+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ОНАЛИК БАХТИ

(3- сон. ифтихор)

Ёши улуғлар дуо қилганда ҳамиша: "Фарзандларинг бахтини, роҳатини кўргин" дейишади. Зотан, ана шу ҳикматона сўз маъносини, яъни фарзанд бахти, роҳати қандай азиз ва тотли туйғу эканлигини  куни кеча янада теранроқ англадим. Қалбимга бениҳоя қувонч ҳадия этган бу туйғу оналик бахти эканлигини ҳис этдим.

Вилоятимиз марказида Ўзекистон Республикаси Қуролли кучлари сафида ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаётган  аскарлар оналарини шарафлаш учун ташкил этилган "Аскар оналарини шарафлаймиз" байрам тадбирида иштирок этиб, фарзандим эл хизматига камарбаста бўлиб,  юрт корига яраётганидан қалбим осмон қадар фахрга  тўлди.

Икки нафар фарзандим: бир қиз ва бир ўғлим бор. Қизимни бу йил турмушга узатдим. Ўғлим айни кунда йигитлик бурчини ўтамоқда. Турмуш ўртоғим билан бугун  фарзандларимиз камолидан қувониб яшаяпмиз.

Ўғлим Муҳамадали Азаматов мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, Жалақудуқ хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида таҳсил олди. Хўжаобод тумани мудофаага кўмаклашувчи  "Ватанпарвар"  ташкилоти ўқув курсида  ҳайдовчилик мутахассислигини эгаллади. 

Ўғлим болалигидан тоғамдек ҳарбий бўламан, - деб ният қилар эди. Тоғаси, ҳарбий хизматчи Шукуржон Бурхонов ҳар гал ўғлим билан учрашганида ҳарбий бўлиш учун нималарга эътибор бериши, барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиши, жисмонан бақувват бўлиши кераклигини қайта-қайта  таъкидларди. Унинг сўзларига амал қилган ўғлим спортнинг кик-боксинг тури билан шуғулланди. Устози, Осиё чемпиони Баҳридин Эралиевдан таълим олди. Вилоят, республика миқиёсидаги мусобақаларда иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллади. Ўтган йили ҳарбий хизматга чақирилган ўғлим     Самарқанд вилоятида йигитлик бурчини ўтамоқда. У билан телефон орқали боғланиб,  тез-тез  суҳбатлашиб турамиз. Ўғлимнинг гап-сўзлари анча ўзгарган, катталардек мушоҳада юритади,    дунёқараши ўсган, Ватан ҳимоясига бўлган муҳаббатини ҳар бир сўзидан уқиб олиш мумкин.

Дарҳақиқат, ҳар бир эр йигит Ватанга хизмат қилиш, юрт учун керакли инсон бўлишга интилиши лозим. Бу йўлда оналар уларга кўмакчи бўлиши, фарзандларини етук, баркамол ва соғлом фикрли этиб тарбиялаш учун зарур барча ишларни амалга оширишлари керак. Бу борада шахсан мен Жалақудуқ хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг рус тили  фани ўқитувчиси, коллеж хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси сифатида ўқувчиларимга Ватан ҳимоячиси бўлиш учун энг аввало, ёшларга берилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, пухта билим олишлари, соғлом ва юксак салоҳиятли инсонлар бўлиб камол топишлари кераклигини таъкидлайман.

Бугун мард ўғлонларимиз юрт тинчлигини сақлаш йўлида кеча-ю кундуз хушёр туриб, Ватан сарҳадларини қўриқламоқда. Мана шундай Ватанга қалқон фарзанд улғайтирган ҳар бир она улар билан ҳақли равишда фахрланса арзийди. Чунки у тарбиялаган, оқил ва мард йигитлар   минглаб оналарнинг, бутун бир халқнинг, юртнинг таянчидир. Ана шу фахр-ифтихор туйғуси, оналик бахти мен каби ҳеч бир онани асло тарк этмайди.

 

Наргиза БУРХОНОВА,

Жалақудуқ тумани, Ёрқишлоқ қишлоғи.