Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Азиз Ватанимиз посбонлари - ҳарбий хизматчилар, зобит ва сержантлар, аскарлар, мард ва жасур йигитлар Сизларни Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этамиз.
Ватанни англамоқ, Ватанни севиш, унинг ҳар бир гўшаси, бир қарич ери, бир сиқим тупроғини жон қадар асраб-авайлаш, ёт кўзлардан, ёмон ниятлардан ҳимоя этишдир.
Ватан ҳар қандай таърифу ташбеҳлардан юксак турувчи муқаддас гўша. Негаки, у бизнинг Ватанимиз. У киндик қонимиз тўкилган, бешигимизга ёғоч бўлган тол ўсган, илк бор ташлаган тетапоя қадамларимиз изи қотган тупроқ кўчалар гўшаси.
Ватан - волидамиз алласи, падаримиз дуоси билан жон-жонимиз, қон-қонимизга сингиб, ўрнашиб кетган буюклик инъикосидир.
Ватан - бор маънавий ва моддий бойликларимиз ва албатта, ўзлигимиз тажассуми бўлган энг улуғ ва энг азиз маскан.
Ҳар бир юртдошимиз қалбига сингиб кетган, имонига айланган ана шу муқаддас гўша ҳимоячиларини бугунги шодиёна билан яна бир бор табриклаймиз. Хонадонингиздан қут-барака аримасин, омад ва қувонч сизларни асло тарк этмасин.
Мактабда дарслар бошланган куни ўқитувчи 5-синф ўқувчилари қаршисида туриб ёлғон гапирди. Ўқувчиларига бир-бир қараб чиқди-да, уларни жуда яхши кўришини айтди. Аммо бу чин дилдан айтилган сўз эмас эди. Чунки бурчак партада боши бир ёнга эгилган Мустафо Йилмаз исмли бола ўтирарди. Мадиҳа хоним бир йил олдин Мустафони кузатганди, у болалар билан ўйнамаслиги, уст-боши кирлиги, қачон қарамасин йиртиқ, увада кийимларда юришини кўрганди. Мадиҳа хоним Мустафони шу қадар ёмон кўрардики, охир-оқибатда бу нафрат ўқитувчига ўқувчисининг дафтарларини қизил қалам билан "безаш" ва унга "паст ўзлаштирувчи ўқувчи" деган нисбатни беришига сабаб бўлди. Ҳатто, Мадиҳа хоним Мустафога паст баҳо қўйишдан завқланарди ҳам.
Мадиҳа хоним синфдаги ҳар бир боланинг тавсифномаси билан танишиш керак эди. Шунда ҳам Мустафонинг тавсифномаларини энг охирига қўйди. Аммо унинг ҳаёти билан танишганида кутилмаган ҳолатдан юраги орқага тортиб кетди. Мустафони биринчи синфда ўқитган ўқитувчиси шундай ёзган эди:
"Мустафо ҳар доим кулиб юрадиган, кўзлари порлаб турадиган шўх бола. Уй вазифаларини тўлиқ ва хатосиз бажаради. Тарбияси чиройли. Уни кўрган ҳар бир киши шундай фарзанди бўлишини орзу қилади".
Иккинчи синфда ўқитган ўқитувчиси эса шундай деганди: "Мустафо ҳар томонлама мукаммал ўқувчи. Синфдошлари уни жуда яхши кўришади. Аммо онаси оғир касал бўлгани учун қайғуда ва уй ишлари ҳам унга қолиб кетган".
Учинчи синф ўқитувчиси: "Онасининг ўлими Мустафо учун жуда оғир бўлди. Мустафо бу ғамни қўлидан келганча енгишга уриняпти, аммо дадаси бола билан мутлақо қизиқмаяпти. Агар болакайга ёрдам берилмаса, уйдаги ҳолат уни чўктириб қўяди" деганди.
Тўртинчи синфда Мустафони ўқитган ўқитувчи эса шундай ёзади: "Мустафо ҳеч ким билан гаплашмайди. Дарсларни яхши ўзлаштирмайди. Ўртоқлари ҳам йўқ. Баъзан дарсда ухлаб қолади..."
Тавсифномаларни ўқиркан Мадиҳа хоним муаммо нимадалигини англади ва ўзидан уялди. Ўқувчилари устозлар байрамида унга чиройли совғалар, ялтироқ гулқоғозларга ўралган ҳадялар берганида ҳам қувонмади. Мустафонинг совғасини қабул қилгунича Мадиҳа хонимга ҳеч бир ўқувчисининг совғаси татимади. Мустафонинг ҳадяси кичик дўкондан олинган қалин, қаҳваранг газета қоғозига тартибсиз ўралган эди.
Мадиҳа хоним уни бошқа совғаларнинг ичида очишга юраги дов бермади. Ўқитувчи ҳадя халтаси ичидан сохта олмос тошларининг айримлари тушай деб турган билагузук ва бир флакон ифорни олаётганида ўқувчилар кула бошлаганди. Мадиҳа хоним билагузукнинг қанчалик чиройли эканини айтганида болаларнинг кулгуси тинди. Дарҳол билаг- узукни тақиб олди ва ифордан билакларига суртди. Мустафо ўша куни дасрдан кейин қолиб ўқитувчисига: «Устоз, Сиздан онамнинг ҳиди келяпти!»- деди.
