШЛАРИ ҲЕЧ ҚАЧОН УНУТИЛМАЙДИ

(39- сон, 2016 й. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига)

Умримнинг деярли ярми собиқ мустабид тузум миллий-диний қадриятларимиз таъқиб ва тазйиқларга учраган шўролар даврида ўтган. Ўша замонда илмли кишилар хор бўлган, халқимизнинг Наврўз ва Ҳайит каби миллий-диний байрамлари нишонланмаган, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо  илмий мерослари йўқ қилинган.

Юртимиз Истиқлолга эришгандан сўнг мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ана шундай қабиҳ ишларга чек қўйилди. Ўзбекистонда илм-фан, миллий, диний, тарихий қадиятларимиз улуғланди.                                           

Ўтган йигирма беш йил ичида Юртбошиси ортидан ёруғ манзиллар сари дадил қадам ташлаган халқимиз тарихан қисқа давр ичида жуда катта ютуқларга эришди. Ана шу ютуқларнинг барчаси улуғ юртбошимиз номи билан бевосита боғлиқдир. Минг афсуски, улуғ ишларга бош бўлган миллатимиз отаси энди йўқ. Бироқ Ўзбекистон халқи улуғ инсон бошлаб берган эзгу ва хайрли ишларни давом эттиради.                                                                                                                            

  Шундай яхшиликлар, эзгу ишлар бошида туриб, 25 йил ичида диёримизни озод ва обод ўлкага айлантирган, дунёга танитган, тинч ва фаровон ҳаётимизга тамал тошини қўйган Юртбошимиз шаънига дилимиздаги энг чиройли сўзларни изҳор этамиз, у кишига ўзимизнинг чексиз миннатдорчиигимизни билдирамиз. Оғир жудоликдан кейин Юртбошимиз ёшлар билан ўтказган суҳбатларнинг бирида:  "Шундай тинч ўлка, дориломон замонда яшаётган ҳар бир ёш, қолаверса, ҳар бир фуқаро истиқлолни мустаҳкамлашга илм, спорт, санъат ёки бошқа бир соҳада кўзга кўринарли ютуқлари билан юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшиши лозим" дегандилар. Давлатимиз раҳбарининг ана шу пурмаъно  сўзларидан "Ватан, Мустақиллик менга нима берди деб эмас, балки мен Ватанга,  Мустақилликка нима бердим дея яшанглар!" деган маънони уқаман.

Ҳа, Ватан ва Мустақиллик бизга қисқа вақт ичида улкан имкониятлар эшигини очиб берганига ҳар биримиз гувоҳмиз.

Энг улуғ ва энг азиз Мустақиллик мафкурасини тараннум этиш, аждодларимиз орзу этган Истиқлолни мустаҳкамлаш ва Аллоҳ раҳматига олган Юртбошимиз Ислом Каримов бошлаб берган аниқ йўлдан юриш, у кишининг буюк истак-ғояларини рўёбга чиқариш учун қўлмиздан келганча хизмат қилиш бизнинг фуқаролик бурчимиздир.

 Айниқса, биз педагоглар навқирон авлод вакиллари қалбига фидокорлик, озод ва жаннатмонанд юртда яшаётганликларидан фахрланиш туйғуларини сингдириш, уларни янги-янги ютуқлар сари илҳомлантиришимиз керак. Яна фарзандларимизга юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишга, бу неъматни ёмон кўзлардан авайлаб-асрашга ўргатишдан асло чарчамаслигимиз лозим.

