+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҚИЗЛАРИМИЗ ОИЛАВИЙ ҲАЁТГА ТАЙЁРМИ?

(3- сон. бугуннинг гапи)

ёҳуд қизларни ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар

ўртасидаги никоҳлар хусусида

Фаридахон Турдиева 1964 йилда Шаҳрихон туманида туғилган. 1988 йилда Андижон давлат университетининг биология факультетини тамомлаган. Кўп йиллар таълим-тарбия соҳасида, хусусан, тумандаги 8-, 58-умумтаълим мактаблари директори лавозимида ишлади. Айни пайтда туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида фаолият юритмоқда.

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Чунки жамият оилалардан ташкил топади, оила эса шахслардан. Таъкидлаш жоизки,  жамият, оила ва шахс бир-биридан айро ҳолда мукаммал бўла олмайди. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, шахс шу даражада камолотга эришади, жамият эса тараққиётнинг юқори даражаларига кўтарилади.

Ана шу муқаддас гўшанинг мустаҳкамлигини таъминлаш, жумладан, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш,  соғлом авлодни дунёга келтириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш  борасида  туманимизда ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. 

Бахтиёр оилада соғлом болалар  дунёга келади, улғайиб камол топади. Бугунги соғлом бола - эртанги комил инсон, юрт ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган шахс бўлиб  етишади. Фарзандларимиз жисмонан ва маънан етук бўлиши,  оилада соғлом маънавий муҳит яратилиши энг аввало, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаб боришни тақозо этади. Ана шундан келиб чиқиб, қўмитамиз туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, тумандаги таълим муассасалари маъмуриятлари ҳамда имомлар билан ҳамкорликда ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Биласизми, инсон мукаммал бахтни ҳис қилиши учун у аввало, маънавий бой бўлиши керак. Чунки маънан бой бўлган инсон атрофида юз бераётган воқеаларни кузатиб, тафаккур қилади. Ҳаётидан кўнгли тўлмаган одам бахт қадрини англаймайди. Оиланинг бахтиёрлиги - аввало, жуфтларнинг ўзаро аҳил-иноқ яшаши, бир-бирини тўғри тушунишида. Оилалар тинч-тотув яшашса, жамиятга келтирадиган ютуқлар ҳам кўпаяди, фарзандлар яхши тарбия кўради. Ўзбекнинг бахти шубҳасиз, оиласи ва фарзандлари билан боғлиқ. Фарзанди эсли-хушли, тўрт мучаси соғ, ақли расо бўлган оилагина бахтиёрдир. 

Афсуски, бугунги кунда бахтли оила барпо этиш, ёшларимизни оилага тайёрлаш, борасида муаммолармиз йўқ эмас. Орамизда шундай кишилар борки, фарзандларини уйлаш, қизини турмушга бериш масаласига жиддий ёндашмайдилар. Бу қайси маънода уларни оилага тайёр ёки тайёр эмаслиги, бу борада муайян тушунчаларга эга эканлигига эмас, қудаларнинг мавқеига, тўй қилиб, қанчалик "қўли узун"лигини, топармон-тутармон эканини элга кўз - кўз қилишни истайдиганлар оз бўлса-да орамизда топилади. Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик, тўйларни ортиқча дабдабасиз ва исрофгарчиликларсиз ўтказиш бўйича маҳаллалар фаоллари, кексалар иштирокда тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги ижобий натижалар бермоқда. Бу борада Қоракўрпа, Абдубий, Бувайдо, Қалъача маҳалла фуқаролар йиғинларида ишлар намунали ташкил этилган.

Айрим кишиларнинг ўзи билганидан қолмаётганликлари туфайли пароканда бўлаётган оилалар, ногирон болалар туғилиши ҳолатлари қайд этилаётгани барчамизни ташвишга солади. Шу ўринда ҳаётий бир воқеани айтиб ўтишни жоиз деб биламан. Тумандаги маҳаллалардан бирида бой-бадавлат опа-сингил бир-бири билан қуда бўлишди. Шифокорлар, маҳалла имоми бу никоҳнинг оқибати яхши бўлмаслиги мумкинлигини кўп уқтиришди. Лекин опа-сингил қариндошлик ришталаримиз янада   мустаҳкам бўлади дея сўзида қатъий туриб олишди. Тўй бўлиб ўтди, лекин уларнинг қувончи узоққа бормади. Келин хомиладорликнинг саккизинчи ойида минг бир азоб билан фарзанд кўрди. Фарзанди эса ногирон туғилади. Уларнинг кейинги фарзандлари ҳам ногирон туғилмаслигига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди. Энди ўша опа-сингилларнинг афсус-надоматидан асло наф йўқ.