Болалар уйга кетгач, Мадиҳа хоним бир соатча йиғлади. Ўша кундан кейин Мустафо билан алоҳида шуғулланадиган, ўқиш-ёзиш ва арифметикадан унга сабоқлар беришни бошлади. Ўқувчиларни ҳам бунга жалб қилди. Мадиҳа хоним Мустафо билан шуғулланаётганида болакайнинг зеҳнида ижобий ўзгаришлар сезиб, хурсанд бўларди. У билан қанчалик қаттиқ ишламасин, Мустафо ҳам устозига тезлик билан жавоб қайтараётганди. Ўқув йили охиригача Мустафо синфдаги энг аълочи ўқувчига айланди. Мадиҳа хоним ҳамма ўқувчисини бир хил яхши кўришини айтишига қарамай, Мустафони бошқача кўз билан севарди. Бир йилдан кейин Мадиҳа хоним эшиги олдидан бир хат топиб олди. Унда Мустафо ҳаётида унга учраган энг яхши устоз эканини ёзган эди.
Олти йилдан кейин Мустафодан яна бир хат олди. Лицейни аълода битирганини, имтиҳонлар баҳоси бўйича синфда учинчи ўринни олганини ва ҳанузгача Мадиҳа хоним унинг ҳаётидаги энг яхши ўқитувчи эканини ёзганди.
Бу мактубдан тўрт йил ўтиб Мадиҳа хоним собиқ ўқувчисидан яна хат олди. Баъзан жуда қийналган бўлса-да, ўқишдан воз кечмаганини, яқинда энг аълочи талаба даражасида коллежни тамомлашини ёзган. Бу мактубда ҳам бутун ҳаётидаги энг яхши ва фидойи ўқитувчи Мадиҳа хоним эканлиги алоҳида қайд этилган эди.
Орадан яна тўрт йил вақт ўтди ва муаллима бошқа бир хат олди. Бу сафар олий маълумотли диплом олганидан сўнг ўқишни давом эттириб, бунданда юксак мартабаларни мўлжаллаётгани ҳақида гапирган собиқ ўқувчи, Мадиҳа хоним ҳамон унинг ҳаётидаги энг яхши ва доно устоз бўлиб қолаётганини таъкидлаганди. Аммо энди исм-насаби бироз узунроқ эди. Мактуб "Проффессор, тиббиёт доктори Мустафо Йилмаз" дея имзоланганди.
Мустафо бир қиз билан танишган ва у билан ҳаётини никоҳ риштаси асосида боғлаш ниятида эди. Отаси бир неча ой олдин вафот этгани учун, никоҳ тўйи тўрида куёвнинг онаси ўтирадиган ўриндиқда Мадиҳа хоним ўтиришини сўради. Шубҳасиз бу таклифни Мадиҳа хоним шараф билан қабул қилди. Тошлари тушиб ётган ўша Мустафо совға қилган билагузукни тақди. Мустафонинг онаси бир пайтлар сепиб юрган ифордан сепди. Бир-бирларини қучоқладилар. Ва доктор Мустафо Мадиҳа хонимнинг қулоғига шивирлади: "Менга ишонганингиз учун ташаккур, устоз! Ўқишим кераклиги, буюк инсон бўлиб етишишим мумкинлигини англатганингиз ва муҳими мен оддий ўқувчи эмаслигимга ишонтирганингиз учун ташаккур, устоз!" Мадиҳа хоним кўзларида ёш билан собиқ ўқувчисига пичирлади:
Мустафо, жон болам, мен хато ўйлардим. Менга ҳаётингни ўзгартиришимни, меҳр-муҳаббат қандай бўлишини сен ўргатдинг! Сен билан танишгунимга қадар қандай ўқитувчилик қилганимни билмайман...
Бу ҳаётий воқеа ҳар биримизга ибрат бўлсин. Инсонларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилинг. Бу билан ўз ҳаётингиз ҳам нурли бўлади...
Бир донишманд: "Иззат-ҳурмат ота ва онани, шунингдек, болаларни ҳам қўриқлаб турувчи посбондир; у ота-онани кулфат ва ғамдан, болаларни эса виждон азобидан қутқаради", деганида юз бора ҳақ эди!
Дарҳақиқат, ота-онага нисбатан ҳурмат ва муҳаббат, ҳеч шубҳасиз, муқаддас туйғудир. Зотан, меҳри чексиз, умуман, бутун дунёни ўзининг оқ сути билан боққан аёл - Оналарни ҳар қанча улуғласак, шарафласак, эъзозласак, шунча кам. Волидайи-муҳтарамаларимизнинг айтганларига сўзсиз итоат қилиш, муштипар онаизорларимизнинг розилигини олиш учун чин дилдан ҳаракат қилмоқлик ҳар бир инсоннинг биринчи галдаги вазифасидир.
Дарвоқе, бир ҳикоятда шундай ёзилади:
Бир довюрак саркарданинг номи элда достон бўлган экан. У совутсиз, дубулғасиз, қалқонсиз, ёлғиз қиличи билан жангга кирар ва доим ғалаба қозонар экан.
Иттифоқо, бир куни саркарда темирчининг ёнига борибди ва ўзига қалқон, совут, дубулға буюртирибди-да, навбатдаги жангга шу ҳолда кирибди.