Улуғ Йўлбошчимиз ғояларига садоқат тимсоли сифатида мактабимизда ўрнатилган Президентимизнинг катта портрети олдида таъзим бажо келтириш, остига гуллар қўйишни ўзимизга одат қилиб олдик. Мактабимизда ҳар чоршанба ва жума кунлари ўтказиладиган "Маънавият соатлари"да Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳикматли сўз ва иборалари жамланган "Ватан ва халқ мангу қолади!" номли  аудиодискни ўқувчиларга эшиттиряпмиз. Ўн беш нафар синф раҳбарларимиз ташаббуси билан  президентимизнинг ибратли ва ҳикматли сўзлари битилган "Юртбошимиз сўзлари қалбларда яшар" номли хотира дафтари тутилди. Улар тарбиявий соат дарсларини ана шу ҳикматли сўзлар асосида ўтказмоқдалар. Мактабимиз жамоасининг аксариятини аёллар ташкил этганлиги учун хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан "Болажон Президентимиз" номли суратли альбом тайёрланди. Унда хотираси юраклардан мудом ўчмас Ислом  Абдуғаниевичн Каримовинг мустақиллик йилларида гўзал Андижонимизга ташрифлари чоғида ўқувчилар, талабалар билан тушган суратлари жамланган.

Юқоридаги каби ишлар  орқали биз марҳум юртбошимизга бўлган чексиз ҳурматимизни изҳор этамиз, у кишининг мўътабар номи, улуғ ишларини ёш авлод - ўқувчиларимиз қалбига муҳрлаймиз. Зеро, мамлакатимизнинг биринчи Президенти каби улуғ инсонлар ҳеч қачон ўлмайди.

 

Нигорахон ЖАЛИЛОВА,

 

Хўжаобод туманидаги 23-умумтаълим мактаби директори

ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИ ПНЕВМАНИЯ (ЗОТИЛЖАМ) КАСАЛЛИГИДАН АСРАЙЛИК

(39- сон, 2016 й. ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ)

Бугунги кунда ёш болаларнинг пневмания (зотилжам) касаллиги билан хасталаниш ҳолатлари бир мунча кўпайиб бормоқда.

Пневмания касаллиги ўпка тўқималарини ўткир яллиғланиши билан кечадиган хасталик бўлиб, болаларда оғир ўтиши билан характерлидир. Бу хасталик кўпроқ 3 ёшгача бўлган болаларда кузатилади. Рахит, эксудатив диатез, камқон, озғин, сунъий овқатлар билан ўсаётган болалар касалликка ўта берилувчан бўладилар. Хасталик, айниқса, чақалоқларда, нимжон болаларда ўта оғир ўтиши кузатилади.

Бу касаллик баҳор, куз ва қиш ойларида кўп учраб, вируслар, микроблар, замбуруғлар чақиради.

 

КАСАЛЛИКНИНГ БЕЛГИЛАРИ

Бурун оқиш, битиш, йўтал, ҳароратнинг кўтарилиши, безовталик, яхши ухламаслик, яхши эммаслик хасталикнинг асосий белгиларидир. Бир ёшгача бўлган болаларда йўтал кучайиб, кўнгил айниши, хансираш, бурун катакларининг керилиши, бурун юз учбурчаклари кўкариш, нафас олиш ва чиқариш қийинлашиши, ҳароратнинг юқори даражага чиқиши, нафас олишида кўкрак қафасини пастки қисми ичига тортилиши кузатилади.

Баъзан чала, нимжон, ўта қувватсиз болаларда ҳароратнинг кўтарилмаслиги, она кўкрагини олмаслиги, оғиздан кўпик чиқариши, тери ранги ўта оқариб, оёқ-қўлларини совуш ҳолатлари ҳам юз бериши мумкин.

 

КЕРАКЛИ МАСЛАҲАТЛАР

 Болаларда юқоридаги каби белгилар кузатилса, ота-оналар бепарво бўлмасдан шифокорга мурожаат қилишлари лозим. Акс ҳолда зотилжам белгилари кучайиб, болани оғир ҳолатга олиб келиши мумкин. Дарҳол шифокор кўрсатмаси асосида шифохонага ётқизилиб, керакли, тиббий ёрдам олиши лозим.