Юқоридаги каби ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида таълим муассасалари ва маҳаллаларда эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, бу каби ҳолатлар туфайли келиб чиқадиган кўнгилсизликларни тушунтиришга бағишланган учрашув ва суҳбатлар, турли тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Шаҳрихон енгил саноат ҳамда маиший хизмат касб-ҳунар коллежларида, Андижон қишлоқ хўжалиги институти қошидаги 3-сон академик лицейда олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш жоиз.

Яна бир муҳим масала никоҳдан олдинги тиббий кўрикни белгиланган талаблар асосида ўтказилишига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.  Тўғри, бу борада ишлар тизимли равишда йўлга қўйилган. Бироқ, ҳамманинг ҳам тиббий маданияти юқори даражада деб бўлмайди. Ҳанузгача никоҳдан олдинги тиббий кўрикка панжа орасидан қараб келаётган кишилар йўқ эмас. Шу боис ҳам, тиббий кўрикнинг аҳамиятини, у оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, провардида миллатимиз генофондини яхшилашдек эзгу мақсадга хизмат қилишини ҳар бир фуқаро англаб етиши лозим.

Бугун оз бўлса-да қизларни эрта турмушга узатиш ҳоллари борлигидан кўз юма олмаймиз. Ана шундан келиб чиқиб, эрта турмуш ва унинг натижасида келиб чиқадиган салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Бу борада оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексида аёллар учун никоҳ ёши 17, эркаклар учун 18 деб белгиланган. Бироқ бу дегани- шу ёшдан бошлаб ҳамма турмуш қуриши керак, дегани эмас. Турмуш қуриш, оила шунчаки нарса эмас. Никоҳланаётган ёшлар оила масъулиятини тўла англаб етиши, оилани қадрлай олиши керак. Шу ўринда айрим оналарга ҳам эътирозим бор: қизлари ҳали жуда ёшлигидан сарпо - сеп йиғишга тушишади-ю, қизларининг соғлиги, маънавий дунёси билан қизиқишмайди. Қиз боланинг кўриниши дуркун бўлса-да, лекин фарзанд дунёга келтиришга, оналикка жисман ва руҳан тайёр бўлмаслиги мумкин. Қиз болага "тезроқ узатаман, деб фақат "эга"сига топшириш фикри ёди билан қараш маъқул эмас. Келин бўлиб тушган жойида қизга ҳамманинг кўзи қадалади. Соғлиги кўнгилдагидек бўлмаса, куёв уйидагилар маломат қилади, касалманд онадан носоғлом фарзанд туғилади. Фарзанди соғ-саломат туғилмаган оилада хотиржамлик, бахт қайдан бўлсин?! Борингки, узатилаётган қизнинг соғлиги жойида ҳам дейлик, унинг маънавий дунёси қай аҳволда? Келинлик остонасида турган 17- 18 яшар қиз эр ким, қайнона-қайнота ким, кимга қандай муомала қилиш, фарзандли бўлса унга қандай тарбия беришни, рўзғор машаққатларини қандай енгишу, борига кўниб, йўғига сабр қилишни биладими? Бу борада фақат қиз узатаётганлар эмас, ўғил уйлаётганлар ҳам мулоҳаза юритишлари зарур. Йигитлар оила муқаддасилиги, онаси ва аёли орасида тарозибон бўлиши кераклиги, ўғиллик,      жуфтлик ва оталик масъулиятини ҳис этганидагина уйланишга, оила бошлиғи бўлишга  муносиб бўладилар.

Шу ўринда норасмий никоҳларга йўл қўймаслик бўйича ҳам ишларни изчил ва тизимли олиб боришимиз муҳимдир. Бу борада имомлар масъулиятини ошириш, яъни тиббий кўрикдан ҳамда қонуний никоҳдан ўтгандан кейингина ёшларни никоҳлаш бўйича уларга тегишли тавсиялар берилмоқда.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишда туман бош маслаҳатчиси Момохон Қорабоева, бош отин аёл Муқаддасхон Солиева етакчилигидаги барча маслаҳатчи ва отин аёллар самарали фаолият олиб бормоқда. 

Бир сўз билан айтганда, туманда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш ва ижобий натижаларга эришиш учун зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

 

Фаридахон ТУРДИЕВА,

 

Шаҳрихон тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.