Атрофдагиларнинг барчаси бу ҳолдан таажжубланиб, ундан сабабини сўрашибди.
Шунда саркарда оғир хўрсинибди ва кўзига ёш олиб: " - Авваллари доим онамнинг дуоси билан жангга кирар эдим, - дебди. - Муниса онамнинг дуолари менга қалқон, совут эди, шу сабаб менга ўқ ўтмас эди! Энди эса, онам оламдан ўтди, у киши йўқлар...
Ҳа, ота-онаси ҳаёт бўлган кишилар қанчалар бахтли! Ва ушбу бахт қадрига етиш асносида, ота-она дуосини олмоқ жоиз. Сабаби-ки, ота-оналарнинг фарзанди ҳақига қилган дуолари албатта, ижобат бўлади. - Дуо кишини бало-қазолардан асрагувчи қалқондир. Унинг билан ҳимояланган инсон ҳеч қачон заволга юз тутмайди.
2014 йилда Қоҳирадаги Миллий музейни таъмирлаётган усталар эҳтиётсизлик туфайли қадимги Миср фиръавини Тутанхамон олтин ниқобининг соқол қисмини синдириб қўйишган эди.
Улар ҳеч ким билмасин, деган ниятда соқолни ўз билганларича елимлашди. Бироқ елим оддий бўлгани сабаб унинг асоратлари тез орада фош бўлди. Бу эса катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Эрамиздан аввалги 1332-1323 йилларда ҳукмронлик қилган Тутанхамоннинг дафн маросимида ишлатилган олтин ниқоб Шохлар водийсида тадқиқот ишларини олиб бораётган британиялик олим Ховард Картер томонидан 1922 йилда топилган эди. Ниқоб олтин ва лазуритдан ишланган бўлиб, 19-ёшли фирьавннинг юзини акс эттириши айтилади.
2007-2009 йилларда Миср ва Fарб олимлари энг замонавий жиҳозлар ёрдамида қадимги фиръавнларнинг мўмиёларини ўрганишди. Айримлар Тутанхамон Эхнатоннинг ўғли бўлган деса, бошқалар унинг отаси Сменхкара эканини айтишади. Бу фиръавн Эхнатоннинг укаси ёки ўғли экани тахмин қилинади. 2007-2008 йилги тадқиқотлар натижалари 2010 йилнинг 17 февралида эълон қилинади. Ўшанда олимлар Тутанхамоннинг отаси фиръавн Эхнатон эканини аниқлашган эди. Бироқ, айрим мисршунослар бунга эътироз билдиришди.
Ёшлигида Атон илоҳи шарафига Тутанхатон ("Атон сингари тирик") деб аталмиш шаҳзода 10 ёшида тахтга чиқади. Отасининг ўлимидан кейин ўз номини Тутанхамон, яъни Амон сингари тирик, деб ўзгартирди. 9 йиллик ҳукмронлигидан сўнг Тутанхамон 20 ёшга етмасдан номаълум касаллик сабаб сирли равишда вафот этади. Тахминларга қараганда Тутанхамон ўлдирилган бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, унинг аравадан йиқилиб тушиб, жароҳат олгани боис вафот этгани ҳам айтилади. У Шохлар водийсига дафн этилган. Унинг Эйе томонидан уюштирилган фитна қурбони бўлгани борасида ҳам тахминлар мавжуд. Чунки айнан Эйе Тутанхамондан сўнг янги фиръавн бўлади.
Дафн маросими март-апрель ойларида бўлиб ўтгани тахмин қилинади. Чунки мўмиё ўрганилганида гуллар қолдиқлари топилган. Мўмиёлаш жараёни 70 кун давом этгани ҳисобга олинадиган бўлса, у ҳолда Тутанхамон декабрь-январь ойларида вафот этгани ойдинлашади. Маълумки, қадимги Мисрда мана шу ойларда ов мавсуми ўтказилган. Фиръавннинг овга чиққанида аравадан йиқилиб ўлгани ҳақидаги тахминлар ҳам илгари сурилмоқда. Унинг қабри бошқа фиръавнларнинг қабридан фарқли равишда ўғрилар томонидан талон-тарож қилинмагани ҳам маълум бўлди. Жасад ёнидан қадимий саньат асарларининг топилгани шундан далолат беради. Бу топилмалар туфайли Қадимги Миср саройининг турмуш тарзи ҳақида атрофлича тасаввурларга эга бўлиш мумкин. Унинг ўлими ва сарой хонадонининг бошқа сирлари орадан 3 минг йил ўтиб генетиклар томонидан аниқланди. Маълум бўлишича буюк ислоҳотчи бўлмиш Тутанхамон Қадимги Миср маънавий ҳаётини тубдан ўзгартирмоқчи бўлган. Йиллар давомида тарихчилар наздида Тутанхамон иккинчи даражали фиръавн бўлиб келган, деган фикрлар айтилади. Ҳатто, унинг ҳаётда бўлганига шубҳа билан қаровчилар ҳам топиларди. Шу сабабли ҳам Тутанхамон қабрининг очилиши археология тарихида ноёб ҳодиса сифатида қабул қилинди. Мўмиё бошдан оёқ олтин тақинчоқлар билан безатилган, қабрда эса фиръавн ҳаётлигида ишлатган буюмлар бор эди.