 

КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Касалликка чалинмаслик учун соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозим. Болаларни ёшига тўғри келадиган овқатлантириш, чиниқтириш, уй ҳавосини тез-тез шамоллатиб туриш, хона ҳароратини 22-24 даражада сақлаш, болани ўта иссиқ ва совуб кетишига йўл қўймаслик керак.

Юқорида айтилган тавсияларга риоя қилсак, фарзандларимизнинг зотилжам билан касалланишининг олдини олган бўламиз.

 

 

Минурахон БОЗОРОВА, болалар шифокори.

ҚИШЛОҚДА ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИ ЮКСАЛМОҚДА

(39- сон, 2016 йил - "Соғлом она ва бола йили")

 

Мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш  борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, мустақиллик йилларида мазкур соҳага кўрсатилаётган алоҳида эътибор туфайли турли хасталикларни эрта аниқлаш, самарали даволаш борасидаги ишлар кўлами йилдан-йилга юксалиб бормоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қишлоқ врачлик пунктларига кўрсатилаётган эътибор, уларнинг фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида чекка-чекка ҳудудларда ҳам аҳоли  соғлигини муҳофаза қилиш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Мазкур йўналишда Андижон туманида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Бугун туманда 24 та қишлоқ врачлик пункти самарали фаолият олиб бормоқда. Кейинги йилларда уларнинг барчасида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Барча қишлоқ врачлик пунктлари "Саломатлик-1", "Саломатлик-2" лойиҳалари доирасида замонавий тиббий жиҳозлар ва зарур асбоб-ускуналар билан тўла таъминланди.

Айни кунда тумандаги Қўнжи, Ровот, Истиқлол, Чилон, Завроқ қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти  намунали ташкил этилган.

- Ровот, Бахрин, Қумкўча, Тўққизбоғ маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 14 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган врачлик пунктимиз туманнинг чекка ҳудудида жойлашган, - дейди  "Ровот" қишлоқ врачлик пункти мудири Зарифахон Ёқубова. - Муассасамиз ЭКГ, лаборатория, физиотерапея ва бошқа зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Шифокорларимиз томонидан "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек,   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳомиладор, фертиль ёшидаги аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш борасидаги ишларнинг тизимли ва изчил олиб борилаётганлиги натижасида қишлоқ аҳолисининг репродуктив саломатлик кўрсаткичлари кескин яхшиланмоқда.

Дарҳақиқат, қишлоқ врачлик пунктида лабораториянинг ишга туширилганлиги, шу ерни ўзида биохимик, яъни беш хил таҳлил натижаларини олиш имконини берди. Бу касалликнинг, унинг даражасини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади, қолаверса, беморларнинг биохимик таҳлиллар учун туман марказига бориб келишларига чек қўйди.

- Кейинги йилларда қишлоқ врачлик пунктимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди, - дейди Баҳрин маҳалласида яшовчи уй бекаси Дилфузахон Мадумарова. - Айниқса, турли қон таҳлилларини олиш имкони яратилганлиги мен каби кўплаб аёлларнинг туман марказига бориб келиши, ортиқча овора бўлишига чек қўйди.  Биз оналарнинг, айниқса, фарзандларимизнинг соғлигини сақлаш учун яратилаётган бу каби қулай шарт-шароитлардан беҳад хурсандмиз.

Қишлоқ аҳолиси учун патронаж хизматини яхшилаш мақсадида қишлоқ врачлик пункти қўшимча тарзда зарурий жиҳозлар, шунингдек, патронаж сумкалари ҳамда дори-дармонлар, зарур реактивлар билан мунтазам таъминланиши ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қишлоқ врачлик пунктининг моддий-техника базаси тубдан яхшиланганлиги, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ, пунктга аҳоли қатнови сезиларли даражада ортмоқда, айниқса, шифокорлар томонидан маҳаллаларда оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик, соғлом оилани ва соғлом турмуш тарзини     шакллантириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, аҳолининг тиббий билимларини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида барча йўналишлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.