Шуни таъкидлаш керакки, фиръавнинг қабрини очишда иштирок этган олимларнинг сирли ўлимлари ҳақида газеталарда кўп ёзилди. Яъни, 22 нафар иштирокчи фиръавннинг қарғишига учрагани боис сирли вафот этгани борасидаги мақолалар ўз вақтида анча шов-шувларга сабаб бўлди. Бироқ бу гапларнинг ҳаммаси газеталарнинг уйдирмаси бўлиб чиқди. Маълумотларга кўра, экспедиция аъзоларининг деярли ҳаммаси ўз ажали билан вафот этган. Қабрни очишда иштирок этган олим Ховард Картер 1939 йилда 66 ёшда ўз ажали билан ҳаёт билан видолашган.
Бундан кўринадики, Фиръавннинг қарғиши ҳақидаги гап-сўзлар фақат миш-мишлардан иборат бўлган.
КЎЗ ТЕГИШИ, СУҚ КИРИШИ КАБИ ҲОЛАТЛАР ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ БОРМИ?
(2- сон) ИНСОН РУҲИЯТИ
Ҳаётда бундай ҳолатларни тез-тез учратамиз, балки гоҳида ўзимиз ҳам шундай ҳолатни бошимиздан ўтказамиз. Бу қандай юз беради, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Шифокор мутахассисларнинг таъкидлашларича, бундай ҳолатлар ҳақиқатдан ҳам бўлади, бу ерда ҳеч қандай сир-синоат йўқ. Бу жараён инсон руҳияти билан боғлиқ жиҳат ҳисобланади. Масалан, туғилган кунини нишонлаётган ёки тўй соҳибига соғлик, узоқ умр, омад тилаймиз. Бизнинг тилакларимиз ана шу инсонга ижобий таъсир қилади. Унинг руҳиятини кўтаради. Бунинг акс натижаси ҳам бўлиши мумкин: агар инсонга салбий ҳиссиётларимизни (жаҳл, нафрат, ҳасад) изҳор этсак, унинг ҳаётида кўнгилсиз ҳодисалар юз бериши мумкин. Шу ўринда ҳаётдаги ҳамма нарса, омаду омадсизликлар руҳият билан боғлиқ эканлигини асло унутмайлик.
Мазкур ҳолатни ўрганиш борасида олимлар томонидан жуда кўп тадқиқотлар олиб борилган. Россиялик олимлар ўтказган тадқиқотда қатнашган шахс 1-хонада туриб 2-хонадаги инсонга хаёлан ўзининг салбий ҳиссиётларини (уни ўзига душман ҳисоблаб) жўнатади. 2-хонада ўтирган инсон эса ўзини ноқулай сезиб, кайфиятини, ўзига бўлган ишончни йўқотади. Натижада 2-хонадаги киши ўзига хос бўлмаган хатти-ҳаракатлар қилиб, кўнгилсиз, ноқулай ҳолатга тушиб қолади. Шундан сўнг топшириқ ўзгариб, 2-хонадаги инсонга ижобий ҳиссиётлар юборилади. 2-хонада ўтирган инсоннинг кайфияти кўтарилиб, ўзини яхши ҳис қила бошлайди
Турли фасл, турли кун ва вақтларда, турли ёшдаги кишилар ўртасида ўтказилган бу каби тадқиқот қатнашчиларининг аксариятида юқоридаги сингари ҳолат қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, квант физикаси асосчилари бўлган Бор, Гейзенберг, Шрёдингер каби олимлар мияни жараёнларга таъсир ўтказувчи физик масса деб ҳисоблаганлар. Юқоридаги каби тадқиқотлар натижалари эса улар илгари сурган фикр тўғри эканлигини кўрсатади. Қатор мамлакатларда олимлар томонидан ўтказилган кўплаб тадқиқотлар натижаларига кўра, инсон фикри ва ҳис-туйғулари ҳайвонлар, ҳатто, техника воситалари, турли жиҳозларга ҳам ўз таъсирини ўтказиши аниқланган. Халқимизда: "Кўзли одам турган отни йиқитади", деган ибора ҳам бежиз айтилмаган бўлса керак.
Хулоса ўрнида азиз газетхонларга шундай тавсия берамиз: Сизга кўз тегмаслиги учун қалбингизга ижобий ҳис-туйғуларни жо қилинг, доимо яхшилик ҳақида ўйланг, хасаддан йироқ бўлинг, очиқ кўнгил инсонлар билан кўпроқ мулоқот қилинг. Турмушдан нолийдиган, салбий фазилатларга эга инсонлардан узоқроқ юринг.
- Мени кечир қизим, ҳаммасига ўзим айбдорман. Мен ношуд онангни кечир болам... Фақат бизни ташлаб кетма... Қизим... Нафиса опа юрак-юрагидан, алам билан йиғларди...
***
Умида оилада биринчи фарзанд. Ундан сўнг уч нафар синглиси дунёга келди. Уларнинг оиласида ўғил фарзанд йўқ эди. Қизларнинг бари эсли-ҳушли, одобли, меҳнаткаш бўлиб вояга етди. Қиз бола бўлишига қарамай оғир меҳнатларни ҳам ўзлари қилаверишарди. Орадан йиллар ўтиб, қизлар бирин-кетин улғайишди. Уларнинг юриш-туришини кўриб, маҳалланинг айрим аёллари "оғиз сола" бошлашди. Нафиса опа аввалига қизлари эндигина коллежда ўқиётганлиги, ҳали қизини олий ўқув юртида ўқитиш нияти борлигини айтди. Дадалари ҳам "қизларимиз ҳали ёш" деб совчиларга розилик бермади.
Орадан ҳеч қанча ўтмасдан Умида коллежнинг иккинчи босқичига бора бошлаган кунлари нима бўлди-ю, Нафиса опа қизини ўқитмаслигини, уни турмушга беришини айтди. Орадан кўп ўтмай, узоқроқ қариндошининг ўғлига унаштириб қўйишди...
Умида коллежда аълочи ўқувчилардан бири бўлганлиги боис, устозлари қизнинг турмушга чиқишига қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Аммо уринишлар бекор кетди. Умида иккинчи босқични тамомлаганидан сўнг бир ой ўтиб, турмушга чиқди. Маълум вақт ўтиб, у хомиладор бўлди. Лекин тез-тез шифохонада ётди. Умида хомиладорлик даврларининг кўп қисмини шифохоналарда ўтказди.
- Опажон, ўзингизни босинг. Қани, ўтиринг-чи? - деди бош шифокор.
Нафиса опа йиғидан ўзини бир оз тийиб, шифокорга юзланди.
- Доктор, қизимнинг азобланишига чидолмаяпман. У қандай касал ўзи?
- Опажон, қизингиз неча ёшда?
- Ўн саккизга энди тўлади...
- Уни қачон турмушга бергансиз?
- Ўн етти ёшида турмушга берганман...
- Афсус, қизингизни жудаям эрта турмушга берган экансиз. Нега бунчалар шошгансиз, билмадим, опа?.. - бош чайқади у. - Бунақа ёшда кўпинча қизлар ҳаётга ҳам жисман, ҳам руҳан тайёр бўлмайди, Қизингизнинг тенгдошлари ҳали ўйнаб-кулиб юрибди, сизнинг шошқолоқлигингиз сабаб, фарзандингиз мана шундай қийин аҳволга тушиб қолган. Унинг организми жудаям заиф экан, мана, орадан қанча вақт ўтди, гоҳ ўзининг, гоҳ туғилажак чақалоғининг соғлигини яхшилашга уриняпмиз. Аммо...
Нафиса опа бош шифокорнинг сўзларини эшитиб, ич-ичидан эзилиб кетди...
- Опа, қисқаси набирангизни асраб қололмаслигимиз ҳам мумкин. Боя айтганимдай, она организми жудаям заиф. Беморнинг аҳволини бир амаллаб яхшилашга уриняпмиз.
Нафиса опа бу хабарни эшитиб эсанкираб қолди. Аламдан йиғлаб юборди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Нафиса опани зудлик билан шифохонага чақиртиришди. Шифохонада қудалари, куёви алланечук бир аҳволда туришарди. Нафиса опа уларнинг ёнига борар экан, яқинлари турган эшик тахтачасидаги ёзувни кўриб, тунов кунги шифокорнинг сўзлари бир-бир ёдидан ўта бошлади...
Чамаси икки соатлардан кейин "Операция хонаси"дан бош шифокор чиқди. Умид билан кўзлари жовдираб турган яқинларига беморнинг аҳволи бир оз яхшилигини айтди. Бу гапдан улар анча енгил тортгандек, чуқур нафас олишди. Бош шифокор беморнинг турмуш ўртоғини ўз хонасига чақирди. Куёвга охисталик билан гап бошлади:
- Аброржон, аёлингизнинг аҳволи яхши, худо хоҳласа ҳаммаси ўтиб кетади. Лекин... лекин сизга айтсам... бола нобуд бўлди. Уни жарроҳлик йўли билан дунёга келтирдик, у... ўғил бола экан. Биз қўлимиздан келганини қилдик. Аёлингиз жуда ёш бўлгани боис, унинг организми ҳали оналикка тайёр эмасди. У заиф ва қувватсиз бўлгани сабаб бола нобуд бўлди.
...Аброржон, сизга бир нарсани айтиб қўйишим керак, таҳлил натижалари шуни кўрсатяптики, аёлингиз энди фарзанд кўролмаслиги мумкин.
Аброр бир сесканиб тушди. Ўтирган ўрнидан хиёл тураркан:
- Ундай деманг, доктор. Ахир... - дея томоғига бир нима тиқилгандай бўлди.
- Афсуски шундай - шифокор унга ачиниш билан қаради. - Аммо мўъжизалар ҳам бўлиб туради. Ахир, ҳамма нарса Яратганнинг қўлида. Насиб бўлиб, балки фарзандлар кўрарсизлар. Ноумид шайтон. Шундай бўлса-да, бу ҳақда билиб кўйганингиз яхши. Муҳими, аёлингизни ранжитманг, унинг сиқилишига йўл қўйманг. Айниқса, асабийлашиш мумкин эмас.
Бу гапларни эшитиб, Аброрнинг эси оғиб, тили айланмай қолди. Лекин ўзини базўр қўлга оларкан, бош шифокор хонасидан аранг чиқиб кетди. Эшикни очиши биланоқ қаршисида қайнонасини кўрди. Нафиса опа Аброр билан бош шифокорнинг суҳбатини эшитиб турган экан.
Куёвини кўрди-ю, унинг маъюс чеҳрасига боқиб, унсиз йиғлади:
- Мени кечиринг, болам, - деди охиста. - Ҳаммасига мен айбдорман, мени деб бўлди.
...Мени кечир, қизим. Мен ношуд онангни кечир... ҳаммасига мен, мен айбдорман.
- Бўлди, йиғламанг. Ўзингизни айбламанг. Ҳаммаси яхши бўлади. Умида тузалиб кетса бас.
Аброр бу сўзларни айтар экан, юрагининг бир четида "орзу"лигича қолиб кетган ниятлари юрагига ханжардай урилди. Дарди ичида, аламни ичга ютиб, қайнонасига тасалли бериш учун ўзида куч топишга ҳаракат қиларди. Инсон қувончи, ҳаётининг мазмуни - бу фарзанд. Аммо энди бундай шодликлар Умидага бегона бўлиб қолади. Бунга ота-онасининг уни эрта турмушга берганлиги сабаб эди. Бўлиб ўтган воқеалардан кейин келин-куёвнинг ота-онаси ўзларини айблаб, афтодахол аҳволда қолишди. Лекин хато қилганларини жудаям кеч билдилар, энди ортга йўл йўқ.
Шу ўринда айтиш керакки, бугун айрим ота-оналар орзу-ҳавас деб қизларини эрта турмушга узатаётганликлари, ҳали оила қуришга жисмонан ва руҳан тайёр бўлмаган балоғат ёшидаги қизлар ота-оналарининг "зўр"и билан турмушга чиқиб, Умиданинг холига тушиб қолиш ҳолатлари минг афсуски, оз бўлса-да учраб турибди. Юқоридаги каби ҳолат қизларини эрта турмушга узатаётган айрим ота-оналар сабоқ бўлиши керак.
Опа-сингилларимизнинг ижтимоий-руҳий ҳолатини яхшилаш, турли стресс ҳолатларга тушиб қолган аёл ва қизларга психологик ёрдам кўрсатишга қаратилган тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш бўйича вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи "Психолог" уюшмаси томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Олиб борилаётган ишлар, қолаверса, бугунги кун аёли руҳиятига боғлиқ қатор саволлар билан уюшма раҳбари Наима ҲАЛИМОВА суҳбатида бўлдик.
Наима Ҳалимова - 1973 йилда Қўрғонтепа туманида таваллуд топган, 2001 йилда Хўжанд давлат университетини, 2001 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини психология мутахассислигини тамомлаган. Айни кунда Андижон давлат университети Психология кафедраси мудири сифатида фаолият юритмоқда, психология фанлари номзоди, доцент. Соҳага оид 50 дан зиёд илмий мақола, 5 та ўқув-услубий қўлланма ва 1 та монография муаллифи.
Оилали, икки нафар фарзанди бор.
- Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган "Психолог" уюшмасининг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат?
- Уюшмамиз қўмита ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бир неча йиллардан буён жамоатчилик асосида самарали фаолият юритиб келмоқда. Уюшманинг асосий мақсади, стресс, руҳий тушкунлик ҳолатларига тушган опа-сингилларимизга маънавий-руҳий кўмак бериш, маҳаллалар, таълим муассасалари, айниқса, оилаларда ана шундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришдан иборат. Бу ишларни ташкил этиш ва амалга оширишда энг аввало, вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, уларнинг бошланғич ташкилотлари, шунингдек, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари шаклланган.
- Олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари хусусида тўхталсангиз?
- Уюшмамизга жалб этилган мутахассислар томонидан якунланган 2016 йилда меҳнат жамоалари, маҳаллалар, шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежлар, олий ўқув юртларида 300 дан ортиқ учрашув, давра суҳбати ва семинарлар ўтказилди. Ана шу тадбирларда қарийб 30 минг нафар аҳоли вакиллари, хусусан, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этдилар.
"Хотин-қизлар психологиясини ўрганиш, улар ўртасида нормал руҳий ҳолатни шакллантиришнинг муҳим жиҳатлари", "Оила муносабатлари: эр-хотин-, қайнона-келин ўртасидаги психологик муносабатлар", "Шахс салоҳияти, ўзлигини тўлақонли юзага чиқишида психологик жараёнларнинг роли", "Одам савдоси - давр муаммоси", "Хотин-қизларнинг мулоқот психологияси" сингари мавзулардаги маъруза ва чиқишларимиз кўпчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Айниқса, прокуратура, ички ишлар идоралари, ҳарбий қисмлар, ФҲДЁ бўлимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирларимиз юқори самралар бермоқда. Бу каби тарғибот ишлари жорий йилда ҳам изчил ва тизимли равишда давом эттирилади.
- Сизнингча аёл қачон мукаммал бахтга эришади?
- Аёл қачон, кимгадир кераклигини, ким учундир азизлигини ва ўша инсон унинг учун ҳам қадрли эканлигини билсагина ўзини бахтли ҳис қилади. Дунёда ҳеч нарса аёлга муҳаббатчалик бахт беролмайди. Баъзан, оиласи, фарзандлари, турмуш ўртоғи бор аёллар ҳам бахтсизликдан нолишади. Ана шундайларга файласуфнинг "Баъзида бахтни узоқлардан қидирамиз, у эса шарпа ва сассиз ёнимизда турган бўлади" деган иборасини эслатган бўлардим. Бахтсизлигидан нолиган аёллар ёнгинасида турган бахтни қадрига етмайди, чунки уларнинг кўпчилиги бахтнинг ўзи нимада эканлигини ўйлаб кўрмайдилар.
- Бизга пул топиш мақсадида чет элларга кетган, аммо қайтиб келганда оиласидаги муаммоларни ечолмай қийналган кўплаб аёллар мурожаат қилишади. Кимнингдир эри билан оралари совуқлашган, кимнингдир фарзанди тарбияси издан чиқиб кетган, яна кимнингдир оиласи бузилиш арафасида. Буни қаранг-ки, уларнинг йиллаб азоб билан топиб келган пуллари бу муаммоларни ечолмайди. Негадир улар "фарзандимни моддий аҳволи яхшиланса бўлди-да", деб ўйлайди, фарзандига бериши керак бўлган тарбия, меҳрни шу нарсалар билан ўлчайди. Албатта вақти келганда бола ҳам ота-онасига қилиши керак бўлган ғамхўрликни моддият билан қайтаради.
Она ўз вужудидан бошқа бир вужуд ясаб, боласини дунёга келтиради. Фарзанд онасининг меҳридан куч олиб вояга етади. Бу меҳрнинг ўрнини ҳеч қандай бойлик боса олмайди. Кўчада қоқилиб, тиззасини шилиб олиб, йиғлаб келган жигарбандининг кўз-ёшларини арта олмаган, ўқитувчисидан мақтов эшитган боласининг чақнаб турган кўзларини кўра олмаган она, келажакда ундан меҳр-муҳаббат кутмасин! Фарзанди онасининг бозор-ўчаридан, дори-дармонидан хабар олиб туриши аниқ. Аммо меҳрга зор онасини тушуна олмайди. Чунки у меҳрга зор бўлганда, унга ҳеч ким буни бера олмаган. Айтадилар-ку, экканингни ўрасан деб. Пул, бойлик куйида ёш болаларини бировларга ташлаб хорижга кетаётган аёллар мана шу ҳақда ўйлаб кўрсинлар. Топиб келган бойликлари эвазига чет эл мебеллари, машиналар, қимматбаҳо жиҳозлар сотиб олишлари мумкин, аммо инсон учун ҳар нарсадан азиз бўлган оила бахтини, фарзанд меҳрини, обрў-эътиборни сотиб ололмайдилар.
Эрининг эътиборсизлиги ёки қайнонасининг зулмидан арз қилиб келадиган аёллар ҳам учраб туради. Уларнинг аксари уй бекалари. Иссиқ-совуқ суви эшигида, кирини машина ювиб, тайёр газда овқат пиширадиган аёллар кун давомида нима билан ҳам шуғулланишсин?! Албатта, бекорчиликдан майда гапларга ўралашишади-да, турмуш ўртоғининг қадамини "пойлаш"га ўтишади. Яна "бахтсиз"лигига қайноналарини айбдор қилиб, жанжал чиқаришга уринишади. Агар шу аёл бирор бир жойда ишласа, ютуқларга эришса эди, албатта, турмуш ўртоғининг, қайнона-қайнотасининг олдида ҳам обрўси, ҳурмати бўланд бўларди, турли можароларга эса умуман вақти бўлмасди.
- Истиқлол ўзбек аёлига кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Бугун орамизда шижоати, меҳнати ва фидойилиги билан ҳурмат топаётган аёллар кўпайиб бормоқда...
- Инсоният тамаддунидан маълумки, дунё тарихида илғор фикрли инсонлар ҳамиша аёллар масалаларига жиддий эътибор қаратиб келганлар. Бунинг боиси, Аллоҳ аёлни табиатан гўзал, доно, оқила, бунёдкор, яратувчан, меҳнатсевар, юртпарвар, адолатли, меҳр- шафқатли ва албатта, андишали қилиб яратиш баробарида унинг нозик жисмига ўта оғир, масъулиятли, шу билан бирга, шарафли ва муқаддас - оналик вазифасини юклаган.
Истиқлол йилларида хотин-қизларга, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилишга давлатимиз томонидан жуда катта аҳамият берилаётганлигининг боиси ҳам аёлнинг, энг аввало, келажагимиз давомчилари, зурриёдларимиз, ворисларимиз бунёдкорлари эканлигига алоҳида урғу беришдан иборат, деб биламан. Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг мавқеини ҳар томонлама мустаҳкамлаш учун барча имконият ва имтиёзлар яратилди. Бу эътибор замирида ҳеч шубҳасиз, аёлга, аввало, она деб қараш, унга қайноқ меҳр кўрсатиш ғояси ётади.
Зеро, она ва болага эътибор - жамият истиқболи ва тақдирига эътибор, демакдир. Соғлом ва салоҳиятли, ҳар томонлама фаол ва оқила аёл меҳнатидан бутун жамият манфаатдор эканлиги ҳақиқат. Бугун аёл - фермер, аёл - тадбиркор, аёл - депутат... бу рўйхатни яна кўп давом эттириш мумкин. Бундай бўлишини асосий омили нимада, деган табиий савол туғилади? Жамиятда аёлнинг фаол бўлиши учун имкониятлар яратилганлигида, энг муҳими, унинг оиласи тинч ва барқарор, фарзандлари бахтиёр, кўнгли хотиржам. Демак, оиласи тинч бўлган аёл энди жамият ишида қатнашишга, нафақат қатнашишга, балки фаол бўлишга, ҳурмат-эътибор топишга, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилади.
Бугунги ўзбек аёллари мана шундай интилиш, иштиёқ билан яшаётган бахтли аёллардир.
Маънавий баркамоллик ўз моҳияти билан инсоннинг ички ва ташқи дунёсини, иродаси, имон-эътиқоди, виждонан уйғоқлиги сингари шахс камолоти учун муҳим бўлган қатор ижтимоий омилларни ўз ичига олади.
Ўз фарзандларимизда юксак инсоний туйғуларни кўришни, одоб-аҳлоқда ибратли бўлишини истасак, энг аввало, уларнинг ғоявий етук ва маънавий баркамол бўлиб улғайишларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Тобора тараққийлашиб бораётган бугунги глобаллашув жараёнида ёшлар замон билан ҳамқадам бўлишга интилаётганлари қувонарли, албатта. Бироқ, ана шу жараёнлардан ижобий сабоқ олаётганлар билан бир қаторда, турли салбий ҳолатлар таъсирига тушиб қолаётган айрим ёшларнинг борлигидан ҳам кўз юмолмаймиз.
Сир эмаски, кейинги пайтларда турли телеканалларда корейс, ҳинд ва бошқа хорижий сериалларни намойиш этиш урфга кирди. Минг афсуски, айрим оилаларда ишқий муносабатлар, миллий урф-одат, ўзбекона тарбияга зид кўринишларни оиланинг каттаю-кичик аъзоси: ота ва қиз, она ва ўғил биргаликда томоша қилмоқда. Бундай оилаларда тарбия, одоб-аҳлоқ меъёрлари бузилади. Фарзандларда ота-онадан тортиниш, уялиш тушунчалари, улар ўртасидаги маълум тўсиқлар йўқолади. Содда қилиб айтганда, ўзбекона одаб-аҳлоқ мезонларига путур етади. Натижада айрим болаларда эркинлик, хоҳиш-истаги йўлида ўз гапини ўтказишга интилиш тушунчалари ортиб боради. Бу эса тарбияда таназзулга йўл очади, фарзандларнинг маънавий баркамол ўсишларига салбий таъсир кўрсатади. Шу каби ҳолатлар юзага келмаслиги учун энг аввало, ота-она масъулдир. Бунинг учун уларда оддий муносабатдан тортиб, турли фильм ва сериаллар кўриш, умуман, барча масалаларда назорат ва меъёр бўлиши муҳимдир.
Маънавиятни юксалтириш борасида эса газета ва журналлар, айниқса, китобнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Фарзандларимизни, ёшларимизни маънавиятини бойитиш учун энг аввало, уларга ўзимиз ибрат бўлишимиз лозим. Қолаверса, уларни мунтазам газета ва китоб ўқишга ўргатишимиз, китоб мутоалааси тарғиботини кучайтиришимиз лозим. Агар шу нарсага эътибор қаратмасак, ёшларимиз маънавиятини "оммавий маданият" кўринишлари тўлдириб бораверади.
Ёшларимиз бўш вақтларини ўтказиш учун интернет кафеларга, компьютер ўйинхоналарига эмас, кутубхоналарга боришни, китоб мутоааласи билан шуцғулланишни одат қилсинлар.
Мамлакатимизнинг биринчи Президенти И. А. Каримовнинг "Маънавият - енгилмас куч" деган пурмаъно сўзларини ҳамиша ёдда сақламоғимиз керак. Юқорида қайд этилган масалаларга жиддий ёндашишимиз, ёшларимиз маънавиятини ошириш, бу масалага эътиборсизлик туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган иллатларнинг олдини олиш учун зарур барча ишларни амалга оширишимиз керак. Токи, эртамиз ҳамда ёруғ келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз маънавий баркамол инсонлар бўлиб камол топсин. Бу борада педагоглар ва ота-оналар зиммасида жуда катта масъулият ётади. Ана шу жиддий муаммони бартараф этишда таълим муассасаси ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш орқали ижобий натижаларга эриша оламиз.
Андижон шаҳридаги Саховат уйида янги йил байрами тадбири кўтаринки рухда бўлиб ўтди.
Шу куни бу ерда яшаётган онахон ва отахонлар кўнглини шод этиш учун кўплаб ташкилот ва муассасалардан меҳмонлар ташриф буюрди. Хусусан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари М. Отахожиев, "Сахоат уйи" директори О. Исмоилов янги йил байрами билан барчани муборакбод этиб, совға-саломлар улашди. Шунингдек, "Антекс-элит" масъулияти чекланган жамият вакиллари П. Исоқов, Д. Алимовалар ҳам ўзларининг байрам совғалари билан саховат уйи аҳлини хушнуд этдилар.
Тадбирда "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси вилоят бўлими раҳбари Г. Сотволдиева етакчилигидаги бир гуруҳ санъаткорлар байрам дастурини намойиш этдилар.
Қорбобо, Қорқиз ва турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги байрам дастури барчага хуш кайфият улашди.
Тадбир якунида "Саховат уйи"да самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди, уларга маъмуриятнинг эсдалик совғалари топширилди.